Жониворларда бир-бирига ахборот узатиш механизми мавжуд. Асаларилар гул шираси бор жойлар ҳақида ўз оиладошларига биоэнергетик майдон орқали ахборот узатади. Маймун ўзининг тўдасини яқинлашаётган хавф-хатардан огоҳ қилиш учун товушининг борича қичқиради. Ахборот алмашишнинг энг юксак шакли нутқ воситасида ахборот беришдир. Бу онгли инсонларгагина хос бўлган инъикос шаклидир.
Ахборот (информация) нима? Информация (ахборот) – бу хилмахилликнинг инъикос этишидир. Масалан, танганинг тамғали томони ерга тушишининг ½ эҳтимоллиги бор, яъни танганинг ерга тушишида 2 хил ахборот олиш мумкин. Шошқол – кубикнинг бирор томонининг ерга тушишида 1/6 эҳтимоллик бор, яъни у 6 хил ахборот бериши мумкин. Сўз ҳарфлардан ташкил топган, ҳар бир ҳарф битта товушни беради. Ҳар бир товуш биттадан ахборот бирлигига эга. 36 та товушдан ташкил топган ўзбек тили орқали турли хил сўзларни ҳосил қилиш мумкин. Бирорта ҳодисанинг рўй бериш эҳтимоллиги, унинг рўй бериши учун қанча хил шартшароитлар бўлса шунчалик камайиб боради. Масалан, 100 та ҳарфдан бирор ёзувнинг ҳосил бўлиш эҳтимоллиги қуйидагича:
W100 = 10 -400= 1/10 400
Онг ва нутқ
Онгнинг шаклланишида фикрни ифодаловчи нутқнинг аҳамияти катта. Нутқ – фикрни муайян товуш ёки ҳаракат воситасида ифодалаш, бошқаларга узатиш жараёни. Нутқнинг шаклланиши учун ҳам муайян ижтимоий муҳит ва ўзаро мулоқотлар ривожланиб борадиган тарихий давр керак бўлган. Кишилар дастлаб бир-бирига имо-ишоралар, турли хил қичқириқлар билан фикр узатган. Айрим кишилар ҳатто шу чоққача «йўқ» дейиш ўрнига томоғини тақиллатади ёки бошини силкитади. Бу миллион йиллар илгариги аждодларимиздан бизгача етиб келган, сақланиб қолган фикрни узатиш одатларидир. Айрим халқлар, масалан болгарлар, «ҳа», яъни розилик фикрини бошини икки ёнга буриб, сарак-сарак қилиб ифодалаган. Бу фикр бошқа халқларда эса бошни баландга кўтариб, пастга тушириш шаклида ифодаланган. «Йўқ», яъни норозилик ифодаси эса, аксинча бошни сарак-сарак қилиш орқали билдирилган.
Жамият тараққиётининг юқорироқ босқичида нутқ сўзлашув тили мақомига кўтарилди. Бу босқичда тил – фикрни тўлиқроқ узатиш воситасига айланди. Бу даврларга келиб, турли товушларни бирлаштириб сўзлар ясаш, сўзлар орқали гаплар тузиш такомиллашиб борган. Инсоннинг маданияти қанча юқори кўтарилган бўлса, бундай кишилар ўз фикрини аниқ сўзлар ва тугалланган гаплар воситасида тўғри ва тўлиқ узатиш тажрибасига эга бўлиб борган. Нисбатан маданий тараққиёти орқада қолган халқларнинг сўзлари ва гапириш усуллари эса узуқ-юлуқ, чала, маромига етмаган бўлади.