Ўзбекистон Республикаси Президентининг



бет1/4
Дата19.04.2023
өлшемі82.38 Kb.
#472438
  1   2   3   4
ПҚ-5116 19.05.2021




[ОКОЗ:

1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.08.00.00 Ижтимоий хизмат кўрсатиш / 06.08.04.00 Реабилитация (ижтимоий, тиббий, меҳнат ва ҳ.к.)]

[ТСЗ:

1.Ижтимоий-маданий масалалар / Ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази Васийлик кенгашининг:
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказини тугатиш;
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази (кейинги ўринларда — Республика маркази) ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш;
Мавжуд 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини оптималлаштириш ҳисобига 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар (кейинги ўринларда — марказлар), шу жумладан, 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та намунали туманлараро марказларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Марказлар бошқарув ходимларининг чекланган сони 63 нафар, шу жумладан марказий аппаратда 7 нафар этиб белгилансин.
Белгилансинки, ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра марказлар ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади.
Марказлар фаолиятига, зарур ҳолларда, юристлар, психологлар ва ижтимоий ходимлар жамоатчилик асосида жалб қилиниши мумкин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Республика маркази ва ҳудудий марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ва банк ҳисобварақларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига эга бўлади;
марказлар ўз фаолиятини анонимлик, ахборотнинг махфийлиги, касбий маҳорат ва хавфсизлик тамойиллари асосида амалга оширади;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятини марказлар билан уларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда яқин ҳамкорликда олиб боради;
марказлар ўз фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ волонтёрларни (кўнгиллиларни) жалб этиши мумкин.
4. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш;
давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг хотин-қизларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини ўрганиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, ўз жонига суиқасд қилган хотин-қизларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича фаолиятига яқиндан кўмаклашиш;
«Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни «Аёллар дафтари»дан чиқариш чораларини кўриш;
низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга барҳам бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар билан профилактик тадбирларни ўтказиш;
оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш;
долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш;
зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, ушбу мақсадларда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланиш.
5. Белгилансинки, марказларга қуйидагилар жойлаштирилади:
зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари;
ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар.
6. Марказлар:
ҳудудий ички ишлар ҳамда тиббиёт бўлинмаларига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, шунингдек, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар ҳақида зудлик билан хабар беради;
ички ишлар органларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёхуд ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг фарзандлари марказларга келиб тушиш сабаблари, шунингдек, уларга кўрсатилган ёрдамлар тўғрисидаги статистик-таҳлилий маълумотларни ҳар ойнинг якуни билан киритиб боради.
7. Республика марказига маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири тавсиясига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
8. Қуйидагилар марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. 2021 йил 1 июндан эътиборан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга биноан:
а) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги:
марказларга методик ёрдам кўрсатади ва фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
зўравонликнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади ҳамда ушбу йўналишда илғор хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини жорий этиш чораларини кўради;
б) Ички ишлар вазирлиги:
ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширади;
марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталарини) тиклаб бериш чораларини кўради;
в) Халқ таълими вазирлиги:
ўз жонига қасд қилишга мойил қизлар, шунингдек, руҳиятида ўзгариш кузатилган ўқувчи қизлар рўйхатини шакллантириш, уларга тиббий ва психологик кўмак кўрсатиш бўйича манзилли ишларни ташкил этади;
марказларга жойлаштирилган аёлларнинг вояга етмаган фарзандларини энг яқин ҳудуддаги умумий ўрта таълим муассасаларига вақтинча жойлаштириш чораларини кўради;
г) Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказларга келтирилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни кўрикдан ўтказиш ҳамда жабрланганларни ўзининг тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида бепул даволаш чораларини кўради;
д) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган иш қидираётган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касбга йўналтириш чораларини кўради.
хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касбга йўналтириш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади;
е) «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти зўравонликнинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини чуқур ўрганади, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, зўравонликка учраган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёхуд ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқади;
ж) «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш бўйича сўровлар ўтказади, таҳлил қилади, умумлаштиради ва уларга барҳам бериш бўйича таклифлар киритади;
з) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
тазйиқ ва зўравонликка учраган ҳамда фуқаролар йиғинларига мурожаат қилган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилайди ҳамда марказлар ва ички ишлар органларига зудлик билан хабар беради;
маҳалла ҳудудида тазйиқ ва зўравонлик қилган ёки қилишга мойиллиги бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан олиб бориладиган профилактика ишларида фаол иштирок этади.
10. Бош прокуратура, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан хотин-қизларни турмушга тайёрлаш, уларда фарзанд тарбиясига оид кўникмаларни мукаммал шакллантириш, уларни турли тазйиқ, зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилаларда суицид ва ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш мақсадида «AZIZ-AYOL.UZ» ягона интерактив миллий платформаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига мазкур платформанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва уни такомиллаштириш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларни жалб қилиб бориш вазифаси юклатилсин.
11. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги:
а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган, 24 соат узлуксиз ишлайдиган «ишонч телефони»ни (республика доирасида ягона қисқа рақам) ўрнатилган тартибда йўлга қўйсин ва унинг фаолиятидан аҳолини оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб борсин;
«AZIZ-AYOL.UZ» ягона интерактив миллий платформасига «ишонч телефони» рақамининг киритилишини ва унинг 24 соат узлуксиз ишлашини таъминласин;
б) Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига марказлар ходимлари ҳамда жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш, марказлар биноларини қўриқлаш чораларини кўриш тўғрисида асосланган таклифлар киритсин.
12. Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ушбу ҳаракатлардан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бир ой муддатда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
14. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Т. Маматов белгилансин.
17. Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 май,
ПҚ-5116-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5116-сон қарорига
ИЛОВА
Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ушбу ҳаракатлардан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет