Ота-онага оқ бўлиш ] Ўзбекча [ عقوق الوالدين أسبابه مظاهره سبل العلاج



Дата15.06.2016
өлшемі476.4 Kb.
#136340


Ота-онага оқ бўлиш
] Ўзбекча [
عقوق الوالدين .. أسبابه - مظاهره - سبل العلاج

[باللغة الأوزبكية ]



Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Ҳамад

محمد بن إبراهيم الحمد

Таржимон: Абул Муҳаммадайн

ترجمة: أبو المحمدين بخاري

Муҳарир: Дорул Ислом ижодий гуруҳи

مراجعة: موقع دار الإسلام

Манбаъ: Ислом Нури веб саҳифаси

المصدر: موقع نور الإسلام

Риёз шаҳри Рабва маҳалласи диний тарғибот идораси

المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض

1430 – 2009



БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Аллоҳга ҳамдлар, Унинг расули Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг ...


Ота-онанинг ҳаққи буюк ва динимизда уларнинг мақомлари юксак бўлиб, уларги яхшилик қилиш тавҳиднинг шериги, уларга шукр қилиш Аллоҳ таолога шукр келтиришга боғланган, уларга яхшилик қилиш эса Аллоҳ таоло ҳузурида амалларнинг энг буюги ва суюклисидир.

Аллоҳ таоло деди:

«وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً»

"Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга бирон нарсани шерик қилмангиз ва ота-онага яхшилик қилингиз!" (Нисо: 36);
«قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلاَّ تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً»

"Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз " (Анъом: 151).
«وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُوا إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاهُمَا فَلا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلاً كَرِيماً (23) وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنْ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً (24)»

"(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Роббинг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва: "Роббим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қил!", деб (ҳақларига дуо қил)!" (Исро: 23, 24);
«وَوَصَّيْنَا الإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْناً عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنْ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ»

"Биз инсонга оат-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттайгани сайин онанинг ҳоли қуриб, заифлаша боради) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келади). (Биз инсонга буюрдикки), "Сен менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!" (Луқмон: 14).

Бу борада айтилган ҳадис шарифлар талайгина бўлсада, биз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисни нақл қиламиз:

قال: سألت النبي صلى الله عليه وسلم أي العمل أحب إلى الله؟ قال «الصلاة على وقتها». قال ثم أيٌّ؟ قال «ثم بر الوالدين» . قال ثم أيٌّ؟ قال «الجهاد في سبيل الله».

"Мен расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Аллоҳ учун энг суюкли бўлган амал нима?"- деб сўрадим. У зот: "Ўз вақтида ўқилган намоз" дея жавоб бердилар. Мен: "Кейин-чи?"- деб сўраганимда: "Ота-онага яхшилик қилиш"- дедилар. Мен: "Кейин-чи?"- деганимда: "Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш"- дедилар" (Имом Бухорий: 525; Имом Муслим: 85).

Ота-онага яхшилик қилиш – соғлом табиатлар иқрор бўлган, самовий шариатлар иттифоқ келган нарса бўлиб, у – пайғамбарлар ахлоқи ва солиҳ инсонлар одатларидандир.

Шунингдек, у иймоннинг ростлиги, нафснинг олийжаноблиги ва гўзал вафодорликка далолатдир.

Ота-онга яхшилик қилиш исломий шариат гўзалликларидан биридир. Чунки у – яхшиликни эътироф қилиш, фазилатни сақлаш, Ислом шариати камолоти ва у барча ҳуқуқларни ўз ичига олишининг нишонидир.

Бу – ота-она учун бирон бир фазлни танимайдиган, ҳақ-ҳуқуқни риоя қилмайдиган, балки буларнинг ҳар иккисини ҳам рад этиб, улар устидан куладиган дунёвий тузумларга зиддир.

Технология тараққиёти ривожланган Ғарб олами сўзимизнинг далилидир. Ўша тузумларда, она, гўё истеъмол муддати тугаб, ахлатхонага отилган жиҳознинг мисолига ўхшайди.

Яхшилик кўринишларидан уларнинг энг ақли етгани бир йилда бир марта нишонланадиган "Оналар байрами"ини ўйлаб чиқаришлари бўлди. Бу кунда фарзандлар оналарига муҳаббат ва яхшиликни изҳор қилиб, гулдасталар тақдим этадилар.

Ҳа, бу – ғарбликлар етган яхшилик кўринишларининг энг юқориси! Бир йилда фақат бир кун!

Оналарга қараш, раҳму-шафқат ва вафодорлик қаерда?! Улар бу олий ва шарафли хислатларни билмайдилар ва бу хислатлар учун улар хузурида насиба йўқ.

Ота-онанинг Ислом динидаги ҳақларига келсак, улардан баъзиларини юқорида ҳам айтиб ўтдик. Улар исломнинг ота-онага берган ҳақларнинг барчаси эмас. Балки, Ислом ота-онага оқ бўлишдан қайтариб, ундан жуда қаттиқ огоҳлантирди. Чунки у катта гуноҳлар жумласидан ва ширкнинг қўшалоғидир.

Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг:

«فَلا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلا تَنْهَرْهُمَا»

«Уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма!!» (Исро: 23) ояти кифоядир.

Сиз "Уф!" сўзидан кўра каттароқ сўзлар ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Бу ҳақда келган ҳадислар кўп бўлиб, улардан бири Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир:

عن عبد الله بن عمرو، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال «الكبائر الإشراك بالله، وعقوق الوالدين، وقتل النفس واليمين الغموس»

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Катта гуноҳлар – Аллоҳга шерик қилиш, ота-онага оқ бўлиш, қотиллик ва ёлғон гувоҳлик бериш". (Имом Бухорий: 6675).

Ота-онага берилган шундай буюк мартаба, уларга яхшилик қилиш учун қатъий буйруқ ва уларга оқ бўлишдан қаттиқ таъқиқлаш бўлишига қарамай талайгина одамлар бу эслатмаларни унутиб, ота-она ҳаққини риоя қилмаяпдилар ва оқ бўлишга ҳам эътибор бермаяпдилар.

Кейинги саҳифалардаги сатрлар ушбу мавзуларни ўз ичига олади:

Оқ бўлишнинг таърифи.

Ота-онага оқ бўлиш кўринишлари.

Ота-онага оқ бўлиш ҳикояларидан намуналар.

Оқ бўлиш сабаблари.

Оқ бўлишдан қутулиш йўллари.

Ота-онага яхшилик қилишниг таърифи.

Ота-онага қилиниши керак бўлган одоблар.

Ота-онага яхшилик қилишга ундайдиган омиллар.

Ота-она ва рафиқа ўртасида...

Ота-онага яхшилик қилиш ҳикояларидан намуналар.

Сўзимнинг хотимасида Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан бизларни тақводор солиҳ ва сара бандалари қаторида қилишини сўрайман. Ҳолбуки У, сўрашга лойиқ ва беришга қодир бўлган зотдир.

Валлоҳу аълам...

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.


Ота-онага оқ бўлишнинг таърифи
Оқ бўлиш – яхшилик қилишнинг зиддидир. Ибн Манзур раҳимаҳуллоҳ айтди: «وَعَقَّ والدَه يعقُّهُ عَقًّا وعُقُوقاً ومَعَقَّةً»"Ва Аққа волидаҳу яуққуҳу аққан ва уқуқан ва маъаққатан": итоатдан бош тортди; ота-онаси билан қариндошлик алоқаларини узди, улар билан борди-келди қилмади". (Лисонул-араб: 1/256).

"Ҳадис шарифда ҳам расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарга оқ бўлишдан қайтардилар. Бу – яхшилик қилишнинг зиддидир. Оқ бўлиш сўзининг асли "аққ": "итоатсизлик" ва "алоқаларни узиш", демакдир". (Лисонул-араб: 1 / 257).


Ота-онага оқ бўлиш кўринишлари
Ота-онага оқ бўлишнинг хилма-хил кўринишлари бўлиб, уларниг баъзилари қуйидагилардир (1):
1 – Ота-онани сўз ёки ҳаракат билан хафа қилиш ва йиғлатиш, ёхуд уларнинг хафа бўлиб, йиғлашларига сабаб бўлиш.
2 – Ота-онани овозни кўтариш ёки қўпол сўзларни айтиш билан жеркиш ёки уларга қаттиқ тегиш.

Аллоҳ таоло айтди: "Уларга қараб "уф" тортманг ва уларнинг (сўзларини) қайтарманг" (Исро: 23).


3 – Ота-она бирон ишга буюрган пайтда уф тортиш ва уларга қаттиқ гапириш.

Буни бу тарк этиш, Роббимиз ўргатган одоблардандир. Қанча-қанча одамлар бор, улар ота-онасининг талабларини қилсаларда, аввал "Уф!" деб оладилар. Аллоҳ таоло айтди: "Улараг қараб "уф" тортманг!" (Исроъ: 23)


4 – Ота-она ҳузурида хўмраймаслик ва аччиқ билан пешоналарни тириштирмаслик.

Баъзи одамлар ўтиришларда очиқ чеҳрали, сертабассум, гўзал ахлоқли ва сўзларнинг ширинларини танлайдиган бўлсаларда, уйларига киришлари ва ота-оналари олдида ўтиришлари биланоқ ҳолатлари бутунлай ўзгаради, ҳаловатлари йўқолади, кечиримлилиги кетиб, қўпол ва ҳаёсизлиги келиб қолади. Унга шоирнинг қуйидаги сўзлари муносиб келади, маъноси:

Айримлар бегонага хўп "қариндош"дир

Яқинларига эса хўп бағритошдир.


5 – Ота-онага таҳқир кўзи билан қараш.

Ота-онага нафрат ва таҳқир кўзи билан қараш ҳам оқ бўлиш сабабларидан биридир.

Муовия ибн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ Урва ибн Зубайрдан ривоят қилди: "Отасига ўқрайиб қараган одам (отасига) яхшилик қилмабди" (Имом Заҳабий, "Сияру аъламин-нубалаа": 4/433).
6 – Ота-онага буйруқ бериш.

Онага уй супуриш ёки кийимларни ювиш, ёхуд овқат тайёрлаш каби ишларни буюриш. Бундай қилиш хусусан онанинг ожиз, ёши улғайган ва бемор пайтларида мумкин эмасдир.

Агар она бу ишларни ўз ихтиёри ёки ҳоҳиши билан қилса, зарари йўқ бўлиб, унга миннатдорчилик билдириш ва ҳаққига дуо қилиш лозимдир.
7 – Она тайёрлаган овқатни танқид қилиш.

Бу ишда иккита хато бор: биринчиси таомни айблаш, бу мумкин эмас. Чунки расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон таомни айбламадилар: таом ёқса ер, ёқмаса емас эдилар.

Иккинчиси эса, онага нисбатан одобсизлик ва уни хафа қилишдир.
8 – Ота-онага уй ишларида ёрдам бермаслик.

Бунга уйни йиғиштириш ва тартиблаш, ёхуд овқат пишириш ёки бошқа ишларда ёрдам бермаслик киради.

Ҳатто, баъзи ўғиллар — Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин — бу ишларда ёрдам беришни ўзи учун нолойиқ ва "ўғил болалиги"ни пастга уриш деб тушунадилар.

Баъзи қизлар эса, — Аллоҳ уларни ҳам ҳидоят қилсин — онасининг уй ишлари билан қийналаётганини кўрсада, ёрдам бермайдилар.

Уларнинг баъзилари узоқ вақтларини дугонаси билан телефонда гаплашиш билан ўтказиб, онасига нисбатан «ўлганнинг устига тепган» қабилида иш тутади .
9 – Ота-она гапираётган вақтда юз ўгириш.

Бу – уларга қулоқ солмаслик, сўзларини бўлиш ёки ёлғонликда айблаш учун шошилиш, улар билан тортишиш, жанжал қилиш билан бўлади. Бу ҳаракатларда қанчалар ота-онани таҳқирлаш ва уларнинг қадрини тушириш бор эканлиги ҳаммага маълум.


10 – Ота-онанинг маслаҳатини олмаслик

Айрим одамлар ота-онаси билан бирон ишида маслаҳат қилмайди, изн ҳам сўрамайди. Бу — ҳоҳ уйланиш, хотини билан ажралиш, уйдан чиқиш ва ҳоҳ ташқарида яшаш, дўстлари билан бирор жойга кетиш каби ишлар бўлсин.


11 – Ота-она олдига изнсиз кириш

Ота-она олдига изнсиз кириш - одобсизликдир. Чунки, улар иккаласи ёки бири бошқалар кўриши нолойиқ бўлган ҳолатда бўлиши мумкин.


12 – Ота-она олдида муаммолар келтириб чиқариш

Масалан ака-ука, хотин, фарзанд ёки бошқалар билан.

Баъзи одамлар фақат ота-онаси хузуридагина оила аъзоларидан бирига қандайдир бир хато учун танбеҳ беришни ёқтиради. Шубҳасиз, бу иш ҳам уларни безовта қилиб, ранжитади.
13 – Ота-онани бошқалар олдида мазаммат қилиш, айблаш ва уларнинг айбларини тилга олиш

Айрим одамлар баъзи ишлардаги, масалан, дарсдаги, муваффақиятсизлигини ота-онасига тўнкайди. Лойиқ бўлганидек тарбия қилмаганлари, тарбиясига беэътибор қараганлари, натижада унинг ҳаётини бузиб, келажагини вайрон этганларини айтиб ва кўплаб бошқа айбларни ҳам ота-онасига юклайдилар.


14 – Ота-онани сўкиш ва лаънатлаш

Бу бевосита ёки билвосита бўлиши мумин. Масалан, ўғил бирор кишининг отаси ёки онасини сўкади, у ҳам бунинг ота-онасини сўкади.

عن عبدالله ابن عمرو بن العاص، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: «من الكبائر شتم الرجل والديه، قالوا يا رسول الله، "وهل يشتم الرجل والديه"؟ قال "نعم يسب أبا الرجل فيسب أباه ويسب أمه فيسب أمه"».

Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамнинг ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлардандир!"- дедилар. Ё Расулаллоҳ: "Одам ўз ота-онасини ҳам сўкадими?"- деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳа, (у) бир кишининг отасини сўкади, бу ҳам унинг отасини сўкади. У бунинг онасини сўкади, бу ҳам унинг онасини сўкади"". (Имом Бухорий: 5973; имом Муслим: 90).


15 – Хонадонга гуноҳ нарсаларни олиб кириш

Олиб кирувчи шахснинг айни ўзини ва кўпинча унинг ака-укалари ва оила аъзоларининг бузилишига сабаб бўладиган фасод ва беҳуда жиҳозларини хонадонга киритиш. Натижада, фарзандлар ахлоқлари ёмонлашади ва оила бузилади, бу билан ота-она бахтиқаро бўлади.


16 – Ота-она олдида гуноҳ ишларни қилиш

Масалан, ота-она олдида сигарет чекиш ёки мусиқа эшитиш, ёки фарз намозларини ўқимасдан ухлаб қолиш ёхуд намозга уйғотишса уйғонмаслик. Ёмон дўстларни уйга олиб кириш ҳам шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси фарзанднинг ота-онага нисбатан беҳаёликда давом этаётганига далолат қилади.


17 – Ота-онанинг обрўсини булғаш

Бу – одамнинг обрўсини тўкадиган ва мурувватини кетказадиган ёмон ва пасткаш ишларни қилиш билан бўлади. Кўпинча бундай ишлар одамни қамоқ ёки шармандаликка олиб боради. Бундай ишлар одамни оқ қиладиган ишлардан бири эканида шубҳа йўқдир. Чунки, бу ишлар ота-онага ғам, қайғу, шармандалик ва ор олиб келади.


18 – Ота-онани ҳижолатга қўйиш

Масалан, катта қарз олиб тўлай олмаслик, мактабда одобсизлик қилиш ёки қарз олган фарзанди йўқолган ҳолатда ёки мадрасада одобсизлик қилганида масъул тарафларнинг ота-онани чақириши.

Баъзида ота фарзанд қарзини тўлагунича ёки таслим бўлмагунича қамаб қўйилиши мумкин.
19 – Узоқ вақт уйдан ташқарида қолиш

Бу ҳолат ота-онани безовта қилади, қайғуга солади. Бундан ташқари улар гоҳида фарзанднинг ёрдамига муҳтож бўлишади. Агар фарзанд уйдан ташқарида бўлса, уларнинг хизматини ким қилади?


20 – Турли оғир талаблар билан ота-онани қийнаш

Баъзи одамлар ота-онасини турли оғир истаклар билан қийнайдилар. Ҳолбуки, уларнинг ота-оналари камбағал бўлишлари мумкин. Шундай бўлсада, фарзанд ота-онасидан машина ёки янги уй олиб беришлари ёки уйлашларини ёхуд дўстларидан кам бўлмасдан, уларга тенглашиб юриш учун катта маблағлар сўрайди.


21 – Хотинни ота-онадан афзал кўриш

Баъзи одамлар ота-онасига қулоқ солишдан кўра хотинига қулоқ солишни аввалга қўяди. Ҳатто хотин ота-онасини уйдан қувиб чиқаришни талаб қилса, уларнинг турар-жойлари бўлмасада, қувиб чиқаради.

Баъзилар эса ота-онаси олдида хотинларига қаттиқ меҳрибончилик қиладилар, бир вақтнинг ўзида ота-оналарига қаттиқ муомала қилиб, уларнинг ҳақларини риоя қилмайдилар.

Бу масалада кейинги саҳифаларда кенгроқ тўхталиб ўтамиз.


22 – Ота-онани муҳтож бўлганларида ёки ёшлари улғайганида ёлғиз ташлаб қўйиш

Баъзи фарзандлар камолот ёшига етиб, бирон бир касб эгаси бўлиб пул топади-да, ўзи билан ўзи бўлиб, ота-онасига қарамай қўяди.


23 – Ота-онадан воз кечиш, уларни тилга олиш ёки уларнинг фарзанди бўлишдан уятиш

Бу – оқликнинг энг хунук кўринишларидан биридир. Баъзи фарзандлар ижтимоий ҳаётдаги мансаблари кўтарилиши билан ота-онасидан воз кечадилар ёки уларнинг оҳори тўкилган кийимлари билан уйида ҳозир бўлишларидан уяладилар.

Ҳатто баъзида улар ҳақида сўралсалар: "Улар бизнинг хизматкорларимиз!", деб айтишдан ҳам тоймайдилар!

Баъзилар эса ўз отасининг исмини тўй ва бошқа маросимларда тилга олинишини рад қилади. Бу инсоннинг тубанлиги, ақли пастлиги, сафиллиги ва калтабинлигига далолат қилади.

Йўқса, саховатли ва шарафли инсон ўз наслу-насаби билан фахрланади. Зотан, карам соҳиби бўлган инсонлар, яхшиликни ҳеч қачон унутмайдилар.
24 – Ота-онага қўл кўтариш

Бу ҳаракат бағритош, қалби қора, қалбида раҳму-шафқат ва ҳаё қолмаган, мурувватсиз ва ғурурсиз инсонлардангина содир бўлиши мумкин.


25 – Ота-онани қариялар уйига жойлаштириш

Бу – инсон баданини титратиб, сочларини тикка қиладиган разил иш бўлиб, қалбида эзгуликнинг асари ҳам бўлмаган фарзанддан содир бўлади, холос.


26 – Ота-она баъзи гуноҳ ишларга мубтало бўлганларида уларга насиҳат қилмай, ўз ҳолларига ташлаб қўйиш

Бу хато ва камчиликдир. Ота-она кофир бўлсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш вожиб. Шундай экан, улар мусулмон бўлишлари билан бирга уларда баъзи камчиликлари бўлса, қандай жим турилади?


27 – Ота-онага бахиллик ва қурумсоқлик қилиш

Баъзи одамлар ота-онасига нисбатан ўта қурумсоқ бўлиб, уларга нисбатан бахиллик қиладилар. Гоҳо ота-онанинг пулга қаттиқ эҳтиёжи бўлади, бироқ фарзанд бунга эътибор ҳам қилиб қўймайди.


28 – Ота-онага миннат қилиш

Баъзилар ота-онасига бирон яхшиликни қилади-да, орқасидан миннат қилиш ва озор бериш билан қилган яхшилигини чиппакка чиқаради. Қилган яхшилигини муносабат билан ёки бемуносабат тилга олади.


29 – Ота-онадан ўғирлаш

Бу иш икки таъқиқ: ўғирлик ва оқ бўлишни ўзида жамлайди. Баъзи одамларни пулга бўлган эҳтиёжлари ота-оналаридан — ё уларнинг кексаликлари ёки сезмаганлари сабабли — пул ўғирлашга ундайди.

Қуйидаги ҳолатлар ўғирлик кўринишларидандир: баъзилар ота-онасини алдаб улардан қарз сўрайди ёки эвазига ер, пул ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар беришни ваъда қилиб шартномага имзо қўйишини талаб қилади. Аслида эса, айтилган нарсаларнинг бирортасига ҳам амал қилмасликни юрагига тугади.
30 – Ота-она олдида инграш ва аламни сездириш

Бу – оқликнинг энг кўзга кўринмаган суратларидан биридир. Чунки ота-она, хусусан муштипар она фарзандининг мусибатлари боис безовталанади ва унинг қийналиши билан қийналади. Ота-она фарзанднинг алами сабабли аламланадилар, балки улар фарзандидан кўра қаттиқроқ аламланадилар.


31 – Ота-онадан изнсиз ва ҳеч бир эҳтиёжсиз узоқ бўлиб кетиш

Баъзи фарзандлар ота-онадан узоқ бўлиш таъсирини билмайдилар ва ота-оналаридан изн олмай ва эҳтиёжлари бўлмай туриб узоқларга кетадилар. Ота-онаси яшайдиган юртни бирон бир сабабсиз ташлаб кетади. Айрим ҳолларда эса ўз юртида имкони бўлишига қарамай, бошқа юртларда ўқийди. Ёки бундан бошқа узоқлашишга омил бўла олмайдиган нарсаларни сабаб қиладилар.

У ўзининг узоқда қолиши ота-онасига ҳасрат ва безовталик келтиришини билмайди. У ота-онаси ёки улардан бирининг ўлганини билмай қолиши мумкин. Натижада, ота-онага яхшилик ва хизмат қилиш неъматини бой беради.

Аммо ўғил ҳақиқатан ғурбатга чиқишга эҳтиёжли ва ота-онасидан рухсат сўраган бўлса, зарари йўқ.


32 – Ота-онанинг ўлимини орзу қилиш

Баъзи фарзандлар — агар бадавлат бўлсалар меросларига эгалик қилиш учун, касал ёки фақир бўлсалар уларга қарашдан тезроқ қутилиш ёки залолат ва жаҳолатида ота-онасининг қаршилигисиз давом этиш учун уларнинг ўлишларини орзу қиладилар.


33 – Ота-онани ўлдириш ёки улардан қутилиш

Гоҳида фарзанд бахтиқаролик қилиб, жоҳиллиги, ғазаби, мастлиги ёки меросга бўлган ҳарислиги ёхуд бошқа бир сабаб туфайли падаркушлик қилади.

Бу – Аллоҳ ўз раҳматига олмаса, шумлик, нақадар хунук оқибат, ва юзнинг шувутлигидир!

Булар ота-онага оқ бўлиш кўринишларидан баъзиларигина, холос. Бу қабиҳ ишлар ва разил ахлоқлар оқил, тақволи, солиҳ ва тўғри йўлдаги одамлардан асло содир бўлмайди.

Ота-онасига оқ бўлган одамдан эзгуликлар нақадар йироқ! Унинг уқубати нақадар яқин! Ёмонликларнинг унга етиши эса нақадар тез!

Буни ҳамма билиб, ўз кўзи билан кўрмоқда ҳамда ота-онасига оқ бўлган инсонларнинг ҳикоялари ва қандай ёмон оқибатларга дучор бўлганларини эшитмоқда.


Оқ бўлганлар ҳаётидан қиссалар

Асмаий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Араблардан бири менга шундай ҳикоя қилди: Кўчаларда айланиб юргандим, бир чолга дуч келдим, унинг бўйнида арқон, туянинг ҳам кучи етмайдиган катта пақир билан сув тортяпти, кун тиккага келган, ҳаво жуда иссиқ, унинг орқасида бир йигит теридан бўлган қамчини қўлига ўраб олган, чолни ўша билан урмоқда, чолнинг елкалари калтакдан ёрилиб кетган. Мен йигитга дедим: бу заиф чол ҳақида Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Унга бўйнидаги арқонни ўзи етмайдимики, сен уни урасан ҳам?! Йигит деди: У мана шу билан бирга менинг отам. Сен барака топмагин!- дедим. У менга: жим бўл, бу отасига шундай қиларди, отаси ҳам бобосига ҳудди шундай қилган, деди. Мен: бу энг оқ одам экан, дедим.

1 – Асмаий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Араблардан бири менга шундай ҳикоя қилди: Абдулмалик ибн Марвон раҳимаҳуллоҳнинг халифалик даврида бир ёш йигит ва унинг Фаръон исмли қари отаси бор бўлиб, у йигит отасига оқ бўлган эди. Йигитни "Мунозил" деб, аталар эди. Ота шу байтларни ўқир эди, маъноси:

Қариндошлик мен ва Манозил ўртасини

Худди қарз берган қарзни қайтариб олгандек қирқди.

У улғайиб кучга тўлиб, етилганда

Тик турганда бўйи басти нор туядан кам бўлмаганда

У молимни тортиб олди, қўлимни ҳам қайирди.

Доим Ғолиб Аллоҳ унинг қўлларини қайирсин.

Мен унга шундайин бад дуолар қилдимки.

Агар уни Райён тоғига қилсам, унинг бир тарафи ўпириларди.

Бу байтлар халифага етиб борганида, йигитни қўлга олиш учун одам юборди. Қария ўғлига хабар бериб, уни уйнинг орқасидан қочириб юборди. Бироқ, Мунозил ҳаётининг охирида ўзига оқ бўлган Жулайҳ исмли фарзанд билан мубтало бўлди.

Волий Жулайҳни жазоламоқчи бўлди. Шунда ўғил волийга: Тўхтанг! Бу отаси у ҳақда мана бу байтларни айтган Мунозил ибн Фаръондир:

Қариндошлик мен ва Мунозил ўртасини

Худди қарз берган қарзни қайтариб олгандек қирқди.

Шунда волий: "Ана холос, отангга оқ бўлган экансан боланг ҳам сенга оқ бўлибди!"- деди2.

3 – Доктор Муҳаммад Саббоғ айтди: "Бир пасткаш ўғилнинг мени ва хотинимни қийнамасин дея отасини қариялар уйига олиб борганини эшитдим"3.

4 – Устоз Абдуррауф Ҳановий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Менинг бир яқиним бор эди. Унга отасидан кўплаб пул, тилло ва турар-жойлар мерос қолган эди. У – моҳир савдогар эди. Кунларнинг бирида онаси ундан аччиқланиб, қаттиқ баддуо қилди. Бирдан у одамни ҳар тарафидан ёмонликлар ўрай бошлади. Охири фақирликда ҳаётдан кўз юмди. Ҳолбуки у, на ҳаром ишларни қилар ва на фаҳш йўлларга юрар эди.

Отам раҳимаҳуллоҳ унга садақа қилар ва менинг қўлимга уйда тайёрланган овқатлардан бериб у, хотини ва болаларига олиб боришим учун юборар эди".4
Оқ бўлиш сабаблари

Ота-онага оқ бўлишнинг кўпгина сабаблари бўлиб қуйидагилар шулар жумласидан:

1 – Жаҳолат.

Жаҳолат-билмаслик ўлдирувчи касалликдир. Жоҳил эса, ўзига ўзи душмандир. Агар одам ота-онага оқ бўлишнинг эртами-кечми келадиган оқибатларини ҳамда уларга яхшилик қилишнинг эртами-кечми келадиган самараларини билмас экан, бу жаҳолат уни ота-онага яхшилик қилишдан буриб, оқ бўлиш тарафга етаклайди.

2 – Ёмон тарбия

Ота-оан фарзандларини тақво, эзгулик ва қариндошлик ришталарини боғлаш ва олийжаноблик асосида тарбия қила олмаган бўлсалар, бу ҳам уларни оқ бўлиш ва итоатсизликка етаклайди.

3 – Номувофиқлик

Агар ота-она фарзандларига бир нарсани ўргатсалар, лекин ўргатган нарсаларига ўзлари амал қилмасалар, балки ўргатганларининг аксини қилсалар. Бу ҳам фарзандларни оқ бўлишга бошлайди.

4 – Ёмон дўстлар

Бу ҳам, болалар тарбиясини бузиб, уларни оқ бўлишларига катта омилдир. Бундай дўстлик ота-онани ҳам қийнайди ва улар бераётган тарбияга салбий таъсир кўрсатади.

5 – Ота-онанинг ўз ота-оналарига оқ бўлишлари

Бу – фарзандларнинг оқ бўлишини тақозо қиладиган асосий сабаблардан биридир. Кўпинча, ота-онасига оқ бўлган одамлар фарзандларидан жазоларини оладилар. Бунинг икки жиҳати бор:

Биринчи: оқ бўлишда фарзандлар ота-оналарига эргашадилар.

Иккинчи: "Экканингни ўрасан" қабилидан бўлади.

6 – Ота-она ажрашгандан кейин Аллоҳдан тақво қилмасликлари

Баъзи ота-оналар ажралишгандан кейин Аллоҳдан қўрқмайдилар ва яхшилик билан айрилмайдилар.

Сиз уларнинг ҳар бири фарзандларини иккинчисига қайраётганини кўрасиз. Агар улар онасига борсалар отасини қоралаб, ундан узоқлашишни уқтиради. Шунингдек оталарининг ҳузурига боришса у ҳам она қилган "насиҳат"ни қилади. Натижада, фарзандлар ҳам оталари, ҳам оналарига оқ бўладилар. Абу Зуайб Ҳузалий айтганидек, ота-оналарнинг ўзлари бунга сабабдирлар:

Ўзинг юрган йўлдан ғазаб қилма сен

Чунки аввал юриш розиликдандир

7 – Болаларга турли муомала қилиш

Болаларга турли муомала қилиш уларда нафрат ва адоватга сабаб бўлиб, уларнинг ўрталарида нафрат ҳукмрон бўлади. Бу эса ўз навбатида ота-онадан нафратланиш ва улардан узоқлашишга олиб боради.

8 – Роҳат ва хотиржамликни суйиш

Айрим одамлар, фақатгина роҳатлари учун, олдиларидаги кексайган ёки касалванд ота-оналаридан қариялар уйига жойлаштириш ёки бошқа бир уйга қўйиш ёхуд бошқа бир йўл билан "қутулмоқчи" бўладилар. Ҳақиқий роҳат ота-она билан бирга бўлиш ва уларга яхшилик қилишда эканини билмайдилар.

9 – Ўта нозик табиат бўлиш

Баъзи фарзандлар ўта нозик табиат бўлиб, уйдаги бирон кишининг хато қилишини таҳаммул қила олмайди: ойна синса ёки уй жиҳозларидан бири бузилса ўта қаттиқ аччиқланади ва уйни остин-устин қилади.

Бу ҳам ота-онани безовта қилиб, уларни ҳафа қилади.

Шунингдек айрим одамлар ота-онанинг буйруқларидан хусусан ота-онанинг ҳар иккиси ёки улардан бири қўпол бўлса, бош тортадилар. Натижада, улар сабабли бола сиқилади ва улардан узоқлашади.

10 – Ота-оналарнинг фарзандларига яхшилик қилишларида етарли ёрдамчи бўлмасликлари

Баъзи ота-оналар фарзандларининг яхшилик қилишларига кўмак бермайдилар. Фарзандлари яхшилик қилса, уларни рағбатлантирмайдилар.

Ота-онанинг зиммамиздаги ҳақлари бениҳоя кўпдир. Уларни адо этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бироқ, фарзандлар ота-оналари тарафидан кўмак, тарғиб ва дуони кўрмас эканлар сустлашиб, ота-онага яхшилик қилишни тарк қилишлари ёки бу ишда эътиборсиз қолишлари мумкин.

11 – Рафиқанинг ёмон хулқи

Инсон Аллоҳдан қўрқмайдиган, ҳақларни риоя қилмайдиган, бетгачопар ва эрини ота-онасига қарши чиқиш, уларни уйдан чиқариш ёки уларга қилаётган яхшиликларини кесишга ҳаракат қиладиган ва эри ўзи учун холи бўлиши ва унинг яхшиликларидан ўзигина фойдаланишни хоҳлайдиган хотинга мубтало бўлиши мумкин.

12 – Ота-онанинг дардларини яхши ҳис қилмаслик

Баъзи ўғиллар оталик ва айрим қизлар оналикни бошларидан кечирмаганликлари учун ҳам, ота-оналарига эътибор қилмайдилар: улар учун уйга кеч келишлари ёки ота-оналаридан узоқда қолишлари, ёхуд уларга ёмонлик қилишларининг ҳеч фарқи йўқдир.

Бу, юқорида зикр қилинган сабаблар – ота-онага оқ бўлишга олиб борадиган сабаблардан айримларигина, холос.


Тузалиш йўллари

Биз юқорида ота-оналарнинг зиммамиздаги ҳақлари, уларга яхшилик қилишга тарғиб, уларга оқ бўлишдан огоҳлантириш, оқ бўлиш кўринишлари, шакллари, ҳикоялари ва сабабларини айтиб ўтдик.

Демак, оқил одам Аллоҳ таъоло ҳузуридаги мўл савобларга рағбат ва эртами-кечми келадиган қаттиқ азоблардан қўрқиб, ота-онага яхшилик қилиши, уларга оқ бўлишдан узоқ бўлишга тиришиши керак экан.

Хўш, ота-онага яхшилик қилиш нима дегани? Уларга нисбатан қандай одобларга риоя қилиниши керак? Уларга яхшилик қилишга ёрдамчи бўладиган омиллар нима?


Ота-онага яхшилик қилишнинг таърифи

Ота-онага яхшилик қилиш уларга оқ бўлишнинг зиддидир. Ибн Манзур раҳимаҳуллоҳ айтди: "البِرُّ" "ал-Бирр" (яхшилик қилиш) - оқ бўлишнинг зиддидир. "المَبَرَّةُ" "ал-Мабаррату" ҳам шу маънодадир. "بَرِرْتُ والِدِي" "Барирту волидий (касра билан)" ва "أَبَرُّهُ بَرًّا" "Абарруҳу барран" – отамга яхшилик қилдим, қиламан, итоат этдим, этаман". "بَرِرْتُ" "Барирту"нинг ҳозирги ва келаси замон феъли "يَبَرُّ" "ябарру", "بَرَرْتُ" "барарту" ники эса "" "ябирру" дир.

"Рожулун баррун мин қавмин аброрин", ва "Боррун мин қавмин бараратин" (мазкур икки жумланинг таржимаси: "Яхши қавмдан бўлган яхши одам").

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Аллоҳ таоло уларни "аброр" деб атади. Чунки улар, ота-оналари ва фарзандларига яхшилик қилган эдилар";

"Фарзандингиз зиммасида сиз учун ҳақлар бўлганидек, сизнинг зиммангизда ҳам улар учун ҳақлар бор""5.
Ота-онага нисбатан риоя этилиши керак бўлган одоблар

Баъзи одоблар борки, ота-оналаримизга муомала қилаётганимизда уларга риоя қилишимиз керак. Шояд шу билан уларга бўлган бурчимизни ва Аллоҳнинг улар ҳақида бизга юклаган вазифаларни адо этсак, кўнглимиз очилиб, ҳаётимиз қувончга тўлса, ишларимиз енгиллаб, Аллоҳ умримизга барака бериб, бу ишларимизнинг асарлари ҳаётимизда кўринса.6

Бу одобларнинг баъзилари қуйидагилардир:

1 – Ота-онага итоат қилиш ва уларга осий бўлишдан сақланиш

Мусулмонга ота-онасига итоат қилиши, уларга осий бўлишдан сақланиши вожибдир. Уларга бўлган итоатни, модомики Аллоҳ ва расулига осий бўлишга буюрмас эканлар, бошқа ҳар қандай инсоннинг итоатидан муқаддам қўйилади. Фақатгина хотин эрига бўлган итоатни ота-онасининг итоатига муқаддам қўяди.

2 – Ота-онага яхшилик қилиш

Бу гапдаги, феълдаги ва барча турдаги яхшиликларни қилишни ўз ичига олади.

3 – Ҳалимлик

Бу — ота-онага ҳокисорлик, тавозеъ ва уларни хотиржам қилиш билан бўлади.

4 – Ота-онага дашном беришдан сақланиш

Бу – ширинсуханлик, мулойимлик, уларни жеркимаслик ва олдиларида овозни кўтармаслик билан бўлади.

5 – Ота-онага қулоқ солиш

Бу – уларга гапирган пайтларида очиқ юз билан лаббай дейиш, уларнинг сўзларини бўлмаслик, улар билан тортишмаслик, уларни ёлғончига чиқармаслик ёки гапларини қайтармаслик билан бўлади.

6 - Ота-онанинг буйруқлари билан қувониш, ғазабланмаслик ва "уф" тортмаслик

Аллоҳ таоло айтди: "Уларга "уф" дема ва уларни хафа қилма!".

7 – Ота-онага очиқ юзлик бўлиш

Бу – уларни очиқ юз билан кутиб олиш, хўмрайиш ва пешонани тириштиришдан узоқ бўлиш билан бўлади.

8 – Уларни суйиш ва уларга муҳаббат изҳор қилиш

Бундай ҳолатлардан баъзилари: уларга салом бериш, уларнинг қўллари ва бошларидан ўпиш, бирга ўтирганда улар учун кенгроқ ер ажратиш, улардан олдин овқатга қўл узатмаслик, кундузлари уларнинг орқаларида, кечалари эса, хусусан кеча ўта қоронғу ва кўча ўнқир-чўнқир бўлса олдиларида юриш, агар йўл равон ва ёруғ бўлса орқаларида юриш.

9 – Ота-она олдида одоб ва ҳурмат билан ўтириш

Чиройли ўтириш, ота-онага оздир, кўпдир ҳурматсизликни ҳис эттирмаслик. Бу оёқларни узатиш, ҳузурларида қаҳқаҳа отиш, ёнбошлаш, яланғоч бўлиш, ёмон ишларни қилиш ёки бундан бошқа одобсизликларни қилишдан сақланиш билан бўлади.

10 – Қилинган хизмат ёки берган нарсани миннат қилмаслик

Миннат – ёмон одатлардан бўлиб, қилинган яхшиликни вайрон қилади. Агар у ота-онага қилинган бўлса, унинг қабоҳати каттароқ бўлади.

Фарзанд ота-онасига қўлидан келган хизматни қилиши ва доимо етарлича хизмат қила олмаганини эътироф этиши ва ота-онасининг ҳаққини тўла адо эта олмагани учун улардан кечирим сўраши керак.

11 – Онанинг ҳаққини муқаддам қўйиш

Онага меҳру-шафқат кўрсатиш ва унга яхшиликлар қилиш, отага меҳу-шафқат кўрсатиш ва унга яхшиликлар қилишдан муқаддам эканини унутмаслик керак. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: "Бир киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб: "Ё расулуллоҳ, менга чиройли суҳбатдош бўлишга ҳақлироқ бўлган одам ким?"- деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Онанг"- дедилар.



  • "Кейингиси-чи?"- деди.

  • "Онанг"- дедилар.

  • "Кейингиси-чи?"- деди.

  • "Онанг"- дедилар.

  • "Кейингиси-чи?"- деди.

  • "Отанг"- дедилар.7

Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан шундай деди: "Бу ҳадиснинг хулосаси шуки, онага отага қилинадиган яхшиликнинг уч баробари қилиниши керак. Сабаби, ҳомиладорликнинг оғирлиги, туғиш ва эмизишдир. Бу уч хусусият онагагина хос бўлиб, улар билан угина қийналади ҳамда тарбиялашда отага шерик бўлади".8

Мана бундай деса ҳам бўлади: яхшилик, эҳсон ва меҳрибонлик қилишда онани муқаддам қўйилса, отани итоат қилишда муқаддам қўйилади. Чунки, ота - оиланинг бошлиғи ва кеманинг капитанидир.

12 – Ота-онага ишларида ёрдам бериш

Фарзанд ота-онасининг бирон бир ишни қилишаётганини кўрса, оғзини очиб қараб туриши яхши эмас.

13 – Ота-онани безовта қилишдан сақланиш

Ота-онани ухлаётганларида бўладими ёки тўполон қилиш ва овозни кўтариш билан ёки қайғули хабарларни етказиш ва бошқа нарсалар билан безовта қилиш.

14 – Ота-онанинг олдида жанжал ва тортишишдан сақланиш

Ака-укалар ва уйдагилар ўртасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ота-онанинг кўзларидан йироқ ерларни танлаш керак.

15 – Ота-онанинг чақириқларига "лаббай" деб жавоб бериш

Фарзанд бирон бир иш билан банд бўлсин, бўлмасин, ота-оналарнинг ҳар иккиси ёки бирининг чақириғини эшитиши биланоқ "лаббай" деб жавоб бериши керак. Баъзи фарзандлар отаси ёки онаси чақирса, ўзи бирон иш билан банд бўлса, ўзини эшитмаганликка солади. Агар бўш бўлса, жавоб беради.

Ҳоҳламаган ишим бўлса, яхшидир кардек турмоқ.

Ҳоҳлаган ишим бўлса, йўқдир мендек динг қулоқ!

Фарзанд, ота-онасининг чақириқларини эшитгани он, "лаббай" деб жавоб берсин.

16 – Фарзандларни яхшилик қилишга ўргатиш

Ота имкони борича, фарзандлари билан ўзининг ота-онаси ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилиб, фарзандларига намуна бўлиши керак.

17 – Ота-онанинг ўзаро муносабатлари бузилганида, улар ўртасини ислоҳ қилиш учун тиришиш

Ўрталари бузилганида ота-она ўртасини ислоҳ қилиш учун тиришиш ва икки тараф тушунчаларини бир-бирига яқинлаштириш, фарзандлар қилишига лойиқ бўлган ишдир.

18 – Ота-она олдига рухсат сўраб кириш

Чунки баъзида ота-онанинг ҳар иккиси ёки улардан бири бировнинг кўзи тушиши ноқулай бўлган ҳолатда бўлиши мумкин.

19 – Ота-онага доимо Аллоҳни эслатиш

Ота-онага Аллоҳнинг динидан билмаганларини ўргатиш, агар фисқ ва гуноҳ ишлардан баъзисини қилаётган бўлсалар, уларни яхшилкка буюриш ва гуноҳ ишлардан қайтариш. Буларнинг барчасини ўта мулойимлик, мушфиқлик, эҳтиёткорлик ва қабул қилмасалар сабр қилиш билан адо этиш.

20 – бир жойга чиқишдан аввал руҳсат сўраш

фарзанд ҳоҳ дўстлари билан дам олиш учун чиқсин, ҳоҳ ўқиш учун хорижга сафар қилсин, ҳоҳ жиҳод, ҳоҳ уйдан чиқиб, бошқа ерда яшаш учун чиқсин, ота-онадан рухсат сўраб, уларнинг фикрларини олиш керак.

Агар ота-она изн берса уйдан чиқсин, бўлмаса ўз истагидан воз кечсин. Хусусан, ота-онанинг фикрлари билим ва тажрибадан келиб чиққан бўлса.

21 – Ота-онанинг обрўсини ҳимоя қилиш

Бу – солиҳ одамлар билан аралашиш ва ёмон одамлар ҳамда шубҳали ерлардан узоқ бўлиш билан бўлади.

22 – Ота-онани маломат қилмаслик ва камситмаслик

Айрим фарзандлар ота-оналари тарафидан суюшмаган бир иш содир бўлса ота-оналарини маломат қилиб, камситадилар. Бунинг сабаби, берилган тарбиядаги камчилик ёки ота-она эшитишни ҳоҳламайдиган, бундан олдин улардан содир бўлган нарсалар бўлиши мумкин.

23 – Талаб қилмаган бўлсаларда, ота-оналарни севинтириш

Масалан, укаларга қараш\, қариндошлик алоқаларини тиклаш, уй ва ҳовлидаги ислоҳотлар, совғалар бериш учун шошилиш ёки бундан бошқа уларга яхшилик ва қалбларига сурур киритадиган нарсаларни қилиш.

24 – Ота-она табиатини билиш ва унга қараб муомала қилиш

Ота-онанинг ҳар иккиси ёки бири ғазабнок, қўпол ёки фарзанд суймайдиган бирон бир сифатга эга бўлиши мумкин. Бундай пайтда фарзанд ота-онасидаги бу сифатни тушуниши ва унга қараб муомала қилиши керак.

25 – Ота-она учун ҳаётлик даврларида кўп дуо қилиб, истиғфорлар айтиш

Аллоҳ таоло айтди: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил) (Исро: 24);



«Роббим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин (Нуҳ: 28)

26 – Ота-онага ўтганларидан кейин ҳам яхшилик қилиш

Вафотларидан кейин ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг тўхтамаслиги – ота-она ҳаққининг нақадар катталиги ва Роббул-Оламийн раҳматининг ўта буюклигига далолат қилади.

Чунки, баъзи одамлар ота-оналарига ҳаётлик даврларида яхшилик қила олмаганлари ва уларнинг ҳақларини адо эта олмаганлари учун пушаймон ва уларга яхшилик қилиш учун бу дунёга яна қайтиб келишларини умид қиладилар.

Мусулмон одам қилолмай қолган нарсаларига етишиши ва ота-онасига ўлганларидан кейин ҳам яхшилик қила олиши мумкин. Бу қуйидагича бўлиши мумкин :

Фарзанднинг солиҳ бўлиш;

Ота-она учун кўп дуо қилиб, истиғфор айтиш;

Ота-онага боғланган қариндошлар билан алоқа қилиш;

Ота-онанинг орзуларини рўёбга чиқариш;

Ота-она номидан садақа қилиш.


Ота-онага яхшилик қилишга ёрдамчи бўладиган ишлар

Ота-онага яхшилик Аллоҳнинг катта неъматаларидан бири бўлиб, Аллоҳ уни Ўзи ҳоҳлаган бандасигагина ато этади. Фарзанд учун агар уларга амал қилса ота-онасига яхшилик қилишига ёрдамчи бўладиган ишлар мавжуд. Улардан баъзилари қуйидагилар:

1 – Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш

Бу – Аллоҳ таолога ибодат ва дуони чиройли қилиш, Унинг шариатига қатъий амал қилиш билан бўлади. Шояд Аллоҳ шундай бандасига ота-онасига яхшилик қилишига тавфиқ ато этиб, ёрдамчи бўлса.

2 – Ота-онага яхшилик қилишнинг фазилатлари ва оқ бўлишнинг ёмон оқибатларини ёдда тутиш

Яхшиликнинг самараларини билиш ва унинг чиройли оқибатларини ёдда сақлаш, шу яхшиликни қилишга ундайдиган энг катта омиллардан биридир.

Шунингдек, оқ бўлишнинг хунук оқибатлари, у келтирадиган ғам ва надомат ҳақида тафаккур қилиш ҳам, ота-онага яхшилик қилишга ёрдам бериб, уларга оқ бўлишдан узоқлаштиради.

3 – Ота-онанинг фазлу-марҳаматларини қалбга жо қилиш

Чунки, ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи бўлдилар. Унинг улғайиши учун машаққатлар чекиб, тарбия қилдилар. Улар унга энг холис раҳм-шафқат ва меҳрибонликни кўрсатдилар. Фарзанд ота-онаси учун қанча хизмат қилмасин уларнинг ҳақларини адо эта олмайди. Шу нарсаларни қалбга жо қилиш ҳам, ота-онага яхшилик қилишга ундайди.

4 – Нафсни ота-онага яхшилик қилишга ўргатиш

Ота-онага яхшилик қилиш одат тусига кириши учун, фарзанд бу йўлда тер тўкиши ва нафси билан курашиши керак.

5 - Ажралинган пайтда Аллоҳдан тақво қилиш

Ота-она оилавий ҳаётларида келиша олмай ажраладиган бўлсалар, уларнинг ҳар бири фарзандларни бошқасига яхшилик қилишга буюрсин, улардан ҳар бири фарзандларни иккинчисига қарши гиж-гижламасин. Чунки, фарзандлар оқ бўлишга ўрганиб қолсалар, ота-оналар бунинг қурбони бўлиб, бахтсиз бўладилар ва болаларини ҳам бахтсиз қиладилар.

6 – Оталарнинг солиҳ бўлиши

Оталарнинг солиҳ бўлишлари фарзандларнинг солиҳ бўлишлари ва ота-оналарига яхшилик қилишларига катта омилдир.

7 – Яхшиликка чақириш

Бу — яхшиларни янада кўпроқ яхшилик қилишга қизиқтириш ва яхшиликнинг фазилатларини эслатиш, ота-онасига оқ бўлаётганларга насиҳат қилиш ва оқ бўлишнинг ёмон оқибатларини эслатиш билан бўлади.

8 – Болаларга яхшилик қилишларида ёрдам бериш

Ота-оналар фарзандларига уларни яхшилик қилишга қизиқтириш, яхшилик қилганларида миннатдорчилик билдириш ва дуо қилиш билан ёрдамчи бўлишлари лозим.

Мен шундай оталарни биламан, уларнинг ёши юздан ошган бўлсада, фарзандлари ва набиралари бирон лаҳза ҳам улардан ажралишга сабр қила олмайдилар, балки уларга тинимсиз яхшиликлар қилиб, яхшилик қилишда бир-бирлари билан мусобақалашадилар балки бу хизмат билан лаззат оладилар.

Бу фарзандларнинг ота-оналарига яхшилик қилишларига ундаган — Аллоҳнинг тавфиқидан кейинги – катта омиллардан бири отанинг фарзандларига яхшилик қилишда ёрдамчи бўлиши эди. Чунки у, фарзандларини севар, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилар, қилган яхшиликлари учун миннтадорчилик изҳор этар, мақтар, уларнинг қалбига сурур кириши учун тиришар ва уларни севимли исмлари билан чақирар эди.

9 – Фарзанд ўзини ота-она ўрнига қўйиб кўриши

Эй фарзанд, эртага ёшинг улғайиб, белинг букчайиб, сочларингга оқ тушиб, ҳаракат қилишга ҳам ожиз қолганингда фарзандларингнинг сенга ёмон муомала қилишлари, шафқатсизларча эътиборсиз қолдиришларига дучор бўлишинг сени хурсанд қиладими?!

10 – Ота-онасига яхши бўлган ёки оқ бўлган одамларнинг қиссаларини ўқиш

Чунки, ота-онасига яхшилик қилганларнинг ҳикоялари ҳимматни кучайтириб, қатъиятни оширади ва эзгулик қилишга ундайди.

Ота-онасига оқ бўлган ва бунинг натижасида бошларига ёмон оқибатлар келган кимсаларнинг ҳикояларини ўқиш, ота-онага оқ бўлишдан нафратлантириб, уни ёмон қилиб кўрсатади ва яхшилик қилишга ундаб, рағбатлантиради.

12 – Ота-онанинг қилинган яхшилик сабабли қувонгани ёки оқлик сабабли хафа бўлганларини ҳис этиш

Агар инсон буларни ҳис қилса, яшилик қилиш учун тиришади ва оқ бўлишдан узоқ бўлади. Шоирнинг сўзлари нақадар тўғри:

Ўзининг фироқийла қандай ғуссани

Ота-онасига тоттирганин билсайди ўғил.

Она ҳайрон бўлиб кезади уйда

Ота-чи, кўз ёшларин оқизади мўл.

Улар тотишмоқда айрилиқнинг ғуссасин

Улар яширган илинжи билсайди фарзанд.

Мушфиқ онасига раҳм қиларди

Меҳрибон отасин хушнуд этарди

Бадхулқликни меҳрга алмаштирарди

Қайтариб уларга яхшиликларин


Ота-она ва рафиқа ўртасида...

Бу бўлим ота-онага қилинаётган муомалаларда риоя қилиниши керак бўлган одоблар ҳамда ота-онага яхшилик қилишга ёрдамчи бўладиган ишлар сирасига киради. Улардан баъзилари юқорида айтиб ўтилди.

Мен бу бўлимни ўта керакли ва аҳамиятли бўлгани учун ҳам алоҳида қилишга қарор қилдим. Чунки, эр, баъзида, хотини ва ота-онаси ўртасини мувофиқлаштиришда қийналади. Гоҳида эса, ота-онаси ва хотини ўртасидаги нафратга мубтало бўлади. Бунинг сабаби хотинининг Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқмаслиги ёки эрини ўзиники қилиб олиши бўлиши мумкин.

Ёхуд ота-она ёки улардан бири бирон киши уни рози қила олмайдиган феъли тез бўлиб, талоқ қилишга ундайдиган бирон бир сабаб бўлмасада, хотини билан ажралишга ўғлини мажбур қилиши мумкин.

Ёки ота-она ўғлининг миясига "хотининг сени хоҳлаганидек бошқаради", деб қуядилар, ўғил эса уларнинг сўзларига ишонади. Ҳолбуки, ўғил хотиннинг ҳаққидан ортиқ нарса бермаган ёки ҳаққидан озроқ нарса берган бўлади.

Бундай ҳолатда муаммони қандай ҳал қилинади? Ўғил қўлларини қовуштириб, жим тураверадими? Ёки хотинни рози қилиш учун ота-онасига оқ бўладими, уларга дилозорлик қилиб, фикрларини ерга урадими ёки уларнинг гапларини шиддат ва қўполлик билан қайтарадими?

Ёхуд хотини ҳақида айтаётган гапларида ота-онаси ёнини олиб, хотинининг бегуноҳлиги, ота-онаси эса хато қилаётганларини била туриб ота-онасини қувватлаши ва хотинига ёмонлик қилиши керакми?

Йўқ, ундай эмас, балки, ўғил ўртани ислоҳ қилиш учун бор кучини сарфлаши зарур.

Дарҳақиқат, инсондаги шахсият кучи - баъзи одамлар олдида рўй берадиган, натижада унга ишни чигаллаштирадиган ва уни иккиланиш ва ҳайронликка солиб қўядиган бурчлар ва ҳуқуқлар ўртасини мувозанатлаштиришга бўлган қудратида кўринади. Шундай пайтларда оқил инсоннинг ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини жабр қилмай беришга бўлган қудратининг ҳикмати намоён бўлади.

Хилма-хил омиллар ва турли сабаблар ўртасини мувофиқлаштирадиган ҳукмларни олиб келиши, Ислом шариатининг буюклигидан даракдир. Шунинг учун ҳам, оқил инсон, Аллоҳнинг тавфиқидан сўнг, ҳақдорларнинг ҳар бирига ўз ҳаққини жабрсиз бера олади.

Кўплаб ижтимоий фожеалар ва оилавий муаммолар ушбу мувозанатни бузиш сабабли содир бўлади. Бунинг олдини олиш учун эса, ҳар тараф ўзи ва бошқаларнинг ҳуқуқларини риоя қилишга ҳаракат қилиши керак. Қуйида бунга ёрдамчи бўладиган баъзи ўгит ва йўлланмаларни айтиб ўтмоқчимиз.

Бу ўгит ва йўлланмалар ўғил, келин ва ўғилнинг ота-онаси хусусан онасига қаратилгандир.



Аввало ўғилнинг рўли, ўғилнинг ота-она ва хотини ўртасини мувофиқлаштириш учун ёрдам берадиган омиллардан баъзилари қуйидагилардир:

А – Ота-онани риоя қилиш ва уларнинг табиатларини тушуниш:

Уйлангандан кейин ота-онага қилаётган яхшиликларни тўхтатмаслик ҳамда ота-онаси олдида, хусусан уларнинг ҳар иккиси ёки бири феъли тез бўлса, хотинга бўлган муҳаббатини сездирмаслик.

Хотинга бўлган муҳаббатни сездириш ота-онани ғазаблантириши, у иккисида, айниқса онасида фарзандини қизғаниш туйғусини вужудга келтириши мумкин.

Бундан ташқари ўғил, ота-онасининг кўнгилларини олиши, уларни рози қилиш ва муҳаббатларини қозониш учун тиришиши керак.



Б – Хотинга инсоф қилиш

Масалан, хотиннинг ҳаққини билиш, ота-онасидан эшитган ҳамма нарсани қабул қилавермаслик, балки айтилган нарсани текшириш ва хотини ҳақида чиройли гумонда бўлиш.



В – Ўртани яхшилаш учун йўллар ўйлаб топиш

Масалан, хотинига ота-онамга ҳадя беринг деб тайинлайди ёки унга ота-онасига, хусусан онасига тақдим этиши учун совғалар харид қилиб беради. Бу каби ишлар қалбларни юмшатиб, гина-кудуратларни кетказади ҳамда муҳаббатга сабаб бўлиб, қалбдан ёмон гумонларни қувади.



Г – Хотин билан келишиш

Масалан, эр хотинига: "Мен, ота-онамдан ажралмас бир парчаман. Мен ҳар қанча ҳиссиётим сусайса ҳам, барибир, ота-онамга оқлик қилмайман ва уларга нисбатан қилинган ҳар қандай камситишни кўтара олмайман. Сизнинг ота-онамга бўлган сабрингиз ва эътиборингиз қанчалик кучайиб борса, менинг ҳам сизга бўлган муҳаббатим шунчалик ортиб боради"- дейди.

Шунингдек унга яқин кунларда у ҳам она бўлиши ва эрнинг ота онаси билан бўлиб ўтганга ўхшаш ҳолат у билан ҳам содир бўлиб қолиши, агар шундай бўлса уни нима нарса рози қилишини эслатиши керак. Бундан ташқари жанжал ғазаб ва шиддатни кучайтириши, мулойимлик кимда бўлса зийнат экани, кимда бўлмаса у ёмон бўлишини эслатиши ва бунда бошқа нарсаларни мисол ўлароқ келтириши керак.9

Иккинчи: келиннинг рўли

Келин бу мавзуда катта рўл ўйнаши мумкин. У эрини қизғанмаслиги, унинг қариндошларини ҳурмат қилиши, унинг ота-онасини, хусусан онасини кўпроқ иззат қилиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси эрига қилган ҳурмат ва яхшиликдан ўзга нарса эмас.

Шунингдек бу ишларда эрига бўлган муносабатни яхшилаш ва қувватлаш ҳамда ўртада пайдо бўлиши мумкин бўлган фитна оловини сўндириш ҳам бордир.

Модомики аёлдаги эрнинг ҳаққи аёлнинг ота-онасиникидан каттароқ, Уммат ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида эр ўз қариндошлари билан бўлган алоқаларини сақлаши ҳамда отаси суйган кишилар билан борди-келди қилиши шаръий вазифа экан, оилавий алоқаларни мустаҳкамлаш учун хотин ҳам эри суйган одамлар билан яхши муомалани сақлашга маъмур бўлиши авлороқдир.

Бундан ташқари ўз ота-онасининг ёшида бўлган қайин она ва қайин отасига эҳтиром кўрсатиши, келин қалбининг саховати ва поклигига далолат қиладиган асл исломий ахлоқлардан биридир.

Келин бу ишларни эрининг розилиги, ақраболарнинг муҳаббати, низо ва ажралишдан қутулиш йўлида қилар экан, уларнинг баракали дуоларига ҳам сазовор бўлади.

Шунингдек, яхши келин шуни ҳам унутмасинки, эрини қизғанишда "рақиб" деб ўйлаётган қаршисидаги бу аёл – эрининг онасидир. Эри эса ҳар қанча бўлсин ўз онасидан воз кеча олмайди. Чунки у уни тўққиз ой қорнида кўтариб юрган. Чақалоқлигида кўкрак сути билан озиқлантириб, меҳру муҳаббати билан боққан. Унга етук инсон бўлгунига қадар мураббиялик қилган.

Ҳой келин, қайин онангиз – фарзандларингизнинг бувисидир. Уларнинг бувиларига бўлган алоқалари кучлидир. Сиз қайин онангизга кундошдек муомала қилманг, агар шундай қилсангиз у ҳам сизга кундошдек муомала қилади. Сиз унга онангиздек муомала қилинг, у ҳам сизга ўз қизидек муомала қилади. Гоҳо онадан қаттиққўллик содир бўлиши мумкин, қиз бунга ажру-савоб умидида сабр қилади.

Оилага Ислом одоблари ҳукмрон бўлиб, ҳар бир шахс ўзининг ва бошқаларнинг ҳуқуқларини билса бу оила тинч-тотув ва осуда ҳаёт кечиради.

Эй келин, шуни ҳам яхши билингки, куёвингиз ўз оиласини сизнинг оилангиздан кўра кўпроқ суяди. Шунинг учун уни маломат қилманг. Зотан, сиз ҳам ўз оилангизни унинг оиласидан кўра кўпроқ суясиз. Демак, сиз уни оиласини таҳқирлаш, озорлаш ёки ҳуқуқларини поймол қилиш билан камситманг. Чунки бу ишлар, уни сиздан нафратланиши ва юз ўгиришига сабаб бўлади.

Келиннинг куёв оиласини ҳурмат қилишда сустлик қилиши – эрини ҳурмат қилишда сустлик қилиши, демакдир. Агар куёв аввалда бунга бирон жавобни қилмаса ҳам, унинг хотинига бўлган муҳаббатидаги самимийликка футур етиши тайин.

Ўз оиласини суядиган, ота-онасига яхшилик қиладиган эркак – хотини уни ҳурмат қилиши, мақташи ва ундан яхшиликларни умид қилишига лойиқ бўлган фозил инсондир. Чунки, ота-онасига яхшилик қилмаган эркакнинг, кўпинча, хотини, фарзанди, ёки бирон бир одамга яхшилиги етмайди.

Ҳой келин, агар сиз эрингизнинг ўз ота-онасига оқ бўлишига ёки уларга ўзингиз ёмон муомала қилишингизга рози бўлсангиз, айтингчи, онангиз ака-укаларингизнинг хотинларидан шундай муомала кўришига розимисиз?!

Ёки сочларингизга оқ оралаб, ёшингиз улғайганида келинларингизнинг сизга шундай муомала қилишларига рози бўласизми?!

Солиҳа келин куёвининг яхшиликлар қилишига кўмак бериши, кўпинча, —Аллоҳнинг тавфиқидан сўнгра—, муаммоларни ҳал қилиш, ўрталарни ислоҳ қилиш ва бирлаштиришга кафилдир. Чунки, ота-она келинларидаги бу самимийлик, муҳаббат ва жўшган меҳрни кўрар эканлар, бу гўзалликни ҳеч қачон унутмайдилар.

Ҳаётимизда келинларини ўз қизларини суйгандек балки улардан кўра кўпроқ суядиган талайгина қайин она ва қайин оталарни кўрганмиз.

Буларнинг барчаси Аллоҳнинг тавфиқи, кейин эса ўша келинларнинг ҳикматли тадбирлари ҳамда куёвининг ота-онаси билан чиройли муомала қилишга ҳарисликлари сабаблидир.

Қайин она ва қайин отанинг муҳаббатларини қозониши учун келинга ёрдамчи бўладиган нарсалардан бири (юқоридагиларга илова ўлароқ), жафоларга сабр қилиши, ажру-савоб умид қилиши ва ишларнинг оқибатига қарашидир.

Бундан ташқари, куёвига ота-онасига яхшилик қилишни ва эри ота-онасидан кўра унга (хотинга) мойил бўлиб қолганини сездирмасликни тавсия қилиши.

Қайин она ва қайин отанинг қалбларини ўзига юмшоқ қилиш ва уларга чиройли муомала қилиш йўлларини қулайлаштиришини сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилиш.

Эй муҳтарама келин, айтилган нарсаларга амал қилинг, бу дунёда чиройли мақтов ва яхши номга, охиратда эса мангу неъматлар ва буюк ажрларга сазовор бўласиз!10

Учинчи: қайин онанинг рўли

Бир-бир оналар борки, — Аллоҳ ҳидоят қилсин —, сезмасдан ўғлини қийин ҳолатга солиб қўяди. Ҳолбуки, у ўғлини яхши кўради, уни бахтиёр қилиш учун тиришади, эҳтимол уни уйлантириш учун совчиликка боргандир, югуриб елгандир. Бироқ, нотўғри тасарруфи ўзига ҳам, ўғлига ҳам зарар олиб келади. Чунки у, ўғли уйланганида ўғлининг тортиб олингани ва ўғлининг ундан кўнгли совиганини "ҳис қилади"-да, уни ўзига қайтариб олиш учун ҳаракат қила бошлайди. – Гоҳида, муҳаббат, одамни ҳалок қилиши мумкин –Натижада, ўғлини келинига қарши гиж-гижлай бошлайди: унда хотинидан воз кечиш туйғуларини жонлантиради. Хотинини талоқ қўйишини гўзал қилиб кўрсатиши, бу хотинидан кўра яхшироқ бошқа бир қизга уйлаб қўйишни ваъда қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳолбуки, келиннинг ахлоқи ва чирой-чиммати жойида бўлади.

Бир-бир оналар борки, ўғлининг хотини билан бахтиёр экани ёки хотинига ҳурмат кўрсатаётганини кўрса, қалбида қизғаниш туйғуси аланга олади ва бу ҳолат уни гоҳо оқибати нохуш ишларни қилишга ундайди.

Баъзи оналар келин билан муомала қилишда шафқатсиз бўлади: айбларни бўрттириб, қилинган яхшиликларни яширади. Гоҳида келинга ёмон гумон қилиб, оддий ҳаракат ва сўзларни нотўғри изоҳлашга ҳаракат қилади.

Эй, муҳтарама она!

Эй, ўз фарзандини суюб, унинг саодатини истаган она, ўртани бузманг, вайрона қилманг! Ичингиздаги қизғаниш туйғусини оилани кул қиладиган оловга айлантирманг! Хаёлингизга келаётган васвасага бўйсуниб, оила софлигини булғаманг ва фитналарни қўзғаманг! Келинингизга қилаётган муомалангизни кундош ёки тенгқурлар муомаласи қилманг. Сиз унга она бўлинг у сизга қиз бўлади. Сизнинг уни суюшингиз ва ундан содир бўлган баъзи камчиликлардан кўз юмишингиз яхшилик аломатларидандир. Унинг хатоларини кўрсангиз, мулойимлик билан насиҳат қилиб тузатишга ҳаракат қилсангиз ўзингиз бахтиёр бўлиб, бошқаларни ҳам бахтиёр қиласиз.

Сизга келинингиз учун совғалар беришингиз, кенг бағрингизни очиб, жўшган меҳринигиздан насиба айришингиз, чин мақтовлар айтиб ва уни холис дуоингизда ёд қилишингиз ярашади. Аллоҳ сизни Ўз паноҳида асрасин ва Ўз лутфидан айирмасин!


Ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги ҳикоялардан намуналар

Юқорида ота-онага яхшилик қилиш, уларга нисбатан қилиниши керак бўлган одоблар ва бу яхшиликка ёрдамчи бўладиган омилларни айтиб ўтдик. У одобларга риоя қилсак ва у сабабларни ушласак қандай яхши. Кошки, биз ҳам Роббиларига дуо қилсалар ижобат қиладиган, истиғфор айтсалар гуноҳларини кечирадиган солиҳ бандалардан бўлсак! Уларнинг шарафи, бахти ва дунё ва охиратдаги насибалари нақадар буюк!

Биз бу ишларда пайғамбарлар ва расуллар ҳамда уларга яхшилик билан эргашган кишиларни чиройли намуна қилайлик. Улар ота-оналарига яхшилик қилишда зарбулмасал бўлдилар. Натижада, Аллоҳ уларнинг икки дунёдаги мақомларини кўтарди ва мангу қолувчи бандалари ичида номларини олий қилди.

Қуйида, сизга, ота-оналарига яхшилик қилишга муваффақ қилинган хайрли инсонларнинг замонлар ўтишига қарамай бўйлари уфурган ҳайратомуз қисса ва намуналарини тақдим этамиз. Шояд бу қиссалар қалбимизда яхшилик жиҳатларини жунбушга келтириб, эҳсон ва яхшилик қилишга ундаса.


Пайғамбарларнинг ота-оналарига қилган яхшиликларидан намуналар
1 - Аллоҳнинг пайғамбари – Нуҳ алайҳис-салом

Аллоҳ таоло бизга Нуҳ алайҳис-саломнинг ҳақларига дуо қилиб, истиғфор айтар экан ота-онасига қилган яхшилигидан намуна келтирди. Аллоҳ таоло айтди:

«رَبِّ اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِمَنْ دَخَلَ بَيْتِي مُؤْمِناً وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ»

«Роббим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин»! (Нуҳ: 28).
2 – Муваҳҳидларнинг имоми – Иброҳим алайҳис-салом

Иброҳим алайҳис-салом отасига унинг ҳидоятини хоҳлаб, нажотига ҳарислик қилиб, адашиши ва ҳалокатидан хавф қилиб, мулойимлик ва шафқат билан хитоб қилмоқда. Аллоҳ таоло буни бизга шундай баён қилди:

«وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقاً نَبِيّاً (41) إِذْ قَالَ لأَبِيهِ يَا أَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لا يَسْمَعُ وَلا يُبْصِرُ وَلا يُغْنِي عَنْكَ شَيْئاً (42) يَا أَبَتِ إِنِّي قَدْ جَاءَنِي مِنْ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْنِي أَهْدِكَ صِرَاطاً سَوِيّاً (43) يَا أَبَتِ لا تَعْبُدْ الشَّيْطَانَ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلرَّحْمَنِ عَصِيّاً (44) يَا أَبَتِ إِنِّي أَخَافُ أَنْ يَمَسَّكَ عَذَابٌ مِنْ الرَّحْمَنِ فَتَكُونَ لِلشَّيْطَانِ وَلِيّاً (45)»

«(Эй Муҳаммад), ушбу Китобда Иброҳим (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Эсланг, у отасига: "Эй ота, нега сиз эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сизга бирон фойда бера олмайдиган бутга ибодат қилаяпсиз? Эй ота, сизга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, сиз менга эргашинг, сизни ҳақ йўлга ҳидоят қиламан. Эй ота, энди шайтонга ибодат-қуллик қилманг. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан мен сизга Раҳмон тарафидан азоб етиб, (жаҳаннамда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингиздан қўрқаман".» (Марям: 41 – 45). а=Ра=мон томон Р

Иброҳим алайҳис-салом отасига қалбнинг тубларига қадар етиб борадиган ушбу таъсирли сўзлар ва иборалар билан хитоб қилди.

Агар бу сўзлар муҳрланган ва қорайиб қотиб кетмаган қалбга йўлиқмаганда эди, унга таъсир этар ва унинг ҳидояти ва нажот топишига сабаб бўлар эди.
3 – Исмоил ибн Иброҳим алайҳис-салом

Исмоил алайҳис-салом башарият тарихида танҳо бўлган отага бўлган яхшилик намунасини кўрсатди. Бу намуна отасининг унга:

«يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانظُرْ مَاذَا تَرَى»

«Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», (Соффот: 102) деганида содир бўлди.

Солиҳ фарзанд отасининг бу саволига нима деб жавоб берди? У қўрқоқлик ёки сустлик қилдими? Йўқ, у, Аллоҳ таоло айтганидек:

«قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنْ الصَّابِرِينَ»

«У айтди: «Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншо Аллоҳ мени сабр қилувчилардан топасиз». (Соффот: 102)- деди.

Ривоятларга кўра Иброҳим алайҳис-салом кўрган тушига аниқ ишонганидан сўнгра ўғли Исмоил алайҳис-саломга: "Ўғлим, арқон ва пичоқни ол, анави дарага бориб ўтин териб келамиз"- деди. "Сабийр" дарасига етганларида Иброҳим алайҳис-салом ўғли Исмоил алайҳис-саломга Роббиси буюрган нарсадан хабар берди. Иброҳим алайҳис-салом ўғлини бўғизламоқчи бўлганида у отасига шундай деди: "Отажон, мени қимирламаслигим учун маҳкам боғланг. Мени бўғизлар экансиз кийимларингизни мендан узоқроқ тутинг. Чунки, қон сачраса, онам уни кўриб қолади. Қийналмаслигим учун пичоқни яхши қайранг ва ҳалқумимга тезлик билан тортинг. Онамнинг ҳузурига қайтганингизада, мендан унга салом айтинг".

Иброҳим алайҳис-салом: "Ўғлим, сен қандай яхши ёрдамчисан!"- деди-да, унга қараб юрди. Икковлари ҳам йиғлардилар. Иброҳим алайҳис-салом ўғлининг бўғзига пичоқни қўйди, бироқ кесмади. Пичоқни икки-уч марта қайроқ тош билан ўткирлади ва бўғизламоқчи бўлди, бироқ пичоқ ўтмади. Шунда ўғил отага: "Отажон, мени юзтубан ётқизинг, чунки, юзимга қарасангиз менга раҳм қиласиз ва сизни Аллоҳнинг амридан тўсиб қўювчи шафқат ҳосил бўлади. Юзтубан бўлсам пичоқни кўрмайман ва менга қўрқинч келмайди, деди. Иброҳим алайҳис-салом ўғли айтганини қилиб пичоқни унинг бўйнига қўйган ҳам эдики, пичоқ терсига айланди ва: "Эй Иброҳим, дарҳақиқат сиз (кўрган тушингизни) рост-бажо қилдингиз!" (Соффот: 104, 105) дея нидо қилинди.
4 – Ийсо алайҳис-салом

Бешикдаги Ийсо алайҳис-саломга Роббисидан: "Онасига яхшиликлар қиладиган банда" деб, катта мақтовлар келди. Ва бу Роббисига қулчилик қилиш билан боғлаб зикр қилинди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: "Шунингдек (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади" (Марям: 32).


Салаф солиҳнинг ота-оналарига қилган яхшиликларидан намуналар

Салаф солиҳ ҳаётига чуқурроқ назар ташлар эканмиз, уларнинг ота-оналарига яхшилик қилишга берган эътиборларига далолат қиладиган ёрқин саҳифаларни кўрамиз. Мана бу улар ҳаётидан баъзи намуналар:



1 Абу Толибнинг қизи Умму Ҳонеънинг мавлоси11 Абу Мурра айтди: "Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан Ақиқдаги ерига бирга бордим. У ерига кириб келганида: "Онажон, сизга Салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!"- деди.

— Онаси унга жавобан: "Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!"- деди.

— Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Мени гўдаклигимдан буён тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳ раҳм қилсин!"- деди.

— Буни эшитган онаси: "Ўғилгинам, менга ёшим улғайганда қилган яхшиликларинг учун Аллоҳ сенга яхши мукофотлар бериб, сендан рози бўлсин!"- деди.12



2 – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Макка кўчаларининг бирида бир аъробийга дуч келиб, унга салом берди-да, у одамни ўзи минадиган эшакка миндирди ва унга бошидаги салласини ечиб берди.

Ибн Динор раҳимаҳуллоҳ шундай деди: "Биз унга: "Аллоҳ сизни кечирсин, у аъробийлардан ва оз нарсага ҳам рози бўлаверади-ку"- дедик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Унинг отаси (отам) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга дўст эди. Мен эса расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Яхшиликларнинг яхшироғи – фарзанднинг отасининг дўстларига қилган алоқасидир"- деганлари эшитгандим"- деди.13



3 – Мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннатга кирдим ва уерда бир қироат эшитдим-да: "У ким?"- дедим. (Менга) "(У) Ҳориса ибн Нўъмон, дейилди." Яхшиликнинг самараси будир. Яхшиликнинг самараси будир.- дедилар" У одамлар ичида онасига энг яхшилик қилувчироғи эди".14

4 – Абу Абдурраҳмон Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Каҳмас ибн Ҳасан уйда юрган чаённи кўриб, уни ўлдирмоқчи ёки ушламоқчи бўлди. Бироқ, чаён қочиб, тешикка кириб кетди. У қўлини тешик ичига тиқиб чаённи ушламоқчи бўлганди чаён унга озор бера бошлади. Ундан: "Бу ишни нимага қилдингиз?"- деб сўралганида: "Чаён тешикдан чиқиб, онам олдига келиб уни чақиб олишидан қўрқдим" деб жавоб берди".15

5 – "Зайнул-обидийн" номи билан машҳур бўлган Абу Ҳасан ибн Али ибн Ҳусайн ибн Алий ибн Абу Толиб

У - тобиинларнинг улуғларидан бўлиб, онасига кўп яхшилик қилар эди. Унга: "Сизнинг ўз онасига кўп яхшилик қилган фарзандлардан бири эканингизни биламиз. Шундай экан, нега онангиз билан бирга овқатланмайсиз?"- деб сўраганларида у: "Қўлларим онамнинг кўзлари (олиш учун) тушган луқмани олиб, унга оқ-итоатсиз бўлиб қолишдан қўрқаман"- деб жавоб берди.16



6 – Ҳишом ибн Ҳассон раҳимаҳуллоҳ айтди: "Менга Ҳафса бинт Сийрийн раҳимаҳаллоҳ айтдики, Муҳаммад ибн Сийрийннинг онаси Ҳижозлик бўлиб, бўялган нарсаларни суяр эди. Шунинг учун ҳам, Муҳаммд ибн Сийрийн онасига энг мулойим газламаларни сотиб олар, ҳайит куни келганида эса уларни бўятиб берар эди. Мен унинг онасига овозини кўтарганини ҳеч кўрмадим. Агар гапирса тинглаётган одамдек турар эди".17

Сийрийн оиласидан биттаси айтди: "Муҳаммад ибн Сийрийннинг онасига доимо тавозеъ билан гапирганини кўрардим"

Ибн Авн раҳимаҳуллоҳ айтди: "Муҳаммадни онаси олдида кўрган киши, овозининг пастлигидан, уни касалмикин, деб ўйлар эди".18

Ибн Авн раҳимаҳуллоҳ айтди: "Бир одам онаси ҳузурида турган Муҳаммад ибн Сийрийн олдига келди ва (атрофдагилардан): "Бунга нима бўлди, касалми?"- деб сўради. Унга: "Йўқ, касал эмас. У онаси ҳузурида доимо шундай туради"- деб жавоб бердилар.19



7 – Жаъфар ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ ривоят қилди: "Муҳаммад ибн Мункадир юзининг бир тарафини ерга қўяр ва онасига: "Онажон, оёқларингизни юзимга қўйинг!"- дер эди".20

8 – Ибн Авн ал-Музаний раҳимаҳуллоҳни онаси чақирди, онасига "лаббай" деб жавоб берганди, унинг овози онасининг овозидан баландроқ чиқди, бунинг бадалига икки қулни озод қилди.21

9 – Умар ибн Зар раҳимаҳуллоҳдан: "Фарзандингизнинг сизга қилган яшлиги қандай эди?"- деб сўралганида, у: "Кундузлари орқамда, кечалари олдимда юрар ва мен остида бўлган уйнинг устига чиқмас эди".- деди.22

10 – Солиҳ ал-Аббосий раҳимаҳуллоҳ халифа Мансурнинг ҳузурига келиб, у билан гаплашди. У суҳбат асносида "отам, Аллоҳ раҳмат қилсин,..." жумласини кўп истеъмол қилди. Унга Рабийъ: "Амирулмўминийннинг ҳузурида отангга кўп раҳмат тилайверма!"- деди. У эса: "Мен сени маломат қилмайман. Чунки, сен оталар мазасини тотмагансан"- деди.

Халифа Мансур раҳимаҳуллоҳ мийиғида кулди ва; "Бани Ҳошимга қаршилик қилган одамнинг жазоси шудир!"- деди.23



11 – Ота-онасига кўп яхшилик қилганлардан бири – муҳаддис Бундор раҳимаҳуллоҳдир. Заҳабий раҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай деди: "У Басрадаги ҳадисларни жамлади, онасига яхшилик қиламан деб ҳадис йиғиш сафарига чиқмади."

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Хоқон ал-Марвазий айтади: "Бундор раҳимаҳуллоҳ айтди: "Мен илм излаш учун чиқмоқчи бўлдим. Бироқ, онам бунга рози бўлмадилар. Мен онамга итоат қилдим ва менга илмда барака ато этилди"- деди".24



12 – Асмаъий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Аъробийлардан бири менга айтди: "Мен ота-онасига энг оқ бўлган ва ота-онасига энг яхши бўлган одамларни излаб йўлга равона бўлдим. Қабилаларни айланиб, пешин жазирамасида бўйнига арқон ташлаб, қудуқдан пақирда сув тортаётган қария олдига етиб келдим. Бир ёш йигит унинг орқасига қайишдан қилинган арқон билан урар, зарба олган ерлар моматалоқ бўлган эди. Мен: "Бу кучсиз қарияни ургани Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Аслида, унинг бўйнидаги шу арқонни тортиш, урганингдан баттар-ку?!"- дедим.

Йигит: "Шундай бўлишига қарамай, у – менинг отам"- деди. Мен: "Аллоҳ сенга яхши мукофотлар бермасин!" деганимни биламан ҳалиги йигит: "Овозингни ўчир! Бу ҳам бобомга, бобом эса отасига шундай қилар экан!"- деб қолса бўладими! Буни эшитиб: "Бу – одамларнинг энг оқи-ота-онасига итоатсизроғи экан"- деб хулоса чиқардим.



Сўнгра, яна қабилаларни айлана бошладим ва бир ёш йигитнинг олдига етиб келдим. У бўйнига бир замбилсимон нарсани осиб олган, унинг ичида эса полопондек бир чол бор эди. У замон-замон отасини олдига қўйиб, полопонларни едиргандек, овқатлантирар эди. Мен ундан бу ким деб, сўрадим, у: отам, у қариб қолди, мен эса уни ўз қарамоғимга олдим, деди. Мен: "Бу йигит араблар ичида ота-онасига энг кўп яхшилик қилган одам экан"- деб хулоса чиқардим".25

13 – Талқ ибн Ҳубайб раҳимаҳуллоҳ обид ва олимлардан бири эди. У онасининг бошидан ўпар ва онасини ҳурмат қилиб, у турган уйнинг томига чиқмас эди.26

14 – Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ айтди: "Отам вафот этди ва мен Аллоҳ таолодан унинг гуноҳларини кечиришини сўраб бир йил дуо қилдим".27
Сўзимиз сўнггида: "Барча оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин".

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.-деб дуо қиламиз.

Китобнинг арбчадан ўзбекчага ўгириш 2006 милодий йилнинг 17 январь сешанба куни ниҳоясига етди.


1 Қаранг: Мустафо Сибоий "Ахлақунал-ижтимоийя", 166; Абдуррауф Ҳановий "Биррул-волидайн", 143; Ҳасан Айюб "ас-Сулукул-ижтимаий", 257 – 259; Умму Абдулкарим "Қурратул-айнайн фи фазоили биррил-волидайн"; Суъод бинт Муҳаммад Фараж "Ва бил-волидайни эҳсанан", 44 – 48; Низом Сакажҳо "Биррул-волидайни фил-Қуръонил-Карим вас-Суннатис-саҳиҳа": 35 – 41 ва 63 – 65; Абдуллоҳ Тайёр "Файзур- Роҳиймур-Роҳман ": 96; Аҳмад Ийсо Ошур "Биррул-волидайн ва ҳуқуқул-аабаи вал-абнаи вал-арҳаам": 33 – 45; Иброҳим Ҳозимий "ал-Эълам би биррил-волидайн ва силатил-арҳам": 35 – 41; Муҳаммад ибн Аҳмад Солиҳ "ат-Такафулул-ижтимаий фиш-шариатил-исламийя": 98 – 105.

2 - Ибн Қутайба "Уюнул-ахбор": 3 / 87; ал-Ҳановий "Биррул-валидайн": 138,139.


3 - Муҳаммад ибн Лутфи Саббоғ, "Назаротун фил-усратил-муслима": 49.

4 - ал-Ҳановий, "Биррул-валидайн": 135.

5 - "Лисонул-араб": 4 / 53.

6 - "Қазоуд-дайн", 13 – 21; "Ва билволидайни эҳсана", 63 – 66.

7 - Имом Бухорий, 5971; Имом Муслим, 2548.

8 - "Фатҳул-Борий", 1 / 416.

9 - Муаллифнинг "Мин ахтоил-азваж" китоби, 5 – 9.

10 - "Мин ахтоиз-завжот", 11 – 16.

11 - Мавло деб бирон қулни озод қилган ёки бирон кишининг исломга киришига сабаб бўлганига айтилади. Озод қилган ва исломга сабаб бўлган кишига Валий дейилади.

12 - Имом Бухорий, "ал-Адабул-муфрад", 14. Албоний бу ҳадиснинг "исноди саҳиҳ" эканини "Саҳиҳул-адабил-муфрад" китобида айтиб ўтди.

13 - Имом Муслим: 2562; Абу Довуд: 51443.

14 - Имом Аҳмад, 6/151; Абдурраззоқ "ал-Мусаннаф", 20119; имом Бағавий, "Шарҳус-сунна": 13/7; Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деди, 3/207. Имом Заҳабий Ҳокимнинг фикрига қўшилди.

15 - "Ҳилятул-авлиё", 6/211; "Сияру аъламун-нубала", 6/317.

16 - "Уйунул-ахбар", 3 / 97.

17 - "Сияру аъламун-нубалаъ", 4 / 619.

18 - Иброҳим Байҳақий, "ал-Маҳасин вал-масавиъ", 614; "Ҳилятул-авлия": 2/ 273.

19 - Сияру аъламун-нубалаъ", 6 / 128.

20 - "Сияр аъламун-нубалаъ", 4/620.

21 - "Сияру аъламун-нубалаъ", 6 / 366.

22 - "Уюнул-ахбар", 3 / 97.

23 - Ҳановий, "Биррул-волидайн", 98; "Муҳозаротул-удабо ва муҳаваротул-ш-шуаро" дан иқтибос қилинди: 1/203.

24 - "Сияру аъламун-нубалаъ", 12 / 145.

25 - Иброҳим Байҳақий, "ал-Маҳасин вал-масавиъ", 614.

26 - Ҳофиз Тартуший, "Биррул-волидайн", 78.

27 - Ҳофиз Тартуший, "Биррул-волидайн", 78.




Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет