Замонлар ўткинчи- болалик боқий
Ўзбек болалар адабиёти ўзининг ҳозирги босқичида жамиятимизда кечаётган долзарб масалаларни маърифий-тарбиявий ва бошқа ранг-баранг ижодий услубларда акс эттирмоқда. Хусусан, бу давр болалар қиссачилиги ижодкорларнинг янгича шакл ва услубларга мурожаати ҳисобидан бойиди. Ўтган аср болалар қиссачилигидаги тарихий, автобиографик, саргузашт, детектив, фантастик йўналишлар унинг алоҳида тамойилларини белгилаган бўлса, янги аср бўсағасида инсон руҳияти, аниқроғи болалар ва ўсмирларнинг ички олами теран тадқиқ этилган психологик асарлар ижобий мазмун касб этаётир. Негаки, миллий болалар адабиёти қарийб бир аср давомида ўз анъаналаридан узиб қўйилган эди. Унда халқ педагогикасидаги ахлоқий қарашлар, таълим-тарбия усулари, урф-одатлар ва меҳр-оқибат кўринишларининг ҳаётий ифодаси бадиий тадқиқ этилмади. Мустақиллик даври болалар адабиётида ижтимоий долзарб масалаларга бағишланган қисса ва бадиҳалар шу маънода самара бераётир. Жумладан, Эркин Малик қаламига мансуб “Ўқилмаган саҳифалар”, “Тошлар тилга кирганда”, “Акбаробод эртаклари”, “Йўлдош ота”, “Хайр, етимлик”, “Булар эртак эмас”, “Бир бошоқ дон-бир тишлам нон” ҳикоялари; “Невара”, “Онаизор”, “Етим қолган хотиралар”, “Қалдирғоч” каби қисса ва бадиҳаларининг ҳар бири болаликнинг турфа оламини очишга қаратилгани билан эътиборни тортади.
Эркин Малик асарларида тўқима жуда оз, улардаги қаҳрамонлар ҳам шундоқ атрофимизда яшаётганидек туюлади. Бу, аввало, муаллифнинг ижод услуби. У узоқ йиллик журналистик фаолияти давомида ҳар бир воқеани изчил кузатиш, ўрганиш, шу асосда аниқ далиллар тимсолида гавдалантиришга ўрганган. Қолаверса, болалар ва ўсмирлар ҳамиша аниқликни ёқтиради. Тафаккур учун тасаввур даркор. Айтайлик, “Невара” қиссасида ўн тўрт ёшли Иззатулло ва унинг синфдош ўртоқларининг қаҳрамонлиги, иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида бедарак йўқолган бобоси номини тиклаш борасида олиб борган қидирувлари ҳикоя қилинган. Бундай воқеалар ҳаётийлигига айрича диққат қилинган. Воқеа шундай бошланади: ўсмир Иззатуллонинг мактабдаги тенгдош дўсти, “фахрийнинг невараси” бедарак кетган бобоси ҳақида нотўғри фикр юритади; гўё унинг бобоси немисга асир тушиб, сотқин бўлган-у, шу учун унинг номи ҳеч қаерда йўқ. Жанг қилганида эса бобоси каби қаҳрамон бўлиб қайтиши лозим эмиш. Медаллари бўларди... Бу айбловдан аламзада Иззатулло ўша бола билан қаттиқ дўппослашади ва ўқитувчилар олдида ёмонотлиғ бўлиб қолади. Бўлиб ўтган воқеада ҳамма Иззатуллони айбдор ҳисоблаб, “фахрийнинг невараси”дан кечирим сўрашга мажбур қиладилар. Биргина ҳарбий дарс ўқитувчиси Михаил Матвеевич бошқача йўл тутади. Уни ёнига олиб, обдон суҳбатлашади. Сўнгра, Изатуллони хотира хиёбонига олиб боради. У ердан бобосига фамилиядошларни қидирадилар ва аниқ исмлар ёзилмагани сабабли иккиланиб қайтадилар. Шундан кейин бу ишга отаси Асатулло ва амакилари Салоҳиддин, Саъдуллалар ҳам ёрдам берадилар; бобонинг асл фамилиясини қидириб топиш, ўнлаб Карамадовлар орасидан қайси бири уларга тааллуқли эканлигини тиклашга ҳаракат қиладилар. Негаки, тўрт норғул ўғил билан қолган бувиси, фарзандларига отасидан келган қорахатни ўз вақтида айтмаган. Болаларим ўксимасин, етим қолдик демасин деган ниятда атайин яширган ва ўлими олдидангина ўша қорахатни пенсия учун сабезга бериб, отасига азани онаси билан бирга очишларини васият қилган. Худди шу 1026-рақамли қора хат Соли Карамадовнинг қаҳрамон пулемётчи бўлгани ва Украинадаги Чутово шаҳрида дафн этилганига аниқлик киритади.
Ёзувчи шу тариқа, Бухоро шаҳридаги Ибн Сино номли мактаб ўқувчилари, шу мактабда ўқийдиган кучи билагига сиғмайдиган, полвон Иззатулло ва унинг полвонликда донғи кетган бобоси Соли Карамадов ҳақида маълумот тўплана боргани, ота-бобо юртлари Чорбакир ҳамда Бухоронинг бошқа обидалари тўғрисидаги ривоятлар ёки ёғ заводининг уруш йилларида ўқ-дори ишлаб чиқаришга мослашганига оид тарихий ҳикояларни, хотираларни турли қаҳрамонлар тилидан баён қилади. Муаллиф ҳужжатли далилларни шунчаки шарҳламайди, уларни воқеликка мослантириб, қизиқарли сюжет ипига тизади: ундаги тугун, воқеалар ривожи, кульминацион нуқта, ечим кабилар қиссанинг яхлит композициясини таъминлаган. Шу билан бирга, Иззатуллонинг отаси, амакиларининг уруш йилларидаги болалик хотиралари мунгли оҳанг бўлиб, катта-ю кичик қалбида яқин ўтмишдаги тарихни ўша жароҳатлари билан қайта жонлантира олган. Асарда жангчининг ўғиллари ўз болалик армонларини бугунги авлодга-фарзандларига сўйлаб бериши ҳикояларда бадиий ифода этилган; муаллиф лирик қаҳрамон кечинмаларини дилдан ҳис қилгани боис, ўз армонлари, аламларидек тасвирлайди. Масалан, отаси қабрини зиёрат қилиш учун Украинага борган Саъдулланинг дил нидолари шундай янграйди:
“ -Отажон, биз сизга зор бўлиб ўтдик. Келишингизни кутдик. Ўша, ўзим келиб очаман деган дарвозанинг бир табақаси михланганича қолиб кетди. Биз сизни қўмсайвериб, у ҳовлида яшолмадик, шаҳардан ташқарига кўчиб кетдик. Ўшанда онам, Салоҳиддин акам билан ош дамлаб Когонга келган эдик. Кетиб қолибсиз. Энди билсам, ўша сизни олиб, шошиб жўнаган поезд мана шу ерларга келтириб ташлабди. Сизга, дўстларингизга лолалар олиб келдим...” Шундай деб , у оёғи остида турган заминда бир вақтлар отаси қадам ташлаганлигини, шу кўчадан отаси пулемётини ортмоқлаб ўтганлигини хаёлига келтириб, нағал қоқилган этиги овозини эшитгандек бўлади. Кўчанинг икки чеккасидаги мана шу қайин, арча дарахтларига отаси ҳам қараган бўлиши керак. Чорбакирдаги боғларни хаёлидан ўтказган бўлиши керак... (47- бет.)
Қисса ниҳоясида эса чутоволик полковник тилидан, қаҳрамонлар жасоратини абадийлаштириш илгари фарзандлар томонидан амалга оширилган бўлса, энди невара, эваралар бу ишни давом эттиришларини, қолаверса, оталар жасоратига содиқлик, уруш оловини ёқувчиларга чексиз нафрат ҳали-ҳануз сўнмаслиги таъкидланган. Демак, асар қаҳрамонлари турли кўринишда муаллиф тимсолини ўзида мужассамлаштира олган. Қиссада айрим номлар, жойлар (масалан, Бухоро шаҳридаги Жуковский кўчаси, 95-уй, Ибн Сино мактаби, Чорбакир, Бозорчўп, хотира майдонидаги қаҳрамонларнинг исму шарифлари, Иззатулло ва унинг отаси, бобоси, амакилари ҳамда уларнинг касб-кори, Бухоро ёғ заводи, “Бухарка” поезди, Когон вокзали, Украина, Харьков, Чутово ва ҳ.к.) рамзий маъно касб этади, албатта. Аслида, қаламга олинган воқеалар биргина ҳужжатли қисса қаҳрамонларигагина дахлдор эмас. Бу ҳеч бўлмаганда бутун бухороликлар- Бухородан урушга жўнаб кетган қаҳрамонлар ва уларнинг фарзандларига бағишланган қасида гўё... Негаки, бугун 60-70-80 ёшни қаралаган бобою бувиларимиз юраги қатларидаги битмас жароҳат бу; уларнинг кўплари эса бу жароҳатларни ҳам, хотираларни ҳам аллақачон ўзи билан у дунёга олиб кетишга улгуришган. Бинобарин, Эркин Малик ўзи тенгдош авлод қатори ўша дардни обдон туйган, болалик қорачиқларида кутиш изтироблари сингган қаламкашлардан. зеро, бу битикларда юрак буюргани иншо этилган. Муҳими, ҳар бир қисса биргина воқеа асосига қурилмайди, асосий воқеани қолипловчи тарихий ривоят ва ҳикоялар маржондек тизилиб келади, нақл ва мақоллар қаҳрамонлар образини ёрқинроқ чизишга хизмат қилади. Янаям аниқроғи, уларда инсон қалби акс этган, қолаверса, деярли барчасида болалик олами ўқ чизиққа айланган. Ёзувчи қиссаларини ўқир экансиз, барча замонларда ҳам болалик жамиятнинг яхлит бўлаги, уларга муносабат келажакдаги камолотларига пойдевор эканлиги аёнлаша боради. Бу ҳолат адиб қиссаларидаги оталарнинг, муаллимларнинг болажонларга кўрсатган ёрдамлари, ҳамкорликлари ва ишончлари мисолида намоён бўлади.
“Онаизор” қиссасининг композицияси эпистоляр негизга эга. Ҳар бир боби онанинг ўғлига йўллаган мактуби шаклида. Шу орқали мактубларда келтирилган ранг-баранг воқеалар ягона махражда боғланишга, қисса сюжети яхлит композицион қамровга келтирилишга эришилган. Қиссада шўрлик она қисмати ҳазин оҳангларда қаламга олинган. Афғон фожеалари унинг қалбини жароҳатлагани, ўз атрофида рўй берган қаллобликлар, кўзбўямачиликлардан азият чекаркан, орзу- армонларини афғонда жанг қилаётган аскар ўғли билан баҳам кўриш учун унга мактублар ёзиб, таскин топишга интилади. Аслида бу мактублар Онанинг ҳасратларидан иборат бўлиб, уларда жамият муаммолари, келажакнинг оғир юки фожеали асосда очиб берилади. Қиссада онанинг нечта мактуби (улар йигирмага яқин) келтирилган бўлса, деярли шунча яхши-ёмон ҳодисалар тилга олинади. Аввало ўша хатларда кўтарилган муаммолар ниҳоятда долзарб, қолаверса, она ва ўғилнинг ўзаро муносабати диққатга сазовор. Аниқроғи, онанинг ўғлига нисбатан катта ишончи, уни ўзига суянчиқ, дардкаш, елкадош деб билиши миллий менталитетимиз кўзгусидир.
Айтиш жоиз, қисса мустақилликка эришувимиз, адабиётда иймон-эътиқоднинг тикланиши мавзусининг кенг қамровли талқини таъсирида ёзилган. Шу сабабли Онанинг биринчи мактубида поклик, ҳалоллик, имонлилик ҳақида сўз боради. Хусусан, савдо-сотиқ соҳасида ишлайдиганларга инсоф тилайди. Мактубларнинг ҳар бири алоҳида мавзу талқинига бағишланган бўлса-да, бутун қиссада воқеаларни бир-бирига боғлаб турувчи умумийлик мавжуд; бу - аёлнинг ширин ташвишлари; бўй етиб қолган қизи учун совчилар келаётгани, шу муносабат билан онанинг ўғли ва умуман, йигитларга уқтирилажак гаплари, ота-бола муносабати, етим ўсган болалар қисмати бош мавзу ҳисобланади. “Менинг сирдошгинам, эшит,-деб бошлайди она навбатдаги мактубини. -Йигитман деган бировга совчи қўяркан, ўзига ёстиқдош деб, умрини-умрига боғлар экан, ақлини йиғсин. Фарзанд кўргач эса фақат фарзандим деб яшасин. Турмушда нималар бўлмайди, дейсан? Баъзида хотини кўзига ёмон кўриниб қолиши мумкин. Ўшандоқ пайтларда эркак киши ширин-ширин фарзандларининг кўзи билан хотинига қараса, олам гулистон...” (54-бет) Вояга етган ўғилга айтилаётган гаплар негизида бугунги эркакларга уқтирилмоқчи тилаклар зоҳир. Негаки, аёл етим қолган бахтига, уч фарзандининг ўксик қалбига кўпроқ отасини айбдор ҳисоблайди ва бундай воқеларнинг кунора учрашига эътибор қаратади: “...Бир йилда икки миллионта никоҳ тўйи бўларкан. Бир йилга етар-етмас шундан тўққиз юз минги бузилиб кетаркан. Бунинг касофатида етти юз минг бола етим бўлиб қоларкан...”
Кўринадики, адиб қиссаларида етимлик мавзуи турлича талқинларда ифода этилаётир. Юқоридаги “Невара” қиссасида урушга кетган жангчиларнинг бўзлаб қолган болаларини армонлари, катта бўлгач ҳам бу аламзадаликни унутолмаган оталар ва неваралар образи гавдалантирилган эди, “Онаизор”да эса бу ҳолат етим гўдакларни бир кўз билан вояга етказган она руҳияти орқали очиб берилади. Шу маънода, қиссада етимлик фожиаси ҳаммадан кўра бола қалбига қанчалик руҳан озор етказиши эслаб ўтилади. Адиб она ва бола руҳиятини шу қадар ҳаётий тасвирда кўрсатадики, китобхон қалби ларзага келади. Нега шундай? Аввало, бундай воқеалар кўз ўнгимизда кўплаб такрорланиши, энг нозик туйғулар қандай дақиқаларда жунбушга келишини ёзувчи илғай олганида, бўлса керак. Ҳа, энг қайноқ болалик, ор-номусга ғарқ ўсмирлик, ота-она уйини тарк этиш палласи... Муаллиф она изтиробларига мутаносиб ана шу деталларни танлай билган “Мен бу азобни сени ҳарбийга кузатаётганимда яна бир марта юрак-юрагимдан ҳис қилганман,-дейди она бир мактубида. Эсингда бўлса, жамики қариндошларимиз сени кузатгани чиқишди, назаримда ҳамманинг кузатувчиларидан бизники кўпроқ эди... Шернинг отаси бўлсаям йўқдек, онасининг кўнгли ярим, деб шундай қилишди. ...Бироқ ўша куни икковимизниям кўнглимиз тўлмади, яримлигача қолди,-таъкидлайди мактубда она ва бир манзарани ёдга олади: йигитларни бирин-сирин радиокарнай орқали ичкарига чақириб олаяпти. Сен нимагадир индамайсан, бошқа болалардек, онангга ёпишмайсанам. Разм солсам, икки-уч қадам наридаги ўзингга ўхшаган йигитга тикилиб қолибсан. У йигит ҳам онасидан кўра, отасига ёпишиб олибди. Отаси бўлса унга бир нималарни уқтираяпти. Гап ўзини ҳимоя қилиш, кучлилик ҳақида бўлса керак-да, бирдан йигит отасини даст ердан узиб, кўтариб олди. Ота бўлса бошқалардан ярим бўй ўсиб, хохолаб кулади, ўғлининг елкасига қоқиб, “бўлди”, “бўлди” дейди... Буни қараки, вақти келиб ўғиллар ҳам оталарини осмонга отгудек эркалашлари мумкин экан. Бахтли оталар, бахтли ўғиллар...Онани кузатдингми ўшанда? У ҳаммадан ҳам бахтиёр эди...” Она ўзининг чексиз армонларини шу вақтгача ичига ютиб келган, аммо бундай дақиқада ўғлидан яширолмаган эди. Энг даҳшатлиси, она -бола беозоргина қучоқлашиб хайрлашаётганда аёл: “Отангни ҳам хабардор қилсак бўларкан-а, ўғлим”,-деб шивирлаганда, йигит жаҳл билан атрофга назар ташлаб, бармоқлари тугилиб “Хабардор эдилар!”,-дейди...
Қиссада мадор аёлнинг шундан кейинги аҳволи, ўғлини бағридан бўшатганда бошқалардек отага эмас, яна жафокаш юрагига суяниб қолиши тасвирланади. Асар мактуб шаклида бўлгани боис барча дард-аламлар она тилидан ҳикоя қилинган. Ёзувчи шу тариқа, бугунки ҳаётимизда жуда кўплаб топиладиган бундай воқеалар ва унинг оқибатидан ранги заъфарон ўсмирлар руҳиятини ўз қаҳрамонига кўчира боради. Натижада, Она барча ёлғиз аёлларнинг умумлашма образига айлана олган. Мактубларда гарчи эркакларнинг бурч ва вазифалари, оила тўкислиги учун уларнинг масъуллиги тилга олинсада-да, беғубор болалик оламига дарз кетмаслик бош мақсадга айланган. Бу ҳолат қиссада кичкина Шернинг изтироблари мисолида ойдинлашади. У болалигида ҳамма нарсани ароққа алмаштириб, оиласини ташлаб кетган дадаси борлигига ўртоқлари билан гарров ўйнайди, ҳатто унга ишонмаган бир ўртоғини судраб отасининг вайрона кулбасига олиб келади, каттакон қулф осилганига қарамай, кечгача шу ерда қолиб кетади;
“-Кетмайсан, кетмайсан, дадамни кўрасан, дадам бор...ахир, ҳозир келадилар”-дея ўртоғининг ёқасига ёпишади; йиғлаб туриб, ёлбора бошлайди”. Боланинг ўртоғи олдида изза бўлиб, папкасини устига ўтириб, бошини тиззалари орасига олиб ҳиқ-ҳиқ йиғлай бошлаши ҳам ҳар қандай юракни зардобга тўлдирадиган ҳолатдир. Она ўз мактубида ўша аччиқ хотираларни эслаш орқали ўғлига таъкидлайди: “Сен ҳеч қачон, ҳа, ҳеч қачон ўз фарзандингни бунақа аҳволга солмайсан. Бу азобни гўдак бошингдан ўтказдинг.”
Отасиз ўсган болалар тарбиясидаги кемтиклик онанинг яна бир мактубида таъкидланадики, бу ҳам муаллифнинг ўзига хос топилмаси. Аёл қанчалик тиришмасин, барибир ўғлига отадан ўтадиган фазилатларни, гап сўзларидаги дадиллигу мустақилликни бера олмаганидан, ҳатто бу мумкин эмаслигини ўйлаб ҳам кўрмаганидан ўкинади. Билъакс, уни тергайвериб ўта маъқул қилиб қўйганига пушаймон бўлади. Хуллас, болани отасиз катта қилиш дорбознинг арқонига лангарсиз юришга ўхшаши она иқрорида ойдинлашган.
“Онаизор” қиссасидаги мавзулар унинг айнан эпистоляр мактуб шаклини тақозо этган бўлса, болаликка муносабат оқибати композицион яхлитликни таъминлаган. Ёзувчи давр фожеалари ва муаммоларини бир оила, шу оила гўдакларига, аввало, отанинг эътибори ва тарбияси мисолида ойдинлаштиришга эришган. Шу сабабли мактубдан мактубга ўтилгани сайин, воқеалар ривожи кульминацион нуқтага кўтарилади. Шер бола бўлиб, отасиз ўсганлиги учун бахтиёрликни ҳис қилмаган эди, ўсмир ёшида отасини излаб бориб, ундан кўнгли совийди. Энди фақат онасига суянчиқ, елкадош бўламан, деганда эса ҳарбий хизматга жўнайди... Муштипар онасининг орзуларини рўёбга чиқариш учун ҳамма нарсага рози бўлади... Гарчи, қиссада фақат онанинг ўғлига ёзган мактублари келтирилган, ўғилнинг онага ёзган бирорта жавоб хати бўлмаса ҳам, фарзандининг онасига меҳрибонлиги, сирдошлиги англашилиб туради. Аммо Афғон фожиаси она ва боланинг бу умидини ҳам саробга айлантиради. Даставвал, аёл қизи Сабоҳатни безорилардан қутқарган, кейин унга кўнгил бериб, совчи қўйган Улуғжон исмли ҳарбий йигит учун кўк кияди, сўнгра эса... бунинг ёнига Шернинг азаси қўшилади...
Албатта, бундай пайтда Онанинг фарёдига тасвир ожизлик қилади. Қисса давомида она дард чеккан эди, ҳар бир хати гўё бир тўлғоқ унинг. Умр сўқмоқларидаги қоронғуликларни ортда қолдириб, бўйи тенги фарзандлари тўйини кўрай, ёруғликка етай-етай, деганда онанинг кўк кийиши душманга ҳам раво кўрилмайдиган кўргилик. Энди Онанинг суратигина яшайди бу дунёда... Шу сабабли жами мактубларнинг мантиқий якуни саналувчи хотима ёзувчи тилидан битилган. Унда адиб китобхонларга онаизор шунга ўхшаш яна қанчалаб мактублар битгани, аммо уларни эълон қилишга муштипар она розилик бермаганини баён этади.
Умуман, адабиётда хат услуби билан кўпгина асарлар ёзилгани маълум. Бу ҳақда эътирофга лойиқ тадқиқотлар ҳам мавжуд.3 Бунда мактубнинг ранг-баранг кўринишларига муносабат билдирилар экан, аввало у фикрлашгаа, атрофга разм солиб қарашга, яхши–ёмонни танишга, ҳар нарсага мустақил баҳо беришга, ўз фикрига эга бўлишга, кузатувчанликка ўргатиши алоҳида таъкидланади. Шунингдек, мактубнинг туб моҳиятини, юрагини далилнинг ўзи эмас, балки энг аввало, шахс ва унга муносабат, шу туфайли туғилган шахсий фикр-ўйлар, кечинмалар, ҳис-туйғулар ифодаси ташкил этиши қайд этилган. Таъбир жоиз бўлса, Э.Малик қиссасининг мактуб шаклида битилиши ҳам қаҳрамонларнинг ҳиссий дунёсини очишга, унинг қизиқиш билан ўқилишини таъминлашга хизмат қила олган. Ижодкорнинг бу услубдан фойдаланиши шу маънода диққатга сазовор. Бундан ташқари, адабиётда оталар ва болалар муносабатлари талқин этилган асарлар кўп. Лекин эркакнинг оиладаги муҳим ўрни ва унинг бола тарбиясидаги роли бугун унутилаёзган мавзулардан. Қиссада бу уч авлод –бобо, ота ва невара мисолида тўғри кўрсата олинганки, муаллиф бу сабоқни кўп замондан оқсаётган илмий педагогикамизга сингдиришга ҳаракат қилаётир, десак хато бўлмайди. Зеро, унинг кўпчилик қаҳрамонлари асосан, ўсмир ёшидаги қизлар ва ўғил болалар. Бу бежиз эмас. Ўсмирлик катталар оламига номзодлик босқичи бўлиб, болалик билан хайрлашиш ва катталар оламига номзодликдан иборат оралиғдир. У биринчи мучални тўлдириб, иккинчисига қадам қўйганда бошланади ва ўрта яшарлик-ўспиринлик палласига кириш ҳамда катта яшарлик-ёшликка тайёрланиш тарзида намоён бўлади. Бинобарин, ўсмирлик ҳам жисмоний, ҳам маънавий-ахлоқий балоғатга етишув бўсағасидир. Шундай экан, қаҳрамонлар хатти-ҳаракати орқали шу ёшдаги ўқувчиларга ибратликдан сабоқ бериш--уларга мўлжалланган китобларнинг асосий вазифасидир. Таъбир жоиз бўлса, Эркин Малик асарлари бунинг уддасидан холисоналик билан чиқаяпти. Болалар ва ўсмирлар тарбиясидаги ўша кемтикликни тўлдиришга хизмат қилаяпти.
Ёзувчининг қатор қиссалари ўсмирлардаги ана шу мураккаб руҳий ҳолатларни акс эттиришга бағишланган. Етим ўсаётган ўсмирлар руҳий олами-чи? Бу янада синоатли. Кундаликдаги битиклар тарзида ёзилган “Етим қолган хотиралар” аввало, худди шу тақдир эгаларининг қисматига бағишлангани билан диққатга сазовор. Унда Маъсуда исмли қизалоқнинг кундаликда акс этган мактублари орқали етимхоналардаги чинакам аҳвол, болаларнинг ўксик қалби, руҳий кечинмалари, ота-оналари ҳақидаги, уйлари, умуман, катталар ҳақидаги тасаввурлари акс эттирилган.
Натижада бу қисса учун ҳам янгча композицион асос ўйлаб топилган. Бунда энди ҳар кунги воқеаларнинг Маъсуда қалбидаги акс-садоси кундалик битиги шаклини олиб, қиссадаги яхлит сюжет шу асосда уюштирилган. Аслида бу кундалик ҳам асар қаҳрамонининг ойисига ёзган хати шаклида. Шунга кўра воқеалар айро-айро эмас, балки яхлит саргузашт тусини олган ва бутун бир хатдек ифодаланган.
Қиссадаги бош воқеа 5-синфни эндигина битираётган Маъсудалар оиласи бошига тушган ташвиш, аниқроғи, чет элда ишлагани кетган дадасининг бетоб бўлиб қолиши, онасининг уни бориб олиб келишга мажбурлиги туфайли қизи ва ўғлини қолдиришга ишончли киши йўқлигидан уларни вақтинча болалар уйига топширилишларидир. Кейинги лавҳаларда ўсмир қизнинг ойижонисига атаб битилган беҳисоб мактублари кундаликка жо бўлган. Етимхонада тарбияланаётган қизларнинг турли тақдирлари, тўғрироғи, бу ерга келиб қолиш сабаблари, йигирма нафар қиздан ўн тўққиз нафарининг тирик етимлиги, уларнинг хаёл дунёлари мактубларда ўз аксини топа боради. Китобхонлар Маъсуда тимсолида ўсмирларнинг гоҳ тошқин, гоҳ маҳзун, сиру синоатга тўла дунёси билан ошно бўладилар: соғинч ҳислари қийнаган қизалоқ ойисига тинимсиз хат ёзишдан чарчамайди, у ўз орзуларини шамолга, оймомага айтиб бўшанади, хаёлан улар билан мулоқотга киришади. Мана, шамолга қандай мурожаат қилади: “Шамолжон, ҳой шамолжон, сен ҳаммадан чопқир, ҳаммадан ўзғирсан... Сен бутун дунёдаги одамларни ёқимли нафасинг билан силаб-сийпалаб ўтасан... Ялинаман, ёлвораман, шамолжон, ҳеч бўлмаса бир мартагина ойижонимнинг исларини олиб келгин, шунақанги соғиндимки, хўпми, хўп дея қолгин шамолжон!..” Ёки Оймомага илтижо қилиб шундай ўтинади: “Оймомажон, оймома, сен ҳаммадан чиройлисан-а? Ҳаммадан баландда турасан-а? Ҳув мен билмаган томонларда ойижоним билан адажонимлар бор, ўшаларни бир марта баркашингда кўрсатиб бер, жон оймома!”. Оймома Маъсуданинг назарида худди ота-онасини қидиргандек, думалаб ётоқхонаси орқасига ўтиб кетади, қизча ота-онасини оймома ўтиб кетган томонда эканлигини билса-да, унинг кетидан боролмаслиги, ётоқхонадан чиқолмаслигидан ўкинишдан ўзга илож тополмайди.
Ёзувчи кундаликда муҳрланган қалб изҳорлари-хатлар баҳонасида у ерда тарбияланаётган Ҳалима, Мадина, Солиҳа, Наргиза исмли қиз ва Одил каби ўғил болаларнинг аччиқ қисматларини тилга олади. Бу тақдир эгаларининг ҳар бири алоҳида ҳикоя бўлгулик. Шу сабабли муаллиф асосий воқеа ривожида ўша тақдирлар ҳикояларини қолипловчи ҳикоя тарзида беради. Яъни Маъсуданинг кундаликдаги ойижонисига ёзган мактубларида Дармонжон, Наргиза, Одил қисматлари жуда таъсирчан ҳикоя қилинган. “Дармонжон дунёдаги ҳамма оналарни ёмон кўриб қолган экан. Бечора, бегона одамни ота дея олмагани учун бу ерларга келиб қолган экан-да. Хўрлансаям, ўлимга рози бўлсаям барибир бегонани “ота “ демапти. Мен ҳам худди шундай қилган бўлардим...”
Маъсуданинг мактубларида Дармонжоннинг онаси мисолида ўз фарзандини эртаклардаги ўгай оналардек калламушли ертўлага қамаб, бўғиб ўлдирмоқчи бўлгани, бундай воқеалар таъсирида етимхонадаги ҳамма болалар ҳам барча оналарни ёмон кўра бошлаши таъкидланади. Ёки Наргиза исмли қиз тимсолида “етимхона касали”га йўлиққан болалар аҳволи баён қилинади. “У соғиниш касали!- уқтиради қизалоқ. Болалар оналарини ўйлаб-ўйлаб ичларидан куйиб-куйиб, охири ётиб қоладилар.” Маъсуданинг мактубида бу ҳолат ҳам жуда таъсирчан, реал акс этган. Наргиза шундай касалга мубтало бўлганда, қизларнинг бири қўйиб, бири оёқ-қўлларини уқалашади, сочиқ ҳўллаб пешанасига босади... У ярим тунда алаҳлашдан чарчаб ухлаб қолганда ва эрталаб ўрнидан туролмаганда, ҳамма дугоналари оҳиста оёқ учида юриб нонуштага чиқиб кетишади ва чала-ярим овқатларини еб, ўз насибаларидан ўртоқларига кўтариб чиқишади. “Мен қизларимизнинг бир-бирларини шунақа аяшларини кўрганимда бирам суюниб кетаманки, ойижон,-мактубида қайд этади Маъсуда.-Бунақа меҳр-оқибат битта уйда яшайдиган ота-онанинг болаларидаям бўлмаслиги мумкин. Биз ўн тўққиз қиз кулсак-куламиз, йиғласак-йиғлаймиз. Дардимиз битта-да, дардимиз. Етиммиз! ”
Ҳа, бу дардни Ғафур Ғуломдек обдон туйган ва адабиётда бош мавзуга айлантирган адибни топиш қийин. У шоир ва носир сифатида бу мавзуга бот-бот мурожаат этганлиги бежиз эмасди. Ўтган аср бошларидаги етимлар чорасизлик қурбони эди, “Осмон баланд, ер қаттиқ”лигидан кўча-куйларда сарсон-саргардон шум етимлар қисмати адиб нолаларига сабаб бўлганди. Аммо Э.Малик қиссаларида тилга олинган етимлар-чи? Бугунги меҳрибонлик уйларидаги тирик етим болаларнинг аксарияти афсуски, йўқчиликдан эмас, ота-онасининг ношукурлиги-ю беҳаёлигидан зор қақшамоқда...
Шу боис қизалоқ мактубларида етимхонадаги опа-укалар, гарчи бир жойда бўлишса-да, хўрликлари келиши, кўзларидаги мунг, сўровлардан қочиб, пана-пасқамларга яширинишлари, унсиз йиғлашлари, оқибатда эса бир-бирларига боғлаб турувчи меҳр ришталарининг чирт-чирт узила бориши ўзи ва укаси мисолида очиб берилиши айни ҳақиқатдир. Фақат бу эмас, айрим болалар онаси учун ҳатто бир итчалик қадри бўлмаганидан етимхонага келиб қолгани надоматларга тўла акс этган. Бинобарин, иккинчи жаҳон уруши йилларида оталаридан эрта етим қолган болалар фарёди ифодаланган адабиётларни ўқиганда ўша жароҳатли юраклар нидоларини тинглаганда, фашистларга нисбатан нафрат туйғулари вужудимизни ларзага солади. Аммо, бугунки кунда ўз болаларини тирик етимга айлантираётган бемеҳр ота-оналарни кўриб туриб, уларнинг хатти-ҳаракатлари халқ келажагини барбод этишга қаратилганлигини, бинобарин, бу ҳам аслида, авлод тарбиясига нисбатан хиёнат эканлигини хаёлга келтирмаймиз. Оқибатда, ота ёки оналари бор бўла туриб, болалар уйида қалби армонларга тўлиб яшаётган ўша ўксик етимлар арзу додига қулоқ тутиш жамият жароҳатига айланиб бормоқда. Уруш йилларида-ку очарчилик, етишмовчилик, кўпчилик қатори етимларнинг ҳам хўрланишига сабаб бўлган эди. Бугунги тўкин- сочин замонда нима етмайди? Наҳотки ота –она бағри ҳар қандай тўкинчиликдан афзал эканлигини айрим кимсалар учун шунчалар қийин бўлса? Эркин Малик ана шу изтироблардан ўз китобхони бўлган сизу бизни огоҳ этади, ота-оналарга инсоф тилайди. Болаларнинг ҳаётга ва ўзига нисбатан эътиқодли, келажаги ҳам ўша болалик орзуларидек оппоқ бўлишида ота-оналари нечоғли роль ўйнашларини эслатади. Бу қисса қаҳрамони Маъсуданинг ойижониси ҳақидаги ширин эртаклари рўёга айланганини кўрсатиш орқали тўла намоён бўлган.
...Етимхонага қандайдир идорадан болаларни бозор-ўчар ишларига ўргатишсин, деб пул тушади. Бу пул катта ёшдаги болаларга бўлиб берилади. Улар ўша пулга бозорга, дўконга бориб, хоҳлаган нарсаларини сотиб олишлари мумкин эди. Маъсуданинг хонасидаги қизлар ҳам етимхонадан чиқишади. Қизлар магазинга киришади, магазиндан чиқишади. Уларга нима керак эди? Ўзлари ҳам билишмасди. Бунинг ўрнига фалон-фалон нарсани сотиб олиб келинглар дейишганда, бошқа гап эди. Қизларнинг боши қотади. Шунда Маъсуда таклиф киритади: -Юринглар, дўконма-дўкон юргандан кўра бозорга борамиз, бозорда ҳамма нарса арзон бўлади, деб эшитганман... Маъсуда тушларида доим ойисини бозорда кўрарди ва уни йўқотиб қўйиб, одамлар орасидан ахтариб, югурарди... Энди ўнгида ҳам ўша бозор, тушида онаси кутиб тур, деб кетган тут дарахти... Маъсуда бозор оралаб чопар экан, кимдир уни чақиради: -Ҳей Маъсу, Маъсумисан?
- Вой Карим, Карим... Сенмисан Карим? Катта киши бўлиб кетибсанки...Карим?
Ўқишни ташлаб деқончиликка ўтиб кетган, ҳозир бозорда тарвуз сотиб ўтирган синфдош дўстини кўрган Маъсуда шу қадар ҳаяжонланадики, нуқул уни гапиришга қистар, синфдошлари, мактаби, қишлоғини сўрарди...Ва қишлоқлари шундоққина ярим соатлик йўл эканини билгач, кўзларига ишонмайди... Карим уни бекатгача олиб бориб, автобусга ўтқазиб юборади... Маъсуда худди боғча боласидек, суюнганидан учиб борарди...Автобус қўзғалиши билан Маъсуда иложи бўлса, шу автобусда қайтиш режасини туза бошлади. Уйларига ойижониси бировни қўйиб кетганмикан ё қулфмикин? Шундоқ кўча томондан кўриб қайтсаям бўлди. Шуям етади унга. Шунгаям зор эди-ку. Балки ўртоқлариниям кўриб қолар. ...Ана уйлари! Вой дарвозаям очиқ экан. У беихтиёр бир вақтлардагидек югурганича очиқ турган дарвозадан кириб борди. Кирди-ю дарвозахонада турган таниш машинага кўзи тушди. Адасининг ўртоғини машинаси-ку... Маъсуда машинани айланиб ўтди-да, ҳовлининг қоқ ўртасида пайдо бўлди. Ҳовлидаги таниш сўриток, ҳа таниш сўриток тагида... Нимагадир Маъсуданинг кўзлари кўрмай қолди. Шошиб-пишиб кўзларини уқалаб, яхшироқ тикилди. Адасининг ўртоғими? Ие,ойисими, ойижонисими? Чақалоқ чўмилтиришяптими? Ҳа, чақалоқ оёғини чалпиллатиб йиғлаяпти. Нимага бунақа? Маъсуда худди уят ишнинг устидан чиқиб қолгандек, ҳовлига қандоқ кирган бўлса, шундоқ отилиб чиқиб кетди.
Ҳа, Маъсуданинг шундан кейин қаёққа кетганини ҳеч ким билмайди. Етимхонага қайтиб бормайди...(46-бет)
Ўсмирлик ўзига сиға олмаслик, жуссанинг тўлишиб бораётган кучини бошқара олмаслик даври. Шундай экан, бу даврда ортиқча изтироблар, кутилмаган ташвишлар, хаёлот дунёсининг реал оламга мос келмаслигидаги тўқнашуви портлашга олиб келиши ҳеч гап эмас. Таъбир жоиз бўлса, қиссадаги Маъсуда сиймосида бу ҳол ёрқин чизгиларда берилган. Шундан бўлса керакки, ёзувчи Маъсуда қисматини номаълумлигича қолдиради. Кундаликни ундан қолган ёлғиз ёдгорлик сифатида талқин этади. Маъсуданинг фожеаси аслида давр фожеаси.
Аёнки, ижтимоий-эстетик тараққиёт чуқурлаша бориши билан болаларнинг ёш хусусиятлари ҳам ўзгаради, давр ўзгариши билан авлодлар ўзгаради, инсоният мутассил тўлишиб, яшариб бораркан, унинг тафаккурида ҳам бу зуҳур топади. Айтиш мумкинки, бугунги маъсудалар феъли шу боис анча шиддатли, ғурури кучли, сезгилари уйғоқ. Зеро, унинг ойижониси бағрига отилиб бормаганида, шундай андиша, топталган ишончларининг алами, фарёди бор эди. Ёзувчи ўсмирлардаги ана шу психологик ҳолатни қандай бўлса шундайлигича тасвирлашни маъқул кўради. Ва бунга мос услуб ҳам қўллай олган. Кундалик ёзиш ҳамда мактуб шакли айнан шу мақсадга йўналтирилган. Қиссада ўсмир қизларда кечадиган ҳолатлар ифодаси мактублар таъсирчанлигини оширган. Зеро, уларда қизларнинг кўнгил рози ғоят ишончли чиққан.
Дарҳақиқат, ўсмирларга мўлжалланган бадиий адабиётнинг вазифаси, аввало ана шу мураккаб жараённи чуқур ва теран бадиий тадқиқ этиб, уларнинг маънавий камолоти эҳтиёжларини қондириш, уларда чинакам инсоний фазилатларнинг таркиб топишида фаолроқ таъсир кўрсата билишдан иборат. Негаки, ўсмирларга мўлжаллаб ёзилган бадиий, маърифий, фантастик ва публицистик асарлар уларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, дунёқарашларини шакллантириш, уларга ахлоқий фазилатларни сингдира боришга хизмат қилмоғи даркор. Бунда адабиёт реал ҳаётга яқинлашса, ўз мақсадига кўпроқ эришиши лозим. Кўздан кечирилган қиссалар эса ана шундай маънавий эҳтиёж тақозосида юзага келган.
Ёзувчининг яна бир туркум қиссалари борки, уларда реал ижтимоий ҳаёт ҳодисалари ёрқинроқ акс этган. Яъни асар қаҳрамонларининг исми шарифи, қизиқишлари, ёши ва яшаш манзиллари аниқ тасвирланган. Бундай воқеалар асосан, муаллиф тилидан ҳикоя қилинади. Бу жиҳатлар адиб асарларининг очерк, бадиҳа жанрларида ёзилганини асосласа-да, бадиий деталлар, тасвирий ифодалар тарозининг палласини кўпроқ босади. Қисса ва ҳикоялардаги монологик нутқлар романтик туйғулар билан суғорилган. Умуман, ижодкор бадиийликни реал воситалар орқали яратади.
Унинг ўсмир ёшидаги қаҳрамонлари республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилади. Бинобарин, қисса ва ҳикояларда гоҳ тоғлик, гоҳ шаҳарлик, гоҳ қишлоқда истиқомат қилувчи, гоҳида эса чўл болаларининг қизиқишлари, ўзига хос олами, турмуш тарзи талқин этилади. Муҳими, бу қаҳрамонларни муаллиф яқиндан танийди, уларнинг айрича характер хусусиятлари, қайсидир қирраси билан бошқа тенгдошларига ибрат бўлгулик фазилатларини кўрсата олади. “Қалдирғоч”- шундай ҳикоялардан бири. Унда ўн тўрт ёшли Қалдирғочнинг ажойиб фазилатлари, чунончи, Қизилқум саҳроларидаги “ҳоким”лиги, ўт-ўланларнинг чиқишига қараб баҳорнинг қуруқ ёки ёмғирли келишини олдиндан билиши, “Иж” мотоцикли, “Жигули”ни бошқаргани, трактор миниб пичан ташигани, от миниб пода боққани, ниҳоят, дўмбира чертиб ўзи тўқиган достонлардан куйлаши –унинг маънавий оламини ёрқин намоён эта олади. Яна ҳам ҳайратланарлиси...
“Қўлида дўмбира билан бояги мотоцикл, “Жигули”, трактор ҳайдаган бола пайдо бўлди. Ёпирай, темир- терсак билан андармон бўлган боланинг қўлидан дўмбира чалиш келармикан?
-Қани қизим, бошлай қол, -деди Ҳамрали ака гавдасини орқага ташлаб, кўзларини сузиб, куй тинглашга шайланар экан.
-Нима?-қулоқларимга ишонмай, Ҳамрали акага ўгирилдик. - “Қизим ” дедингизми?
-Ҳа. Қалдирғоч қизим бўлади...
Дўмбиранинг ҳазин ва ёқимли овози борлиқни тутди...Қалдирғочнинг қўллари дўмбиранинг иплари устида тез ва нафис ҳаракатланар, пардаларда қоқилмас эди...
Куй таралсин, ҳамма бирдек ўйнасин,
Она кулиб, ёшлик чоғин ўйласин.
Бошқа тўйни тўйламасанг, тўйлама,
Болаларнинг дунёга-
Келган куни тўйлансин.
Борингни ҳам , зарингни ҳам қўй ўртага,
Ота-бобонг шундай тўйни орзулаган...” (364-бет.)
Ҳа, иқтидор деганлари жой танламайди. Буни муаллиф талқинида яна бир бор англаш мумкин. Негаки, ҳамма чўпон болалари узоқдан қатнаб мактаб ўқиганда, Қалдирғоч йигирма бир километрлик йўлдан қочиб келгач, уйидагилари ҳам зўрлашмаган. У ҳеч қаерда ўқимаёқ, техника бошқариш, дўмбира чалиш, шеър тўқишни ўрганиб олган. Муаллиф бир кўргани эсида қоладиган билгич дашт қизи ҳақида кўрганларини қоғозга туширар экан, у билан хаёлан гаплашади: “Қалдирғоч, сен ўзингни қуршаб турган нимаики нарса бўлса барини эгаллабсан, ўқиш, ёзишдан ташқари... Сен табиатнинг бир парчасига айланиб кетибсан. Бу чексиз Қизилқум яйловлари, даштлар, сенинг лочиндек қирдан-қирга шўнғиб юрадиган мотоциклингсиз, тракторингсиз, “Жигули”нгсиз, дўмбиранг ва қўнғироқдек овозингсиз ғариб бўлиб қолиши табиий. Бу сирли табиат сени ўзи учун асраб қолганга ўхшайди. Биз сенинг хатти-ҳаракатларингдан Қизилқум даштининг келажагини кўриб турибмиз. Лекин келажак савод, билим билан боғлиқ. Сен ҳақингда ҳеч ким қайғурмаяптими, энди яна ўзинг ҳақингда ўзинг қайғур. Қандай бўлмасин, ўқишнинг йўлини ахтар. Сендек бир қиз учун ҳамма мактаблар ўз бағрини очади. Ўқишга, ўрганишга сендаги ирода, сендаги матонат етади... ”(Ўша жой.)
Албатта, Ўзбекистонда яйловлар кўп ва у ерда яшовчи оилалар ҳам бисёр. Тоғу дашт болалари учун тоза ҳаво, сув, бепоён кенгликлар, ям-яшил табиат беминнат. Шундан бўлса керак, уларнинг хотиралари чақмоқ, онглари чанқоқ нигоҳлари ўткир, билаги кучга тўла. Ёзувчи ўз қаҳрамони тимсолида бу ҳақиқатга тўла ишонади ва улардаги кемтиклик-савод ва билим даражаларини ошириш эканини, шундагина атрофларида содир бўладиган баъзи муаммолар, ноҳақликларни бартараф этишга-да қувваи ҳофизалари етишажак қудрат касб этишига ишонади. Муаллиф хаёлидан кечган ўйлар, юзлаб яйлов қалдирғочларига аталган қиссанинг “ҳисса”сидир.
Муаллифнинг “7 “а”да қайта қуриш” қиссаси болалар адабиётида долғали воқеликни бадиий тадқиқ этади. У яқин ўтмишимиздаги бурилишлар даврига бағишланган. Ёзувчи сиёсий ва ижтимоий ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга болалар нигоҳи билан қараш, улар нуқтаи назарини баён қилишда эркин ижод услубига амал қилади. Қиссанинг номланишидаёқ, макон ва замоннинг аниқлиги кўзга ташланади. Шунингдек, у беллитеристик ва публицистик ижод омихталигида ёзилганлиги билан эътиборни тортади. Яна бир гап: рост, у бадиий асар каби романтик туйғуларга бой эмас, айни пайтда реал қаҳрамонлар тақдирини ҳикоя қилмайди. Унинг услуби ҳам, асарда қамраб олинган мавзу, муаммолар ҳам ўтиш жараёни каби мураккаб ва жуда долзарб. Аниқроғи, асар кеча ва бугунги кунлар ўртасидаги маънавий кўприкка ўхшайди...
Маълумки, болалар учун ёзилган асарлар кичкинтойларнинг борлиққа эстетик муносабатларини ифодалайди. А.А.Макаренко болалар учун ёзаётганда нима ҳақда эмас, балки қандай қилиб ёзишнинг муҳимлигини ўз вақтида ўринли таъкидлаб ўтган эди. Жумладан, мазкур қисса мавзуси ҳам катта–ю кичикни бараварига ўйлашга даъват этади. Қисса икки қисмдан иборат бўлиб, бир-бирини тўлдирувчи ихчам ҳикоялардан ташкил топган. Дастлабки ҳикоя қаҳрамони ўзини тадқиқотчи олим, деб таништиради ва у тажриба майдони сифатида 7”а” синфини танлайди. Унингча, гап қайта қуриш моҳиятини тушунтириш устида кетаркан, аввало, сўзлар салтанатида пайдо бўлган “кооператив”, “қайта қуриш”, “ислоҳ” каби янги сўзларнинг таржимаи ҳолини болаларга тушунтириш лозим. Қаҳрамон шу мақсад йўлида олиб борган кузатишларини китобхон билан баҳам кўради. Жумладан, асардаги 7-синф ўқувчилари қайта қуриш деганда мактабга бориб келадиган йўллари, синф хоналари, атроф кўчаларнинг бузиб, қайтадан тузилишини кутиб, лоқайд яшаётган бир вақтда, уларнинг синфига янги тадқиқотчи олим етакчи-вожатий бўлиб келади. Шундай қилиб, тадқиқотчи олим “ўз касбини ўзгартиради”. У ўқувчиларни бир неча кун давомида кузатиб, қатор воқеаларнинг гувоҳи бўлади: мактабга бориш учун уйидан вақтли чиққан Азим “дўст” лари учун зўр “грузчик”; уларнинг папкаларини мактабга кўтариб бориб, улар соатлаб соатлаб тўп тепишларига шароит яратади, ўз навбатида ҳаммага юк ташувчи эшакка ўхшатилса-да, бу сира иззат нафсига тегмай бемалол юравериши янги етакчининг ғашини келтиради. Бу ҳолга синф фаоллари ҳам, синф раҳбари ҳам лоқайд қараб келаверади. Қиссадаги бош қаҳрамон- тадқиқотчи олим эътиборни шундай воқеаларга қаратишдан бошлайди: нега бу болаларда ўқувчилик масъулияти, ёшлик ғайрати, йигитлик ғурури, иззат-нафс деган нарсалар мутлақо сўниб кетган? Гўёки, жамиятда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиланишларнинг уларга заррача дахли йўқдек! Ана шу ўй билан у Азим, Нозим, Салималарнинг уйига бориб, ота-оналари, оила муҳити билан танишади. Болалардаги ножўя қилиқлар аслида уларнинг оилаларидаги тарбияга боғлиқлигини аниқлайди ва синфда мажлис қилиб, муҳокама жараёнида бор ҳақиқатларнинг очилишига шароит яратади. Бунда ўсмирларнинг ўзидан кичик болаларнинг йўлини тўсиб пулини “шилиб” олиши, мактаб ва синф топшириқларини бажармаслиги, айрим ўқитувчилар, масалан, биология фани ўқитувчиси нохолис баҳо қўйиши оқибатида ўқувчиларда ишонч қолмагани, пионер ташкилоти ва унинг раҳбарлари ҳам хўжакўрсинга ишлаётгани ва ҳоказо муаммолар очилиб кетади. Энг ёмони, синф ўқувчилари орасида аҳиллик, дўстлик йўқлиги, эътиқод бўшлиги аёнлашади.
Етакчи мақомидаги тадқиқотчи олим ўқувчиларни тўғри сўзлашга, ҳақиқатни ёқлашга ундаркан, уларнинг турфа оламини инкишоф эта боради. Синф мажлисида Беҳзод ва Салима ўртасидаги даҳанака жанг баҳонасида пионер деган ташкилот бамисоли саҳронинг ўртасига дарвоза қуриб, қулф солиб қўйгандек бўлиб қолгани, унга кириш ҳам, чиқиш ҳам бефарқлиги, бунинг сабаб ва асослари очилади. Рост, қисса хулосаси ҳам бир оз ноанъанавий; тадқиқоти поёнига етган олимни эртасигаёқ мактаб педкенгашига чақирган директор шундай шарт қўяди: “-Сиз, ука, исми шарифингизниям билмайман, ўрнингиздан туринг-чи. Ҳа, яхши... мактаб бу илм ўчоғи, болаларга билим берадиган жой, биз сиз билан бошида бунақа келишмаган эдик. Ишларимизга кўмаклашасиз, деб ўйлагандик. Мактаб бўлар-бўлмас тажрибаларни ўтказадиган жой эмас. Бунга мен йўл қўймайман. Болалар-одам, калламуш, сичқонлар эмас, 7 “а”да ўтказган тажрибаларингизни бекор қиламиз ва чиқарган қарорларингизни мана бундай қилиб йиртиб-йиртиб ташлаймиз. Ҳаётимизга юзлаб, минглаб қаҳрамон пионерларни етказиб бераётган пионер ташкилоти илдизига болта урувчиларга орамизда ўрин йўқ. Шу билан мактабимиздаги хомхаёл фаолиятингиз тугади...” ( 60-бет).
Хуллас, қувғинга учраган қаҳрамон, китобхонларга мурожаат қилиб, қайта қуриш ҳақидаги орзуларининг бўғилганидан ўкиниб, энди нима қилмоқ ҳақида маслаҳат сўраб қолади.
Қиссада шу тариқа, янгича тафаккур юритиш ва унга қарама-қарши эскича фикрлаш кураши ётса-да, ёзувчининг халқ педагогикасига оид нақл ва ривоятлари, турли тасвирий воситалар, бадиий деталлар орқали болалик оламининг хилма-хил қирраларини кашф этиши, уларнинг “ҳазм” қилиши осон ва қийин тушунчалар мағзини чақишини асословчи теран мулоҳазалари асар мазмунини тўлдиришга хизмат қилган. Инчунин, бир ўринда ҳар қандай таълим-тарбия ёшликдан берилишига асос бўлувчи шундай ўхшатишни кўрамиз: “Болаликни бекорга баҳор палласига ўхшатишмайди. Ота-она бамисоли қуёш--меҳри билан иситади. Ширин-шакар таомлар эса бамисоли ёмғир--яшнатади, қариндош-уруғлар парвона - бамисоли шабададек ёқимли, ҳаёт сирли... ўсиш, улғайиш...” (22-бет) Яна бир ўринда эса Нажмиддин ака болаликнинг пок туйғулари ҳақида бундай деган: “Бу олам энг пок олам, бу олам энг ҳақ олам. Булар ҳали тоза ирмоқча. Одамни тагига тортиб, гумдон қиладиган ўрамалари йўқ... Булар тиниқ кўзгу, бор нарсани кўрсатади...”(87-бет).
Э.Малик ўзининг ғоя ва мулоҳазаларини қаҳрамонлари тилидан шу тариқа ифода этади. Энг муҳими, турли воқеалар баёни орқали халқ ривоятлари, “теша тегмаган” ибора ва мақолларни, кекса отахонлар ўгитларини ўсмирларга ибрат тариқасида тавсия этади. Масалан , болалар ва ўсмирлар кунора ота-оналари, бобо-ю бувилари суҳбатида “Тиш бутун –чайнашга ҳеч вақо йўқ”, “Нотавон кўнгилга қўтир жомашов”, “Ифлос нарсага тош отсанг--сачраб устингни булғайди”, “Тегирмонга тушса бутун чиқади”, “Бир болага етти маҳалла кафил” , “Устихони меники, эти сизники” каби матал ва мақолларни эшитиб турадилар-у, маъносига деярли эътибор бермайдилар. Ёки кўпни кўрган нуронийлар панд-насиҳатига ҳамиша қулоқ солавермайдилар. Негаки, бола ҳамма замонларда ҳам бола-да! Қиссада шу боис бош қаҳрамон олим тимсолида халқ орасида юриб, нуронийлар чойхоналаридан халқ педагогикасининг мумтоз дурдоналарини, матал ва ривоятларни тўплайди ва мавриди келганда мактаб ўқитувчиларини ҳам улардан хабардор қилади. Ривоятлардан тарбияси оғир болаларни ўтмишда қандай қилиб йўлга солганлари маълумлашади. Мана бир мисол: ўтмишда ичига шайтон кириб олган, тийилиши қийин йигитчаларни тегирмончига шогирдликка беришаркан. Тегирмончи бунақа болаларни бир умр тарбиялаб келгани учун бир-икки муомаладаёқ нозик жойини билиб оларкан. Сўнгра, “Қани ўғлим, тош тарақлаб кетди, чопинг, қулоққа чиқинг, сувни камайтиринг”, “ие, тош сустлашиб қолди-ку, борақолинг, сувдан пича қўшинг, бўлмаса тош бир-бирига ёпишиб қолади” деб болани ишга соларкан. Шу баҳона бола узун кун икки терак бўйи баландликка қатнайвергач, вужудидаги ёввойи кучи жиловланар экан. Энди тегирмончи уни сабр-тоқатга ўргатиш учун эса, тош чекичлашга ундаркан. Тош тунлари устига пўстак ёпилиб, кундузлари офтобда роса қиздирилгач, офтоб қоқ тепага келганда чекичлашга ўтирилган. Шундай қилмаса тош яхши чекичланмаган, буғдойни яхши тортмаган, битта тош икки, уч кунлаб чекичланган. Мана шунақа йўллар билан “тегирмонга тушса, бутун чиқади”ган болалар тарбияланган экан. Демак, ёзувчи бу каби ривоятлар билан ўтмишда бола тарбиясига нечоғли жиддий ёндашилгани, унга биргина мактаб, ота-она эмас, бутун маҳалла ёрдам бериши муҳимлиги таъкидланган. Бу жиҳат қиссада йўлда ҳамёнини йўқотган афанди уни нуқул чироғ остидан қидириши ҳақидаги латифа орқали ҳам асосланган.
Кўринадики, Э.Малик адабиётни-болалар ҳаётининг ўзига хос қомуси деб билади. Унда ёшларнинг оилада, боғчада, мактабда ва тенгдошлари орасида ёки катталар билан ўзаро муносабат-муомаладан иборат чинакам ҳаёти, турмуш тарзи акс этган. Демак, муаллиф қаламга олган воқеалар халқ турмушининг реал кўзгусидир. Уларнинг тақдири, қизиқишлари жамият тараққиёти, Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Болалар адиблари томонидан ёзилажак ҳар бир асар ана шу узвларни бутун яхлитлиги, соддалигу мураккаблиги, гўзаллигу чирмовуқлари билан ифодалаши, замондош ҳаётининг том маънодаги инъикосини кўрсатиши муҳим. Зеро, мазкур қиссада муайян ғояларни мавҳум тушунчалар, романтик тасвирларда эмас, айнан ўсмир ёшлар тафаккур ва тасаввурига мос талқинларда ифодалаб, улар онг-шуурига, ҳис-туйғуларига, дунёқарашига таъсир кўрсатишга интилган. Улар келажакда озод ва обод Ватанда яшар экан, халқ педагогикаси, маънавий қадриятларга нисбатан ифтихор туйғуси билан яшаб, жамият ривожланишига улкан ҳисса қўша олишларини дилига тугади. Умуман, адиб асарларидаги болалик образи давр тадрижини кўрсатувчи тимсол ҳамдир. Ҳаётнинг муҳим ижтимоий ҳодисалари, кескин бурилишлар, янгиланишлар ёш қаҳрамонлар орқали кўзга ташланади. Жамиятда кечаётган ўзгаришлар болалар тафаккурига нисбатан тезроқ таъсир этади. Уларга воқелик тўғри англатилмаса, акс таъсир қилиши мумкин. Мавжуд воқелик шу сабабли ёзувчи асарларида таҳлил қилиб ўтирилмайди, балки болаларнинг жонли образи, руҳий кечинмалари, ўзгаришларга реал муносабатлари фонида кўрсатиб берилади. Яъни, ёш китобхон кўз ўнгида тенгдошларининг ҳаёти гавдалантирилади. Буни ёзувчининг журналистик ижоддаги далилларга таяниш маҳорати ва болалар олами мусаввири сифатидаги иқтидори омухталигига йўйиш мумкин. Зеро, адибнинг сўнгги йилларда чоп этилган қиссалари фикримизни бу жиҳатдан тўла далиллайди.
Достарыңызбен бөлісу: |