1.3. ЁЗУВЧИ ПУБЛИЦИСТИКАСИ
ХХ асрнинг 60-70 йилларида Асқад Мухтор ижоди гуллаб яшнаган давр эди. У кўплаб йирик асарлар ёзиш билан бирга публицистик асарлар ҳам ёзган. “Ҳаётга чақириқ” китобига киритилган очеркларда, “Ёш дўстларимга” деб номланган икки китобдан иборат адабий суҳбатларида долзарб ва ҳар бир давр учун муҳим бўлган масалаларни кўтариб чиққан.
Доцент Сайди Умировнинг ёзишича Асқад Мухтор олтмиш йиллик ижодий фаолияти давомида ўн мингга яқин публицистик асар ─ корреспонденция, лавҳа, репортаж, ҳисобат, интервью, мақола, тақриз, кузатиш, шарқ, хат, фельетон, эссе, очерклар ёзган, экранда беҳисоб чиқишлар қилган.
Сайди Умиров. Асқад Мухторнинг элчилари. Ўзбекистон адабиёти ва санъати.2005 йил, 7 январ. 2 сон.
Ёзувчининг барча асарларида учрагани каби унинг публицистикаси ҳам фалсафий мушоҳадаларга бой, оддий воқеалардан ҳам катта фикр, салмоқли хулосалар чиқарилган бўлиб, ўқувчини ўйлашга ва фикрлашга даъват этади.
“Ёзувчи маҳорати бирор қизиқ воқеани топиб тасвирлашдан кўра, бирор воқеани қизиқ қилиб тасвирлашда кўпроқ намоён бўлади, деган гапи бадиятгагина эмас, публицистикага ҳам таалуқлидир, деб ёзади Сайди Умиров. Адибнинг “Заранг япроғи” номли йўл очеркидан Канада табиати, одамлари ҳақида кўп маълумотлар оламиз. Машҳур боғбон Ризамат отанинг дил рози монолги асосига қурилган “Умр ҳикмати”да нуронийларимизга хос донишмандлик, бағрикенглик, камтарлик уфуриб турибди. Болалар, ёшлар ҳақида ёзганда адиб тилда, услубда бола бўлиб, ёш бўлиб кетади...”
Асқад Мухтор билимдонлиги, тилни мукаммал билиши, таҳрир санъатининг устаси бўлганлиги боис ҳар бир ёзган катта асридан тортиб кичик мақоласигача ўқиш силлиқ кечади. Ҳеч қандай тушунмовчилик, дағаллик учрамайди. Унинг шоир, ёзувчи, публицист сифатида танилишига ҳам ана шу сифатлари сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
Иккинчидан асқад Мухтор кузатувчан инсон ва тажрибали журналист сифатида бугунги кун учун нима нарса муҳимлигини очиқ ойдин биларди ва шу йўналишда мақолалар ёзарди. Унинг “Ёш дўстларимга” номли китобида берилган ҳар бир суҳбат ўта муҳим масалаларга бағишланади. Асқад бу муаммоларга якка ўзи эмас, жамиятнинг олд зиёли инсонлари билан жавоб қидиради. Суҳбатларнинг ёзилишидан мақсад ҳам шу эди.
Суҳбат жанри биз учун журналистнинг савол беришию, респондентнинг жавобидан иборатдай, гўё. Аммо ўзбек журналистика тарихида икки нафар шахснинг тенг мунозара олиб боришини ҳам кузатамиз. Бу айниқса Ақсад Мухтор публицистикасида кўзга ташланади. “Ижодкорнинг дахлсиз дунёси”, “Перспектив манба”, “Тарихийлик ва замонавийлик”, “Дарё ва соҳиллар”, “Инсон меҳнати билан гўзал”, “Китобхонимиз элчилари”, “Ажойиб сирли гармония” номли суҳбатларида ёзувчининг феномени кўзга яққол кўринади.
“Ижодкорнинг “дахлсиз” дунёси” суҳбати танқидчи У. Норматов билан олиб борилган. Унда ўша даврдаги адабий-бадиий тараққиётнинг характерли белгилари ҳақида гап боради. Суҳбатни танқидчи бошлаб беради. Саволлар, муносабатлар жуда узун шаклда берилган бўлиб, масалан, “ижод психологияси фақат китобхонларни эмас, адабиётшуносларни ҳам қизиқтиряпти, у ҳақда хилма-хил баҳслар бўлаяпти. Баъзи адабиётчилар ижод психологиясини ўрганиш фойдали, самарадор деб ҳисоблайдилар, айрим адабиётчилар эса бадиий ижод индивидул, субъектик характерга эга, у — дахлсиз дунё, шунга кўра адабиётшунослик ижодий жараён натижаси — конкрет асарни таҳлил этиш билангина шуғуллангани маъқул, ёзувчининг шахсий “дахлсиз” дунёсига, ижод сирларига бош суқмаган дуруст, дейдилр...
Сиз бу ҳақида нима дейсиз?”, деган шаклда. Жараёнда иккала шахс тенг ҳамкорликда мушоҳада этиб ўша давр адабий хусусиятларини ҳам айтиб ўтади. Бир-бирларининг фикрларини тўлдириб, суҳбат жанрининг имкониятларидан тўла фойдаланади. Айтайлик У.Норматовнинг фикрича, ўзбек адабиётшунослигининг характерли анъанаси бор. Улкан сўз санъаткорлари бир эмас, бир неча жанрларда қалам тебратганлар. Навоий аввало шоир, айни пайтда моҳир прозаик, етук адабиётшунос эди. Бобур ҳам шундай. Бу ҳодиса совет даврида ҳам давом этти. Ҳамза аввалига шоир эди, ўзбек насри усталари Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом бадиий ижодни шеъриятдан бошлаган. Шу ўринда бир қизиқарли масала бор. Ҳар ҳолда проза билан поэзия алоҳида-алоҳида олам. Насрнинг ҳам назмнинг ҳам ўз талаб, қонуниятлари бор. Асқад Мухтор эса бу фикрни давом эттиради, тўлдиради: “Сиз ўзимизнинг адибларимизнигина айтдингиз. Лекин айтиш керакки, жаҳон адабиётида ҳам шеър ёзмаган, поэзия билан шуғулланмаган адибни топиш қийин...”
Суҳбатнинг асосий ўзига хослиги у нафақат адабий мавзуларни, балки санъатга оид қизқиарли мунозараларни келтириб чиқарганидир. Драматургия, кинодан яна адабиётшуносликка қайтилади. Эркин фикр, кенг дунёқараш акс этади. Ўқувчиларнинг эътиборини тортувчи қизиқарли мисоллар келтирилади. Дарҳақиқат, ўша пайтда “ХХ аср услуби”, “янгича стиль” кириб келган. Унга Асқад Мухтор қуйидагича муносабат билдирган:
“Изланиш яхши. Лекин эксприментни асосий машғулот қилиб олиш керак эмас. Навоторликни ўйлаб чиқариб бўлмайди. У энг яхши анъаналардан табиий ўсиб чиқади. Яқинда Москвада бўлиб ўтган ёшлар кенгашида бир йигитнинг ҳикояларини муҳокама қилдик. Феъл ишлатмаяпти. “Мозаика” дейди. “Бу қизиқ ўйин экан, лекин туйғулар бутунлиги йўқ-ку”, деса; “Мен экспримент қилаяпман, одам доим парвозда бўлиши керак, занг босмайди”, дейди. Парвоз яхши, учиш керак. Лекин қаёққа? Буни аниқлаш ҳам керак-да. Классикани, бутун адабиёт тажрибасини билмай туриб, экспримент қилавериш новаторликка олиб келмайди”.
Фикрлар шу тарзда дадил ва аниқ ифода этилган. Мужмал, маъно чиқмаган жумлалар учрамайди. Бундан кўриниб турибдики Асқад Мухтор сўзни жой жойида тежаб ишлатишни яъни таҳрир санъатини яхши билган ва нафақат жанрлар ривожига балки адабий тилимизнинг гўзаллашувига, бойишига ўз ҳиссасини қўша олган.
Асқад Мухторнинг ҳар бир публицистик асарида инсон камолоти учун кураш, маънавий етуклик масаласи кундаланг қўйилади. Унинг фикрича ёзувчи шахс сифатида замонавий бўлиши керак.
Шунингдек унинг “Сиз қандай ўқийсиз?”, “Камолот калити”, “Умр ҳикматлари”, “Хат ёзиб турасизми?” номли мақолалрида ҳар бир давр учун муҳим бўлган муаммолар кўтарилган. Адиб худди бугунги кунни олдиндан билганидек ҳеч бир техника китобнинг ўрнини босолмаслигини, китоб худди жонли бир воситадек ўқувчи билан тўғридан тўғри мулоқатга кириша олишни таъкидлайди.
Ўқишлар ҳар хил бўлади. Биров эрмак учун ўқийди, биров хордиқ чиқариш учун; биров ўқиётган китобини илмий таҳлил қилиш учун, яъни “бурч юзасидан”. Биров бўлак машғулот бўлмаганидан, вақт ўтказиш учун, биров ниманидир билиб олиш учун, биров асардаги воқеага қизиқиб ўқийди. Шунинг учун атрофимизга қарасангиз турли хил китобхонни кўрасиз...12
Мақола орқали адиб ўқувчини ўйлашга ундайди. Ҳар қандай иш қилишдан белгили бир мақсад бўлганидек, “ўқиш бу меҳнат” деб келтиради.
Асқад Мухторнинг оддий публицистик мақолалари эътибор бериб қаралса бир-бирини тўлиқтириб, бойитиб келишини пайқаш мумкин. Масалан, “Китобхонларимизнинг элчилари” ва “Ажойиб сирли гармония” мақоллари “Сиз қандай ўқийсиз?” нинг мантиқий давомидек кўринади.
Муставид тузум даврида баландпарвоз гаплар публицистиканинг асосини ташкил этарди. Лекин Асқад Мухтор ўз табиатининг табиийлиги, самимийлиги ва софлигини сақлай олган. Қандай мавзуда ёзмасин унда ҳаётий воқеалар, жонли фактлар иштирокини кўрамиз. Асар қаҳрамонлари шунчаки ўйлаб топилган образлар эмас, ҳаётий оддий инсонлардир. Лекин ана шу оддий инсонлар мисолида катта муаммоларга ечим қидиради. Демак, шундай хулоса ясаш мумкинки, адиб доим халқни ўйлаган, унинг дарди билан яшаган, ҳақиқий инсонпарвар бўлган.
Асқад Мухтор кузатувчан шахс сифатида жамиятдаги воқеаларни тарифлайди. “Қони бало”, “Тилимиз бир мўъжиза” мақолаларида айрим оғриқли жиҳатларни кўйиниб сўз этади. Ичкиликнинг тараққиёт кушандаси эканлигини тарихий ва бугунги кун мисолида кўрсатиб беради. Шунингдек, “Тилимиз бир мўъжиза”сида тилнинг софлигини сақлаш масаласи кўтарилади.
“Тил жонли нарса. Тил дарахтдай, гиёҳдай яшнайди, гуллайди, синдирсанг синади, каллакласанг чўлтоқ бўлади, тилсанг чираси ерга оқади. У тирик, нафас олади. Матбуотимиз, китоб, газета, журнал, радио ─ унинг жонли нафаси, юрак уруши” деб кетиради мақолада. Ўша даврда бундай ўткир фикрлар айта олиш катта жасорат эди. Иккинчидан, бу мақола бугунги кун учун ҳам ўта аҳамиятлидир. Айниқса интернет ривожи сабабли “матбуот ўлади” деган гаплар бор. Лекин матбуотми ёки интернет ўладими буни вақт кўрсатади. Аммо Асқад Мухтор таъкидлаганидек ҳар бир соҳанинг камолоти, равнақи раҳбарга боғлиқ.
“Тил кундан кун бойлик, гўзаллик орттирса, бунда бизнинг (яъни муҳаррирларнинг) хизматимиз бор. Агар тил бузилса, қашшоқлашса бунда ҳам бизнинг “Хизматимиз” бор.
Адиб мақоласида матбуотни “тилнинг қибласи” муҳаррирларни “тилимиз боғбонлари” деб атайди.
Асқад Мухтор шахс сифатида ҳурматга лойиқ бўлишининг ягона сабаби “сўзи билан иши бир” эди. У шунчаки ёзмасди, ёзганига амал қиларди. “Гулистон” журналидаги фаолияти бунга ёрқин мисолдир. У “Гулистон”ни гулистон қилган ҳақиқий боғбон эди.
II БОБ. АСҚАД МУХТОР “ГУЛИСТОН” ЖУРНАЛИ БОШ МУҲАРРИРИ
2.1. ЖУРНАЛДАГИ ИЖОДИЙ МУҲИТ: “ГУЛИСТОН” ТАҲРИР МАКТАБИ
1966 йили Ўзбекистонда қайта очилган “Гулистон” журнали ўзбек халқининг маънавий ҳаётидаги катта воқеа бўлган(шўролар даврида, ҳозиргидек, хоҳлаган одам ёки ташкилот, маблағи кўтарса, журнал очмасди, ҳар бир нашр, у ҳатто шапалоқдек газета бўлса ҳам, Москванинг рухсати билан ташкил қилинарди). “Гулистон” шу даврларда ҳамманинг севимли журналига айланган эди. Унда луғатдаги русчалаштириш ва оврўполаштиришга қарши ўзбеклаштириш, шарқлаштириш учун кураш борарди; “революция” —“инқилов”, “редакция” — “таҳририят”, “автор” — “муаллиф”, “поэзия” — “назм” ёки “шеърият” “проза” — “наср”, “философия” — “фалсафа” тарзида муомалага киритиларди; “Темур тузуклари” форсчадан таржима қилиниб, сонма-сон босиларди (таржимон эса амалда Шарқий Туркистоннинг норасмий президенти бўлган, гоминданчи босқинчилардан ўлканинг деярли 90 фоиз ҳудудини озод этган, СССРКГБси томонидан алдов йўли билан Тошкентга бир кечада олиб келинган халқ машали, илоҳиётчи олим, файласуф ва адиб Алихон Соғуний эди); инглиз тарихчи олимаси Ҳилда Ҳуқҳеманинг Амир Темур ҳақидаги романидан парча шу журнал орқали халққа етиб борди; Расул Ҳамзатовнинг миллий қадриятлар ва озодликни улуғловчи “Доғистоним” асари Эркин Воҳидов таржимасида босила бошлади.
Шу тариқа “Гулистон” миллий журналга айланиб бошлаганди. Шу боис кўпчилик назарида “юқоридагилар” журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳимовни ишдан олиб, ўрнига Асқад Мухторни тайинлайди.
Асқад Мухторнинг ишлаш принципи ҳақида ҳамкасблари ва дўстлари жуда кўп эслайдилар. “Асқад Мухтор замондошлари хотирасида” китобида Асқад аканинг иш услуби ўзгача бўлганлиги у фақат муҳаррир эмас, балки йирик шахс сифатида ўз ўрнига эгалигини эътироф этилган.
Журналда ҳар бир бўлим тайёрлаган материални мудир одатда тўғридан-тўғри бош муҳарририга олиб кириб бериши керак бўлган. Бош муҳаррирдан “ўтгач” котибга, у котибиятга, ундан кейин бош муҳаррир ўринбосари Ваҳоб Рўзиматовга борган. Бош муҳаррир ҳар бир материални фақатгина ўқиб қолмасдан, уни жиддий таҳрир қилган.
Журналда материаллар жуда пухта тайёрланган. Ақсад Мухтор ва Ваҳоб Рўзимотов бошчилигида ана шу тариқа “Гулистон таҳрир мактаби” га асос солинган.
Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган йиллари журналда анча ўзгаришлар юз берганди. Юқоридан кўрсатилган тазйиқ сабабли ўзбекча сўзлар русчалаштирилганди. Кўпчилик энди журнал мустабид тузум қуролига айланади, деган фикрда эди. Лекин Асқад Мухтор бу қарашларни йўққа чиқазди. Журнал компартия учун эмас халқ, миллат ва Ватан тараққиёти учун хизмат қила бошлади.
“Мен ўйлаб-ўйлаб “Гулистон” журналига ишга кирдим ва 1969 йилнинг 16 декабрида биринчи ойлигимни олдим. Мени адабиёт ва санъат бўлимига ўтказишди. Дастлаб хатларга жавоб ёзиш билан, кейинчалик адабий танқид ва санъат билан шуғулландим: бўлим мудири Шукур Холмирзаев насрни, адабий ходим Азиз Абдураззақ шеъриятни юритарди. Ишга кирганимда икки ой бўлгандан кейин бир куни Асқад Мухтор хонамга келиб, “Қуёшни қутлаб” деган китоб чиққанини, ўшанга ихчам тақриз ёзиб беришимни сўради. Бу материалим журналда чоп этилди” деб эслайди журналнинг собиқ ходими Абдулла Шер.
Ташқаридан қараганда, гуё журналда ўзгариш бўлмагандек эди. “Темур тузуклари”, “Доғистоним” тўхтатиб қўйилган, бош муҳаррир ўрнига бош редактор, муаллиф ўрнига автор, таҳрир хайъати ўрнига редколлегия ёзиларди, олдингига қараганда замонавий материалларга кенгроқ ўрин берилган. Аммо синчковлик билан назар ташлаган киши журнал материаллари тобора теранлашиб бораётганини, бевосита эмас, Эзоп тилида билвосита миллий ўзликни танишга даъват этувчи, ўқувчини ўйлантирадиган мақола ва асарлар берилаётганини, миллатимиз тарихи яна ҳам дадилроқ ёритилаётганини кўриши мумкин эди.
Журнал таҳрририятига кирар эшик ёнига Ленини сурати қўйилган бўлиб, кўпчилик журнал ходимлари “Биз Ленинни пана қилиб ишлардик” дейишади. Натижада ҳамма ишлар бир маромда кечган.
“Гулистон” журнали Асқад Мухтор раҳбарлигида том маънодаги миллий журналга айланган. Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов деб юрган халқ Октябр тўнтаришигача Жўрабек Қаландарқори ўғли деган гененрал ҳам бўлгани, у бир неча ғарб ва Шарқ тилларида эркин сўзлаша олгани, унинг кутубхонасидан Бартольд, Семёнов сингари шарқшунос олимлар фойдаланганини, у Фурқат, Фансуруллобек, Сатторхон Абдуғафаров, Саидрасул Саидазизов, Инъомхўжа Умриёхўжаев сингари ватанпарварлар билан биргаликда Миллий озодлик лигасини тузишга урингани ва чор хуфиялари томонидан Қўйлиқдаги боғида сирли равишда ўлдирилганини билиб олишган. Фурқат, авваллари ёзиб келинганидек, Россиянинг Ўрта Осиё устидан ҳукмронлигини қўллаб келган шоир эмас, балки миллатпарвар сиймолардан бири, Жўрабек ўлдирилмасидан бир оз олдин алдов билан, паспортсиз хорижга чиқарилиб, кейин ватан ҳудудига киритилмаган зиёли эканидан, генерал Кауфман енга олмаган кўмондон аёл Қурбонжон додҳодек мард онахонларимиз ўтганидан, Намоз Пирим ўғли, мустамлакачилар алам билан ёзганларидек, ўғри эмас, миллат озодлиги учун курашган халқ қаҳрамони бўлганидан одамлар “Гулистон” орқали биринчи хабар топган. Андижон қўзғолони раҳбари Муҳаммад Али эшоннинг дор остида: “Мен Ватан озодлиги учун қурбон бўлаяпман! Яшасин озодлик! Босқинчиларга ўлим!” деган сўзлари ўзини таниган ҳар бир журналхон қалбида акс-садо берган эди. Бу миллий қаҳрамонларимиз ҳақида ёзган Мурод Хидир, Шариф Юсупов, Наим Норқулов, Ҳамдам Содиқов, Ҳайдарбек Бобобеков сингари истеъдодли зиёлилар илк марта халққа ҳақиқатни очиб бердилар. Ана шундай материалларни Асқад Мухтор нафақат ўтказган, балки уларнинг муаллифларига “Гулистон”нинг махсус мукофотларини топширган.
“Гулистон” ёшларнинг ҳам севимли журналига айланган. Энг истеъдодли шоир ва ёзувчиларга биринчи бўлиб шу журнал оқ йўл тилаган. Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон сингари ҳозирги наср усталарини, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Анвар Обиджон, Фароғат Камол каби бугунги машҳур шоирларимизни ҳақли равишда “Гулистон” мактабидан чиққан истеъдодлар деб аташ мумкин. Ўша пайтлар ёш шоир ёзувчилар уюшмасига қабул қилинаётганида, у китоб чиқаргани билан эмас, “Гулистон”да шеърий туркум эълон қилгани учун кўпроқ қадрланган.
Журналда энг яхши адабиётшунос, санъатшунос олимлар иштирок этишган, “Гулистон”нинг “ўз муаллифлари” ҳам бўлган. Иззат Султон, Азиз Каюмов билан бир қаторда Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, Бегали Қосимов, Умарали Норматов, Муҳаммадали Қўшмоқов каби муаллифлар журналга доим долзарб аҳамиятга эга мақолалари билан қатнашган.
Асқад Мухтор фақат ёшларни эмас, балки кекса адибларни ҳам асраб авайлаган, эъзозлаган. Журнал саҳифаларида Уйғун домла, Ғайратий домланинг шеърлари, Йўлдош Шамшаров каби носирларнинг асарлари чиройи безаклар билан босилган.
Асқад Мухтор ҳар биримизни ажойиб, қизиқарли, кўнглимизга хуш келадиган йирик ижодий ишлар билан банд қилиб қўяр эди, дейди Маҳкам Маҳмуд Андижоний. Устоз таклифи билан Абдулла Шер ўзи севган Гёте ва Ҳайне достонларини олмон тилидан таржима қилди. Асқад ака менга буюк ҳинд эпоси “Маҳобҳорат” достонининг илк бобларини таржима қилишни топширди. Бу достонни истеъдодли ҳиндшунос дўстимиз Амир Файзулло санскрит тилидан таржима қила бошлади. Шу туфайли мен бошқа бир мумтоз асар қадимги лотин адиби Апулейнинг “Эврилишлар ёхуд Олтин хўтик” асарини таржима қила бошладим. Бу ишни истеъдодли шоир Асқар Қосим билан ҳамкорликда қилдик. Асқад ака қувватлади. Шунингдек ленинградлик адиб В.Разумовскийнинг “Жюл Сандо гули” номли Балзак ва Дюманинг замондоши Аврора Дюдеван ҳақида бадиасини таржима қилдим. Бу “Гулистон” да чоп этилиши кутилмаган янгилик бўлди.13
“Гулистон” журналининг сўз бўстонининг чинакам гулистонига айланишида Асқад Муҳторнинг ҳиссаси катта. У бош муҳаррирлик қилган вақтидан ўз ичига катта маъсулият билан ёндашган. Журналнинг ўқимишли бўлиши учун янгиликлар яратишни, етук, қўлида қалами бор ижодкорларни ўз атрофида тўплашни, шу йўл орқали халққа маънавий билим тарқатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва маълум маънода ўз истагига эриша олган ҳам.
Журналда чоп этилган материаллар тили равон, ўқишли, пишиқ, бадиий жиҳатдан етук асарлар бўлганлиги сабабли ўқувчилар эътиборини тортган. Иккинчидан, журнал мустабид тузумдаги эркин фикр билдириш макони ҳам эди. Учинчидан, инсонни мустақил фикрлашга ундайдиган, тарихни ўрганишга, маънавий илдизларимизни билишга даъват этадиган мақолалар, бадиий асарлар изчил чоп этилган.
“Гулистон” журналида мусаҳҳиҳдан тортиб бош муҳарриргача фикр ва инсоний муносабат бобида тенг, демократия деган нарса айни шу масканда мужассам эди, — деб ёзади Хайриддин Султон. — Александр Твардовский бошқарган “Новьй мир” журнали рус жамиятига қанчалик ижтимоий таъсир кўрсатган бўлса, муболағасиз айтиш мумкинки, Асқад Мухторнинг “Гулистон”и ҳам ўзбек жамиятининг маънавий ҳаётига шунчалар кучли таъсир кўрсатган.”14
Қисқа вақт ичида журнал адади 350 мингдан ошиб кетган. Х.Султон буни шундай изоҳлайди: Биринчидан, журнал таҳририятида зиёли бир муҳит ҳукм сурарди. Ижтимоий жамоа орасида бу даргоҳга тасодифан келиб қолган бирорта ҳам қаламкаш йўқ эди. Иккинчидан, журнал саҳифаларида тасодифий асар ҳам, тасодифий муаллиф ҳам асло йўлатилмас эди. Биз таҳририятнинг ёш, жўшқин, аммо на ҳаётий, на адабий тажрибага эга бўлган ходимлари бу борада муросасиз эдик. Шу боис кўплаб ночор ва яроқсиз қўлёзмаларни қайтариб, беткачапорлик қилиб баъзи бир истеъдоди тирноқча, кибр-ҳавоси тоғча қаламкашларнинг таъна-маломатларига ҳам дучор бўлганмиз. Бугун энди ўйлаб қарасак адабиётга адабиёт деб эмас, балки умумпролетар ишнинг бир қисми деб қаралган ўша мафкуравий замонларда бизнинг бундай оташинлигимиз боис бош муҳарриримиз қанчадан қанча ғоявий тазйиқларга дуч келган эканлар. Аммо шуни фахр билан айтишим мумкинки, Асқад ака муҳаррир бўлиб турган даврда, нечоғли қийин бўлмасин, “Гулистон” журнали ўз бадиий мезонларидан ҳеч қачон чекинган эмас.15
Маънавий бедорлик, руҳий безовталик, халқ дардини юракдан тўйиш, фаол фуқаролик позицияси, нуқтаи назаридан теран ва ҳолислиги каби хислатлар “Гулистон”ни эл орасида машҳур ва манзур қилган эди.
Бош муҳаррир ўринбосари Ваҳоб Рўзиматов тўғрисўз ва талабчан инсон эди, шу боис “тyққанига ҳам ёқмас” эди. Унинг учун адабиёт бозорида унвону нуфуз деган нарсалар ўтмас, ҳар кимнинг молига ёзган матнига қарабгина тош-тарози қўяр эди. Аҳли истеъдодга мураббий ва муқаввий, адабий чайқовчиларга шафқатсиз эди. Кимсан Ғафур Ғуломга котиблик қилган, катта мактаб кўрган ижодкор эди. Ҳар бир сўзи ҳикмату нақл, қочирма киноя билан товланиб турарди. “Бўлди да, оқўси, адабиёт сизга эчки бозорими?!” дея бир чимирилганида ҳар қандай қаландимоғ адиб ҳам адои тамом бўларди.
Таҳрир бобида ўзига хос мактаб яратган, аммо камтарлик билан уни “Тўрт амал” деб атарди. “Бир товуқни бир сўйибон бир еди” деб жумладаги тавталогияга қирон келтирарди. Севган ибораси “окўси” эди. Ўзбек тилининг билимдони ва жонкўяри эди. Афсуски бундай жонкўярлар бугунги кунда камайиб кетти. Етук таржимон эди, рус ва жаҳон классикасини пухта биларди. “Гулистон”даги маънавий муҳитнинг шаклланиши ва барқарор туришида хизматлари мўл эди, деб эслайди Ҳайриддин Султон.
Яна бири Абдулла Шер, чинозлик, шоир маъруф ва жўшқин инсон бўлган. “А.Шеров” деб имзо чеккан.
Яна бири Маҳмуд Саъдий бўлиб, адабиёт ва санъат бўлимининг мудири бўлган. Асқад ака ҳазиллашиб “Шайх Саъдий” деб атаган. Китобининг кўплиги ва ижодий маҳсулининг камлиги билан машҳур экан. Матбуот заҳматкаши, умр бўйи турли хил кимсалардан мутафаккир ясаш билан машғул бўлган. Адабий танқид касби...
Фан ва маданият бўлимининг мудири Мурод Хидир асли китоблик бўлган. Ваҳоб ака жаҳли чиққан кезларда уни “Шахмат ва кроссворд бўлимининг мудири” деб атаган.
Тоҳир Малик журналда ижтимоий сиёсий бўлим мудири бўлган. Шу кезларда “Фалак” деган қиссаси тилга тушган. Бағоят меҳнаткаш бўлган. Ваҳоб ака уни бошқаларга намуна қилиб кўрсатган.
Яна бир Саъдулла Аҳмад шоир, санъатшунос бўлган. Асли қизилтепалик эди. Классик театр жони дили эди. Маннон Уйғур, Шукур Бурҳон ҳақида дуруст нарсалар ёзган, хусусан, “Эдип” деган бадиаси машҳур. Ҳақиқатпарастлиги билан ном чиқарган.
Яна бири Эркин Аъзам, бойсунлик, носир, табиатининг нозиклиги ила машҳур бўлган. Озу, соз ёзган. “Отойининг тўғилган йили” деган қиссаси журналнинг бир нечта сонида берилган.
Яна бири Эмил Рўзибоев, самарқандлик, рассом, ҳунарида чинакам моҳир бўлган. Кейинчалик кўп мусаввир унинг ўрнида хизмат қилган, аммо ҳеч бири бадиий безак жиҳатидан журнални у юксалтирган даражага олиб чиқолмаган.
Журнал ходимларининг ҳар бири ўзига яраша феъл атворлик, қисмат тақдирлик бўлишган. Аммо уларнинг ягона умумий фазилати: барчаси ҳам адабиёт деб яшаган. Адабиёт улар ҳаётининг мазмуни ҳисобланган.
Ҳайриддин Султон бир ҳикоясининг журналда чоп этилиши учун чеккан заҳматларини қизиқарли тарзда баён этади. Унинг “Ой ботган паллада” ҳикояси икки йилдан кейин, яъни 1979 йил январ сонида чоп этилди.
Шу пайтгача ёзилган ва эълон қилинган нарсаларим бир бўлдию “Ой ботган паллада” ҳам бир бўлди. Бу ҳикоя мени ўқувчиларга танитди. Бобур Мирзо сиймосининг жозибаси шу қадар кучли эдики, у ҳикояда яққол кўриниб турган камчилик нуқсонларни ҳам ёпиб кетарди. Бундан ташқари китобхонлар ҳазрати Бобур сиймосини соғинган эди. Шунинг учун ҳам кичкинагина ҳикоя уларда бунчалик қизиқиш уйғотган бўлса ажаб эмас.
Дорилфунни битириб “Гулистон” журналига ишга кирдим. Санъат бўлимида ишлай бошладим. Декабрь ойида журналда янги ҳикоям “Дунёнинг сирлари” босилиб чиқди. Муҳаббат ёшидаги кўплаб ёш ялангдан хат келди. Таҳрир ҳайъатининг қарорига биноан тўрт муаллиф журналнинг йиллик мукофати билан тақдирланди. Шулар орасида “Ой ботган паллада” учун мен ҳам бор эдим16.
Асқад Мухтор самимий, очиқ чеҳрали, содда инсон бўлган. Шу сабаб тажрибали ёзувчи ҳам, эндигина қалам ушлаган бошловчи ёш ижодкор ҳам унга юракдан яқинлик сезган. Ижодкорлар ва журнал ходимлари билан тенгдош, сирдош каби бўлган, ҳеч қачон ўзини юқори қўймаган.
“Айрим ёзувчилар, дейди Асқад Мухтор, йирик-йирик қўлёзмалар ўқиш, муҳаррирлик адабий ижодга ҳалал беради, деб зорланади. Менингча, бу фикр унчалик тўғри эмас. М.Горькийнинг кўп миллатли адабиётимизнинг отаси даражасига кўтарган таянчлардан бири ёш ҳаваскорлардан тортиб то йирик ёзувчиларнинг қўлёзмаларигача қунт билан ўқиб, фикр мулоҳаза, маслаҳатлар бериши, синчков редакторлиги бўлди. Қўлёзма, автор адабий қиёфасининг ойнасидир. Бу ойнани қўлга олган киши баъзан ўз ижодидаги фазилат ва нуқсонларни ҳам пайқаб қолади. Авторга ўргатиш билан бирга ўзинг ҳам ўрганасан”17
Асқад кўп китоб ўқиган, кўп мушоҳада қиладиган мулло ёзувчи бўлган. Адабиётга оид илмий баҳсларда олимлардек гап айта оладиган, фикри тиниқ ижодкор бўлган. “Литературная газета”, “Литературная Россия” газеталарида эълон қилинган мақолаларида унинг нақадар теран фикрли, катта-катта адабий анжуманларда қазо-қазо адабиётшуносар билан беллаша оладиган олим ёзувчи эканига гувоҳ бўлганлар кўп.
Иккинчидан адиб журналда босиладиган асарларни ҳафсала билан таҳрир қилган. Қўлёзма эгалари эса бундан ранжимаган. Тузатилган саҳифаларни кўриб, “маъқул”, “раҳмат”, деб миннатдорчилик билдирган. Унинг бу ишлари Миртемир акага ёқиб, “Асқад қўлёзмага билиб қалам тегизади”, дер экан.
“У жуда инсофли, диёнатли одам эди. Журналга бош муҳаррир бўла туриб, таҳририят машинасида юрмасди. Ишга пиёда бориб келарди. Ишхонасидан иккитагина бўлсин қоҳоз олиб кетмасди. Ишдан қайтишда Ўрда гузаридаги магазиндан қоғоз, блокнот, қалин муқовали “обший дафтар” сотиб оларди”. 18
“Республика адабий журналига бош муҳаррир бўлиш катта мансаб эди, лекин Асқад Мухтор ҳеч мансабга учмасди”, деб эслайди “Шарқ юлдузи” журналида ишлаган таниқли шоир Ҳусниддин Шарипов. Ойнинг бирон бир белгиланган кунида режа тузиш учун мажлисга йиғилардик. Муҳаррир эса ҳар куни корректура ўқишдан бўш вақтлари , биз билан қайсимизнинг бисотимизда нима борлиги, ёзувчиларнинг қайси бири нималар ёзаётгани, асари қай даражага етиб қолгани ва ҳакозалар ҳақида ҳеч қандай расмиятчиликсиз гаплашиб турарди...
Навбатдаги сонга материал тушириб юбориш арафасида ярим саотгина мажлис қилиб олардик. Унда Асқад Мухтор бизни журналнинг қаламда ёзилган мундарижаси билан таништирарди. Мундарижа ой давомида, ҳаммамизининг ўртамизда пишиб боргани сабабли бўлимлар жой талашиб, кўп ғиди биди қилиб ўтирмасди. Муҳаррир ҳам иш юритиш учун уларни бир бирига гиз гизламасди. Демократия деганлари шу бўлса керакда! Таниқли адиб, халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг айтишича, Асқад Мухтор талабдан паст даражадаги асарларни нашр қилиш масаласида адолатдан чекинмасди. Мирзакалон Исмойлий хоразмлик ёш шоирнинг шеърларини тавсия қилиб келганида, улар адабиёт бўлимида ишлайдиган Маҳмуд Саъдийга ёқмаган эди. Бош муҳаррир Асқад Мухтор таъна қилмади, шеърни албатта чиқазасан деб зўрламади.
Эътиборли ёзувчининг тавсиясини ҳурмат қилибми, иккитагина шеърини танлаган эдилар, деб ёзади Тоҳир Малик. Шу иккита шеър чиқса журнал савияси тушиб кетмас эди. Лекин бўш асарларга озгина бўлса ҳам йўл очилар эди. “Фалон асар чиққанда, буниси чиқса нима бўпти” деган фикр ғолиб бўла бошларди. Шу боис ҳам бош муҳаррир бўлим бошлиғи ҳукмини бекор қилишни истамаган эди.
Асқад Мухтор ёшларга ҳам меҳибон бўлган. Истеъдодли шоир ёзувчиларни доим қуллаб-қувватлаган. Уларнинг ижод намумалари билан бирга улар ҳақида ёзилган мақолалар, адабиётшуносларнинг фикрлари ҳам журналда берилган. Масалан, журналнинг 1979 йилги 10 сонида Абдулла Шернинг умумий сарлавбҳа остидаги (”Соғинчдан иборат экан яшамоқ”) шеърлари ҳамда Озод Шарафиддиновнинг Муаллиф ҳақидаги “Шоирнинг баҳроий сўзи” мақоласи чоп этилган.
Шунингдек, журналда ҳар бир бадиий асар учун сурат чизилган ва мусаввирлар ижоди мунтазам ёритилиб борилган. Мусиқага меҳр қўйган бастакор ёшлар ҳақида ҳам материаллар берилган.
“Гулистон” журналида шеърий асарлар эълон қилишда ҳам бошқача йўл тутилган. Бир мавзудаги шеърлар танлаб олинган. Бу эса ўқишга ҳам тушунишга ҳам осон бўлган.
Журнал ходимлар рус матбуоти тажрибаларидан ҳам унумли фойдаланишган. Масалан, авваллари юртимиздаги газета журналларда йирик асарлар чоп этилмасди. Кейинчалик бу нарса йўлга қўйилган. Журналнинг 1979 йилги биринчи, иккинчи ва учинчи сонларида ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Отойнинг туғилган йили” номли қиссаси босилган. 1979 йил 3-4-5-6-7-8 сонларида Комил Яшиннинг “Ҳамза” достонидан намуналар берилган.
Етук ёзувчи ва шоир, моҳир публицист Асқад Мухтор келажак авлодлар учун буюк ишларни амалга оширган. “Гулистон” журналидаги ижодий муҳитнинг шаклланиши ва “таҳрир мактаби”нинг яратилиши бугунги ёш авлод учун ибрат маҳсули бўла олади. Ҳозирда ҳам таҳрир санъатини ана шу журнал ва Асқад Мухтор фаолиятини кузатган ҳолда ўрганиш мақсадга мувофиқ.
Асқад ака атайин таҳрир қилишни, ёзувчининг услубини ўзгартиришни мутлоқа истамаган, унақа “муҳаррир”ларни ёқтирмаган ҳам. Лекин у қалам урса, шеърми, ҳикоями, мақолами худди баҳор ёмғири теккан япроқдек яшнаб, сўз ўз қудрати намоён этган.
“Кунлардан бирида Ақсад ака кимнингдир шеъридаги қандайдир сўзни ўзгартирди, шунда ғарбга қараб турган шеър 180 даражага бурилиб, шарққа қараб қолди. Муаллиф шеърини биринчи бора кўраётгандек у ёққа айлантириб, бу ёққа айлантириб томоша қилди да: “Ё тавба!”, деб қўйди: норозилик билдирай деса, шеър гўзаллашган, очилиб кетган, индамай деса, ҳаёлига келмаган ғоявий ўзгариш рўй берганди”, деб эслайди Абдулла Шер.19
Асқад ака ҳеч кимни хонасига чақирмаган, кўриб бўлган материалини ходимлар хонасига ўзи кўтариб чиққан. Адабий танқидий мақолаллардан ўз номини ўчириб ташлаб ёки тенгдошлари рўйхатида биринчи ўринда турган бўлса, охирига, Ҳамид Ғулом, Мирмухсин, Саид Аҳмаддан кейинга ўтказиб қўяган. Асқад Мухтор ана шундай камтарин ва инсонпарвар шахс бўлган. Асосийси у “Гулистонни” жуда яхши кўрган.
─ Унга ўзининг бош муҳарририлик амали эмас, балки журналдаги фаолияти ёқарди, ─ дейди Абдулла Шер. ─ Асқад ака миллатни ўйғотишни, халқда миллий ғурур ва озодликка интилиш туйғусини тарбиялашни бош вазифа деб биларди. Лекин бу ҳақда гапирмасди. Фақат бир мартагина: “Биз жуда катта савоб иш қилаяпмиз”, ─ дегани эсимда.20
Достарыңызбен бөлісу: |