Чирчиқ шаҳри микротопонимларининг лингвомаданий гуруҳлари акмал Амирович Абдуллаев Тошкент вилояти Чирчиқ давлат



бет1/3
Дата30.04.2023
өлшемі115.5 Kb.
#473034
  1   2   3
ЧИРЧИҚ ШАҲРИ МИКРОТОПОНИМЛАРИНИНГ ЛИНГВОМАДАНИЙ ГУРУҲЛАРИ


ЧИРЧИҚ ШАҲРИ МИКРОТОПОНИМЛАРИНИНГ ЛИНГВОМАДАНИЙ ГУРУҲЛАРИ
Акмал Амирович Абдуллаев
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат
педагогика университети
таянч докторанти
akmalabdullayev713@gmail.com
тел: +99899-400-75-83

Аннотация: Ушбу мақолада жой номларини тадқиқ қилишда лингвомаданий ёндашув ҳамда мазкур ёндашувдаги ўзига хос жиҳатлар Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри микротопонимик манзараси мисолида таҳлил қилинган. Топонимларнинг жойнинг номи сифатида атоқли от вазифасини бажаришдан ташқари уларнинг экстралингвистик жиҳатлари ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилинган.




ЛИНГВОКУЛЬТУРОЛОГИЧЕСКИЕ ГРУППЫ МИКРОТОПОНИМИИ ГОРОДА ЧИРЧИК
Аннотация: В данной статье анализируются лингвокультурологический подход к исследованию топонимов и особенности этого подхода на примере микротопонимической картины города Чирчик Ташкентской области. Приведены мнения об экстралингвистических аспектах топонимов помимо их функции как топонимов.
LINGUOCULTUROLOGICAL GROUPS OF MICROTOPONYMY OF THE CITY OF CHIRCHIK
Abstract: In this article, the linguistic and cultural approach to the research of place names and the specific aspects of this approach are analyzed on the example of the microtoponymic landscape of the city of Chirchik, Tashkent region. Opinions about the extralinguistic aspects of toponyms in addition to their function as place names are given.
Калит сўзлар: топоним, лингвокультурема, лингвомаданий жиҳат, Чирчиқ, астионим, годоним, агороним, этноойконим, антропоойконим, геортоойконим, фитотопоним, некроним, потапоним.
Ключевые слова: топоним, лингвокультурема, лингвокультурный аспект, Чирчик, астионим, годоним, агороним, этноойконим, антропоойконим, геортоойконим, фитотопонимия, некроним, потапоним.
Keywords: toponym, lingvokulturema, linguo-cultural aspect, Chirchik, astionym, godonym, agoronym, ethnooykonym, anthropooykonym, geortooykonym, phytotoponym, necronym, potaponym.
Ономастиканинг асосий ўрганиш объектларидан бири ҳисобланган топонимлар шунчаки жойнинг атоқли номигина бўлиб қолмасдан, улар лингвокультурема сифатида ўз семантик кейсида аждодларимизнинг этногенези, урф-одат, касб-ҳунар, ижтимоий, маданий-маънавий, диний-фалсафий қарашлари, жойларни номлашдаги моҳирлик ва топқирлиги каби экстралингвистик хусусиятларни мужассамлаштиради. Топонимлар ўзбек тилининг тарихий, лисоний бойлиги, халқ маънавиятининг катта мероси сифатида лингвомаданиятшуносликнинг ҳам ўрганиш объектларидан бири ҳисобланади. Президент Ш.Мирзиёевнинг “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.”1, - деган фикри топонимик мерос учун ҳам тегишлидир.
Топонимика соҳасида ўтган асрда ва кейинги йилларда кўплаб илмий тадқиқотлар, хусусан, қадимий ва навқирон Тошкент вилояти топонимияси бўйича ҳам В.Решетов2, Т.Файзиев3, М.Қодирова4, М.Рамазоноваларнинг тадқиқотлари яратилди.5 Бундан ташқари, заҳматкаш олим С.Қораевнинг бир қанча илмий ишларида ҳам Тошкент вилояти топонимиясига оид қимматли илмий маълумотлар берилган.6 Мазкур тадқиқотларда Тошкент вилояти топонимларининг шаклланишида ҳудуднинг ўзига хос тарихий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда жўғрофий хусусиятлари, маҳаллий жўғрофий жой номлари, жой номларига асос бўлган атоқли отларнинг ўрни ва аҳамияти, уларнинг этимологияси ҳамда ҳудуд топонимиясини тартибга солишга доир муаммолар таҳлил қилинган, бироқ ҳудуд топонимиясининг лингвомаданий жиҳатдан тадқиқи, антропоцентрик нуқтаи назардан мазкур ареал жой номларининг таснифи ва тавсифи монографик жиҳатдан тадқиқот объекти сифатида махсус ўрганилмаган. Ушбу фикр вилоятнинг Чирчиқ шаҳар микротопонимияси учун ҳам тўлиқ тааллуқлидир.
Чирчиқ шаҳри маъмурий бирлик сифатида 1935 йил 1 май куни ташкил этилган. 87 йиллик тарихи давомида у нафақат шаҳар ёки Тошкент вилояти, балки мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда. Чирчиқ шаҳри тектоник ўзгаришлар натижасида вужудга келган чўкмада жойлашган. Бу чўкмада 174 км.га чўзилган Чирчиқ дарёси оқиб ўтади. У Тошкент вилоятининг ва Сирдарёга қуйиладиган энг йирик дарёси ҳисобланади. Дарё Чотқол ва Писком (Пскем) дарёларининг қўшилишидан ташкил топган. Чирчиқ шаҳрининг номи ҳам айнан шу дарё номидан олинган. Бироқ, ушбу атаманинг келиб чиқиши тўғрисида турли талқинлар бор.
Биринчи талқин: Чирчиқ дарёси Сирдарёга ўз сувини олиб боришини ҳисобга олиб, “Чирчиқ” сўзидаги “Чир” сўзи “Сирдарё”даги “Сир” сўзининг кичрайтирилган шакли бўлиб, “кичик Сирдарё” сифатида талқин қилинади.
Иккинчи талқин: дарё доимо тошқин ва шовқин билан, шириллаб оқиши сабаб “Шир” сўзи қўлланилиб, кейинчалик у “Чир” сўзига айлантирилган. “Ширшиқ” номи остида шовқинли дарё мазмунини илгари сурувчилар ҳам бор.
Учинчи талқин: “Чирчиқ” сўзи тожик тилида “Чор-чиқ – тўрт дарё” сўзидан келиб чиққан ва унга қуйилувчи Угом, Кўксув, Чотқол ва Писком дарёларини назарда тутади.7
Тадқиқотчи олимлар З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар томонидан яратилган изоҳли луғатда “Чирчиқ” топонимининг этимологияси: “Чирчиқ – дарё. Сирдарёнинг ўнг ирмоғи. Тошкент областида. Дарё қадимда Парак ёки Оби Парак деб аталган. Парак сўғд тилида “шаҳар атрофидаги девор, тўсиқ, ғов ёки қўрғон, қалъа” каби маъноларга эга. Демак, Оби Парак “қўрғонга оқувчи сув” маъносида. Чирчиқ номи кейинчалик туркий халқлар томонидан берилган. Бу сўз “гуриллаган, бурқираган, тезкор” маъноларини билдиради. Дарё, ҳақиқатан ҳам, юқори қисмида тез, тошдан-тошга урилиб оқади. Бизнингча, гидроним Сир номи билан алоқадордир. – Чиқ, Жиқ туркий халқларда кичикли билдирувчи қўшимча. Чирчиқ “кичкина Сир ёки Сирнинг ирмоғи маъносида”, – дея таърифланади8. Географ олим Ҳ.Ҳасанов ҳам: “Чир сўзи гуруллаган, бурқирагаи, тезоқар, шарловуқ, шовуллаган ҳолатга нисбатан ишлатилади. Ҳақиқатан ҳам, бу дарё тез, айниқса, юқори қисмида тошдан-тошга урилиб, кўпириб оқади. Чиқ қўшимча бўлиб, кичикликни билдиради. Демак, Чирчиқ кичкина, лекин шовуллаб оқадиган сув маъносидадир. Агар бу дарёнинг қадимий номи Оби Парак эканлигини эсласак, парак сўзи ҳам учадиган, тезоб маъносида эди. Чир сўзи ўша Паракнинг таржимаси эмасмикан? Чир сўзи Сир номидан олинган (Сирчиқ — Чирчиқ) деювчилар ҳам бор”, – дея ушбу фикрни қувватлайди9. Заҳматкаш топонимист олим С.Қораев ҳам: “Чирчиқни Сир – чиқ, яъни “Кичик Сир (дарё)” деб изоҳлаш тўғридир”, – дейди10.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” (Вақоеъ) асарида ҳам ушбу дарё “Чир суйи” деб номланган11.
Географик жиҳатдан қулай, иқлими мўътадил бўлган Чирчиқ ва Оҳангарон водийларида узоқ ўтмишдаёқ чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган аҳоли яшаган. Археологик ёдгорликларнинг гувоҳлик беришича, мил. ав. II минг йилликнинг охири ва I минг йилликнинг бошларида кўчманчи чорвадор аҳолининг ўтроқлашуви кучайиб, деҳқончилик кенгая бошлаган. Археологик маълумотларга кўра, дарёдан сув оладиган каналлар ва ариқлар кўп бўлган. Археологлар дарёнинг икки томонида 50 дан ортиқ каналлар қолдиқларини аниқлашган. Гидротехник иншоотлар (сувни тўсувчи тўғонлар, турли бошқа тўсиқлар, каналлар, ариқлар ва ҳоказо) бугунги Ғазалкент шаҳри текисликларида бунёд этиб келинган. Бўзсув, Думалоқ, Қорасув канал ва ариқлари бугун ҳам шу ерлардан бошланади.
Мил. ав. I асрларда бу ерлар Кушон салтанатининг рақиби Кангюй давлатига, эрамизнинг I минг йиллик ўрталарида эфталитлар давлатига қараган.
Милодий VI аср охирларида бу ҳудудлар Турк ҳоқонлиги таркибида бўлган бўлса, VIII асрдан араб халифалигига қараган. Араблар даштлик чорвадор қабилалар ҳужумидан ҳосилдор ерларни муҳофаза қилиш мақсадида VIII асрнинг 70-йилларида Чирчиқ воҳасининг шимолий-ғарбий чегаралари бўйлаб Сойлиқ қишлоғи ёнидаги тоғлардан то Сирдарёгача девор қурдирганлар. IX-X асрларда ушбу ҳудуд Сомонийлар салтанати таркибида бўлган бўлиб, бу даврда ирригация тизими ривожланди. Х-XIII асрларда Қорахонийлар ва кейинчалик қорахитойлар, XIII асрда Хоразмшоҳлар, сўнг Чингизхон босқини натижасида мўғуллар улусига, ХIV-XV асрларда Темурийлар, XV асрда Шайбонийлар, XVI асрдан эса Аштархонийлар ҳукмронлиги остига ўтиб, бу даврга тааллуқли қишлоқ меҳнат қуролларидан омоч, ўроқ ва бошқалар бизнинг вақтимизгача етиб келган. Шу пайтларда Чирчиқда каналлар қазила бошланган. Зах, Бўзсув дарёсининг чап томонида Хонариқ канали қазилиб, ирригация ишлари йўлга қўйилган.
XVI аср ўрталаридан бу ерлар Бухоро хонлиги таркибига киради. XVII-XVIII асрларда қозоқ ва қалмиқлар таъсирига тушиб қолади. 1784-1808 йилларда мустақил Тошкент давлатига, 1808 йилда Тошкент шаҳрининг забт этилиши билан Қўқон хонлиги таркибига киради, 1865 йил апрелида Чор Россияси таркибига ўтиб, 1867 йилдан тузилган Туркистон генерал-губернаторлигига ва 1918 йилда Туркистон АССРга, 1924 йилдан Ўзбекистон ССР таркибига киради12.
1932 йилнинг 28 апрелида давлат Меҳнат ва Мудофаа Кенгаши13 Чирчиқ электрокимё комбинатини, 2 та ГЭСни қуриш тўғрисида қарор қабул қилади. Ушбу қурилиш ишлари янги ташкил этилаётган “Чирчикстрой” давлат қурилиш бошқармаси14га топширилади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Чирчиқ шаҳрини қуриш борасида кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган биринчи йиғилиш 1932 йил 24 июнда бўлиб ўтган. Уларнинг ташаббуси билан бир ойдан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмаси Чирчиқ шаҳри лойиҳаси бўйича мутахассислар иштирокида йиғилиш ўтказади. Бу йиғилишга, хусусан, “Чирчикстрой”, Ильич номидаги завод, Сельмаш заводи, “Қизил Шарқ” темир йўл устахоналари, лойиҳа ташкилотлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти, илмий муассасалар, газета ва журналлар вакиллари таклиф этилади.
Лойиҳачилар, архитекторлар, қурувчилар, кенг жамоатчилик шаҳарни қаерда қуриш кераклиги, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида уйларни, маиший ва маданият уйлари, қурилиш типлари ва кўпгина бошқа саволларга жавоб берадиган муҳокамаларни олиб бордилар.
1934 йил 1 майда шаҳар типидаги қишлоқ қурилиши Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида Тошкент шаҳридан 30 км. узоқликда шимоли-шарқда бошланади. Бу қурилиш учун катта ер майдони ажратилади. Шаҳар типидаги қишлоқни ушбу ердан оқиб ўтаётган дарё номига номлаш таклифи эътирозсиз қабул қилинди.
1935 йил 27 апрелда СССР Марказий Ижроия Қўмитаси Раёсати Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси, республиканинг партия ва жамоат ташкилотларининг Чирчиқ қишлоқ Кенгаши мақомини ўзгартириш ва Чирчиқ шаҳар Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги мурожаатини қаноатлантириб, бу тўғрида тегишли қарор қабул қилди.
1935 йил 1 май куни Чирчиқ шаҳар мақомини олди. Бу кун Чирчиқ шаҳрининг туғилган куни сифатида қабул қилинган
Чирчиқ шаҳри Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ ва Қибрай туманлари билан чегарадош бўлиб, бугунги кунда аҳолиси 170 минг кишидан ортиқ. Шаҳарда 44 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ташкил этилган. Чирчиқ шаҳри полиэтник (кўп миллатли) шаҳарлар сирасига мансуб бўлиб, бу ерда ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз, туркман, корейс, тожик, татар, қрим татар, турк, украин, озарбайжон, қорақалпоқ, уйғур, арман, чечен, белорус, немис ва бошқа кўплаб миллатга мансуб фуқаролар истиқомат қилиб келади. Чирчиқ шаҳри саноатлашган шаҳар туркумига кириб, машинасозлик, металлга ишлов бериш ва кимё саноати ривожланган ҳамда кичик ва ўрта бизнес ривожланиб бораётган ҳудуд ҳисобланади. Мазкур жиҳатлар Чирчиқнинг шаҳарсозлигида ҳамда мазкур ҳудуд микротопонимиясининг лингвомаданий шаклланишида ўзининг катта таъсирини сездирган. Шаҳардаги кўпгина жой номлари, жумладан, мемориал-монументал жойлар, мавзелар, маҳаллалар, кўчалар номида рамзийлик ифодаси яққол сезилиб туради. Хусусан,
“Иқбол” маҳалласи ҳудудида Чирчиқ шаҳрининг рамзи ҳисобланган Турналар монументи бунё этилган. 1972 йил 8 май куни шаҳарнинг Троицк ҳудудида Бўзсув канали бўйида Оққовоқ ГЭСи олдида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган чирчиқликларга бағишланган “Турналар монументи” ўрнатилади. Дунёнинг 40 га яқин шаҳарларида урушда ҳалок бўлган аскарлар учун турналар тимсолида бунга ўхшаш монументлар ўрнатилган. Улар орасида Махачкала, Кисловодск, Саратов, Иркутск, Лос-Анжелес, Санкт-Петербург ва бошқалар бор. Ёдгорлик ноодатий қурилган – гранит остига капсула кўмилган. Капсула Москва, Ленинград, Волгоград, Брест, Минск, Курск, Смоленск, Берлин, Будапешт ва бошқа шаҳарлардан келтирилган тупроқ билан усти кўмиб қўйилган. Бу тепаликда ҳар баҳор қизил рангдаги гуллар гуллаши учун уларга алоҳида парвариш кўрсатилган. Бу қизил гуллар рамзий олов бўлиб, уларнинг ичидан турли узунликдаги учта оқ рангдаги ўқ учиб чиқади. Турли узунликда бўлишининг сабаби шундаки, ҳар бир инсоннинг тақдири ҳар хил ва ҳаётдаги баландлиги ҳам турли хил. Ўқ тепасида – 20 метр баландликда уларга сал тегмасдан турналар учиб ўтади. Турналар гуруҳи – бу умид ва бахт тимсоли. Агар яхшилаб ушбу композицияга қараса, турналар ўртасида бир жой тартиби бузилгандек, яна бир қуш етишмаётгандек кўринади. Бу турна қуш пастда ярадор бўлиб учиб кетаётган сафдош турналарига қараб улардан қолиб кетган тасвирдаги ҳайкали ўрнатилган. Ушбу турналар гуруҳидан қолиб кетган ярадор турна қуши боқий қайғу рамзий маъносини ифодалайди. Шунингдек, маҳаллада 1943 йилда ишга туширилган “Оққовоқ” ГЭСи номи ҳам рамзийликка эга.
Маҳаллалар номига эътибор бериладиган бўлса: “Ҳумо” маҳалласига бахт келтирувчи афсонавий Ҳумо қуши номи берилган, “Чинор” маҳалласида жуда кўп чинор дарахти экилган. Шу боисдан у “Чинор” маҳалласи номини олган. Шарқ мифологиясида Семурғ Шарқ афсонавий қуши бўлиб, бахт ва адолат тимсоли ҳисобланади. “Семурғ” маҳалласига ушбу қушнинг номи берилган. “Ҳаёт гули” маҳалласига “Ҳаёт гули” номи берилишининг рамзий маъноси – фуқароларнинг фаровон, гўзал, бирдамликда, тинч-тотувликда, аҳил ва гуллаб яшнаши назарда тутилиб берилган. Бундай рамзийликни шаҳардаги бошқа кўплаб жой номларида учратиш мумкин.
Чирчиқ шаҳридаги кўплаб маҳалла ва кўчаларнинг номлари мустақилликдан кейин янги номга алмаштирилган. Сабаби, истиқлолдан кейин сиёсий-ижтимоий ва маънавий соҳалардаги янгича ўзгаришлар ва аҳолининг дунёқараши, тафаккурида истиқлол анъаналарига ҳамоҳангликни юзага келтириш мақсадида эски совет тузуми ғояларига хизмат қилган жой номларидан ҳам воз кечилган. Масалан, “Ҳаёт гули” маҳалласида 12 та кўча бор: “Боғишамол” кўчаси олдин Еделькин номи билан аталган. А.Авлоний кўчаси олдин Амангелди номи билан аталган. М.Кошғарий кўчаси олдин Некрасов номи билан аталган. “Озодлик”, Пушкин, “Пахта” кўчаларининг номи ўзгармаган. Н.Кубро кўчаси олдин Лермонтов номи билан аталган. “Ташаббускорлар” кўчаси олдин “Новый Квартал” номи билан аталган. “Пойабзалчилар” кўчаси олдин “Обувная” номи билан аталган. Ҳ.Бойқаро кўчаси олдин “Огородная” номи билан аталган. “Қудраткўчаси олдин “Розета” номи билан аталган. Ал-Бухорий кўчаси олдин Маяковский номи билан аталган.
“Мирзо Ғолиб” маҳалласи жойлашган ҳудуд Чирчиқнинг тарихий аҳоли манзилгоҳларидан бири ҳисобланади. Бу ерлар асосан Қипчоқ номи билан машҳур бўлган. Хусусан, маълумотларга қараганда, ушбу ерлар XVII асрдан Қипчоқ деб юритила бошланган. Ҳудудда қалин қамишзорлар бўлиб, бўрилар, чиябўрилар, Турон йўлбарслари ва бошқа ёввойи ҳайвонлар бўлган. Маҳалла номи асли самарқандлик бўлган Мирзо Асадуллахон Ғолиб (1797-1869) – шоир, файласуф, тарихчи, луғатшунос олим номига қўйилган. Ҳудудда шаҳарнинг машҳур “Кимёгарлар” истироҳат боғи жойлашган. Шунингдек, маҳалла ҳудудида Чирчиқ шаҳрининг пайдо бўлишига сабабчи бўлган электрокимё корхонаси – “Максам-Чирчиқ” АЖ жойлашган. Бу корхона тарихда кўплаб номларга эга бўлган бўлса-да, ҳар бир чирчиқлик унинг тарихини, унинг шаҳар ривожланишига қўшган ҳиссасини яхши билади. Шунингдек, маҳаллада “Ўзбеккимёмаш” АЖ корхонаси ҳам жойлашган.
“Кимёгар” маҳалласида (аҳолининг оғзаки сўзлашув тилида “Химпасёлка”) 1949 йилда Электрокимё комбинати (бугунги “Максам-Чирчиқ” АЖ) томонидан ишчиларига коттеж уйлар қуриб берилган. Бу маҳаллада завод ишчилари яшагани учун маҳалла номи “Кимёгар” маҳалла фуқаролар йиғини деб номланган.
Чирчиқ шаҳрининг Троицк ҳудудида маҳаллий халқ тилида айтиладиган “Лагерний” деган жой бор. Ушбу атаманинг этимологиясини кўпчилик билмайди. Мазкур атаманинг пайдо бўлишига сабаб, ушбу жойда япон асирлари учун урушдан кейин лагерь барпо қилинган бўлган. Ҳозирда бу жойда лагерь йўқ, аммо халқ тилида унинг номи сақланиб қолган. Иккинчи жаҳон урушида ҳарбий асирликка тушган японияликлар собиқ СССР таркибидаги мамлакатларга қурилиш ишларига юборилади. Уларнинг бир қисми Марказий Осиёга, шу қаторда Ўзбекистонга жойлаштирилади. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонга 25 мингга яқин японониялик фуқаролар юборилади. Уларнинг меҳнатидан қурилиш ва хўжалик секторида фойдаланилган. Шулар қаторида улар Чирчиқ шаҳрини ободонлаштириш, янги бинолар қурилишига жалб этилади. Хусусан, “Кимёгар” маҳалласидаги “Ёрқин келажак” (37 та уй), “Ўзбекистон 30 йиллиги” (24), Тўмарис (38), Адолат (16), Юсуф Хос Ҳожиб (13), “Қардошлик” (38), “Шарқ юлдузи” (28), “Фидокорлар” (32) кўчаларида 220 дан ортиқ коттежлар ва бошқа иншоотлар уларнинг иштирокида бунёд этилган15.
Амир Темур маҳалласи номи йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли марказлашган давлат асосчиси, соҳибқирон Амир Темур номига кўйилган. Ушбу маҳалладаги “Маданият” кўчаси илгари “Мир” номи билан аталган. Ушбу кўчада шаҳарнинг энг кўркам Маданият саройи жойлашганлиги учун кўчанинг номи “Маданият” кўчаси номига ўзгартирилган. “Истиқбол” кўчаси илгари “Профсоюзная” номи билан аталган. Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида унга “Истиқбол” номи берилган. Амир Темур кўчаси илгари “Сапёрная” номи билан аталган. Кейинчалик номи ўзгартирилган. Рудакий кўчасининг номи ўзгармаган, ҳозир ҳам Рудакий кўчаси деб юритилади.
Шаҳардаги “Баҳор” маҳалласи илгари “Весна” деб номланган эди. Ушбу сўз рус тилидан тўлиқ калькалаш йўли билан таржима қилиниб, маҳаллага шу ном берилган. Ушбу маҳалладаги “Бунёдкорлар” кўчаси олдин “Звездная”, “Бунёдкорлар” тор кўчаси эса “Звёздный” проезд, А.Темур кўчаси олдин “Сапёрная”, М. Беҳбудий кўчаси олдин Циалковский кўчаси, “Мафтункор” кўчаси олдин Рудакий коттежлар кўчаси деб аталган. Рудакий кўчасининг номи ўзгармаган, ҳозир ҳам Рудакий кўчаси деб аталади. “Бахт” маҳалласига қарашли Нодирабегим кўчаси олдин Богдан Хмельницкий, “Тикланиш” кўчаси олдин У.Юсупов, Чўлпон кўчаси олдин Инстатиров, У.Носир кўчаси олдин “Фестивальная”, Завқий кўчаси олдин “Речная”, Зулфия кўчаси олдин “Совхозная” номи билан юритиб келинган.
Кўп жойларнинг расмий номи билан бир қаторда халқ томонидан қўйилган оғзаки маҳаллий номи ҳам бор. Масалан, шаҳардаги “Маданият” маҳалласида ҳарбий қисм жойлашганлиги сабабли маҳалланинг кўп фуқаролари ҳарбийлар ҳисобланади. Халқ тилида ушбу ҳудудга “Ҳарбий шаҳарча” (“Военный городок”) деган норасмий ном берилган. Маҳалла таркибига 4 та кўча киради: “Маданият” кўчаси олдин “Мир” номи билан аталган. Кўчада Маданият саройи жойлашганлиги сабабли “Маданият” кўчаси деб номланган. “Истиқбол” кўчаси олдин “Профсоюзная” номи билан аталган, 1991 йилдан кейин “Истиқбол” номи берилган. “Саодат” кўчаси олдин “Матросов” номи билан аталган. “Ҳақиқат” кўчаси олдин “Верхний межканальный”, “Нижний межканальный” номлари билан аталиб келинган. Ҳозирда “Ҳақиқат” номига ўзгартирилган. “Бирлик” Маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги 8 та кўча номи ҳам мустақиллик йилларида алмаштирилган. Булар – “Камолот” (Комсомольская), “Чирчиқ қурувчилар” (Чирчикстроевцев), С.Аҳмад (Гоголь), Х.Шакиров (Стаханцев), Махтумқули (Лиза Чайкина), “Бош Бозсув” (Голова Бозсув), А.Навоий (Ленин) ва “Заковат” (Охунбобоев).
Биз ўз тадқиқот ишимизда Тошкент вилояти, хусусан, Чирчиқ шаҳар микротопонимиясини тадқиқ қилишда уларни лингвомаданий жиҳатдан қуйидагича таснифладик:


Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет