Тафаккур – фикрнинг ҳаракати, информацион ҳаракат, ғоянинг ҳаракати, маънавий ҳаракат, ҳаёлий ҳаракат ва бошқалар шулар жумласига киради.
Шунингдек, фалсафада ҳаракатни моддий объектларнинг ривожланиши билан такомиллашиб борувчи турларга ажратиб таснифловчи, яъни классификация қилувчи ёндашув ҳам бор. Бундай ёндашувни рус файласуфи Б. М. Кедров илгари сурган. Унинг фикрича, механик ҳаракат, физик ҳаракат, химиявий ҳаракатдан сўнг ривожланиш икки тармоққа ажралади. Улардан бири юксалувчи, юқорига кўтарилувчи, прогрессив ривожланиш йўналиши бўлиб, бу йўналишда биологик ҳаракат ва социал ҳаракатлар вужудга келади, иккинчи йўналиш эса регрессив йўналиш бўлиб, пастга тушувчи, инқирозга юз тутувчи йўналишдир. Бу йўналишда биологик ҳаракатдан, геологик ҳаракатга, ундан яна химиявий ҳаракатга йўналувчи регрессив йўналиш. Бунда Б. Кедров биологик организмларнинг ўлиши натижасида вужудга келувчи геологик қатламларнинг, маржон оролларининг ҳаракатини назарда тутган.
Ҳаракат ҳақидаги фалсафий қарашлар тарихи
Ҳаракатнинг энг содда шакли механик ҳаракат бўлиб, унинг манбаи ташқи таъсирда, ҳаракатнинг мураккаб шаклларининг манбаи эса ички алоқадорликларда. Файласуфлар қадимдан ҳаракат ва унинг манбалари ҳақида хилма-хил концепцияларни илгари суриб келишади.
Ҳаракатни оламнинг асосий моҳияти деб қараш Хоразмда яратилган қадимий муқаддас китоб «Авесто»да илгари сурилган. Қадимги Миср, Бобил, Хитой, Ҳиндистон ва Юнон олимлари ҳаракатнинг моҳиятига оид махсус асарлар ёзишган. Улар ҳаракатнинг хусусиятлари, шакллари ва ҳаракат манбаси ҳақидаги илк ғояларни ишлаб чиқишган.
Айрим файласуфлар эса ҳаракатнинг мавжудлигини бутунлай инкор этишган. Юнонистоннинг Иония мактабига мансуб файласуфлардан Элейлик Зенон ҳаракатнинг йўқлигини ўзининг «Ахилл ва тошбақа», «Дихатомия», «Учаётган камон ўқи» каби машҳур апорияларида исботлашга уринган. Бу ҳақда ушбу сатрлар муаллифи Б. Тўраевнинг «Вақт муаммолари»1 номли брошюрасидан тўлиқроқ маълумот олиш мумкин. Зеноннинг «ҳаракат йўқ!» деган хитобини аслида ҳаракатни объектив мавжудми, ёки йўқми деган онтологик маънода эмас, балки, ҳаракатнинг мавжудлигини тушунчалар орқали мантиқан ифодалаб беришнинг мураккаблигига, қийинлигига қаратилганлигини тушуниб етишимиз лозим. Бу энди гносеологик масала. Бунга дастлаб, Арасту тушуниб етди. Шарқ фалсафасида эса Форобийнинг фалсафий рисолаларида бу муаммонинг мукаммал ечими берилган.
Янги давр фалсафасида Г. Гегель ҳаракатнинг моҳиятини формал логика (мантиқ) воситасида ифодалаш мумкин эмаслиги, уни фақатгина диалектик мантиқ доирасидагина изоҳлаш мумкинлигини таъкидлаган. Агар формал мантиқ бўйича камон ўқини учаётган пайтида бирор нуқтада мавжуд дейиш, унинг ҳаракатсизлигини тан олиш ва шу нуқтада эмас дейиш эса ҳеч нарса айтмасликка тенг бўлса, диалектик мантиқ бўйича, бу жараённи ифодалаш мумкин.Бу ҳолда, дейди Г. Гегель «учаётган камон ўқи ҳозир қайси нуқтада?» – деган саволга у «камон ўқи ҳам шу нуқтада, ҳам шу нуқтада эмас», деб жавоб бериш тўғридир. Яъни, учаётган камон ўқи аввал шу нуқтада бўлади ва айни пайтда, у доимо ўрнини ўзгартириб турганлиги сабабли шу нуқтадан бошқа нуқтага силжишга улгуради ва шунинг учун у бу нуқтада эмасдир. Навбатдаги нуқтада ҳам айни бир вақтнинг ўзида ҳам мавжуд (шу нуқтада), ҳам мавжуд эмасдир (энди бошқа нуқтада).
Ҳаракатни тушунтиришда ҳаракатнинг моддий ташувчиси ва ҳаракат манбаси ҳақидаги ғоялар муҳим аҳамиятга эгадир.
Инглиз олими Жон Толанд (1670–1722) ҳаракатни материя билан чамбарчас боғлаб тушунтиради. Унинг фикрича: «Ҳаракат материясиз бўлмаганидек, материя ҳам, ҳаракатсиз бўлиши мумкин эмас». Бу таъриф материалистик фалсафада асосий тамойилга айланди.
Достарыңызбен бөлісу: |