Мухбирликнинг олис йўллари” (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист болалар публицисти ва адиби Эркин Малик ижодий сиймосига чизгилар)



бет5/5
Дата14.07.2016
өлшемі0.62 Mb.
#197982
1   2   3   4   5

Маърифий сабоқнома

Шайтонваччанинг найранглари” маърифий қиссаси икки китобдан иборат бўлиб, унда илгари сурилган ғоялар қамрови кенг. Асар мавзувий мундарижаси, образлар оламига кўра болалар тарбиясига хизмат қилувчи ахлоқий китобларнинг янгича, замонавий кўринишидир. Чиндан ҳам унда акс этган муаммолар шу кеча-кундузда содир бўлаётган воқеалар, Тоҳир Малик ибораси билан айтганда, кундалик ҳаёт шайтонларнинг кўзга кўринмас олами билан ифода этилади.

Умуман, шайтон ёки иблис деб номланган махлуқ ҳақида мусулмон китобларида ҳам талқинлар мавжуд. Диний тасаввурлардаги шайтон “Қисаси Рабғузий”да кенгроқ талқин этилган. ХХ аср бошларида эса адабиётга шайтон образи Абдурауф Фитратнинг “Шайтоннинг тангрига исёни” пьесаси орқали кириб келган. Унда инсонга сажда қилишдан бош тортгани учун шайтоннинг худо лаънатига учраб, дўзахга юборилиш воқеаси асос қилиб олинган. Адабиётшунослар бу асарни ўз замонасидаги социал адолатсизликларга қарши қаратилган, диний мифологик сюжетни қайта ишлаш асосида яратилган чуқур сатирик асар сифатида ўрганишни тавсия этадилар.4 Д.Қувватованинг эътирофича, фантаст адиб Ҳ.Шайхов ҳам шунга таянган ҳолда, шайтоннинг мукаммал образини яратган.5 Ёзувчининг “Туташ оламлар” романидаги Улуспир иблис, шайтонлар, инс-жинслар, алвасти, жодугар ва ёвуз ниятли девларнинг умумфалак хуфия уюшмасини тузган. У йиғилиш ташкил қилиб, унда ўз малайларини Ерда ёвуз ишлар қилишга, бу учун одам танасига жойлашиб олишни маслаҳат беради...

Ўтган аср сўнггида эса Тоҳир Малик бу мавзуга янгича ёндашди: шайтанат салтанати сирларидан ўқувчиларни огоҳ этди. Бу оламга кириб қолган инсонларнинг фожеий қисмати китобхонлар тафаккурининг уйғонишига туртки бўлди. Болалар адабиётида эса бу мавзуга деярли қўл урилмаган эди. Э.Маликнинг “Шайтонваччанинг найранглари” маърифий қиссаси аввало шу жиҳати билан эътиборга лойиқ.

Қисса саргузашт-фантастик қиссалар анъанасига ҳамоҳанглиги билан ёш китобхонларни ўзига жалб эта олади. Асар ғояси ниҳоятда долзарб, юки залворли. Шу боис унда икки жиҳат алоҳида кўзга ташланади: биринчидан, у мустақиллик туфайли бадиий адабиётда халқ педагогикаси, қуръоний мавзулар ифодасининг сингдирилиши намунаси сифатида диққатга сазовор. Биз биламизки, ўзбек ва туркий халқлар адабиётида ана шу анъана бардавом бўлган. Мумтоз адиблар ижодида қуръоний мавзулар барҳаётлиги ва акс этиши Қуръони карим маъноларининг тафсирлари билан муқобил равишда олиб борилгани ўринли эътироф этилган.6 Зеро, адабиётшунослар тўғри таъкидлаганидек, ўзбек адабиётида диний ва дунёвий қатламларнинг бир-бири билан узвий боғлиқлиги Қуръон оятлари ёрдамида таърифланади. Асли ўзбек адабиётининг бу икки қанотини бир-биридан айри ҳолда ўрганиш самарасизлигини тарих кўрсатди. Ана ўша ўтмиш йиллар сабоғи, бугун ва келажакдаги эътиқодимизни илоҳий калом вазни билан тўлдиришга эҳтиёж туғдиргани сир эмас. Бинобарин, Э.Маликнинг бу қиссаси Қуръони каримдаги мавзуларни болаларбоп, образли ифода этгани билан эътиборни тортади. Масалан, болалар ва ўсмирлар ҳали шайтони лаъин, Азозил деган номлар маъносини чақа олмайди. Аммо улар ҳар қадамда катталар томонидан айтиладиган “шайтони қўзиган”, “шайтонга дарс беради”, “шайтоннинг гапига кирма”, “шайтонга ҳай бер” деган жумлаларни эшитиб турадилар. Ҳамчунин, ёзувчи қиссада шайтонвачча тарихини Қуръони каримга таянган ҳолда баён қилади: “Бобокалони фаришталар орасида Азозил номи билан машҳур эди. Фаришталар ҳатто ундан дарс олишарди. Аллоҳ ер юзига халифа қилиб Одамни яратди ва жамики мавжудотга Одамга сажда қилишни буюрди. Барчаси сажда қилдилар, амрни сўзсиз бажо келтирдилар. Аммо Азозил кибру ҳаво қилди, мен оловдан яралганман, қора балчиқдан яралган махлуққа сажда қилмайман, деди. Шу билан ҳамма нарсадан маҳрум бўлди, Аллоҳнинг ҳузуридан қувилди. Шайтони лаъин деган ном олди. Дўзах аҳлидан бўлди. Одам туфайли шу куйга тушган шайтон одамни йўлдан ураман, деб Аллоҳга иддао қилди. “Бу бандамнинг иймонига боғлиқ, иймони бут бўлса, ҳаргиз йўлдан уролмайсан, иймони суст бўлса, унда у ҳам шунга яраша жазосини олади”, деган жавоб бўлади. Шайтони лаъин яна дейди: “Эй Тангрим, Сен одам болаларигамасжидларни ибодатхона қилиб бердинг, мадрасаларни илмхона қилиб бердинг, мен ва менинг зурриёдларимнинг мадрасаси, масжиди қаер?” деди. “Сенинг масжидинг ва мадрасанг бозордир”, деган жавоб бўлди.

Мана неча минг йилдирки, бозор шайтонларнинг масжиди, мадрасаси бўлиб келади. (118- бет.)

Бундан ташқари, Бисмилло холанинг бозорларда “Инсоф тарозиси” ташкил қилиши ва шу муносабат билан халққа мурожаати эътиборга лойиқ. “Болаларим,-дейди хола,-иймонли одамлар бошига қилич келганда ҳам рост гапирадилар. Оқни-оқ, қорани-қора...Билиб қўйинглар, ким тарозидан урар бўлса, у одам эмас, шайтон, шайтоннинг малайи. Биласиз, болаларим, шайтон сиз билан биззи биринчи номерли душманимиз. Тарозига хиёнат қилган одам юртига ҳам, дўстига ҳам, маҳалла-куйига ҳам бемалол хиёнат қила олади. “Тарози-юртга қози”,-деган гап бор, жоним болаларим. Тарози бузилса, юрт бузилади. Аллоҳ таоло: “...кам ўлчаб берувчининг ҳолига вой”, деган. Аллоҳнинг ҳабиби Пайғамбаримиз (с.а.в.) : “сотсангиз, ўлчаб сотингиз ва сотиб олсангиз, ўлчаб олингиз”, деганлар.” (165-бет, 1-к.) Қиссада муқаддас китобдаги “Ар-Раҳмон”, “Ваз-зориёт”, “Жин” суралари ва бошқа кўплаб қуръоний мавзулар ҳам шу тариқа асосий воқеаларга боғлаб талқин этилади.

Аммо, иккинчи жиҳатдан у атрофимизда “айтса тили, айтмаса дили куяди”ган ҳодисалар тасвирига бағишлангани билан қимматлидир. Қисса сюжетидаги воқеалар болаларга ана шу жараённи бадастур тушунтиришга ёрдам беради. Ундаги образларнинг кўпчилиги шу маънода, рамзий. Айтайлик, қиссанинг биринчи китобидаги Бисмилло хола инсонлардаги-виждон, Хожа-иймон, Хожабека-нафс тимсоли бўлса, иккинчи китобдаги Пошша ойи ёки Ҳожи она, спорт ўқитувчиси, унинг хотини, мактаб директори каби образлар орқали шайтоний нафс кўринишлари тасвирланган. Шайтонвачча(1-китобда) ва одамшайтон (ёки Шайтонбек, 2-китобда) эса нафс ва иймон, виждон ва ақл ўртасидаги кураш тимсоли. Шу сабабли бу қаҳрамон қиссанинг иккала китобида ҳам етакчи образ саналади. Қисса воқеалари ҳам шу боис айнан унинг туғилиши билан бошланади. Шайтонваччанинг дунёга келиши шундай: она шайтоннинг ой куни етганда қулай жой қидириб, Хожанинг чап қўйнига жойлашиб олади; аммо юрак уни бу ердан “бир тепиб” ҳайдаб чиқаради. Шунда она шайтон болалаш учун қоринни қучоқлаб, ўнг биқинга киради. Бунда жигар тилга кириб, уни қувлаб солади. Сўнгра, Хожанинг чўнтагига тушади; у томондан ҳам мушт ейди. Она шайтоннинг нафаси тиқилиб, нима қиларини билмай турганда, Хожабекаси бахмал халатини нозик елкасига ташлаб, кела бошлайди. Она шайтон вақтдан фойдаланиб, ўша бўш енг ичида туғади-қўяди: енг ичида иш битиради. Шайтонваччанинг бу хонадонда туғилиши бежиз эмас; Хожабека боғча мудираси, Хожа эндигина тақводорга айланган. Болалар эса аросатда...

Ёзувчи қисса аввалидаёқ асл муддаога шамаъ қилади: жамиятимизда енг учида иш кўрувчи, чап томондан иш бажарадиган кимсалар бисёр. Улар қандай пайдо бўлаётир? Шайтонваччанинг кўриниши шу сабабли ғалати: на одамга ва на бир ҳайвонга ўхшайди. У бўйнида қошиғи билан туғилади. Она шайтон фарзанди дунёга келган куниданоқ қуйидагиларни уқтиради: “Ота-боболаримиз бир туққаннинг, бир тўйдирганнинг қорнига теп, дейишган, уқдингми? Нафсинг ҳакалак отмай ўлсин, сабр қил, сабр. Одам болаларига ўхшаб бесабр бўлма. Одам болаларини қанчалик кўп йўлдан урсанг, анави савил ёғоч қошиғинг шунча кўп мой ичида ўйнайди. Билсанг, одам болалари ғирт душманимиз, йўлдан урганингдан кейин эса улар дўстингга айланади.” Она шайтон шундай деб шайтоваччанинг қулоқчаккасига шарақлатиб туширади. Шундан сўнг Шайтонвачча онасининг сабоқларига амал қилиб, ака-укаларни жиққамушт уриштиради, кўчадаги болаларнинг қулоғига бир-бирини тезлаб, дўппослатади; Хожабекани қинғир йўлларга бошлайди. Чунки бу аёлни онаси: “Яхшилаб таниб ол, у менинг қадрдоним, дўстим, меҳрибоним. У бор экан, ичимга иссиқ тушиб туради. Оч-наҳор қолмайман. Билсанг, у сенинг доянг ҳам бўлади,”-деб таништирган эди. Шайтонвачча баъзан қулоқсизлик қилганда эса: “Аҳмоқ,-дерди она шайтон дарғазаб бўлиб,-товуқ мия. Билиб қўй, шайтонлар болаларига бир марта дарс беради, икки марта эмас, ...ҳу яшшамагур...” Шу зайл она-бола ҳеч қачон бир-бирига яхши муомала қилмайди, нуқул сенсираб, сўкиниб, қарғаб ёки уриб мурожаат этади. Шайтонвачча онаси тарбиясига амал қилиб кам бўлмайди: болаларнинг дастурхон бошидаги, боғчадаги, мактабдаги насибасига шерик бўлиш учун улар ортидан эргашиб, ўша жойдаги ҳангомаларни кўради. Ката-кичик шайтонлар, уларнинг жамоаси, “мадраса”си билан танишади. Шайтонвачча қизиқарли саргузаштларни бошидан кечириб, ғаройиб воқеалар гувоҳи бўлади.

Ёзувчи юқорида таъкидланган икки жиҳатни омухталаштирган ҳолда қизиқарли услуб ҳамда образли ифодага эришган. Қисса сюжетидаги ҳар бир воқеа алоҳида бир мавзуни, ҳикояни тақозо этган. Уларда бугунги воқеалар халқ ҳикматларига йўғрилган ҳолда баён этилади. Шайтонвачча образи эса қисса композициясидаги бир бутунликни таъминлаш билан бирга, бола шахсининг шаклланиш тадрижи, унга тарбия ва муҳитнинг нечоғли таъсирини ойдинлаштиришга ҳам хизмат қилади. Қиссадаги “Тонгги бозор” ҳикояси шу жиҳатдан эътиборни тортади. Унда Шайтонваччанинг бир эрталаб донг қотиб ухлаб қолгани ва онаси қулоқларидан нақ узилиб кетар даражада чўзма қилаётгани, сал бўлмаса ғафлат босиб, тонгги бозорни бой бериши тасвирланган. Она шайтон ўз навбатида боласини сўкиб, жазолаб бўлгач, бу бозор аслида одам болаларига буюрилгани, бироқ улар тош қотиб ётишлари оқибатида бундан бебаҳра қолганини уқтиради. Она шайтон дағ-дағасини тугатмасиданоқ, шаффоф фаришта кўринади. Унинг бир қўлида каттакон кетмон-у, бир қўлида баркаш тўла тилламиш. Фаришта дермиш:

Одамлар-у одамлар...

Боғда битган бодомлар!

Кимга ғайрат кетмон-ю,

Кимга олтин хирмони?

Кеп қолинг, об қолинг...

Турган гапки, шайтонвачча “тўрт кунлик дунёда яшаб қолиш керак”, деб очкўзлик билан ўзини баркаш тўла олтинга уради. Бироқ унинг қўли тегиши билан олтинлар бир уюм кулга айланади. Шундан сўнг навбатдаги фаришта бир қўлида бахт қуши-ю, бир қўлида подшолик тахти билан кўринади. Шайтонвачча яна бир давру-даврон сурай деб, тахтга тегилиши билан у ҳам кул бўлади. Ниҳоят учинчи фаришта “Кимга Аллоҳнинг каломи, кимга жаннатнинг таоми?”,-дея кириб келади. Шайтоний нафси устун келиб, Шайтонвачча ўзини меваларга урганда, у тупроққа айланади. Нимага деганда, кулга, тупроққа айланган нарсалар шайтонга эмас, одам болаларига буюрилган эди-да. Одам болалари бўлса донг қотиб ухлаб ётишарди.(22-бет.)

Ҳикоя шу жойда тугамайди. Она шайтон боласидан “ҳисобот” олади ва унинг тўғри йўл тутганини изоҳлаб беради. Бу эса ўз навбатида китобхон учун тарбиявий аҳамият касб этиши, мушоҳада юритиш ва тафаккурини уйғотишига ёрдам бериши турган гап. Хусусан, кичкинтойлар бобо-бувилари томонидан эрталаб барвақт туришнинг неъмати, эрталабки ризқ-рўздан қуруқ қолмаслик ҳақида кўп ҳикматлар эшитадилар-у, мағзини чақолмайдилар. Шайтонваччанинг бозор саргузашти ана шу ҳикматни ойдинлаштира олган. Шунингдек, кулга, тупроққа айланган нарсалар, аслида текинхўрлик, танбаллик, маърифатсизлик фожиаси экани рамзий тамсилларда ўз ифодасини топган.

Қиссада боғча, мактаб, касалхона воқеалари билан бирга, бозорлар алоҳида мавзу қилиб олинган. Бу бежиз эмас, албатта. Асосий қаллобликлар ана шу жойда содир бўлади. Қолаверса, юқорида зикр этилган эътирофга кўра бозор- шайтонларнинг макони ва мадрасасидир. Шунга кўра ёзувчи бу ердаги ҳангомаларга кенгроқ тўхталади. Жумладан, “Фармони олий” да бозорлар қиёфаси бир мунча кинояли акс этган. Яъни, бозорнинг бирданига сув сепгандек тартибга келиб қолиши, норозиликларнинг пасайиши “Думи тугиклар” мадрасасидаги талаба-ю ўқитувчи, мударрисларигача ташвишга солиб қўяди. Шу сабабли фармони олий эълон қилинади. У қуйидагилар эди: “1.Бизга душман бўлган одам болалари орасида айғоқчилик ишлари янада кучайтирилсин! 2. Айғоқчилик ишларида бизга ёрдам бериши мумкин бўлган (шайтон малайлари) одам болаларини кўпроқ жалб қилиш масалалари ўйлаб кўрилсин! 3.Мадрасада (бозорда) “Энг олғир киссавур”, “Энг безбет товламачи”, “Энг ашаддий қароқчи”, “Учига чиққан порахўр” мусобақалари ўтказилсин! 4.Ушбу фармони олийни бажаришда фаол бўлган шайтонлар муносиб тақдирланиб борилсин! Маблағ аялмасин!”.(118-бет.)

Ёзувчи қиссада Шайтонваччанинг мадрасадан олган сабоқлари амалиёти мисолида бозордаги ҳангомаларнинг реал манзарасини чизади. Бу ердаги олди-сотди ишларидан ташқари, фолбинлик, тиланчилик ёки илон, айиқ ўйнатиб кўзбўямачилик қиладиган томошалар китобхон кўз ўнгида яққол гавдаланади. Шу сабабли бозор иймонлиларга бамисоли ҳожатбарор гўша, иймони сустларга эса гуноҳи азимнинг уяси эканлиги аён бўлади. Одам болалари ҳам аксарият олди-сотдида, бозорларда синалиши кўрсатиб берилган.

Қиссада шунга ўхшаш ижтимоий, ҳаётий-маиший муаммолар жиддий таҳлилга тортиларкан, ҳодисанинг маърифий аҳамияти муаллиф назаридан асло четда қолмайди. Шу сабабли, қаерда шайтонлар байрам қилса, Бисмилло хола ўша ерда пайдо бўлади ва тартиб-интизом ўрнатади. Чунончи, Хожанинг болалари оғриб қолиб касалхонага тушганда, у ерга кинначи бўлиб боради; сўнгра Хожабека бу аёлни боғчада яллачи ўрнига аллачи қилиб олади; ниҳоят хола бозордаги оқлиғлар растасига кайвони бўлиб келгач, сут-қатиқчи хотинларни сув қўшиб сотмасликка, инсофга чақиради. Бу ҳақдаги халқ ривоятларидан айтиб беради. Қиссадаги Бисмилло хола тилидан баён қилинган кароҳат (...), кафсан(хирмон кўтарилганда камбағалларга бериладиган садақа-сийлов), муломаса(молни ушлаб кўриш), мунобаза (ирғитиш) кабилар ҳақидаги ўгитлари ҳам асарнинг маърифий аҳамиятини таъминлаган.

Болалар адабиёти ҳақида сўз кетганда, унинг икки планли-йўналишли эканлиги алоҳида таъкидланади. Зеро, болаларга асар сюжети, катталар учун эса унинг ғояси дахлдор эканлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Бинобарин, бу қисса ҳам аввало болажонлар учун ғоят севимли эртакка хос сюжет асосида ёзилган. Ундаги фантастик элементлар Шайтонваччанинг хатти-ҳаракатларида, бозордаги шайтонлар “мадарасаси” қонун-қоидалари, кирадиган-чиқадиган одамларнинг елкасига миниб олиб, йўлдан уриши ва васваса қилиб турли қинғир йўлларга бошлари деталларида яққол кўринади. Хусусан, Шайтонваччанинг “Думи тугиклар мадрасаси”дан қувилиб, Хўжақишлоқ деган жойга туширилишида эврилиш санъати кўзга ташланади. Уни замбаракнинг тўпига қўйиб, осмону фалакка отиб юборганларида, Шайтонвачча (у илгари одамлар кўзига кўринмас, шу учун шир яланғоч юрар, хоҳлаган ишини осонгина бажарарди) ерга одам қиёфасида тушади. Яъни шайтондан одамга айланади. Ажинашамол унга ёрдамчи қилиб юбориладики, бу ҳам эртак қаҳрамонларини эслатади. Унда илгари сурилган ғоялар эса катталар учун муҳимлилик касб этади. Яъни, 1-китобда Шайтонваччанинг, иккинчи китобда одамшайтон амалга оширган ишлар аслида реал воқелик бўлиб, барча замондошларимизга таниш манзара.

Дарвоқе, қиссанинг иккинчи китобидаги воқеалар янада жиддий, замонавий тус олади. Унда бугуннинг нафаси уфуриб туради. Ёзувчи одам қиёфасидаги шайтонларнинг типик қиёфасини яратишда Шайтонваччани (ёки Шайтонбек) Ҳожи ота ва Пошша ойининг етим қолган, руҳий хасталиги учун жиннихонага топширилган Кавсар исмли неваралари қиёфасида пайдо қилади. Уни дастлаб, аввалги Овсар деб қишлоқ болалари калака қилишади, бобо-ю бувиси шубҳа билан қарайди. Аммо боладаги кескин ўзгаришларни кўриб, унинг “шифо” топганига ишонишади. Хусусан, у шир яланғоч ҳолда осмондан ерга туширилгач, ариқда чўмилаётган ўзидек кийимсиз болаларни қўради, кўйлак иштонга гарров ўйнаб, кураш тушади, қишлоққа машҳур полвонга тенг келиб, бу хабар мактабнинг спорт ўқитувчиси қулоғига етиб боради. Ана шундан кейин одамшайтон ўз қавми– шайтонлар оламининг ёрдами билан мусобақаларда иштирок этади; югуриш бўйича учта, кураш бўйича битта олтин медални қўлга киритиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мақтовларга сазовор бўлади. Айни пайтда олтин медалларни сохтасига алмаштириб қўйган спорт ўқитувчиси ва бунга шерик хотинидан аёвсиз ўч олади. Унга бағишланган тантаналарда сўз берилганда, у тўғрисини гапириб, кулгига қолади: бу мактабга ўқимайман, мен Шайтонваччаман, Хожабеканинг енги ичида туғилганман, Ҳожи отанинг невараси ҳам эмасман деса, нуқул кулги кўтарилади. Боз устига, тўғри гапиргани учун Ажинашамолдан тарсаки ейди. Шу сабабли, бўлаётган воқеаларга индамай бўйсунишдан ўзга чораси қолмайди. Энди Кавсаржон номи билан буви-ю бобоси хизматига бўйин эгишга мажбур бўлади. Шу билан бирга одамлар орасида, “чемпион”, “азайимхон”, кейинчалик эса “келгинди” , “ўзга сайёралик”, “сохтакашлар сайёрасидан” номлари билан тилга тушади. Шайтонвачча одамларга ён босгани, уларга ўхшаб адолат истагани учун, одамнинг айғоқчиси сифатида думи, қулоғи кесилиб, мадрасадан бадарға қилинган эди. Аммо барибир унда шайтон қони оқаётгани учун бувисини васвасага солиб, Ҳожи отанинг кўзига хас ташлашга, ёлғон гапиришга, “бизнес”, “тижорат” баҳона мўмай пул топишга ўргатади; ҳатто буви ўзи айтмоқчи “имиж”ини ўзгартиради. Уйдаги зотдор сигиу бузоқларни, етти хазинанинг бири ҳисобланувчи товуқларни сотиб, чет эл киноларидаги “баронесса”ларидан қолишмайдиган, сигарет тутатиб, “Бренди” ичадиган хонимга айланади. “Невара” эса бу хатти-ҳаракатларни тўла қўллаб қувватлайди. Алал-оқибат буви чиллада ўтирган эрини заҳар бериб ўлдиришгача бориб етади. Хуллас, одамшайтон Хўжақишлоқдек жаннатмакон жойни миш-мишлар, ғийбатхона, ароқхўрлар уясига айлантиради; кампирнинг бор-йўғини ўғирлайди-да, Ажинашамолни “код”лари орқали чақириб, кўздан ғойиб бўлади.

Бу воқеалар гувоҳи бўлган ўқувчи шуни англаб етадики, иймон эътиқодга путур етса, одамшайтонлар замони бошланади. Ақл, куч, виждон-бари нафс йўлида ўзлигини йўқотади. Ёзувчи ана шу моҳиятни ёш авлодга теран англатиш учун, сабоқнома ёзган, гўё. Ҳар бир воқеа орасида, сўнггида, қиссадан ҳисса чиқарувчи ўгитлар мавжуд; уларнинг кўпчилиги назарий таърифларга, дарс ўтиш услубига ўхшайди. Айтайлик, адиб инсон сезувчанлигига хос оғриқ, ҳиссиётига хос қўрқув, уят кабиларни бундай таърифлайди: “Оғриқ борки, одам болалари ўзларини иссиқдан, совуқдан, турли-туман балою офатлардан ҳимоялашади. Кундузлари юрганда оёғининг тагига қараб, кечалари чироқ ёқиб юради. Гуноҳ ишлардан тийилади. Бировнинг ҳақини емайди, дилини оғритмайди, бекордан бекор қон тўкмайди. Оғриқ жасадга ҳам, иймонга ҳам бир қалқон.”

“Қўрқув оғриқнинг боласи. Йўлга кира бошлаган гўдак йиқилиб, жони оғрийди. Кейинига ҳушёр бўлиб қолади. Қўрқув кутилмаганда фалокатларнинг хабарчисига айланади. Қўрқувнинг “ҳадик”, “гумон” деган ошналари ҳам бор.” Ёки: “Уят дегани кўзга кўринмас ҳарир кўйлакка ўхшайди. Уни на кўриб бўлади, на ушлаб. У иймонли одамлар учун тўзимайдиган либос...” (28-б., 2-к.) Яна: “Ер деганлари ўзи бир мўъжиза экан-да. Қимирлаган жон борки, шу тупроқдан ризқини териб ейди. Кимхоб ҳам шу ердан чиқади. Шойи деса шойи. Гўшт ҳам, ёғ ҳам...”



Бу илмий таърифлардан фарқли ўлароқ, ўгитлар шаклида берилган бўлиб, барча ёшдаги китобхонлар учун фойдадан холи эмас. Негаки, бу ўша тушунчаларнинг ҳикматнамо, халқчил таърифидир. Бу таъкидларнинг қиссада бирор бир воқеа муносабати билан баён қилиниши эса қоидага далил келтирилгандек, гўё.

Қиссанинг эътирофли томони яна шундаки, унда фольклор жанрларидан унумли фойдаланилган. Яъни, унда ўзбек халқ поэтик ижодининг юзга яқин намуналари, чунончи, мақоллар, иборалар, ҳикматли сўзлар, айтим-олқишлар, бадик, қарғиш ва йиғи- йўқловлар ўз аксини топган. Уларнинг баъзилари ўз маъносида, айримлари киноя-кесатиқ мазмунида ифодаланган. Жумладан, қиссада “Бир туққаннинг, бир тўйдирганнинг қорнига теп”(9-б.), “Бировнинг ҳаққи қорин оғритар” (13-б.), “Ошга ўртоқ, бошга тўқмоқ”(29-б), “Ўлмаган қулга бўлди ёз”,(41-б), “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарози”(46-б.), “Оғзим ошга етганда, бурнимни қонатдинг”,(63-б.), “Синамаган отнинг сиртидан ўтма” ( 80-б.), “Девона аразласа, тўрвасига зарар”(83-б.), “Бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом) (89-б.), (Аллада азиз, тўрвада магиз”(91-б.), “Сув келтирган хору-зору, кўза синдирган азиз”, “Эрга навбат-шерга навбат” (163-б.) “Билмаганнинг билаги тинч” (2-к.92-б. ) “Исрофли юртда барака бўлмайди, ётиб еган билан қорин тўймайди” (84-б.2-к.), “Аҳмоққа иш буюрсанг, ақл ўргатади”, “Жабборда жон борми”, “Кенг уйнинг келинчаги”, (24-б), “Сичқоннинг ини минг танга”(28-б), “Чилласи чироқ кўрмаган” (63-б.), “Қайнаса қони қўшилмайди”, “Арқоғини кўриб бўзини ол, онасини кўриб, қизини ол” (76-б. ) “Темирни қизиғида бос” (90-б), “Фақир киши панада”(125-б.) “Мусулмончилик аста-секинчилик.” (127-б.), “ Болам деганлар худога ёқади.” (127-б.) каби халқ мақоллари, матал ва иборалар воқеалар сюжетида исботланиб келади. Биламизки, кўпгина мақоллар бугун кўчма маънода ишлатилади ёки туб маъносини ҳамма ҳам англайвермайди. Адиб шу сабабли қиссада мақолларни айнан воқеага мослаб, этимологиясига эътибор бериб ишлатади. Масалан, Шайтонвачча одамлар орасига юборилгач, уларнинг “мадраса”сида тез-тез ҳайъат йиғилиши бўлиб, унинг фаолияти муҳокама қилиниб туради. Ахборотчилардан маълумотлар эшитилади. Шундай йиғилишларнинг бирида ўз вакилларини машҳури олам қилиш истаги туғилади: “Яқинда одам болаларидан биттаси мусобақада жаҳон чемпиони бўлди. Самолётданоқ тантана билан кутиб олишди. Унгача уни ҳеч ким танимасди. Бирпасда аллада азиз, тўрвада магиз бўп қолди. Айтгани айтган, дегани деган. Биз ҳам қаҳрамонимизни шундоқ қилишимиз керак. Унга на чол, на кампир, на мишиқи болалар қўл кўтара олсин. Ҳамма унга қуллуқ қилсин, ҳавас қилсин”. (108-б. 2-к.) Ёки, Шайтонваччани невараси ўрнида қабул қилган кампирнинг муолажа усули, яъни болани яланғоч қилиб охурга боғлаб, ҳўл гавронлар билан ўзидан кетиб қолгунча савалаши, сўнгра, яраларини шўр пахта босиб даволаши, эътироз билдирганларга: “болани урсанг эти қотар” деганларини эшитмаганмисан? Мен бу боламни шунақа қилиб пишираман, у шунақа пишсинки, на ўтда ёнсин, на сувга чўксин. Темиртанли паҳлавон бўлади...” дея уқдириши ўқувчини мушоҳада юритишга ундайди. Таъкидлаб кўрсатилган мақоллар эса унинг этимологияси ҳақида сўз борганидан далолатдир. Муҳими, бундай термалар қиссадаги деярли барча қаҳрамонлар тилидан кўзга ташланади ва бундан ёш китобхонларни халқимизнинг бой маънавий мероси билан танитиш мақсади кўзлангани аёнлашади. Қолаверса, бундай усул асарнинг тилини соддалаштириш, жиддий муаммоларни ҳикматлар ёрдамида мушоҳадалаш, қисса сюжетидаги воқеалар, образлар халқчиллигини таъминлашда ўзига хос аҳамият касб этади. Ёки баённинг мана бундай сажъ усулига эътибор қаратайлик: “Шайтонваччалар жа мажлиснинг каттасини қилиб, шайтон қошиқларини қўлга олиб, ўзларини-ўзлари меҳмон қилиб, “сен же, мен же” деб туришган эди, эшик очилиб, оппоқ халатли, қизил юзли, сузик кўзли, гумбир гавдали амакилар, опалар кириб келишди.(1-к. 31-б.) Ёшини яшаб, ошини ошаган, бошига дока рўмол ташлаган, эти бориб суягига ёпишган, неварасини опичган... Шалпанг қулоқлари резинкадек чўзилди, тепкилардан юмшоқ жойлари эзилди. (1-к.32-б.) Хоҳласак, посангини осмон қиламиз, хоҳласак, ер билан яксон қиламиз. Сен гапиргич билан овора бўлиб гап сотиб туравер. Майли аравани қуруқ обқочавер.. (1-к.157-б.) Турган гапки, худди халқ эртаклари баёнига ўхшаш бундай қофияли сўзлаш кичкинтойлар завқини оширади, сўзлар хотирасига осонгина ўрнашиб, ўқишга иштиёқлари янада баланд бўлади. Бундан ташқари, қиссадаги бадиклар (Сен ундан кўра қорни катта бойларга бор, пулни-пулга никоҳлаб, пул туғдираётган судхўрларга бор... Закотни худодан яширадиган, хайри-эҳсон қилмайдиган нокасларга бор. Ҳа-ҳув...,ҳа-ҳув...), йиғи-йўқловлар (Кун кўрайин деганда Кунлар кўзи беркилдими? Ер босайин деганда, Ерлар чоки сўкилдими? Отам-ма, вой отам!...Баландтоғлар паст бўлдими? Ажал сизга қасд қилдими? Ўлганингиз рост бўлдими? Отам-ма вой отам! (372-б. 2-к.) ҳам ўқувчиларга шу жанрлар ҳақидаги маърифий тушунчани бера олади. Яна бир гап. Маълумки, халқ мақоллари ва маталларининг аксарияти оғиздан-оғизга ўтиб юради, оммалашади ва кенг қўлланилади-ю, унинг изоҳи, туб маъносини ҳамма бирдек тушунавермайди. Хусусан, болалар. Қиссада мақол ва маталларнинг воқеага боғланиб келгани шу боис унинг мазмунини кенгроқ тушунишга ёрдам беради.

Шу тариқа, ёзувчининг икки китобдан иборат мазкур қиссаси аввало мавзувий мундарижасига кўра, сўнгра, ғоявий долзарблиги, хусусан, ижтимоий ҳаётнинг деярли барча қирраларини, янги кириб келган ҳодиса ва тушунчаларни қамраб олгани ҳамда болалар тасаввури ва тафаккурига мос талқини билан эътиборни тортади. Шунингдек, қисса сюжетига фольклор намуналари, диний ва ахлоқий билимларнинг сингдирилиши чинакам маърифий аҳамият касб этадики, бу айни маънавиятимиздаги кемтикликни тўлдиришга ёрдам беради.



Хотима ўрнида

Болалик олами ғоят муқаддас. Уни куйловчи, у ҳақда сўзловчилар қалби эзгуликка йўғрилганлиги-да, ҳақиқат. Болаликка бахшида умрлар эса кичкинтойларнинг ўзи каби беғубор, самимий ва қувноқ. Болаликнинг такрорланмас бахтли онларини, у ҳақдаги хотираларни қандай қилиб ёдга олмаслик, севмаслик мумкин? Ҳа, болалик ҳақидаги хотиралар инсонларни нафақат олис ўтмишига етаклайди, балки, ундаги энг нозик, самимий, покиза туйғуларни қайта жонлантиради. Одатда, инсон болаликни кексалик ёшида кўпроқ эсга олади. Бу эҳтимол, болалик ва кексаликнинг кўп жиҳатдан ўхшашлигидадир. Шунданми, кишилар кексайганда болаликка талпинади ва бахтиёр онларини эслаб, таскин топади. Бинобарин, бу туйғуни қалбда бутун умр сақлай олиш ҳамда шу соҳада хизмат қилиш энг катта саодат. Зеро, болалар ижодкорларини дастлаб, шундай бахт эгаси дейиш мумкин.

Эркин Малик ўз фаолияти, ижодий олами, йўналиши ва услуби билан ана шундай бахтни туя олган қалам соҳибларидан. Унинг ўзбек болалар журналистикаси ва публицистакаси тарихида алоҳида ўрни бор. Долғали кечган ХХ асрнинг 60-йиллари ўзбек болалар журналистикаси учун ҳам улуғ солнома ҳисобланади. Бунда болалар матбуотининг бардавомлиги, ундаги соғлом ижодий муҳит муҳим ўрин тутади. Хусусан, Э.Малик “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида фаолият бошлаган ўша йилларда у билан бир сафда ишлаган Омон Мухтор, Тоҳир Малик, Ҳабиб Саъдулла, Сафар Барноев каби серқирра ижод аҳллари, Суҳроб Йўлдошев, Ўктам Усмоновдек талабчан устозлар ўзбек болалар журналистикаси ва публицистикасини оёққа қўйган эдилар. Бу жамоанинг фидойилиги туфайли ўзбек болалар матбуотида янги анъаналар, шаклий ва услубий изланишлар, муҳими, ёш авлод китобхонлигига эришилган. Журналист ва адибларнинг каттами-кичикми, ҳар бир ижод намунасига алоҳида меҳр, масъулият билан ёндашишлари матбуот нашрлари ёки бадиий асарларни ўқимишлиликка олиб келган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, болалар публицисти ва адиби Эркин Малик ижодий биографиясини ўрганиш фикримизни бу жиҳатдан тўла асослади. Унинг қарийб ярим асрга тенгдош журналистик ва ижодий фаолиятида болалик оламининг турли қирралари ранг-баранг талқинларда ўз ифодасини топган. Муҳими, адиб қаҳрамонлари ҳамиша замонга ҳамнафас. Э.Маликнинг болалар журналистикасига қўшган ҳиссаси, публицистик ва бадиий ижоди анчайин салмоқли. Адибнинг қирқ йил давомида болалар матбуотининг деярли ҳар бир сонида эълон қилинган мақола-ю очерк, бадиҳа-ю ҳикоялари, қиссалари жамланса, бемалол, бир неча жилдли китобни ташкил этади. Унинг сўнгги ўн йил ичида эълон қилган ҳикоя ва қиссалар тўпламлари бундан мустасно, албатта. Аммо гап уларнинг ҳажмида эмас, ўз даври учун қандай аҳамият касб этганида! Айтиш мумкинки, ижодкор бу жиҳатдан ҳам муносиб эътирофга лойиқ. Ижодкор ҳамиша ёш авлод англаши, мушоҳада юритиши қийин масалаларни ойдинлаштиришга ҳаракат қилиб келган. Оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация алоқалари ҳали бугунгидек ривожланмаган ўша йилларда болалар журналистининг ҳар бир вилоятни, туману қишлоқларни эринмай айланиб, у ердаги ёш қаҳрамонлари билан учрашгани, улар қалбини тинглашдан ҳузур –ҳаловат туйгани ва буни катта масъулият билан матбуотда ёритгани болалик оламига чинакам меҳрни, собитлиликни тасдиқлайди. Бинобарин, Эркин Малик болалар журналисти сифатида иш бошлаб, публицист тариқасида бу ҳодисанинг мавжудлигини исботлади; ўз рисолалари билан ўқувчилар ташкилотларига яқиндан ёрдам кўрсатди, бадиий ижодда эса болалар ва ўсмирлар руҳияти манзараларини янгича услуб, шаклий ранг-барангликда ифода этиб келаётир. Адибнинг шиддатли кечаётган мустақиллик даври, янгиланиш, эътиқод ва иймон поклигига бағишланган қиссалари эса ёш авлодга бу жараённи тўғри англашида маънавий-маърифий тарбия вазифасини ўтаётир.


Мундарижа
С.Барноев. Яхшилик учун туғилган адиб.............4

Муқаддима...............................................................6

Ижодкорнинг ҳаёт йўли..........................................7

Журналистик бурчга садоқат.................................15

Улар бир сафда эдилар...........................................28

Болаликнинг публицистик солномалари..............39

Ҳикояларда мужассам олам...................................50

Замонлар ўткинчи-болалик боқий......................66

Маърифий сабоқнома.............................................88

Хотима ўрнида....................................................... 102



1 Қосимов Б. Жадидчилик / Миллий уйғониш.-Т.,1993,-Б.38

2 Қаранг: Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 3-жилд, Тошкент, “ЎзМЭ”, 2007, 261-бет

3 Бу ҳақда қаранг:Аҳмедова Ш. Мактубот ва адабий танқид. Т.: Фан, 2005.

4 Болтабоев Ҳ. Фитрат ва истиқлол маънавияти. Китобда:Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 1-жилд. Т.,2000, 26-бет.

5 Қувватова Д. “Туташ оламлар” романида шайтон образи талқини. ЎТА, 2004, 3-сон, 53-55-бетлар.

6 Бу ҳақда қаранг: Ҳ.Кароматов. Қуръон ва ўзбек адабиёти. Т.:Фан, 1993.





Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет