2. ШАҲАР ВА ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРИДАГИ БОЛАЛАР
СПОРТ ИНШООТЛАРИ
Шаҳар ва қишлоқда спорт иншоотларини қуриш. Ҳозирги замонда аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида спорт иншоотлари зарурий аҳамият касб этади. Шуни назарга олган ҳолда шаҳарда ва қишлоқларда режалаштирилаётган спорт иншоотлари техник талабларга ҳамда лойиҳа талабларига жавоб бериши лозим.
Шаҳар ва қишлоқларда қандай спорт иншоотлари режалаштириш ва қуриш керак деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Шаҳар кўп аҳоли жойлашган ва махсус қарор билан шаҳар статуси берилган жой бўлиб, ишлаб чиқариш корхоналари, завол фабрикалар фаолият кўрсатади ҳамда қишлоқ хўжалиги учун меҳнат қуролларини ишлаб чиқаради.
Алоҳида жойлашган турар жойлар ва унинг аҳолиси 1,5-3 минг бўлса, бу ҳолда унинг ҳудудида комплекс жисмоний тарбия майдонлари, яъни гимнастика, енгил атлетика билан шуғулланиш учун, волейбол, баскетбол, футбол майдонлари қурилиши лозим ва унинг умумий майдони 1200 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Бундан ташқари иккита теннис столи учун майдонча ажратилади.
Микрорайонда алоҳида жойлашган турар жойлар учун ажратиладиган спорт иншоотлари қурилади ва алоҳида ажратилган ердан ташқари бу спорт майдонларини дам олиш хиёбонларида жойлаштириш мумкин.
Агар микроройонда аҳолининг сони 6 минг одамдан кўп бўлса, унда комплекс майдончалар қуйидагилардан иборат, яъни гимнастика билан шуғулланиш учун майдонча, волейбол, баскетбол, теннис майдонлари ва унинг умумий майдони 6700 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Агар микрорайоннинг аҳолиси 12 минг ва ундан ортиқ бўлса, унда умумий майдон 8400 м2 гача кенгайтирилади.
Аҳоли зич яшайдиган районларда (24-36 минг аҳоли) спорт маркази қурилиши режалаштирилади ва у спорт марказларининг иккинчи тоифасига киради. Уларга футбол майдони (96x64 метр) ва машқлар учун иккинчи майдон (66x44 метр), иккита теннис майдони (36x18 метр ҳар бири), очиқ бассейн (25x10 метр), тир 50 метр ва томошабинлар учун бир минг ўриндиқ бўлиши керак.
Умумшаҳар спорт мажмуалари олий даражали спорт иншоотларига киради. Шаҳар дудудида спорт иншоот тармоқларини қуришдан олдин ажратилган ер участкаларини ўрганиб чиқилади ва улар қуйидагича:
- 7 ёшгача болалар учун спорт мажмуа узоқлиги 50-100 метр бўлиши керак;
- 7-10 ёшгача 150-200 метр;
- 11-17 ёшгача 400-500 метр.
Райондаги спорт маркази 20 минутли масофада жойлашгаи бўлиши керак.
Стадион бош режасини лойиҳалашда кўп минглик томошабинларни эвакуация вақтида турли оқимларни кесиб ўтмайдиган ҳолда шаҳар қурилишини ва йўлларини ҳисобга олиш зарур бўлади. Транспорт йўлларининг жойланиши, турли шаҳар ва шахсий транспорт воситаларининг тўхташ жойларида одамлар оқимининг тарқалиш принципи билан узвий боғлиқ бўлганлиги сабабли бунда асосий кириш ва ички магистраллар жойланиши белгиланади. Кириш жойларида касса хоналари мўлжалланади. Кассалар чиптали томошабинлар оқимидан ташқарида жойлашади.
Бош режада стадион уч асосий қисмга бўлинади: намойиш (томошагоҳ), ўқув-машғулоти, хизмат кўрсатиш қисмлари.
Намойиш қисмида асосий спорт аренаси ва трибуналар, томошабинларга хизмат кўрсатиш, спортчилар, ҳакамлар бошқаруви, матбуот, радио ва телевидение хоналари жойлашади.
Унда, шунингдек, очиқ ва қишки сузиш сув ҳавзалари, велотрек, спорт ўйинлари ва теннис стадионлари жойлашган.
Бу қисм тарқатувчи майдон ва эвакуация йўллари билан бевосита боғланган.
Ўқув-машғулот қисмида спорт майдони ва майдончалари жойлашган бўлиб, уларнинг баъзилари намойиш характерига эга. Бу қисмдаги спорт иншоотлари спортнинг алоҳида турлари бўйича ихтисослашган. Хизмат кўрсатиш қисмида томошабинларнинг дам олиш масканлари, кафе, киосклар, суҳбат ўриндиқлари, санитария иншоотлари, стадионни эксплуататация қилиш билан боғлиқ иншоотлар- хўжалик ҳовлиси, устахоналар, оранжереялар, омборлар ва бошқалар жойлашган.
Стадион қурилишида қуйидаги талаблар муҳим аҳамиятга эга:
- шаҳар қурилиш ҳолати - шаҳар магистралларининг йўналиши, стадион рўпарасида майдон мавжудлиги, томошабинларнинг эвакуация
йўллари, турли шаҳар транспортлари учун транспорт тутунлари ва бошқалар, кўкаламзорлашган ҳудудларга ва сув ҳавзаларига стадионнинг имкон қадар яқинлиги, асосий спорт аренасининг трибуна ва бошқа спорт иншоотлари билан ўзаро пропорционал ва компакт, шунингдек, энг маъқул йўналишда (шимол-жануб) жойлашиши;
- майдон релъефининг яроқлилиги (спорт аренанинг ғарбий тарафидан ерда трибуналарни жойлаш учун 30% нишаблик мақсадга мувофиқ); асосий йўналишда доимий эсувчи шамоллар йўналиши (ҳимоялаш чоралари); ер ишлари балансини ҳисобга олган ҳолда стадион ҳудудини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш; қишки мавсумдаги стадионнинг характери (конькида тез чопиш, фигурали учиш, хоккей, чанғи трамплин учун мосламаларни ўрнатиш эҳтимоли).
Амалдаги стадионларни лойиҳалаш меъёрларида (СН 162-58) қуйидаги тавсиялар берилган:
-томошабинларни эвакуация қилишда (стадион ташқарисида) тарқатувчи майдоннинг зарурий ўлчамлари ҳар бир томошабинга 0,5-0,75 м2 ҳисобида аниқланади;
-стадионга энг камида икки кириш жойи белгиланиши зарур; эвакуация йўлларининг (йўлакча, йўл, ўтиш ва кириш жойи) эни бир метрга 500 киши ҳисобидан аниқланади;
-бевосита трибуналар оралиғида тарқатувчи майдонлар назарда тутилган бўлиб, бунда бир томошабин ўрни учун ўргача катталикдаги стадионларда 0,5 м2, катта стадионларда 0,3 м2;
- кириш кассаларининг сони 1500 кишига 1 дарча ҳисобидан белгиланади.
Жойнинг ҳолатига қараб, стадионнинг бош режаси шаклан турлича кўринишда бўлиши мумкин.
Ҳар бир шаҳар, район, микрорайон ва алоҳида жойлашган турар жойларида спорт иншоотларига Москва, Волгоград, Санкт-Потербург шаҳарларидаги стадионларнинг бош режалари мисол бўла олади.
Болалар спорт иншоотлари
Республикамиз Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлиснинг 1997 йил 29 августдаги IX сессиясида “Баркамол авлод - Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори” мавзусида сўзлаган нутқида ва 2002 йил 24 июндаги "Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида"ги ПФ № 3154 Фармонида ёш авлодни спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмомий камолотга интилиш, Ватанга меҳр-муҳаббат, ўз юрти билан ғурурланиш руҳида тарбиялаш ишлари асосий йўналиш сифатида белгиланди. Зикр этилган фармон нутқда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда болалар оммавий спортини ривожлантиришини таъминлаш мақсадида жойларда спорт муассасаларининг барпо этилиши, янги-янги спорт турлардан тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилиши, уларнинг тегишли жиҳозлар ва малакали спорт мураббийлари билан таъминланиши янада кучаймоқда ва бунинг натижаси жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган болалар ва ўсмирлар сони йилдан-йилга ортиб боришига асос бўлмоқда.
Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгаши ўз фаолиятини жойларда болалар жисмоний тарбия ва спортнинг моддий базасини шаклантириш, аҳоли манзилгоҳларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этишдан бошлади. Болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида мамлакат ва ҳудудлар миқёсида спорт билан шуғулланаётган болалар ва ўсмирлар сони аниқланиб, илмий ва тиббий асослар ҳамда ҳудудларнинг табиий шароитлари ҳисобга олинган ҳолда истиқболли спорт турлари ривожлантирила бошланди. 2003 йилда Жамғарма орқали 130 та спорт иншооти қурилиши ва таъмирланиши ишлари йўлга қўйилди. Республикада тиббий ва илмий асосланган 2,8 мингдан ортиқ спорт тўгараклари ташкил қилиниб, уларга 85 мингдан ортиқ болалар жалб қилинди.
Болалар оммавий спорт маҳорати бўғинидаги тадбирлар, оммавий разрядлар кўрсаткичидан иккинчи - спортнинг юқори маҳорати бўғинига, ўсмир-ёшлар спорти орқали тайёрланадиган 1-разрядли спорт устаси номзоди ва спорт устаси даражасига чиқиш имкониятларини яратади. Мамлакатда оммавий ва юқори спорт тизими доирасидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия ўринбосарлари коллежлари, Республика олий спорт маҳорати мактабларида юқори малакали ва истеъдодли, ўз Ватани шон-шуҳрати учун кураша оладиган спортчилар тайёрланиши йўлга қўйилди.
Замонавий ўқув ва спорт базасига эга бўлган ана шундай коллежлар Жиззах, Хоразм, Андижон, Фарғона шаҳарларида фойдаланишга топширилди.
Ёпиқ ва очиқ иншоотларда машғулот ўтказиш учун мўлжалланган барча спорт жиҳозлари ва анжомлари тўла-тўкис яроқли ва ишончли маҳкамланган бўлиши керак. Жиҳоз ва анжомларнинг яроқлилиги, мустаҳкамлиги бўйича ўтказилган кўрик натижалари махсус журналга қайд этиб борилади.
Гимнастик снарядларнинг бириктирилган ёки туташган жойлари эгилмаган, қимирламаслиги, маҳкамланадиган мурувватлари (гайка, винтлари) ишончли қотирилган бўлиши лозим.
Брусларнинг жерди (ёғоч қисми) ҳар ўқув йили олдидан мукаммал таъмирланиши керак. Уларда ёриқлар пайдо бўлса, уларни алмаштириш лозим.
Турникда машқлар бажаришдан олдин ва тугатилганидан сўнг унинг гриф қисмини қуруқ латта билан артиш ва «шкурка» билан тозалаш лозим. Крюк, растяжкалар маҳкамланадиган пластиналар полга мукаммал қотирилган бўлиши керак.
Гимнастик бревно ёриқсиз бўлиши ҳамда буранг (қийшайган) бўлмаслиги лозим.
Гимнастик «эшак»нинг тиргаклари корпус қутиларига яхши маҳкамланган бўлиши лозим. Гимнастик тўшаклар гимнастик снарядлар атрофига яқинроқ тўшалиши, сакраб тушганда, йиқилиб тушганда майдон ҳосил қилиши керак.
Гимнастик кўприкчага (мостик) депсинганда сирпанишни олдини олиш мақсадида устки қисми резина билан қопланган бўлиши лозим.
Тўлдирма тўплардан ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ёшига қараб рақамлари бўйича фойдаланиш лозим.
Улоқтириладиган снарядлар вазни мусобақа қоидасига мувофиқ ўқувчилар жинси, ёшига мос бўлиши керак.
Жиҳозларни жойлаштиришда ҳар бир снаряд атрофида хавфсиз ҳудуд (зона) бўлишини назарда тутиш керак.
Зал дарсга, машғулотга ўқув дастури талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланиши керак.
Спорт залида машғулот ўтказишда магнезия ёки канифолдан фойдаланиш керак ва бу чангланишни олдини олувчи махсус қутида сақланиши керак.
Ўқувчиларни сувга тушишига (бассейнга ўтишига) фақатгина жадвалда фамилияси кўрсатилган ўқитувчи, мураббий ҳозир бўлганида рухсат берилади. Ўқитувчи ёки мураббийнинг бошқаси билан алмаштирилишни фақат мактаб директори рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
Сузиш бўйича машғулотларни мураббийлар ўтказадилар.
Бу ҳолатда жисмоний тарбия ўқитувчилари ўз-ўзидан мураббийга ёрдамчи бўладилар, ҳар хил ташкилий вазифаларни бажарадилар ва машғулот жараёнида қатнашадилар.
Болалар спорт майдончасидаги жиҳозлар
9-расм. Тепаликдан тушиш иншооти.
ПИРАМИДА
10-расм. Болалар спорт майдончалари жиҳозлари
Болалар комплекс иншооти
11-расм. Болалар комплекси иншооти
12-расм. Мактаб спорт зали кўриниши
Машғулотларни табиий сув ҳавзаларида ўтказишга фақат машғулот олиб бориш учун махсус жой ажратилганда ва жиҳозланганда, ажратилган жой санитария талабларига жавоб берганда рухсат этилади.
Болаларни сузишга ўргатиш жойи, уларнинг жиҳозланиши машғулотлар бошлашдан олдин туман ва маҳаллий санэпидмарказ ва спорт ташкилотлари билан келишилади.
Табиий сув ҳавзаларидан машғулотлар учун жой танлашда қуйидаги "Мактаб ўқувчиларини сузишга ўргатиш бўйича тавсиялар" талабларига амал қилиш лозим:
- сув ҳавзасининг туби чўмилишга ажратилган ёки ҳавзанинг махсус жиҳозлаб ажратилган жойи билан бирга бир текисда бўлиши;
- уларда сувнинг чуқурлиги 1,2 метрдан ошмаслиги;
- сувнинг оқими (ҳаракати) тезлиги секундига 0,3 метрдан ошмаслиги;
- табиий сув ҳавзасининг туби қумли бўлиши ва шох-шаббалардан, тошлардан, сув ўсимликларидан, темир ва бошқа болаларга хавф солувчи нарсалардан тозаланиши;
- чўмилиш жойи ажратилган бўлиши;
- машғулот давомида қутқарув воситалари (қутқарув ҳалқаси, арқонлар, таёқлар зарур ҳолатларда қутқарув қайиқлари ва ҳоказо) бўлиши керак. Сузиш бўйича машғулотлар ўтказишга зарур шарт-шароитлар тайёрлашда ўқитувчи-мураббий машғулот ўтказишга ҳалақит берадиган камчиликларни бартараф этиши, иложи бўлмаган ҳолатларда машғулотларни тўхтатиши, бекор қилиши лозим.
Барча ўқувчилар "Мактаб ўқувчиларини сузишга ўргатиш бўйича тавсиялар” талабларини билишлари ва қатъий амал қилишлари керак.
ХУЛОСА
Қадимги дунё, ўрта аср ва янги давр спорт иншоотлари
Қадимги дунёда спорт иншооти. Жисмоний тарбия ва спортнинг тарихий илдизлари қадимдан маълум. Археологик қазилмалар натижасида спорт билан шуғулланиш тош асрида ҳам бўлганлиги аниқланган. Бунга асос бўлиб, тарихий қазилмаларда спорт қурилишлари топилганлиги хизмат қилади (Ҳиндистон, Арабистон, Ўрта Осиё ва Жанубий Америка). Қадимий замондан одамлар жисмоний тарбиянининг аҳамиятини яхши тушунишган.
Жисмоний тарбия ва спорт соғлиқни мустаҳкамловчи меҳнаткашларнинг иш қобилиятини ошрувчи ишлаб чиқариш кучини ривожлантирувчи асосий муҳим манбадир.
Тарихдан маълумки, қадимий Грецияда спорт мусобақалари ўтказилган. Бу мусобақаларни ўтказиш учун ҳар бир шаҳарда спорт иншоотлари мавжуд бўлган. Археологик қазилмалар ҳам буни исботлаб берган. Масалан, Эгей денгизи соҳилларидаги Крит оролининг Микен шаҳри қазилмаларида ҳар хил ўйинлар, машқлар ва тортишувлар тасвирлари ифода этилган. Жисмоний машқлар жангчиларни ҳарбий-жисмоний тайёрлаш учун қўллаганлар. Гомернинг “Иллиада” ва “Одиссея” поэмаларида оммавий югуриш, кураш, муштлашиш, диск улоқтириш, камондан ўқ отиш, аравада пойгалашиш (эр.олдинги ХII-IX аср) батафсил ёритиб берилган.
Юнон стадионининг аренаси тўғри тўртбурчакли шаклда бўлиб, узунлиги 200 м бўлган.
Олимпиядаги қадимий стадионда томошабинлар Кронос тоғининг жанубий қиялигидан жой олиб, стадион аренаси эса тоғ ёнбағридаги кенгликда бўлган. Арена атрофларида тупроқдан тепаликлар барпо этилиб, уларда ҳам томошабинлар жойлашганлар. Бу трибуналар тахминан 40000 кишилик сиғимга эга бўлган.
Кейинчалик Дельф (эрамизгача V асрнинг иккинчи ярмида), Афина (эрамизгача IV асрнинг иккинчи ярмида), Эпидавр (эрамизгача IV асрнинг биринчи ярмида) ва бошқа шаҳарларда ҳам бундай стадионлар бунёд этилди.
Олимпиада ўйинлари – қадимий Грек жисмоний маданияти ривожланишининг аҳамиятли тарафи ҳисобланади. Ўйинлар ҳар 4 йилда мунтазам равишда Олимпия шаҳрида (1-расм) ўтказилган. Маълумотларга кўра бу байрамнинг бошланиши эр. Аввалги 776 йил бошларига тўғри келади.
Эрамиздан аввалги VII асрда Олимпия шаҳрида жойлашган Гера обидасида Олимпия машъаласи ёқилган ва бронзадан ясалган Ифит диски сақланган. Дискда олимпия ўйинларининг қонун ва қоидалари ёзилган эди.
Умумгрек олимпиада ўйинлари қаторида Грециянинг кўпгина шаҳарларида кичик миқёсдаги, лекин давлат ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий тарафдан катта аҳамиятга эга бўлган ўйинлар ўтказилиб турилган. Грециянинг бир қатор шаҳарларида ва районларида қазилмалар натижасида ўйинлар учун мўлжалланган кўпгина иншоотлар ва стадион қолдиқлари топилган.
1-расм. Грециядаги қадимий Олимпия шаҳрининг кўриниши.
Қадимий стадионлар уч даврга бўлинган:
-
Элленик.
-
Элленистик.
-
Қадимий Рим давридаги стадионлар.
Элленик давр. Мустақил давлатлар ҳисобланган қадимий Греция шаҳарлари фан, маданият ва спорт соҳаларида бошқа давлатлар билан доим рақобатлашганлар. Яхши қўшничилик ва дўстлик мусобақалари руҳи, қадимий Грецияда жисмоний маданият ва спорт ривожига катта таъсир кўрсатади. Греция стадионлари меъморий шакллари, кенглиги ва ландшафнинг гармоник мослиги билан ажралиб туради. Элленик давр стадионлари давлат ижтимоий ҳаётида етакчи рол ўйнаган. Бу даврдаги стадионлар ўриндиқсиз қурилган.
Элленистик давр. Элленистик даврдаги стадионлар оммавий ҳаётда катта аҳамиятга эга бўлган. Ундан ташқари улар шаҳар аҳолиси учун томоша кўрсатадиган иншоотга айланади. Стадион трубиналари унча кўп бўлмаса ҳам фақат шаҳар аҳолисига мўлжалланган эди. Масалан: 1 000 000 аҳоли яшайдиган Милет шаҳрида яшайдиган стадион шу шаҳар ичига қурилган.
2-расм Эрамиздан аввалги 7 асрдаги Гера номидаги обида (узунлиги 50 метр, эни 18,7 метр).
.
3-расм. Олимпия машъаласини ёқиш тантанаси. Греция, Олимпия
Қадимий Рим даври. Кўпгина стадионлар ва спорт иншоотлари Рим империясининг шаклланаётган вақтига тўғри келади (эрамизнинг боши). Бу вақтда Элленик даври стадионларининг кўпгинаси қайта қурилди. Эрамизнинг иккинчи асрида Афина ва Делфадаги стадионларни қайта қуришга тўғри келди. Мусобақа қатнашувчилари сонининг ортиши туфайли стадионлар майдони кенгайтирилди ва томошабинлар учун мармар трубина-ўриндиқлар ўрнатилди. Қадимги Рим давридаги стадионларнинг трубиналари кўришга қулай бўлишини таъминлаш учун ярим ой шаклида қурилган. Бу даврда стадионлар меъморчилик томонидан тўла-тугалланган объектларга айланади. Эрамиздан олдинги биринчи асрда Қадимги Рим иншооти бўлмиш амфитеатр шакллана бошлади. Амфитеатр ўз навбатида замонавий спорт ареналарининг қурилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Амфитеатр – (юнончадан Amphitheatron – икки томонлама томоша) оммавий томошалар: театр спектакллари кўрсатиладиган Қадимги Рим монументал биноси ҳисобланади. Амфитеатр ўртасидаги майдони эллипс шаклида қурилган ва томошабинлар учун мўлжалланган спорт аренаси қатор-қатор ўриндиқлари пастдан юқориг зина шаклида кўтарилиб борган. Бу амфитеатрлар Помпей шаҳрида милоддан аввалги 70-йилларда қурилган бўлиб, ўз ичига 15000 томошабинни олган.
Бутун дунёга машҳур бўлган Римдаги Коллизей милоддан олдинги 125 йилда қурилган бўлиб, 50000 томошабинларга мўлжалланган. Коллизей аввал уч ярусдан иборат бўлиб, тўртинчи яруси эрамизнинг иккинчи асрида тўла битказилган. Аввал Коллизейда ҳайвонлар, кейинчалик эса гладиаторлар жанги бўлиб ўтган. Бу ерда трибуна остида жуда кўп сонли хоналар бўлган. Ундан ташқари арена остида ҳайвонлар учун қафаслар ва бошқа хоналар жойлашган. Коллизейдан 1 км узоқликда қуллар қишлоғи жойлашган бўлиб, у стадион аренасигача ер ости йўли билан туташган. Коллизей устига брезент қоплама тортилган бўлиб, у ёпиқ стадионга айлантирилган деб тахмин қилинади (4-расм).
А)ташқитомондан кўриниши
б) ички томондан кўриниши
4-расм. Римдаги Коллизей харобалари
Коллизейга ўхшаган стадионлар Римнинг ҳар бир йирик шаҳарларида бўлган. Аравада пойгага мўлжалланган гипподром деб номланган йирик Циркус Максимум иншооти алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу иншоот ўз трибунасига 250000 томошабинни сиғдирган.
Қадимги Римда терм (ҳаммом) иншоотига катта эътибор берилган. Бу сузиш, чўмилиш учун мўлжалланган йирик сув ҳавзаси бўлиб, эрамизнинг I асри ва II асри оралиғида қурилган. Энг йирик ва машҳур Диоклентана ва Каракалла терми тахминан 120000 м2 майдонда жойлашган бўлиб, узунлиги 337 метр, эни 338 метрни, деворларининг қалинлиги 6 метрни ташкил қилган. Бу термларга бир вақтнинг ўзида 3000 одам сиғиб, улар чўмилиш, парланиш, уқалаш, душ, ванна қабул қилиш, сув ҳавзасида (совуқ, илиқ, иссиқ) сузиш каби муолажаларни олиш мумкин бўлган.
Рим термлари ўзининг ажойиб безак ва ускуналари билан ажралиб туради. Бино деворларини безаш учун қимматбаҳо мармар ишлатилган. Рим яна сув қувурлари ва иситкичлар билан жиҳозланган. Қадимий Рим шаҳри сув қувурлари ва иситкичлар билан ҳам машҳур бўлган.
Римда эрамизнинг IV асридан бошлаб, христиан дини давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда кириб келди. Уч минг аҳолини йиғувчи Рим томошаларига қарши черков фаол кураш олиб борди. Аста-секин миллий маданиятнинг пасайиши бошланди, шу билан бирга жисмоний тарбия ҳам пасайди. Одам танасининг маданияти ва ҳар томонлама ривожланишини инкор этувчи христиан динининг тарқалиши қадимги оламга мансуб кўпгина йирик спорт иншоотларининг қонунсиз емирилишига сабаб бўлди. Айримлари эса черковга айлантирилган.
Ўрта аср иншоотлари. Ўрта аср иншоотлари. Ўрта асрнинг бошланиши жисмоний тарбиянинг бутунлай пасайиб кетиши билан тавсифланади. Бунга сабаб, авваломбор, христиан динидир. Христиан дини бўйича одам танасининг маданияти ва ҳар томонлама ривожланиши инкор этилган. Давлат дини бўлиши билан жуда кўп стадионлар ва спорт иншоотлари қонунсиз емирилишига сабаб бўлди.
Лекин Х-XI асрларда секин-аста спорт ўйинлари ва машқлар ривожлана бошлади. Бунга XI асрда бошланган Шарқнинг савдо истилоси, борди-келди юришлар ва рицарликнинг пайдо бўлиши сабаб бўлди. Юришдан бўшаган вақтларда рицарлар асосан ҳарбий машқлар бажарардилар ва турнирларда қатнашардилар. Рицарларнинг алоҳида қоидага эга бўлган турли ўйинлари сарой ҳовлиларида ўтказилган. Ўрта асрда жисмоний машқларнинг ўрнатилишидан асосий мақсад рицарларни урушга, жангга тайёрлаш эди.
Ривожланган феодал жамиятида (X-XI асрларда) синфий кураш таъсири остида халқ жисмоний маданияти (шаҳарликлар ва деҳқонлар) ва устун турувчи синф жисмоний маданияти (феодаллар, рицарлар) шаклланади. XV-XVI асрларда тўп ўйинлари пайдо бўлди. Ўйинлар учун майдонча ва жойлар, шаҳарликлар учун сайиргоҳларда, зиёлиларга ҳиёбонларда ҳар хил томоша шаҳобчалари қурилди. Буларга Римдаги Римдаги Вилла Монтално (XVI) сузиш ҳавзасини, Флоренциядаги Боболи боғи амфитеатрини (XVII) мисол қилиш мумкин. Европанинг баъзи мамлакатларида найзабозлар ва тўп ўйинлари учун заллар, камонда ўқ отиш учун майдон ва майдончалар қурилиши олиб борилди. Ўрта Осиёда ҳам спорт ўйинлари ривожланган. Бу ўйинларга чавандозлик, камондан ўқ отиш, кураш, кўпкари, қиличбозлик ва бошқа спорт турларини мисол қилиш мумкин.
Ўрта асрнинг охири бу феодал тузумининг емирилиб, буржуазия маданиятининг туғилиши давридир.
Ҳозирги замон спорт иншоотлари. Буржуазия тузуми Европа мамлакатлари иқтисодиётини ўз қўлига олиб, сиёсий ҳукмронликни эгаллаган эди. Капиталистик ишлаб чиқариши жадал ривожланётган мамлакатларнинг йирик спорт иншоотларини яратишга имконияти бўлган. Шулардан 1806-1807 йил қурилган катта Милан спорт аренасидир. XIX аср ўрталарида Европада катта спорт залларга эга бўлган бинолар (вокзаллар, универсал магазинлар ва бошқалар) қурилган. Спорт заллари ва майдонлари пайдо бўлди. Бироқ Европанинг турли мамлакатларида оммавий спорт иншоотларининг қурилиши спорт жамиятлари, клублари ўртасида алоқа ўрнатилган, турли мамлакатлар билан спорт алоқалари ривожланган ҳамда олимпия ўйинлари ўтказила бошланган даврда, яъни XIX аср охирларида бошланди. Бу даврда стадионлар, спорт залларигина эмас, балки велотреклар, трампинлар, қишки ва сув спорт турлари учун ҳам иншоотлар қурилган. Олимпия спорт иншоотларини ўрганишда, уларга қўйилган асосий технологик талабларни тушуниб, давр ўтган сайин турли мамлакатлардаги спорт иншоотларининг қурилиши ривожланиб ўсганини тушунамиз.
Қуйида янги давр Олимпия иншоотларига қисқача маълумот берамиз.
I Олимпиада ўйинлари (1896 й.) Грециянинг Афина шаҳрида бўлди. Олимпиада бошланишигача қадимги Афина стадиони қайта шаклланган. Бироқ стадионда футбол майдони бўлмаган. Аосан стадион ареналарида гимнастика, енгил атлетика мусобақалари (100, 400, 800 ва 1500 м га югуриш, 110 м га тўсиқлар оша югуриш, сакраш, диск улоқтириш) ўтказилган.
II Олимпиада ўйинлари (1900 й.) Франциянинг Париждаги Булон ўрмонида бўлди. II Олимпиада очилишига ҳеч қандай махсус спорт иншооти қурилмаган.
Булон ўрмони текислигида фақатгина 313 м узунликка югуриш йўлакчалари белгиланган бўли, диск улоқтириш шу ўрмоннинг бошқа майдончасида бажарилган. Ҳозир у эсдалик сифатида темир бетон тўсиқ билан тўсилган.
III Олимпиада ўйинлари Американинг Сент-Луис шаҳрида (1904 й.) бўлди. Сент-Луисда ҳам ҳеч қандай махсус спорт иншооти қурилмаган.
IV Олимпиада ўйинлари (1908 й.) Англиянинг Лондон шаҳрида бўлган. Лондон стадиони бизнинг эрамизнинг биринчи олимпиада стадиони ҳисобланиб, унинг трибунасига 70000 томошабин сиққан. Стадионда футбол майдони, югуриш йўлакчаси, велотрек, сув ҳавзаси бўлган.
V Олимпиада ўйинлари (1912 й.) Швециянинг Сиокгольм шаҳрида бўлган. Стокгольмда жуда қулай стадион қурилиб, то бизнинг кунгача сақланиб қолган. Унда футбол майдони ва югуриш йўлакчаси бўлган. Югуриш йўлаги грунтли ер қоплама бўлиб, старт ва финиш чизиғидан ташқари ҳеч қандай белги бўлмаган. Стадион аренаси чим ўтли қопламадан иборат бўлган. Ядро улоқтириш жойи тупроқли бўлиб, спортчи тушадиган жойи чим ўтли қоплама бўлган. Таёқча билан юқорига сакраб тушадиган чуқурлик қипиқ билан тўлдирилган. Сакраш учун қўлланиладиган таёқча бамбукдан ясалган.
5-расм. Антверпен стадиони, Бельгия.
VI Олимпиада ўйинлари (1916 й.) Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиши керак эди. Биринчи империалистик уруш туфайли навбатдаги олимпиада бўлмаган. Аммо немислар Грюневалдега стадион қурганлар. Стадиондаги футбол майдони 120мх70м, югуриш йўлаги 600 метр, мототрек эса 600 метрни ташкил қилган. Стадион жуда ноқулай бўлганлиги сабабли, кейинчалик қайта таъмирланган.
VII Олимпиада ўйинлари (1920 й.) Бельгиянинг Антверпен шаҳрида бўлган. Антверпен стадионининг узун ёй шаклидаги трибуналари ўзига 60000 томошабинни сиғдирган (5-расм). Трибунанинг ғарбий қисмида томошабинни ёмғирдан ҳимоя қилувчи мослама бўлган.
VIII Олимпиада ўйинлари (1924 й.) Франциянинг Париж шаҳрида бўлган. Олимпиада учун “Коломб” стадиони қурилган. Стадионда 450 метрли югуриш йўлаги бўлиб, бу спортчилар учун ноқулай бўлган. Шу сабабли бошқа фойдаланилмаган. “Коломб” стадиони йирик спорт комплекси бўлиб, унда асосий спорт майдони, сузиш ҳавзаси, теннис корти, ҳар хил машқ қилиш ва ёрдамчи спорт иншоотлари бўлган.
IX Олимпиада ўйинлари (1928 й.) Голландиянинг Амстердам шаҳрида бўлган. Амстердам стадионида асосий бош аренадан ташқари футбол майдони ва 7000 ўринли теннис корти, 50 м х 18 м ли сузиш ҳавзаси ва ҳар хил спорт билан шуғулланиш учун майдончалар бўлган. Асосий спорт майдони ёнида кураш, гимнастика, қиличбозлик ва бокс учун спорт заллари жойлашган. Стадион ҳудудида енгил автомашиналар ва велосипедлар учун туриш жойи ҳам бўлган. Асосий спорт аренаси трибунасига олдинига 40000 томошабин сиғиб, ундан 16000 нафари туриб томоша қилган. Кейинчалик трибунадаги ўтириш жойлари 60000 га етган. Трибуна ости бўшлиғига ёрдамчи спорт иншоотлари жойлаштирилган.
X Олимпиада ўйинлари (1932 йил) Американинг Лос-Анджелес шаҳрида бўлган. X Олимпиада учун жуда йирик 100000 ўринли Лос-Анджелес стадиони қурилган. Унинг аренасида 105x70 метрли футбол майдони, атрофида 400 метр ва 450 метрли югуриш йўлаги бўлиб, асосий майдондан ташқари очиқ сузиш ҳавзаси ҳам қурилган.
XI Олимпиада ўйинлари (1936 й.) Германиянинг Берлин шаҳрида бўлган. Бу олимпиадада Греневалд стадиони вайронаси ўрнига 100000 ўринли Берлин стадиони қурилган ерда биринчи марта сопол аралашмасидан югуриш йўлаги қурилган, унда Д.Суэнс 100 м ли масофани 10,2 сек югуриб ўтган. Берлин стадиони 90 га (гектар) майдонни эгаллаб, унда асосий спорт майдонидан ташқари очиқ сузиш ҳавзаси, гимнастика заллари, футбол майдони ва машқ қилиш майдонлари бўлган.
XII Олимпиада ўйинлари (1940 й.) Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида бўлиши керак эди, аммо бўлмаган.
XIII Олимпиада ўйинлари (1944 й.) Англиянинг Лондон шаҳрида бўлиши керак эди. Иккинчи жаҳон уруши сабабли олимпиада ўтказилмаган.
XIV Олимпиада ўйинлари (1948 й.) Англиянинг Ломдон шаҳрида бўлиб ўтди. Олимпиада учун алоҳида стадион қурилмаган, сабаби иккинчи жаҳон уруши мамлакатни иқтисодий қийин аҳволга олий келган.
XV Олимпиада ўйинлари (1952 йил) Финляндиянинг Хелсинки шаҳрида бўлган. Хелсинкидаги Олимпиада стадиони 1940 йилдан 1952 йилгача қурилган. Асосий спорт майдонлари трибунасига 60000 томошабин сиғган.
Спорт аренасида 105x70 м ли футбол майдони, 400 м ли сопол қопламали югуриш йўлаги ва яна очиқ сузиш ҳавзаси, катта спорт зали, шуғулланиш майдонлари, енгил атлетика ядролари бўлган.
6-расм. Римдаги Олимпия стадиони
XVI Олимпиада ўйинлари (1956 й.) Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ўтган. Олимпиадагача Мельбурн стадиони қайта таъмирланган.
Темир бетонли трибуналарнинг сони 100000 ўринга кўпайтирилган. Спорт майдонида уч қаторли 400 м ли югуриш йўлаги бўлиб, унинг устки қопламаси Англиядан келтирилган. Аммо унинг сифати унча юқори бўлмагани сабабли, ўйинлардан сўнг, олиб ташланган.
XVII Олимпиада ўйинлари (1960 й.) Италиянинг Рим шаҳрида бўлган. Олимпиадагача Римнинг ҳар бир районларига ҳар хил спорт иншоотлар, ҳамма спорт турлари учун комплекслар курилиб битказилган. Асосий спорт майдони трибунасига 80000 томошабин учун ўрин бўлиб, унда 105x70 м футбол майдони, сопол қопламали 400 м ли югуриш йўлаги жойлашган. Рим спорт иншоотларидан ўзининг меъморчилиги ва фойдаланиш жиҳатдан қулай бўлган "Палаццо делло Спорт" ва "Палацетта" ларда ҳозиргача турли спорт ўйинлари, гимнастика ва бокс мусобақалари ўтказилиб келинади.
ХVIII Олимпиада ўйинлари (1964 й.) Япониянинг Токио шаҳрида бўлган. Токиода жуда кўп сонли ўзига хос спорт иншоотлари қурилган. Токио марказида асосий олимпиада шаҳобчалари, асосий стадионлар, Олимпиада боғи жойлашиб, унда ёпиқ спорт майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, бейсбол ва регби учун стадион бўлган. Иккита ёпиқ универсал майдонли Йоглар спорт боғи, Олимпия шаҳарчасидан иборат бўлган. Қолган спорт иншоотлари шаҳардан 20 км ташқарига қурилган. Токио стадиони трибунасига 100000 томошабин сиғган.
XIX Олимпиада ўйинлари (1968 й.) Мексикада бўлган. Мексика Олимпиадасида мусобақалар ўтказиш учун 16 та йирик комплекс марказ ва 27 та машқ қилиш учун комплекс тайёрланган.
XX Олимпиада ўйинлари (1972 йил) ФРГ Мюнхен шаҳрида ўтказилгаи. Мюнхен олимпиадаси шаҳар марказидан атиги 4 км узоқликда ўтказилиб, спорт иншоотлари етакчи техника билан таъминланган эди.
Олимпиада ўйинлари ўтказиладиган территорияни шаҳар ҳиёбонлари ва унча катта бўлмаган канал ўраб турарди. Олимпиада спорт комплекси Мюнхендан бир неча юз метр узоқликда эди. Шунинг учун олимпиада "Олимпиада ўйинларига қисқа йўл" шиори остида ўтказилган.
XXI Олимпиада ўйинлари (1976 йил) Канаданинг Монреал шаҳрида бўлган.
Бу Олимпиада учун бутун бир спорт комплекслари тайёрланиб, унда футбол, ҳар хил спорт ўйинлари ва турлари учун иншоотлар мавжуд бўлган. Енгил атлетика мусобақалари учун, кураш, қиличбозлик, гимнастика заллари, сув ҳавзалари, эшкак эшиш учун спорт комплекслар қурилиб битказилган.
XXII Олимпиада ўйинлари (1980 йил) Москвада ўтказилган. Олимпиада ўтказиш муддати қисқа бўлиб, уй-жой, ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши миқдорини пасайтирмасдан 70 та олимпиада шаҳобчаси қурилган ва қайта таъмирланган. Улардан энг йириги: "Олимпийский" спорт комплекси, Крилатский ёпиқ велотреки, Олимпия шаҳарчаси, Останкинодаги телекомплекс, Измайловдаги меҳмонхона комплекси ва бошқалар. Парус спорт бўйича олимпиада мусобақаларини Таллинда ўтказишга юқори даражада тайёрлик кўрилган. Футбол бўйича дастлабки тур ўйинлар Санкт-Петербург, Минск ва Киев шаҳарлардаги стадионларда ўтказилган.
XXIII 1984 йил Лос-Анжелесда - Халқаро Олимпия Қўмитаси XXIII Олимпиада ўйинларини АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказишга қарор қилди.
XXIV Олимпиада ўйинлари 1981 йил 30 сентябрда Сеулда ўтказилиши эълон қилинди. Аҳоли сони жиҳатидан жаҳонда олтинчи ўринда турадиган Жанубий Қурия (42 миллион) пойтахти Сеул мамлакатининг юраги, давлатнинг сиёсий, молиявий, дипломатик, илмий ва маданий маркази ҳисобланади. Сеулда 1981 йилдан бошлаб жуда кўп янги спорт иншоотлари қурилди. Шу жумладан, чиройли Олимпия стадиони қурилиб ишга топишрилди. Бундан ташқари кўп эски стадионлар қайта реконструкция қилинди ва таъмирланди.
1988 йилдаги Олимпияда 159 мамлакатдан 9633 спортчини қабул қилди. Улар орасида Ўзбекистондан ҳам 9 нафар спортчи бор эди. Вакилларимиз спортнинг 9 тури бўйича беллашдилар. Уларнинг деярли барчаси совриндор бўлишди. Тадбирларда жами 8757 нафар журналист жалб қилинди.
XXV ёзги Олимпиада ўйинлари Испаниянинг энг йирик шаҳарларидан бири Барселонада бўлиб ўтди. Бу шаҳарга 173 мамлакатдан 15,5 мингдан ортиқ вакил ташриф буюрди. Улар орасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг 654 дан ортиқ вакили бор эди. Бу Олимпиадада Ўзбекистондан 17 спортчи иштирок этди. Улар спортнинг 8 тури бўйича беллашдилар.
Маълумки, жаҳон спортчиларининг маҳорати кун сайин ошмоқда. Ёшлар ўртасида спортга қизиқиш ўсмоқда. Халқаро спорт мусобақалари фақат спортчилар ёки мутахассисларнигина эмас, балки йирик давлатларнинг ҳам шон-шуҳратини оширмоқда.
XXVI Олимпия ўйинлари 1996 йилда Атланта (АҚШ) шаҳрида бўлиб ўтди. Мусобақалар замонавий олимпиада ҳаракатининг 100 йиллигига бағишланди. Бу ўйинларни ўтказиш учун янги спорт иншоотлари ишга туширилган. Бир неча стадионлар реконструкция қилинди ва таъмирланди.
АҚШнинг Атланта шаҳридаги Олимпия стадионида янги аср олди ўйинлари машъаласи ёндирилди. Ўт олдириш таниқли боксчи Муҳаммад Али (Кассиус Клей)га топширилди.
Олимпия ўйинларида баъзи нохуш ҳолатлар рўй берди. Террорчилар яширган бомбанинг портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 110 киши жароҳатланди.
XXVII Олимпиада Сиднейда бўлиб ўтди ва XX асрнинг сўнгги Олимпиадасидир.
Австралияда Олимпия ўйинлари биринчи марта 1956 йили ёз даври бошида ўтказилган эди. Айнан шу вазият деярли жаҳоннинг ҳамма етакчи жамоаларининг олимпия ўйинлари олди тайёргарлиги жадвалини тубдан ўзгартиришга мажбур қилди. XVI Олимпияда ўйинларига қурилган барча спорт иншоотлари қайтадан реконструкция қилинди ва янги спорт иншоотлари қурилди.
XXVII Олимпия ўйинлари Сиднейда (Австралия) 2000 йилнинг 15 сентябридан 1 октябригача ўтказилди. Бу вақтда об-ҳаво шароитлари ҳам олимпия терма жамоалари учун қулай ва одатий эди.
Олимпия шаҳарчаси 100 гектар майдонни ташкил этган. Янги спорт иншоотлари қурилди, эскилари эса таъмирланди.
АДАБИЁТЛАР
-
М.М. Султонова, Н В Янченко. Спорт иншоотлари назарияси, шакли ва ўлчамлари.Тошкент.1994й.
-
Ю.А.Гагин. Спортывние сооружения. Учебник для ИФК.М,ФиС,1976г.
-
М.С. Ходжаев, А.А.Толаметов, А.М. Нурмухамедов, Ж.Х.Умаров. Спорт иншоотлари:Ўқув қўлланма жисмоний тарбия институтлари ва университетларнинг жисмоний тарбия факулътетлари талабалари ва магистрлари учун .ЎзДЖТИ. 2007й
-
А.В. Никалаенко, спортивные сооружения: Учебное пособие для студентов факулътетов физического воспитания пед. Институтов,М., «Просвещение», 1976г.
-
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун,1992й
-
Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонуни,1997й.
-
Табелъосновного спортивного,хозяйственного оборудования и инвентаря.М,1973г.
-
А.Галли и др. Селъкий спортивный комплекс. М,ФиС,1972г.
-
В.И.Корбут и др. Оказание услуг по физической кулътуре и спорту населению на спортивных сооружениях в условиях рынка из опыта РСТО «Пахтакор», «Буревестник», гребная база УзГосИФК. Учебно-метод. Пособие.Ташкент.1992г.
-
И.Нурмухамедов. Б.М.Филатов. Ценообразование на спортивных сооружениях в условиях перехода к рыночной экономике. Метод. Реком. Ташкент, 1992 г.
Достарыңызбен бөлісу: |