II-ҚИСМ 5-БОБ ИДРОК ЭТИШНИНГ БУЗИЛИШИ
Идрок этиш — бу сезги органларининг рецептор қисмига бевосита таъсир этиш орқали атрофдаги нарсаларни, воқеа-ҳодисаларни онгда акс эттирилиши ва англаб етилишидир. Сезиш жараёни билан биргаликда ҳис қилиш инсоннинг ташқи дунёда бевосигa ҳиссий мўлжалини таъминлайди. Ҳис қилиш билим ва тафаккурнинг мухим босқичидир ва доимо у ёки бу даражада фикрлаш, хотира, диққат билан боғлиқдир. Агар инсон сезги орқали ўзини ўраб турган нарса, воқеа, ходисаларнинг алоҳида белгиларини онгида акс эттирса, идрок этиш орқали уларни бутунлигича, барча хусусиятлари билан биргаликда яхлит қабул қилади. Лекин шунга асосланиб идрокни сезгилар йиғиндиси деб бўлмайди.
Идрок жараёнининг асосида бир неча сезги аъзоларига баб-баравар таъсир этиш натижасида юзага келувчи бош мия пўстлоғидаги синтез, яъни вақтинча боғланиш (шартли рефлекс) ётади. Идрок одатда ихтиёрий ва ихтиёрсиз бўлади.
Ихтиёрсиз идрок ҳамиша ихтиёрсиз диққат билан боғлиқ бўлиб, маълум бир мақсадсиз, ҳеч қандай ирода кучи сарф қилинмасдан юзага келади. Ихтиёрий идрок эса олдиндан белгиланган бирор мақсад асосида амалга ошади. Ихтиёрий идрок одамдан доимо иродавий эътибор беришни талаб қилади, ҳар қандай ихтиёрий идрокда ирода иштирок этади.
Рухшуносликда содда ва мураккаб идрок тафовут этилади; содда идрокка: кўриш, эшитиш, ҳид ва маза билиш киради.
Мураккаб идрокка фазо (макон) ва вақтни идрок этиш киради.
Идрок ўзига хос сифатларга эга бўлади. Буларга идрокнинг тезлиги, тўлалиги, аниқлиги ва тўғрилиги киради. Турли руҳий касалликларда ана шу сифатларнинг у ёки бу даражада ўзгарганлигини ёки бузилганлигини кўрамиз. Бу гуруҳга сезиш, хис қилиш, тасаввур қилишнинг ҳар хил бузилишлари билан тавсифланадиган белгилар йиғиндиси киради. Буларнинг ҳосил бўлишида кўп ҳолларда абстракт билишнинг (фикрлаш, тахлил қилиш, танкид) бузилиши иштирок этади, лекин билишнинг сезги асослари бузилишида қўйидаги аломатлар катта рол ўйнайди.
Гиперестезия — меъёр ҳолатларда мўътадил бўлган ташқи қўзгалишларни қабул қилишнинг ошиб кетиши. Одатдаги ёруғлик кўзни камаштиради. Атрофдаги предметлар (буюмлар) кўзга яққол ташланади. Товушлар қулоқни кар қиладигандек эшик ёпилишидаги товуш худди ўқ отилгандек бўлади. Идиш-товоқларни қўйганда чиқадиган товушлар чидаб бўлмайдиган даражада кучли эшитилади. Ҳидлар жуда ўткир туюлади. Баданга тегиб турган кийимлар эса қўпол сезилади. Бу бузилишлар ўта чарчашда ва ўткир психозлар бошланишида, онгнинг ғира-ширалиги ҳолати ривожланишида намоён бўлади.
Гипестезия — гиперестезияга қарама-қарши бўлган жараёндир. Ташқи қўзғалишларни қабул қилишнинг сусайиши билан тавсифланади. Атроф-мухит худди тумандагидек ноаниқ буюмлар рангсиз, ноаниқ шаклда бўлиб қолади. Овозлар бўғиқлашади, атрофдаги товушлар жарангдорлигини йўқотади ва фарқсиз бўлиб қолади. Ҳаммаси ҳаракатсиз қотиб қолгандек туюлади.
Гиперестезияда бўладиган олий нерв фаолиятининг бузилишлари бир хил эмас. Баъзан фаол тормозланишнинг бузилиши натижасида қўзғалишлар дадилланувчи ва бош мия пўстлоқ хужайралари қўзғалишининг ошиши натижасида гиперестезия келиб чиқса, баъзи холларда эса иккинчи сигнал системасининг тормозланиши натижасида келиб чиқади. Шундай қилиб, гиперестезия пўстлоқ остининг патологик қўзғалиши ва унинг пўстлоқка иррадиация бериши ҳамда периферик анализатор охирлари импульсларининг кучайиши натижасида келиб чиқади.
А. С. Чистович таъбири бўйича гиперестезия иккинчи сигнал системаси сақланган холда биринчи сигнал системаси ва пўстлоқ ости фаолиятининг сусайиши натижасида юзага келади. И. Н. Тимофеев бу бузилишни кўрув дўмбоғининг шикастланиши (фаолиятининг сусайиши) билан боғлайди.
Сенестопатия—тананинг турли соҳаларидан ва айрим ички аъзолардан чиқадиган, соматик текшириш усуллари билан сабабини аниқлаб бўлмайдиган ҳар хил ноҳуш сезгилар. Булар худди куйиш, босим, тирнаш, қўйилиш каби сезилади. Сенестопатияларнинг юзага чиқишини Л. А. Орбели экстрарецепторларни созлаш ва босиб турувчи таъсири натижасида интрарецептив системанинг тормозланиши билан тушунтиради.
Идрок этишнинг бузилишлари бугунги кунда қўйидагича таснифланади:
-
Галлюцинациялар.
-
Иллюзиялар.
-
Психосенсор бузилишлар.
Галлюцинациялар деб, реал мавжуд бўлмаган объектларни идрок этишга айтилади.
Галлюцинациялар объектив борликдан ташқарида шаклланувчи ва ўз-ўзидан пайдо бўлувчи объектив мавжудлик хусусиятини олган тасаввурлардир.
Галлюцинациялар инсон онгида бирорта тасаввурнинг доминантлиги натижасида келиб чиқувчи ҳақиқий таъсиротнинг сохта ички образга айланиши туфайли юзага келади. Шунинг учун галлюцинациялар ўз-ўзидан келиб чиқувчи, хиссийлик касб этувчи реал борлиққа кўчирилган ва шу туфайли хақиқийлик объектив мавжудлик хусусиятини олган тасаввурлар деб ҳисобланади. Гольдштейн фикрича, галлюцинациялар аввал идрок этилган нарсаларни шу идрокка боғлиқ бўлган янги ташқи таъсирларсиз ҳиссий равишда бошдан кечиришдир. Сезги органларига қараб, кўриш, эшитиш, хид ва таъм билиш, умумий сезги галлюцинациялари фарқланади.
Физиологик нуктаи назардан галлюцинациялар бош мия пўстлоғида инерт қўзғалишларининг патологик ўчоқлари хосил бўлиши натижасида юзага келади. Пўстлоқ хужайралари шундай куч билан қўзғаладики, улар реал таъсирловчи қўзғалишларга мос келади. Ташқи ва ички агентлардан таъсирлар қабул қиладиган хужайралардаги инерт қўзғалишлар ўчоғи концентрацияси кўрув, тактил, висцерал галлюцинациялар юзага чиқишига ёрдам беради.
В. А. Гиляровский электроэнцефалографик текширувларга асосланиб галлюцинация ҳосил бўлишида иштирок этувчи инерт қўзғалиш ўчоклари бош мия пўстлоғининг умумий тормозланиши фонида юзага чиқади, деган хулосага келган.
Олий нерв фаолиятининг бузилишида галлюцинациялар ва бошқа руҳий бузилиш белгилари, бош мияда модда алмашинувининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Галлюцинациялар галюциногенлар (кўпинча адренохром ва буфотенил таъсирларида) хосил бўлади. Бу моддалар бош мияда икки хил шароитда хосил бўлади деган фикрлар бор:
-
адреналиннинг парчаланиши.
-
серотониннинг парчаланиши.
Кўриш галлюцинациялари. Энг оддий кўриш галлюцинациялари — фотопсиялардир, бунда беморнинг кўзига шаклсиз, ноаниқ нарсалар кўринади — олов, тутун, туман.
Галлюцинатор образлар жуда катта (макропсия) ёки жуда кичик (микропсия) бўлиб кўриниши мумкин.
Галлюцинациялар рангли ёки рангсиз, баъзида бир рангли бўлади. Саҳнасимон галлюцинациялар беморга кўринаётган нарсалар, воқеа-ҳодисалар саҳнада ва кино экранида кўринаётганидек туюлади. Экстракомпил галлюцинацияларда образлар беморнинг кўриш майдонидан ташқарида, ёнида, орқасида пайдо бўлиши мумкин.
Эшитиш галлюцинациялари. Жаранг, бонг, ўқ овози ва шунга ўхшашлар киради. Эшитиш галлюцинациялари интенсивлигига қараб секин баланд, гаранг қилувчи бўлиши мумкин. Улар тепадан, пастдан, у ёки бу томондан, баъзи ҳолатларда узоқдан, баъзида эса яқиндан эшитилади.
Вербал галлюцинациялар фарқсиз, тахдид солувчи, жаҳлдор бўлиши мумкин. Овоз доимо бир хил, баъзида битта сўзни такрорлаши, исми ва отасининг исмини айтиши, баъзида узундан-узун монолог, баъзи холларда эса диалог эшитилиши мумкин, кўп овозлар олдинги қилинган ишлар ҳақида мунозара бўлиши мумкин. Товушлар таниш, нотаниш, аёл, эркак товуши, ёш болалар овози бўлиши мумкин. Бундан ташқари, шархловчи ва императив галлюцинациялар бўлиши мумкин. Шархловчи галлюцинацияларда товуш ёки бир неча товушлар беморнинг ҳар бир қилган ишини шархлайди ва ўз фикрини билдиради.
Императив галлюцинацияларда товуш беморга у ёки бу ҳаракатни бажаришни буюради, баъзан бу ҳаракат бемор ёки унинг атрофидагиларга зарарли бўлиши мумкин. Товушлар ҳаракат вақтида поезддан сакраш, бировни баланд бинодан ташлаб юборишни, ўлдиришни буюриши мумкин. Ҳид, таъм билиш галлюцинациялари одатда иккиламчи бўлиб, васваса ғоялар асосида келиб чиқади ва мустақил равишда камдан-кам учрайди.
Ҳид билиш галлюцинацияларида бемор ҳар хил тутун, чирик хидлар сезади, камдан-кам ҳолларда хушбуй ҳид келади.
Таъм билиш галлюцинациялари тановул қилинаётган овқатга тўғри келмайдиган таъм сезиш билан тавсифланади.
Тактил галлюцинацияларда бемор терисида турли хашаротларнинг юрганини, терида ёки тери остида турли бегона нарсаларнинг мавжудлигини хис қилади.
Висцерал галлюцинацияларда бемор тана бўшлиқларида, кўпинча қоринда бегона нарсалар мавжудлигини хис қилади. Висцерал ва тактил галлюцинацияларни сенестопатиядан фарқлаш лозим. Аввало сенестопатиялар предметсиз оғир хислардир.
Псевдогаллюцинациялар (сохта галлюцинациялар) — булар ҳам чин галлюцинациялардай ихтиёрсиз вужудга келадиган кўринишлар, товушлар, хидлар ва бошқалардир. Уларнинг чин галлюцинациялардан фарқи беморлар овозлар, образлар ҳақида айниқса кўп гапирадилар. Бемор уларни реал борлик билан тенглаштирмайди, борликдан ташқарида қабул қилади ва улар ясама хусусиятга эга бўлиб, кимлар томонидандир «солиб қўйилгандек» бўлади. Сохта галлюцинациялар чин галлюцинациялар сингари сезиш аъзолари бўйича бўлинади.
Кўриш сохта галлюцинациялари - атайлаб кўрсатиладиган кўринишлар, тасвирлардир. Улар шаклсиз ёки аниқ шаклли, рангсиз ёки рангли, бир ёки бир неча шахсли сахналаштирилган кўринишларга ўхшаш бўлади. Уларнинг мазмуни қўрқинчли, хакоратли, эротик ва шунга ўхшаш бўлиб, баъзан улар беморга тегишли бўлмайди ва бемор уларга бефарқ бўлади. Кўриш сохта галлюцинациялари беморнинг хуши сақланган холда пайдо бўлади.
Эшитиш сохта галлюцинациялари - "қилинган", ички, хаёлий товушлардир. Товушлар кимсасиз, эркак ёки аёлники, таниш ёки нотаниш бўлиши мумкин. Мазмуни хам турлича: дўқ-пўписа, буйруқ, маслахат ва шунга ўхшаш бўлади.
Сезги, висцерал, таъм, хид билиш сохта галлюцинациялари - шу тарздаги чин галлюцинациялардан фарқ қилиб, бу хилдаги галлюцинацияларга атайин "қилинганлик" туйгуси хосдир: "қилинган" хидлар, таъм (таъм ўзгариши, қорин бўшлиғига тушиб қолган жисмлар).
Фикр харакати галлюцинациялари.
Бемор ўз хохишидан ташқари ташқи таъсир натижасида қилинган харакатни сезади. Баъзида тил харакати билан сўзларни айтиши кузатилади.
Функционал галлюцинациялар - ўткир интоксикацион психозлар ва ўткир бошланувчи шизофрениянинг бошлангич симптомлари хисобланади. Функционал галлюцинациялар реал қитиқловчи манба асосида пайдо бўлади ва шу реал китикловчи манба йўқолгунча сақланади. Иллюзиядан фарқи функционал галлюцинациялар реал (объект) манба қўшилмайди, реал манба билан биргаликда пайдо бўлади. Масалан: автомашина моторининг шовкини асосида бемор овоз эшитади, беморни қўрқитувчи автомашина юриб кетиб шовқинни эшитилмай қолиши билан бир вақтнинг ўзида галлюцинация хам йўқолади.
Гипногагик галлюцинация — бу галлюцинациялар беморда ухлашдан олдин кўзлар юмилган ҳолда қоронғи кўриш майдонида кўринади, ҳар хил буюмлар, одам танасининг бир хил қисмлари ва фантастик кўринишлардан иборат бўлади. Бу кўринишлар реал объект билан боғлиқ бўлмайди, псевдогаллюцинацияларга яқин бўлади.
Гипнопомпик галлюцинациялар - гипногагик галлюцинациялардан фарқи уйқудан уйғониш пайтида пайдо бўлади. Гипногагик ва гипнопомпик галлюцинациялар хар хиллиги билан ажралади. Бир ҳолатда предметлар, хайвонлар, одамларни фантастик образларни кўради (кўриш гипногагик ёки эшитиш, хид билиш, тактил гипнопампик галлюцинациялар), бошқа ҳолатда товуш пайдо бўлиши (эшитиш гипногагик ёки гипнопампик галлюцинациялар хар хил хидларни сезиш), хид билиш гипногагик ёки гипнопампик галлюцинациялари (бегона қўлларнинг тананинг хар хил қисмида таъсири -тактил гипногагик ёки гипнопампик галлюцинациялар).
Булар соғлом одамда чарчаганида пайдо бўлиши мумкин. Гипногагик ва гипнопампик галлюцинациялар баъзи холларда интоксикацион ва инфекцион психозларнинг бошланғич даври бўлиши мумкинлигига қарамасдан, беморда психотик ҳолат деб бахолашга асос бўлолмайди.
Сингдирувчи галлюцинациялар - улар галлюцинатор тайёрланиш ҳолатида юзага келади.Кўпрок учрайдиган турлари қуйидагилар:
Липман симптоми - бемор уйғоқ вақтида кўзлари беқилган ҳолатда кўз олмасига босим таъсирида кўриш галлюцинациялари пайдо бўлиши мумкин.
Рейхард симптоми - бемор тоза коғозда чизилган расмни кўради ёки йўқ текстни ўқийди.
Ашаффенбург симптоми - бемор ўчирилган телефон орқали гапириши мумкин.
Баъзи холларда беморлар галлюцинатор ташвишларини яширади. Бу холда галлюцинацияларнинг объектив белгилари врачга ёрдам беради. Масалан: бемор эшитиш галлюцинацияси билан товушга қулоқ солади, товушга жавоб беради ёки ёмон, нохуш товушни эшитмаслик мақсадида қулоғини пахта, қоғоз, пластилин, лой билан бекитади.
Хид билиш галлюцинациясида бемор бурнини қўли билан бекитади. Кўриш галлюцинацияларида кўзи билан йўқ предметни кузатади ёки кўзини бекитади. Оғиз ютиниш галлюцинацияларида оғиз бўшлиғидан номаълум жисмни хар доим йўқ нарсани олиб ташлайди (ип, соч ва х), оғзини сув билан чайкайди, доим тупуради, тилини чиқаради, тилидан йўқ предметни олади.
ИЛЛЮЗИЯЛАР
Бу реал мавжуд объектни нотўғри, бузуқ холда идрок этиш. Идрок этилаётган нарса, воқеа ходисаларнинг мавжудлиги билан иллюзиялар галлюцинациялардан фарқ қилади. Худди галлюцинациялар каби иллюзиялар ҳам сезги аъзолари бўйича эшитиш, кўриш, сезги, хид ва таъм билиш иллюзияларига бўлинади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, иллюзиялар меъёрда ҳам учраб туради. Бунга жисмий иллюзиялар мисол бўлади. Стакандаги чойга солинган қошиқ худди сингандек кўринади. Буни эса оптик конун бунича тушунтириб бериш мумкин.
Руҳий касалликларда аффектив, вербал, парейдолик иллюзиялар учраб туради.
Аффектив иллюзиялар қўрқув, хавотирга, тушкунликка тушган беморларда учрайди. Бунда осиғлик турган кийим бекиниб олган қотилга ўхшаб кўринади. Ошхонада эшитилаётган идиш-товоқлар жаранги беморни ўлдириш учун тайёрланаётган қурол овози бўлиб эшитилади.
Вербал иллюзияларда атрофдаги одамлар суҳбатининг маъноси бузуқ мазмунда идрок этилади. Бу иллюзиялар қаттиқ қўрқув, вахима ҳолатида ҳар нарсага шубха билан қарайдиган беморларда учрайди. Бунда атрофдагиларнинг беморга тегишли бўлмаган сухбатларида беморга фитна, ғийбатлар эшитилиши мумкин.
Парейдолик иллюзиялар аффектнинг туб ўзгаришисиз, руҳий фаолият пасайган ҳолатларида учрайди. Мазмуни бўйича фантастик ва тасвирий қиёфали бўлади. Девордаги, гиламдаги нақшлар, девор ёриқлари беморнинг кўзига ғаройиб, қўрқинчли мавжудотлар, бахайбат бинолар бўлиб куриниши мумкин. Иллюзиялар турли касалликларда, кўпинча интоксикацион психозларда учрайди.
ПСИХОСЕНСОР БУЗИЛИШЛАР
Психосенсор бузилишларга метаморфопсиялар, тана тузилишининг бузилишлари, деперсонализация ва дереализация киради. Психосенсор бузилишлар ёки функционал галлюцинациялар фақат ташқи реал таъсир натижасида юзага келади ва унга қўшилмаган холда таъсир тугагунча давом этади.
Метаморфопсиялар. Идрок қилинаётган нарса ва макон катталиги ёки тузилишининг бузилиши. Бунда беморга уни ўраб олган нарсалар кичик бўлиб кўринади (микропсия), баъзан эса катталашиб улкан ўлчамга етади (макропсия). Шунингдек дисмегалопсияга предметларни узунлашган, кенгайган, айлана ҳолда қабул қилиш киради. Одатда дисмегалопсия ҳолатида маконни идрок этиш ҳам ўзгаради. Макон қисқа, предметлар яқинда, ва аксинча, макон узунлашиб, предметлар узоқлашиб кетгандек туюлади (паропсия).
Бу ҳолатнинг галлюцинациялардан фарқи шундаки, бунда реал мавжуд бўлган предметлар ўзгарган ҳолда акс эттирилади. Галлюцинацияларда эса йўқ нарсалар идрок этилади.
Тана тузилишининг бузилишлари. Ўз танасининг тузилиши ва катталигини сезишнинг бузилиши ҳолатида беморда ўз танасининг катталашиб ёки кичиклашиб, оғирлашиб ёки енгиллашиб кетгани ҳақида тасаввурлар пайдо бўлса, парциал (қисман) бузилиш ҳолатида тананинг айрим қисмлари ўзгаргандек сезилади, яъни беморга оёқлари ёки қўллари катталашиб ёки кичиклашиб ёки қўллари катталашиб ёки кичиклашиб кетгандек туюлади. Кўпинча тана тузилишининг бузилгандек туюлиши метаморфопсиялар билан биргаликда важудга келади.
Деперсонализация–ўз шахсини идрок этишнинг бузилиши, шахс барча руҳий хусусиятларининг бегоналашуви. Бунда беморларга фикр-ҳаёллари, тафаккури ўзгаргандек аввалгидан бошқача бўлиб қолгандек туюлади. Беморлар ўзларини ўзгариб қолганликлари, бошқа одам бўлиб қолганиқлари ҳақида гапирадилар. Деперсонализацияда бемор ўз хисларини йўқотганини, қувонч, ташвиш, оғриқ сезмаётганини, иштаҳаси, уйқуси йўқлигидан шикоят қилади. Баъзи ҳолларда шахснинг парчаланиши, иккиланиш ҳисси ҳам кузатилади.
Дереализация-ўраб турган борлиқни буюмлар шакли, оралик масофа ва вақтга нисбатдан идрок этишнинг бузилиши. Бу ҳолатда беморга олам ўзгариб қолгандек узоқлашгандек туюлади, атроф ноаниқ, тушунарсиз, парда билан ўраландек кўринади, атрофдаги мавжудотнинг хақиқийлигига шуҳба туғилади. Баъзида беморга ўзи яшаб турган атрофдаги одамлар бегонадек кўринади ёки аксинча, бегона жой, бегона одамлар худи танишдек авваллари ҳам кўргандек туюлади.Дереализация депрессив ҳолатларда ва шизофренияда, эпилепсияда кузатилади .
6-БОБ.
ХОТИРА ВА УНИНГ БУЗИЛИШИ
Хотира — бу бизнинг онгимиздаги хаётий тажриба, билим ва воқеликларимизнинг акс этиши, қисқа ва узоқ вақт сақланишидир.
Хотира руҳий ҳолатнинг асосий ва мураккаб қисмини ташкил этади. Маълумки, одам туғилган соатидан то сўнгги нафасигача доимий ташқи мухитнинг таъсирида бўлади. Кузатишлардан олинган, ўқилган ва эшитилган маълумотлар ёки киши шохид бўлган хар хил ходисалар одамнинг онгида маълумот сифатида сақланиб қолади. Шу сақланиб қолган маълумотларнинг хаммаси хотира деб аталади.
Хотира шартли равишда уч қисмга бўлинади:
1.Эслаб қолиш (фиксация).
2.Уларни узоқ муддат ичида сақлаш (ретенция) қобилияти ва
3.Қайтадан эслаш, ёдга олиш (репродукция).
Хотиранинг бу хусусиятлари вақтга боғлиқ бўлади, яъни таассуротларни ёдлаб олиш, сақлаб қолиш ва уларни зарур вақтида кайтадан тиклаш жараёнлари маълум бир тартибда вақтга нисбатан кетма-кетлик билан ва мантиқ қоидаларига амал этилган холда кечади. Хотиранинг яна бир бошқа сифати шундан иборатки, инсон хаёти учун зарур бўлмаган маълумотлар қисқа муддат ичида (баъзан тез кунда, баъзан секин-аста) эсдан чикарилади. Аммо бу маълумотлар хотирадан учмаган холда кишилар онгининг тубида сақланиб туради.
Хотирада сақлаш инсоннинг эсдаги таассуротларини қайта айта олиш қобилияти (репродукцияси)га боғлиқ бўлади. Эсдаги таассуротларни айта олиш қобилияти (репродукция) 2 хил бўлади.
-
бевосита — тўғри:
-
билвосита— логик (мантиқан).
Тўғри репродукция яна такрорланаётган факт ва кўринишларни билиш билан боғлиқ масалан, қачонлардир кўрган тасвир ва қиёфаларни эслаш.
Логик репродукция қандайдир бир фактни эслаш асосида ётувчи ҳар хил ассоциатив боғланишларни татбиқ қилишдан иборат. Бу факт шу кўринишга нотўғри муносабатда бўлади. Шyндай қилиб, «имтиҳон» деган сўз инсонда ўқиш фаолияти билан боғлиқ бўлган кўп ассоциацияларни чақириши мумкин.
Хотирага боғлиқ бўлган хамма хусусиятлар болалар туғилиб нутқи ривож топганидан бошлаб то ўсмирлик (12-14 ёшлар) даврига яхши ривожланиб боради.
Сўнгра унга нисбатан секинрок бўлса хам унинг ривожи 22-25 ёшларгача давом этади.Одам бу ёшда хар томонлама камол топади. 45-50 ёшдан бошлаб хотира руҳий соғлом кишиларда хам аста-секин пасаяди.
Шахснинг ёлғиз ўзига хос хусусиятлари унинг тарбияси ва бошқа омилларга қараб,хотирани кўрув, эшитув, харакат ёки аралаш турларга ажратиш мумкин. Кейинги пайтларда хотирани қисқа муддатли (оператив) ва узоқ муддатли (долгосрочний) турлари устида хам мулохазалар юритилаяпти.
1) қисқа вақтли хотира (бунда хотирада ташқи таъсиротларнинг излари товуш манбалари содир бўлгунча туради, сўнгра учиб кетади).
2) узоқ вақтли хотира (ахборот узоқ вақт сақланади)
- инсонларда билимлар, тажрибалар, ихтиролар манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ундан ташқари, хотирани тақлид қилиш (механик) ва мантикий (логик) туркумларга хам бўладилар. Механик тури кўпрок ёш болалик даврига тўғри келиши керак. Чунки сўз ва гапнинг мазмунини тушунмасдан туриб болалар тақлид этиш қобилиятига асосланиб хотирани ривожлантиришлари мумкин. Бундай аломатлар туғма ақли норасолиги бўлган беморларда хам узоқ вақтгача кузатилиши мумкин.
Маьлумотларни ўзлаштириш ва умуман хотиранинг сифатлари уларнинг қизиқарли бўлишига боғлиқ, мустахкамлиги эса машққа ва қайтадан эслаб туришга боғлиқ. Хотиранинг сифати одамнинг тарбия топаётган мухитига, оиланинг маданияти-савиясига, одамларнинг кайфиятига, касбига, соғлиғига ва бошқа омилларга хам боғлиқдир.
Хотиранинг бузилиши натижасида уч туркум аломатлар кузатилади:
1.Дисмнестик.
2.Амнестик.
3.Парамнестик ҳолатлар.
Хотиранинг бузилиши натижасида кузатиладиган хар хил белги ва аломатлари қуйидаги 2-жадвалда келтирилган.
2-жадвал
Дисмнестик тури
|
Амнестик тури
|
Парамнестик тури
|
1.Пасайиши (ги-
поамнезия
2.Ўткирланиши
(гиперамнезия)
|
Ретроград
антероград
Фиксацион
прогрессив
кечиккан
нотўлиқ (чекланган)
Тўлиқ
|
1.Конфабуляция
а)алмашиниш (заместительная)
б)фантастик
2.Криптоамнестик
а)ассоциатив
б)диссоциатив
3.экмнестик
|
Корсаков психози
|
Корсаков синдроми
|
Полиневрит
Антероретроград амнезия
фиксацион амнезия
Конфабуляция
(псевдореминесценция)
Дезориентировка (фиксацион амнезия натижасида)
|
полиневритдан бошқа
хамма белгилари
кузатилади
|
ДИСМНЕЗИЯ деб, хотира пасайишининг қўйидаги турларига айтилади — эсда сақлаш қобилиятининг пасайиши, қабул қилиш ва татбиқ этиш қобилиятинииг пасайиши. Хотиранинг пасайиши руҳий касалликларнинг кўп турларида кузатилади. Хотира бузилишининг эрта кўриниши — бу танлаш репродукциясининг пасайишидир, яъни хотирадаги маълум бир вақтда керак бўлган маълумотни эсга келтиришнинг қийинлашувидир. Бунда бирор ном ва атамаларнинг асл маъносини, яъни хотирадаги индивидуал, дифференциал маълумотлари татбиқ қилишнинг қийинлашуви кузатилди.
Дисмнестик бузилиш турларида хотиранинг сусайиш ёки кучайиш белгилари учрайди. Хотиранинг пасайиш ҳолатларида маьлумотларни ўзлаштириш, сақлаб қолиш ва ёддан билиш қобилиятлари алохида-алохида ёки уларнинг хаммаси ялписига сусайиши мумкин. Бундай ҳолатлар ўта ақли заифлик синдромларининг хамма турларида учрайди. Факат шизофрения таркибида учрайдиган ақли заифлик бундан мустасно.
Хотиранинг кучайиш ҳолатлари баьзи бир беморларда кузатилиб, кўпрок одам онгидаги аниқ ва туйғу-хислатларга ўта боғланган маьлумотлар ёдга тушади. Мисол учун бу ҳол маниакал хамда паранойял синдромлари таркибида кузатилади. Баьзан интоксикацион ёки инфекцион касаллик натижасида кузатиладиган делирий ҳолатида хам бутунлай эсдан чикиб кетган воқеалар ёдга тушиши мумкин.
АМНЕЗИЯ. Амнезия—хотиранинг йўқолиши.
Амнезия-хотирада сақланиши керак бўлган ходисаларнинг эсдан чикиб қолиши натижасида беморларнинг онгида ''оқ доғлар''(бўшлиқлар) пайдо бўлади. Улар асосий хусусиятларига қараб ретроград, антероград, антероретроград, фиксацион, прогрессив, кечиккан, тўла ва чекланган турларга бўлинади.
Жиддий хасталикларнинг бошланиши билан кузатиладиган онгнинг бузилишигача дастлабки даврда беморлар хали хушини йўқотмасдан олдин ўз бошидан кечирган воқеаларнинг маьлум муддат ичидагисини (бир неча минутлар ёки соатлар) хотирадан тушириб қолдирадилар. Бу белги, яьни хотиранинг бузилиши ретроград амнезия деб аталади. Демак, ретроград амнезияда касаллар онгининг бузилишигача бўлган воқеалар, ходисаларнинг хаммаси уларнинг эсидан чиқиб қолади. Бундай ходисалар минутлар, соатлар ёки бир неча кунлар ичида юз берган бўлиши мумкин.
Антероград амнезия — бу беморнинг хушсизлик ҳолатидан кейинги ёки бирор руҳий бузилишлардан кейинги воқеаларни эслай олмаслигидир. Бундай эслай олмаслик ретроград амнезиядек соатлаб давом этиши мумкин. Баъзи холларда бир неча кун ва ҳафталарга чўзилиши мумкин. Бу вақт ичида бўлган воқеалар бемор хотирасидан изсиз йўқолади.
Антероград амнезияда - беморларда онгнинг бузилишидан ёки бошқа бир ўткир психоз ҳолатлардан чиқиб, хуши тиклангандан кейин бўлиб ўтган ходисалар эслаб қолинмайди. Бу ҳолат бир неча минут ёки бир неча соатлар давом этиши мумкин. Қизиғи шундаки, касаллардаги бу ҳолатнинг давом этишига қарамасдан улар шу даврда хатти-харакатлари тўғри бўлади, эс-хушлари бутун бўлиб, атрофдагилар билан мантиқли муомалада бўладилар. Шу билан бирга ўткир касаллик ҳолатидан тузалганларидан сўнг шу давр ичида бўлиб ўтган ходисаларнинг хаммаси хотирадан унутилади.
Антероретроград амнезия—бу ретроград ва антероград амнезияларнинг биргаликда кузатилишидир.Антероретроград амнезия -факат онгнинг бузилиш давригача эмас, ундан кейинги бўлиб ўтган хамма воқеалар беморларнинг эсида сақланмайди. Амнезиянинг бундай турлари интоксикацион, инфекцион психозларда ва онг бузилишининг хар хил турлари намоён бўладиган экзогеник ва органик касалликларда учрайди.
Фиксацион амнезия - хозирги вақтдаги воқеаларни хотирада сақлаш ва эслашнинг йўқолиши. Фиксацион амнезия Корсаков синдромининг асосий белгиси хисобланади. Бу беморларда эслаш қобилияти йўқолиши натижасида вақтни ва атрофдаги одамларни нотўғри англайдилар (дезориентировка). Улар ўзини даволовчи врачини, эрталабки нонуштасини эсламайдилар. Бир киши билан бир кунда бир неча маротаба нотаниш одамни кўргандек саломлашиши мумкин.
Фиксацион амнезияда кундалик воқеаларни, таассуротларни кўрган ва кечирган маьлумотларнинг хеч қайси бири эсда сақланиб қолмайди. Кишиларнинг қиёфасини, исмларини, шу билан бирга вақтга ва турган жойларига бўлган хотиралар ҳам сақланмайди.
Беморлар шифохонадаги ходимларнинг ёки ўзлари ётган хонадаги касалларнинг исмларини эсларидан чиқариб қўядилар. Улар билан қисқа муддат ичида бир неча марта кўришганларига қарамасдан хар сафар биринчи марта кўришган кишидек қуюқ саломлашишади ва бир неча марта номларини айтилганига қарамасдан хар сафар исми-шарифларини эсда сақлаб туролмайдилар.
Кундалик таассуротлар ёдда сақланмагани учун улар атроф мухитга, борликка ва вақтга бўлган хушёрлик-аниқлик (мўлжал) тўлиқ равишда йўқолади. Шунинг учун кишилар билан хар сафар кўришганларида худди хозир-бугун биринчи маротаба учрашиб саломлашибгина қолмасдан, шифохонага қачон келганларини хам эсдан чиқариб юборишади.Узоқ муддат ичида даволаниб турган касалдан қачон бу ерга келдингиз деб сўрашса- "Мен кеча ёки илгари куни келдим" деб жавоб беради. Бўлимнинг ичида юриб бир неча ой даволанганларига қарамай, ўзларининг палаталарини қидириб топиша олмайди,адашиб юришади.
Фиксацион амнезия Корсаков психози номи билан юритиладиган синдромларда кузатилади ва уларнинг асосий белгиларидан бири хисобланади. Бундай ҳолат шизофрения билан маниакал-депрессив психозлардан ташқари, кўпчилик экзоген ва органик хасталикларда учраши мумкин.
Прогрессивланувчи(ривожланиб борувчи) амнезияда эслаб қолиш қобилияти йўқолиши билан бир вақтда хотира бойлиги секин-аста камайиб боради, хотирадаги бор захира шу даражагача қашшоқлашадики, бундай беморлар ўзларини кўзгуга қараб кимлигини эслай олмайдилар. Ўзларини худди болалик ёки ўсмирлик даврда юргандек хис этадилар. Бу ҳолат экмнезия деб хам аталади - "ўтмишдаги хаёт" - бу белги парамнестик бузилишлар натижасида юзага келадиган аломатлар қаторида кўрилади. Бунда бемор биринчи навбатда яқин орада бўлган воқеаларни эсдан чиқаради. Кейинчалик аста секин ўтмишдаги воқеалар ҳам эсдан чиқади.
Бу ҳолатда аввал биринчи навбатда хотирадаги янги, кeйинги вақтда олдинги йилларда ўзлаштирилган воқеалар йўқолади (ўчади). Ёшликда, ундан кейинги йилларда ўзлаштирилган ва доимий қайтариб турилган маълумотлар хотирада узоқ вақт сақланиб туради. Янги қабул қилинган, аммо қимматли воқеалар тез эсдан чиқиб қолади. Беморларда хотиранинг шу тартибда ўзгаришини Рибо ( француз олими) қонуни деб юритилади.
Шуни хам эсда тутиш лозимки, характ ва хулк-атвор орқали олинган таассуротлар, одат, хотира, ўзини тутиш билан боғлиқ хатти-харакатлар касалликнинг оғирлигига ва жиддийлигига қарамасдан узоқ вақт сақланиб қолади. Улар кишилар хаётида тез-тез қайтарилади, шунинг учун хам хотиранинг захирасида мустахкам ўрин эгаллайди.Кўп татбиқ қилинган маълумотлар мухим баркарор табиатга эга бўлади.
Юқорида эслатиб ўтилгандек, амнезияларнинг тўлиқ, нотўлиқ хамда кечиққан турлари бўлади. Тўлиқ хилида касаллик вақтидаги объектив ва беморда кузатилган хар хил патологик кечинмаларни бемор хуши ўзига қайтгандан сўнг эслай олмайди, уларнинг хаммаси унинг бутунлай эсидан чиқади. Бундай белги айрим бир-бирига ўхшаш онгнинг бузилиши синдромларини фарқлаш учун зарурдир. Амнезиянинг тўлиқ тури сумерик хамда амнестик синдромларга хосдир. Амнезиянинг нотўлиқ хилида касалнинг бошидан ўтказган кечинмалари хамда ташқи мухитдан олинган таассуротларининг бир қисми уларнинг хотираларида сақланиб қолади ва хушларига келганларидан сўнг, ўшаларни эслаб гапириб беришади.
Амнезиянинг нотўлиқ тури делирий ва онейроид синдромларида кузатилади.
Беморлар делирий ҳолатидан чиққандан сўнг, атроф-мухитга доир таассуротлар билан патологик кечинмалар тўғрисидаги маълумотларни эслаб гапиради, аммо улар " узуқ-юлуқ" холда, яъни нотўлиқ маълумотлардан иборат бўлади. Онейроиддан чиққан касаллар атроф-мухитга тегишли хотираларни бутунлай эсдан чиқариб юборадилар. Лекин улар субъектив дунёсидаги кузатилган хаёлий воқеаларни ва ходисаларни тўла ва муфассал гапириб берадилар.
Достарыңызбен бөлісу: |