Хоразмнинг илк ўрта асрларда савдо муносабатлари тарихидан. Матқурбонов Омонбой – Урганч Давлат университети, Тарих кафедраси ўқитувчиси



бет1/2
Дата10.03.2023
өлшемі64.5 Kb.
#470593
  1   2
Хоразмнинг илк ўрта асрларда савдо муносабатлари тарихидан


Хоразмнинг илк ўрта асрларда савдо муносабатлари тарихидан.
Матқурбонов Омонбой – Урганч Давлат университети, Тарих кафедраси ўқитувчиси.
Хоразмнинг илк ўрта асрлардаги савдо муносабатлари тарихи манбаларда жуда суст акс этган. Шу жиҳатдан олганда мазкур муаммони илмий жиҳатдан таҳлил қилишда асосан археологик ва нумизматик манбалар муҳим аҳамиятга эга.
Илк ўрта асрларда, яъни, милодий IV – IX асрларда Хоразм жаҳон миқёсида кечган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар таъсирида антик даврга нисбатан инқирозий ҳолатларни бошидан кечирган. Иқтисодиёт илгариги даврларга нисбатан суст тараққий қилиб, деҳқончилик ва ҳунармандчилик соҳаларининг тараққиёти қай даражада бўлганлигини илк ўрта асрларда Хоразмда шаҳарсозлик маданияти ҳолатидан ҳам яққол кўриш мумкин эди. Жумладан, бу даврда Хоразм воҳасида шаҳарлар сони бирданига камайиб кетиб, ёзма манбаларда фақат иккита шаҳар: Кат ва Ҳазорасп ҳақида маълумотлар мавжуд. Археологик тадқиқотлар ҳам бу даврда воҳада шаҳарлар сонининг анча камайиб кетганлигини кўрсатади. Шундай бўлсада археологик тадқиқотлар маълумотларидан Хоразмнинг бу даврда олиб борган савдо муносабатларининг йўналишларини ҳамда ташқарига олиб чиқилган маҳаллий ашёлар ва келтирилган маҳсулотлар ҳақида етарлича маълумотлар олиш мумкин.
Эфталитлар ва Турк ҳоқонликлари даврларида Хоразмнинг кўчманчилар дунёси билан бўлган савдо алоқалари, айниқса ривожланган. Бунга асосан, эфталитларнинг ҳам, Турк ҳоқонлигининг ҳам Эрон билан душманлик муносабатларида бўлганлиги сабаб бўлган. Чунки Хоразм ҳам энди Эрон билан ҳамда у орқали ўтган Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи ёрдамида савдо-сотиқ муносабатлари олиб бора олмас эди. Аксинча, Узоқ Шарқ, Шарқий Туркистон, Мовароуннаҳр, Хитой ва Ҳиндистондан олиб келинган ва Буюк Ипак йўли бўйлаб олиб ўтиладиган барча моллар Хоразм орқали ўтувчи шимолий тармоқдан ўта бошлаган. Шимолий тармоқнинг фаоллашуви Хоразмнинг кўчманчилар билан бўладиган савдосига ҳам таъсир этган, албатта. Аммо бу ердаги савдо ривожи олдингига нисбатан қараганда шундай. Чунки V-VIII асрлардаги бутун хўжалик ҳаётидаги инқироз савдога ҳам таъсир кўрсатган албатта.
Шу ерда яна бир нарсага эътибор бериш керакки, кўчманчилар билан бўлган савдода то IX-X асрларгача пул асосий роль ўйнаган. Савдо асосан, бир-бирига зарур товарларни айирбошлаш орқали амалга оширилган. Шунинг учун ҳам то VIII-IX асрларгача бўлган савдонинг ривожи қай даражада бўлганлигини аниқлаш қийин. Бир неча асрлар давомида, то III асргача, Хоразмда кумуш тетрадрахмалар зарб қилинган бўлса ҳам, у фақат деҳқончилик воҳаларида, ички бозорда амалда бўлган. Мис чақа эса III асрдан бошлаб мунтазам зарб қилиниб келган бўлса ҳам, IX-X асрларгача, у ҳам кўпроқ ички бозор талабини қондирган, холос [Вайнберг Б.И.: 33]1.
Сирдарё ва Амударё қуйи ҳавзалари, Қозоғистон даштларидаги ёдгорликлардан топилган VII-VIII асрларга оид Хоразм тангалари ҳамда кулолчилик буюмлари (қалиндевор хумлар) ҳам бу ерда хоразмлик савдогар ва ҳунармандларнинг касбалари бўлганлиги билан бирга, унинг савдо ман-фатлари йўналишларининг қай йўсинда бўлганлигини кўрсатади [Неразик Е.Е.: 47]2.
Қулдорлик ишлаб чиқариш ўрнини феодал муносабатлари эгаллаши ва халқларнинг буюк кўчиши билан боғлиқ холда V-VIII асрларда юзага келган инқирозий ҳолатдан IX асрга келиб, аста-секин чиқила бошланди ва IX аср охиридан бошлаб, Хоразм ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. IX асрдан бошлабоқ, яна илгаригидек, ривожланган савдо муносабатлари энг муҳим аҳамиятга эга бўла бошлади.
Марказий Осиёнинг Амударё бўйи ҳудудларидан ва I-II асрларда сув оқа бошлаган Узбой орқали Ҳиндистондан Каспий денгизга ва ҳатто Кавказорти орқали Қора денгиз бўйига савдо йўли ўтган. Узбой қирғоқлари бўйлаб Игдиқалъа томон ҳинд-каспий сув йўли орқали тўхтовсиз савдо-сотиқ алоқалари амалга оширилган [Мамбетуллаев М.М.: 44]3. Масалан, Ичонлидепа ва Қалъалиқир II ёдгорликларида олиб борилган археологик қазув натижасида Кавказорти ҳунармандчилик марказларида тайёрланган кулолчилик буюмлари топилган [Ртвеладзе Э.В.: 23]4.
Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи орқали, Хоразмга Афғонистондан сердолик-тош маржонлар, Ҳиндистондан турли хил терракот ва суяк ҳайкалчалар келтирилган. Қўйқирилганқалъа ва Жонбосқалъани археологик текшириш давомида Миср чиннисидан ишланган узум боши шаклидаги безак буюмлар, маржонлар ва худо Бесс ҳайкалчаси топилган. Бу буюмлар Хоразм шаҳарларига эллинистик даврда, Буюк Кушонлар замонида фаоллашган ғарб билан бўладиган савдо туфайлигина келтирилиши мумкин эди [Ртвеладзе Э.В.: 44]5. Транзит савдо Хоразм шаҳарлари фаровонлигининг ўсишига имкон беради.
Аммо IV асрда бошланган “халқларнинг буюк кўчиши” ва қулдорлик тузумининг инқирози билан боғлиқ жараёнлар Хоразмнинг бутун ижтимоий-иқтисодий ҳаётига кучли таъсир қилиб, иқтисодий ҳаётда тушкунлик даври бошланди. Бу жараён савдо-сотиқ алоқаларига ҳам кучли таъсир кўрсатиши натижасида, савдо шаҳарларининг сони кескин камайиб кетади. IV-V асрларда Амударё сув оқимининг ўзгариши ва бу билан боғлиқ холда чапқирғоқ Хоразм ҳамда шимоли-ғарбий Туркманистон ерларининг қуриб қолиши натижасида ғарбга – Эронга йўналган савдо йўли фаолияти тўхтаб қолади ва фақат ривожланган ўрта асрларга келиб, бу йўл яна тикланади.
Хоразмнинг V-VIII асрларда Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи орқали олиб борган савдо-сотиқ алоқалари тўғрисида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Археологик маълумотлар бу давр шаҳарлари ёдгорликларидан топилган ҳунармандчилик буюмларининг илгариги даврларга нисбатан анча сифатсиз ва қўпол ясалганлигини кўрсатади.
Энди биз бу даврда, яъни Африғийлар даври ёдгорликлари ичида Сурия-Миср (Ўрта денгиздан топилган) ва Қора денгизнинг шимол томонидан келтирилган шиша, паста ва тошдан ишланган маржонларни учратмаймиз6.
Бу жараён фақат Хоразмгагина эмас, балки Марказий Осиё, Эрон, Хитой, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Ҳиндистонга ҳам хос бўлиб, ташқи савдонинг анча сусайишига олиб келди.
VII асрда Араб халифалигининг вужудга келиши ва VIII асрда бу давлатнинг йирик империяга айланиши натижасида, улкан ҳудудда нисбатан сиёсий барқарор вазиятнинг ўрнатилиши оқибатидагина, яна аста-секин халқаро савдо-сотиқ алоқалари жонлана бошлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Х асрга келиб, Хоразм савдо шаҳарларининг сони жуда тез ўса бошлади. Бу қўшни мамлакатлар билан иқтисодий алоқалар яна кенгайганлигидан далолат беради. Хоразм Х асрдан бошлаб, Яқин ва Ўрта Шарқ, Эрон, Ироқ мамлакатлари билан фаол савдо-сотиқ алоқаларига киришади. Бу савдо алоқалари, асосан, Буюк Ипак йўлининг асосий-жанубий тармоғи, шунингдек, Жанубий Туркманистон орқали ўтувчи кичик савдо йўллари орқали амалга оширилган.
Бошқирдистон ҳудудидан милодий VII-VIII асрларга оид Хоразм тангалари ҳам топилган. Камабўйи ҳудудларидан эса III-VIII асрларга тегишли Хоразм кумуш тангалари топилган. Шарқдан (Шарқий Туркистон чегарасидан) ғарбга йирик кўчманчи қабилалар кўчиб юрган Қозоғистон ва Жанубий Уралбўйи дашт ва ўрмон-дашт ҳудудлари орқали Хоразм ҳунармандчилик буюмлари ҳатто узоқ шимоли-шарққа ҳам бориб қолган. Омск ҳудудидаги Иртиш дарёси бўйларидан милоддан аввалги III-II асрларга тегишли хоразмий ёзувли кумуш ва сопол идишлар топилиши бунинг яққол исботидир.
Милоддан аввалги II асрда Буюк Ипак йўлининг вужудга келиши билан Хоразмнинг Волгабўйи ва Шарқий Европа билан савдо алоқалари янги босқичга кўтарилди. Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи вужудга келиб, у Хоразм савдо шаҳарлари орқали ўтарди.
Милодий II асрда яшаб ўтган машҳур юнон географи Птоломейнинг "География" асарида ҳам бу йўл тўғрисида маълумот мавжуд бўлиб, унда муаллиф Азов денгизидан бошланиб, Қуйи Волгабўйи даштлари ва Хоразм орқали жануби-Шарқка томон ўтувчи йўл тўғрисида ёзиб ўтади [Мамбетуллаев М.М.: 44]7.
Бу даврда Волгабўйи ва Шарқий Европа халқлари билан бўлган савдода савдонинг ҳажми, Хоразмга келтирилган ва олиб кетилган нарсалар тури узоқ вақт давомида ўзгармаган бўлса керак. Савдо, айнан, бир хил хўжалик услуби шаклланган ва узоқ вақт давомида ўзгаришсиз ривожланган ҳудудлар билан олиб борилган. Шу сабабли диққатимизни бир нарсага қаратишимиз лозим. Чунончи қул савдосини олиб кўрадиган бўлсак, қуллар савдоси фақат ўрта асрлардагина эмас, балки то Россия истилосигача Хоразм иқтисодида катта роль ўйнаган. Бу ҳолат, айниқса, қулчилик тизими ҳукмронлик қилган даврда Хоразмга кўчманчилар билан бўлган савдода келтирилган қуллар меҳнатидан фойдаланиш, деҳқончиликнинг, ҳунармандчиликнинг ривожланишини таъминлаш имконини беради. Бу ҳам ўз навбатида савдо-сотиқнинг ривожланишига олиб келган.
Турк ҳоқонлигининг вужудга келиши натижасида Хоразмнинг Волгабўйи ва Шарқий Европа билан савдо фаолияти янада жонланиб кетган. Чунки туркларнинг Византия билан савдони ривожлантиришга интилиши, сосонийлар Эрони билан муносабатларнинг бузилишига олиб келган. Эндиликда Буюк Ипак йўлининг Эрон шаҳарларидан ўтадиган қисмидан Византия билан алоқалар олиб боришнинг имкони йўқолгач, савдогарлар Хоразм, Каспий денгизи шимолий соҳиллари, Кавказ тоғлари ва Қора денгиз бўйлари орқали Византияга борганлар. Бу муносабатларда Хоразмнинг ўрни қандай бўлганлигини Менандрнинг турклар юртига юборилган византиялик Земарх элчилиги тўғрисидаги ҳикоясида кўришимиз мумкин.
569 йили ғарбий турк ҳоқонининг қароргоҳида бўлган Византия элчиси Земархнинг сафари Хоразм (Менандр Хоразмни холиатлар ёки хоалитлар юрти деб атайди) орқали ўтган. Земарх қайтаётганда (жавоб тариқасида юборилаётган турк элчилари билан бирга), Марказий Осиёдаги баъзи давлатларнинг ҳукмдорлари ўз элчиларини ҳам ҳоқоннинг элчиларига қўшиб юбориш истагини билдирдилар. Бироқ ҳоқон фақат хоалитлар (хоразмликлар) ҳукмдоригагина бундай иш қилишга рухсат берди. Бу хоразмликларнинг турк ҳоқонлигининг савдо алоқаларида катта роль ўйнаганлигини кўрсатади [Толстов С.П.: 233]8.
Кама бўйидан топилган VI-VIIIасрларга оид Хоразм идишлари Марказий Осиёни Волгабўйи ва Шарқий Европа билан боғловчи йўлнинг шимоли-ғарбий тармоғининг мавжуд бўлганлигидан далолат беради. Хоразм ҳудудларидан Камабўйининг II-VII асрларга оид Караякупов маданиятига хос бўлган ўзига хос нақшин камарнинг бронза тўқалари ва Норинжон атрофидан эса таниқли археолог О.Менчен-Хелфен таснифи бўйича усть-конецк типига кирувчи бронза идишларининг топилиши савдо алоқаларининг вақтинча ва тасодифий бўлмаганлигига гувоҳлик беради [Неразик Е.Е.: 47]9.
Кавказдаги Мощевая Балка ёдгорлигидан топилган савдогарнинг буюмлари орасида суғд ипак маҳсулотлари ичида хоразмшоҳ – африғий Саушфаннинг кумуш тангаларининг топилиши бу савдо йўлида Хоразм кумуш тангаларидан фойдаланилганлиги маълум бўлади [Неразик Е.Е.: 47].
Хоразмнинг шимолий тармоқ орқали олиб борган савдо фаолияти ҳақидаги тўлиқ маълумотлар араб босқинидан кейин унинг мусулмон олами савдо алоқалари таъсир доирасига қўшилгачгина (IV-X асрлар) пайдо бўлган. Бу маълумотларга кўра, Хоразм Шарқ мамлакатлари билан Волгабўйи ва Шарқий Европа халқлари ўртасидаги савдо алоқаларида воситачи марказ сифатида таъкидланган бўлиб, Волгабўйи, Уралбўйи ва шимоли-ғарбий Волга - Кама ҳудудларидан келтирилган турли-туман маҳсулотлар Хоразм орқали Марказий Осиё, Эрон, Ҳиндистон, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларига олиб ўтилган.
V-VIII асрлар давомида инқирозий ҳолатни бошидан кечирган Хоразм, IX асрга келиб, яна иқтисодий тараққиёт босқичига қадам қўйди.


Достарыңызбен бөлісу:
  1   2




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет