Фазо ва вақт – борлиқнинг умумий яшаш шакллари бўлиб, фазо дунёни ташкил этувчи объектлар ва уларнинг таркибий нуқталарининг ўзаро жойлашиш тартиби, кўлами ва миқёсини ифода этади, вақт эса дунёда содир бўлувчи ҳодиса ва жараёнларнинг рўй бериш кетма-кетлиги тартиби ва давомийлигини ифодалайди.
Ўзбек тилидаги адабиётларда форс тилидан кирган макон ва замон атамалари ҳам ишлатилади. Бизнинг назаримизда, бу атамалар фазо ва вақтнинг туб моҳиятини тўлароқ очишга ожизлик қилади. Яъни бу атамалар фазо ва вақтнинг ташқи, нисбий ва кўринма хусусиятларинигина акс эттиради. Шу сабабли фазо ва вақт атамаларини ишлатиш ўринлидир.
Фазо ва вақтнинг табиати ва моҳияти ҳақида қадимдан файласуфлар хилма-хил нуқтаи назарларни илгари суриб келишган. Улар умумлашган ҳолди, икки йирик концепцияга ажралади ва субстанциал ва реляцион концепциялар деб аталади. Субстанциал концепцияда фазо ва вақтнинг абсолют жиҳатлари, реляцион концепцияда эса, нисбий жиҳатлари мутлақлаштириб акс этади. Субстанциал концепция тарафдорлари (Демокрит, Платон, Эроншахри, Закария ар Розий, Беруний, Патриций, Кампанелла, Гассенди, Ньютон, Эйлер, Мопертюи ва бошқалар) фикрича, фазо – материя ва моддий алоқадорликлардан ташқарида, уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган мустақил субстанциядир; фазо – моддий объектлар учун жойлашиш макони, у абсолютдир. Вақт эса борлиққа фазо ва ҳаракатга жиддий таъсир кўрсатади; вақт муносабатлари абсолютдир, яъни вақт ҳамма ҳисоб системаларида бир хилда ўтади. Фазо ва вақтни улар мустақил субстанция деб ҳисоблаганликлари туфайли бундай ёндашув субстанциал концепция деб фанга кирган.
Реляцион концепция вакиллари (Арасту, Августин, ал Киндий, Ибн Сино, Носир Хисрав, Фахриддин Розий, Насриддин Тусий, Декарт, Лейбниц, Толанд, Бошкович, Юм, Фихте, Кант, Гегель) нинг фикрича, фазо – моддий дунёнинг таркибий тузилиши тартибининг намоён бўлиши, жисмларнинг ўзаро жойлашиш ўринлари ва моддий жисмларнинг мавжудлиги тартибини ифодалайди. Фазо – хусусий ҳолда ҳам, умумий ҳолда ҳам моддий дунёнинг ҳолатига боғлиқдир; материя, моддийлик фазонинг мавжудлиги учун асосий воситадир; фазо – нисбийдир, вақт эса материянинг атрибути (ажралмас хусусияти), у материядан ташқарида мавжуд бўлиши мумкин эмас, вақт муносабатлари нисбийдир, вақтнинг давомийлиги моддий объектларнинг ўзаро алоқадорлигига, ҳисоб системасига боғлиқдир деб таъкидлашади реляцион концепция тарафдорлари.
Вақтнинг динамик ва статистик концепциялари
Фанда узоқ вақтлар мобайнида фазони вақтдан ажратиб тушуниш ҳукмронлик қилиб келди. Бу бир ёқлама ёндашувга А. Эйнштейннинг нисбийлик назарияси узил-кесил барҳам берди. Аммо вақт жараёнлар билан боғланганлиги сабабли вақтнинг моҳиятини шу жараёнлар оқимининг табиати билан уйғунлаштириб акс эттирувчи фалсафий концепциялар вужудга келган. Шу жихатдан вақтнинг динамик ва статистик концепциялари ҳам мавжуд.
Динамик концепция бўйича, вақтнинг фақат ҳозирги пайтигина реал мавжуддир, унинг ўтмиши ўтиб кетган, келажаги ҳали йўқ (Бу фикрни Аврелий Августин (354-430) илгари сурган). Вақт ҳозирги замон билан яшайди, ўтмиш илгари бўлган, ҳозир эса йўқ, келажак энди бўлиши мумкин, лекин ҳали у йўқ. Вақт шу лаҳза ва у ўтиб йўқликка айланди, янги лаҳза пайдо бўлди, у ҳам йўқолди. Шу тарзда вақт лаҳзалари бирин кетин пайдо бўлиб, йўқолаверади. Вақт бир лаҳзадан иккинчи лаҳзага, ундан кейин учинчи лаҳзага, хуллас, шу тарзда бирин-кетин ҳозирги лаҳзадан кейинги лаҳзага ўтиш рўй бераверади. Бу ўтишлар шу тарзда динамик равишда чексиз давом этаверади.
Достарыңызбен бөлісу: |