1. Номоддий активларнинг моҳияти, аҳамияти, ўзига хос белгилари ва аудитининг хусусиятлари. Номоддий активларга патентлар, лицензиялар, «ноу-хоу», савдо маркалари, товар белгилари, саноат намуналари, дастурий таъминот, гудвилл, ташкилий харажатлар, франшизалар, муаллифлик ҳуқуқлари, ер ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқлари, хизмат кўрсатиш белгилари ва бошқалар киради.
Мавжуд меъёрий ҳужжатлар ва амалий тажрибага таянган ҳолда номоддий активлар аудитини қуйидаги тартибда ўтказиш мақсадга мувофиқдир: ҳисоб объектларининг номоддий активлар қаторига тўғри киритилганлиги, интеллектуал мулк, саноат намуналари ва шунга ўхшашлар учун корхонага мулкий ҳуқуқ берадиган ҳужжатларни таҳлил қилиш, ҳужжатларда акс эттирилган қиймат кўрсаткичларини ўрганиш, номоддий активлар кирими, эскириш ҳисоблаш ва ҳисобдан чиқарилишига доир муомалаларнинг бухгалтерлик ҳисобида тўғри акс эттирилиши; номоддий активларнинг ҳақиқатда мавжудлигини инвентаризация қилиш; номоддий активларни ҳисобга олиш ва унинг ҳуқуқий жиҳатдан тўғри расмийлаштирилганлиги ҳақидаги хулосаларни умумлаштириш ва аниқланган хато камчиликларни тузатиш бўйича тадбирлар белгилаш.
Моҳиятига кўра номоддий активлар қаторига жисмоний шаклга эга бўлмаган, лекин корхона фаолиятида унинг бошқа активлари қаторида қатнашиб даромад келтирувчи маблағлар киритилади.
Патентлар, лицензиялар, савдо маркалари, савдо белгилари, муаллифлик ҳуқуқлари каби номоддий активларнинг моҳияти Ўзбекистон Республикасининг тегишли юридик қонунлари билан тартибга солиб турилади.
Номоддий активларнинг ўзига хос белгилари қуйидагилардан иборат: буюмлашган кўринишга эга эмаслиги; узоқ вақт давомида ишлатилиши; корхонага фойда келтириш; уларни ишлатишдан олиниши мумкин бўлган фойда ҳажмининг нисбатан юқори даражадаги ноаниқлиги.
Номоддий активларнинг моҳиятига кўра хусусиятларини кўриб чиқамиз: саноат интеллектуал мулк объектларига кашфиёт ҳуқуқи, саноат намуналари, товар белгилари, савдо маркалари, хизмат кўрсатиш белгилари киради. Кашфиёт ҳуқуқи кашфиёт эгасига қарор қабул қилиш учун махсус берилган ҳуқуқдир. Кашфиётларни муҳофаза қилишнинг энг кўп тарқалган тизими уларни патентлашдир.