ҚИШКИ ЮРИШ
Нима бизга қиш—чилла,
Чиниққанмиз пўлатдай.
Изғирин қиличига
Қалқон бизнинг кўкраклар.
Йўл оламиз мактабга
Аёздан қўрқмай, олға!
Ғижирлайди ғазабдан
Қишнинг тиши — оқ қорлар.
ҚИШКИ САФАР
Мўрисидан дуд чиққан
Уйлар мисли поездлар,
Елаётир манзилга—
Шитоб, бизнинг поездлар.
Улар тўхтамас токи,
Совуқ қорлар кетгунча.
Токи сўнгги бекати
Навбаҳорга етгунча.
ИЗ
Қорни ғарч-ғурч тишлаб борар
Этигимиз бизларнинг.
Ана, ортда қолаётир
Ўйилиб тиш излари.
АРЧА
Эркалатиб уйимиз
Энг тўрига ўтқаздик.
Қўлларингга турфа хил
Ўйинчоқлар тутқаздик.
Янги йилда яшариб
Ял-ял яшнаб турибсан.
Биз-чи, олтин ёшликнинг
Бир йилини «ютқаздик».
ХУЛОСА
Ойим айтди совуқда
Турмай уйга кир-кир,
Гапга кўнмай ҳовлидан
Чиқдим босиб бир-бир.
Тани муздай бир шамол
Эсар эди ҳур-ҳур,
Юрдим бекордан-бекор
Совуқ қотиб дир-дир.
Мана энди ётибман
Таним оғрир зир-зир.
Йўталаман қур-қур,
Бош айланар гир-гир.
Дўстим, сенга маслаҳат,
Қулоқ бериб тур-тур.
Катталарнинг гапига
Йўқ демасдан кир-кир.
Шунда яқин йўламас
Дарду бало қурғур.
ҲАДЕМАЙ
Юрмас аччиқ изғирин
Далаларда изиллаб.
Келар ёқимтой ширин
Шабадалар ғизиллаб.
Оқ варақдай осмонда
Турна расми чизилар,
Симларда қалдирғочлар
Аскарлардай тизилар.
Виз-виз учган ўқ каби
Боларилар визиллар,
Миқ этмай ухлаб ётган
Борлиқ тинчи бузилар.
ВАРРАКЛАР ҚУВОНЧИ
Ўтиб кетди бадқовоқ
Қишнинг аччиқ аёзи,
Табиат киймоқда шод
Байрамона либосин.
Гулдираб кулар осмон
Чақнаб чақмоқ тошлари,
Кулгисининг зўридан
Чиқиб кетар ёшлари.
Ичга сиғмай севинчи
Қайнаб тошар булоқлар,
Ўзанига сиғмасдан
Тошар сою ирмоқлар.
Юмшоқ ердан юмалаб
Чиқар хандон бойчечак,
Қаттиқ ердан қаталаб
Чиқар полвон бойчечак.
...Бизнинг ҳам кўксимизга
Шамол тегади энди.
Қувончлардан бошимиз
Кўкка етади энди.
БИЗНИНГ БАҲОР
Баҳор доим баҳор-да,
Кимлигини билдирар.
Қотиб ётган тошдан ҳам
Гул-чечаклар ундирар.
Қир-адирга лоладан
Тўшар алвон поёндоз,
Ҳатто жарлик, дарага
Гул тақиб берар пардоз.
Ҳайдаб келар чўпондай
Турфа қушлар «пода»син.
Тизар симга маржондай
Қалдирғочлар шодасин.
Сайратворар қиш бўйи
Чурқ этмаган борлиқни,
Шарақлатиб кулдирар
Шашти паст сой, ариқни.
...Баҳор шундай ҳунарлар
Кўрсатар биз ёқларда.
Оғзининг суви оқиб
Қарар улкан тоғлар ҳам.
ЯШИЛ ҚЎЗҒОЛОН
Яшил қўзғолон борар
Бу кун бутун борлиқда.
Бош кўтариб майсалар
Чиқдилар озодликка.
Ғафлат хобида ётган
Дарахтлар ҳам уйғонди.
Ариқларда муз қотган
Тутқун сувлар тўлғонди.
Сўнгсиз кенгликлар бўйлаб
Кураш этмоқда давом.
Тўп отилар зарбидан
Гумбурлаб кетар осмон.
...Ҳув, олис довонларда
Ҳамон олға борарлар,
Беланса-да қонларга
Исёнчилар-лолалар!
КАПАЛАК
Дилларни яйратар-да,
Ўзи ҳам шод яшайди.
Тегмас ғашга, асабга
Кир, хира пашшадай у.
Қувнар тўйиб симириб
Гул чечакнинг хуш атрин,
Қисқагина ҳаёти
Бир умрлик ибратдир.
БОЛАРИ
Гуллар билан кўришар,
Ачомлашар, ўпишар.
Гуллар уни севади,
Ширасини беради.
Хуш кўрар болалар ҳам,
Озор бермаслар ҳечам.
(Қовоқ аридай унинг
Бузмайдилар инини).
Яхшида муомаласи—
Оғзидан бол томади.
ҲОВУЗ БЎЙИДА
Жағи бир дам ором олмай,
Гапда бир-биридан қолмай,
Ҳеч нарсага қулоқ солмай,
Қурбақалар валақлашар.
Шўх балиқлар чиқар тикка,
Қувончданми сакраб кўкка,
Ё сапчишиб баландликка
Қайтиб тушиб «шалап»лашар.
Қирғоқдаги букри толни
Икковлашиб миниб олиб,
Бор гапларин тўкиб солиб
Зағизғонлар чақ-чақлашар.
ЧАҚМОҚ
Ўзин отиб тўрт ёққа
Ўртаниб, йиртиб ёқа
Ниманидир излади,
Ниманидир истади.
Бўлиб роса ҳалак у.
Қараб еру фалакни
Топа олмади бироқ,
Кундуз ёқиб ҳам чироқ,
Сўнг йиғлади ўкириб,
Ёши дув-дув тўкилиб.
ХУДБИН
Баҳор. Куйлар қувониб,
Булбуллар минг усулда.
Ҳатто тилсиз арилар,
Қўшиқ айтар «виз»иллаб.
Наҳот, завқинг тоширмас,
Шундай гўзаллик, чирой.
Фақат ўз номинг айтиб,
Яшаяпсан, Каккуой!
САЁҲАТЧИЛАР
Э, сўраманг қандай, деб,
Тунов кунги саёҳат.
Чиқди оёқ остимас,
Бош устидан фалокат.
Босиб келиб бир пасда
Қора булут галаси.
Устимиздан пақирлаб
Қуйди роса жаласи.
Тўрт томон яйдоқ кенглик
Соябон йўқ аксига.
(Қоларкансан ноилож
Дуч келсанг кўк қаҳрига).
Қайтдик уй-уйимизга
Шалаббо бўлиб, гап шу.
Саёҳат бурнимиздан
Чиқяпти...апшу, апшу!...
НОДОНЛАР-ЕЙ...
Осмон чалар ноғорасин:
Гумбира-гум,
Гумбур-гум.
Темирданми ноғораси,
Сачраб кетар ўт-учқун.
Сув қуйгандек чўнг пақирдан
Ёмғир ёғар шариллаб.
Жазавага тушар бирдан
Тинч, сокин сой-ариқлар.
Кўпиришар, сиға олмай
Қўш қирғоқ орасига.
Нодонлар-ей, ўйнашади
Кўкнинг ноғорасига!
МАНЗАРА
Тинар ёмғир–ёғалоқ—
Бўшар кўкнинг сувдони.
Жила бошлар оҳиста
Қора булут карвони.
Совуқ ел келар шошиб,
Кун чиқмасдан чарақлаб.
Қалтирар усти боши
Жиққа ҳўл дов-дарахтлар.
ХОНОБОД
Андижоннинг «анди»симас,
«Жон»и бу жой, билсангиз.
Жон-жон дея келасиз боз,
Агар бир бор келсангиз.
Ҳаво эмас ютганингиз,
Дардингизга минг даво.
Куйчи қушлар тепангиздан,
Ёғдиради куй-наво.
(Юксакликдан қўрққанларни
Қилиб гўё масхара).
Ўзин отиб,
Қотиб-қотиб
Қаҳ-қаҳ урар шаршара.
Кўзингизни яйратиб хўп,
Дилга солар фараҳлар
Тўйга келган
Каби ясан
Турфа хил дов-дарахтлар.
Чиндан бунда
Тўйдир кунда,
Тинмас ўйин-наволар.
(Ҳатто кекса тоғлар бардам
Тутган эмас асолар).
Ана улар
Қараб турар
Ҳавас-ла орқасидан:
Шўх-қувноқ сой
Ўйнаб борар
«Андижон полькаси»га.
...Андижоннинг «анди»симас,
Жон жойи бу, билсангиз.
Жон-жон дейсиз келишга боз,
Агар бир бор келсангиз!
ШАРШАРА
Бир қара,
Бир қара:
Не гўзал манзара!
Тошларга тўш уриб
Куйлайди шаршара.
Тилса-да кўксини
Заранг тош-харсанглар,
Қотган тоғ бағрига
Солиб зўр ларзалар.
Куйлайди шаршара,
Ўйнайди шаршара.
Тоғни ҳеч тинчига
Қўймайди шаршара.
ТОҒ
Қору муз совуқ кулфат
Кетмас тепамдан абад.
Гарчи бошим кўкдадир,
Мен ҳам бечора сифат.
Ғорлар ўйилган бағрим,
Дара-дарз кетган қалбим.
Улкан харсанг, қоялар
Тош қотиб қолган дардим.
Баҳор, ёзнинг қуёши
Бир силаб ўтар шошиб.
Йиғлаворгум бу бахтдан
Дарё бўлиб кўз ёшим.
ДЕҲҚОННИНГ БАРМОҚЛАРИ
Кир изламанг тирноқдан, биз—
Ҳақиқатдай тўғримиз.
Ишда қотган суягимиз,—
Меҳнаткаш Қўл ўғлимиз.
Саҳий очилдастурхондай
Доим очиқ-ёзиқмиз.
(Бировларни боқамизу
Ўзимиз хўб озғинмиз).
Олмагаймиз тортиб ҳеч вақт
Бировнинг мол-ошини,
Ожизларга бўлиб тиргак,
Силайдирмиз бошини.
Лекин бизни тобе қилиб,
Эгмоқ бўлса қай кимса,
Ҳақиқатдай...синмагаймиз,
Айланурмиз зўр муштга!
Ўқ
Тўғриларни ҳамиша
Ардоқлаймиз, севамиз.
Ўқни, тўғри бўлса ҳам,
Ёқтирмаймиз ҳечам биз.
Чунки эгри камоннинг
Хизматига тайёр у.
Бир кун тирик бир жоннинг
Бўлар сўзсиз заволи.
Соз эди бундан кўра
Эгри бўлса ўроқдек,
Камлик қилар дунёда
Фақат тўғри бўлмоқлик.
Чилдирма
Қичқириб айтар гапи
Фақат: “бак-бака-умбанг”
Шуни ҳам айтмас, уни
Тарсакилаб турмасанг.
Бардош
Плюс қирқ бир даража,
Куйиб-пишар Бухоро.
Мағрур турар далада
Минори Калон аммо.
Чидар ёнган ўчоқдай —
Ўт пуркаган қуёшга
Лайлакни оқ қалпоқдай
Қўндириб олиб бошга.
Неча даража
“Қилиғинг жуда совуқ”,
Койир укасин эгам.
Ҳазиллашиб дер содиқ
“Неча даража экан?”
Дўстлик
Бир-бирига узалган
Дўстлик қўллари каби
Сонсиз симёғочларни
Боғлаб турар симлари.
Бу дўстлик ришталари
Чўзилган йироқларга.
Шу дўстлик йўл бергайдир
Ҳар қайда чироқларга.
Узилмас экан токи
Дўстлик ипи — симлари
Ёруғ бўлар ҳаттоки
Бу оламнинг тунлари
Кечиккан жангчилар
Қасар-қусир бошланиб,
“Жанг” авж олди осмонда.
Тўсатдан ёмғир — “ўқлар”
Ёғилди ер томонга.
Тугагач бу қизғин жанг,
Анча вақт давом этиб.
Қалпоқли қўзиқорин —
Аскарлар келди етиб.
Қўшиқчи
Қачон қўшиқ айт дея
Қистасангиз Салимни
Рубобин олиб қўлга
Айтар “жўжаларимн”ни
Бир куни ҳазиллашиб
Дер унга дўсти Содиқ:
”Ахир у жўжаларинг
Бўлмасми сира товуқ?”
Балиқчи
Дарс тайёрлаб ўтирувдим
Келиб укам,
Деди: “Бешта балиқ тутдим
Қармоқ билан”.
... Кўп ўтмасдан билиб қолдим
Укам сирин —
Балиқлардан бўшаб қопти
Аквариум.
Жирафа
Яхшиям бўйни узун,
Унга асқотар жуда.
Айниқса, дарс маҳали —
Мисол ечиш вақтида
Чунки у энг ортдаги
Бир партада ўтирар.
Бўйнини чўзиб, аста
Чумолидан кўчирар.
Таажжуб
Чипор жўжа Хўрознинг
Ортидан ҳеч қолмайди
Қайга борса боради
Эринмайди, толмайди.
Бирга юрар далада,
Бирга кирар катакка.
Ё олиб юрадими
Хўроз уни шатакка?
Эчкининг таънаси
Қишлоқи қўй дўстларим,
Ҳеч бўлмаса ой-йилда.
Чиқиб турингиз бундоқ
Шаҳар бўйлаб сайрга
Ҳатто узоқ саҳролик
Лапашанг туяқушлар
Пўрим кийиниб олиб
Гердайишиб юришар.
Ҳозир шаҳарда дайдиш
Тарқалган мода бўлиб
Сиз-чи ҳамон юрибсиз
Бир ерда пода бўлиб.
Тулки
Ахир икков дўстмиз-ку,
Худди бир қош-кўзмиз-ку.
Дўст-дўстига ҳар қачон,
Қарашар-ку, Кирпижон,
Чатоқ дўстинг аҳволи,
Ечолмадим мисолни.
Дўстим, бир яхшилик қил,
Дафтарингни бериб тур.
Гар йўқ десанг “уф” дейман,
Сендай дўстга суф дейман.
Тошбақа
— Оғирмасми, Тошбақа
Доим елкангда тошинг?
— Бу тош қанча офатдан
Омон сақлайди бошим.
Тўғри айтган одамлар,
(Тўғри сўз ҳеч ўлмайди.)
Дўстим, керакли тошнинг
Оғирлиги бўлмайди.
Пуфак
Сал мақтовга.
Учаверар,
Пуф десанг бас,
Шишаверар.
Копток
Тинмагур
Жуда шўх-да.
Ерга урсанг,
Сапчир кўкка!
МАДДОҲНИНГ ҲОЛИ
Ёлғон мақтов тулкини
Жазолабди — чақибди.
Яша деб у Кирпини
Елкасига қоқибди.
Кўзгу
Ишонмайман қулоққа
Чалинган ҳар “миш-миш”га.
Ўрганганман фақат рост —
Кўрганимни айтишга.
Ариқча
Жим туролмас бир жойда
Шу қилиғи “ёмон”-да
Ўйноқлаб кетаверар
Боши оққан томонга.
Чин дўст
Пинҳон тутмас қаҳрин ҳам,
У кўп танти кирпи-да!
Бор тиканин яширмай,
Олиб юрар сиртида.
Арра
Шундай экан бу дунё,
Келиша олмай ҳамон.
Бир-бирига ён бермай,
Тортишар икки Томон.
Тинчитолмай уларни,
Мен шўрлик жонҳалакман.
Эҳ, бу ўртада қийин,
Бегуноҳ дов-дарахтга.
Дарахт
Сен борсан, ўқ илдизим,
Мен кўнгли тўқ, илдизим.
Шамолларга эгилмай,
Турибман тек, илдизим.
Сендан ризо баргларим,
Яшнар кўм-кўк, илдизим.
Асли сенинг суратинг,
Мендаги кўрк, илдизим.
ҚАТЪИЯТ
Мен бир сўзли соатман,
“Чиқ”-дедимми, тамом, бил!
Ўтса ҳамки, ой йиллар,
Гапирмайман икки хил.
Сўзим бир, “Чиқ-чиқ-чиқ-чиқ”
Қийнарсан, осиб қўйиб,
Қулоғимни бурарсан.
Барибир фойдаси йўқ,
Ўз сўзимда тураман.
Сўзим шу, “Чиқ-чиқ-чиқ”
УРУШҚОҚ БОЛАГА
Ҳой бола,
Уруш қилма.
Қўлларингни
Мушт қилма.
Бир-иккисин
Урасан,
Сўнг-чи, сўнг
Не қиласан?
Учинчиси
Туширар,
Тумшуғингни
Шиширар.
Иш тут
Ақлу ҳуш билан.
Яшаш қийин
Мушт билан.
ЎЙИН
«Уруш-уруш» ўйнайсиз,
Ёғоч милтиқ-сиздаги.
«Ўқ» ейсизу ўлмайсиз,
Ўйинда бу шунчаки.
Ҳеч ким солмас доду вой,
Ҳеч ким қолмайди жонсиз.
Сизнинг уруш завққа бой,
Сизнинг уруш қурбонсиз.
Ибрат олса арзийди
Ҳамма сиздан, болалар,
Урушни зўр ўйинга
Айлантирган болалар!
ОҲУ
Келар сенга ҳавасим,
Ўрнинг баланд тоғларда.
Эшакларнинг қадами
Ета олмас жойларда.
Сен тоғларнинг бошига
Чиқиб олган эркатой.
Суйиб ҳарку қуёш-да
Ўпиб қўяр эртага тонг.
Еллар майин қўл билан
Силаб-силаб ўтарлар.
Алқаб баланд чўққилар
Бошларига кўтарар.
Лекин, лекин не учун
Қўрқиб-ҳуркиб юрасан,
Чамси, ёвуз каслар
Борлигини биласан?
Сенга қурол ўқталган
Қўллар қарс-қарс синсин-а.
Сенга ёмон ўқрайган
Разил кўзлар чиқсин-а.
Қочиб кетдинг, мени ҳам
Ўшалардай ўйладинг.
Менинг қўлим бўш, мана,
Очиқ менинг қўлларим.
Очиқ менинг кўнглим ҳам,
Оҳугинам, ҳуркима,
Қурол билан бормайман
Мен ҳеч кимнинг юртига.
ТОНГ
Эшитишиб тонг хабарин
Шартта-шуртта барчалари—
Ёпиб олар юлдузхонлар
Нур порлаган дарчаларин.
Ҳамма танбал уйқучининг
Қочирворар уйқусини.
Эрта турган тўполончи
Хўрозларнинг қийқириғи.
Нима гап, деб, ер юзида
Пусиб пойлаган кишидай,
Мўралайди қуёш секин
Осмоннинг бир тирқишидан.
КУН БОТГАЧ
«Келаётир қора ваҳма»!
Бу хабарни олиб шартта
Хабарчи ел ғириллайди.
Қушлар қотар уни ўчиб,
Шохларга ёпишиб, чўчиб,
Япроқчалар дириллайди.
Борлиқ ичга ютар дамин,
Яширолмай қўрққанини
Чигирткалар чириллайди.
Қўрқоқларнинг устидан хўб
«Вах-вах-ха!»лаб кулишиб шўх—
Қурбақалар қуриллайди.
ТУН
Эҳтиёт-ла, ҳеч шитирлатмай
Қамишзордан чиқиб келарлар.
Сас чиқармай, қурол ишлатмай
Сон-саноқсиз қора лашкарлар.
Тилсиз қолар қўрқувдан борлиқ,
Тинар бирдан шовқин-суронлар.
Таслим бўлар курашсиз, жангсиз,
Улкан боғлар, қишлоқ, ёбонлар.
Фақат мўъжазгина бир кулба,
Мағрур турар асир тушмасдан.
Қуршаб олар уни лашкарлар
Ҳар томондан аста, шошмасдан.
Киролмаслар бостириб бироқ
Улкан қўшин қолади ночор.
Чунки унинг бағрида порлоқ,
Юрак каби ёниқ чироқ бор.
ТУНГИ СУҲБАТ
– Ҳой Парвона, Парвона,
Жавоб бер бу сўроққа:
Нега бунча айланиб
Ўргиласан чироқдан?
– Чунки у пок, беғубор,
Кир-чирлардан фориғдир.
Шу қоп-қора тунда ҳам
Унинг юзи ёруғдир.
ТУНГИ БУХОРО
Бошига ой қўнган минор—
Мозийнинг чўнг маёғи,
Юлдузлар-жинкўчаларнинг
Кўтарган жинчироғи.
ТАНИШ ТОВУШЛАР
Она тебрар бешикни:
«Дуқ-дуқ»...
Шамол ўйнар эшикни:
«Ғийқ-ғийқ».
Соат чайнар бир гапни
Чиқ-чиқ.
Ёмғир чертар ойнакни
Тиқ-тиқ.
Ғоз юради ғўддайиб
Ғақ-ғақ.
товуқ додлар мақтаниб
Қақ-қақ.
сергап бақа гап сотар
Вақ-вақ.
Қизилиштон мих қоқар
Тақ-тақ.
Куйлар бақироқ хўроз
Қу-қу,
Мусичалар жўровоз
Ку-ку
Отга буюрар отлиқ
чу-чу.
Биздан сизга шеър тортиқ
Шу-шу.
АСО
Дўқ-дўқ юрган асонинг
Борми ерда қасоси?
Нима қилган ер унга,
Бағридан жой бериб-да,
Яна ундан қарздорми,
Ўзи қандоқ асо бу?!
Гарчи ҳаққи йўқ, йўқ,
Ерга урар дўқ-дўқ.
«ТЕЗ ЁРДАМ»ЧИ СИНФ
Ошно этсам сизларни
Ғаройиб сиримизга,
Ҳам бемормиз, ҳам табиб
Бизлар бир-биримизга.
Ким дарслардан асабдай
Қолса агар бўшашиб,
Берамиз тез-тез ёрдам
Биргалашиб-кўплашиб.
Қизариб қолса кимки
Жавоб бермай саволга,
Қолдириб бўлмас уни
Бундан сўнг бу аҳволда.
Қизардими—касал у,
Исиғи ошган демак,
Зўраймасдан касали
Тез ёрдам бермоқ керак.
Унга биринчи дори—
Енгил танбеҳ берилар,
Агар қилмаса кор бу,
Бошқа чора кўрилар.
Кимнинг ошса шўхлиги—
Қон босими ҳаддидан,
Даволаймиз тез уни—
Туширамиз шаштидан.
Иситмадай бирининг
Кўтарилса буруни,
Олдин оламиз дарҳол
Пасайтириб попугини.
Шундай йўқотамиз тез
Касаллик вирусларин,
Юармиз хурсанд, тетик
Ҳамма севар бизларни.
Ўқишларда илғормиз,
Фақат аъло-баҳолар,
«Соғ танда—соғлом ақл»
Дейишган-ку боболар!
ВАҲМ ЎЛКАСИ
Қачонлардир бу жойлар
Учраган кўк қаҳрига.
Босиб олгандир ёвдай
Кучли қўрқув-ваҳима.
Бу зўр ваҳм ҳаттоки.
Титроққа солган ерни.
Тоғ-сапчиб туриб кетиб,
Тош қотиб қолган қирдир.
«А-а-а!» деб бақирворгану
Ногаҳон даҳшат босиб,
Шу ҳолича очилиб
Қолгандир жарнинг оғзи.
Ҳар ёнда ваҳм изи
Диққат билан қарасанг.
Ўтакаси ёрилиб
Ётар, ана, дара ҳам.
Ҳамон бунда қўрқув шоҳ,
Юради ҳукм суриб.
Тошларга қоқилиб сой
Қочар йиқилиб-туриб.
Пастлайди-ю, ботинмай
Қуёш ҳам кетар нари.
Тоғ ортига беркинар
Хижолатдан қизариб.
Бу ерлар тунда бадтар
Ваҳимали кўринар.
Чинқириб йиғлар ҳатто
Қўрқиб чиябўрилар.
ТУН
Эҳтиёт-ла, ҳеч шитирлатмай
Тўрт томондан кела бошларлар.
Сас чиқармай, қурол ишлатмай
Сон-саноқсиз қора лашкарлар.
Тилсиз қолар қўрқувдан борлиқ-
Тинар бирдан шовқин-суронлар.
Курашмасдан бўлишар мағлуб
Улкан боғлар, қишлоқ, ёбонлар...
Фақат мўъжазгина бир кулба
Мағрур турар асир тушмасдан.
Қуршаб олар уни лашкарлар
Тўрт тарафдан аста, шошмасдан.
Киролмаслар бостириб бироқ,
Улкан қўшин қолади ночор.
Чунки унинг бағрида порлоқ-
Ёниқ юрак каби чироқ бор!
* * *
ЎЗБЕК
Сиғмаса ҳам ўзи, дўстга
Жойи бор унинг.
Йўловчига «Бир пиёла
чойи» бор унинг.
Эгатлардан топган қадди-
Ёйи бор унинг.
Ҳар йили ёзда иморати,
Лойи бор унинг.
Ўғил-қизи-ёруғ юлдуз,
Ойи бор унинг.
Ўчмас изи, босадиган
Тойи бор унинг.
Дўпписини кўкка отиб
Шодланса арзир.
Ўзбекистон деган жаннат
Жойи бор унинг.
«МАҚОЛЛАР КИТОБИ»
Элтиб сизни ғаройиб
Юртга укажонларим,
Кўрсатаман у жойнинг
Қизиқ қуш, ҳайвонларин.
Бунақасин кўрмайсиз
Ҳеч битта зоопаркда.
Бу ерда:ҳато шоҳнинг
Ишқи тушган қурбақа.
Яхши сўзга инидан
Чиқадиган илонлар,
Сира босган изидан
Қайтмайдиган арслонлар.
Топгани шўра бўлган
Эшаквой, аҳмоқ мия.
Ҳаммомни орзу қилиб
Кулгига қолган туя.
Инга сиғмас думига
Ғалвир боғлаган сичқон,
Боласини ботирим деб
Алқаган қўрқоқ қуён.
Ҳатто семириб ботмон
Бўлолмаган чумчуқлар,
Текинга офтобга ҳам
Чиқмайдиган мушуклар.
Дўстлардан айрилганни
Ейдиган айиқлар, бот,
Чанги чиқса ҳам, донғи
Чиқмайдиган ёлғиз от.
...Яна кўпу, лекҳин мен
Тугатаман сўзимни.
Энди кўриб оласиз
Қолганини ўзингиз.
Фикрингиз кенгаяр хўб
Кўриб чиқинг бирма-бир.
Донишмандлар айтгандек:
Кўп кўрган-кўп билади.
УЧҚУНБЕКНИНГ САВОЛЛАРИ
(ТУРКУМ)
ЖИРАФА
Бу.. унчалар бўйни узун
Жирафа деганларин,
Қачон етиб бораркин
Қорнига...еганлари.
БОЙҚУШ
Қизиқ, нега одамлар
Уни бойқуш деган-а:
Бир кўрсайдим уясин,
Нималар бор экан-а?
КАПАЛАК
Ўйлаб қоламан баъзан:
Бу қанақа жонивор—
Қони йўғу бир қатра,
Учиб юрар—жони бор?
ШАМОЛ
Нега сира тўхтамай
Шошиб-елиб ўтади?
Қаердан келади-ю,
Қаерларга кетади?
ЁМҒИР
Нечун тушмас шовуллаб,
Қуйилгандай челакдан?
Тушар худди ўтгандай
Ғалвир ёки элакдан.
ТОҒ
Бу баланд қумтепани
Кимлар тўплаб қўйишган?
Шунча тошу тупроқни
Қайси жойдан ўйишган.
БАЛИҚ
Ўзи-ку ҳар доимо
Сувда юради сузиб.
Овқат ейди, биламан
Сув ҳам ичарми, қизиқ?
КУРКА
Биров роса жаҳлини
Чиқарганми курканинг,
Нега юрар у доим
Ғазабланиб-ҳурпайиб?
ТИПРАТИКАН
Шўрликнинг баданига
Ким санчган шунча тикан?
Фақат бошу оёғин
Бекитиб қолган экан.
ТОШБАҚА
Тошбақа дерлар, демак
У-бақанинг тошлиги.
Бақа бўп қолармикан,
Ташласа шу тошини?
ЗЕБРА
Ким чизган устидаги
Қатор-қатор чизиқни?
Ё биров хўп саваган—
Қамчиларнинг изими?
ФИКРАТЖОННИНГ ФИКРИЧА
(ТУРКУМ)
-
ДУМЛАР
Хўроз думи ўроқдай,
Қалдирғочники қайчи.
Маймуннинг думи эса
Мисоли узун қамчи.
Товусники—елпиғич,
Чаённинг думи илмоқ.
Сигирники арқон-ип,
Қирғовулники таёқ.
Бир қаричча думдан ҳам
Жудо бўлган серкамга
Дум битар, нортуянинг
Думи ерга текканда.
-
БОПЛАДИМ
Тол устида бу не ғалва;
Йиғилишиб бир тўп майна,
Бир-бирини сўкиб—қарғаб—
Қий-чув солиб юмдалашар.
Осмон кенг-ку—адоғи йўқ,
Дов-дарахтнинг саноғи йўқ.
Бошқаси қуриб қолгандек,
Эҳтимол жой, ин талашар.
Бу бир гала безорини,
Уришқоғу бекорчини
Қўрқитиб «Ҳайт!» девордим-у
Қувивордим тумтарақай!
-
ТУНГИ МИЛИЦИОНЕРЛАР
Чигирткалар чириллаб,
Ҳуштак чалишар тунда.
Милиционер амаки
Эсимга тушар шунда.
У доиммас, баъзида
Ҳуштагин чалар эди.
Хато қилган кишини
Тартибга солар эди.
Булар-чи, ундай эмас,
Тез-тез чалиб туришар,
Кўп бўларканда тунда
Хато, тартиб бузишлар.
ЭСИЗ
Эҳ, Ҳалима опани
Қандай яхши кўрардим.
Узун эди сочлари,
Сочиб-сочиб ўйнардим.
Узун эди сочлари
Узу.. ун эди сочлари,
Саноғига етмасдим,
Минг-минг эди сочлари.
Энди Ҳалима опа
Ўқийдилар шаҳарда,
Эсиз...ўша сочлардан
Қолмапти-я асар ҳам.
Бир қулоч эди энди
Бир қаричча келади.
Койидилар холамлар,
Койидилар акамлар,
У кишичи кулдилар
Мода шу, шаҳарда.
Ёқтирмадим шаҳарни
Ёмон экан модаси,
Тирноқларни ўстириб
Қирқса узун сочларни.
Достарыңызбен бөлісу: |