«Сен ҳали кичкинасан»
Қизалоқлар онасининг лаб бўёғи, кийим ва тақинчоқлари, пардоз воситаларига жуда қизиқишади. Айрим ота-оналар
наздида бу яхши эмас, болага янада қаттиқроқ туриш керак.
Она қизалоғини уришади: «Нега помадамга тегдинг?» ёки «Ёш болага қиммат кўйлак кийишни ким қўйибди?» дея. Бола эса нима учун дакки эшитаётганини англолмайди.
Тақиқ сабаби тушунтирилмаса, у қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида тўғри
ахборот берилмаса, болада жавобсиз саволлар кўпайиб боради. Зотан, «Сен ҳали кичкинасан», дейиш қониқарли изоҳ эмас.
Айниқса, ўғил бола тарбиясида ушбу ибора имкон қадар ишлатилмагани маъқул. Сабаби, у ўғил
боладаги фаоллик, ижобий фикрлаш қобилиятини йўқ қилади. Бола эркин ҳаракат
қилишдан, мустақил фикрлашдан чўчиб қолади. Янгилик қила олмайди. Ўзига ишончи паст бўлиб улғаяди.