Абу Абдуллоҳ Шоший Муҳаррир: Муҳаммад Ёсин 2014 1435 ﴿ فتح الأندلس ﴾ القسم السابع «باللغة الأوزبكية»



Дата23.06.2016
өлшемі205.03 Kb.
#155089

Андалус фатҳи﴿

еттинчи қисм

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]



Абу Абдуллоҳ Шоший

Муҳаррир: Муҳаммад Ёсин

2014 - 1435



﴿ فتح الأندلس ﴾

القسم السابع

« باللغة الأوزبكية »

أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: محمد ياسين

2014 - 1435


Волийлик даври


Самҳ ибн Молик Хавлоний даври (100–102 ҳ.с.)

Волийликлар даври Андалус фатҳининг бевосита давоми ҳисоблангани учун, унга янги ном бермаган ҳолда Андалус фатҳининг давоми сифати келтиришни маъқул кўрдик. Бу бўлимда баъзи волийлар даврини зикр қилиб ўтамиз. Улардан ўша даврдаги Умавийлар хилофати томонидан сайланган илк волий Самҳ ибн Молик Хавлоний бўлиб, у Андалуснинг тўртинчи волийси саналади1. У 719 йил апрел (ҳижрий 100 йил, рамазон) ойида халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ томонидан Андалус волийси этиб тайинланди2.

716 йил март (ҳижрий 97 йил, ражаб) ойида Андалуснинг дастлабки волийси Абдул-азиз ибн Мусо ўлдирилгандан кейин3, Андалус аҳли Айюб ибн Ҳубайб Лахмийни волий этиб сайлади. У Мусо ибн Нусайрнинг сингилисининг ўғли эди. У бор-йўғи 6 ой атрофида волийлик қилди4. Ундан сўнг Африка волийси Муҳаммад ибн Язид томонидан 716 йилнинг август (ҳижрий 97 йил, зулҳижжа) ойида Ал-Ҳур ибн Абдурраҳмон Сақофий волий этиб тайинланди5. У уч йил волийлик қилди. Бу орада Умавийлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик 717 йили сентябр (ҳижрий 99 йил, сафар) ойида оламдан ўтди ва унинг ўрнига Умар ибн Абдулазиз халифа бўлди6.

Халифаи рошид Умар ибн Абдулазиз (61–101/680–720) икки ярим йил хилофат тепасида турди (99–101/717–720)7. Бу қисқа давр ичида бутун Ислом олами гуллаб яшнади, юртда тинчлик, омонлик, тўкин-сочинлик ва адолат ҳукм сурди. Умар ибн Абдулазиз Андалусга Самҳ ибн Молик Хавлонийни волий этиб тайинлан-гани унинг ҳасанотларидан саналади. Ислом тарихида ўчмас из қолдирган раббоний йўлбош-чилар жумласидан Самҳ Хавлоний раҳимаҳул-лоҳдир. Самҳ Хавлоний Франциянинг жануби-ғарбий минтақаларини тўлиқ фатҳ қилиб, сўнгра Септимания минтақасига асос солди. У ҳозирги кундаги Ницца Лазур соҳили минтақа-ларидир8. Бугунги кунда бу жойлар сайёҳлар зиёрат қиладиган гўзал бир макондир. Самҳ Хавлоний бир томондан минтақаларни фатҳ қилган бўлса, бошқа жиҳатдан одамларнинг қалбини ҳам очди.

Мусулмонлар Оллоҳ таолонинг: «Шунингдек, (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилгани-миз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолат-ли) бир миллат қилдик»9.

«Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюради-ган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчи-лардир»10.

«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўл-дингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз»11 каби оятларга ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизларнинг энг яхшингиз — Қуръ-онни ўрганган ва ўргатганингиздир»12, «Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинг»13, деб марҳамат қилган ҳадисларига амал қилароқ даъватда қоим ва бардавом бўлдилар. Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 100 йилда Шимолий Африка ва Андалус-га Исломга даъват, динни ва Қуръонни таълим бериш учун ўнта тобеин олимларни жўнатди.

Улар: Исмоил ибн Убайд Ансорий Тожи-руллоҳ (107 ҳ.с. Ал-баҳрда вафот этган)14, Абу Абдулҳамид Исмоил ибн Убайд (132 ҳ.с. Қайра-вон)15, Абу Сумома Бакр ибн Савода Жузомий (128 ҳ.с.)16, у Андалусга борган уч кишининг бири бўлиб, ривоятларда айтилишича, у Андалус денгизларидан бирида чўкиб шаҳид бўлган17, Абу Саъид Жуъсул Ҳаъон (115 ҳ.с.)18, Абу Наср Ҳиббон ибн Абу Жалаба Қураший (125 ҳ.с. Қайравон)19, бу киши Андалусга борган уч кишининг биридир20, Абу Масъуд Саъд ибн Масъуд Тужжий (Қайравон)21, Толқ ибн Жабон (ёки ривоятларга кўра Жаънон) Форисий22, Абул Жаҳм Абдур-раҳмон ибн Рофиъ Танухий (113 ҳ.с. Қайравон)23, Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Язид Ифриқий Ҳубулий (100 ҳ.с. Қайравон) Андалус фатҳи иштирокчиларидан24, Мавҳаб ибн Ҳиббий Маъафирий (Қайравонда вафот этган)25.

Улардан учтаси зиммаларидаги буюк омонатни адо қилгани Андалусга равона бўлдилар. Қолганлари Африкада қолиб, дин таълимига бел боғладилар26. Андалусга халифа Умар ибн Абдулазиз томонидан юборилган уч тобеиндан ташқари, Мусо ибн Нусайр билан бирга ўнлаб тобеинлар бўлган ва улар Исломни нозил бўлганидек соф ҳолатида халққа етка-зишга муваффақ бўлдилар27.

Самҳ Хавлоний барча ишларини халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ билан бомаслаҳат олиб борарди. Самҳ Хавлоний халифанинг амри билан Андалусда адолатни қоим қилди, нафақат мусулмонлар, юртдаги яҳудий ва насронийлар ҳам хотиржам ўз ибодатларини қилиш, деҳқонлар мустақил экин экиб, ҳосил етиштириш имконига эга бўлдилар28.

Самҳ Хавлоний 719 (101 ҳижрий) йилда халифа Умар ибн Абдулазизнинг ташаббуси билан машҳур Қуртуба кўпригини бунёд қилди29. Ушбу кўприк Гвадалквивир дарёси устидан ўтган. Бу кўприк 17 та равоқ (арка)дан ташкил топган бўлиб, ҳар бир равоқ ораси 50 қарич ва ҳар бир равоқнинг эни ўз навбатида 50 қаричдан, кўприкнинг эни эса 30 қарич бўлиб, сув сатҳидан 30 зироъ баланд қилиб қурилган эди30. Яъни ҳар бир равоқнинг эни тақрибан 12 метр (11,5), кўприкнинг эни 7 метр (6,9), сув сатҳидан баландлиги 15 метр, кўприкнинг узунлиги эса, 400 метрга (391) тенгдир31. Бу кўприк муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жанубий Андалусни Қуртуба ва Шимолий Африка билан боғлаб турарди32. Бу кўприк ҳозирги кунимизда ҳам ўз мавқеини сақлаб қолган ва Рим кўприги деб аталади. Бунга сабаб бу кўприк илк бор римликлар томонидан қурилган бўлиб, Самҳ Хавлоний даврида у тамоман бузилиб кетган эди. Юқорида зикр қилганимиздек, у бу кўп-рикни бутунлай қайтадан бунёд қилди.

Самҳ Хавлоний Андалус ва Францияда то Раббисига шаҳид ўлароқ йўлиққунига қадар Ислом таълими ва даъватини йўлга қўйди. У 721 йил 9 июн (ҳижрий 102 йил, арафа) куни Тулуз минтақасидаги жангда шаҳодат келтирди33.



Анбаса ибн Суҳайм даври (103–107 ҳ.с.)

Самҳ Хавлоний жанг майдонида шаҳид бўлгандан сўнг, Андалус аҳли унинг ўрнига Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ Ғофиқийни амир этиб сайлади. У ўзининг аскарий маҳорати билан мусулмон аскарни бирлаштирди. Сўнгра мусулмонлар қўшини 721 йилнинг июн (102 йил зулҳижжа) ойида Франциядаги амалиётларни битириб, Андалусга қайтди. Бу Абдурраҳмон Ғофиқийнинг биринчи волийлиги бўлиб, атиги икки ой давом этди. Бахтга қарши икки ойдан кейин Африка волийси Бишр ибн Сафвон Калбий уни мансабидан четлатиб, ўрнига Анбаса ибн Суҳаймни волий қилди. Бу 721 йилнинг август (ҳижрий 103 йилнинг сафар ойи)га тўғри келган эди34. Юқорида Умар ибн Абдулазиз халифалиги даврида Андалус Африкага эмас, бевосита хилофатга бўйсуниши ҳақида зикр қилгандик. Лекин ундан кейинги халифа Язид ибн Абдулмалик (720–724 м.с.) бу қарорни бекор қилиб, уни яна Африканинг таркибига киритган эди35.

