Таълимга ёндашув
-
Болани китобларни йиртмасликка, улардан тартибли фойдаланишга ўргатинг.
-
Топшириқни бажариш учун ранг, материал ва усулни танлашда ёрдам беринг.
-
Кўргазмали намунадан фойдаланинг.
-
Расмлари бўяладиган китобчалар ва оддий нарсаларни йиғишни таклиф қилинг.
-
Болаларга изчиллик билан мунчоқларни йиғиш ва ипга теришга рухсат беринг.
-
Бола оғзига майда нарсаларни солмаслигини кузатинг.
-
Болага кийиниш жараёнида фаол иштирок этиш, кийим тугмачаларини тақиш ёки ечиш, пойафзал ипларини боғлашга имкон беринг.
-
Болага қалам билан чизиқ чизишга имкон беринг.
-
Болани ҳуштак бўйича сув солинган идишни очиш ва ёпиш, унга сув тўлдиришга рухсат беринг.
-
Болага шиша қопқоғини бурашга рухсат этинг.
-
Болага кун давомида умумий фойдаланишдаги буюмларни бошқаришга ижозат беринг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар (учлари думалоқлашган қайчи) бола учун хавфсиз бўлиши лозим.
-
Машғулотларни ўтказиш вақтида гигиена талабларига риоя қилинг
КИЧИК СОҲА: СЕНСОМОТОРИКАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Талаб
-
Бола сезги органлари ёрдамида ўз ҳаракатларини тартибга солишга қодир.
Индикатор
-
Тўп полга, деворга урилганидан сўнг уни илиб олади; тўпни ўнг ёки чап қўли билан қайтаради; тўпни полда думалатади.
-
Мусиқа асбобининг овозига тақлид қилади.
-
Бўйнини бурмасдан туриб, кўзлари билан буюмнинг кетидан кузатиб боради.
Таълимга ёндашув
-
Болага тўпни икки қўли билан баландга кўтариб туриш ва маълум нишонга (сават, челак ва ш.ў.) отишга имкон беринг.
-
Болага бўйнини бурмасдан кўзларини чап ва ўнг томонга ҳаракатлантиришни таклиф қилинг.
-
Болани айрим мусиқа асбобларининг овозига тақлид қилишга рағбатлантиринг.
-
Болага мусиқанинг ўз ноталари ва ўзининг “тили” мавжудлиги тўғрисида айтиб беринг.
-
Буюмлар турлича ёритилгани учун бошқача кўринишга эга бўлишига боланинг эътиборини қаратинг. Болага ёруғлик ва соя тўғрисида сўзлаб беринг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Боланинг кўзлари жароҳатланиш, ёрқин қуёш, чанг ва қум тушишидан асранг.
-
Бола гавдасини қандай тутишини қатъий кузатиб туринг.
КИЧИК СОҲА: МАДАНИЙ-ГИГИЕНИК КЎНИКМАЛАР
Талаб
-
Бола ўзини парваришлаш ва маданий-гигиеник кўникмаларни орттиришга қодир
Индикатор
-
Пойафзални ўзи кияди, ипларини ҳам ўзи боғлашга ҳаракат қилади.
-
Эслатишсиз юзини ва қўлларини совунлаб ювади.
-
Тиш чўткасидан фойдаланиб тишларини тозалашни билади.
-
Қошиқ ва санчқидан фойдаланиб, тартибли овқатланади.
-
Дастрўмолча ва ҳожатхона қоғозидан фойдаланади.
-
Ўйнагандан кейин ўйинчоқларни ўз жойига олиб қўяди.
-
Кўзгуга қараб, кийим, соч турмагидаги тартибсизликларни жойига келтиради.
-
Овқатлангандан сўнг оғзини чаяди.
-
Чўмилишни ёқтиради, ташқи муҳит омилларини фаол қўллайди (қуёш, ҳаво, сув).
-
Йўталганда, аксирганда оғзи ва бурнини дастрўмол ёки салфетка билан бекитади.
Таълимга ёндашув
-
Шахсий ўрнак кўрсатинг.
-
Ўйнаш пайтида болани ўргатинг.
-
Болага гигиена тўғрисидаги китобнинг расмларини томоша қилишни таклиф этинг.
-
Бадиий адабиёт ўқиб беринг («Мойдодир», «Киркитвой ва Иркитвой» ва ш.ў.).
-
Оддий топшириқларни бажариши сари гигиена бўйича ҳам топшириқларни аста-секин қўшиб боринг.
-
Бола билан озиқ-овқат маҳсулотларни муҳокама қилинг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Тишларни бир кунда кўпи билан икки марта (эрталаб ва кечқурун уйқудан олдин) тозалаш лозим.
-
Сочиқ ва ўйинчоқлар учун мўлжалланган жавонлар барқарор туриши ва боланинг ҳаёти учун хавф туғдирмаслиги лозим.
СОҲА: ИЖТИМОИЙ- ҲИССИЙ РИВОЖЛАНИШ
КИЧИК СОҲА: ИЖТИМОИЙ РИВОЖЛАНИШ
Талаб
-
Бола ўзига таниш ва нотаниш кишиларни ажрата олади.
-
Бола бошқа болалар ва катталар билан мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш қобилиятига эга.
Индикатор
-
Оила аъзоларига нисбатан илиқ муносабатларни намоён этади, уларнинг илтимосларини бажаришга ҳаракат қилади.
-
Ўзининг оиласи ва яқинлари, нималарни яхши кўриши, ёқтирмаслиги тўғрисида сўзлаб бериши мумкин.
-
Таниш яқин катта кишисига ёрдам сўраб мурожаат этади.
-
Нутқдан фойдаланиш асосида мулоқот қилади.
-
Оғзаки кўрсатма бўйича буюмлар билан ҳаракат қилади.
-
Каталар билан жуфтликдаги ўйинларга фаол киришади.
-
Бошқа болалар билан ўйинчоқларини ўртоқлашади.
-
Ўйин вақтида ҳамкорлик қилади, ролларни қандай тақсимлаш ва ўйин мазмуни юзасидан келишади.
Таълимга ёндашув
-
Болада катталарга нисбатан ижобий муносабатни сақлаб туринг.
-
Болани ҳар куни гуруҳ билан биргаликда айрим ҳаракатларни бажаришга жалб қилинг.
-
Бола билан бирга турли расмлар, фотосуратлар, тасвирларни томоша қилинг.
-
Бола билан мулоқот қилаётганда унинг қадр-қимматини ҳурмат қилинг, унинг ҳиссиётларини тушунишга урининг.
-
Болани маданиятга жалб этинг.
-
Бола билан тескари алоқани сақлаб туринг (бошингизни силкитинг, табассум қилинг, бошқа ижобий эътибор белгиларини намоён этинг), ва бу билан “мен сен билан”, “мен сени тушунаман” деб айтаётганингизни унга англатинг.
-
Болани бошқа болалар билан ўйнашларини рағбатлантиринг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Бу ёшда бола ўз муваффақиятсизликларини бошидан оғир кечиради, кўп ҳафа бўлади, жанжаллашади. Болани бундай аҳволда бир ўзини қолдириб бўлмайди.
-
Катталар орқали боланинг руҳий таъсирланиш ҳолатини яхшилашлари лозим
КИЧИК СОҲА: ҲИССИЙ-РИВОЖЛАНИШ
Талаб
-
Бола ўзининг “Мен” концепциясини ривожлантиради.
-
Бола бошқаларнинг ҳис-туйғуларини ажратиш ва ўз ҳиссиётларини ифодалашга қодир.
Индикатор
-
Ўз ҳис-туйғулари ва кечинмаларини ифодалайди («менга ёқади», «мен яхши кўрмайман»).
-
Ўзининг қайси жинсга мансублигини билади ва бу билан боғлиқ вазифаларини тушунади.
-
Ўз тенгдошлари орасида ўзини ажратиб чиқара олади.
-
Ўйинларда ўз зиммасига рол бажаришни олиши мумкин.
-
Ўз ҳаракатлари учун жавоб бера олади («буни мен қилдим»).
-
Кўзгудаги ўзининг аксини таърифлай олади.
-
Ўз она юрти, севимли ўйинчоқлари тўғрисида айтиб беради, халқ анъаналари, урф-одатларига қизиқиш билдиради.
-
Тенгдошининг салбий юриш-туриши билан боғлиқ бўлган ўз кечинмаларини очиқчасига намойиш этади.
-
Яқинлари ва қариндошларининг кечинмаларига нисбатан меҳр-шафқат намоён этади.
-
Жаҳл, қувонч, ҳайрат, ҳафалик каби ҳиссиётларни тушунади.
Таълимга ёндашув
-
Ўзига ишонган ва ишонмаган болани қўллаб-қувватланг.
-
Бола билан доимо тескари алоқани сақлаб туринг ва бутун вужудингиз билан болага “мен сен билан, мен сени тушунаяпман” деб тушунтиринг.
-
Боланинг ҳаракатларни мустақил бажаришини рағбатлантиринг.
-
Бола ижро этадиган маълум роль ўйинларини ташкил этинг.
-
Бола савол беришини рағбатлантиринг, нима кўрганлиги ва нима ёққанлигини сўранг.
-
Боланинг йиғлаётган ёки ҳафа бўлган бошқа болани қўллаб-қувватлашини рағбатлантиринг.
-
Болага бахтиёр бўлишга ижозат беринг, уни нима бахтли ва мамнун қилиши тўғрисида сўзлашинг.
-
Боладан у ёки бошқа бола қачон ўзини ҳафа, хурсанд, ёлғиз ҳис қилганлигини нима учун ўзини шундай ҳис этганлигини айтиб беришни илтимос қилинг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Болани хавфсиз юриш-туриш (иссиқ нарсаларга тегмаслик, ўткир буюмлар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, очиқ дераза токчасида ўтирмаслик, деразадан энгашиб осилмаслик, электр ўтказгичга буюмларни тиқмаслик, нотаниш одамлар билан суҳбатлашмаслик) га ўргатиш.
СОҲА: НУТҚ, ЎҚИШ ВА САВОДГА ТАЙЁРГАРЛИК
КИЧИК СОҲА: НУТҚ
Талаб
-
Бола нутқни тинглайди ва тушуна олади
-
Бола сўзлашиш ва мулоқот юритишга қодир.
-
Нутқ товуш маданиятини тарбиялаш;
-
Луғатни фаоллаштириш;
-
Нутқнинг грамматик тузилишини шакллантириш;
-
Боғланишли нутқни шакллантириш керак.
Индикатор
-
Нутқий мулоқот қилиш, ўз ҳатти-ҳаракатларини тартибга солиш («мен қиламан», «мен ўқийман»), ўзи ва ўз ҳаракатларини баҳолаш («мен яхшиман», «чиройли чиқди»), ўзининг турли эҳтиёжларини қондириш («қўғирчоқни менга бер», «овқат егим келяпти») учун фойдаланади.
-
Уй-рўзғор буюмлари номини билади, табиат ва жамоат ҳаётининг ҳодисаларини айтиб беради, феъллардан фаол фойдаланади.
-
Расмларни, уй-рўзғор буюмларини кўздан кечираётганда уларнинг номлари, вазифалари ва баъзи хусусиятларини билдирувчи сўзларни тўғри ишлатади.
-
Нутқда отларни кўпликда тўғри ишлатади, сифатларни от билан шахс ва сонда мослашувини, феълнинг ўтган ва келаси замонда ишлатади.
-
Ўйинчоқ, буюм ва расм мазмуни бўйича 2-3 та гап туза олади.
-
Ўйинчоқлар, турли буюмлар ва фасллар бўйича тасвирловчи ҳикоя туза олади.
-
Буюмларнинг (кийим, идиш-товоқ, мебель) номини, белгиси ва вазифаларини айтиб, тарбиячининг саволлари ва намуналари асосида кичик-кичик тасвирий ҳикоялар туза олади.
-
Яхши таниш бўлган эртаклар мазмуни бўйича саволларга жавоб беради; расмларга қараб уларнинг асосий мазмунини айта олади.
-
Ҳикояларни тинглайди ва эшитган, кўрганларига нисбатан ўз муносабатини билдиради, қўшимча изоҳлаб беришни сўрайди.
-
Бир неча оддий гаплардан ўз баёнларини шакллантиради.
-
Китобдаги расмларга асосланиб, адабий асарнинг мазмунини сўзлаб беради.
-
Муҳокама қилади ва саволлар беради.
-
Овозли талаффуз асосан шаклланиб бўлган, лекин айрим товушларни талаффуз этишда (Р, Л ва ш.ў.) маълум қийинчиликлар учраши мумкин.
Таълимга ёндашув
-
Нутқни ривожлантирувчи муҳит яратинг.
-
Бола билан нутқни ривожлантирувчи машқларни ўтказинг, дидактик ўйинларни ўйнанг.
-
Болага турли расмлар, альбомларни кўрсатинг.
-
Бола билан бирга тавсифловчи ҳикояларни тузинг.
-
Бола эртакларни тинглашга рағбатлантиринг.
-
Болани бошқа одамлар билан ролли ўйинларини ўйнашга рағбатлантиринг.
-
Болага овоз чиқариб ўқинг.
-
Болага кўпроқ қизиқарли ва кулгили ҳикояларни айтиб беринг.
-
Шеърларни ёдлаб олишга рағбатлантиринг.
-
Болани яқин атрофидаги нарсалар тўғрисида сўзлаб беришга рағбатлантиринг.
-
Имкон бўлганда доимо болани суҳбатларга жалб этинг.
-
Болани кўрган ва эшитганларига нисбатан ўз муносабатини билдириш ҳамда ўзи тушунган нарсаларни баён этишга рағбатлантиринг.
-
Болага ҳикоялар, эртакларнинг боши, энг муҳим жиҳатларини ажратишга ёрдам беринг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Болага тақдим этиладиган материал унинг ёш хусусиятларига мос келиши лозим.
-
Болани сўзлашишда шошилтириш мумкин эмас.
-
Бу ёшда ҳиссиётлар нутқдан устун туради, шунинг учун бола ўзининг нутқдаги билим ва кўникмаларини намойиш этаётганда, унинг қўлига бирон буюм бериш керак (копток, ўйинчоқ ва ш.ў.).
КИЧИК СОҲА: ЎҚИШ ВА САВОД МАЛАКАЛАРИНИ ЭГАЛЛАШ
Талаб
-
Бола босма материалларга қизиқиш билдиради, ҳарфлар ва рамзларни ажрата олади.
-
“Сўз”, “Товуш” сўзларини тушунади.
-
Бола ёзиш кўникмаларига ўрганади.
Индикатор
-
Китобдаги расмларга асосланиб, адабий асарнинг мазмунини айтиб беради.
-
Асарнинг бир парчасини тинглаб, бу қандай асарлигини айтиб беради.
-
Шеърларни ёддан ўқиб беради.
-
Расмга қараб, сўз бирикмалари, 2-3 та сўздан иборат гап тузади.
-
Атрофдаги муҳитда босиб чиқарилган рамзлар/сўзлар, логотипларни танийди.
-
Кичикроқ ёшдаги болалар ёки ўйинчоқлар учун китоб “ўқиб” бераётганини намойиш этади (тақлид қилади).
-
Унга ўқиб бераётганида саҳифада горизонтал йўналиш бўйлаб кузатиб боради.
-
Расмларнинг маъносини англаб олади.
-
“Сўз”, “Товуш” сўзларини тушунади ва ўйинларда, амалий машқларда қўллай олади. (“Нима қандай овоз чиқаради?” таълимий ўйини).
-
Сўздаги товушларни тўғри талаффуз этади.
-
Оддий чизиқлар, илгаклар, белгилар нусхаларини кўчиради.
-
Ўзининг атрофидаги объектлар ёки одамлар (мушук, ит, бува, буви ва ш.ў.) расмини чизади.
Таълимга ёндашув
-
Гуруҳда болалар адабиётидан иборат кичик кутубхонани ташкил этинг.
-
Қўғирчоқ театрларини тез-тез ташкил этиб туринг.
-
Болани турли хилдаги адабиётлар билан таништиринг: наср, шеърлар, ҳикоялар.
-
Болани айрим босма сўзлар/рамзларни танишга рағбатлантиринг.
-
Ривожлантирувчи муҳитни яратинг (юзаси дағал ҳарфлар, ёзиш учун турли мосламалари мавжуд бўлган қумли қутича).
-
Зарур бўлганда яхшироқ чизишга болага ёрдам беринг.
-
Болани варақда ёзилганларни кўчиришга ёрдам беринг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Агар бола ёзиш ва ўқишни ҳоҳламаса, уни бунга мажбурламанг.
-
Кўриш гигиенасига амал қилинг.
-
Болани расм чизишга ва унга маълум объектларда расм чизиш бўйича йўриқ беринг.
Соҳа: Билиш жараёнининг ривожланиши.Атроф оламни ўрганиш ва уни англаш
Кичик соҳа: Элементар математик кўникмалар ва билимлар
Талаб
-
Бола миқдор, сонлар ва санаш, геометрик шакллар тўғрисидаги ўз билимларини намойиш этади.
-
Бола фазода мўлжал олиш ва вақт бўйича илк тушунчаларга эга.
Индикатор
-
“Кўп” ва “битта” буюмларни ажратади, "кўп", "кам", "тенг", "шунча" сўзларининг маъносини тушунади.
-
Теварак-атрофдан битта ва кўп ўхшаш буюмларни топа олади.
-
Буюмлар ўлчамини айтади, “катта”, “кичик” сўзларининг маъносини тушунади. барча қизил, катта, кичик, юмалоқ ва бошқа буюмларни ажратишни билади.
-
Доира, квадрат, учбурчак, тўғри тўртбурчак, овал шаклларини бир-биридан фарқлайди.
-
Шар, куб, цилиндрларнинг номини айта олади ва уларни фарқлайди.
-
5 гача санайди ва 5 тагача бўлган икки гуруҳдаги буюмлар сонини таққослайди.
-
Буюмларни баланд-паст, узун-қисқа, қалин-юпқалигига кўра фарқлайди.
-
У ёки бу буюмнинг ўзига нисбатан жойлашувини сўз билан ифодалай олади, “яқин-узоқ”,“орқада-олдинда”,“тепада-пастда”,“чапда-ўнгда”сўзларини тушунади.
-
Сутка қисмлари (кун,тун, эрталаб,кундузи, кечқурун)ни фарқлайди.Кеча, бугун, эртага,тез, секин каби вақтни ифодаловчи сўзларни тушунади, нутқда қўллайди.
-
“Лего” туридаги бўлаклардан содда модел йиғади ва 5-8 та қисмлардан пазллар ясайди.
-
Қоғоздан буклаш йўли (оригами) орқали содда шаклларни ясайди;
Таълимга ёндашув
-
Мулоқот, ўйнаш вақтида болани сонлардан фойдаланишга рағбатлантиринг.
-
Бола буюмларнинг белгилари, ўлчамлари, оғирлиги ва бошқа хусусиятлари бўйича саралайдиган ўйинларни ташкил этинг.
-
Боланинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олинг.
-
Бир буюм ўрнига бошқа буюмдан фойдаланишни талаб қиладиган ўргатувчи машғулот, ўйинларни ўтказинг.
-
Болага буюмларни кузатиш, уларнинг жойлашуви, белгилари, ўлчамларига эътибор қаратишга имкон беринг.
-
Болани буюмлар тўғрисида “кўпроқ ёки камроқ” нуқтаи назаридан ҳикоялаб беришга рағбатлантиринг (Масалан, олмалар, қўғирчоқлар кўпроқми ёки камроқми, баландлиги бўйи каттароқми ёки кичикроқми, масофа узонроқми ёки қисқароқми).
-
Боладан буюмларнинг ўлчами, шакли ва рангини солиштириш ва уларнинг ўртасидаги тафовутлар тўғрисида айтиб беришни илтимос қилинг.
-
Болага осон топшириқлар беринг (пастга қара, полдаги ўйинчоқларни йиғ).
-
Болага икки-уч ҳаракатлардан иборат топшириқ беринг (масалан: столнинг олдига бор, китобни ол ва тегишли саҳифасини варақлаб оч).
-
Болага қуйидаги савол билан мурожаат этинг: “Ўнг томонингда нима жойлашган?”
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Болаларнинг индивидуал хусусиятлари ва болалар эгоцентризмини эътиборга олинг.
Кичик соҳа: Атроф оламни ўрганиш ва уни англаш
Талаб
-
Бола жонли ва жонсиз оламни кузатади, таърифлаб беради.
-
Бола одам танасининг қисмларини ўрганади.
Индикатор
-
3-4 хил дарахтлар, 2 хил ўт,ўсимликларнинг номини билади.
-
Йилнинг барча фасллари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари (ёз иссиқ, қиш совуқ, қор ёғади) тўғрисида тасаввурга эга.
-
Эрталаб, кундузи, кечқурун, кечаси сўзларининг маъносини ҳамда катталар ва болалар сутканинг турли вақтида қандай ҳаракат қилишларини тушунади.
-
Оддий тажрибага асосланиб, буюмларни ўрганади (чўкади-чўкмайди, узилади-узилмайди).
-
Уй ва ёввойи ҳайвонлар боласининг номини айта олади.
-
Йиртқичлар ва қушларни ажратади.
-
Жонли оламга таъсир кўрсатадиган кўпгина омилларни айтиб беради (озуқа, сув, нур).
-
Сайр қилиб юрганда топиб олган турли буюмларни тўплайди.
-
Жонсиз оламнинг хусусиятларини ажратади (тош қаттиқ, қум сочилувчан)
-
Ўзининг кўринишини таърифлаб беради.
-
Тана қисмлари (тирсак, ияк, елка каби) қаерда жойлашганлигини кўрсатади.
-
Одам шаклини чизади.
-
Материал номи (дарахт, қоғоз, шиша, лой), хусусиятлари (мустаҳкам, қаттиқ, юмшоқ) ни айтади.
-
Яхши таниш бўлган буюмларни гуруҳларга ажратади (чой ичиш, овқатланиш идишлари ва ш.ў.), туркумлаштиради (сабзавотлар, мевалар, мебель).
Таълимга ёндашув
-
Болани унинг атрофидаги муҳитни ўрганиш, кузатиш, ўз фикрини билдириш ва саволларни беришга одатлантиринг.
-
Бола билан биргаликда жонли ва жонсиз табиат объектлари кетидан кузатинг.
-
Бола биргаликда уй-рўзғор ишларини бажаришга жалб қилинг.
-
Бола табиий материаллардан (қум, сув) фойдаланиб, ўйинларни ўйнашга рухсат беринг.
-
Болани боғда ишлаш, турли ишларда иштирок этиш, ўсимликларни суғориш, ер юмшатиш, ҳайвонларни (боқиш, совуқдан ҳимоялаш) парваришлашга ўргатинг.
-
Болани сайр қилиш вақтида янги буюмларни ўргатишга ҳаракат қилдиринг.
-
Болани ташқи кўриниш, ички органларни таърифлаб беришга (менинг юрагим қаерда) рағбатлантиринг.
-
Болага ички органлар қаерда жойлашганлигини кўрсатинг ва тушунтиринг.
-
Бунинг тўғрисида турли оддий матнларни ўқиб, ҳикоя қилиб беринг.
-
Валеология бўйича кўргазмали материаллардан фойдаланинг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Муайян муҳит бола “кўз-қўл” маконида яшаш имкониятини таъминлаши лозим.
-
Болалар барчасига эга бўла олишлари ва айни пайтда болалар учун хавфсиз бўлиши лозим.
-
Болалар ўз тажрибаларини фақат катталар иштирокида ўтказишлари керак. Барча ҳайвонлар ҳам бир хилда ёқимли бўлмаслиги, уларнинг айримлари ёпишиши, тишлаб олиши мумкинлигини ва шунинг учун улар билан муомала қилишда эҳтиёт бўлиш кераклигини тушунтиринг.
КИЧИК СОҲА: ИЖОД
Талаб
-
Бола турли товушлар ва овозларни ажрата олади.
-
Бола мусиқий фаолиятга қизиқиш билдиради.
-
Бола кўргазмали фаолиятда иштирок этишга қизиқиш билдиради.
Индикатор
-
Турли хил транспорт воситалари (юк машинаси, мотоцикл, вертолёт) нинг овозини ажратади ва айтиб беради.
-
Радио, ТВ ва СД орқали севимли мусиқани бажонудил тинглайди.
-
Таниш куйларни бажонудил тинглайди ва куйлайди.
-
Айрим чолғуларни фарқлайди.
-
Товушларни тембри, баландлиги ва регистрига кўра фарқлайди.
-
Мустақил равишда телевизор, компьютер, магнитофонни ёқади ва ўчиради.
-
Рангли бўёқлардан фойдаланади ва рангларни мустақил равишда аралаштиради.
-
Ўйин пайтида бола айрим нарсаларни тасаввур қилади ёки уларни таърифлаб беради.
-
Янги ўйинларни яратади ва ҳикояларни ўйлаб топади.
Таълимга ёндашув
-
Бола транспорт воситалари овозларига тақлид қиладиган ўйинларни ташкил қилинг.
-
Бола радио,телевизор ва компакт-диск орқали унинг севимли куй, қўшиқларини тинглашига имкон беринг.
-
Болани таниш ашулаларни айтишга унданг.
-
Мусиқали машғулотлар учун муҳит яратинг ва болалар билан бирга ашула айтинг.
-
Бола мустақил равишда ашула айта олиши мумкин бўлган ўйинларни ташкил қилинг.
-
Куйларнинг мазмунини изоҳлаб беринг.
-
Болани ранг-баранг бўёқлар билан таъминланг ва аралаштиришга ёрдам беринг.
-
Болани ролли ўйинларга жалб этинг ва тасаввурларини ривожлантиришга ёрдам беринг.
-
Боладан ҳикоянинг янги якунини ўйлаб топишни илтимос қилинг.
-
Бола учун у тажриба ўтказиши ва таассуротларини қўллаши мумкин бўлган муҳитни яратинг.
-
Болани оддий муаммоларни ҳал қилишда ижодий қарорларни қабул қилишга рағбатлантиринг.
Хавфсиз яшаш ва ҳаракатланиш
-
Бола техник воситалардан эҳтиёткорлик билан фойдаланишини кузатинг ва эҳтиётсизлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтиринг.
5 ЁШДАН 7 ЁШГАЧА БЎЛГАН БОЛАЛАРНИНГ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ
СОҲА: Жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена
КИЧИК СОҲА:Йирик моторикани ривожлантириш
Талаб
-
Бола ўз танасини бошқара олади (мувозанат сақлайди).
-
Бола ўз танасининг қисмларини бошқара олади.
-
Бола мувофиқлашган тартибда ва мақсадли равишда ҳаракатлана олади.
-
Асосий ҳаракат машқларини (юриш, югуриш, думалатиш, ирғитиш, илиб олиш, эмаклаш ва тирмашиш мувозанат сақлаш машқларини бажара олади).
-
Энгашиб, тик туриб юра олади.
-
Турли ҳолатдаги югуриш машқларини бажара олади.
-
Югуриш тезлиги, мувозанат, йўналишни сақлаган ҳолда югура олади.
-
Сакраш машқларини бажара олади.
-
Тўсиқлар ичидан эмаклай олади.
Достарыңызбен бөлісу: |