276-модда. Қайта ташкил этилганда солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари
Юридик шахс қайта ташкил этилганда унинг солиқ мажбурияти ушбу моддада белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, ушбу Кодекснинг 92-моддасига мувофиқ ўзининг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан бажарилади.
Юридик шахс қайта ташкил этилганда, қайта ташкил этиш шаклидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга қўйилган ва (ёки) ушбу шахс томонидан товарларни (хизматларни) олишда (олиб киришда) тўланган, лекин у томонидан ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган солиқ суммаси ушбу бўлимда назарда тутилган тартибда ушбу юридик шахснинг ҳуқуқий ворисида, агар ҳуқуқий ворис солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳисобга олиниши лозим.
Солиқ суммаларини ҳисобга олиш қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси томонидан қайта ташкил этилган юридик шахс товарларни (хизматларни) олганда, унга тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар асосида, шунингдек ҳуқуқий ворис товарларни (хизматларни) олганда унга тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар асосида амалга оширилади. Солиқ суммаларини ҳисобга олиш қайта ташкил этилган юридик шахс томонидан товарлар (хизматлар) олиниши билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича қарз ҳуқуқий ворисга ўтказилганидан кейин тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.
Агар қайта ташкил этилган шахс ушбу Кодекснинг 274-моддасига мувофиқ солиқнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлса, лекин солиқнинг ўрни қопланиши лозим бўлган суммаси қайта ташкил этиш тугаллангунига қадар унга қопланмаса, кўрсатилган солиқ суммасининг ўрни унинг ҳуқуқий ворисига қопланади.
Агар юридик шахс қайта ташкил этилганда унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) солиқ тўловчи бўлмаса, қайта ташкил этилаётган шахс ушбу бўлимда белгиланган тартибда солиқни ҳисобга олиш учун қабул қилинган солиқ суммасига тузатиш киритишни амалга ошириши керак.
277-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб киришда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан товарларни олиб чиқишда солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари
Товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда солиқ солиш танланган божхона режимига қараб, қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) товарлар эркин муомалада бўлиш (импорт) учун чиқариш божхона режимига жойлаштирилганда солиқ тўлиқ ҳажмда ҳисобланади;
2) товарлар реимпорт божхона режимига жойлаштирилганда солиқ тўловчи ушбу Кодексга мувофиқ товарлар экспорт қилинганда тўлашдан озод этилган солиқ суммаларини ёхуд унга товарлар экспорт қилинганлиги туфайли қайтариб берилган суммаларни тўлайди. Санаб ўтилган суммаларни тўлаш божхона тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган тартибда амалга оширилади;
3) товарлар транзит, божхона омбори, реэкспорт, бож олинмайдиган савдо, эркин божхона ҳудуди, йўқ қилиш, давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига, шунингдек ғамлаб қўйилган нарсалар божхонада декларация қилинганда солиқ тўланмайди;
4) товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилганда, башарти қайта ишлаш маҳсулотларини муайян муддатда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқилса, солиқ тўланмайди;
5) товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилганда божхона тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган тартибда солиқ тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод этиш қўлланилади;
6) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш маҳсулотлари олиб кирилган тақдирда, солиқ тўлови божхона тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган тартибда амалга оширилади;
қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилганда солиқ тўлиқ ҳажмда тўланади.
Товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилаётганда солиқ солиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан экспорт божхона тартиб-таомилида олиб чиқилаётганда солиқ тўланмайди. Мазкур қоида товарларни кейинчалик экспорт божхона тартиб-таомилига мувофиқ олиб чиқиш мақсадида ушбу товарлар божхона омбори тартиб-таомилига жойлаштирилганда ҳам қўлланилади;
2) товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига реэкспорт божхона тартиб-таомилида олиб чиқилаётганда солиқ тўланмайди, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш чоғида тўланган солиқ суммалари эса солиқ тўловчига божхона тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган тартибда қайтарилади. Мазкур қоида товарлар реэкспорт божхона тартиб-таомилига мувофиқ кейинчалик олиб чиқиш мақсадида божхона омбори божхона тартиб-таомилига жойлаштирилганда ҳам қўлланилади;
3) махсус божхона тартиб-таомилини тугаллаш мақсадида ғамлаб қўйилган нарсалар, шунингдек товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилаётганда солиқ тўланмайди;
4) товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ушбу қисмнинг 1 — 3-бандларида кўрсатилганларига нисбатан бошқа тартиб-таомилларга мувофиқ олиб чиқилаётганда, агар божхона тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона тартиб-таомиллари билан солиқ тўлашдан озод этиш ва (ёки) тўланган солиқ суммаларини қайтариш амалга оширилмайди.
Жисмоний шахслар томонидан шахсий, оилавий, уй-рўзғор эҳтиёжлари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарлар олиб ўтилаётганда, товарлар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганлиги муносабати билан солиқ тўлаш тартиби божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланади.
Достарыңызбен бөлісу: |