Анбаса ибн Суҳайм Ислом тарихида муҳим ўрни бўлган художўй, тақводор, омилкор саркарда, моҳир чавандоз, ҳақиқий рижол ва зўр бошқарувчи эди. Унинг волийлик даври уч йил, яъни 103–107/722–725 йилгача давом этди36. У Исломнинг шавкатини, қувватини юксалтирди. Янги-янги минтақаларга Исломни, Ислом тамад-дунини, адолатни олиб кирди.

У ҳам Пиреней тоғи ортига юришларни давом эттириб, 724 йилнинг бошлари (105 ҳижрий ойнинг охирлари)да шимолга ғозий ўлароқ сафарга чиқди. Пиреней тоғидан ўтиб, Септимания минтақасига юриш қилди. Бу минтақа Тулуз мағлубиятидан кейин анча заифлашган ва кўп жойларини қўлдан бой берган эди. У Каркасон шаҳрини бир муддат қамал қилиб, сўнгра сулҳ асосида фатҳ қилди. Сўнгра Ним шаҳрини ишғол қилди. Анбаса ибн Суҳайм шимолга юриб, Рона дарёсини кесиб ўтади ва Бургундия, Отён шаҳарларига ҳужум қилиб, уларни ўз амрига бўйсундиради. Сўнгра Франция пойтахти Париждан 120 км узоқликда жойлашган Санс минтақасига ҳужум уюштирди. Бундан кўринадики, Анбаса раҳматуллоҳи алайҳи Франциянинг тақрибан 70 фоизга яқин қисмини ишғол қилган, шунингдек, ўша минтақаларга Исломни олиб кирган эди. Анбаса ибн Суҳайм жанубга томон қайтишида француз қўшини ҳамласига учради37 ва бир нечта жойидан жароҳат олди. У Андалусга қайтаркан, ўша жангдаги жароҳатлари таъсирида 725 йили декабр (ҳижрий 107 йил, шаъбон)да шаҳодат келтирди38. Мусулмон аскар қаттиқ изтиробда Яриморолга қайтди.

Анбаса ибн Суҳаймдан сўнг вазият бир мунча ўзгарди, яъни ишлар орқага кетди. Ундан сўнг беш йил (яъни 107–112 ҳ.с./725–730 м.с.) ичида олтита волий алмашди. Бу орада Африка волийси Бишр оламдан ўтди, унинг ўрнига Убайда ибн Абдурраҳмон Суламий волий бўлди. У Андалусга дастлаб Усмон ибн Абу Насъа Хосамийни, кейин Ҳайсам ибн Убайд Килабий (ёки ривоятларга кўра Киноний)ни волий қилиб жўнатди.

Ҳайсам Килабий даврида мусулмонлар орасида миллатчилик авжига чиқиб, ихтилоф ва фитналар бошланди, араб билан барбар орасига шайтон оралади. Оллоҳ бу ўлкани мусулмон-ларга бўйсундиргандан буён ҳали бундай фитна юзага келмаган эди. Араблар билан барбарлар орасида можаро, жанжал ва курашлар содир бўлди39. Сўнгра Оллоҳ таоло мусулмонларга Ўзининг катта неъматини инъом қилиб, уларнинг сафларини бирлаштирадиган, ўртада пайдо бўлган низо ва гина-кудуратларга чек қўйиб, аланга олган миллатчилик, ирқчилик оташини ўчирадиган, Исломдаги олтин қоидани — “мусулмонлар фақат тақво билангина бир-биридан фазилатли бўлишади”, деган олтин қоидани ҳаётга татбиқ қиладиган бир кишини чиқарди. Бу киши Абдурраҳмон Ғофиқий раҳимаҳуллоҳ эди.



Абдурраҳмон Ғофиқий даври (113–114 ҳ.с.)

Унинг тўлиқ исми Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Бишр ибн Сорим Ғофиқий Аккий эди. У Ямандаги Ал-Акк қабиласининг тармоғи бўлган Ал-Ғофиқ қабиласидан эди. Куняси Абу Саъид бўлиб, тобеинлардан эди40. У Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ҳадис ривоят қилган, Умар ибн Абдулазиз ва Абдуллоҳ ибн Иёз ундан ривоят қилишган41.

Тарихчи Ҳумайдий унинг Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ҳадис ривоят қилгани, ундан Умар ибн Абдулазиз ривоят қилганини, солиҳ бўлгани, гўзал тадбирли волий бўлиб, Румга бир неча бор ғазот қилгани ва ғаниматларни адолат билан тақсим қилганини зикр қилади42.

Абдурраҳмон Ғофиқий қатъиятлилик сифати билан кўзга ташланиб турарди. Бу сифат ҳар бир бошлиққа таъбир жоиз бўлса, ҳаводек зарур бўлган сифатдир. Чунки зарур ўринда муносиб қарорни қабул қилиш табиблар тили билан айтганда, “тўғри ташҳис ярим даво” деганидек, муваффақиятли натижага олиб келади. У мусулмонлар сафларини бирлашти-риб, Оллоҳга тақво қилишга чақирди, аскарий тайёргарликни ухувват ришталарини мустаҳ-камлаган ҳолатда амалга оширди, армиянинг қувватланишига олиб келадиган сабабларнинг барчасини лозим тутди.

У волийлик даврида кўпгина вилоятларга шахсан ўзи бориб, жойларда тартиб ўрнатди, насронийларга ҳам поймол қилинган ҳуқуқлари, канисалари, тортиб олинган ерларини қайтариб берди. Ўлкада янгидан адолат ҳукм сурди. Абдурраҳмон Ғофиқий қатъиятли омилкор саркарда бўлиши билан бирга гўзал хулқ соҳиби ҳам эди43. Зеро, у башарият саййиди, тақводор-лар имоми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлдош, ваҳий нозил бўлишига гувоҳ бўлган саҳобийлар таълимини олган эди. Унинг барча олижаноблик сифатларини мусаффо исло-мий тарбия булоғидан насибадор бўлганига боғлаймиз.

Абдурраҳмон Ғофиқий пухта тайёргарлик кўргандан сўнг, ўзидан олдинги фотиҳлар йўлидан юриб, Франция ерларига лашкар тортди. У бошқалар қадам босмаган янги мин-тақаларни фатҳ қилди. Жумладан, Арль шаҳри-ни ишғол қилиб, Бордо шаҳрига юриш қилди, сўнгра Тулузни, кейин Тур шаҳрини фатҳ қилди.



Балатуш-шуҳада жанги

Абдурраҳмон Ғофиқий юқоридаги зикри ўтган минтақаларни эгаллаб, уларни мусул-монлар ҳукмига бўйсундиргандан кейин Пуатье44 деган жойга келди. Бу минтақа Париж-дан 300 км. ғарбда, Қуртубадан 1000 км. Узоқ-ликда жойлашган шаҳардир. Ғофиқий бу минтақада Ал-Балат деб номланган жойга ҳарбий лагер қуриб, насронийларни қарши олиш учун ҳозирлик кўра бошлади. Балат сўзи — қаср, сарой деган маънони билдиради. Бу минтақада қадимий бир қаср бўлгани учун шундай деб аталган, деб хабар беради доктор Сиржоний45.

Ўшанда мусулмон аскарнинг сони 50 минг эди. Шунинг учун Франция ҳудудига кирган энг катта мусулмон аскар Ғофиқийнинг аскари саналади46. Бу минтақада юз берган жанг тарих саҳифаларига «Вақъатул-балат» (Балат жанги)47, «Ғозватул-балат» (Балат ғазоти)48, «Балат аш-шуҳадо» (Шаҳидлар қасри)49 номлари билан битилди.

Аччиқ ва фожиали кечган ҳодиса 10 кун давом этиб, мусулмонларнинг аянчли мағлу-бияти билан якун топди. Паҳлавон Абдурраҳмон Ғофиқий шаҳид бўлди. Бу жанг 732 йилнинг октябр–ноябр (ҳижрий 114 йил, рамазон) ойларида содир бўлди50. Жанг майдони Тур шаҳри билан Пуатье шаҳри орасида, Париждан тахминан 200 км. жанубда жойлашган минтақа-да содир бўлганди51. Жанг содир бўлган жой аниқ зикр қилинмагани боис, ғарб адабиёт-ларида ҳам ё Тур шаҳрига52, ё Пуатье шаҳрига53, ёки бу икки шаҳар орасидаги маконга54 нисбат-ланган.

«Балат аш-шуҳадо» жанги ҳақида мусул-мон тарихшунослари батафсил маълумот берма-ганлар, аммо ғарб адабиётлари ҳаддан зиёда тафсилотларни зикр қиладилар. Тадқиқотчи муаррих профессор Ҳусайн Муънис бу ҳодисани ўрганиб чиқиб, шундай дейди: «Бу жангнинг тафсилотлари келмаганини битта сабаб билан изоҳлаш мумкин: бу жангда мусулмонлар аччиқ мағлубиятга учраши натижасида ўша пайтдаги ровийлар уни зикр қилишни хуш кўрмаган, алал-оқибат аста-секин бу ҳодиса унутилиб, кейинги авлодларга фақат мусулмонларнинг ҳижрий 114–115 йилларда хунук мағлубиятга учрагани ҳақидаги хабаригина етиб келган»55.

Ислом тарих китобларида маълумотлар етарли бўлмагани боис, бу жанг ҳақидаги маълумотларнинг бари ғарблик тарихшунос ва таҳлилчиларнинг сўзларига бориб тақалади. Улар бу жангни ўзларининг буюк ғалабаси ва мусулмонларнинг аччиқ мағлубияти сифатида жуда муболаға ва тўқималар билан изоҳлашга киришганлар. Улар орасида бу жангни насро-нийларнинг жадал суръатла бостириб келаётган мусулмонлар қўлида фанога учрашдан қутулиш-лари, деб қараганлари ҳам бор. Шундай қилиб, жанг тафсилотлари европача ривоятлардангина олинган.

Келинг, уларнинг баъзи тасарруфларига тўхталиб, сўнгра мусулмон олимларнинг бу маълумотлар юзасида айтган фикрларига назар солайлик. Ғарб адабиётлари жанг тафсилотлари ҳақида келтирган сабабларнинг баъзиларини муболағаларсиз бўлганлари ва мантиққа яқин-ларини, гарчи уни тасдиқлаш ёки инкор қилиш тўғри бўлмасада, келтириб ўтамиз. Улар нас-ронийларнинг ғолиб бўлиши ва мусулмон-ларнинг мағлубиятини қуйидаги сабабларга боғлайдилар:

1. Мусулмонлар қўлида ғаниматлар кўпайиб, уларга фитналаниб қолдилар. Яъни Абдурраҳмон Ғофиқий босиб олган жойлардан тўплаган улкан ғаниматларни ўзи билан олган ва Балат минтақасига олиб келган эди. Жанг бошланиб, шиддатли тарзда 9 кун давом этди, ҳатто мусулмонлар насронийлардан устунлик қила бошлади. Шунда насроний аскарлардан баъзилари мусулмонлар олиб келган ғанимат-ларга ҳамла қилди, буни кўрган мусулмонлар ғаниматлар сари орқага қайтди, Абдурраҳмон Ғофиқий уларни жанг майдонига қайтаришга ҳаракат қилаётган бир пайтда унга ўқ тегиб, жонсиз ҳолатда отдан йиқилди. Бундан таш-қари, мусулмонлардан кўпи ўлдирилди.

2. Мусулмон аскар орасидаги ихтилоф. Яъни ғаниматлар кўпайганидан-кўпайди ва бу ўз навбатида мусулмонлар ичида пароканда-ликка олиб келди. Араблар ғаниматларнинг кўпига биз эга бўлишимиз керак, чунки биз сиздан афзалроқмиз деса, барбарлар бу ўлка-ларни биз фатҳ қилдик, дедилар. Бу ҳодисанинг юз бергани маъруф ва муттафақун алайҳи, дейди доктор Сиржоний.56

Ғарб адабиётларида келган бу сабабларга қўшимча қилиб, мусулмонларнинг адади кўп бўлганини ҳам қўшиш мумкин.

3. Мусулмон аскар ўша кунда 50 мингга етган эди. Ҳолбуки, Андалус ўлкасида ҳали бунча катта мусулмон аскар жамланмаган эди. Улар сонининг кўплиги ғурурланиш ва ўзларини беҳожат санашларига олиб келган бўлиши мумкин. Натижада Ҳунайн куни такрорланди.

«Ҳунайн кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз!»57.

Шу кунгача ва бундан кейин ҳам мусулмонлар жангларда сонларининг кўплиги ва тайёргарликнинг зўрлиги сабаб нусратга эришмади ва эришмайдилар ҳам, балки улар Оллоҳга бўлган иймонларининг қуввати ва тақволари билан, гуноҳ ва маъсиятлардан узоқ бўлишлари билан душман устидан ғолиб бўлган ва бўладилар.

Ушбу жангда насронийлар Чарльз Мартел бошчилигида 140 минг лашкари билан Балат минтақасига келди. Кўриб турганимиздек, нас-ронийлар мусулмонлардан саккиз баробар кўп эди. Икки тараф орасида уруш бошланди, тўққиз кун давом этган шиддатли жангда ғолиб томон ҳали номаълум эди. Ўнинчи кун юқорида ишора қилинган ҳодиса юз берди, яъни ғаниматлар сари орқага қайтган мусулмонлар мағлубиятга учради ва бошлиқлари Абдурраҳмон Ғофиқий шаҳид қилинди. Мусулмонларда катта йўқотиш бўлди. Баъзи ғарб манбаларида мусулмонлардан 375 минг киши ўлдирилгани айтилади. Бу кўрсаткич жуда муболаға экани аниқ, чунки ўзи жангга кирган мусулмонлар сони 50 минг эди, холос. Жангнинг ўнинчи куни мусулмонлар жанубга чекинди. Ўн биринчи кун насронийлар жангни давом эттирмоқчи бўлганларида мусул-монлар кўринмади, шунда насронийлар улар ташлаб кетган катта миқдордаги ғаниматларга эга бўлдилар. Шунга қарамай, Чарльз Мартел мусулмонларни таъқиб қилмади58.

Муаррих профессор Абдурраҳмон Ҳажжий юқорида зикри ўтган ғаниматлар, араблар билан барбарлар орасидаги ихтилофлар ҳақида-ги ғарб тарихшуносларининг фикрини рад қилиб, шундай дейди: “Ғаниматлар ҳақидаги ривоятлар асли бўлмаган афсонадир”59. У қуйидаги баҳсларни келтиради: “Ғарб ривоят-ларида келишича, мусулмон аскарлар ўрнатил-ган чодирларни ва ғаниматларни ташлаб кетишади60. Абдурраҳмон Ғофиқий ўлдирил-гандан кейин вазият кескинлашди ва мусул-монлар насронийларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида чодирларини асл ҳолида, яъни ўрнатилган ҳолида ташлаб, ортга чекиндилар ва насронийлар уларнинг жанг майдонини тарк қилганларидан эртаси куни тонгдагина хабар топадилар. Бу ҳодиса ғарб тарихшунослари даъво қилаётган мусулмонларнинг мағлубияти ва уларнинг сафида катта сондаги йўқотиш юз бермаганлигини кўрсатади. Балки мусулмонлар очиқ мағлубият юз бермасдан олдин жанг майдонини тарк қилганига ишора қилади. Европаликлар эса, бу жангни Европани асраб қолган катта тўсиқ бўлган, деб эътибор қила-дилар61.

Шунингдек, мусулмонлар катта жанг бўлишини билган ҳолларида улкан ғанимат-ларни ўзлари билан олиб юриши мантиққа тўғри келмайди. Биринчидан, улар катта ғани-матларни ўзлари билан кўтариб юрмасдан қўл остидаги шаҳарларда қолдириб кетганлари мантиқийдир. Иккинчидан, Балат жангидан олдин фатҳ қилинган минтақаларда табиий бойликлари бўлмаслиги билан бирга халқлари ҳам қашшоқ эди”62.63 Иқтибос тугади.

Лекин инсон инсонлигича қолади, бу умматга синов қилиб берилган хатарли фитна-ларнинг энг каттаси дунёдир. Андалусга, сўнгра Францияга Исломни олиб борган фотиҳлар ҳам ғаниматлар билан фитналанган бўлишлари эҳтимоли йўқ эмас. Бу ўринда профессор Абдулҳалим Увайснинг фикрларини келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб биламан. У киши “Балат аш-шуҳадо” жангидаги мағлубиятнинг асосий сабабини ғаниматлар эканини таъкидлаб ўтади: «Тарихимиздаги ғаниматлар ҳодисаси ғаройиб бўлиб, зиммамизга юкланган дарс унданда каттароқдир. Илк мағлубиятимиз, яъни Уҳуд кунидаги мағлубият ғаниматлар сабабидан бўлди. Фатҳлардан кейинги мағлубият ҳам, яъни “Балат аш-шуҳадо”да ҳам ғаниматлар сабабли бўлди. Ғаниматлар қиссаси тарихимиз-даги мағлубият қиссасидир. Илк жангда бошлиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ўқчи камончилар Расулуллоҳнинг амрларига хилоф қилиб, ғаниматлар ортидан кетиб қолиши оқибатида улкан тоғ (Уҳуд) мусулмон-ларнинг афзалларидан 70 кишининг шаҳода-тига гувоҳ бўлди. Бу ғаниматлар сабабли бўлганди, ҳа, ғаниматлар сабабли!

Охирги маъракада, яъни “Балат аш-шуҳадо” жангида Пиреней тоғларидан ошиб, Францияни фатҳ қилишга бел боғлаган ва Европанинг қалбигача кириб борган мусулмон саркарда Абдурраҳмон Ғофиқий эди. Ғофиқий тарихдаги ҳал қилувчи рол ўйнаган “Балат аш-шуҳадо” майдонида шаҳид бўлди. Шу билан мусулмонларнинг Европани фатҳ қилиш орзу-лари чиппакка чиқди ва шу тариқа уларнинг саҳифалари ёпилди. Бу ҳам айни сабаб — ғаниматлар сабабидан юзага келган эди”.64 Иқтибос тугади.

Оллоҳ таоло Карим Китобида марҳамат қилади: «Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Оллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!»65.

Ўша кунларда мусулмонларни Андалус яримороли ва Франция ерларини эгаллаганлари мағрурлантириб қўйди ва дунё хусусида мусоба-қалашдилар. Улар ўшанда дунё билан синал-дилар. Имом Бухорий ва Муслим, Амр ибн Авф Ал-Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қили-шади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Мен дунё сизга сиздан олдингиларга бўлганидек сероб бўлишидан, сиз ҳам улар унинг учун талашганларидек, талашиб кетишингиздан ва дунё уларни ҳалок қилганидек, сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар66.

Мусулмонларга дунё эшиклари очилиб, олдинги умматлар каби дунё устида мусобақа-лашиб кетсалар, улар ҳам ҳалокатга учрашлари аниқ. Бу Оллоҳнинг халқлар устидан жорий қилган қонунидир.



«Бас, сиз ҳаргиз Оллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Оллоҳ суннатининг айланганини кўрмас-сиз»67.

Хуллас калом, европаликлар бу жангнинг аҳамиятини баён қилишга жуда иштиёқманд бўлдилар. Улардан баъзилари: «Агар бу жангда мусулмонлар ғолиб бўлганларида, ҳозир ғарб университетларида Қуръони Карим тиловат қилиниб, дарс қилинаётганига гувоҳ бўлардик!», дейишди68. Яъни Европа мусулмонлар ҳукмига кирган бўларди, дейишди. Агар шундай бўлган-да улар учун ютуқ бўлар, ширк ва куфр ботқоғидан нурга чиққан, Ислом тамаддунидан баҳраманд бўлган бўлардилар. Шу тариқа ўрта асрлардаги гумроҳликларидан тезроқ қутулган, Ислом ҳукм сурган вақтда Андалусдаги тараққиёт, ривожланиш, юксалиш уларга ҳам насиб қилган бўларди69. Лекин афсуслар бўлсинки, улар гумроҳликни саодат, залолатни нажот, сохталикни ҳақиқат, деб эътибор қилади-лар. Яна баъзилари: «Бу жанг — буюк ғалаба ва Франция давлатининг мусулмонлар хатаридан халос бўлиши», деб таърифлайдилар70.

Жанг майдонига қайтсак, мусулмонлар ортга чекинди, лекин насронийлар мусулмон-ларнинг жанг майдонини тарк қилганларини эртаси кун тонгда билдилар. Улар мусулмонлар ортидан таъқиб қилмадилар, биринчидан, мусулмонлар анча узоқлашиб кетган бўлса, иккинчидан насронийлар уларнинг ортидан таъқиб қилишдан ҳайиқишди, чунки Андалус мусулмонлар ҳукмида эди. Шу сабабли насронийлар мусулмонлардан қолган ғанимат-ларга кифояландилар, холос.

Бундан кейинги ҳодисалар ҳақида келажак дарсларда баён қиламиз, иншаоллоҳ...



Валлоҳу таъала аъламу...

1 Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/299) бетдаги волийлар кетма-кетлигига қаранг. Андалус волийлари мундарижа-сини ушбу Андалус фатҳи номли рисоламизнинг охирида келтирамиз, иншаоллоҳ.

2 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (137-бет).

3 "Ахбару мажмуъа" (28-бет), Ҳумайдий "Жазватул муқтабис фи зикри вулатил андалус" (7/289, 290), Ибн Изарий "Ал-баян ал-мағриб" (2/25), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/281).

4 "Ахбару мажмуъа" (28-бет), Ибн Изарий "Ал-баян ал-мағриб" (2/25), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/234, 3/14).

5 "Ахбару мажмуъа" (29-бет), Ибн Изарий "Ал-баян ал-мағриб" (2/25), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (3/14).

6 Табарий "Тарихул умам вал-мулук" (4/57 - 59), Заҳабий "Тарихул ислам" (6/382), Ибн Касир "Ал-бидаяту ван-ниҳоя" (9/200).

7 Табарий «Тарихул умам вал-мулук» (4/59), Ибн Касир «Ал-бидаяту ван-ниҳоя» (9/217).

8 Хушаний «Қузоту қуртуба» (9-бет) га қаранг.

9 Бақара: 143.

10 Оли Имрон: 104.

11 Оли Имрон: 110.

12 Бухорий ривояти, «Жомиъул усул фи аҳадийси ар-расул» (8/507).

13 «Жомиъул усул» (8/19).

14 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/191), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/69).

15 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/203), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/70 - 76).

16 Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (3/56), "Ат-такмила" (1/215, рақам: 573).

17 Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/74), Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/213), Ҳумайдий "Жазватул муқтабис" (1/108).

18 Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/75), Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/202).

19 Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/73), Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/209), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (3/9).

20 Ибнул Фарозий "Тариху уламаил-андалус" (1/123).

21 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/184), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/66).

22 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/215), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/76).

23 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/198), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/72).

24 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/180), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/64), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (3/9).

25 Ибн Даббағ "Маъалимул ийман" (1/213), Абу Бакр Абдуллоҳ "Риязун-нуфус" (1/73).

26 Ибн Изарий «Ал-баян ал-мағриб» (2/48), «Тобақот» (84).

27 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (152–156-бет) га қаранг.

28 «Ахбару мажмуъа» (23–24-бет), Ибн Изарий «Ал-баян ал-мағриб» (2/26), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/235, 3/15), Заҳабий «Ал-иъбар» (4/257), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (459-бет).

29 «Ахбару мажмуъа» (24-бет), Ҳимярий «Ровзул миътар» (156-бет).

30 «Сифатул андалус» (212-бет), «Ал-ҳулал ас-сундусия» (1/144).

31 Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/482). Бир қарич тақрибан 23 см, бир зироъ ярим метрга тенг. Муҳаммад Раввос Қолижий ва Ҳомид Содиқ Қанибий «Мўъжаму луғотил фуқаҳо» (1/256, 2/48).

32 «Қуртуба хазиратул хилафа фил андалус» (1/97), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (139-бет), Абдуллоҳ Анан «Давлатул ислам фил Андалус» (1/75).

33 Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (3/15), Ибн Холдун "Тариху ибн холдун" (4/118), Dom Vissittе: ibid; (I. p. 781 & 784). Ибн Изарий "Ал-баян ал-мағриб" (2/25) да Торсуна минтақаси деб хабар берган, лекин бу хатодир. Чунки Торсуна минтақаси Андалуснинг шимоли-шарқидаги амалиётлар-га киради. Ҳолбуки, Самҳ Хавлоний Франциядаги Тулуз минтақасидаги амалиётлар чоғида шаҳид бўлади. Абдуллоҳ Анан "Давлатул ислам фил Андалус" (1/76) га қаранг.

34 Ал­­­-Аздий "Тарихул улама вар-руввати лилилми бил андалус" (1/386), Ибнул Асир "Ал-камил фит-тарих" (4/377, 5/120), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/27, 3/16), Заҳабий "Тарихул ислам" (7/209).

35 Абдуллоҳ Анан "Давлатул ислам фил Андалус" (1/82).

36 Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/27), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/235).

37 Аз-Зириклий "Ал-аълам" (5/91), Абдуллоҳ Анан "Давлатул ислам фил Андалус" (1/82). Анбаса ибн Суҳаймнинг юришлари ҳақида кенгроқ маълумотларни олмоқчи бўлганлар Шакиб Арслон "Ғазавотул араб фи франса ва сувайсира ва ийтоля ва жазоирил баҳрил мутавоссит" (73–86), Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (210–215-бет)га қаранг.

38 Ибнул Асир "Ал-камил фит-тарих" (4/377), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/235, 3/16), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/27), Ҳумайдий "Жазватул муқтабис" (6/319).

39 Шакиб Арслон "Ғазавотул араб" (86–87).

40 Ал­­­-Аздий «Тарихул улама вар-рувват» (1/298), Аз-Зириклий «Ал-аълам» (3/212).

41 Заҳабий «Тарихул ислам» (7/414).

42 Ҳумайдий «Жазватул муқтабис» (7/274, 275).

43 Ҳумайдий «Жазватул муқтабис» (7/273, 275), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (3/15).

44 Фр. Poitiers.

45 Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (97-бет).

46 Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (227-бет).

47 Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (3/15) Ибн Ҳаййондан нақл қилган.

48 Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (3/16) Ибн Башкувалдан нақл қилган.

49 Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/236) Ибн Холдундан нақл қилган, (3/16) Ибн Ҳаййондан нақл қилган, Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (1/51).

50 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (193-бет). Histoire de l`Espagne Musulmane, I, 62 (Sp.tr., IV, 37) га қаранг.

51 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (194-бет).

52 Muslim colonies, Reinaud, 49 n., 50 (Тариху ғазавот, 118, 131).

53 Muslim colonies, 51 (Тариху ғазавот, 131).

54 Histoire, I, 61–2 (Sp.tr., IV, 37).

55 Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (227-бет).

56 Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (99-бет).

57 Тавба: 25.

58 Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (229-бет).

59 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (197-бет).

60 Muslim colonies, 52 (Тариху ғазавот, 132).

61 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (198-бет).

62 «Ал­-авамил ас-суқийя вал-таъбавийя» (5/125).

63 Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (198-бет).

64 Абдулҳалим Увайс «Диросату лисуқути саласийна давлатин исламийятин» (7, 8-бет).

65 Фотир: 5.

66 Бухорий (3739, 5974) ва Муслим (5266) ривоятлари.

67 Фотир: 43.

68 The decline and fall of the Roman empire, Gibbon, III, 223.

69 «Ал-ҳазаротул исламия фил-андалус» (25).

70 «Тариху Уврубба» (1/78).



Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет