Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси



бет1/4
Дата10.06.2016
өлшемі375 Kb.
#127005
  1   2   3   4
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ГУЛИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ

ЎЗБЕК ТИЛШУНОСЛИГИ КАФЕДРАСИ

Холмуродова Зебинисонинг

5220100 – ўзбек филологияси таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун “ ТУРКИЙ ТИЛЛАРДА АЁЛЛИКНИ ИФОДАЛОВЧИ ТЕРМИНЛАР” мавзусидаги

битирув малакавий иши

Илмий раҳбар:

филология фанлари номзоди,

доцент Ҳ.Ёдгоров

Гулистон-2013



Гулистон давлат университети филология факультетининг битирувчиси Бегматова Зебинисонинг “Туркий тилларда аёлликни ифодаловчи терминлар” номли битирув малакавий иши

ҳ а қ и д а

Ўзбек тилшунослигида тармоқ терминлари бирмунча ўрганилган соҳалардан бири ҳисобланади. Бу соҳада кўпинча номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Қариндошлик номлари, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминлар ҳам айрим ишларнинг объекти бўлган. Шундай бўлса-да, ҳозирги ўзбек адабий тилидаги фактларга назар солинса, она тилимиздаги аёлликни ифодаловчи терминларнинг бир қолипга тушмаганлигига, яъни бир термин бир неча қариндошлик тушунчасини ифодалаши ёки муайян терминларнинг жинс, ёш нуқтаи назаридан фарқланмай қўлланилаётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бошқа туркий тилларга назар солсак, уларда бу масалада анчагина тартибга тушган дифференциацияни кўрамиз. Шундай экан, юқорида айтилганлар танланган мавзунинг ўта долзарблигини белгилайди.

Тадқиқотчи ўзи танлаган мавзу бўйича ўзбек тилшунослигида амалга оширилган тадқиқотлар билан имконият даражасида танишган, айниқса, истиқлол даври ўзбек терминологияси тараққиёти билан боғлиқ ҳар бир мақолани ўрганишни назардан четда қолдирмаган.Шу билан бирга, дипломант қирғиз, туркман, қозоқ, қорачой, балқар тиллари лексикологиясига оид адабиётлар билан ҳам танишиб, мазкур тиллар лексикасидаги аёлларга хос бўлган терминларни қиёслаб ўрганиш имконига ҳам эга бўлган. Бу нарса унга танланган мавзунинг ичига чуқур кириб бориш имконини берган.Бундай ишлар тадқиқотнинг 1-бобида ўзининг аксини топган.

Ишнинг иккинчи бобида тадқиқотчи ўзбек тилидаги аёлликни ифодаловчи бир қатор терминлар- она, хола, амма, келин, сингил каби лексемаларни қардош туркий тиллар билан таққослаб, уларнинг умумий ва фарқли томонларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Ишда шу билан бирга, қайнона, келин, сингил каби терминларнинг этимологиясига оид қизиқарли маълумотлар ҳам келтирилган бўлиб, тадқиқотчи бу лексемаларнинг келиб чиқиши, туркий тилларга хос бўлган умумийлик ва фарқли томонларини илмий асослашга ҳаракат қилган.

Тадқиқотнинг хулоса қисмини ўқир экансиз, юқори бобларда билдирилган назарий фикрларнинг ниҳоятда илмий умумлаштирилганлигининг гувоҳи бўласиз.

Мазкур тадқиқот натижаларидан “Лексикология” бўйича машғулотларда, махсус курслар ўқитишда, этимологик луғатлар тузишда фойдаланиш мумкин.

Тадқиқот иши битирув малакавий ишлари олдига қўйиладиган талабларга тўлиқ жавоб беради.Уни бемалол очиқ ҳимояга тавсия этиш мумкин.



Илмий раҳбар: Ҳ.Ёдгоров, филология фанлари номзоди, доцент

Гулистон давлат университети филология факультетининг битирувчиси Бегматова Зебинисонинг “Туркий тилларда аёлликни ифодаловчи терминлар” номли битирув малакавий ишига

т а қ р и з

Тилнинг луғат таркибида шундай қатламлар борки, улар қардош тиллар, шеваларнинг ички тараққиёт қонунлари асосида бирдай ривожланади.Бу хил қатламни ташкил этувчи сўзлар авлоддан-авлодга мерос тарзида ўтади.Мана шундай лексик қатламлардан бири аёлликни ифодаловчи терминлардир.Тилимиз тарихига оид ёзма манбаларга мурожаат қилсак, ҳозирги туркий тиллар ва уларнинг шеваларида учрайдиган аёлликни ифодаловчи номларнинг энг асосийлари шу манбаларда учрайди.

Ўзбек тилининг шева ва диалектлари қариндошлик терминларига, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминларга бой эканлиги маълум.Бугун тилимиз тарихини чуқур ўрганиш, унут сўзларни қайта тиклаш, тилимизнинг гўзаллигини намоён қилиш, пировард натижада халқаро тиллар жаражасига кўтариш олдимизда турган долзарб вазифалардандир.

Шу маънода дипломант Бегматова Зебинисо ўта долзарб мавзуни танлаган.

Иш кириш, икки боб, умумий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.Тадқиқотчи ишнинг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, илмий янгилиги, ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар, ишнинг илмий ва амалий аҳамияти, фойдаланилган методлар ҳақида ўз фикрларини баён қилган.

Тадқиқотнинг биринчи бобида дипломант ўзбек ва қардош туркий тилларда мазкур мавзу бўйича олиб борилган илмий ишлар ҳақида фикр юритган.Мазкур ишлардан ўрин олган жиҳатларни синчиклаб ўрганишга ҳаракат қилган.

Битирув малакавий ишнинг иккинчи бобида ўзбек ва қардош туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи терминлар тўпланган, аниқланган, уларнинг ўхшаш ва фарқли томонлари кўрсатиб берилган.Маълум бўлишича, туркий тилларда аёлликни ифодаловчи терминларнинг умумий томонлари кўпроқ экан.

Дипломант ишнинг хулоса қисмида асосий бобларда билдирилган назарий фикрларни илмий умумлаштириб берган.

Хуллас, дипломант Бегматова Зебинисо ўз олдига қўйган мақсадига эришган.Битирув малакавий иши қўйилган талабларга тўлиқ жавоб беради.Мазкур ишни “аъло” баҳога лойиқ, деб ҳисоблайман.

Тақризчи: Н.Абдувоитова, Боёвут туманидаги

2- мактабнинг она тили ва адабиёт

ўқитувчиси



Гулистон давлат университети филология факультетининг

битирувчиси Бегматова Зебинисонинг “Туркий тилларда аёлликни ифодаловчи терминлар” номли битирув малакавий

ишига

т а қ р и з

Турколог олимлар В.Радлов, А.Севортян, Г.Айдаровларнинг тадқиқотларидан маълум бўлишича, қариндошлик терминларининг пайдо бўлиш илдизлари Урхун-Енисей обидалари даврига бориб тақалади.

Туркий тиллар, хусусан, ҳозирги ўзбек адабий тили ва унинг шевалари аёлликни ифодаловчи терминларга нақадар бойлиги билан ажралиб туради.Қариндошлик терминларини, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминларни тартибга солиш борасида туркий филологияда қатор тадқиқотлар амалга оширилган бўлса-да, ҳали ушбу масалада ечимини кутаётган муаммолар етарли эканлиги кузатишлардан маълумдир.

Шу маънода дипломант Бегматова Зебинисо анчагина оғир ишга қўл урган.Қатор туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи терминларни аниқлаш, тўплаш, умумий ва фарқли томонларини кўрсатиб бериш масъулиятли иш.Шундай бўлса-да, тадқиқотчи бундай ишни имконият даражасида уддалаган.

Дипломант ишни ёритиш жараёнида туркий тиллар лексикасига оид анчагина адабиётлар билан танишишга улгурган.Қирғиз лексиколог олими Б.Юнусалиевнинг “Киргизская лексикология”(Бишкек, 1959), туркман тилшуноси З.Муҳаммедовнинг “Исследования по истории туркменского языка XI-XIV веков”(Ашхабад, 1984), Х.Суюнчевнинг “Карачаево-балкарские и монгольские паралелы”(Черкесск, 1977), О.Доспановнинг “Қорақалпоқ тили Кубла диалектининг лексикаси”(Нукус, 1979) номли тадқиқотлар шулар жумласидандир.

Тадқиқотчи ишда туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи қатор терминларнинг ўхшаш ва фарқли томонларини кўрсатиб берганлиги таҳсинга лойиқдир.

Шу билан бирга, ишда бугунги кунда туб лексема деб қаралаётган бир қатор қариндошлик терминлари,хусусан, аёлликни ифодаловчи терминларнинг илдизлари ўрганилганда, бу луғавий бирликлар ҳам ясама эканлиги аниқ далиллар билан асослаб берилган. Жумладан, келин, қайнона терминларини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Кичик бир тадқиқотда шунча маълумотни тўплаш, ўрганиш ҳазилакам иш эмас.Тадқиқотчи Бегматова Зебинисо ўзининг олдига қўйган мақсадига эришган. Мазкур иш битирув малакавий ишлари олдига қўйилган талабларга тўлиқ жавоб беради.Ишни “аъло” баҳога лойиқ, деб ҳисоблайман ва ДАК дан ҳам шундай баҳолашларини сўрайман.



Тақризчи: И.Пардаева, “Ўзбек тилшунослиги”

кафедраси доценти


РЕЖА

КИРИШ. ТАДҚИҚОТНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ...................


I БОБ. ТИЛШУНОСЛИКДА ҚАРИНДОШЛИК ТЕРМИН-

ЛАРИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ.........................................

II БОБ. АЁЛЛИКНИ ИФОДАЛОВЧИ ТЕРМИНЛАРНИНГ

МАЪНОВИЙ- МАВЗУИЙ ГУРУҲЛАРИ .......................

1-БЎЛИМ. ЎЗБЕК ТИЛИДА ЖИНСНИ ИФОДАЛАШ УСУЛЛАРИ

2– БЎЛИМ. ТУРКИЙ ТИЛЛАРДА АЁЛЛИКНИ ИФОДАЛОВЧИ

ТЕРМИНЛАР.

УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР....................................................................

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР................................................

ШАРТЛИ ҚИСҚАРТМАЛАР:
1.ЎТИЛ - ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ ИЗОҲЛИ ЛУҒАТИ
2.ЎТФИЛ - ЎЗБЕК ТИЛИ ФРАЗЕОЛОГИЗМЛАРИНИНГ

ИЗОҲЛИ ЛУҒАТИ

3.ДЛТ - ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ ТУРК

4.ДДА - ДОКТОРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИ

АВТОРЕФЕРАТИ

5.НДА - НОМЗОДЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИ

АВТОРЕФЕРАТИ


КИРИШ. Тадқиқотнинг умумий тавсифи

Ҳар бир миллат тили терминологияси ўз таркибига ижтимоий жамиятнинг барча касбий фаолият соҳаларига оид махсус лексикани жам этади.Бу ҳолат ўзбек тили терминологиясида ҳам тўлиқ кузатилади.Терминологиянинг шаклланиши ўзига хос қонуниятлар асосида рўй беради.Бунда жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳолати, тараққиёти муҳим саналади.Чунки ҳар бир миллатнинг турмуш тарзи, ўтмиши, хусусан, фани, маданияти, маънавияти бир хилда бўлмаганидек, унга уйғун тарзда, тил тараққиёти ҳам фарқланади.Бир сўз билан айтганда, терминология бу миллатнинг ўтмиши ва бугунини кўрсатувчи далилий ашёлардан биридир.Олиб борилган тадқиқотлардан маълумки, ўзбек тили терминологияси тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади.Бу тарихий ҳақиқатни биргина ўзбек тили қариндошлик терминологияси, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминлар мисолида кўриб чиқишимиз ҳам фикримизни тасдиқлайди.Мазкур йўналишда олиб борилган тадқиқотлар ўзбек қариндошлик терминологиясининг, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминлар оддий терминлар йиғиндисидан муайян бир система даражасигача бўлган йўлни босиб ўтганлигини, шаклланиш ибтидосида, биринчи галда, ўз қатлам бирликларининг ўрни беқиёс эканлиги маълум бўлди.

Бугунги кунда ўзбек қариндошлик терминологияси ўзбек адабий тилининг бир бўлаги сифатида ўзининг муносиб ўрнига эга.

Ўзбек тилшунослигида тармоқ атамалари бирмунча ўрганилган соҳалардан бири ҳисобланади. Бу соҳада кўпинча номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Қариндошлик номлари, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминлар ҳам айрим ишларнинг объекти бўлган. Шундай бўлса-да, ҳозирги ўзбек адабий тилидаги фактларга назар солинса, она тилимиздаги қариндошликни ифодаловчи терминларнинг, хусусан, аёлликни ифодаловчи терминлар бир қолипга тушмаганлигига, яъни бир термин бир неча қариндошлик тушунчасини ифодалаши ёки муайян терминларнинг жинс, ёш ниқтаи назаридан фарқланмай қўлланилаётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бошқа туркий тилларга назар солсак, уларда бу масалада анчагина тартибга тушган дифференциацияни кўрамиз. Шундай экан, юқорида айтилганлар танланган мавзунинг ўта долзарблигини белгилайди.



Муаммонинг ўрганилганлик даражаси.

Маълумки, тилшуносликда соҳа терминларининг турли жиҳатларини ёритишга доир анчагина изланишлар олиб борилган. Ушбу муаммоларни тадқиқ этишга тилшунослардан Н.Дмитриев, Н.Баскаков, А.Реформацкий, В.Даниленко, Р.Дониёров, Н.Маматов, С.Иброҳимов, М.Абдиев ва бошқалар муносиб ҳисса қўшдилар. Тилнинг луғат таркибида шундай қатламлар борки, улар қардош тиллар, шеваларнинг ички тараққиёт қонунлари асосида бирдай ривожланади. Бу хил қатламни ташкил этувчи сўзлар авлоддан – авлодга мерос тарзида ўтади. Мана шундай лексик қатламлардан бири қариндош – уруғ номларидандир. Агар биз энг қадимги манбаларга мирожаат қилсак, ҳозирги туркий тиллар ва уларнинг шеваларида учрайдиган қариндошлик номларидан энг асосийларини кўрамиз.

Ўзбек тилининг шева ва диалектларида қариндошлик терминларининг нақадар бой эканлигини А.Ишаевнинг тадқиқотида кўриш мумкин1. Шу билан бирга, тилшунос М.Саидованинг тадқиқоти ҳам қариндошлик терминларига бағишланган. Кейинги йилларда Ўзбекистон жаҳон тиллари университети тадқиқотчиси Г.Раҳимова “Ўзбек тилида қариндошлик номлари“ мавзусида 2 – 3 та мақола элон қилди.

Битирув малакавий ишининг илмий – тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги.

Тадқиқот Гулистон давлат университети “Ўзбек тилшунослиги” кафедрасининг “Халқ тили ва унинг ўзбек адабий тилига миносабати” мавзусидаги истиқболли режаси асосида амалга оширилди. Мазкур мавзу университет Илмий Кенгаши йиғилишида муҳокама этилган ва тасдиқланган.



Тадқиқотнинг мақсади. Тадқиқотнинг бош (асосий) мақсади туркий

_______________

1.Ишаев А.Ўзбек шеваларидаги қариндошлик терминлари.-Ўзбек халқ шевалари луғати.-Т., 1971,320-385 б.

тиллар(ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз, балқар, қорачой)даги аёлликни ифодаловчи терминларни ўрганиш, лисоний таҳлил қилиш, бу соҳадаги барча

лексик бойликларни қамраб олиш ва ҳудудий жиҳатларини аниқлашдан иборатдир.

Тадқиқотнинг вазифалари.

- ўзбек ва бошқа қатор туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи терминларни тўплаш ва лисоний таҳлил қилиш;

- тўпланган терминларини маълум системага солиш ва мавзуий жиҳатдан тасниф қилиш;

- туркий тиллардаги бир қатор аёлларга хос бўлган терминларнинг этимологиясини аниқлаш, уларнинг фарқли томонларини кўрсатиш;

- аёлликни ифодаловчи терминларнинг ясалиш йўлларини тадқиқ этиш;

- туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи терминларининг умумий ва фарқли томонларини ёритиш;

-антропонимларнинг жинсни ифодалашдаги ролини илмий асослаш;

-ўзбек тилида жинсни ифодалашда валентликнинг ўрнини кўрсатиш.



Тадқиқотнинг методик асослари ва усуллари.

Битирув малакавий ишининг методик асосини объект ва унинг номи орасидаги муносабат ҳақидаги диалектик назария, шунингдек, Ўзбекистон давлати олиб бораётган тил сиёсати тамойиллари ташкил қилади.

Тадқиқотнинг илмий қимматини ошириш ва унинг характерига боғлиқ ҳолда ишда:

1. Қариндошлик номларини,хусусан, аёлларга хос бўлган терминларни синхрон тавсифлаш методи қўлланилди. Бу метод ёрдамида ўзбек ва қатор туркий тиллардаги қариндошлик терминларининг тузилиш ҳусусиятлари, бошқа соҳалар ва умумадабий тил лексикасига муносабати, улардаги семантик ўзига хосликлар ҳамда вариантлар аниқланди.

2. Ишда диахроник метод ёрдамида аёлликни ифодаловчи номларнинг келиб чиқиши, уларнинг бирламчи ва қадимий шакллари, тарихий таркиби, семантик боғлиқлик томонлари ўрганилди.

3. Ареал (лисоний – географик) метод асосида аёлликни ифодаловчи номларнинг тарқалиши, ўрганилаётган қардош тиллардаги уларнинг дублет вариантлари тадқиқ қилинди.

4. Қиёсий – тарихий метод асосида аёлликни ифодаловчи терминларнинг қардош тиллардаги ҳолатлари, лисоний тузилиши қиёсланди.

Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар:

- ўзбек ва қардош туркий тилларнинг диахроник ҳолатида сақланиб қолган ва ҳозирги даврда фаол қўлланадиган аёлларга хос бўлган қадимий номларнинг изоҳлари;

-ўзбек ва қардош туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи терминларнинг лексик- семантик хусусиятлари;

- аёлликни ифодаловчи қатор терминларнинг этимологияси ва уларнинг фарқли томонлари;

- антропонимларнинг жинсни ифодалашдаги ўрни;

- ўзбек тилида жинсни ифодалашда валентликнинг ўрни;

-ўзбек ва қардош туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи қатор терминларнинг мавзуий гуруҳлари ўрганилди.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

–Ишда тилшуносликда, жумладан, туркологияда, хусусан, ўзбек тилшунослигидаги қариндошлик терминлари, хусусан, аёлларга хос бўлган терминларга доир асосий тадқиқотлар илмий – танқидий таҳлил қилинди ва илмий умумлаштирилди;

– аёлликни ифодаловчи терминларнинг луғавий – маъновий таснифи берилди;

– ўзбек тили ҳамда қардош туркий тиллардаги аёлликни ифодаловчи терминлар биринчи бор луғавий – маъновий, этимологик жиҳатдан таҳлил қилинди ҳамда бу гуруҳ лексемаларининг ўзига хос хусусиятлари белгиланди;

– туркий тиллардаги аёлларга хос бўлган қариндошлик терминлари лингвистик таҳлил қилинди;

– айрим қариндошлик терминларини тартибга солиш бўйича тавсиялар берилди.



Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти.

Ўзбек ҳамда қардош туркий тиллардаги аёлларга хос бўлган терминларни тилшунослик нуқтаи назардан таҳлил қилиш катта илмий аҳамиятга эга бўлиб, бу тилнинг лексик тизимини зарур материаллар ва адабий тил меъёрларининг лексик бирликлар эвазига бойишини таъминлайди.

Тадқиқотнинг илмий ҳулосалари ўзбек тилининг систем лексикологияси ва лексикографияси бўйича тадқиқотларни янада чуқурлаштиришда, шунингдек, бу соҳаларга оид дарслик ва қўлланмалар яратишда, ўзбек тили терминологик тизимини меъёрлашда назарий қимматга эга. Ишнинг илмий таҳлил ва материаллари ўзбек тили лексикаси ва луғатшунослик, атамашунослиги бўйича бакалавр ҳамда магистратура таълими йўналишларида, махсус курс ва махсус семинар дарсларини ўтиш, соҳавий луғатлар тузишда қўл келади.

Ишнинг синовдан ўтиши . Битирув малакавий иши мавзуси Гулистон давлат университети Илмий кенгашининг 2012 йил сентябр ойидаги йиғилишида муҳокама қилинган. Тадқиқот мавзуси бўйича университет профессор ва талабаларнинг анъанавий анжуманларида маърузалар қилинган.

Битирув малакавий ишининг ҳажми ва тузилиши.

Тадқиқот кириш, икки боб, умумий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Ишнинг умумий ҳажми 90 (қўлёзма) саҳифани ташкил этади.


I БОБ. ЎЗБЕК ТИЛШУНОСЛИГИДА СОҲА ТЕРМИНЛАРИНИНГ

ЎРГАНИЛИШИ.

Термин аслида лотинча “терминус” сўзидан олинган бўлиб, “чек”, “чегара” деган тушунчаларни билдиради.Терминшунос олимлар ҳам унга таъриф беришганда, табиатини характерлашда унинг ана шу луғавий маъносини ҳисобга оладилар.Аммо ўша чек, чегарани белгилаб олишда , ундан англашиладиган тушунчани характерлашда хилма-хилликлар содир бўлмоқда.

Термин ҳамда терминологиянинг у ёки бу долзарб масалалари ечимини топиш фан ва техниканинг тегишли соҳалари учунгина эмас, балки тилшунослик учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Терминология муайян фаннинг тушунчалар тизими билан ўзаро муносабатда бўлган терминлар тизимини ўзида ифода этади.Терминологик тизимлар фан тараққиёти биргаликда ривожланиб бормоқда.

“Терминлар “пайдо бўлиб қолмайди”, аксинча, уларнинг зарурияти англанган ҳолда “ўйлаб топилади”, “ижод қилинади”.Шунингдек, оддий сўздан фарқли равишда, терминнинг маъноси контекстга боғлиқ бўлмайди, махсус сўз-термин ўз терминлик маъносида ва ўз терминологик майдонида қўлланар экан, унинг айни маъноси сақланиб қолаверади.

Ўзбек тилшунослигида бугунга қадар пахтачилик, ботаника, тилшунослик, адабиётшунослик, математика, физика, техника, мусиқа, доришунослик, тиббиёт, кимё, электротехника, халқ амалий санъати турлари ва бошқа соҳаларга доир терминлар лисоний жиҳатдан кенг ўрганилган, уларни тартибга келтириш юзасидан муайян тавсиялар ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳали ўзбек терминологиясининг умумназарий масалалари борасида яхлит бир монографик иш юзага келмаган.Бунинг асосий сабаби, бизнингча, биринчидан, ўзбек тилидаги мавжуд терминологик тизимларнинг шаклланиши, ривожи ва бойиб бориши бир хил эмаслиги бўлса, иккинчидан, баъзи фан соҳалари терминологияларининг ҳалигача яхши ёки умуман ўрганилмаганлигидадир.

Умуман олганда, терминологик тизимлар бошқа тил тизимларидан фарқли равишда илмий тушунчаларни таснифлаш, системалаштириш ва белгилаш жараёнларида юзага келади. Терминологиянинг тизимли эканини тил доирасидан чиқмай туриб асослаб бўлмайди. Терминологиядаги тизимлилик, биринчи навбатда, илмий билимнинг ўзи тизимли эканлиги ва

иерархик тарзда тузилганлиги билан алоқадор. Келтирилиб ўтилган фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “терминология “ ва терминологик тизим” тушунчаларини фарқлаш лозим.

Лекин Б.Н.Головин “терминология” ва “терминологик тизим” ифодаларини “профессионал фаолият соҳаларига алоқадор бир – бири билан тушунчавий, лексик – семантик, сўз ясалиши ва грамматик даражаларда боғланган терминлар мажмуи”ни билдирувчи синонимлар сифатида ишлатишни таклиф қилади. Бошқа муаллифлар эса, аксинча, “терминология” ва “терминологик тизим” тушунчаларини фарқлаш лозимлигини уқтиришади, яъни “терминология” тушунчаси остида стихияли тарзда тўпланиб борувчи терминлар мажмуини, “терминологик тизим” деганда эса инсон билимлари ёки фаолиятининг маълум бир ихтисослашган соҳасини тасвирловчи тушунчалар тизимини адекват ифодаловчи тартибга солинган терминлар мажмуи”ни тушунишни таклиф этишади.

Хулоса қилиб айтганда, олимлар бу тушунчалар ўртасидаги принципиал фарқни терминлар мажмуининг тартибга солинган ёки солинмаганлигида, дея белгилашмоқда. Бошқача айтганда, терминологиянинг терминологик тизимга айланишида унинг тартибга солинганлик омили муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, мустақиллик шароитида ўзбек тилшунослиги катта натижаларга эришди, хусусан, терминологик тизимда ўнлаб докторлик ва номзодлик диссертациялари, монографиялар, қатор илмий қўлланмалар, мақолалар нашр этилди.

Энди ана шундай ишларнинг айримларига тўхтаб ўтамиз.

Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси О.Турсунова “Тарихий-ҳуқуқий терминларнинг шаклланишида ички имкониятларнинг ўрни ҳақида”номли мақоласида шундай ёзади:

Маълумки, ўзбек тилининг луғат таркиби шу тилнинг сўз бойлиги, лексик-семантик системаси сифатида шаклланган, яхлит ҳодиса саналади. Лекин шуни ҳам инобатга олиш лозимки, тилимизнинг луғавий таркиби жуда мураккаб ривожланиш босқичларини бошидан кечирган. Ҳар қандай тил лексикасининг тарихий ривожланиш ва шаклланиш хусусиятларини билиш учун ўша тил луғат таркибидаги сўзларни тарихий-этимологик нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, уларнинг этимологик жиҳатдан келиб чиқиш манбасини аниқлаш лозим бўлади.. Бундай изланишлар ўз навбатида ўзбек тилининг ўтмишда қайси қардош тиллар ва қардош бўлмаган тиллар билан ўзаро муносабатда бўлганлигини аниқлаш имконини беради, тилнинг луғат таркиби, грамматик қурилишида содир бўлган тарихий ривожланиш жараёнларини илмий жиҳатдан тушунишга замин ҳозирлайди. Бу фикрлар бевосита бизнинг тадқиқ объектимиз бўлган тарихий-ҳуқуқий атама (ТҲА)ларнинг ривожланиш босқичларини аниқлашга ҳам алоқадордир.

Маълум бир ТҲАнинг ўз қатламга ёки ўзлашган қатламга мансублигини аниқлашда конкрет шароитдан келиб чиқиб, бу ТҲАнинг шаклланиш жараёнини, қайси тилдан ўзлашганлигини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Масалан: ТҲА сифатида қўлланувчи “сурон” сўзи умумтуркий бўлиб, “кучли шовқин, ҳовур-ҳувур” маъносини билдиради. Бу сўз аслида “улоқ чопишдаги қий-чув” маъносини ифодалаган (ЎТЭЛ, 309), кейинчалик унинг семантикасида ўзгариш, кенгайиш юз берди, “жанговар хайқириқ” маъносида билдирувчи ҳарбий ишга оид ТҲА сифатида шаклланди (ТҲТЛ, 138). Ёки “ўн минг” маъносини билдирувчи “туман” лексемаси қадимги туркий тилда ҳам шундай миқдорни билдирган (ЎТЭЛ, 359). Кейинчалик бу лексема семантикасида кенгайиш содир бўлиб, “ўн минг аҳолиси бор ҳудуд”, “ўн минг кишидан иборат ҳарбий қисм”ни ифодаловчи ТҲА сифатида қайта шаклланди (ТҲТЛ, 153). Шунга мувофиқ, сурон, туман сингари ТҲАлар умумтуркий, ўз қатламга мансуб ТҲАлар саналади.

Шу билан бирга ўзбек тилидаги ТҲАлар тизимида шундай терминлар ҳам борки, улар ҳозирда қардош деб тушунилмайдиган икки хил системага мансуб тилларда учрайди. Масалан, тархон, қурултой, улус, нуён, баҳодир, ботир, тўхсабо, тамға каби сўзлар қадимги туркий тилда ҳам, мўғул тилида ҳам мавжуд бўлиб, улар ўша тилларда бир хил ёки бир-бирига яқин маъноларда қўлланади. Мўғул ва туркий (эски ўзбек) тиллари генетик жиҳатдан бир-бирига унчалик яқин бўлмаган тиллар саналгани учун юқорида келтирилган сўзларни мўғул тилидан эски ўзбек тилига ёки аксинча қадимги туркий тилдан мўғул тилига қабул қилинган, деган қатъий фикрни билдириш қийин. Ана шунга мувофиқ бу сўзларни туркча-мўғулча параллеллар ёки ўртоқ сўзлар, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳозирги кунда юқорида келтирилган сўзларнинг барчаси манбаларда ТҲАлар сифатида қайд қилинган. Шунга кўра, ўзбек тили ТҲАлар тизимида ўртоқ сўзлар қатлами ёки мўғулча-туркча луғавий параллеллар мавжуд, деган қатъий хулосага келиш мумкин.

Кўп асрлар давомида туркий ва мўғул халқлари аждодларининг ўзаро тинч ва баъзан ҳарбий-ҳуқуқий алоқада бўлиши натижасида туркий тиллар лексикасида мўғулча сўзлар ва аксинча мўғул тилида туркий сўзлар ёки икки тил учун умумий ҳисобланган лексик қатлам вужудга келган. Олимларнинг изланишлари шундан гувоҳлик берадики, мўғулча лексик бирликлар туркий тилларга, жумладан эски ўзбек тилига асосан ХШ асрдан, яъни Чингизхон бошлиқ мўғул истилочиларининг Ўрта Осиёни забт этиш вақтидан бошлаб кириб кела бошлаган. Мўғул тили бу даврга келиб Олтин Ўрда ва Чиғатой улусида маълум вақт давомида туркийлашиб борди, аммо шуни ҳам инобатга олиш лозимки, ассимиляцияга учраган мўғул тили бутунлай изсиз йўқолиб кетмади, бу тилнинг айрим лексик, морфологик элементлари туркий тиллар томонидан ўзлаштирилди. Йирик олтойшунос олим В.И.Рассадиннинг фикрича, Чиғатой ва унинг ворислари ҳукмронлик қилган даврда эски ўзбек тилига юзга яқин мўғулча сўзлар кириб келган. А.Шчербак эски ўзбек тили обидаларини текширар экан, “Ўғузнома”да қайд этилган нукар – жангчи, навкар, жыда – найза, қурылтай – халқ йиғини сингари бир қатор сўзларнинг мўғул тилидан ўзлашганлигини таъкидлаган эди. Келтирилган бу мўғулча сўзларнинг нукар, жыда, қурылтай каби шакллари кейинчалик тилимизда ТҲАлар сифатида мустаҳкам ўрин олганлигини биз ишнинг дастлабки бобида қайд этган эдик. Бу эса энг қадимги ТҲАлар орасида мўғулча ўзлашмалар ҳам маълум миқдорни ташкил этишини кўрсатади.

Кузатишларимиз шундан далолат берадики, эски ўзбек обидалари тилида қўлланган мўғулча ТҲАларнинг кўпчилигини ҳарбий иш, маъмурий лавозим, давлат бошқаруви, суд ва қишлоқ хўжалиги (асосан чорвачилик)га оид сўзлар ташкил этади.

Амир Темур ва темурийлар даврида Ўрта Осиёда давлат бошқаруви, ҳарбий иш ва ҳарбий санъат ўз тараққиётининг энг юксак чўққисига кўтарилган эди. Темур давлатни бошқаришда, туман ва улусларга раҳбарлик қилишда, ўз армиясида ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда янгича қонун-қоида ва тартиб интизомни жорий этиш билан бирга Чингизхон армиясига, давлат тузумига оид бўлган ва ўша замон учун намуна ҳисобланган маъмурий-ҳуқуқий ва аскарий тизимни олиб кирди. Натижада Х1У-ХУ асрларда эски ўзбек тилида жуда кўплаб ҳарбий қисм ва бўлинмалар, маъмурий ҳудуд, мансаб ва унвон номлари мўғулча сўзлар билан аталишда давом этди. Масалан, ҳарбий унвон, маъмурий давозим, қурол-яроқ, қисм, ҳудуд номлари орасида –(в)ул ва –л аффикслари ёрдамида ясалган ТҲАлар семантикасидаги ўзгаришлар алоҳида эътиборга молик. Туркийшуносликда бир гуруҳ олимлар –в(ул) аффиксини туркий тиллларга хос деб ҳисобласалар, бошқа бир гуруҳ тилшунослар уни мўғул тилидан ўзлашган, деган фикрни баён этадилар. Шуни инобатга олиш лозимки, Х1-ХШ асрларда мўғул тилида бу аффикс анча сермаҳсул от ясовчи аффикс ҳисобланган, туркий тилларда эса –в(ул) аффикси анча пассив қўлланишда эди. Х1У-ХУ асрларга келиб бу аффикс туркий тилларда ҳам анча фаоллашди. Туркийшунос олим Г.Дёрфер чиғатой (эски ўзбек) тили мўғул тилидан биргина –в(ул) аффикси ёрдамида ясалган юздан ортиқ сўзни ўзлаштирганлигини таъкидлаган эди. Алишер Навоий “Муҳокаматул луғатайн” асарида –в(ул) аффикси ёрдамида ясалган бир қанча сўзлар ҳарбий унвон, сарой лавозимлари маъносини билдиришини таъкидлайди ҳамда ҳиравул, чингдавул, китпавул, янкавул, патавул, дақавул, шиғавул, бакавул каби сўзларни мисол тарзида келтиради .

Шундай қилиб, ўзбек тили луғавий таркибининг ажралмас қисми бўлган ТҲАлар ҳам жуда мураккаб тарихий тараққиёт жараёнини босиб ўтган. Бу муаммони кенг тадқиқ этиш тилимизнинг қадимий илдизларини аниқлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тилшунос Т.Эназаров (ҳаммуаллифликда) ўзининг “Номшуносликка оид баъзи бир терминлар тўғрисида” номли мақоласида бугунги кунда истеъмолда бўлган айрим терминларнинг синонимияси ҳақида фикр юритиб, шундай дейди:

Бугунги кунда терминларни баъзан янгилаш қўллаш ҳолатлари учраб тургани учун тилшунослик фанининг “номшунослик (ономастика)” бўлимида амалда қўлланаётган баъзи бир терминларга бу ерда махсус тўхталишни ўринли деб биламиз.

1.Бу соҳадаги баъзи бир терминлар бир неча кўринишда ишлатилади. Масалан, топоним, жой номи, географик ном. Топоним-алоҳида ажратиб олинган топообъектнинг номи. Амалга оширилган илмий тадқиқот ишларида такрордан қочиш маъносида бу термин билан бирга жой номи ва географик ном деган атамалар ҳам қўлланилган. Уларни битта термин билан бериш лозим. Акс ҳолда, бундай ҳолат терминлардаги синонимияни кўрсатади, бироқ терминларда синоним бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли ушбу учта терминдан фақат биттасини олиш шарт. Шунинг учун топоним терминини шу учала термин ўрнида қўллаш мақсадга мувофиқ. Сабаби, бу термин кўп қўлланади ва ундан яна қуйидаги терминлар шаклланган: 1.1. Содда топонимлар-топоасос ёхуд топоасос ва топоформантдан ташкил топган топонимлар хисобланади. 1.2. Бирикмали топонимлар-бирикма кўринишидаги топонимлар. 1.3. Қўшма топонимлар-сўзларга тенг топоасосларнинг бирикувидан юзага келган топоним. 1.4. ТА (топонимик аниқлагич)- маҳаллий географик атамалар бўлиб, топонимларни ясашда фаол иштирок этади ва уларнинг қандай объект эканлигини англатиб туради. 1.5. Топонимик асос-топонимнинг шаклланиши учун хизмат қилувчи асос(ўзак). У билан топоасос деб юритилади. 1.6. Топонимик тизим –этнотопоним, гидротопоним, фитотопоним зоотопоним каби турли хил асослардан ташкил топган жой номлари тизимидир. 1.7. Топонимия-алоҳида ажратиб олинган топообъект (номланган)ларнинг номлари мажмуи. 1.8. Топонимлашув ҳодисаси-сўз ва қўшимчаларнинг бир бутун ҳолатда шаклланиб, сўнг жой номи вазифасини бажаришидир. 1.9. Топонимик ясалиш-оддий сўз ясалишидан фарқ қилган ҳолда топонимларнинг ясалишиини ўзида ифодалайди. 1.10. Топоономастика-жой номларини ўрганиб, тадқиқ этувчи номшунос (ономастика)нинг бир бўлими. 1.11. Топонимик харита- ўрганилаётган ҳудудга оид топонимларнинг жойлашиши кўрсатилган харита. Бу термин топохарита деб ҳам аталади. 1.12. Топонимик формант-топонимларнинг ясалишида фаол қатнашадиган топоним ясовчи формантлар. У топоформант деб ҳам аталади. 1.13. Топообъект- номланган ёки номга эга бўлган объект. 1.14. Тарихий топонимика- тарихда қўлланилган топонимарни ўрганувчи соҳа.

2. Баъзан умумий бўлган терминни соҳанинг бундан кейинги тараққиётини ҳисобга олган ҳолда ўзбекчаси билан алмаштиришни ўйлаб кўриш шартга ўхшайди. Бунга ономастика ва номшунослик терминларини мисол қилиб келтирса бўлади. Ономастика термини рус тилшунослигига Европа тилшунослигида ўзлашган бўлиб, уни ишлатиш шўро даври (XX асрнинг 50-90-йиллари)да оммалашган эди. Ҳозирги вақтда, яъни мустақиллик давридан бошлаб у илмий ишларда кам қўлланилмоқда.

Унинг ўрнига номшунослик терминини ишлатиш бир неча томондан қулай: 1) термин ўзбеклаштирилган ҳолатда номшунослик тарзида ишлатилади; 2) ономастика термини соф лингвистик термин ҳисобланади. Агар номлар нафақат тилшуносликда балки тарих, география, геология, этнография, биология, фалсафа, физика каби мавжуд барча фан соҳаларга ҳам дахлдорлигини эътиборга олсак, ономастика термини ўрнида номшунослик терминининг қўлланиши бошқа соҳа вакилларининг ҳам ушбу соҳага даҳлдор бўлган илмий ишлар қилишига туртки беради- бу мазкур терминнинг кенг маънода тушунилишига мисолдир. Шу билан бирга уни тор маънода тушуниб, ўз исми-шарифи маъносида тушуниш ҳам бу номшунослик соҳасига кишиларнинг эътиборини маълум даражада кучайтиради. Бу эса номшуносликка кенг, атрофлича эътибор ва тадқиқотлар олиб боришга имкон беради. Номшуносликнинг фақат киши исмини ўрганувчи соҳа маъносида ҳам, умуман барча номлар мажмуини ўрганувчи кенг соҳа маъносида ҳам олиб қаралганда ҳамки, бу термин ономастика терминига нисбатан кишиларга тушунарлиги билан эътирофга лойиқдир.

3. Ноўрин қўлланаётган терминлар жумласига қавм терминини айтиш мумкин. Бизнингча, қавм термини қариндошликни қисқа доирада ифодалайди. Аммо у этноним термини ифодалайдиган маъно даражасида уруғ, қабила, қабилалар иттифоқи, халқлар номини англата олмайди. Шунинг учун ҳам бу термин қариндош термини билан жуфт сўзлардан бири сифатида ҳам қўлланилиши учраб туради: қавм-қариндош. Демак, қавм термини ўрнида одатда қўлланаётган этноним терминини қўллаган афзал.

4. Кам ва умуман қўлланмаётган терминлар. Уларга этимон ва ҳақиқатга яқинлик терминларини кўрсатиш мумкин.

Этимологик тадқиқ ва таҳлил олиб борилдими, албатта, этимон ҳамда ҳақиқатга яқинлик терминларини қўллаш лозим. Акс ҳолда, амалга оширилган таҳлилнинг этимологик таҳлиллигини далиллайдиган восита унутилади. Оқибатта, этимологик таҳлил ва тадқиққа тортилаётган сўз, топоним ва умуман номларнинг илк шакли ва илк маъноси тўғрисида тўхталинмайди. Шунингдек, ҳақиқатга яқинлик терминида этимологик таҳлил ҳамда этимологик тадқиқнинг ишончлилиги асосланилган бўларди. Агар ишончли далиллар ҳаволлар билан асослансагина, этимологик таҳлилнинг ҳақиқатга яқинлиги тўғрисида гапириш мумкин бўлади. Акс ҳолда эса бу термин қўлланса ҳам, қўлланмаса ҳам амалга оширилган таҳлилининг нисбатан мукаммал бўлмаганлиги билиниб туради. Шунинг учун этимологик тадқиқ, этимологик таҳлилдан сўзсиз, бу икки терминни бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда, этимологик тадқиқи, таҳлил олиб борилаётганлигини асослайдиган терминлар берилмайди ва у изоҳли таҳлил кўринишига келиб қолади, холос. Шу сабабли этимон ва ҳақиқатга яқинлик терминларини этимологик тадқиқ ҳамда таҳлил жараёнида зарур жойлардагина қўллаш ўринлидир. Қуйида бу терминларни ва уларга алоқадор терминларни келтиришни лозим топилди: 4.1. Этимология- тилшунослик фанининг сўз ҳамда топонимларнинг келиб чиқишини ўрганадиган лексикология бўлимининг кичик қисми. 4.3. Этимологик тадқиқ- сўз ва топонимларнинг келиб чиқиши ҳамда этимонларини кўрсатиб берадиган илмий тадқиқот. 4.4. Этимологик таҳлил- сўз ҳамда топонимларнинг келиб чиқиши ҳамда этимонларини кўрсатиб берадиган таҳлил тури. Бу термин иккинчи бир термин билан этимологик кузатиш деб ҳам айтилмоқда.

4.5. Этимон- сўз, топоним ёки умуман номларнинг келиб чиқиши жараёнидаги илк шакли ва илк маъносини ифодаловчи термин.

4.6. Ҳақиқатга яқинлик- топонимлар юзасидан амалга оширилган этимологик тадқиқ ва таҳлилининг ишончлилигини кўрсатувчи термин.

5. Эски термин бугунги кунда фаол қўлланаётган термин билан бирга, ёнма-ён қўлланмоқда. Уларга антропоним ва андроним, генотопоним ва антротопоним терминлари мисол бўлади. Биринчи терминдан қуйидагилар шаклланган: Антропоним-кишиларнинг исми, фамилияси ва лақаблари ҳисобланади. Антротопонимия кишиларнинг исми, фамилияси ва лақаблари мажмуи (йиғиндиси). Антротопоним- кишиларнинг исми, фамилияси ва лақаблари асосида шаклланган топонимлар саналади. Антропотопонимия-кишиларнинг исми, фамилияси ва лақаблари асосида шаклланган топонимларнинг мажмуи. Иккинчи термин воситасида қуйидагилар номшуносликда қўлланмоқда: Андроним- аёл ёки эркакларнинг исми ёхуд лақаби. Андронимия- аёл ёки эркакларнинг исми ёхуд лақаблари мажмуи. Хуллас, бизнингча, антропоним термининнг ўзи қолгани, яъни амалда қўллангани ўринлидир.

Иккинчи терминлар жуфтлигида эса генотопоним уруғ ва қабила номидан шаклланган топонимларни билдиради. Бугунги кунда улар этнотопоним дейилади. Этнотопонимлар уруғ-қабила, халқларнинг номидан юзага келган топонимлар ҳисобланади. Демак, биринчи термин (генотопоним) кам қўлланмоқда, унинг ўрнига кенгроқ маънода ишлатилувчи этнотопоним термининнг ишлатилиши ўринлидир.

Илмий тадқиқотларда маълум бир мавзу(лар)да этимологик кузатишлар олиб борилаётгани айтилгани ҳолда юқоридаги терминларнинг қўлланмаганлигини, шу жумладан, зарур ўринларда айтилаётган фикр мулоҳазаларни далиллайдиган ҳаволалар берилмаётганлигини ҳам кўриш мумкин. Хуллас, бугунги кунда терминларни ўринли ва мақсадга мувофиқ ҳолда ишлатмаслик олиб борилаётган этимологик таҳлил ҳамда тадқиқнинг нуқсонли жиҳатларини кўрсатади.

Тадқиқотчи Ёрқинжон Ҳайдаров ўзининг “Терминологияни стандартлаштиришга доир” номли мақоласида (ЎТА,2012,3-сон) шундай ёзади:Терминологияни тартибга солиш ва стандартлаштириш масаласи терминологик тизимларда ҳар доим ҳам долзарб масалалардан бўлиб келган. Янги пайдо бўлаётган маҳсулотлар, илм-фан ва техника ютуқлари, таълим, бошқарув, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва улардаги концептуал тизимларнинг кенгайиб бориши янги ва илмий асосга эга бўлган терминологик таснифлаш ва стандартлаштириш масаласини ўртага ташлади.

Ўзбек тили терминологик тизимларини тартибга солиш юзасидан бир қатор тадқиқотлар эълон қилинган. Хусусан, Р.Дониёров, Н.Маҳкамов, А.Мадвалиев, Н.Қосимов, З.Мираҳмедоваларнинг терминологик тизимлардаги синонимлик, вариантдорлик масалалари, уларнинг қўлланишини тартибга солиш бўйича эълон қилинган ишлари шулар жумласидандир. Терминологияни тартибга солиш ишлари хорижда терминологияни стандартлаштириш термини остида юртилади. Ушбу мақолада терминологияни стандартлаштириш бўйича хорижда эълон қилинган ишлар хусусида сўз юртилади.

Замонавий илм-фан, савдо ёки саноат соҳаси бўлсин, уларнинг ҳаммасида халқаро алоқалар кенг ривожланиб, соҳанинг эртаси бутун дунёдаги мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлигида кўрилмоқда. Бу ҳамкорлик соҳага оид тушунчаларнинг барча мутахассислар учун тушунарли ифодаланишини тақозо қилади. Мазкур масала хорижда ўтган асрдаёқ кўтарилиб бўлиб, International Standardization Organization (ISO)- Халқаро стандартлаштириш ташкилоти айнан шу мақсадда ташкил этилган. Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (International Standardization Organization ISO)га 1946 йилда 25 давлатнинг стандартлаштириш бўйича ташкилотлари томонидан асос солинган.

Сью Эллен Райт “Терминологияни стандартлаштириш. Бошқариш стратегиялари” мақоласида стандартлаштиришни ташкиллаштириш стратегиялари, бир тилли терминологияни бошқариш, стандартлаштиришга оид чекловлар каби масалаларга тўхталади. Олима стандартлаштиришни ташкиллаштиришда соҳа мутахассислари, ахборот технологияси бўйича мутахассислар ҳамда тажрибали терминологларнинг ўзаро мулоқоти натижаси ўлароқ юзага келган терминологик маҳсулот, шунингдек, бу маҳсулотнинг онлайн тарзида турли фойдаланувчиларнинг эътиборига ҳавола этилиши, шу асосда фойдаланувчиларнинг муносабатини билиш замонавий, ишончли маълумотлар базасини яратишга имкон беради, деб ҳисоблайди.

Шон Шраденинг “Халқаро стандартлаштиришда терминологияни бошқариш” мақоласида пластмасса саноати соҳаси бўйича Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг тажрибаси хусусида фикр юритилади. Ричард Стрехлоунинг “ISO 10241: Терминология стандартларини тайёрлаш ва режалаштириш” мақоласида Халқаро стандартлаштириш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ISO 10241 компьютер дастури ҳақида сўз боради. Бу дастур турли соҳа мутахассисларига мўлжалланган бўлиб, уларга ўз соҳалари терминологиясини стандартлаштиришда амалий ёрдамчи вазифасини ўтайди. Олим терминология стандартларини ёзиш систем ёндашувни талаб этадиган уч босқичдан иборат эканини айтади. Унинг фикрича, аввало, стандарт қандай ёндашув асосида ёзилишини режалаштириш лозим. Бу режалаштири, ўз навбатида, стандартлаштиришга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилиш, стандартлаштириш кимларга мўлжалланаётганини аниқлаб олиш, қайси соҳанинг тушунчалари стандартлаштиршаётганини қатьий белгилаб олиш, манба сифатида қўлланадиган материалларни таҳлил қилиш, соҳага оид тушунчаларни рўйхат қилиб, структуралаштирш, тилни танлаш, иш режаси жадвалини тузиш каби қадамлардан ташкил топишини айтади. Стандартлаштиришга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилиш учун айни соҳа бўйича иш олиб бораётган гуруҳларнинг ўзаро мулоқотини кузатиш кераклигини таъкидлайди. Агар бу мулоқот маълум даражада чекланган бўлса, бирор терминнинг маъноси кўпчиликка тушунарсиз бўлиб, у ҳақда йиғилишда кўп сўралса, айрим терминларнинг маъносини асослаш ёки маъноси ҳақида бахслашиш учун кўп вақт кетса, терминологияни стандартлаштириш зарурати мавжуддир, деб хулоса қилиш мумкин бўлади.

Стандартни ёзиш манба йиғиш, терминларни танлаш, тушунчаларни структуралаштириш ва таъриф ёзишдан иборат бўлади. Тушунчалар танлаб олиниб, таснифлангач, терминлар рўйхати тузилиб, тушунчалар шу соҳага тегишлилиги ёки бошқа соҳадан ўзлаштирилганлигига кўра ёки умумхалқ тилидан олинганлигига кўра таснифланиши лозим. Терминларни кейинги таърифланиши ва ажратиб олиниши шу таснифга боғлиқ бўлади.

Терминларга таъриф ёзишда маълум қоидаларга риоя қилиниши лозим. ISO 10241 қуйидаги қоидаларни таклиф этади:

Таърифни термин билан бир хил грамматик шаклга эга бўлган сўз билан бошлаш.

Термин англанаётган тушунча мансуб бўлган объектлар синфини келтириш ва муҳим фарқловчи хусусиятларни бериш.

Таърифда терминни қайта ишлатмаслик.

Таърифни “термин” деган сўз билан бошламаслик.

Терминни тушунтириш учун вебрал тушунтириш билан бирга чизмалардан фойдаланиш.

Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг терминологиясини стандартлаштириш бўйича ишлаб чиққан қоидаларига кўра, терминологик луғатларда илмий терминга изоҳ берилаётганда изоҳланаётган термин айнан такрорланмаслиги керак. Ўзбек тилидаги айрим терминолгик луғатларда бу қоидага ҳар доим ҳам амал қилмаслик ҳолатлари мавжуд. Масалан, 1994 йили нашр этилган “Тиббиёт қомусий луғати”да берилган қорин пардаси, сероз парда, ҳомила пардаси терминларининг изоҳларида уларни тушунтириш учун яна айнан парда сўзи ишлатилган. “Сероз парда- тана бўшлиқларини ўраб турадиган парда...”, “ҳомила пардаси- хорион ва сув пардадан иборат; хорион ва амнион пардалар ҳомилага, децидуал парда эса онага хос”. Кўриниб турибдики, парда сўзи ишлатилган ҳар учала термин таърифида ҳам илмий тушунчалар билан тушунтирилмасдан айнан такрорланган. Парда сўзи алоҳида термин сифатида изоҳланган бўлиши мумкин деган фикрда луғатнинг “П” ҳарфи билан бошланувчи терминлар берилган қисмига кўз ташланса, бу қисмда ундай термин берилмаганига гувоҳ бўласиз.

Терминологик луғатларда, умуман, ҳар қандай изоҳли луғатда бирор лексик бирликни изоҳлашда қўлланилган сўзларнинг барчаси айни луғатда алоҳида изоҳга эга бўлиши лозимлиги маълум. Бироқ юқорида номи зикр этилган тиббиёт луғатида ҳомила пардаси термини таърифида қўлланган хорион термини луғатнинг “Х” ҳарфи билан бошланувчи терминлар берилган қисмидан мавжуд эмас. Яна бир мисол, ана шу луғатда сероз парда атрибутив бирикмали термини изоҳида ишлатилган чамбар ичак термини алоҳида тарзда луғатнинг “Ч” ҳарфи билан бошланувчи терминлар берилган қисмидан топилмайди. Шу каби кўз ичи босими термини изоҳида ишлатилган кўз соққаси терминига алоҳида луғат бирлиги сифатида изоҳ берилмаган. Кўз ичи босими нима эканини тушуниб олмоқчи бўлган киши бу термин изоҳини ўқиб, иккинчи бир терминга дуч келади, ўша иккинчи термин эса луғатда берилмаган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ўқувчи томонидан луғатда изоҳи берилган терминнинг маъноси ҳам тўлиқ тушунилмайди.

Хулоса қилиб айтганда, илмий тушунчалар изоҳланадиган махсус луғатларда бундай ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди. Бу ҳолатлар соҳани ўрганувчилар, ўқувчилар томонидан терминлар маъносини тушунишга, уларни ўзлаштиришга тўсқинлик қилади, шу билан бирга, терминологияни тартибга солиш ва стандартлаштириш ишларини мураккаблаштиради.

Мустақиллик йилларида ўзбек терминологиясининг долзарб масалалари бўйича қатор тадқиқотлар олиб бораётган тилшунос олим Б.Йўлдошев Ўзбек терминологиясини тартибга солиш масалаларига доир” номли мақоласида шундай фикрларни илгари суради:

Тилшуносликда терминларни тартибга солиш масаласи ҳар доим ҳам долзарб бўлиб келган ва бугун ҳам бу масала ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Ўзбек тилшунослигида соҳавий терминологияларни тартибга солиш масаласида бир қанча ишлар амалга оширилган. Лекин қилинган ишларнинг салмоғи билан чегараланиб, кўнгилни хотиржам қила олмаймиз. Чунки терминларни тартибга солиш масаласини барча соҳа терминологияларида ҳам бир хилда олиб бориляпти, деб бўлмайди.

Маълумки, ҳар бир фан соҳасининг ривожланиш ва такомиллашув даражаси шу соҳа терминологиясининг қай даражада тараққий этганлиги, шунингдек, тартибга солинганлиги каби белгилар билан ҳам узвий боғлиқдир1. Чунки илмий адабиётда қўлланадиган термин ёки унинг ифода шакли аниқ ва равшан бўлмас экан, унда, албатта, чалкашлик, ноаниқлик каби салбий ҳолатлар сақланиб қолаверади. Шу боис, В.П.Даниленко таъкидлаганидек, ҳар бир фан ёки соҳанинг тараққиёт кўрсаткичи шу соҳа терминологиясининг «қатъий илмий терминология»га эга эканлиги билан ҳам белгиланади. В.П.Даниленко бу ерда «қатъий илмий терминология» тушунчасини бирон- бир соҳавий терминологиянинг мазкур фан соҳаси тараққиёти билан уйғунлашуви, соҳавий терминологиянинг айни соҳага оид тушунчаларни ифодалашдаги ҳамоҳанглиги, яратилган ва муомалада бўлиб турган терминологиянинг муайян фан тили билан мос келиши каби ҳолатларни назарда тутади.

Терминларнинг «аниқлиги ва қатъийлашиши шу миллатнинг фани, маорифи, маданияти даражасини кўрсатади. Атамаларнинг ривожланиши, тартибга солиниши фаннинг ҳар хил соҳаларида турлича бўлиб, маълум фаннинг тараққиётига боғлиқ. Бу тараққиёт тўхтовсиз бўлгани учун янги атамаларнинг келиб чиқиши, тартибга тушиши ҳам узлуксиз бўлади. Умуман, она тилида атамаларнинг пухта ишланиши, тартибга солиниши дарслик ва қўлланмалар тузиш учун ҳам, она тилида дарс олиб бориш учун ҳам зарур бўлган манбадир. Атамаларнинг ишланмаганлиги ва тартибга солинмаганлиги нутқ услубига ҳам таъсир кўрсатади». Демак, терминологиянинг тартибга солиниши нафақат илмий соҳада, балки ижтимоий ҳаётда ҳам аҳамияти катта бўлган масаладир.

Терминологияни тартибга солишнинг самарадорлиги терминлар бевосита қўлланадиган қуйидаги ҳолатларда яққол кўринади: касбий таълимни тўғри ташкил этишда, ишлаб чиқариш амалиётида бўладиган оғзаки муомалада, илмий ва ишлаб чиқариш жараёнларидаги ўзаро ёзишмаларда, матбаачиликда (илмий, ўқув, ишлаб чиқариш кабиларга оид адабиётларни нашр этишда), чет эл адабиётларини таржима қилишда ва ҳоказо.

Фан-техниканинг тез суръатлар билан ривожланиб бориши натижасида янгидан-янги машиналар, аппаратлар, асбоб-анжомлар ва технологик жараёнларнинг пайдо бўлиши билан уларни ифодаловчи янги терминлар ҳам вужудга келмоқда. Шу сабабли, янги техника воситалари қайси соҳага кўпроқ кириб келган бўлса, шу соҳа терминологияси тўхтовсиз равишда кенгайиб бормоқда. Ана шундай соҳалардан бири бугунги китобатчилик иши билан шуғулланувчи полиграфия-нашриётчилик соҳасидир. Мазкур соҳа тараққиётига эътибор берсак, бу соҳага техник воситаларнинг кириб келиши, асосан, йигирманчи аср бошларига тўғри келади. Лекин унинг энг тараққий этган даври бугунги кундаги ҳолатидир. Ҳозирги замонавий полиграфия-нашриётчилик тармоғи ҳужжатларни тайёрлаш ва уларнинг нусхаларини кўпайтириш, китоб ҳолига келтириш жараёнларини ўзида мужассамлаштирган техник воситалар қўлланадиган етакчи соҳалардан бирига айланди. Натижада, ушбу соҳа терминологиясига жуда кўплаб янги тушунчалар ва улар билан бирга янги илмий-техникавий терминлар ҳам кириб келмоқда. Албатта, бундай ўзгаришлар ўзбек тилининг иш кўриш доирасини кенгайтириб, унинг лексик таркибини янги-янги илмий ва техник терминлар билан бойитди.

Кўпчилик ҳолларда янги терминлар яратиш ишига оддий таржима ёки калькалаш жараёни сифатида қараймиз.

Илмий адабиётларда барча тиллардаги соҳавий терминологиялар учун умумий бўлган қуйидаги жиддий камчиликларни кўрсатиб ўтилган: терминларнинг кўп маънолилиги; терминлар синонимияси; маълум бир тушунчани ифодалашга хизмат қилувчи терминнинг англатиши лозим бўлган тушунча моҳиятига уйғун бўлмаслиги; терминнинг кўп компонентлардан иборат бўлиши ва натижада, уни қўллашдаги ноқулайлик; термин талаффузининг ноқулайлиги (бундай терминлар икки сабабга кўра вужудга келади: 1) асосий терминни яратишда унинг дериватлилик имкониятлари етарлича инобатга олинмайди; 2) хорижий терминни ўзлаштиришда унга жиддий эътибор билан қараб, танқидий ёндашилмайди); терминологияни керагидан ортиқ миқдорда хорижий терминлар билан тўлдириб ташланиши; термин яратилишида у англатиши лозим бўлган тушунча моҳияти билан ўзаро батартиблик (системалилик)нинг етишмаслиги кабилардир.

Тўғри, ҳеч қандай тил фақат ўз термин элементлари ҳисобига терминологиясини қура олмайди. Тил қурилиши жараёни шуни кўрсатадики, дунёда соф тилнинг ўзи умуман мавжуд эмас. Ҳар доим бошқа тиллардан термин ўзлаштириш жараёни содир бўлиб туради, бу жараёндан чекиниш мумкин эмас. Аммо эҳтиёж сезилмаган ҳолатларда ҳам хорижий терминларни сунъий равишда тилга олиб кириш ҳар доим ўзини оқлайвермайди. Бундай ҳолатларда кўпроқ ўз тил имкониятларидан фойдаланиш ва бунда термин ифодалаши лозим бўлган тушунча моҳияти билан термин ўртасидаги мутаносибликни сақлашга эътиборни қаратиш лозим. Кўп ҳолларда баъзи тушунчаларни ифодаловчи терминлар истеъмолда мавжуд бўлмайди. Натижада бундай тушунчалар ўта муҳим ва аҳамиятли бўлишига қарамасдан, кенг тарқалиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Кўрсатилган бу камчиликларнинг айримлари ўзбек терминологиясида ҳам мавжуддир. Хусусан, тилимизда айни бир терминни бирдан ортиқ тушунча учун қўллаш, бир тушунчани турли терминлар билан аташ, вариантлиликнинг мавжудлиги, рус тили ва у орқали Европа тилларидан ўзлаштирилган терминларнинг тушунча моҳиятини тўғри акс эттира олмаслиги, бир тушунчани ифодаловчи терминларнинг ноқулайлигига сабаб бўлувчи кўп компонентлилик ҳолатининг мавжудлиги, хорижий терминларнинг керагидан ортиқ даражада қўлланиши, айрим терминларнинг ёзилишидаги ҳар хиллик каби терминологиянинг етакчи тенденциясига зид келувчи ҳолатлар кўплаб учрайди. Ўзбек терминологиясидаги бундай салбий ҳолатларнинг мавжудлиги соҳавий терминологияларни тартибга солиш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлигидан далолат беради.




Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет