Равшанов Имомқул Ёзилович



бет1/2
Дата10.05.2023
өлшемі68.5 Kb.
#473484
  1   2
Ижтимоий сиёсат - устувор вазифа сифатида


КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ - ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ШАКЛЛАНИШИДА ИНСОН ОМИЛИ, ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ КАФОЛАТИ


Равшанов Имомқул Ёзилович1

Ижтимоий сиёсат тушунчаси ва моҳияти ҳақида тўхталишдан аввал, унинг кимлар учун ва нима мақсадда амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.


““Ижтимоий” деган сўзнинг кўпчиликка, жамоатчиликка мансуб деган маънони ифода этишини инобатга оладиган бўлсак, бу ўта муҳим масала жамиятимизнинг, барчамизнинг бурчимизга айланиши даркор”[1, 128], -дея таъкидлайди Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ўзининг “Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш - устувор вазифамиздир” деб номланган маърузасида.
““Ижтимоий” - жамият ҳаётининг турли томонларини белгилаш учун хизмат қилувчи тушунча. “Ижтимоий” атамаси кўпинча бир неча маънода ишлатилади:
- бутун жамиятга нисбатан;
- жамият ҳаётининг иқтисодий, сиёсий, маънавий жиҳатлари билан бир қаторда унинг бир жиҳатини ифодалаш маъносида;
- кишилар ҳаётий фаолиятининг биргаликда ва субъектив моҳиятидан ва уларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқувчи субъект.
...“Ижтимоий сиёсат” - давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми бўлиб, у ижтимоий соҳадаги муносабатларни тартибга солишга, инсон омилини тўла намоён қилишга қаратилганлигида мужассамлашади. Ижтимоий сиёсат ижтимоий гуруҳлар, қатламлар, миллатлар, шахс ва жамият, меҳнат ва турмуш шароитлари, соғлиқни сақлаш, бўш вақт, спорт, дам олиш, ҳаёт даражаси ва сифати каби турли муаммоларни ва соҳаларни қамраб олади. Айнан ижтимоий соҳада иқтисодий фаолият натижалари амалга ошади, жамиятнинг асосий мақсади ва моҳияти намоён бўлади. Шу маънода кучли ижтимоий сиёсат узоқ муддатли, яхлит, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи керак. ...“Ижтимоий сиёсат” - бу фуқаролар турмуш тарзини яхшилашга (кўтаришга) қаратилган тизим, чора (фаолият, тадбирлар)дир. Бу тизим ҳар тарафлама жамиятдаги социал гуруҳларнинг фуқаролар ҳаётий заруриятларини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш ва сифатли бўлишига хизмат қилади” [2, 10].
Муҳтарам Президентимиз И.А.Каримов Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2008 йил 12 декабрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида “...барча ислоҳотларимиз ким учун, уларнинг негизида нима турибди, деган саволни, ...бугун барчамизга яхши таниш бўлган фикр - “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган қараш..., эътиборимиз марказида туриши керак” [3], -дея таъкидлаган эди.
Юқорида келтирилган таърифлардан кўриниб турибдики, ижтимоий сиёсат - жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ўзида мужассамлаштирган, жамият ҳаётидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, инсонлар билан боғлиқ барча масалаларни, уларнинг турмуш тарзини мунтазам такомиллаштириб, фаровонлаштириб боришига хизмат қилишга қаратилган, жамиятнинг олий мавжудоти инсон омилига, унинг манфаатларига хизмат қилишга қаратилган сиёсат тизимидир. Демак, ижтимоий сиёсат, бу инсонларнинг ўтган куни, бугуни ва эртасида энг муҳим аҳамият касб этадиган устувор масаладир.
Одилона ва узоқни кўзлаб юритилган ижтимоий сиёсат, жамиятнинг ва айниқса, инсонларнинг асосий мақсади моҳиятини намоён қилишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, буни янги ташкил топган, ёки, ривожланган давлатларнинг давлатчилик тараққиётининг дастлабки даврига назар ташлаб фикрни тасдиқлаш мумкин.
Ижтимоий сиёсатнинг бевосита кўпчиликка, жамоатчиликка нисбатан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, қуйидаги фикр-мулоҳазаларни келтириб ўтиш мумкин. Кўпчиликни, жамоатчиликни кимлар ташкил қилади, улар учун энг долзарб ва устувор вазифалар нималардан иборат эканлигини аниқлаб олиш, бу ижтимоий сиёсатнинг негизини ташкил қилади, масалани ёритишнинг моҳиятини очиб беради, десак муболаға бўлмайди.
Буни қуйидагича ифодалашимиз мумкин.
Кўпчилик, жамоатчиликни кимлар ташкил қилади, табиий-ки инсонлар. Инсонлар учун тарихнинг ҳамма даврларида қайси ва қандай масалалар энг муҳим бўлиб келган? Умуман инсонлар қай тарзда ва нима мақсадда турмуш кечирганлар? Инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсак, дастлаб жамият, ундан кейин давлат пайдо бўлган. Янада оддийроқ айтадиган бўлсак, фуқаролар ўзларининг турмуш шароитлари даврида бирлашиб яшашга, маълум муаммоларни биргаликда ҳал қилишга, ва янада муҳим жиҳати, бошқарувга эҳтиёж сезиб келиши оқибатида бирлашганлар. Шу тариқа қавмлар, қабилалар ва кейинчалик йириклашгани ҳолда давлатлар вужудга келган. Албатта ўз навбатида давлатчилик вужудга келгани ҳолда маълум муаммолар, яъни, одамларнинг кун кечиришлари учун зарур шароитларни яратиб бериш, (яъни, уларни бошпана билан таъминлаш, ичимлик суви, егулик, қулай табиий шароит ва ҳоказо) инсонларнинг бандлигини таъминлаш, ҳар қандай ёвуз кучлардан фуқароларини сақлаш, ҳар қайси даврда ҳам қабила ва давлат раҳбарлари учун энг муҳим масалалар ҳисобланган.
Мана шу нуқтаи назардан ёндошган ҳолда айтишимиз мумкин-ки, ҳамма даврда ҳам, ҳаттоки, инсониятнинг энг қадимги ибтидоий жамоа тузуми даврида ҳам ижтимоий сиёсат ҳар бир қабила ва қавм раҳбариятининг (оқсоқолининг) олдида турган энг долзарб масала бўлиб, бу бевосита инсонлар, уларнинг турмуш тарзи билан боғлиқ ҳолда устуворлик касб этиб келган.
Улуғ аждодимиз, Соҳибқирон, давлатманд Амир Темурнинг майда давлатлар ўртасидаги ўринсиз ва аниқ мақсадларга йўналтирилмаган, балки, шахсий бойлик орттириш мақсадида олиб борилаётган урушларни бартараф этиш, энг муҳими бу мақсадсиз жангу-жадалларда барча оғирлик оддий инсонлар зиммасига тушишини англаган ҳолда ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, улар учун қулай имкониятлар яратиб бериш мақсадида одил ижтимоий сиёсат юритиши, ижтимоий масалаларнинг биринчи навбатда устуворлиги таъминлаши сабабли марказлашган улкан давлатни барпо этиши таҳсинга сазовордир. Мазкур давлатнинг барча ҳудудларида фуқароларнинг тенг ҳуқуқли эканликлари ва унда олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад, фуқароларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг тўқ ва бадавлат бўлишларига эришиш, шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш мақсадида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, илм-фан ва маърифатга очиб берилган кенг имкониятлар, савдо-сотиқ ишларининг юқори даражада ривожланиши учун шароит ва имтиёзларнинг яратилиши, ҳали, ўрта асрлардаёқ аждодларимиз томонидан ижтимоий сиёсатнинг қанчалик муҳим ва устуворлигига берилган аҳамият, инсон қадр-қиммати ва унинг муҳофазаси масалаларига қаратилган эътибор - устувор вазифа касб этганлигини кўришимиз мумкин.
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳар бир даврнинг ўзига хос ва ўша давр учун энг долзарб масалалари бўлиб келган. Аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, уларга шароитлар яратиш, инсонларга хизмат қилувчи воситаларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этиб, ҳамма даврда ҳам раҳбарият учун масъул ва устувор вазифалар ҳисобланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ижтимоий сиёсатга устувор вазифа сифатида қаратилаётган эътибор - юқорида келтирилганларнинг тадрижий ривожи сифатида давлатимиз раҳбари томонидан таъминланаётган инсон омили, инсон манфаатлари - ижтимоий гуруҳлар, қатламлар, миллатлар, шахс ва жамият, меҳнат ва турмуш шароитлари, соғлиқни сақлаш, бўш вақт, спорт, дам олиш, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириб бориш, тинчлик ва осойишталик, фуқаролар хавфсизлигини бекаму-кўст таъминлаш, уй-жой таъминоти ва коммунал хўжалиги тизимини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, хусусан, аҳолининг барча қатламини ижтимоий қўллаб қувватлаш масалалари бугунги куннинг муҳим сифат босқичидир.
Ижтимоий сиёсат ёки ижтимоий муносабатлар деганда, унинг бош объекти бўлиб инсон тушунилар экан, инсон учун зарур бўлган ва унга хизмат кўрсатувчи барча воситалар (амаллар) тушунилмоғи лозим.
Бевосита ижтимоий сиёсат тушунчаси ҳақида тўхталар эканмиз, “Ижтимоий сиёсат - бу инсонларга, улар турмуш тарзининг барча жабҳаларига қаратилган, бунда жамият ва унда яшаётган жамики инсонлар, хусусан, инсоният ривожи ва фаровонлигини амалга оширувчи барча фаолиятлар, илмий қарашлар, амалий ёндошувлар ва доимий равишда бажарилиши шарт бўлган тадбирлар мажмуасидир” дея таъриф бериш мумкин.
Шундай экан, ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишлари бўлиб:
- таълим тизими ислоҳотлари (мактабгача таълим муассасалари фаолияти, умумтаълим мактаблари фаолияти, ўқувчилар ижодиёт марказлари, мусиқа ва спорт тўгараклари фаолияти);
- тиббиёт тизими ислоҳотлари (соғлом турмуш тарзини таъминлаш, соғлом она-соғлом бола концепциясининг давомийлигини таъминлаш; сифатли тиббиёт хизмати, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш);
- меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлиги ислоҳотлари (янги иш ўринлари ташкил қилиш, корхона ва ташкилотларда иш ўринлари кенгайтирилишига замин яратиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш чораларини кўриш);
- аҳолининг барча қатламларини мунтазам ижтимоий қўллаб-қувватлаш ислоҳотлари (ёш авлоднинг мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларидан ташқари бўш вақтларини ижтимоий фойдали масалалар билан банд қилиш, вояга етмаганларга оид давлат сиёсатининг мунтазам устуворлигини таъминлаш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, қарияларни қадрлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг ишдан бўш вақтларини самарали ўтказишларини таъминлаш мақсадида спорт иншоотлари, маданият муассасаларининг доимий фаолиятини таъминлаш, айниқса, кўп қаватли уй-жойларда яшовчи аҳолининг бўш вақтларида фойдаланишлари учун болалар спорт майдончалари, катталар учун дам олиш майдонлари ташкил қилиш, уйлар аторофида ўриндиқлар ўрнатиш;
- уй-жой ва коммунал хўжалик тизимидаги ислоҳотлар (соҳада хизмат кўрсатиш тизимини тубдан ўзгартириш, уй-жой қурилишини, айниқса, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш масалаларини жадаллаштириш, кўп квартирали уй-жойларни сақлаш тизимини такомиллаштириш, кўп квартирали уй-жойларнинг замонавий талабларга мос ҳолда сақланишини таъминлаш, уларнинг кириш ҳамда зина йўлакларига (подъезд) хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, тозалигини таъминлаш, уй-жойлар атрофининг ободлиги ва тозалигини таъминлаш, кўп квартирали уй-жойларда яшовчи фуқароларнинг автомототранспорт ва шу каби бошқа воситаларининг сақлаш жойларини тартибга солиш;
- ҳудудлар инфрастуктурасини яхшилаш ислоҳотлари (тоза ичимлик ва иссиқ сув таъминоти ҳамда оқава сув тизими билан таъминланганлик даражасини ошириш, соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш, табиий газ, электр ва иссиқлик энергияси таъминотининг мунтазамлигини таъминлаш, марказий ва ички кўчаларни кенгайтириш, таъмирлаш (асфальт қопламаси ётқизиш), пиёдалар учун йўлакларни (тротуарларни) тартибга келтириш, тунги кўча чироқлари фаолиятининг мунтазамлигини таъминлаш);
- хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ислоҳотлари (аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини давр билан ҳамнафас ҳолда мунтазам шакллантириб бориш, бозорлар фаолиятини тартибга солиш, харидорлар (аҳоли) ва сотувчилар учун қулай муҳит яратилишини таъминлаш);
- иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ислоҳотлари (соҳа вакилларини мунтазам қўллаб-қувватлаш, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ҳамда экспорт қилувчилар фаолияти ва кўламини кенгайтириш);
- ҳуқуқ-тартибот ва фуқароларнинг манфаатларига хизмат қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ислоҳотлари;
- атроф муҳитни муҳофаза қилиш ислоҳотлари (соф ҳаво, тиниқ сув ва тоза тупроқ концепциясининг мунтазамлигини таъминлаш, минтақада экологик муҳитнинг муносиблигини сақлашга алоҳида эътибор қаратиш ва ҳоказо).
Шу ўринда ушбу фикрни ҳам келтириб ўтиш лозимки, келтирилган ижтимоий тизимдаги барча масалалар, мақсад ва вазифалар давр нуқтаи назаридан, устуворликнинг олдин ёки кейинги ўринларида бўлиб келади. Бу табиий ҳол. Бу ишларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида мужассамлаштириш, уларнинг ҳар бирининг устуворлигини мунтазам таъминлаб бориш ҳар бир давлат раҳбариятининг бош вазифасидир.
Келтирилган барча фикр-мулоҳазалардан хулоса қилиб айтишимиз мумкин-ки, ижтимоий сиёсат - бу мунтазам ҳаракатда бўлади ва ҳар бир давр учун маълум йўналишларнинг энг устувор вазифаларини амалга оширишга, ўткир муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилади.
Айнан шу масалаларни Ўзбекистон мисолида кўриб, барча саволларга ва социал сиёсат тушунчасига тўлалигича аниқлик киритишимиз мумкин. Бугун мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш даврида одамларнинг мушкулларини онсонлаштириш, уларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни баратараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Инсон омили учун мамлакатимизда аниқ мақсадларга йўналтирилган мақсадли дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий соҳаларда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, ҳеч шубҳасиз, катта аҳамиятга эга. Лекин оддий одам бу ўзгаришларни ўз кундалик турмушида, ўз дастурхонида, яқинлари, дўсту биродарларининг ҳаёти мисолида кўрмаса, барча қилган ишларимиз беҳуда” [4], -деб таъкидлаган эди, муҳтарам Президентимиз И.Каримов халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида.
Айниқса, дунёнинг аксарият, ҳаттоки ривожланган давлатлари томонидан юксак баҳоланаётган, тан олиниб, ҳатто-ки ўз давлат бошқарувига жорий қилинаётган, ҳар бир йилга алоҳида ном бериб, нафақат бир йил учун, балки узоқ муддатли дастурларнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда ёки Ўзбекистондаги давлат бошқарувида социал сиёсатнинг кўриниши ва унга бўлган муносабатнинг белгисидир.
Мамлакатимизда ҳар бир йилга алоҳида эътибор билан қаралиб, узоқ муддатли социал сиёсатни кўзлаган ҳолда инсон манфаатлари - оилани мустаҳкамлаш, уни чинакам жамиятнинг бир бўлагига айлантириш, аёлларга эътибор, соғлом авлод тарбияси, маҳаллалар ободлиги, қарияларни қадрлаш, оналар ва болалар, меҳр ва мурувват масалалари, ижтимоий ҳимоя тадбирлари, ҳомийлик ва шифокорларни қўллаб қувватлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби ўта муҳим вазифаларнинг амалга ошириб борилиши ва бунда ҳар бир йилнинг кейинги йилга мантиқий боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, барча тадбирлар энг аввало инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилишини таъминлаш фуқаролик жамияти асосларини яратишда мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишлари сирасига киради. Шунингдек, Ўзбекистонда инсон омили ва манфаатлари, унинг қадр-қиммати давлат муҳофазасида эканлиги, бу тадбирлар доимий ва давомий эканлиги, Ўзбекистонда социал сиёсат бугун, эрта ва индин эмас, балки, узоқ йилларни мўлжаллаган стратегик дастур асосида юритаётганлигини тасдиқлайди.
Мамлакатимизда юритилаётган ижтимоий сиёсат инсон омили ва унинг манфаатларига қаратилганини Бош Қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қатъий мустаҳкамланган деярли барча бўлим ва бобларида, айниқса, 2-, 13-, 14-, 30-, 31-, 32-, 36-, 37-, 38-, 39-, 40-, 41-, 45-, 64-, 66-, 99-, 100-, 101-, 102-, 103-, 104- моддаларида яққол кўришимиз мумкин.
Конституциянинг 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” [5, 5], -деб кўрсатилган. Мазкур моддада давлатнинг энг аввало инсон, ундан кейин жамият фаровонлигини кўзлаб иш олиб бориши, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида фаолиятни амалга ошириши мамлакатда инсон омилига бўлган муносабатнинг яққол кўринишидир.




Достарыңызбен бөлісу:
  1   2




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет