Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги



бет1/4
Дата10.06.2016
өлшемі272 Kb.
#127193
  1   2   3   4
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ЖАҲОН ТИЛЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ

ХАЛҚАРО ЖУРНАЛИСТИКА ФАКУЛЬТЕТИ
МАДАНИЯТЛАРАРО АЛОҚАЛАР, ТАҲРИР ВА АДАБИЁТШУНОСЛИК КАФЕДРАСИ

МАМБЕТИРЗАЕВА НЕСИБЕЛИ МУҲАММЕДСАДИКОВНА

АСҚАД МУХТОРНИНГ МУҲАРРИРЛИК ФАОЛИЯТИ

(“ГУЛИСТОН” ЖУРНАЛИ 1970-1981 ЙИЛЛАР МИСОЛИДА)
5320400- халқаро журналистика таълим йўналиши бўйича

бакалавр даражасини олиш учун

БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ



ҲИМОЯГА ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ”

Маданиятлараро алоқалар, таҳрир ва адабиётшунослик” кафедраси мудири



________ ф.ф.н., доц.Ш.Тўйчиева

2013 йил “_____” _______________


ТОШКЕНТ-2013

ИЛМИЙ РАҲБАР: ______ доц. М.Саъдинов
2013 йил “_____”________


Ҳимояга рухсат этилди:

Факультет декани: ______________________ А.Нурматов

Кафедра мудири: ______________________ Ш.Туйчиева

Илмий раҳбар: ______________________ М.Саъдинов

Расмий тақризчи: ______________________Ф.Жабборов
Б И Т И Р У В М А Л А К А В И Й И Ш И

МАВЗУ: “Асқад Мухторнинг муҳаррирлик фаолияти”

(“Гулистон” журнали 1970-1981 йиллар мисолида)

ДАК қарори: ўзбек гуруҳи талабаси Мамбетирзаева Несибели Муҳаммедсадиковнанинг

битирув малакавий иши «______» га баҳолансин.

«______» ________________ 2013 йил

ДАК раиси: А.Раҳимов

ДАК котибаси: Ф.Раҳимова

МУНДАРИЖА
Кириш............................................................................................................ 3- 7

I Боб. Асқад Мухтор ҳаёти, ижоди ва муҳаррирлик фаолияти

1.1 Асқад Мухтор: ижодкор ва шахс ...................................................... 8-14

1.2 Адибнинг журналистик фаолияти.................................................... 15-22

1.3. Асқад Мухтор публицистикаси..........................................................23-27

II Боб. Асқад Мухтор – “Гулистон” журнали бош муҳаррири

2.1. Журналдаги ижодий муҳит: “Гулистон” таҳрир мактаби............28-39

2.2. “Гулистон”нинг махсус сонлари........................................................ 40-43

2.3. 1970 1981 йилларда журналдаги жанрлар хилма-хиллиги, рукнлар........................................................................................................... 44-60

Хулоса............................................................................................................. 61-64

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати........................................................ 65-66

Илова ...........................................................................................................
КИРИШ

Мавзунинг долзарблиги.

“Ҳозирги даврда матбуот, оммавий ахборот воситалари шундай қудратли кучга айланмоқдаки, ўз келажагини ўйлайдиган ҳар қайси халқ ва миллат буни сезмаслиги, ҳис этмаслиги мумкин эмас.

Шу сабабли ҳам оммавий ахборот воситаларини замон талаблари асосида ривожлантириш, матбуот ва сўз эркинлиги принципларини амалда таъминлашга эришиш, матбуотда танқид руҳини кучайтириш биз учун энг муҳим мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда ҳар қайси матбуот ходими касб маҳоратини эгаллаш билан бирга, ўз ҳаётий принципларига ҳам эга бўлиши, ҳақиқат учун курашишга интилиши, шу йўлда қатъият ва шижоат кўрсатиши, лўнда қилиб айтганда, виждон амри билан яшашини замоннинг ўзи талаб қилмоқда.”1

Жамият кўзгуси ҳисобланган журналистлар инсонларнинг маънавий дунёсини бойитиш, тарбиялаш билан бирга уларнинг маълум маънода фикр-ўйи, дунёқарашининг шаклланишига сабабчи бўлишади. Шунинг учун биринчи масала ─ билимли, тажрибали, ишнинг кўзини билгувчи, моҳир журналистларни тарбиялаб чиқаришдан иборат.

“Миллат, давлат, жамият тақдири ҳал бўлаётган паллада ўзлигимизни англаш, маънавий илдизларимизни унутмаслик катта аҳамиятга эга”2, ─ деган эди Президентимиз.

Бир ҳақиқат борки анъанавийлик ва янги омиллар қонуни абадийдир!

Ҳар бир журналист, ҳар бир публицист ўзидан аввалги даврнинг моҳир журналист ва публицистлари қолдирган бой мерос билан қуролланган бўлиши, ундан ижодий фойдалана олиши лозим. Шу билан бирга бу анъаналар асосида янги ижодий кашфиётлар яратиш ҳам ҳар бир ижодкорнинг бурчидир!

Асқад Мухтор дедилар:

“Ҳар қандай янгилик ─ бир вақтлар унутилган эскиликдир”.

Шундай экан биз ўз-ўзидан эмас, ўтмишни, боболаримиз ҳаёти ва ижодини ўрганган ҳолда буюк кашфиётлар яратамиз. Айниқса, бугунги кунда чексиз имкониятлар замонида ўқиб ўрганишга, изланишга барча шароитлар яратилган. Айниқса ҳозирда журналистика соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳаттоки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29- моддасида “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” деб келтирилган. Қувонч билан айтиш лозимки, Президентимизнинг журналистларга айтган ҳар бир фикри замирида юрт тақдири ва унинг келажаги йўлида хизмат қилаётган, ахборот етказиш борасида вазифасини бажараётган журналистларга бўлган катта ишончни кўрамиз:

Хаммамиз яхши тушунамизки, ОАВнинг вазифалари хам улар олдига куйиладиган талаблар хам кўп. Лекин энг муҳими, ҳаёт ҳакикатини тўлақонли акс эттиришдан иборат. Чунки ҳақиқат журналистиканинг ўзгармас ва доимий шарти бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши зарур. Айни вақтда матбуот ва эфир оркали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш ҳар қайси журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳорати ва гражданлик позициясига боғлиқ эканлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.3

Барча журналистларга бу борада намуна ва ибрат бўла оладиган Асқад Мухтор шахсини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Чунки, инсоният ҳамиша мукаммал жамият бунёд этиш иштиёқида яшаган, шу ниятда турли замон ва давронларда не-не тузумларга асос солган. XXI асрнинг аввалига келиб мана шундай орзудаги жамиятнинг таърифи “демократия” деб аталмоқда. Одамларнинг фаровонлиги, жамиятларнинг тараққий этганлиги, мутлоқ адолатли мувозанат ўрнатиш мезонлари ҳам мазкур ва тотли “демократия” сўзи билан ифодаланади.

Олий мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Президент мамлакатда олиб борилаётган ислоҳатлар жараёнларини янада жадаллаштириш ва чуқурлаштиришнинг галдаги устувор йўналишларини белгилаб берди. “Ўзбекистонда демократик янгиланишлар жараёнини чуқурлаштириш ва фуқораларнинг эркинликларини таъминлашнинг ғоят муҳим шарти бу оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун демократик андозаларни жорий этиш бўйича аниқ ва изчил чораларни амалга оширишдир” - деб номланган учинчи устувор йўналиш, ҳеч шубҳасиз, миллий матбуотчилигимиз равнақини янги бир босқичларга кўтаришда янги саҳифа очади.4

Тадқиқотнинг асосий мақсад ва вазифалари.

Инсон фақат буюк мақсадларни амалга ошириш орқалигина ўзини бошқалар учун йўлчи юлдузга айлантирадиган буюк характерни намоён қила олади, — деган эди Гегель. Асқад Мухтор ўзбек адабиёти ва журналистика соҳасида ана шундай буюк ишларни амалга оширган йўлчи юлдуз эди. Шу сабаб ҳам унинг журналистика соҳасидаги изланишларини давом эттириш мақсадида адиб муҳаррирлик қилган “Гулистон” журналининг 1969-1981 йиллардаги фаолиятини ўрганишни, ижобий томонларини бугунги матбуотда қўллашни мақсад қилганман. Асосийси, ОАВ, жумладан матбуотнинг тараққий этиши учун қандай усул қўллаш кераклиги, матбуот ўз мақомини сақлаб қолиши учун нималарга аҳамият бериш лозимлиги “Гулистон” журнали мисолида ўрганилди. Журналнинг ўн йилдан ортиқ даврда чоп этилган сонларини таҳлил қилиш орқали белгили бир хулосага келиш, эришилган натижани бугунги кун билан таққослаш, ҳозирда матбуотда учрайдиган камчиликларни кўрсатиш ва тузатиш учун қатор таклифлар бериш, юксак технологиялар даврида жамиятда матбуотнинг ўз ўрнига эга бўлиши учун курашиш кераклигини тушунтиришдан иборат.



Тадқиқот ишининг ўрганилганлик даражаси.
Асқад Мухтор ҳақида кўплаб илмий-бадиий китоблар чоп этилган, адиб ҳаёти ва ижоди ўрганилган бўлса ҳам унинг “Гулистон” журналидаги бош муҳаррирлик фаолияти батафсил ўрганилмаган. Журналнинг бошқалар эътибор бермаган ва ўрганишга арзийдиган ўзига хос хусусиятлари эса кўп.
Тадқиқот ишининг объекти ва предмети.
Мавзунинг предмети Асқад Мухтор шахси, ижоди, журналистик фаолияти, “Гулистон” журналининг тарихи, ўзига хослиги, ривожланишини ўз ичига қамраб олади.

Тадқиқот объектига “Гулистон” журналининг 1969-1981 йиллардаги сонлари киради.



Тадқиқотнинг илмий янгилиги.

“Гулистон” журналида бошқа матбуот саҳифаларида кузатилмаган шакл, ўзига хос йўналиш бўлган. Иккинчидан, бош муҳаррир Асқад Мухтор тарҳририятда ўзгача бир муҳит (таҳрир мактаби) ни шакллантирган. Аввал ҳам кузатилмаган ва ҳозирги кунда ҳам учрамайдиган бир янгилик “Гулистон” журналининг “махсус сонлар”и тадқиқот ишида ўрганилди. Шунингдек, Асқад Мухторнинг журнални чоп этишда қандай принципларга таянганлиги, журналдаги жанрлар хилма хиллиги, рукнлар ўрганилди.


Тадқиқотнинг назарий ва амалий аҳамияти.

Битирув малакавий иши натижаларидан ОАВ да фаолият юритаётган ходимлар ўзига дастуриламал сифатида фойдаланиши, унинг ижобий томонларини қўллаган ҳолда сифатли маҳсулот ─ газета, журнал чоп этиши, ҳар қандай қийин вазиятда ҳам ўқувчига маълумотни етказиш йўлини топиши, ўз жамоасида фаол, изланувчан ходимларни, сўзи ўткир журналист ва муаллифларни йиғишга эришиши мумкин.

Яна битта аҳамиятли томони, ҳар бир ижодкор қайси жанрда мақола ёзаётганлигини билиши учун ҳам “Гулистон” журнали тажрибасига таянса бўлади. Бошқа ОАВ ҳам бу жиҳатдан журналдан тажриба ўрганиши керак!

Битирув малакавий ишининг тузилиши

Тадқиқот иши тузилиш жиҳатидан кириш, иккита боб ва олти параграф, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат.




I БОБ. АСҚАД МУХТОР ҲАЁТИ, ИЖОДИ ВА МУҲАРРИРЛИК ФАОЛИЯТИ
1.1. АСҚАД МУХТОР: ИЖОДКОР ВА ШАХС
Ёзувчига бўлган муҳаббат гўзал сўзга бўлган муҳаббатдир. Халқ юрагига яқин гўзал сўзни топа олиш тинимсиз ва машаққатли меҳнат эканлигини кўплар тушунишади, юракдан ҳис этишади. Бир китобда ўқиган эдим: заргарлик дўконлари растасида супурувчи бўлиб ишлаб юрган йигит бир гўзал қизга кўнгил қўяди. Ҳаётда заррача ҳам меҳр-шафқат, бахт кўрмаган қиз одамларни гуё бахтли қиладиган тилла гул ҳақида орзу қилади. Йигит содда қизнинг ана шу эзгу орзусини рўёбга чиқазиш ҳақида ўйлайди. У зўр машақат билан тўплаган тилла зарраларидан гул ясатиб, тақдим этмоқчи бўлганида, қизнинг нону насиба излаб узоқ мамлакатга кетиб қолганини эшитади. Орзуси рўёбга чиқмаган йигит ўлиб кетади. Унинг машақатли меҳнати ва муҳаббати тимсол бўлган тилла гулни заргар бир таниш адибга сотиб юборади.

Бу воқеада катта ҳақиқат ифодаланган. Ёзувчи сабот-матонат, тинимсиз машаққатли меҳнат билан тилла зарралари — гўзал сўз қидирувчи, ундан тилла гул, бадиий асар яратувчи меҳнат соҳибидир. Ана шундай гўзаллик изловчилардан бири — заҳматкаш адиб Асқад Мухтор ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз5.

Асқад Мухтор 1920 йилнинг 23 декабрида Фарғона шаҳрида ишчи оиласида туғилган. У 11 ёшга кирганда отаси вафот этган. Шундан сўнг болалар уйида таълим-тарбия олган.

Унда фанларни пухта ўзлаштиришга, бадиий ижодга бўлган қизиқиш кучайиб борган. 1936 йилда Фарғонадан Тошкентга келган ва журналистика курсида ўқиган. Уруш йилларида эса ўқишини ЎзДУда давом эттирган. 1943-1945 йилларда Асқад Мухтор Андижон педагогика институтида дарс берган. Шундан кейинги иш фаолияти эса газета-журналлар билан боғлиқ ҳолда кечган. Унинг илк шеъри 1935 йилда босилиб чиққан бўлса, 1938-1940 йиллар давомида “Тилак”, “Абадият”, “Тотли дамлар”, “Шеър ва ҳаёт” каби бир қанча шеърлари республика газета ва журналларида эълон қилинган. 1939 йилда унинг “Бизнинг авлод” поемаси нашр қилинган.

Асқад Мухтор устозлари Ғ.Ғулом, Ойбек, Ҳ.Олимжон, М.Шайхзода, Миртемирлар, тенгдошлари Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Мирмуҳсин, Шуҳрат, Шукруллолар билан бир қаторда ўз замонасининг долзарб мавзуларидаги шеъриятини яратишда фаол иштирок этган. Шу даврда ёзилган “Букуннинг хитоби”, “Она хурсанд”, “Ғалаба ишончи”, “Жангчининг байрам кечаси”, “Соғиниш” каби шеърлари шулар жумласидандир. Гарчи бу шеърларнинг барчасини ғоявий-бадиий жиҳатдан мукаммал деб бўлмаса-да, кейинчалик шоир услубида муҳим ўрин тутган аломатлар кўзга ташланади. Асқад Мухтор ўз ижодий изланишларини изчил давом эттирган ва 1966 йилда чиққан “Шеърлар” тўпламига ёзган “Сўзбоши”сида шундай дейди:

“Ўттиз йил давомида шеър ҳақида тинимсиз ўйладим. Унинг ифода шакллари, воситалари, руҳи ҳақидаги фикрларим жуда кўп марта ўзгарди: шеър турмуш ўчоғидан олинган лахча чўғ, у ҳаётий эпизодга асосланган бўлиши керак, деб, шеърнинг бошқа турларини тан олмай анча йил юрдим; шеър – ялт этган олий туйғу, завқ-шавқ туғёни, уни фақат музика жанрлари билан қиёс қилиш мумкин”.

Асқад Мухтор ижодкор сифатида самарали меҳнат қилган. Унинг “Пўлат қуювчи” (1947), “Ҳамшаҳарларим” (1949), “Раҳмат Меҳрибонларим” 1954), “Чин юракдан” (1956), “99 миниатура” (1962), “Карвон қўнғироғи” (1964), “Шеърлар” (1966), “Қуёш беланчаги” (1971), “Сизга айтар сўзим” (1978), сингари шеърий китоблар бор. Ўзбек шеъриятига чуқур тафаккур ва мураккаб туйғулар тасвирини олиб кирган шоир.

Шоирнинг маҳорати шундаки, у энг оддий турмуш воқеаларига ҳам ўзига хос поэтик бўёқ бера олади, бу воқеаларнинг фалсафий ва эстетик моҳиятини ёрқин очади. Оддий кундалик ҳаёт воқеалари унинг шеърларида, айниқса, шеърий новеллаларида катта мазмун касб этади ва зўр эмоционал таъсир кучига эга бўлган поэтик лавҳаларга айланади. Шеърларида халқ ҳаётини чуқур кузатиш, ўткир мушоҳада натижасида вужудга келган ибратли ҳодисалар ҳам ҳикоя қилинади.

Сталин қатоғонлари даврида адабиётга кириб келган Асқад Мухтор ва унинг тенгдошларини мудҳиш замон эзиб ташлаган эди. Лекин Асқад ака ҳеч қачон, замон йўл қўймади, ёмон даврда яшадим, деб нолиган эмас. Шоир бир миниатюрасида шундай ёзади:

Шоир шоир бўлар сенинг туфайли,

Қанча тўлғансанг ҳам, о, замон!

Давул туриб шамим ўчса, майли,

Чақмоқ ёруғида ёзаман.6

Асқад Мухтор лирикасидаги поэтик оригиналлик янги ташбеҳлар, янги фикр ва деталлардагина эмас, балки сиёсий, маънавий, эстетик жиҳатдан баркамол шоир шахсиятининг таъсирли ифодаланишида ҳам яққол кўринади.

Асқад Мухтор шеърлар ёзиш билан бирга прозаик сифатида “Дарёлар туташган жойда” (1950), “Қорақалпоқ қиссаси” (1958), “Бухоранинг жин кўчалари” (1980), “Жар ёқасидаги чақмоқ” (1982), “Кумуш тола” (1987) қиссалари, “Опа сингиллар” (1955), “Туғилиш” (1960), “Давр менинг тақдиримда” (1964), “Чинор” (1969), “Аму” (1984) романларини ёзган. Бу асарларида инсон маънавиятининг қадри, одамнинг бош фазилати ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик эканлигини самимий тасбирланади.

Софокл, Тагор, Пушкин, Лермонтов, Блок, Маяковский сингари адибларнинг асарлари ўзбек тилига таржима қилган. У бутун умрини ижодга ва адабиётга бағишлаган. Доим изланишда бўлса ҳам ҳеч қачон ўзидан қониқмаган...

Даврдаги ўзгаришлар, замонасининг муаммолари ҳам А.Мухтор ижодида ўз аксини топди. Масалан, буни “Тушларим, безовта тушларим” шеърида яққол кўришимиз мумкин. Асқад Мухторнинг серқирра ижодида воқеликни рамзий воситалар ва тимсоллар орқали идрок этиш усули ҳам алоҳида ўрин тутади. Буни “Майса мавж урар”, “Хазон”, “Товушлар”, “Умр”, “Боғим”, “Ниҳол”, “Тонг”, “Ўзак”, “Аму”, “Бойчечак” каби шеърлар мисолида кўрамиз. Асқад Мухторнинг 1946 йилда Бекободда бўлган ижодий сафари натижасида “Пўлат шаҳри” очерки, “Пўлат қуювчи” поемаси, “Дарёлар туташган жойда” повести вужудга келди. Асқад Мухтор қирқинчи йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб насрий эпик жанрларда куч синашга киришган эди. У 1950 йилда “Пўлат шаҳри”, 1956 йилда “Ҳаётга чақириқ” номли очерк ва ҳикоялар тўпламларини нашр эттирди. Улар адиб қаламининг янада ўткирлашувида муҳим рол ўйнади. “Ҳаётга чақириқ” тўпламига кирган “Оксана”, “Доғ”, “Хайри” каби ҳикоялар Асқад Мухторнинг характер яратиш маҳорати аста-секин ўсиб бораётганлигидан далолат беради.

Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар” романи ҳам унга анча муваффақият келтирди. Унинг бош муаммоси хотин-қизлар озодлиги масаласи эди. У 1958 йилда “Қорақалпоқ қиссаси” повестини, 1961 йилда “Туғилиш” романини нашр эттирди. “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор” каби романлари ҳам 60-йиллар прозасида алоҳида ўрин тутади. Адиб “Давр менинг тақдиримда” асарини “Уч фасл достони” деб ҳам атайди. Бунда у урушдан олдинги, уруш давридаги ва ундан кейинги йилларни назарда тутади. Асарнинг бош қаҳрамони Аҳмаджон ўз шахсий бахтини халқи учун фидокорона хизмат қилишда деб билади. Асқад Мухтор халқимизнинг босиб ўтган тарихий ўтмишини, унинг аниқ лавҳаларини “Чинор” романида, “Бухоронинг жинкўчалари”, “Жар ёқасидаги чақмоқ” қиссаларида тасвирлайди. Умрининг охирларида ёзилган “Аму” романида, “Бўронларда бордек ҳаловат”, “Кумуш тола” қиссаларида ёзувчи замоннинг долзарб муаммоларини ёритишга уринди, лекин уларнинг бадиий талқинида жиддий муваффақиятга эриша олмади. “Самандар”, “Яхшиликка яхшилик”, “Мардлик чўққиси”, “Тонг ёришган соҳилда” каби песалари билан китобхонлар даврасида танилган серқирра ижодкор Асқад Мухтор ўзбек адабиётини бойитишга муносиб ҳисса қўшди. Унинг сўнгги ишларидан бири “Тундаликлар” сарлавҳаси остида бериб борилган эстетик, ҳаётий-фалсафий фикрлари ҳам алоҳида диққатга сазовордир. Ҳа, адиб айтганидек, “Вақт ўтяпти! деймиз! Аслида биз ўтяпмиз...” (“Тундаликлар”).

Асқад Мухтор жуда кўп хорижий адабиёт намуналари билан ўзбек китобхонларини таништирган бўлса-да, таржимачилик соҳасида Софоклнинг “Шоҳ Эдип” асарини она тилимизга ўгириши энг катта муваффақияти бўлиб қолди. Унинг танқидчилик асарлари орасида эса таржимачиликка ва Ёшлар ижодига оид мазмундор мақолалари ҳозирга қадар ўз қимматини йўқотгани йўқ.

Асқад Мухтор «Тилак»,  «Тонг эди»,  «Тотли дамлар» сингари илк шеърлари  (1935—1938) да поэзиянинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниклаб   олишга  интилди.   У  поезияга   «Қалбга  қанот», «дардга даво» берувчи деб қарайди. Шоир Улуғ Ватан уруши   бошланиши  билан   «Ғалаба  ишончи»,   «Жангчининг байрам кечаси», «Туғишганлар қайтди», «Соғиниш», «Москванинг қалби» сингари қатор поэтик асарлар яратиб, халқни фашист босқинчилари устидан ғалаба қозонишга   ундади.   Ватан  гўзалликларини,   туганмас     бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи «Пўлат қуювчи» (1947), «Ҳамшаҳарларим» (1949), «Раҳмат,   меҳрибоним»   (1954),   «Чин  юракдан»   (1956) шеърий  китоблари  шоирнинг  катта  ижодий  ютуқларидандир.
Асқад Мухторнинг «Мардлик чўққиси» (1948), «Яхшиликка яхшилик» (1949), «Самандар» каби пъесалари драматургиямизда болалар ҳаётининг, шунингдек, ишчилар синфи турмушининг ёритилиши жиҳатидан муҳим аҳамиятга эга.

Ёзувчининг «Дарёлар туташган жойда» (1950), «Қорақалпоқ қиссаси» (1958), «Бухоронинг жин кўчалари» каби қиссалари, «Опа-сингиллар» (1954—1955), «Туғилиш» (1963), «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1973) романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини  топтан.

“Чин юракдан” (1956) шеърий китоби, “Ҳаётга чақириқ” (1956),  “Дунё болалари” (1962) ҳикоялар тўплами ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитди.

“99 миниатура”, «Карвон қўнғироғи» шеърий китоблари 60-70-йиллар ўзбек шўро шеъриятида катта воқеа бўлди. Уларда инсон қалбининг  товланишлари чуқур интеллектуал ҳис-туйғу   воситасида   бадиий   баркамол талқин этилган. 

Асқад Мухтор деганда, деб ёзади Ғайбулла Саломов ва Абдулла Матёқубов, -ХХ аср ўзбек адабиётининг чинордай бақувват, йирик намояндаси, бадиий прозанинг ҳикоя ва очерк сингари мўъжаз турларидан тортиб йирик салмоқдор романларигача, поэзияда шеър ва кичик миниатюравий қўйма мисралардан тортиб, қамровдор поэмаларгача бўлган ажойиб намуналарни яратган баркамол носир ва шоир кўз ўнгимизда гавдаланади. У дараматруг сифатида саҳна асарлари бунёд этди, публицист бўлиб эҳтиросли мақола ва памфлетлар ёзди, таржимонлик қилиб жаҳон халқлари адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ўгирди. Носир, шоир, журналист, адабиётшунос, халқ жонли тилини ғоят нозик ҳис этувчи, адабий тилнинг бойлиги ва поклиги учун жон куйдирган стилист, таржимон сифатида бадиий ижоднинг қайси соҳасига қўл урмасин, фасиҳ асарлар, нафис дурдоналар яратди, қайноқ инсоний туйғулар супрасида йўғрилган ажойиб бадиий тафаккур намуналарини берди”.

Лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида Асқад Мухтор маданиятимизни бойитишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. У ҳақида, унинг қилган ибратли ишлари ҳақида кўп китоблар, хотиралар ёзилиши бежизга эмас.

─ Ёзолмайман. Дўхтир ёзма, ўқима, дейди. Бош айланади... бош кетган... ярамайди... Асқад ака маъюс тортади. ─ Ёзмаган, ўқимаган билан ёзувчининг мияси бир зум фикрлашдан тўхтамайди. Ёзувчи қоғозга ёзолмаса, миясига ёзади. Мия ёзувчида тегирмон. У сўнги нафасгача ишлайди.7

Чиндан ҳам Асқад Мухтор сўнгги нафасгача ишлади, тинимсиз ижод қилди. Ўзидан бир дунё адабий мерос қолдирди. Унинг йилларим шеъри бунинг ёрқин ифодаси бўла олади.

Бирингиз ─ боқийсиз, бирингиз ─ балки пуч.

Бирингиз ─ шодликсиз, бирингиз ─ ўкинч,

Бирингиз ─ бахтлисиз, бирингиз ─ бахтсиз,

Бирингиз ─ ярадор, ўлгансиз вақтсиз,

О орқада қолган менинг асарларим.

Сизга насиб қилган қувонч ─ юрагимда,

Қалбда дардингизни олиб юраман.

Сиз мени аямай отда товладингиз,

Шундан замин узра ғолиб юраман.

Сиз менинг тирмашиб чиққан зинамсиз,

Ҳар бирингиз ғишти, мен иморатман.

Сиз менинг даҳлсиз, ёлғиз хазинамсиз,

Сиздан иборатман,

О менинг орқада қолган асарларим.

Нақадар ҳақ сўзлар... Чиндан ҳам, ёзувчи фақат ёзган асарларидан қад кўтарган иморатга ўхшайди.

Асқад Мухтор ҳаёт маъносини ижод қилиш, деб тушунган, миллий адабиётимиз равнақи учун яшаган ва шу адабиётни бир неча поғона юксакликка кўтарган эди.


1.2. АДИБНИНГ ЖУРНАЛИСТИК ФАОЛИЯТИ
Асқад Мухторнинг кейинги иш фаолияти газета-журналлар билан боғлик ҳолда кечган. Унинг журналистик фаолияти ҳам мухбирликдан бошланган. Ёш ижодкор “Ленин учқуни” (Ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасига хабарлар ёзиб турган. Унинг биринчи бадиий асари 1935 йили шу газетада чоп этилган. Бу шеърда ёзилган топишмоқ эди. Кейин эса у шеърлар машқ қила бошлаган. Шеърият оламига кириб, мухбирлик унутилган. Табиийки фаол бир мухбирнинг бирданига йўқолиб қолиши газета ходимларини ажаблантирган. Ҳатто бу ҳақида шоир Зафар Диёр шундай ёзган:

Асқад Мухтор қайдасан?

Ҳамма ерни ахтардик,

Фаол мухбиримиз деб,

Дуч келганга махтардик...8

Асқад Мухтор унга жавобан “Шеъриятга кириб кетгандим” деб ёзган. “Кириб кетгандим у, адашиб юрибманми деган хавотирда ич этимни ер эдим. Шундай бўлса ҳам, беихтиёр шеър ёзганим ёзган эди...”, “Мухбирча” деган ном билан эса фахрланаман”.

Ана шу “мухбирча” кейинчалик машҳур ёзувчи ва шоир сифатида элга танилди. У “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Туркистон”) “Қизил Ўзбекистона” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газеталарида маъсул котиб, бўлим мудири (1945-48 йиллар) бўлиб ишлаган. “Шарқ юлдузи” (1960-65 йиллар), “Гулистон” (1969-1981) журналларида ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (1981-1982) газетасида бош муҳаррир сифатида фаолият юритган.

Ўзбекистондаги биринчи ҳафталик газета “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг ташкилотчиларидан бири бўлган. Ёзувчилар уюшмасида котиблик қилган. Унинг Ўзбекистон давлат нашриётидаги фаолияти ҳам самарали кечган. У нашриётда адабиёт бўлимининг раҳбари сифатида кўплаб етук асарларнинг чоп этилишига бош-қош бўлган. Машҳур адиб Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, “Навоий” романларинг нашр этилишига ўз ҳиссасини қўшган.

“Шарқ юлдузи” журнали кўпгина ўзбек ёзувчилари сингари А.Мухтор адабий ижодининг ҳам бешиги бўлган. У журналда дастлаб адабий ходим бўлиб ишлаган. Шеър ва поэмалари, ҳикоя ва очерклари, повесть ва романлари биринчи галда журнал саҳифалари орқали китобхонга етиб борган. Кейинчалик журналга редактор бўлган. У шу йўл орқали билим ва тажриба тўплаган. “Гулистон” журнали ана шу меҳнат ва тинимсиз изланиш натижаси ўлароқ ўз даврида бирдан бир севимли журналга айланганди.

Бизга маълумки журнал матбуотнинг асосий турларидан бири сифатида жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ишлаб чиқариш, маданий-маънавий ҳаётининг чуқур қатламларини акс эттиради. Журнал орқали кишилар жамият ҳаётининг чуқур масалаларини англайди, илм-фан, адабиёт ва санъат маҳсулларидан баҳраманд бўлади, ижтимоий борлиқни билади ва ўз ҳаётий тажрибаларини такомиллаштиради, касб-ҳунар ўрганади.

Маълумотларга, кўра дастлабки вужудга келган журнал 1655 йили Парижда нашр этилган “Журнал де Саванс” бўлиб у ўз ишини адабиёт, санъат, фалсафа ва табиий фанлар бўйича китобларга шарҳлар беришдан бошлаган. Худди шу йили Лондонда “Philosophical transecting of royal sensate” деган илмий журнал чиқа бошлаган. Росссияда биринчи журнал 1728 йили чиқарилган. У “Санкт-Петербурские ведомости” газетасининг нашри бўлиб, “Ведомостларга ойлик тарихий, географик ва бошқа иловалар” деб аталган. Бу илмий-адабий журнал фаолиятида атоқли рус олими М.В.Ломоносов асосий ўрин тутган.

Кўриниб турганидек, биринчи журналлар илмий, адабий йўналишда бўлган. Рус журналистикаси тарихида асосий ўрин тутган бошқа нашрлар А.С.Пушкин асос солган “Современник”, Н.А.Некрасов нашр этган “Отечественные записки” ва бошқа журналлар ҳам адабий-бадиий журналлар бўлиб, рус адабиёти ва ижтимоий фикрининг ўсишида муҳим ўрин тутади.

Туркистонда илк журналлар XX аср бошларида пайдо бўлган. Булар 1913 йили Самарқандда дунё юзини кўрган “Ойина” ва 1915 йилдан Тошкентда чиқа бошлаган “Ал-ислоҳ” журналларидир. “Ойина” журнали ўша даврда Туркистонда дунёга келган тараққийпарвар жадидчилик ҳаракатининг атоқли намоёндаси, оташин маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан чиқарилган бўлиб, туркий тилдаги илк ижтимоий, илмий, адабий нашр эди. “Ал Ислоҳ” журнали эса асосан диний журнал бўлиб, ислом динини ислоҳ қилиш йўли билан маърифат ва тараққиётга эришишни тарғиб этган. 1917 йили Қўқонда нашр этилган “Ҳуррият” журнали ҳам ижтимоий сиёсий журнал эди. Бу даврда Тошкентда “Чаён” ва “Чўл чаёни” деган ҳажвий журналлар ҳам чиққан.9

1917 йили октябр тўнтаришидан сўнг Ўзбекистонда “Инқилоб”, “Ер юзи”, “Муштум” ва кўплаб журналлар нашр этилган. Кейинчалик “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” каби журналлар чиқарилган. Мустақиллик йилларида эса улар сони янада кўпайди. Шулардан биз мавзуимиз бўлмиш “Гулистон” журнали тарихига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

“Гулистон” журнали дастлаб “Ер юзи” номи билан 1925 йилнинг ноябридан чиқа бошлаган. Журнални ташкил этиш режалари “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси таҳририятида туғилади ва газетага илова шаклида чоп этилади. Ўша пайтда газета муҳаррири Комил Алимов журналга ҳам муҳаррирлик қилган. “Ер юзи”ни нашр этиш ҳақидаги қарорда шундай дейилган: “Қизил Ўзбекистон” газета идораси мамлакатимизда бўлиб турғон кучларнинг энг яқин ва жонлик иштироки билан октябрь ойининг ўрталаридан бошлаб ўзбек матбуот дунёсида энг биринчи маротаба “Ер юзи” журналини чиқармоққа қарор қилади!

“Ер юзи” журнали Ғарбдан, Шарқдан ва бутун олам ҳодисаларидан чиройлик, ҳам ўн беш кунда бир маротаба жуда аъло қағозда техниканинг сўнг усули билан босиб тарқатилади. Унинг ҳар сонида ёш шоирларимиз ва ҳикоянависларимизнинг замонавий асарлари ёзилиб турадир, мамлакатимизнинг тарихий ва асрий тирикчилигини ўқувчилар кўз олдига ёритмоққа ҳаракат қиладир, жамоат ходимларимизнинг ҳам фаол иштироклари билан юрт танишадир, ҳали бизнинг Ўрта Осиё халқига номаълум бўлган жойлар билан, “қуш учса қаноти куяр, одам юрса оёғи куяр” қабилидаги маконларни кенг тасвир этадир, газета ва телеграф хабарларидаги воқеаларни суратлар билан кўрсатадир, журналист чиқармоққа ҳаракатда бўладир, хулоса: ўқувчиларимиз “Ер юзи” журналида истаган нарсаларини топа олсинлар” деб келтирилган.

Журнални ташкил этишдаги мақсад катта бўлган. Муҳими, ғоя, фикр эзгу эди. Журнал маънавий-маърифий ҳаётнинг кўзгуси бўлиши, миллий қадриятларимиз, ўзликни англаш, халқ ижодиёти, замонавий бадиий жараён борасида чиқишлар қилиши ҳам керак эди. Аммо коммунистик мафкура миллий маданият ва тарихга синфий кураш кўзойнаги билан қарагани сабабли “Ер юзи”нинг миллий маданият асосларини тарғиб этишга даъват қилувчи режалари мавжуд тузум сиёсатига тўғри келмас эди, деб ёзади Тилаб Маҳудов.10 Журналга ҳужум 1929 йилдаёқ бошланган. Журнал “миллатчи” тамғасини олган.

1931 йил 6 майда “Ер юзи”нинг юзи” номли мақола эълон қилиниб, унда журнал “Партия бош йўли учун астойдил курашмаганликда”, “маҳаллий миллатчиликга қарши курашдан ўзини четга олганликда” қораланади. Журнал фаолияти “қайта кўриб чиқиш”ни талаб этади. Бир йилдан сўнг “Ўзбекистон қурилишда” номи билан чиқа бошлайди. Лекин журналнинг олти сони чиққач, “Машъала” номи билан яна қайта нашр этилади. Унинг ҳам бешта сони чиқиб, 1935 йил феврал ойидан журналга “Гулистон” номи берилади. Ўша пайтда журналнинг маъсул котиби бўлиб Ғафур Ғулом ҳам ишлаган.

1941 йил уруш бошланиши билан бошқа қатор журналлар каби “Гулистон” фаолияти ҳам тўхтатилиб қўйилади. 1967 йилдан журнал қайта тикланади.

“Гулистон” журнали фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, жамият ҳаётини ёритиш нуқтаи назаридан ўз йўлига эга бўлган. Бизга маълумки, журналлар турлича: ижтимоий-сиёсий, илмий, адабий-бадиий ва санъатга оид журналлар, ҳажвий, суратли ва тармоқ журналлари бор.

“Гулистон” журнали бу турлардан бир нечасини ўз ичига қамраб олган. Улар: ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий, суратли журнал кўринишларидир. Журнал муқовасида келтирилишича “Гулистон” ойлик ижтимоий-сиёсий, адабиий-бадиий журнал ҳисобланган.

Журналлар таснифида суратли журналлар алоҳида ўрин тутади. Суратли журналлар жамият ҳаётини ёритишда кенг фойдаланилади. Фотожурналистиканинг асосини фотопублицистика ташкил этади ва публицистиканинг бу соҳаси ҳам ўз ички жанрлари, кенг ижодий имкониятларига эгадир. Суратли журналларда фотосурат билан ана шу суратларни шарҳловчи ёки тўлдирувчи босма сўз матн ҳам муҳим ўрин тутади. Шуни айтиш керакки, бошқа ижтимоий-сиёсий журналларда ҳам фотосуратлардан кенг фойдаланилади, бундай журналларда матн, сўз асосий ўрин тутади.

Суратли журналлар жаҳоннинг турли мамлакатларида нашр этилади. АҚШдаги “Плайбой”, Россиядаги “Огонёк” журналлари соҳанинг энг мукаммал журналлари ҳисобланган.11

Республикамидаги “Гулистон”, “Саодат” ва “Ёшлик” журналларида ҳам фотосуратларга кенг ўрин берилган. Бу борада “Гулистон галериtяси” рукнини мисол келтириш мумкин. Журналда айнан шу рукн остида бир неча саҳифа суратлар берилган.

Энди журналнинг қандай принципларга таянганлигини кўриб чиқамиз. “Гулистон” маълум маънода умуминсонийлик принципига таянган. Бу принципнинг назарий асоси шундан иборатки? инсоният ─ табиатнинг гултожи, онгли жамиятнинг, тарихнинг, сивилизацияларнинг ижодкоридир. Гарчи “Гулистон” Ўзбекистон компартияси Марказий комитетининг журнали бўлишига қарамай, инсониятга хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Асқад Мухтор ёшлик чоғидан етим ўсганлиги боис, инсон қадрини ҳамма нарсадан юксак тутган, ҳоксор ва мағрур бўлган. Бир-бирига зид бу икки хислат унинг табиатида ажойиб бир тарзда ўйғунлик топган эди. У бутун умри давомида дунёда тинчлик ҳукмрон бўлиши учун, озодлик, тенглик, миллат тараққиёти учун интилган.

Халқчиллик принципи ҳар бир ижодкордан ўзининг бутун қалб қўрини халққа бағишлашни, бутун умр халққа хизмат қилишни талаб этади. Ҳар бир қалам соҳиби ўз асарларида халқнинг ҳаёти, меҳнати, ташвиши, қувончи, фикр-ўйи, орзу-умидларини кенг, ҳаққоний тасвирлаши лозим. Халқчиллик публицистика ва бадиий ижоднинг энг муҳим талаби, ҳар қандай асарнинг ҳаётийлиги, умрбоқийлигини белгиловчи асосий ва бемуроса мезондир. Халқчиллик принципининг асосий кўринишларидан бири ─ миллийликдир. Бинобарин ОАВ миллийлик принципига амал қилиши керак. Ҳар бир журналист ўз миллийлигини, миллатини севиш билан бирга бошқа миллатларни ҳам ҳурмат қилиши керак. “Гулистон” журнали бу принципга амал қилган. Жаҳон адабиёти ва маданиятига бағишланган мақолалар, расмлар бериб бориши бунинг яққол мисолидир. Ҳаттоки бу бўйича махсус рукнлар ташкил этилган.

“Гулистон” журналининг бош муҳаррири Асқад Мухтор учун миллий маҳдудлик бегона бўлган. У дунёдаги барча халқларнинг маданиятига муҳаббат, чуқур ҳурмат билан қараган. Шу сабабли дунё адабиёти дурдоналари асарларидан тез-тез таржималар бериб турган. Жумладан, Ленинградлик олим В.Разумовскийнинг “Жюль Сандо гули” бадиасини Маҳкам Маҳмуд Андижоний таржима қилиб журналда чоп этади. Мурод Муҳаммад Дўстнинг Людвиг ван Бетховен ҳақида “Қайдасан, қувонч садоси?” ҳикосининг журналда чиқиши катта янгилик бўлган.

Шунингдек Асқад Мухтор муҳаррирлиги даврида “Гулистон”да жаҳон адабиёти хазиналарини ва буюк бобокалонларимиз ижодини изчил ёритиш давом этган. Журналнинг 1973 йилдаги 12 сони Ўзбекистон ва жаҳон илм -фанининг буюк даҳоларидан бири Абу Райҳон Беруний ва унинг даврида яшаган даҳоларнинг кашфиётлари ёритилиши маданий ҳаётимиздаги катта байрамга айланиб кетган. Бу соҳада Асқад Мухтор, Маҳкам Маҳмудов, раҳбарлигида Ваҳоб Рўзиматов, Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Абдулла Шер ва бошқалар Беруний ижодий меросини ўрганишда фидойиларча ишлаган.

Асқад Мухтор ходимларга кенг майдон очиб берган. Беруний, Султон Маҳмуд ва Масъуд Ғазнавийлар ҳаётига доир Абулфазл Байҳақнинг “Масъуд тарихи” асарини арабчадан таржима ва талқин қилган атоқли шарқшунос А.К.Арендс, доришунослик-фармацевтикага оид “Сайдана” асарининг таржимони Убайдулла Каримов, “Геодезия” таржимони, “Беруний ҳаёти ва асарлари” китоби ва икки қисмли “Беруний” бадиий фильми сценарийсининг муаллифи П.Г.Булгаков, “Осорул боқия” таржимони Абдуфаттоҳ Расулов, шу китобни чуқур тадқиқ қилган Исматилло Абдуллаев, Шарқ қўлёзмалари билимдонлари Абдулла Носиров, Шорасул Зуннун, аллома Чағминий ҳақида ёзган Тошпўлат Усманов ва бошқалар билан суҳбатлар журналда босилиб чиққан.

Миллийлигимизни тарғиб қилишда журнал муҳим ўрин эгаллаган. Бобокалонларимиз ҳаёти ва ижодидан намуналар бериб бориш орқали халқни уйғонишга даъват қилиш у пайтлари катта жасорат эди. Журналнинг ҳар бир сонида миллий ҳалқ ҳунарлари, халқбоп ёзилган асарлар бериб борилган. Масалан, “Ҳайкаллар умри боқий”, “Риштон эртаги”, “Алишер Навоий: “Руҳ озиғи хуш овоздандир”, “Ипаклари тиллодан...”, “Бир пиёла чой” каби мақолалар “Хазина” рукни остида берилган.

Матбуотнинг асосий принципларидан бири оммавийликдир. Оммавийлик ҳар бир матбуот нашрининг ва ОАВ да кўпчиликнинг доимий иштирок этиши, кўпчилик томонидан яхши кутиб олиниши, оммавийлашувидир. Бу борада “Гулистон” журнали 1970, 1980 йилларда сўз бўстонининг ҳақиқий гулистонига айланган бирдан-бир севимли журнал эди.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет