Ислом дини ва мусулмонларни мазах қилиш
] Ўзбекча [
الاستهزاء بالدين وأهله
[باللغة الأوزبكية ]
Муҳаммад ибн Саид Ал-Қаҳтоний
محمد بن سعيد القحطاني
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
ترجمة: أبو جعفر البخاري
Муҳарир: Ислом Нури веб саҳифаси
مراجعة: موقع نور الإسلام
http://www.islamnuri.com
Риёз шаҳри Рабва маҳалласи диний тарғибот идораси
المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض
1429 – 2008
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло айтди:
"Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расулини мазах қилаяпсизларми? Узр айтманглар. Сизлар иймон келтиргандан сўнг кофир бўлдингиз!"" (Тавба: 65, 66).
Муқаддима
Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбарларнинг сўнггисига, унинг оиласи, саҳобалари ва унинг йўлидан юрган барчага салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
Бугун Умматнинг ҳаётига назар ташлаган одам, ҳайратомуз ва ёқимсиз ишларнинг гувоҳи бўлади. Чунки, бу Умматнинг Исломни ҳаётга татбиқ этишга яқин ёки узоқ бўлишига қараб Умматнинг ҳаётидаги бузилиш кўпайиш ва озайиш ўртасида беқарор бўлмоқда.
Бу Умматнинг касаллиги бениҳоя кўп ва оғирдир! Шунинг учун ҳам, агар табиб унга тўғри ташхисни қўймас экан, фойдали дори-дармонни тавсифлаши қийин бўлади. Натижада ишлар чигаллашиб, ноҳуш натижаларга олиб боради.
Бу Уммат ҳаётидаги хатарли касалликлардан бири "Ислом ва мусулмонларни мазах қилиш" касаллигидир. Унинг вируслари ҳоҳ Уммат ичидан, ҳоҳ ташқарисидан келган бўлсин, — буларнинг ҳар иккиси мавжуд — хатарли натижага олиб боради: бандани Ислом динидан бутунлай чиқаради.
Китобхон дўстим, бугунги воқеълигимиздаги эрмакчи ва масхараловчиларнинг ҳаёти ва аҳволлари ҳақида ўйлаб кўрсангиз, ажойиб нарсаларни кўрасиз, Иймон нурлари ёритган қалбингиз оғриб, сиқилади ва афсус чекасиз.
Масалан: бугунги кундаги шоирларнинг нашр қилинаётган ва ўқилаётган сўзларига қарасангиз Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва динини мазах қилиш билан очиқ куфр амалини қилаётганларини кўрасиз, Ҳолбуки, Аллоҳ таоло уларнинг мазахларидан буюк ва бутунлай муназзаҳдир!
Бугун энг кучли қуролга айланган оммавий ахборот воситаларида баъзи мухбирларнинг диний асосларимиз ва қадриятларимиз устидан кулиб, масхара қилишаётгани ҳақида ўйлаб кўринг.
Мана бу ёзувчи Одам алайҳиссаломнинг яралиши ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон Каримда баён қилган оятларни мазах қилиб, инсон маймундан келиб чиққан деб даъво қилмоқда!
Анави ёзувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг тўққизта хотинга уйланганини масхара қилиб, карикатура (ҳажвий сурат) чизмоқда!
Учинчиси бўлса Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилганлар, ёки ҳукм қилишни талаб қилаётганлар устидан кулиб, уларни турғун фикрли ва зулматли асрларга қайтмоқчи бўлган "ақидапарастлар" деб номламоқда!
Тўртинчи ёзувчи ҳижоб устидан кулиб, тиббиёт факультетидаги толиба қизларни имтиҳондан ҳайдаб чиқаришни талаб қилмоқда!!
Бешинчиси эса, араб тилини мазах қилиб, уни турғунликда айблаб, Қуръон тилига бадал ўлароқ халқ тилида сўзлашиш ёки лотин алифбосида ёзишга чақирмоқда ҳамда араб тилининг олийжаноб адабиёти ўрнига бадал қилиб, пардоз ва "кўрпа одоблари" "адабиёти"ни талаб қилмоқда!
Олтинчиси эса, шаръий жазоларни ижро қилиш устидан масхара қилмоқда ва унинг ижроси ваҳшийлик ва шафқатсизлик деб айтмоқда. У бунга бадал ўлароқ жамиятнинг "инсон ҳуррияти ва маданият" номи остида жиноятчи тўдалар ва қароқчиларга айланиб қолишини талаб қилмоқда!
Ҳатто иш шу даражага етиб бордики, исломий маданият ва даъватга мансуб ҳисобланган баъзи кимсалар, пайғамбарлар саййидининг суннатини маҳкам ушлаган мусулмонларни кеча-кундуз масхара қилиб, улар устидан кулмоқдалар. Уларни ақли заиф ва пасткашлар деб таърифламоқдалар. Ҳатто имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳларнинг "Саҳиҳ" (ҳадислар тўплам)ларида ўз жойини олган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўжизаларини масхара қилмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болалик чоғлари — Бани Саъдда яшаган пайтларида Жибрил алайҳиссалом келиб, кўкракларини ёриб, муборак қалбларидан Шайтон насибасини олиб ташлаб, уни иймон билан тўлдирган мўъжизаси шулар жумласидандир. Ҳолбуки, бу мўъжиза "Саҳиҳ"да собитдирки, инсон ақли заиф ва ноқис бўлганлиги сабабли уни идрок этишдан ожиз. Мана бу мазахчи у мўъжизани инкор этиб: "Мен ақлим тасдиқлаган нарсагагина ишонаман. Ахир иймон суюқлик эмаски, уни шишаларга қуйсак!", демоқда!
Ҳурматли китобхон, бу – биз киришган мавзунинг хатарли эканини билишингиз учун келтирилган намуналардир. Мазах қилувчи одам, Аллоҳ таолони лойиқ бўлганидек қадрламаган бўлади ва қилиб қўйган гуноҳи қанчалик катта эканини сезмайди. Валлоҳу аълам, Ислом дини ва унинг аҳли устидан мазах қилиш, унинг асосларини баён қилиб берадиган, атрофлича ва мустақил равишда баҳс қилинмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Хусусан, бунинг инсон билмасдан тушиб қоладиган амал бўлиши ўта хатарлидир.
Мазах қасдсиз содир бўлсада, у катта гуноҳ ва унинг иймонга бўлган хатари улкандир. Агар қасддан содир бўлса, унинг гуноҳи буюк ва даҳшатлидир. Ҳар икки ҳолатда ҳам мазах қилган одам кечирилмайди: "Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расулини мазах қилаяпсизларми? Узр айтманглар. Сизлар иймон келтиргандан сўнг кофир бўлдингиз!"" (Тавба: 65, 66).
Шунинг учун ҳам, Аллоҳдан мадад ва ёрдам сўраб, Исломни бузадиган амаллардан бири бўлган ушбу мавзу ҳақида рисола ёзиш учун киришдим. Шояд Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу рисола билан фойдалар берса. Шояд бу Уммат ўз динини бузаётган дарича ва задаловчи манбаъларни билиб уйғонса. Шояд Умматимиз ўз динига ҳазил ва истеҳзосиз, жиддий ва садоқат билан амал қилса. Чунки, жиддий бўлмаган умматнинг инсонлар олдида ҳам ҳаёт воқелигида ҳам ҳеч бир ўрни йўқдир.
Ўз динини мазах ва диндорларни масхара қилган Уммат - ҳаётдан видолашган умматдир. "Уларни қилган мазахлари ҳалок қилди!" (Ҳуд: 8).
Мен ушбу баҳсни муқаддима ва олти фаслга бўлдим:
Биринчи фасл: мазах қилишнинг хатарлари.
Иккинчи фасл: мазах қилиш сабаблари.
Учинчи фасл: мазах қилиш – Аллоҳ йўлига даъват қилиш тўсиқларидан биридир.
Тўртинчи фасл: мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
Бешинчи фасл: мазах қилганларнинг жазо ва уқубатлари.
Олтинчи фасл: мусулмоннинг мазах ва масхара қилувчиларга муносабати.
Муқаддиманинг охирида, Роббимга, муяссар этган ва ёрдам берганлиги учун, юзининг буюклиги ва салатанатининг кенглигига лойиқ шукроналар айтаман. Ўзларининг маслаҳатлари, фикрлари ва китоблари билан ёрдамчи бўлган фозил ва илм аҳли бўлган дўстларимга миннатдорчилигимни билдириб, Аллоҳ таолодан уларга кўплаб савоблар бериши ҳамда барчамизга динимиз ва дунёмизда жиддийлик ва саботни ато этишини сўраб қоламан.
Охирги дуомиз: ҳамдлар барча оламлар Роббиси бўлган – Аллоҳга бўлсин.
Муҳаммад ибн Саид ибн Солим Қаҳтоний
Уммул-Қуро Дорулфунуни, Эътиқод факулътети
Маккаи Мукаррама шаҳри -Аллоҳ уни ўз ҳифзу-ҳимоясида сақласин-
БИРИНЧИ ФАСЛ:
Мазах қилишнинг хатарлари
Мазах қилиш, Аллоҳ душманларининг ахлоқидандир. У — кофирлар, мушриклар ҳамда Аллоҳнинг дини ва мусулмонларга нисбатан қалблари гина-адоват билан тўлиб-тошган мунофиқлар хулқ-атворидир.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бу хулқ ва унинг эгаларини ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобаларига очиб берди. Қуръон Каримнинг талайгина оятларида бу ёмон хулқ ва унинг эгаларига нисбатан пайғамбарларнинг муносабатлари баён қилинган. Балки бу оятлар ўша, мазах қилганларнинг кофир бўлганликларини очиқ айтган.
Расулуллоҳ соллаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамлар ичидаги энг раҳмдил ва уларнинг ичида узрларни қабул қилишда тенгги йўқ бўлганликлари сийратларидан маълумдир. Шунга қарамасдан у зот масхараловчининг узрини қабул қилмаган, кулувчи, мазах қилувчининг хужжатига эътибор қилмаганлар. Ўзлари ва асҳоблари устидан Табук жанггига кетар эканлар, мазах қилиб кулган кимсаларнинг узрларини қабул қилмадилар ва ҳатто уларга қиё боқиб ҳам қўймадилар. Ҳолбуки, улар: "Биз ҳазиллашган эдик!" десаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан узрларини қабул қилмадилар. Балки, уларга етти қат Осмон устидан нозил бўлган раббоний ҳукмни тиловат қилиб бердилар:
«(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми? (Энди) Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг кофир бўлдингиз!"» (Тавба: 65, 66).
Қилмишларининг нақадар оғир ва хатарли эканини тушуниб етиш учун, уларнинг ҳолатларига бир назар ташлайлик. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазот қилиш учун оилалари, рафиқалари, фарзандлари ва юртларини ташлаб чиққан эдилар. Бу, ёзнинг энг иссиқ кунлари бўлган эди. Улар қаттиқ очлик ва қақратган чанқоқликка учраган эдилар. Бироқ, бу кўрган қийнчиликлари уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар устидан кулган пайтларида ҳеч бир фойда бермади.
Ислом умматининг ўтган ва ҳозирги уламолари —Аллоҳ уларга раҳм қилсин — Аллоҳ, Унинг дини ва расулини мазах қилишнинг диндан чиқарадиган очиқ куфр эканига ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Буни очиқроқ тушуниш учун жаҳаннамнинг энг тубига тушадиган мунофиқлар аҳволи ҳақида фикр юритсангиз, уларнинг Аллоҳ, Унинг оятлари, расули ва мўъминлар устидан энг кўп масхара ва мазах қилувчи одамлар бўлганини кўрасиз. Бу эса уларни Ислом динидан бутунлай чиқарадиган ишдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?» — дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар. 14. Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади. 15. Оллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади. 16. Улар ҳақ йўлнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалар бўлиб, бу савдоларида фойда қилмадилар ва тўғри йўлга юрувчилардан бўлмадилар. (Бақара: 13 – 16).
Бу ишнинг ўта хатарли бўлгани учун ҳам, уламоларимиз уни Ислом фиқҳи ҳақида ёзилган китобларнинг муртадлик бобида зикр қилдилар. Муртадлик, илм аҳлларига маълум бўлганидек, аслий куфрдан кўра қаттиқ эканлигида шубҳа йўқдир.
Ибн Қудома Мақдисий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Ҳоҳ жиддий ва ҳоҳ ҳазиллашиб Аллоҳни ҳақорат қилган (сўккан) одам – кофир бўлади. Шунингдек Аллоҳ таоло, Унинг оятлари, пайғамбарлари ёки китобларини масхара қилган одам ҳам, кофир бўлади"(1).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Куфрни тақозо этадиган ишлар, қасддан қилиш ва динни очиқ мазах қилиш билан бўлади"(2).
Қуртубий раҳимаҳуллоҳ қози ибн Арабий раҳимаҳуллоҳнинг табук жанггидаги мазах қилганларнинг ҳолатини шарҳлар экан ёзган сатрларни иқтибос қилиб келтирди: "Уларнинг айтган бу сўзлари ё жиддий ёки ҳазил бўлиши муқаррардир. У қандай бўлмасин куфр амалидир. Зеро куфрни хазиллашиб қилиш ҳам куфр эканига Уммат уламолари ижмоъ қилганлар. Чунки, тадқиқ билим ва ҳақиқатнинг йўлдоши бўлса, ҳазил ноҳақлик ва жаҳолатнинг қардошидир"(3).
Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: "Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан мазах қилиш куфр бўлиб, уни қилган кимса иймон келтирганидан сўнг кофир бўлади"(4).
Сулаймон Тамимий эса, ўзининг бебаҳо китоби "Китобут-тавҳид"да: "Унда Аллоҳ ёки Қуръон ёки пайғамбар зикри бўлган нарса билан ҳазиллашган кишининг боби" номли боб ажратди. Яъни, бундай кишининг кофир бўлиши ҳақида(5).
Шояд имом Сулаймон Тамимий раҳимаҳуллоҳ мазах қилишни Исломни бузадиган ўнта амаллардан бири деб ҳисоблаган олимларнинг кўзга кўринганларидан бири бўлса керак. У Исломни бузадиган ўнта амалнинг олтинчисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ёки унинг савоби ёки жазолари устидан мазах қилишни зикр қилди. ("ал-Жомеъул-фарид", 283).
Динни мазах қилганларнинг кофир эканлигини айтган замонамиз олимларидан баъзилари булардир: шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх, шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз ва шайх Муҳаммад Солиҳ Усаймин — раҳимаҳумуллоҳ. Уларнинг барчаси бундай кимсалар ҳақида: "Ислом миллатидан чиқувчи кофирдир" дея фатво бердилар6.
Аллоҳнинг Китоби ҳақиқий исломий тарбия китоби бўлганлиги учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонлар жамияти жоҳилият ахлоқи ва айбларидан узоқ бўлиб, садоқат, ростгўйлик, ҳурмат ва жиддийлик узра бўлиши учун, мўъминларни мазах ва масхара қилиш ахлоқларидан огоҳлантирди ва улардан қайтарди:
«Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёлларга (масхара қилиб кулмасинлар) — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар.» (Ҳужрот: 11).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай деди: "Аллоҳ таоло одамларни масхара қилишдан қайтармоқда. Масхара қилиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Саҳиҳ" да ворид бўлганидек, одамларни мазах қилиш ва уларни таҳқирлаш, демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кибр – ҳаққа қарши чиқиш ва одамларни камситишдир"7.
Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай деди: "Ислом Қуръон ҳидояти билан тиклаётган фазилатли жамият, олий одоби бўлган жамиятдир. Бу жамиятдаги ҳар бир шахснинг дахлсиз эҳтироми бордир. Бу эҳтиром барчанинг эҳтиромидан келиб чиққандир. Шунинг учун ҳам, бировни айблаш ўзини айблаш кабидир. Чунки, жамият яхлит бўлиб, унинг ҳурмати бирдир. Қуръон Карим ушбу оятда мўъминларга қуйидаги ёқимли нидо билан хитоб қилмоқда: "Эй, мўъминлар!" ва уларга бир қавмнинг иккинчи бир қавм устидан кулишни таъқиқламоқда. Яъни, бир одам бошқа одам устидан кулмасин, шояд мазах қилинганлари мазах қилувчилардан кўра яхшироқдир. Аёллар бошқа аёллар устидан кулмасинлар, шояд мазах қилинганлар Аллоҳнинг ўлчовида мазах қилувчилардан кўра яхшироқдирлар.
Гоҳо бой камбағални, кучли заифни, маҳоратли зийрак, бўшашган соддани мазах қилиши, болалик бефарзанддан, ота-онали одам етимдан, гўзал аёл хунукдан, ёш қиз кампирдан, соғ аёл мажруҳдан, бой аёл камбағал аёлдан кулиши мумкин. Бу ва бунга ўхшаш ўлчовлар Ерга мансуб ўлчовлар бўлиб, ҳақиқий ўлчовлар эмас. Аллоҳнинг тарозиси эса булардан бошқа ўлчовлар билан кўтариб пастлатади.
Одамлар ёқтирмайдиган ва ўзлари учун камситиш ва таҳқир деб ҳис этишадиган лақаблар билан айблаш, масхаралаш ва камситишнинг айни ўзидир. Мўъминнинг мўъмин устидаги ҳақларидан бири эса, уни ёқтирмайдиган ва озорлайдиган лақаблар билан чақирмаслигидир"8.
Хуллас, Ислом дини ва унинг аҳли устидан ҳоҳ махфий ва ҳоҳ ошкора кулинсин, у Иймонни бузувчи нарсадир.
Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ деди: "Қалб билан масхара қилиш ва камситишнинг қалбдаги иймонга қаршилиги икки зиднинг бир-бирига қаршилиги кабидир. Тил билан мазах қилиш тил билан зоҳир бўлган иймонга қаршидир"9.
ИККИНЧИ ФАСЛ:
Мазах қилиш сабаблари
Ислом ва мусулмонларни мазах қилиш зикр қилинар экан, хаёлга зудлик билан ҳайратли савол келади: Нега мазах қилинмоқда? Нега масхара қилинмоқда?
Биз ҳақ узра эмасмизми? Биз Аллоҳнинг даъватчисига лаббай деб, Унга иймон келтирмадикми? Нега одамлар бизни ва динимизни масхара қиладилар?
Бу саволларга жавоб бериш учун шундай дейман: шубҳасиз, бу камситиш ва мазахларнинг мазах қилувчи ва камситувчи одамлар қалбига ўрнашиб кетган сабаб ва омиллари бордир. Шояд бу омил ва сабабларнинг энг муҳимлари қуйидагилардир:
1) Бу буюк динга нисбатан ўша гуруҳ тарафидан бўлган катта адоват ва нафрат
Аллоҳ таоло Ислом динини дунё ва охират саодати учун ягона йўл қилди: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди.» (Анъом, 153). Бу дин инсон ҳаётини одамлар билмаган бир услуб билан, бутунлай янгитдан бошлайди.
Бу дин, Аллоҳнинг изни билан, ушбу ҳаётда барча нарсада: фикри, туйғулари, сулуки-юриш-туруши ва қийматларида фарқли бўлган Умматни вужудга келтириш учун жоҳилият ўлчовларини беқарор қилади. Шунинг учун ҳам, жоҳилият уни мозийда ҳам хозирда ҳам қучоқ очиб кутиб олмаган ва олмайди ҳам! Балки, унга ўзида бўлган барча қувват, гина ва нафрат билан қаршилик кўрсатади.
Жоҳилият Исломдаги ҳақ ва эзгуликни, Угина ҳаётдаги қинғирликларни тузата олишини жуда яхши била туриб қаршилик қилади ва ундан нафратланади. Чунки жоҳилият, бу қинғирликнинг тузалишини ҳоҳламайди, балки, қинғирлигича қолишини афзал кўради. Исломни ёқтирмайди, чунки У- ўз номи билан жоҳилиятдир. Бу эса Ислом"10.
Аллоҳ таоло деди:
«Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, Биз уларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб, кўрликни, залолатни ихтиёр қилдилар.» (Фуссилат: 17);
«Қасамки, Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк КУН (Қиёмат Кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди. 60. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: «Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди. (Аъроф: 59, 60);
«65. Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми?!» 66. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: «Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз, дейишди. (Аъроф: 65, 66);
«80-81. Лут (пайғамбар) ўз қавмига: «Шундай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эдику?! (Наҳотки) сизлар хотинларингизни қўйиб, нафсингизни қондириш учун эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз», деганини эсланг! 82. Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундан иборат бўлди: «Уларни (яъни Лут ва тобеъларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». (Аъроф: 80 – 82).
Аллоҳнинг дини ва унга қатъий риоя қилаётган мусулмонларга нисбатан жоҳилият қилаётган мана бу нафрат, "Унинг борлиғи, манфаатлари, майилликлари ва қинғирликларига янги нурнинг таъсиридан қўрқишидан пайдо бўлмоқда. Зеро жоҳилият ҳақдан қанчалар узоқлашгани, нафс-ҳавони ҳакам қилгани, майлликларга бутунлай бўйсуниб қолганини ва соғлом эътиқод Ер юзида ҳукм қилганида, нур йўқ бўлган маҳалда, маккорона қўлга киритиб олган манфаат ва майилликлардан маҳрум қолишини юракдан ҳис этади... Бунда мутакаббирлик қилганлар билан бечоралар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Чунки, бу жоҳилиятда ҳар икки тоифанинг ҳам интилган манфаат ва майилликлари бордир"11.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу дин билан юборганида, одамларни башарга қуллик қилишдан қутқарди ва улар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилдилар. Натижада, дўстлик қабила ва қариндошлик каби жоҳилий ришталар асосида эмас, балки, ёлғиз Аллоҳ учун бўлди. Бу эса дўстлик ўз шахсиятлари учун бўлишини истаган кимсаларни безовта қилди.
Зодагонлардан кейин бу диндан нафратланадиган ва бу динга қарши курашиш учун мазах ва истеҳзо қуролларини истеъмол қиладиган сон-саноқсиз табақалар-синфлар бордир. Улардан баъзилари мана булардир: Ёзувчилар, ҳикоянавислар, дикторлар, артистлар, фазилатдан асар ҳам бўлмаган фожира аёллар, ароқхўр ва гиёҳвандлар ҳамда бошқалар. Уларнинг бу қаршиликларининг асосий боисларидан бири, уларнинг тижоратлари ҳаром олди-соттига асосланганлигидир. Агар Аллоҳнинг дини қоим бўлиб, амалда татбиқ этилса, улар унинг ичида яшаб, кўпайишаётган ботқоқликни қуритиб юборади12. Аллоҳ душманларининг порлаган Исломнинг суратини булғаш ва бузиш учун қаттиқ харис эканларини фақатгина мутакаббир ва ўжар одамгина инкор этади. Шундай экан, бу суратни булғаш ва унинг порлоқ юзига қоронғу парда тортиш учун мазах ва истеҳзони қурол қилинишидан ҳайратланмаслик керак. Бироқ, кофирлар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз нурини камолотига етказади!
2) Эзгу ишларни қилаётган одамлардан ўч олиш
«Чунки, улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». (Аъроф: 82).
Маълумки, эзгу ишларни қилаётган олийжаноб инсонлар сифатланган поклик ва иффат, бадбахт ва ёмон инсонларни безовта қилади ва улар ботилликларининг "софлиги"ни лойқалатиб ташлайди. Шунинг учун ҳам, у фосиқлар эзгу ишларни қилаётган одамларни мазах қилишади ва уларга истеҳзо билан боқишади: «Чунки, улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». Уларнинг мантиғига кўра бу жамият разолат ва ифлосликка ғарқ бўлиши керак. Шунинг учун ҳам улар, уммат ичида пок ва иффатли инсонларни кўришга тоқат қила олмайдилар: «Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Оллоҳга — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!» (Буруж: 8).
3) Бекорчилик ва бошқалар устидан кулишни яхши кўриш
Агар инсон бу дунёда яратилишидан асосий ва буюк мақсад – Аллоҳ таолога шериксиз ибодат қилиш эканини ёдидан чиқарар экан, ҳаётида ҳалокатга етаклайдиган бекорчиликни ҳис этади. Шунинг учун ҳам, бу бўшликни тўлдириш учун зудлик билан шайтоний йўлларга йўналади, гарчи у йўллар Аллоҳ, Унинг оятлари, расули ва мўъминларни мазах қилиш бўлса ҳам. Баъзи қалблари мариз кишилар одамлар устидан кулиш ва уларни масхара қилиш билангина маза қиладилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида бундан огоҳлантирдилар: "Киши Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган бир сўзни айтадики, унинг Аллоҳ ғазабидан қай даражага етишини билмайди, бас, Аллоҳ қиёмат кунгиа қадар унга ғазабини ёзиб қўяди"13.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу мазахчи ва масхараловчини огоҳлантириб шундай деганлар: "Одамларни кулдириш учун ёлғон гапираётган одамнинг ҳолига вой бўлсин! Вой бўлсин! Вой бўлсин!"14.
"Ал-Муснад"да эса: "Киши суҳбатдошларини кулдириш учун бир сўзни айтадики, шу сўзи билан (жаҳаннамдан) Сурайё (юлдузи)дан ҳам узоқ масофадаги жойга тушади"- дедилар.15
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини кўрдингизми? Бу ҳадислар мўъмин ва мўъминаларнинг устларидан кулиш учун бир-бирларини ёки бошқаларни кулдириш учун ёлғон ва мазах усулларини тўқиётган мазахчи ва истеҳзочи кимсаларнинг воқеъликларини тасвирлаб бермоқда. Ҳолбуки, қанча-қанча оғзини тўлдириб кулаётганлар борки, Аллоҳ уларга дарғазабдир. Аллоҳ бизга кифоядир ва У қандай яхши ёрдамчи!
4) Манманлик ва димоғдорлик, бошқаларга таҳқир ва камситиш билан боқиш
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръон Каримда бунга кўп мисоллар келтирди. Улардан бири Каҳф сурасидаги икки одамнинг ҳикоясидир. Улардан бири бошқасига: "Мен сендан кўра давлатмандман ва тарафдорларим кўпдир!"- деди" (Каҳф: 34).
Ушбу ёмон хулқ ҳақида аллома Саффориний раҳимаҳуллоҳ шундай деди: "Бошқаларни мазах қиладиган киши ўзининг фазилатига розилик кўзи билан, бировнинг камчилигига эса таҳқир кўзи билан боқади. Зеро бировга таҳқир кўзи билан боқмаган кимса, унинг устидан кулмас!" ("Ғизаул-албаб": 1 / 131).
"Биродарларига манманлик қилган, тенгдошлари ва биродарларидан бирини таҳқирлаган ёки мўъминлардан биронтасини масхара ёки истеҳзо қилган киши очиқ гуноҳни қилган бўлади." (Аввалги манба: 1 / 134).
Истеҳзо билан қоришган манманлик – Фиръавннинг ахлоқидандир. Аллоҳ таоло унинг Мусо алайҳиссалом ҳақида айтган сўзларини қуйидагича баён қилди: «Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни Мусодан) яхшироқдирман?!» (Зухруф: 52).
Аллома ибн Касир раҳимаҳуллоҳ деди: "Фиръавн —Аллоҳ уни лаънат қилсин!, айтган сўз ёлғон ва тўқима. Уни бу сўзга ундаган нарса куфр ва ўжарлик, Мусо алайҳиссаломга бадбахтона куфр кўзи билан боқиши эди. Ҳолбуки, Мусо алайҳиссалом буюклик ва улуғликнинг оқилларни ҳайратга соладиган мақомида эдилар. Унинг: "Хор" деб айтган сўзи ёлғондир. Балки, унинг ўзи яралиш, хулқ ва дин нуқтаи назаридан хор, Мусо алайҳиссалом эса аслзода, тўғри йўлдаги ва садоқатли етакчи эдилар"16.
"Оддий ва ғофил халқ тасаввурида (оёқлари) остида дарёлар оқиб турган, Мисрнинг ҳукмдорлигига эга бўлган Фиръавн, ҳақ сўз, пайғамбарлик мақоми ва аламли азоблардан қутқарувчи даъват соҳиби бўлган Мусо алайҳиссаломдан яхшироқ бўлиши турган гап."17
Бошқалар ҳисобига ўзини кўрсатиш, риёкорлик ва одамлар оғзидан тушмасликни севиш – мазах қилувчи ва қалблари маразга тўлган инсонларнинг ахлоқидандир. Улар мевалари ва кўринишларини бузиш учун дарахтларга чирмашган зараркунанда чирмовиққа ўхшайдилар.
Шунинг учун ҳам, манман ва ўзига бино қўйган инсонларнинг мусулмонлар устидан кулиш ва уларни мазах қилиш каби қаро қалблари ўралган ахлоқлар билан хулқланишлари, ҳайратомуз эмасдир.
Достарыңызбен бөлісу: |