Об руҳий касалликларнинг этиологияси ва патогенези



бет3/26
Дата21.06.2016
өлшемі1.93 Mb.
#152122
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26

ПАРАМНЕЗИЯ — бу сохта хотира бўлиб, унинг уч тури тафовут қилинади: Парамнестик хотиранинг бузилишига конфабуляция криптоамнезия ва юқорида қайд этилган экмнезиялар киради. Буларнинг хаммасини сохталаштирилган хотира деса хам бўлади.

1) конфабуляция — бу хотиранинг шундай бузилиш шаклики, бунда хотирадаги ахборотнинг унутилган жойи уйдирма ва фантастик воқеалар билан тўлдирилади;

2) псевдореминисценциялар—бунда бемор хотирадаги ахборотнинг унутилган жойини олдин бўлиб ўтган воқеалар билан тўлдиради. Масалан, бир неча кундан бери даволанаётган бемор кеча Москвага бориб келдим деб айтади. Хақиқатда эса у Москвага бошқа вақт бориб келган.

3) Криптомнезия—хотирада унутилган ходисалар ўрнини беморлар кинода кўрган, китобда ўқиган, бировдан эшитган, тушида кўрган воқеалар билан тўлдирадилар. Бунда хақиқатда бўлган воқеалар билан тушида кўрган, китобда ўқиган воқеалар орасидаги фарқ йўқолади ва аралашиб кетади.

Хотира бузилиши бош мия пўстлоғининг қўзғалиш функциясининг сусайиши натижасида келиб чиқади.

Конфабуляциялар икки хил турда учрайди.

Биринчиси- одатий, яъни фиксацион амнезия натижасида пайдо бўладиган хотирадаги бўшлиқни хақиқий бўлиб ўтган ёки бўлиши мумкин бўлмаган ходисалар билан тўлдирилган ҳолатдир. Узоқ вақт ичида шифохонада даволанётган бемор, масалан, куни кеча сафардан келгани, у ерда бўлган воқеалар, ўзининг танишларини кўргани, баъзи бир идораларга кириб хизматга зарур топшириқларни бажарганини айтади. Конфабуляциянинг бу турини псевдореминесценция хам деб аташади. Бу ҳолат фиксацион амнезия ва бошқа аломатлар билан Корсаков психозида ва унинг номи билан аталадиган синдромлар таркибида хам кузатилади.

Конфабуляциянинг хаёлий-фантастик тури хам учраб туради. Беморлар уларнинг иштирокида қизиқ, ғалати ва улуғвор ходисалар бўлганини, катта мансабли амалдорлар билан сухбатлашгани ёки уларнинг севганларидан гох қимматли совғалар олганини, антиқа масалалар устида ихтиро этганини ишонч билан тасдиқлайдилар. Бу ҳолат парафрения синдроми билан оғриган беморларда кузатилади. Фантастик конфабуляцияни конфабулятор чалкашлик (спутанность)дан ажратиш лозим. Касалларнинг гапида мантиқан ва грамматик боғланиш йўқолади, атрофдагиларни ўзининг яқин кишиларидек қабул қилади, ўзини шифохонада эмас, бошқа жойда ёки қамоқда деб хисоблайди. Даволовчи врачни гох, қариндошим, гох касбдошим бўлса керак деб тушунади (симптом полижительного двойника-нотаниш кишиларни танишдек қабул қилиш). Уларнинг назарида ташқи мухит ва атрофдаги кишилар доим ўзгариб хар хил қиёфада ва мазмунда туюлаверадилар. Уларнинг назарида ташқи мухит ва атрофдаги кишилар доим ўзгариб хар хил қиёфада ва мазмунда туюлаверадилар.

Баъзан бегона шахсларни ўзларининг қариндошларидек қабул қиладилар ( симптом отрицательного двойника).



Криптомнезия -касалларда ўзидаги бор маълумот билан ўзгага тегишли ходисалар, воқеаларни ажратиш қобилиятининг бузилишидир. Касаллар ўзлари кўрган, ўқиган ва эшитган воқеаларни бегонадек бошқа кишиларга хос (менга тегишли эмас) деб тушунишади. Бу бегона хотира диссоциатив хотира (бегоналашган хотира) хисобланади. Аксинча, бошқа бир вақтда тушида кўрган, ўқилган ёки эшитилган, бошқа бировларга тегишли маълумотлар беморга худди ўзиникидан туюлади, бу ўзлаштирилган хотира (ассоциированное воспоминание) хисобланади. Бу ҳолатлар хотиранинг бузилиши билан таърифланадиган хамда ўткир васвасаларда учрайдиган синдромлар таркибида кузатилади.

Хотиранинг бузилиши натижасида кузатиладиган ва юқорида келтирилган руҳий касалликларнинг хар хил турларида учрайдиган аломатлардан ташқари, баъзи бир мураккаб белгиларда таркиб топган ҳолатлар хам бўлади. Шулардан энг мухими Корсаков синдромидир. Бу ҳолат юқорида келтирилганидек, узлуксиз кечадиган ичкиликбозлик натижасида келиб чиқади. Бу касаллик таркибида полиневрит белгиси билан қўшилиб, биринчи марта С.С.Корсаков томонидан полиневритик психоз номи билан юритилиб, илмий жихатдан асосланган эди. Кейинги изланишлар шуни кўрсатдики, бу ҳолат полиневрит белгисиз интоксикацион, инфекцион ва кенг миқёсдаги органик касалликларнинг хаммасида хам учраши мумкин экан. Бу синдромга қуйидаги аломатлар хосдир. Ретроантероград ва фиксацион амнезиялар, конфабуляция (псевдореминеценция), вақтга, маконга ва кишиларга бўлган муносабат сохталашади, бутунлай йўқолади (дезориентиовка во времени, места, лицах).

Жахон психиатрларининг анжуманида полиневритик психозни Корсаковнинг номи билан аталиши маъқул кўрилиб, сурункали ичкиликбозликда учрайдиган турлари эса Корсаков номи билан аталадиган бўлиб, Корсаков синдроми номини олди.

Корсаков синдроми (амнестик синдром):


  • хозирги вақтдаги хотиранинг бузилиши (фиксацион амнезия);

  • турган жойига дезориентировка;

  • конфабулятор бузилишлар йиғиндисидан иборат.

Корсаков синдроми алкоголизмда, бош мия жарохатларидан кейин, ўткир гипоксия (осиш, газ билан захарланиш) ҳолатларида учрайди.

Корсаков синдромли бемор демонстрацияси.

Бемор 30 ёшда авлодларида руҳий касалликни рад этади. Болалигида қизамиқ, ангина, грипп касалликлари ўтказган. Яхши ўсган, маълумоти 10-синф, яхши ўқиган. Феъли доим тинч, юмшоқ, уятчан, зийрак бўлган. Мактабни битиргандан кейин университетнинг кечки физ.мат бўлимида ўқиган ва омбор мудири бўлиб ишлаган. Ўқиш ва иш енгил берилган, қийинчилик сезмаган. Спиртли ичимликлар вақт-вақти билан истеъмол қилган. Кейинчалик алкоголга мойиллик, хохиш пайдо бўлган. Шу сабабли оилада жанжал бўлиб турган. Шундай кунларнинг бирида, маст ҳолатда оилавий жанжал сабабли ўз жонига қасд қилган, ипдан ечиб олинган. 2 кун реанимация бўлимида эс-хуши йўқ ҳолатда сақланган. Комадан чиққандан кейин, безовта бўлган, ўзини нотўғри тўтган, дезориентировка ҳолати кузатилган, ўзини нарсаларини қўшни кроватдан қидирган, атрофдаги одамларни билмаган, хар томонга югурмоқчи бўлган. Бу ҳолат бир неча соат давом этган. Уйқудан кейин эс-хуши узига келган, бўшашиб, бефарқ бўлиб қолган. Саволларга дарров жавоб беролмаган бўлиб, ўтган воқеани эслолмаган. Шу ҳолатда беморни руҳий касалхонага кўчирилган. Касалхонага келган куни беморнинг бўйнида странгуляцион тугун изи кўринган. Бемор кам қувват, кам харакат, мустақил хеч нарсага қизиқмаган. Ўзини бўлимдалигини билмайди, ўзини кроватини тополмайди, ёрдамга мухтож. Сухбат вақтида тезда холдан тояди. Саволларга бир неча марта қайтаргандан кейин жавоб беради. Ўзи хақида қисқа анамнестик маълумот беради, охирги вақтлардаги воқеалар вақтини адашади. Хотирасида қўпол бузилишлар аниқланади, асосан хозирги вақтда охирги 2 йиллик хаётидан хеч нарса айтолмайди. Қаердалигини ва атрофдаги одамларни билмайди. Хозирги кунни, ойни, йилни айтолмайди. Ўзини кроватини, даволовчи хакимини эслолмайди. Сухбат пайтида бир неча маротаба бир хил савол билан мурожаат қилади. Бир одам билан бир неча маротаба саломлашади. Баъзан хотирасидан йўқолган ходиса ўрнини, узоқ йиллик воқеалар билан тўлдиришга харакат қилади. Бир ойга якин касалхонага ётганига қарамай, бир неча кун олдин Киевдан келганини тасдиқлайди. Онаси касалхонага келмаган бўлса хам, хозир онаси билан сухбатлашганини айтади. Уйланганлиги 3 ойлик боласи борлиги, университетда ўқиши бутунлай хотирасидан йўқолган. Ҳатто қаерда ишлагани, қандай ишни бажарганини хам билмайди. Ўз жонига суиқасд қилганини хам эсламайди. Ўзини бемор хисобламайди. Баъзида жахлдор бўлиб, уйга жавоб беришини сўрайди, ишга кеч қолаётганини айтади. Лекин тезда тинчланади, хеч нарсага қизиқмайдиган, бефарқ бўлиб қолади. Кўп вақт тўшагида ётади, хеч ким билан гаплашмайди.

Психоорганик синдром (органик психосиндром).

Бу ҳолат Вальтер-Бюэль учлиги билан характерланади ёки ифодаланади:



  1. эслаш қобилиятининг пасайиши;

  2. ташқи ходисаларни тушунолмаслиги;

  3. аффектни тутиб туролмаслиги;




  1. Психоорганик синдром ҳолатида эслаш қобилияти хамма жихатдан ёдда сақлаш, ретенция (қабул қилинган ахборотларни хотирада сақлаб қолиш) ва репродукция (хотирада сақлаб қолган ахборотларни керакли пайтда эслаб олиш) у ёки бу даражада бузилади.

  2. Беморлар диққатининг хажми чекланиб, уларнинг атрофни аниқлаш қобилиятлари ёмонлашади. Аввалига беморлар турган жойни, атрофдаги воқеалар ва ходисаларни билиши қийинлашади. Агар уларнинг ҳолатлари оғирлашса, улар ўз шахсларида хам адашадилар. Беморнинг ақлий фаолияти хам бузилади: мухокама ва хулосалаш даражалари, беморнинг атрофни ва ўз шахсини тўғри талқин қилиш қобилияти пасаяди. Мураккаб вазиятларни тушуниб етиш имкони бутунлай йўқолади. Беморнинг фикрлаши ортиқча тафсилотларга бой бўлиб, фикрларнинг асосий мазмунини ажратиб ололмайди. Бемор нутқининг сўз бойлиги қашшоқлашади.

  3. Аффектив бузилишлар аффектни тутиб туролмаслиги кунгил бўшлиқнинг юқори даражаси билан ифодаланади. Кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши, арзимаган сабабга пасайиши ёки ошиб кетиши. Аффект беморнинг хатти харакатларини ўз таъсирига олади, бу бемор томонидан қонунни бузишларга олиб бориши мумкин.

Психоорганик синдром кетма-кет келувчи бир неча босқичларга ўтади. Психоорганик синдромнинг хар хил клиник турлари деб хам аталади.

Астеник тури - тез жисмоний ва руҳий чарчашлик, толиқиш, жахлдорлик гиперестезия каби белгилар, аффектни тутиб туролмаслиги кам намоён бўлади.

Эксплозив тури - бу ҳолат жахлдорлик, ўзини тута олмаслик, кўнгил бўшлик, дисмнестик бузилишларнинг енгил даражалари билан ифодаланади.

Эйфорик тури. Кайфият кўтарилишининг эйфория ҳолатигача бўлган ўзгаришлар кузатилади. Беморларда беғамлик, ўзини танқиднинг пасайиши, дисмнезия, интилишларнинг тўхтай олмаслиги учрайди. Бирдан пайдо бўладиган ғазаб аффекти тезда ожизликка, йиғлоқиликка айланиши хам кузатилади.

Апатик тури - қизиқиш доирасининг торайиши, атрофдаги ходисаларга бефарқлик, дисмнестик бузилишлар билан ифодаланади. Психоорганик синдром бош мия жарохатининг узоқ вақт ўтган даврида, қон томир ва бош миянинг бошқа органик касалликларида учрайди (инсульт, ўсма).

7-БОБ

ФИКРЛАШ ВА УНИНГ БУЗИЛИШИ

Фикрлаш — индивиднинг билиш фаолиятидаги мухим жараёни бўлиб, атрофдаги борликнинг инсон онгида акс этишининг олий шакли ҳисобланади. Хис қилиш, тасаввур, идрок қилиш, билиш жараёнининг бошланғич босқичидир. Предметларнинг хоссалари ҳақидаги билимларни умумлаштириш тушунчаси фикрлашнинг асоси бўлиб ҳисобланади.

Фикрлаш жараёни анализ (тахлил) ва синтез, таққослаш, солиштириш, кўз ўнгига келтириш ва аниқлаштириш, умумлаштириш, кейин эса тушунчанинг шаклланишига ўтиш босқичларидан ташкил топган. Фикрлаш­нинг моддий асоси — сўз ҳисобланади. Ҳар бир сўз маълум бир тушунчани билдиради: масалан, аниқ (стол) ёки хаёлий (босқич). Фикрлаш субстратининг ёпиқ ёки хаёлий тушунчалар билан мос келиши қуйидагича фарқланади, яъни аниқ — тасвирий фикрлаш, хаёлан — мантиқан фикрлаш. Охирги хусусият нутқи ривожланган, мураккаб тушунчани умумлаштира оладиган катта ёшдаги одамларга хосдир.

Фикрлашнинг таркибий хусусиятларидан бири — бу ассоциатив фаолиятдир. Ассоциатив жараён—тасаввурларнинг кечиши ва бир неча тасаввурлар орасидаги боғланишидир. Меъёрда бир ассоциацияга xoc бўлган ассоциациянинг жонланишига олиб келади (масалан, оқ-қора, иссиқ-совуқ). Булар ёрдамида бизнинг фикрларимиз узвий боғланиш ва мантиқли бўлади.

Фикрлашнинг физиологик асоси бўлиб бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг фаолияти ҳисобланади. Бу фаолият сигнал системаларининг ўзаро таъминланиши орқали юзага келишини Павлов ва унинг шогирдлари кўрсатиб берган эди.

Руҳий беморларда фикрлашнинг бузилиши турли-тумандир. Фикрлаш хасталиги қўйидаги кўринишларда бўлиши мумкин: ассоциацияларнинг кечиш сурьатининг бузилиши, баъзи фикрлар орасидаги боғланишнинг тартиб ва мақсадга йўналтириш жиҳатидан йўқолиши, ҳукм чикариш ва хулоса қилиш хусусиятларининг бузилиши.



Фикрлашнинг тезлик жиҳатидан бузил иши

Фикрлашнинг тезлашиши кўп сонли фикрлар кечишининг тезлашиб кетиши, баъзан эса фикрларнинг сакраш даражасигача («пулемёт» нутқи) етиш билан тавсифланади. Тўхтовсиз пайдо бўлувчи ўйлар фикрлар, хулосалар юзаки ва қўққисдан пайдо бўлади. Беморнинг чалғувчанлиги кўзга шундай ташланиб туради, у бир мавзудан иккинчи мавзуга енгил кўчиб, бирор фикрни охирига етказа олмайди. Фикрлаш бузилишнинг бу тури маниакал ҳолатлар, яъни маниакал-депрессив психознинг маниакал босқичи, циркуляр шизофрения, экзоген психозлар учун хосдир. Фикрлашнинг тезлашиши нутқ тезлашуви — «тахилалия» кўринишида намоён бўлади.



Фикрлашнинг секинлашиши. Фикрлашнинг секинлашиши — фикрлаш ва нутқ тезлигининг секинлашиши, унинг кечишининг қийинлашиши, ассоциацияларнинг камлиги ва бир хиллигидир. Беморлар саволларга катта оралиқдан кейин, бир хил ва паст товуш билан жавоб беришади. Бу патологик фикрлаш турли депрессив холларда: маниакал-депрессив психознинг депрессия босқичида, шизофрения, ре­актив ва бошқа психозларда учрайди.

Фикрлашнинг тутилиб, узилиб қолиши— фикрлашнинг патологик шакли бўлиб, бунда бемор фикрлаш тезлигининг бузилиши билан бирга унинг ихтиёрсиз равишда қисқа муддатда узилиб қолиши ҳам кузатилади. Тўхталишлар вақтида фикрлаш умуман бўлмайди. Бу ҳолат асосан шизофренияда кузатилади.

Фикрларнинг сурилиб кетиши (ментизм) — бирданига, қўққисдан бир қанча фикрлар оқими пайдо бўлади. Бу бемор иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда пайдо бўлиб, бир фикр бошқаларига сурилиб кетади. Фикрлар узилиб қолиши каби фикрларнинг сурилиб кетиши ҳам Кандинский—Кисралит руҳий автоматизм синдромининг таркибий қисми ҳисобланади.

Фикрлашнинг тартиб ва мазмун жиҳатидан бузилиши

Фикрлар тутуруқсизлиги — бу нутқнинг грамматик шакли сақлангани ҳолда тушунчалар орасида ментизм ва мазмун жиҳатдан боғланишнинг йўқлигидир. Бунда беморлар фикри ва нутқи тутуруксиз бўлиб, гаплар орасида боғланиш бўлмайди. Агар нутқнинг грамматик шакли ҳам бузилса, нутқ умуман мазмунсиз бўлиб қолади ва сўз қоришмасига айланади. Бунда беморлар ҳам мазмун, ҳам грамматик жиҳатдан боғланмаган бўлак-бўлак сўз туркумларини келтиришади. Беморларнинг фикри «пойма-пой гап»га айланади.



«Тутуруқсиз» фикрли бемор хати- “Ўзбекистон ҳозирча Исфара хукмдорлигида яшамоқда. Мен учун тўлдирилган касаллик тарихи бланкаларини РСФСР га мос келувчи ягона Индия мустақил руҳий эгасига келтиришингизни сўрайман. Ер шари дунёси. Нуғай тили мусулмон майлиси «Руҳлантирувчи комитет». Нўғай... фахчи... Душанбега жўнаб кетувчи командировкага ўзига ишонган... мусулмон Асан Аджи, менинг тартибли, кузатувчи муҳтож... Валентина ўз тутишини ВКП(б)га хабар бераман... Ер шари интралитетлари онаси Худо, мен туғилганман. 15 йил муқаддам сабабсиз ишдан бўшатилган, командировкани оқлаш Микоян хаким Италия Ўзбек, Қрим, РСФСР.”

Фикрларнинг тутуруқсизлиги шизофренияда учрайди.



Резонёрлик — қуруқ маҳмаданалик гўё ўзини донишманд деб ҳисоблаш. Бунда мақсадсиз, маъносиз, тартибсиз фикрлаш кузатилади.

Бу ҳолат шизофренияда, психопатиянинг шизоид шаклида учрайди.



Аутизм — реал борлиқдан узилган ҳолда ҳеч ким билан мулоқот қилмасдан, ўзининг руҳий кечинмаларига берилиб кетиш. Шизофрения касаллигига хос.

Фикр амбивалентлиги—бир вақтнинг ўзида қарама-қарши, бир-бирини инкор қилувчи фикрларнинг мавжудлиги. Бемор хатидан қўйидаги намуна бунга мисол бўла олади: «Менинг болаларим мени ақлдан озган дейишади. Менга бу қизиқарлидек туюлади, лекин менинг болаларим ўтмишда ҳам, хозир ҳам, келажакда ҳам умуман йўқ». Бу патологик фикрлаш шизофренияда учрайди.

Паралогик фикрлаш — яққол мантиқий бузилишлар билан тавсифланади, фикрлашда мантиқий боғланиш бўлмайди. Бемор хеч асосланмаган, етарли исботга эга бўлмаган хулосаларга келади. Бу патологик фикрлаш шизофрения, паранойя, психопатиянинг баъзи шаклларида учрайдй.

Қуюшқоқлик — фикрлашда ортиқча тафсилотларга берилиб, майда-чуйдаларга тутилиб, асосий фикрларни иккиламчи даражасидан ажрата олмаслик. Аҳамиятга эга бўлган майда-чуйдаларнинг кўплиги, «жойида ер тепиниш» ҳиссини уйғотади. Беморлар нутқи секин, қуюшқоқ аниқ жавоблар ўрнига жавобга алоқаси бўлмаган тафсилотларга тўхталиб жавоб берадилар. Фикрлашнинг бу шаклда бузилиши эпилепсия ва бош миянинг органик касалликларида, эпилептоид психопатияда учрайди.

Боғланишсиз фикрлаш (инкогеренция) — фикрлаш­нинг бу бузилиши онгнинг бузилиши туфайли атроф борлиқни боғланиш ва ўзаро муносабатларда идрок қилиш хусусиятининг йўқолиши билан тавсифланади. Беморлар нутқи тартибсиз ва мазмунсиз қисқа сўз ва гаплардан ташкил топган бўлади. Бу ҳолат оғир кечувчи экзоген-органик психозлар (инфекцион, интоксикацион, соматоген) да, онгнинг аментив бузилишларида учрайди.

Персеверация — бир фикр ва хулосага қайта-қайта келиш натижасида юзага келадиган патологик фикрлаш. Оғир холларда бемор бир хил жавобни ҳа деб қайтараверади. Масалан, «Исмингиз нима?», «Ёшингиз нечада?» ва бошқа саволларга бемор фақат «Эшмат Тошматович» деб жавоб беради.

Персеверация эси пастлик билан кечувчи бош миянинг органик касалликларида церебрал атеросклероз, гипертония касаллиги, инсультлардан кейин, бош мия ўсмалари, қарилик ақл пастлигида учрайди.



Фикрлашнинг мазмун жиҳатдан бузилиши

Ўта қимматли ғоялар — бирон аниқ далил билан боғлиқ холда вужудга келувчи, аҳамияти катта бўлмаган хулоса, фикр, ғоя ва тасаввурларни бемор ўзи учун жуда катта аҳамиятли деб билади. Бу фикрлар узоқ вақт бошқа фикрлардан устун туради ва беморнинг юриш-туришини аниқлаб беради. Масалан, ҳақиқатдан ҳам шеър ёзувчи киши ўзини истеъдодли шоир деб билади ва ўзини шундай тутади. Атрофдагилар уни тан олмасликларини ёмон ниятлилар, кўролмаслик деб тушунади. Ўзининг ягоналиги ҳақидаги бундай ўта қимматли ғоялар бошқа қобилиятли одамларда, яъни музика чалувчи, илмий иш қилувчиларда ўзига ортиқ баҳо бериш натижасида ҳам келиб чиқади. Жисмонан етишмовчиликда ўта қимматли ғоялар ҳам бўлиши мумкин. Ҳақиқатдан ҳам хафа бўлган одам бошқа нарса ҳақида ўйлай олмайди, унинг барча фикр ва диққати мана шу воқеага қаратилган бўлади.

Бундай одам энди хафа қилмайдиган, ҳатто яхши ниятли бошқа ҳаракатларни ҳам ёмон қабул қилади. Бундай одамларда ўз-ўзига танқид сусайган бўлиб, уларни бирор нарсага ишонтириш қийин бўлади. ўта қимматли ғоялар таркиби турличадир.

Энг кўп учрайдиганлари: кашф қилиш, реформаторлик, умр йўлдошига бевафолик, ипохондрик тавсифга эга бўлади ёки моддий, оилавий жудоликка боғлиқ ёвузликлар қилиш ўта қимматли ғоялардир.

Ўта қимматли ғоялар васваса ғояларидан хулосада яққол хатоларнинг йўқлиги, реакцияларнинг аниқ ходисаларга боғлиқлиги, шахсда ўзгариш бўлмаслиги билан фарқ қилади. Маълум вақтдан кейин ўта қимматли ғоялар жадаллигини йўқота бошлайди ва бутунлай йўқолади.

Агар касаллик тобора ривожланиш билан кечса, ўта қимматли ғоялар, васваса ғояларига айланиши мумкин. Баъзида ўта қимматли васваса ғоялар орасидаги оралиқ ҳолат учрайди. Баъзи муаллифлар бу оралиқ ҳолатни ўта қимматли васвасага хос дейдилар. (А. В. Снежневский). Ўта қимматли ғоялар патологик фикрли дисгар­моник шахсларга, параноид психопатияларга хосдир.

Ўта қимматли ғояларни соғлом кишиларда учрайдиган, уларнинг касби, муҳити, вазияти, қизиқишлари билан боғлиқ бўлган устивор ғояларидан фарқлаш керак. Масалан, иш вақтида доимо уйдаги касал отасини ўйлаш. Фикрлашнинг мазмун жиҳатидан бузилиши — субдепрессив ҳолларда учрайди.



Шилқим (миядан кетмайдиган) фикрлар. Бемор нотўғрилигини билгани холда уни хаёлидан чиқариб ташлашга қанчалик уринмасин барибир унинг онгида ирода ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда вужудга келувчи фикрлардир. Шилқим (ёпишқоқ) фикрларнинг таркиби бир хил, баъзан қўққисдан; баъзан жуда оддий нарсалар: куй, шеърдан парча, рақамлар, мақол, бирор сўз мияда ўтириб қолади. Бемор уларга танқидий муносабатда бўлади. Шилқим фикрлардан ташқари, шилқим ходисалар ҳам бўлади, бунга фобиялар, иккиланишлар, эсга олишлар, интилиш, қизиқиш, ҳаракатлар, урф-одатлар киради. Бу ҳолатлар якка холда ёки биргаликда келиши мумкин.

Шилқим фикрлар чалғувчан, тасвирли, сезгили бўлиши мумкин. Чалғувчан шилқим фикрлар донишмандликда вужудга келиб, тўхтовсиз ва кераксиз ўйлар, шилқим эслашлар билан тавсифланади. Масалан: бемор тўхтовсиз, ўз хоҳишига қарши ҳаётининг ва дунёнинг пайдо бўлиши ёки нима учун одамда учта эмас, балки иккита қўл борлиги ҳақида ўйлайди.

Чалғувчан шилқим фикрлар индифферептлик беморнинг ўз кечинмаларига бефарқ қараши билан тавсиф­ланади.

Шилқим сонлар, фикрлар беморни ўз хоҳишига қарши ўйлар рақамини, автобуслар рақамини, деразалар сонини, ўтирғичлар сонини санаш, мияда мураккаб саноқ операцияларини бажаришга ҳаракат қилиш билан ифодаланади. Эсланадиган шилқим фикрлар эса бемор ўз хоҳишига қарши ўтмишни, ўтган одамлар исмини, нарсалар номини эслашга киришиб кетади.

Тавсифли, сезгили шилқим фикрларда ўтмишдаги нохуш воқеаларни енгиб бўлмайдиган даражада қайта эслаш ва бу воқеалар оғир хиссиёт кечинмалари: уят сезгиси, шармандагарчилик хисси билан давом этади. Бy гурухгa кам учрайдиган антипатия (ёмон кўриб қолиш) ҳисси ҳам киради. Антипатияда одам ўз хохишига қарши яқин кишисидан айниб қолади.

Чалғувчан шилқим фикрлардан фарқли ўлароқ тасвирли ва сезгили шилқим фикрлар таркиби бўйича ва қийновчи аффектив кечинмалар билан давом этади. Шилқим фикрлар таркиби ва туридан қатъи назар, шилқим қўрқувлар (фобиялар) билан бирга келиши мумкин. Бу кечинмалардан бемор қутула олмайди. Энг кўп учрайдиган фобияларга: юрак касали билан оғришдан қўрқиш— кардиофобия, рак билан касалланишдан қўрқиш — канцерофобия, захмдан қўрқиш — сифилисофобия, ОИТСофобия — ОИТС касаллигидан қўрқиш, танафобия — ўлимдан қўрқиш, уйдан чиқишдан қўрқиш, кўчадан ўтишдан қўрқиш — агорафобия, ёпиқ хоналардан қўрқиш — клаустрофобия, баланд жойдан қўрқиш — чинсофобия, ойнинг 13-кунидан қўрқиш — трискайдекафобия ва бошқалар киради. Фобияларнинг жуда кўп шакллари бор (350 тагача).



Тасаввурли шилқимликларга — иккиланиш ва эхтиёткорлик киради. Иккиланиш шилқим фикрлари — бу бажарилган ишнинг охирига етказилганликдан иккиланиш. Бунда беморлар эшикни қулфлаганликлари, дазмолни ўчирганликларини қайта-қайта текширадилар, бу текширишлар уларни қониктирмайди ва улар яна текширадилар.

Шилқим эхтиёткорликда беморлар аввал ўз-ўзидан бажариб юрган ишларини, одатдаги физиологик ишларни бажара оламанми ёки йўқми? деб қўрқишади. Бир неча йил ўқиган маъруза матнини унутиб қўйишдан қўрқиш, овқатни ютишдаги эхтиёткорлик, эркакларнинг жинсий алоқа вақтида эрекция бўлмаслигидан қўрқиши («куёвлар неврози») шулар қаторига киради.

Шилқим ҳаракатлар — ритуаллар (ирим-сиримлар) маълум бир ҳаракатни бажаришга ҳаракат қилиш шилқимлиги. Беморлар ҳар хил шилқимликлардан қутўлиш учун ҳар хил урф-одатлар, иримлар қиладилар. Масалан, стулга росмана ўтириш учун бир неча марта ўтириб туришади, пальтони кийишдан олдин бир неча бор силкитишади. Шилқим ҳолатлар вужудга келиши ва жадаллиги бўйича турли-тумандир, лекин ҳар доим ҳам улар руҳий касаллик белгиси бўлавермайди. Улар амалий соғлом одамларда ҳам учрайди ва бўлак бўлаклиги, ҳар замонда одамни ижтимоий жиҳатдан издан чиқармаслиги билан фарқ қилади.

Асосан шилқимлик неврозлар, шилқим ҳолат неврозлари, соматик касалликлар: юрак-томирлар, ошқозон-ичак йўли касалликларида, сил, қандли диабет, хавфли ўсма касалликларининг неврозсимон ҳолати учун тавсифлидир. Шунингдек шилқим ҳолатлар шизофрения, эпилепсия, турли депресеив ҳолатлар, экзоген органик психозларда учрайди.



Васваса ғоялар — касаллик натижасида вужудга келувчи ҳақиқатдан йироқ хаёллар, нотўғри ўйлаш ва хулоса чиқариш ҳолати ҳисобланиб, уларни тўғрилаб ва ишонтириб бўлмайди. Васвасада атроф-мухитга баҳо бериш бузилади, лекин буни беморга тушунтириб бўлмайди. Бемор ҳақиқатга мос келмайдиган фикр, хулосаларни мутлоқ тўғри деб билади ва уларда васваса хаёлларга танқид йўқ бўлиб, ўзларини руҳий соғлом одам деб ҳисоблашади.

Қўйидаги мисолда васваса ғояларининг кўп асосларини билиб олиш мумкин: оилада якка қиз, тиббиёт олийгоҳида яхши ўқийди. Ҳеч қандай асоссиз ота-оналарининг унга муносабати ўзгарганини айтди. Онаси ва отаси уни заҳарлаб ўлдириш ниятида вақти-вақтида овқатига хлорофос сепиб ўлдиришмоқчи бўлишган. Натижада қиз ошқозон яраси ва гепатит касаллигига чалинганини, бу касалликлар ракка айланганини ҳамда яқин вақтлар ичида ёмон она ўзининг дунёдаги якка орзуси унинг ўлимига етишишини айтади. У уйидаги овқатларни емай қўйган. Бу хаёлларнинг хақиқатга мос келмаслигига қарамасдан у ота-онасига ҳеч ишонмайди.

Васваса ғоялар қўққисдан, баъзида ва тез вақт ичида вужудга келиши мумкин. Аста-секин ривожланаётганда аввал аффектив таранглик, ваҳима ва яқинлашиб келаётган нохушлик ва хавф ҳисси, васваса кайфияти юзага келади. Атроф мухит ва ўз-ўзини идрок қилиш ўзгаради, атроф муҳит бемор учун хавф солувчи, салбий бўлиб кўринади.

Кейин эса васвасанинг анимашуви, тозаланиши бўлиб, бунда васваса хулосалар — аниқ тартибга эга, бемор учун эса ҳамма нарса аниқ ва тушунарли бўлиб қолади — васваса ғоялар тўлиқ шаклланади. Бемор фикрида ташқи дунё, ички кечинма, атрофдагиларга (одамлар, жамият) муносабат ўзгаради.

Васваса ғоялар — руҳий касаллик белгисидир.

Руҳий касаллик аломатини соғлом одамларда учрайдиган хато хулосалар ва фикрлардан фарқлаш керак. Масалан, шайтон ва руҳлар, жинларга ишонмаслик ҳоллари. Бу ҳоллар одамларда илмнинг етишмаслиги ва шу муҳитнинг кўп йиллар давомидаги таъсири натижасида пайдо бўлган. Бу ҳолатларнинг ҳақлигини, халқнинг маданий даражасини кўтариш йўли билан англатиш мумкин. Васваса ғоялари эса тушунтириб бўлмаслик билан тавсифланади. Улар касаллик асосида пайдо бўлиб, фақат хасталик жараёни тўхташи билан йўқолади. Васваса ғояларнинг умум қабул қилинган таснифи йўқ.

Васваса ғоялар таркиби, мазмуни, механизми, аҳамияти, динамикаси ва оқибати бўйича турли-тумандир. Таркиби бўйича қўйидаги васвасалар фарқланади: муносабат, таъқиб қилиш, руҳий ва жисмоний таъсир қилиш, заҳарланиш, ипохондрик, рашк қилиш, ўз-ўзини айблаш, юксалиш, ўғирлик қилиш ва бошқалар.

Васавасанинг аниқ таркиби беморнинг яшаётган даврига, уларнинг маданий даражасига, муҳити, касби, ривожланиши, маълумотига боғлиқ Аср ўрталарида васваса таркибини — шайтон, жин, жодугар, сеҳрлашлар, кейинчалик — шапнитизм, гипноз, телепатия, хозирги вақтда эса — биотоклар, атом энергияси, изо­топ, коинот нурлари, ўзга сайёраликлар ташкил қилади. Шу муносабат билан илгариги (1871 й.) олимларнинг: «Бузилишлар ҳар доим одамга даврнинг озми-кўпми таъсиридан келиб чиқади» — деган фикри тўғридир.




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет