Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун


Қадимги форс битикларида Ўрта Осиё халқлари ҳақида маълумотлар



бет2/4
Дата21.06.2016
өлшемі5.8 Mb.
#151676
1   2   3   4

1.2. Қадимги форс битикларида Ўрта Осиё халқлари ҳақида маълумотлар.

Қадимги Ўрта Осиё халқлари тарихини ёритувчи илк эпиграфик манбалардан бири Мидиядаги шоҳ Доро I (мил. ав. 522-486 йилларда подшоҳлик қилган) буйруғига биноан қадимги форсий, элам ва бобил тилларида миххатнинг турли кўринишларида тош қояга битилган Беҳистун (Беҳистун) ёзувидир32. У катта деб аталмиш ёзувдан ва бир неча кичик ёзувлардан иборат. Катта ёзувларнинг маъноси бир хил бўлиб, матн уч тилда ёзилган.

XIX асрнинг 30-йилларида ассириология фанининг асосчиларидан бири, шарқшунос Генри Роулинсон битикнинг форсий матнини кўчириб олган ва деярли бутунлай ўқиб чиқишга эришган, бу эса Қадимги Шарқ халқларининг бошқа миххат ёзувларини ўқишда калит вазифасини бажарди. Маъноси бўйича ёзув матни – Аҳамонийлар давлатида асосан мил. ав. 522-519 йилларда бўлиб ўтган ҳодисаларнинг расмий талқинидир. Ёзувнинг асосий қисмида Камбизнинг ўлимидан сўнг Доро I (Дориёвуш)нинг давлатни қамраб олган қўзғолонлар ва беқарорликка қарши, Форс давлатини сақлаб қолиш учун олиб борган кураши ҳақида ҳикоя қилинади. Ёзувда келтирилган маълумотларни Геродотнинг ушбу ҳодисалар ҳақидаги ҳикояси тўлдиради.

Беҳистун ёзувлари, шунингдек, Ўрта Осиё халқлари тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлмиш Марғиёнада (Марв воҳаси) Доро I даврида бўлиб ўтган қўзғолонни ёритишда бебаҳо манба сифатида хизмат қилади (“Мен Бобилда бўлган вақтимда, мана бу ўлкалар мендан ажралиб чиқди... Марғиёна (Марв)... Саклар ўлкаси”)33. Беҳистун, Персепол ёзувларини, антик давр ва бошқа муаллифлар ахборотларини синчиклаб ўрганиш академик В.В.Струвега ушбу қўзғолон тарихини қайта тиклаш имконини берди.

Марғиёнадаги (Маргос дарёси сувлари оқиб ўтган ва Аҳамонийлар даврида ушбу ҳудуднинг хўжалик ҳаётида муҳим роль ўйнаган Ўрта Осиёнинг йирик воҳаларидан бири) қўзғолон Аҳамонийлар сулоласининг чекка шажарасига мансуб Доро I тахтга ўтирганидан сўнг кўп вақт ўтмай кўтарилган. Доро қўшинларининг қўзғолончилар устидан ғалаба қозонган санаси ҳам маълум: мил. ав. 522 йил. Лекин бу ғалаба қўзғолончиларнинг буткул тор-мор этилганини билдирмайди. Қўзғолончилар раҳбари Фрада 522 йилдан кейинроқ асир этилган34. Қўзғолоннинг келиб чиқишига Ўрта Осиёнинг эрксевар халқлари келгинди Аҳамонийлар ва улардан аввалги мидияликлар ҳукмронлигига узоқ вақт мобайнида кўрсатган қаршиликлар сабаб бўлган, деб ҳисобланади. Бу ерда Марғиёнада азалдан мавжуд бўлган қадимги уруғ демократиясининг, ўз ҳукмронлиги остидаги ўтроқ ва кўчманчи халқларнинг бўйнига оғир солиқ тўловларини илаётган форс ҳукмдорларининг кучайиб бораётган таъсирига кўрсатган қаршилиги намоён бўлган.

Масаланинг диний томони ҳам катта роль ўйнаган, деб тахмин қилиш мумкин, чунки зардуштийлик таълимоти айни Марғиёнада ижтимоий жиҳатдан ўзига хос демократик кўринишлар қабул қилиб, деярли умумхалқ таълимотига айланган эди. Илк Аҳоманийлар даврида эса бу дин ҳали Эронда кенг тарқалмаган эди.

Марғиёнадаги қўзғолон қилич ва олов билан бостирилди. Беҳистун ёзуви матнидаги маълумотга кўра, ўлдирилган қўзғолончиларнинг ўзи 55000 кишини ташкил қилган. Демак, келтирилган рақам бўрттириб кўрсатганлиги эҳтимоли назарда тутилганида ҳам35, бу қўзғолон кенг, умумхалқ миқёсида олиб борилганлигидан далолат беради. Қўзғолонни аввалига қабилалар бошлиқларининг қурултойи бошқарди, сўнгра эса, “Фрада исмли бир эрни, марғиёналикни, уни улар энг катта қилиб қўйдилар” (Беҳистун ёзувларининг III, 11-12-сатрлари).

Қўзғолонни бостириш Бақтрия сатрапи, форс Дадаршишга топширилган эди. У ўзига юкланган вазифани тезда бажарди ва қўзғолон мил. ав. 522 йилнинг охирларида бостирилди. Беҳистун битигига кўра, Доро Дадаршишга қуйидаги топшириқни берган: “Бор, ўша қўшинни тор-мор эт, у менга қарашли эмас” (III, 12-25).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Доронинг қўзғолончиларга қарши ҳаракат қилишга шошилгани тасодифий эмас эди. Марғиёна ўз бойликлари (ривожланган чорвачилиги, деҳқончилиги, хусусан, узумчилик) ва кўп сонли аҳолиси билан Аҳоманийлар давлатида муҳим ўрин эгаллар эди. Бундан унинг Партава, Суғд, Хоразм ва Бақтрия билан бир қаторда сатрапия сифатида ажратилганлиги далолат беради. Бунинг устига Марғиёна Гиркания билан чегарадош эди36.

Тадқиқотчилар Доронинг бу юриши ҳақидаги ҳикояда унинг ғалабалари бўрттириб кўрсатилганлигига урғу берадилар ва қуйидагича тахмин қиладилар: унинг саклар бошлиғи Скунхани қабиланинг бошқа аслзода намояндаси билан алмаштиргани сакларнинг қатьий ва кенг кўламда кўрсатган қаршиликлари олдида Доронинг фақат шу чора билан чекланишга мажбур бўлгани ва бу қаршиликни бутунлай бостиришга кучи етмаганидан далолат беради.

Беҳистун битиги матнининг ўзбекча таржимаси эроншунос В.И.Абаев томонидан рус тилига қилинган янги таржимадан бажарилди.

Беҳистун битиги. Мен –Доро, буюк шоҳ, шаҳаншоҳ, Форс шоҳи, вилоятлар шоҳи, Виштаспанинг ўғли37, Аршаманинг невараси, Аҳамоний38.

Шоҳ Доро дейди: менинг отам –Виштаспа, Виштаспанинг отаси – Аршама, Аршаманинг отаси–Ариарамна, Ариарамнанинг отаси–Чишпиш39, Чишпишнинг отаси – Аҳамон. Шунинг учун биз Аҳамонийлар деб аталамиз. Азалдан обрў-эътиборга эгамиз, азалдан уруғимиз шоҳона бўлган.

Менгача уруғимиздан саккиз (киши) шоҳ бўлган40. Мен тўққизинчиман. Биз тўққиз (киши) кетма-кет шоҳ бўлганмиз. Ахура Мазданинг иродаси ила мен – шоҳман. Ахура Мазда менга давлат берди.

Қуйидаги вилоятлар менга тегишли бўлди, Ахура Мазда марҳамати ила мен уларнинг шоҳи бўлдим: Эрон, Элам, Бобил, Оссурия, Арабистон, Миср, денгиз бўйи вилоятлари, Лидия, Иония, Мидия, Арманистон, Каппадокия, Партава, Дранғиёна, Ария, Хоразм, Бақтрия41, Суғдиёна, Гандҳара, Скифия, Саттагидия, Арахосия, Мака: ҳаммаси бўлиб 23 та вилоят42.

Бу вилоятлар менга тегишли бўлди. Ахура Мазда марҳамати билан улар менинг мулкимга кирди. Улар менга ўлпон келтирар эди. Мен уларга қилган барча фармонларимни – хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, – улар бажо айлар эдилар. Бу вилоятлардаги дўст бўлган ҳар бир кишига мен хайр-эҳсон қилар эдим, душманлик қилганини қаттиқ жазолар эдим. Ахура Мазданинг иродаси билан бу вилоятларнинг ҳаммаси менинг қонунларимга бўйсунар эдилар. Менинг барча буюрганларимни улар бажарар эдилар. Ахура Мазда менга бу салтанатни инъом этди. Ахура Мазда бу салтанатни қўлга киритишимда менга ёрдам берди. Ахура Мазда марҳамати билан мен бу салтанатга ҳукмронман.

Доро – шоҳ айтади: “Мен шоҳ бўлганимдан сўнг мана шу ишларни қилдим.” ...

...Сўнгра Гаумата43 исмли бир киши, муғ, пайдо бўлди. У Аркадриш номли тоғ яқинидаги Пишявадда қўзғолон кўтарди. У қўзғолон кўтарганида вияхна ойининг 14-куни эди44. Халқни у шундай алдар эди: “Мен – Бардия, Курушнинг ўғли, Камбизнинг укасиман”. Шунда бутун халқ қўзғолон кўтарди ва Камбиздан унинг томонига ўтди: Эрон ҳам, Мидия ҳам, бошқа вилоятлар ҳам. У (Гаумата) салтанатни қўлига олди...

...Мен келгунимга қадар ҳеч бир кимса Гаумата муғга қарши бирор гап айтишга ботинмас эди. Сўнгра мен Ахура Маздага ибодат қилдим. Ахура Мазда менга ёрдам берди. Бу бағаядиш ойининг 10-куни эди45, шу куни мен кам сонли одамларим билан Гуамата муғни ва унинг кўзга кўринган сафдошларини Мидиянинг Нисаййя46 вилоятидаги Сикаяватиш номли қасрида ўлдирдим. Салтанатни ундан тортиб олдим.

Ахура Мазданинг иродаси билан мен шоҳ бўлдим. Ахура Мазда менга салтанатни берди. Бизнинг уруғдан олиб қўйилган салтанатни мен қайтариб олдим, уни асл кўринишида тикладим. Гаумата-муғ вайрон этган саждагоҳларни мен қайта тикладим. Мен халқдан Гаумата-муғ тортиб олган яйловларни, мулкларни, уй-жойни уларга қайтариб бердим. Мен мамлакатни аввалги кўринишида қайта тикладим: Эронни ҳам, Мидияни ҳам ва қолган вилоятларни ҳам. Тортиб олинганнинг ҳаммасини (эгаларига) қайтариб бердим. Ахура Мазданинг иродаси билан бунинг ҳаммасини мен амалга оширдим. Мен Гаумата-муғ тахтни яна тортиб олмаслиги учун бизнинг хонадонимиз (пойтахтини) ўз жойида қайта тиклашга эришдим.

Мен шоҳ бўлганимдан сўнг мана бу ишларни қилдим...

Мен Бобилда турган вақтимда қуйидаги вилоятлар мендан ажралиб чиқди: Эрон, Элам, Мидия, Оссурия, Миср, Партава, Марғиёна, Саттагидия, Скифия...

Доро – шоҳ айтади: Партава ва Гиркания47 мендан ажралиб чиқдилар ва Фравартишга қўшилдилар. Менинг отам Виштаспа (Гистасп) Партавада эди. Халқ ундан юз ўгирди ва қўзғолон кўтарди. Шунда Виштаспа ўзига содиқ (қолган) лашкарни тортди ва Партавадаги Вишпаузатиш48 шаҳри яқинида партаваликлар билан жанг қилди. Ахура Мазда менга ёрдам берди. Ахура Мазда иродаси билан Виштаспа қўзғолончилар қўшинини тор-мор этди. Жанг содир бўлганида бу вияхна49 ойининг 22 куни эди.

Сўнгра мен Виштаспага форс лашкарини Рага (ҳудудидан) юбордим. Лашкар Виштаспа ҳузурига етиб келганида Виштаспа бу лашкарни (ўз қўмондонлиги остига) қабул қилиб, юришга чиқди (ва) Патиграбан50 шаҳри яқинида, Партавада қўзғолончиларга қарши жанг қилди. Ахура Мазда менга ёрдам берди. Ахура Мазда иродаси билан Виштаспа қўзғолончилар қўшинини тор-мор этди. Бу жанг содир бўлганида гармапада51 ойининг 1-куни эди. Шундан сўнг мамлакат меники бўлди.

Партавада мен мана бу ишларни қилдим.

Доро – шоҳ айтади: Марғиёна деб аталмиш ўлка мендан ажралиб чиқди. Фрада исмли бир одам, марғиёналик, улар томонидан ҳукмдор деб эълон қилинган эди. Шунда мен ўз амалдорим, Бақтрия сатрапи, форс Дадаршишнинг ҳузурига (киши) юбордим (ва) унга шундай дедим: “Бор ва мени тан олмаётган у қўшинни тор-мор эт”. Дадаршиш лашкар тортди (ва) марғиёналиклар билан жанг қилди. Ахура Мазда менга ёрдам берди. Ахура Мазданинг иродаси билан менинг лашкарим қўзғолончиларни тор-мор этди. Бу жанг содир бўлганида ассиядия52 ойининг 23-куни эди. Шундан сўнг мамлакат меники бўлди.

Мен Бақтрияда мана бу ишларни қилдим...53

Доро – шоҳ айтади: Ахура Мазда иродаси ила бир йил давомида қуйидагиларни амалга оширдим. Шоҳ бўлганимдан сўнг 19 та жанг бердим. Ахура Мазданинг иродаси ила мен (душманларни) енгдим ва 9 подшони асир этдим:

Бири Гаумата-муғ эди, у: “Мен, Бардия, Курушнинг ўғлиман”, деб алдар эди. У Эронни ғалаёнга келтирди.

Бири Ассина, эламлик, у: “Мен – Элам шоҳиман”, деб алдар эди. У Эламни ғалаёнга келтирди.

Бири Надинтабайра, бобиллик, у: “Мен – Навухадуносур (Бухтунаср), Набониднинг ўғлиман”, деб алдар эди. У Бобилда ғалаён кўтарди.

Бири Мартия, форс, у: “Мен – Иманиш, Эламнинг шоҳиман”, деб алдар эди. У Эламда ғалаён кўтарди.

Бири Фравартиш, мидиялик, у: “Мен – Хшатрита, Увахштра (Киаксар)нинг уруғиданман”, деб алдар эди. У Мидияда ғалаён кўтарди.

Бири Чиссатахма, сагартиялик, у: “Мен – Сагартия шоҳиман, Увахштра уруғиданман”, деб алдар эди. У Сагартияда ғалаён кўтарди.

Бири Фрада, марғиёналик, у: “Мен – Марғиёна шоҳиман”, деб алдар эди. У Марғиёнада ғалаён кўтарди.

Бири Вахиаздата, форс, у: “Мен– Бардия, Курушнинг ўғлиман”, деб алдар эди. У Эронда ғалаён кўтарди.

Бири Арака, армани, у: “Мен – Навухадуносур, Набониднинг ўғлиман”, деб алдар эди. У Бобилда ғалаён кўтарди54.

Шу 9 подшони мен ўша жангларда асир этганман.

Бу исёнкор вилоятлар қўзғолон кўтарганлар, – ёлғон уларни исёнкор қилган55, чунки улар (сохталар) халқни алдар эдилар, – Ахура Мазда уларни менинг қўлимга топширди. Мен ўз ихтиёрим бўйича уларга нисбатан чора кўрдим...

Доро – шоҳ айтади: саклар лашкари билан денгиз ортидаги ўткир учли қалпоқ киядиган56 саклар ўлкасига бордим.

Сўнгра мен денгиз яқинида кемалардан кўприкни ўз ўрнида қайта тикладим57. Шу кўприкдан мен мамлакат бўйлаб ўтдим ва сакларни қақшатқич (зарба билан) енгдим, уларнинг бир қисмини тутиб асир қилдим, бошқа бир қисми кишанланган ҳолда ҳузуримга келтирилди ва уларнинг биринчисини, Скунха58 исмли энг каттасини улар ушладилар ва ҳузуримга келтирдилар. Мен ўз ихтиёримча у ерда бошқасини энг катта қилиб қўйдим. Сўнгра мамлакат меники бўлди...59

Доро – шоҳ айтади: сен – кимса, келажакда мен ёзган бу ёзувларни ёки шу расмларни кўрганингда, уларни вайрон этма...

Агар сен бу ёзувларни ва расмларни кўриб, уларни вайрон этсанг ва қўлингдан келганича сақламасанг, у ҳолда Ахура Мазда сени урсин, уруғингни қириб ташласин ва нима қилаётган бўлсанг, яксон қилсин.



Персепол ёзуви. Персепол – асосан Доро I ва Кайхусрав (юнончада Ксеркс) I даврида қурилган, ҳашаматли қасрлари бўлган Аҳамонийлар пойтахтларидан бири. Кейинчалик у охирги аҳамоний Доро III устидан қозонилган ғалабани нишонлаётган Македониялик Александр қўшинлари томонидан вайрон қилинган ва харобага айлантирилган. Персеполнинг тарихий обидалари орасида Аҳамоний шоҳларнинг, жумладан, Доро I нинг ёзувлари бор. Қуйида келтирилаётган парча мазмун жиҳатидан юқорида келтирилган Беҳистун ёзуви матнига яқин.

1.2. “Ахура Мазда иродаси билан мен мана бу вилоятларнинг устидан форс халқининг кучи билан ҳукмронлик қилдим, улар мендан қўрқардилар ва менга ўлпон келтирардилар: Сузиёна, Мидия, Арманистон, Спарда, қитъадаги ва денгиздаги юнонлар ва қуёш чиқишидаги вилоятлар – сагартийлар, Партава, зариаклар(дранғиёнлар), Ария, Бақтрия, Суғдиёна, Хоразмия, саттагидлар, Арахозия, Ҳиндистон, Гандҳария, саклар”.



Кайхусравнинг Персеполдаги девларга қарши ёзуви. 1935 йил Персеполда топилган икки тош жадвалдаги ёзувнинг санаси мил. авв. 486-480 йиллар билан белгиланади. У уч тилдадир (асосий матн қадимги форсий, қолганлари эса бобил ва элам тилларида). Ёзув – девларга (дайва – маҳаллий қабила маъбудлари, улар табиат ва жамиятнинг қора ва ёвуз кучларини ўзларида мужассамлаштирган руҳлар деб ҳисобланган) сиғинишга қарши ва Ахура Маздани ягона илоҳ деб тан олишга қаратилган қадимги Эрон диний ислоҳотининг акс садосидир.

Ёзувда акс эттирилган ҳодисалар айни қаерда содир бўлганлиги ҳақида олимлар бир фикрга келмаганлар. Бу Бобил, Эрон ёки Ўрта Осиёнинг вилоятлари бўлиши мумкин.

“Буюк парвардигор Ахура Мазда бу ерни яратди, шу осмонни яратди, одамни яратди..., Кайхусравни подшоҳ қилди...

Шоҳ Кайхусрав айтади: “Ахура Мазда иродаси билан мен ҳукмронлик қилган мамлакатлар, Эрондан ташқари, (мана) булардир; мен уларни бошқарар эдим, улар менга ўлпон тўлар эдилар; буюрганимни улар бажо келтирар эдилар; менинг қонунимга риоя қилар эдилар: Мидия, Сузиёна, Арахозия, Арманистон, Дранғиёна, Партава, Ария, Бахтария, Суғдиёна, Хоразм... даҳлар, Хаумаварга саклари, учи ўткир қалпоқли саклар... Ва шу мамлакатларнинг қай бирида олдин девларга сиғинар эдилар. Сўнгра, Ахура Мазда иродаси билан, мен бу девлар саждагоҳини вайрон қилдим ва “Девларга сиғинма”, деб амр қилдим... Ахура Мазда мени ва хонадонимни ва бу ўлкани ҳам (ҳар хил) бало-қазодан асрасин”.



Доро I нинг Ҳамадондаги кумуш пилакчадаги ёзуви. Ҳамадон яқинида тасодифан топилган кумуш пилакчадаги ёзув (бошқа бир олтин пилакча билан бирга) Доро I ҳукмдорлиги даврида Ўрта Осиё Аҳоманийлар мулкига кирганлигига яна бир далолат бўлиб хизмат қилади.

Бу пилакчани топган одам унинг устига ёзувлар ўйиб ёзилганига аҳамият бермай, кумушнинг баҳосидан келиб чиққан ҳолда, уни бошқа одамга сотиб юборган. У эса, ўз навбатида, бу пилакчани саккиз парчага бўлиб, қадимиётчига сотиб юборган. Бахтли тасодиф туфайли кумуш ва олтин пилакчаларнинг фотосуратлари сақланиб қолган. Айни шу суратлар бўйича аниқландики, михсимон ёзув қадимги форсий, элам ва бобил тилларида, яъни Аҳамонийларнинг айни ўша Беҳистун қояларидаги расмий ёзувларида, Персепол қурилмаларида, Сузадаги Артаксеркс (Артахшас) II устунларида учрайдиган битиклар тилларида ёзилган. Эҳтимол, кумуш пилакча (олтин пилакча билан бир қаторда) Доро I нинг Экбатана (ҳозирги Ҳамадон)даги мил. ав. 518 йилдан кейин қурилган саройининг пойдеворига кўмиб қолдирилгандир.

Асосий (қадимги форсий) матн (қолган иккиси – таржималар) қуйида А.А.Семенов нашри бўйича келтирилмоқда60.

“Доро, буюк шоҳ, шаҳаншоҳ, ўлкалар ҳукмдори, Виштаспнинг ўғли, Аҳоманий. Доро – шоҳ айтади: менинг мулким бўлмиш бу мамлакатни – Суғдиёна ортидаги саклар (ўлкасидан) то Нубиягача ва Ҳиндистондан то Сардгача менга аста-секин Ахура Мазда инъом айлади, у эса худоларнинг энг буюгидир. Ахура Мазда менга ва менинг хонадонимга ҳомийлик қилсин”.



Доро I нинг қабридаги ёзув. Доро I Виштаспнинг қабридаги (Нақши Рустам қабристонида қоя ичидаги қабр)61 ёзув мазмунан ушбу ҳукмдорнинг ҳаётлигидаги бошқа ёзувлар матнига яқиндир.

“Доро – шоҳ айтади: “Мана мен Эрон чегараларидан ташқарида забт этган ўлкалар; уларни ўз ҳукмим остига олдим, улар менга ўлпон тўлар эдилар ва буюрганимга бўйсунар эдилар; менинг қонунимга риоя қилар эдилар ва бошқа қонунларга бўйсунмас эдилар: Мидия, Сузиёна, Партава, Ария, Бахтариёна, Суғдиёна, Арахозия, саттагидлар, гандҳариялар, ҳиндлар, сак-эмиргийлар62, ўқчи саклар, Бобил, Оссурия, Арабистон, Миср, Каппадокия, Спарда, Иония, денгиз орти саклари, скудрлар63, чамбар тақиб юрувчи юнонлар, понтликлар, коссаклар, мациялар64, колхлар65”.



Доро I нинг Сузадаги ёзуви. Сузадаги миххат Эламнинг собиқ пойтахти бўлган ушбу шаҳарда форс шоҳларининг асосий қароргоҳларидан бири барпо этилиши ҳақида ҳикоя қилади. Ёзув матнида Ўрта Осиёга тааллуқли маълумот келтирилади.

“Доро – шоҳ айтади: Бу (қасрни) мен Сузада қурдим. Унинг безаклари олисдан келтирилган... Уака66 ёғочи Гандҳара ва Кермондан келтирилган эди. Олтин... Сард67 ва Бақтриядан келтирилар эди. Жавоҳирлар, ложувард ва лаъл Суғдиёнадан келтириларди... Тўқ кўкимтир ялтироқ тош (феруза?) Хоразмдан келтириларди”.



2-БОБ. Аҳамонийлар даври Ўрта Осиё тарихи тарихшунослиги

2.1. Аҳамонийлар даврида Бақтрия

Бақтрия мил. ав. VI-IV асрларда Аҳамонийлар империяси таркибига кирган бўлса-да, унинг моддий маданиятида, меъморчилик, шаҳарсозлик соҳаларида аҳамонийларнинг маданий таъсири сезилмаганлиги, яъни ўз йўлида ривожланганлиги кўплаб тадқиқотчилар томонидан қайд этилган. Ўзгаришлар географик бўлиниш ва сиёсий бошқарув соҳаларида амалга оширилганлиги хусусида ҳам тадқиқотчилар ўз фикрларини айтишган68.

Аҳамонийлар империясининг XII cатрапи ҳисобланган Бақтрия ўлкасида археологлар томонидан ўтган асрнинг 50 йилларидан бошлаб аҳамонийлар даври ёдгорликлари ўрганилиб келинмоқда. Дастлаб, Жанубий Тожикистон ҳудудидаги Қалаи Мир69, Болдай тепа70 ёдгорликлари ўрганилиб, шу тадқиқотлар асосида М.М. Дьяконов Бақтрияда илк синфий муносабатлар ва давлатчилик бўйича дастлабки фикрларни айтди71. Сурхон воҳасида эса 60 йиллардан бошлаб Аҳамонийлар даври ёдгорликлари аниқланиб ўрганила бошланди72. Ҳозирги кунда эса фақат Сурхон ва Шеробод воҳаларида шу даврга оид ўнлаб ёдгорликлар аниқланган бўлиб, айрим ёдгорликлар тўлиқ очиб ўрганилди73.

Аҳамонийлар даври ёдгорликларининг сони ортиб бориши билан тадқиқотчилар уларни суғорилиш шохобчаларига қараб районлаштириш масаласини ҳам ечишга киришганлар. Э.В. Ртвеладзе шу давр ёдгорликларини 5 та суғорилиш районига (Уланбулоқсой, Шеробод, Бандихонсой, Миршоди, Вахшувар) бўлган бўлса, А.С. Сагдуллаев 8 та районга ажратган74.

Аҳамонийлар даврида давлат бошқаруви усулларининг такомиллашган формасининг жорий этилганлигини, ёдгорликларни суғориш иншоотларига қараб районлаштириш сиёсий ва ижтимоий тарих учун кам маълумотлар беришини инобатга олиб, Бақтриянинг Аҳамонийлар даври ёдгорликларини деҳқончилик ўлкалари бўйича районлаштиришни таклиф этмоқчимиз. Шу услуб бўйича Шимолий Бақтрия ҳудудида 7 та деҳқончилик ўлкаси, ҳар бир деҳқончилик ўлкасида эса 2-3 тадан суғорилиш районларининг мавжудлиги кузатилмоқда.


  1. Шеробод деҳқончилик ўлкаси ўз таркибига Уланбулоқсой ва Шеробод суғорилиш районларини бирлаштириб, Шеробод воҳаси ва Кўҳитангтоғ яйловларини ўз ичига олган. Ўлканинг сиёсий маркази вазифасини Жондавлаттепа ёдгорлиги бажарган. Жондавлаттепа шаҳридан ташқари бу ерда Кучуктепа, Пшактепа, Талашқон I каби ёдгорликлар жойлашган.

  2. Бойсун деҳқончилик ўлкаси ўз таркибига Сурхондарёнинг юқори оқимлари ҳудудларини ва Бойсун яйловларини бирлаштириб, бу ерда учта табиий суғорилиш иншооти жойлашган. Барча сув ўзанлари Бойсунтоғдан бошланиб, ўз сувларини Сурхондарёга қуяди. Булар Бандихон, Миршоди ва Сангардак-Тўполанг дарёларидир. Ушбу деҳқончилик ўлканинг маданий ва сийсий маркази вазифасини Қизилтепа ёдгорлиги ўтаган.

  3. Сурхон деҳқончилик ўлкаси ўз таркибига Сурхондарёнинг ўрта ва қуйи оқимлари ўзанлари ва яйловларини ўз таркибига олади. Маркази Хаитобод тепа75.

4. Кафирнигон деҳқончилик ўлкасида иккита суғорилиш райони бўлиб, биринчиси Кафирнигон дарёсининг Чангоб ўзани ҳудудларини бирлаштиради. Бу ерда Ҳисор қалъасининг қуйи қатламлари, Тупхона сополлари уюми ёдгорликлари жойлашган. Иккинчи суғорилиш районига Кафирнигон дарёси ўзанлари киради. Бу ерда Калаи-Мир ёдгорлиги ва Нахри-калон канали жойлашган. Ўлканинг маркази Калаи-Мир ёдгорлиги ҳисобланади76.

5. Вахш деҳқончилик ўлкасида ҳам иккита суғорилиш райони кузатилади. Булар Вахш дарёсининг Яван-су ўзани бўлса, иккинчиси Вахш дарёсининг чап қирғоқ ҳудудларини ўз ичига олади. Яван-суда Томошотепа ва Шўраисой ёдгорликлари, Вахшда эса Болдай тепа ёдгорлиги ва Болдай каналлари шу даврга оид77.

6. Панж деҳқончилик ўлкаси шу номли дарё ўзанларини ўз ичига олиб, бу ўлкада Байдудашт ёдгорликлари жойлашган (Байтудашт I-VI). Воҳанинг маркази Байтудашт IV ёдгорлиги ҳисобланади78.

7. Қизил-су деҳқончилик ўлкаси Қизил-су дарёсининг қуйи оқимларини ўз ичига олади. Бу ерда Мокини-мор ёдгорлиги жойлашган79.

З. Ҳакимов Жанубий Бақтриянинг шу давр ёдгорликлари тўртта деҳқончилик ўлкасида жойлашганлигини кузатган бўлса (Даштли, Фарухобод, Олтин-Дилёр ва Наибобод)80, В.И. Сарианиди қуйидаги ўлкаларни кўрсатган: Шибирғон, Қундуз, Наибобод, Шўртўғай81.

Ҳар бир деҳқончилик ўлкасини Бақтрия сатраплиги ҳудудидаги маҳаллий амалдорлар бошқарган кичик иқтисодий бирлашма сифатида эътироф этиш мумкин. Негаки, ҳар бир деҳқончилик ўлкасида биттадан шаҳар ва шу шаҳарлар атрофида 4-11 тагача қишлоқ типидаги ёдгорликларнинг жойлашганлигини кузатишимиз мумкин.

Бақтриянинг Аҳамонийлар даври ёдгорликлари А.С. Сагдуллаев томонидан бешта типга бўлинган:


  1. Тарқоқ ҳолда жойлашган қалъали қишлоқлар;

  2. Тарқоқ ҳолда жойлашган катта қишлоқлар;

  3. Мудофаа девори бўлмаган кичик қишлоқлар;

  4. Мудофаа деворлари билан ўралган кичик қўрғонлар;

  5. Шаҳарлар82.

Э.В. Ртвеладзе ҳам худди шунга ўхшаш типологияни таклиф этган, лекин у ҳарбий истеҳкомларни (қалъа) алоҳида тип сифатида ажратган83.

Фикримизча, юқорида эслаб ўтилган ёдгорликлар типологиясида ёдгорликларнинг функцияси эътиборга олинмаган. Масалан, тўлиқ очиб ўрганилган Пишактепа ёки Пачмактепани улар таклиф этган типологиянинг қайси типига мансуб эканлигини айтиш қийин. Ёки, А.С.Сагдуллаев Кучуктепа ва Қизилча VI ёдгорликларини бир типга, яъни мудофаа деворлари билан ўралган қўрғонлар тоифасига киритилганлигини қандай тушуниш мумкин? Биринчиси тўрт метр қалинликдаги платформа устига қурилган, уч қатор мудофаа девори билан ўралган бўлса, иккинчиси ҳовлили кичик қўрғондан иборат бўлган ёдгорликлар бир тоифага киритилганлиги каби масалалар бизни ушбу масалага яна бир бор қайтишга ундади.



Шимолий Бақтриянинг Аҳамонийлар даври ёдгорликларини қуйидаги олтита типга ажратиш мумкин:

  1. Арк ва шаҳристон қисмдан иборат бўлган, мудофаа деворлар билан ўралган, умумий майдони 22 гектаргача бўлган шаҳарлар. Шимолий Бақтрия ҳудудида Қизилтепа, Хаитободтепа, Жондавлаттепа, Байтудашт IV, Қалаи Мир каби ёдгорликлар шаҳарлар тоифасига киради.

Диссертациянинг «Илк давлатларнинг археологик белгилари»га бағишланган қисмида шаҳар ва давлатларнинг ўзаро муносабатларига ва шаҳарларнинг ривожланиш босқичларига ўз муносабатимизни билдириб, илк давлатларнинг империялар босқичида шаҳарларнинг тоифаларга бўлинишини кўрсатиб ўтган эдик. Шимолий Бақтрия ҳудудида жойлашган Қизилтепа шаҳридан бошқа биронта шаҳар типидаги ёдгорликни Бақтр шаҳри ёдгорлиги билан таққослаб бўлмайди. Аҳамонийлар империяси XII сатраплигининг пойтахти бўлган Бақтр шаҳри Бақтрия ҳудудидаги энг йирик, пойтахт шаҳар харобасидир. Қолган шаҳарлар деҳқончилик ўлкаларининг маркази вазифасини бажарган. Аҳамонийлар даврида ҳар бир деҳқончилик ўлкасида биттадан шаҳарнинг жойлашиши кузатилмоқда.

  1. Аркли қишлоқлар. Шаҳарлардан ҳудудий жиҳатдан кичик бўлиб, тарқоқ ҳолда жойлашган. Шу типдаги ёдгорликлар ирригацион районларнинг маркази вазифасини бажарган бўлиши мумкин. Улар ҳудудий жиҳатдан деҳқончилик ўлкасидан узоқроқ жойлашган ирригацион районларда учрайди. Шундай ёдгорликлар тоифасига Кучуктепа, Обиширтепа, Добилқўрғон тепаликлари киради.

  2. Арксиз қишлоқлар. Бир ва бир неча тепаликлар мажмуасидан ташкил топган, мудофаа деворларига эга бўлмаган, тарқоқ ҳолда жойлашган ёдгорликлар. Шу типдаги ёдгорликларга Термиз шаҳри ҳудудидаги Номсизтепа, Бандихонсойтепа, Бобиртепа, Болдайтепа, Байтудашт I тепаликларини киритиш мумкин.

  3. Қўрғонлар. Бир ва бир неча патриархал оилага мўлжалланган, ҳудудий жиҳатдан энг кичик бўлган, алоҳида жойлашган қўрғонлар. Мисол тариқасида Қизилча I-XI, Байтудашт II-III ёдгорликларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ушбу тип ёдгорликлар Қизилча VI мисолида А.С. Сагдуллаев томонидан батафсил ўрганилган84.

  4. Ҳарбий истеҳком, қалъалар. Алоҳида жойлашган, ўз замонасининг энг мукаммал мудофаа иншоотларига, яъни 5 метр қалинликдаги мудофаа деворлари ва буржларига эга бўлган ёдгорликлар тоифаси. Доира шаклида қурилган Талашқон I, квадрат шаклидаги Бандихон II ёдгорликлари ҳарбий истеҳкомлар тоифасига киради85.

  5. Ибодатхоналар. Ушбу тоифадаги ёдгорликларга Пачмактепани киритиш мумкин. У пиллапоя услубида, квадрат шаклида қурилган платформа бўлиб, Ш.Р. Пидаев томонидан платформа устида қурилма қолдиқлари аниқланган. Тадқиқотчи ушбу ёдгорликни олов ибодатхонасининг ўрни деб ҳисоблайди86.

  6. Маълум мақсадга йўналтириб қурилган ёдгорликлар мажмуасига Пшактепани киритиш мумкин. У А.А. Асқаров томонидан ўрганилган. Ёдгорликнинг марказий қисмида коридор шаклли узун иккита хона жойлашган бўлиб, улар арк услубида ёпилган. Ушбу хоналарнинг икки ёнида ҳовлисифат катта хоналар жойлашган. Ушбу мажмуанинг атрофларида ҳам коридорсимон, узун хоналар жойлашган. А.А. Асқаров ушбу ёдгорликни Кучуктепа ҳукмдорларининг хилхонаси бўлган деб ҳисоблайди87.

Географик жиҳатдан Пачмактепа Жондавлаттепанинг, Пишактепа эса Кучуктепанинг ёнида жойлашган. Жондавлаттепа ва Кучуктепа Бақтриянинг Аҳамонийлар даврига оид энг асосий, сераҳоли ёдгорликларидан ҳисобланади. Фикримизча, Пачмактепа ва Пишактепа ёнидаги ёдгорликлар - Жондавлаттепа ва Кучуктепа ёдгорликлари аҳолисининг маънавий эҳтиёжлари учун ҳизмат қилган.

13-жадвал Шимолий Бақтриянинг Аҳамонийлар даври ёдгорликлари ва уларнинг жойлашиши



Деҳқончилик ўлкалари

Ўлка маркази

Аркли қишлоқ

Арксиз қишлоқ

Қўрғон

Қалъа

Мақсадли ёдгорлик

Шеробод

Жондавлаттепа

Кучуктепа, Добилқўрғон







Талашқон I

Пишак,

Пачмак тепа



Бойсун

Қизилтепа

Обишир

Бандихон-сойтепа

Қизилча

I-XI


Бандихон I




Сурхон

Хаитобод

Шўроб













Кафирнигон

Қалаи Мир




Бобуртепа

Болдайтепа












Панж

Байтудашт




Байтудашт I

Байтудашт II-III







Аҳамонийлар даври ёдгорликларини типларга ажратиш шуни кўрсатадики, бу даврга келиб икки қисмли шаҳарларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг жойлашиши маълум бир қонуниятга асосланган. Ҳар бир деҳқончилик ўлкасида биттадан шаҳарнинг жойлашиши ва шу шаҳар атрофида қишлоқларнинг жамланиш жараёнини кузатишимиз мумкин.

Қишлоқлар ҳам топографик жиҳатдан икки типга ажралади. Шаҳарга яқин қишлоқлар тарқоқ ҳолда жойлашган уйлар мажмуасидан иборат бўлса, шаҳардан узоқда, алоҳида ирригацион районда жойлашган қишлоқлар аркли бўлиб, шаклланиб келаётган аристократларни эслатади.

Шу давр ёдгорликлари мисолида зардуштийликнинг ривожланганлигини кўрсатувчи - алоҳида қурилган, Пачмактепа каби ибодатхоналарни ҳам кўришимиз мумкин.

Аҳамонийлар империяси тузумининг ҳарбий диспотизм эканлигини тасдиқловчи ҳар бир деҳқончилик ўлкасида алоҳида қурилган ҳарбий истеҳкомлар - қалъаларнинг вужудга келганлигини кўришимиз мумкин (Талашқон I, Бандихон II).

Бақтриянинг аҳамонийлар даври ёдгорликларини, унинг моддий маданиятини ўрганиш ва бошқа ҳудудлар билан таққослаш натижасида шундай хулосага келдикки, Бақтриянинг Аҳамонийлар империяси таркибида ўз ўрни бўлган. Бақтрияликлар Эрон Аҳамонийлари ҳарбий қуролларининг такомиллашувига катта ҳисса қўшишган. Ўрта Осиё қуролларининг, ҳар хил тақинчоқларнинг ва металлдан ишланган идишларнинг Эронга олиб борилганлиги Персеполь релефларида ифодаланган расмларда кўринади88. Ундан ташқари металл қалқонли, отлари ҳам қалқон билан ҳимоя қилинган жангчиларнинг, яъни шу тарзда қуролланиш одатининг Аҳамонийлар даврида Эронга, ундан олд Осиёга ва Ҳиндистонга тарқалганлиги кўплаб тадқиқотчилар томонидан зикр этилади89. Бу маълумотлар ҳарбий соҳанинг ривожланганлигини кўрсатади.

Яратилаётган илмий асарларда Аҳамонийлар даврида сунъий суғоришга асосланган деҳқончиликнинг ҳар томонлама ривожланганлиги хусусида фикрлар мавжуд. Бунга мисол қилиб тадқиқотчилар Кафирнигон ва Вахш дарёларидан воҳалар томон қазилган каналларни, Сариқамиш делтаси бўйларида ўрганилган, Кўзалиқир ёдгорлиги атрофида жойлашган Қадимги Хоразм каналларини ёки Куняуаз каналларини мисол қилиб кўрсатадилар90.

Бизгача етиб келган ёзма манбалар асосида айтиш мумкинки, Аҳамоний шоҳлар ва сатраплар деҳқончиликни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдори бўлган. Ксенофонтнинг хабарига кўра « ... шоҳ ҳар йили империя ҳудудидаги деҳқончилик далаларини ўзи айланиб чиқишга ҳаракат қилган, кўрмаган ерларни эса ишончли одамлари орқали текширтирган. Яхши ҳосил етиштирган деҳқонлар шаҳаншоҳдан ҳар хил қимматбаҳо совғалар олишга муяссар бўлган»91.

Сунъий суғоришнинг яна бир тури - кориз қазиш усулига Аҳамонийлар даврида асос солинганлигини И.В. Пьянков ишончли манбалар асосида исботлаган. У Полибий хабарлари асосида, яъни унинг Салавкийлар шоҳи Антиох III нинг Парфия чўлларидан ўтиш даврида ер ости каналларига дуч келганлиги ва бу каналларнинг форсийлар даврида қазилганлиги ва бу янгилик учун парфияликларнинг форс шоҳидан совғалар олганлиги хусусида маълумотлар қолдирган92.

Маълумки, Шеробод воҳасидаги Уланбулоқсой ўзанининг бошланғич оқимлари Добилсой деб аталади. Добилсойнинг ўнг соҳилида Добилқўрғон ёдгорлиги жойлашган бўлиб, бу ёдгорликка илк темир даврида асос солинганлиги Э.В. Ртвеладзе томонидан қайд этилган93. Добилсой ёдгорлигидан 10-12 км қуйида Fоз қишлоғи жойлашган. Шу қишлоқ ҳудудида 4 та кориз услубида қурилган сунъий суғориш шохобчалари жойлашган. Ушбу коризларнинг ёшини албатта шу ерда жойлашган ёдгорликлар ёрдамида аниқлашимиз мумкин. Бу ерда учта ёдгорлик жойлашган бўлиб, энг қадимгиси Fоз тепа бўлиб, илк темир даврига оид. Шу ёдгорликдан илк темир даврига оид сополлар мажмуалари ва тошдан ясалган кели топилдики, шу топилмалар асосида Fоз қишлоғида жойлашган коризларни илк темир даври билан саналаш мумкин.

Аҳамонийлар даврида деҳқончиликнингянада ривожланганлигини яна бир археологик манба - темирдан ясалган меҳнат қуролларининг пайдо бўлиши ва кенг ёйилиши мисолида кўришимиз мумкин. Шимолий Бақтриядаги Қизилча VI қўрғонидан топилган темир ўроқ, Қадимги Хоразмдаги Кўзалиқир, Дингилже, Сўғд ҳудудидаги Афросиёб каби ёдгорликлардан топилган, темирдан ясалган меҳнат қуроллари бунга мисол бўлади94.

И.В. Пьянков тадқиқотларига кўра Аҳамонийлар даврида ер эгалигининг «патбажик» ва «узбарья» каби турлари мавжуд бўлган. Агар патбажик ерларидан олинган ҳосил тўлиқ шаҳаншоҳ саройи хўжалиги учун сарфланган бўлса, узбарья ерларидан олинган ҳосилнинг бир қисми сарой ғазнасига жўнатилган95.

Аҳамонийлар даврида ҳунармандчилик Қадимги Бақтрия маданияти даврида қай йўсинда ривожланган бўлса, шу тарзда давом этган. Ҳунармандчилик соҳаларининг бирор тармоғида Эрон Аҳамонийлари анъанасининг таъсири сезилмайди. Бақтрия ва Марғиёнада қадимги бақтрия маданияти кулолчилиги ўзининг энг ривожланган палласига киради. Кучук IV даври сополларининг 14 та типга ва кўплаб вариантларга бўлиниши фикримиз далилидир96. Шу даврга келиб, сополли маданиятига характерли бўлган вазаларнинг тикланиши ҳам кулолчиликнинг ривожланганлигидан далолатдир (Расм №54). Кучук IV даври сополлари империянинг катта қисмига ёйилади. Эрон Аҳамонийларининг асосий ёдгорликлари бўлган Нади Али97 ёки Сват98 ёдгорликларидан қучук IV даври кулолчилиги ашёларининг топилиши Бақтрия-Марғиёна кулолчилик анъаналарининг Аҳамонийлар даврида унинг энг ривожланган шаҳарларигача ёйилганлигидан гувоҳлик беради. Сват ёдгорлигида тадқиқотлар олиб борган Киара Силви Антонини Сват кулолчилигидаги бу ўзгаришларни Бақтрия ва Марғиёнадан излайди ва Ўрта Осиё кулолчилиги анъаналарининг Эрон кулолчилигига таъсири деб баҳолайди99.

Аҳамонийлар империясида, умуман Эронда тоштарошлик, тошга ишлов бериш бронза давридан бошлаб энг ривожланган ҳунармандчилик тури бўлган. Аҳамонийлар империяси даврида тоштарошлик санъат даражасига кўтарилган. Суза, Персополь саройлари қурилиши, Персополь қоя тош суратлари бунга мисол. Ҳаттоки, Эрон Аҳамонийларида энг ривожланган тоштарошликнинг Ўрта Осиёга таъсир этмаганлиги Аҳамонийларнинг империя ҳудуди бўйлаб маданий юриш қилмаганлигидан далолатдир.

Аҳамонийлар даврида Бақтрияда тоштарошлик ҳам ўз анъаналари бўйича ривожланган. Тошдан тегирмон тош, ўғир, қайроқлар, мунчоқлар ясалган. Бу борада Fоздан топилган ўғирга тўхталиб ўтишни лозим кўрдик, негаки бу топилма, Ўзбекистон ҳудудида ёзувнинг пайдо бўлиши хусусида янги маълумотлар беради.

Кели юмшоқ таркибли монолит тошдан ясалган бўлиб, баландлиги 22 см, эни 20 см. Кели косасининг чуқурлиги 12 см. Идишнинг ташқи тарафида 13 та пиктографик белгили ёзувлар мажмуаси жойлашган (Расм №56). Маълумки, сополли маданиятининг илк даврида пиктографик белги-ёзувларнинг тарқалганлиги хусусида фикр юритган эдик. Fоз қишлоғи-ёдгорлигидан ушбу топилманинг топилиши Бақтрияда пиктографик ёзувнинг ривожланиши тўғрисида янги маълумотлар беради.

Ўғир (кели) форс тилида «ҳована» деб аталиб, маздапарастликда оташкаданинг энг муҳим ашёларидан бири ҳисобланган. Ҳавм гиёҳи ҳованада янчилган ва ундан ҳавм урф-одатида ишлатиладиган шарбатлар тайёрланган.

Зардуштийликда бомдоддан чошгоҳгача бўлган вақтда ўқиладиган дуолар - номоз «ҳовангоҳ» деб аталади. Ҳована термини яна бир диндорлар гуруҳи, зардуштийликдаги дин пешволари - «ҳован»лар билан ҳам боғланади. Ҳованлар илоҳий Язишна маросимини ўтказишда масъул кишилар ҳисобланиб, ҳавм шарбатини тайёрлаш уларнинг зиммасида бўлган.

Келининг ясалиши илк темир даврига оид тоштарошликдан гувоҳлик берса, вазифаси хусусида унинг зардуштийлик динида илоҳийлик маъно касб этиши юқорида келтириб ўтилган маълумотлардан маълум бўлади.


Сўнгги бобга хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, биринчидан Аҳамонийларнинг давлатни идора қилиш усули ҳақиқий ҳарбий диспотизм бўлган. Негаки, Аҳамонийларга давлатни идора қилишнинг қонун чиқарувчи, ижро ёки суд органлари каби бошқарув усуллари умуман бегона бўлган. Шоҳ ёки шоҳлар-шоҳи барча ҳокимият эгаси ҳисобланган.

Иккинчидан, янги маълумотларга кўра Кичик Осиёда концелярия ишлари грек тилида, Каппадокия, Киликия, Сурия ва Фаластинда оромий тилида олиб борилган, Мисрда эса Фиръавнлар замонидан қўлланиб келинаётган иероглифика давом этган бўлса, форсларда ва Ўрта Осиёда миххатсимон ва оромий ёзувлари қўлланилган. Бу маълумотдан шундай хулоса қилиш мумкинки, империя ҳудудида ягона оромий тили концелярия тили вазифасини бажармаган.

Учинчидан, Аҳамонийлар империяси даврида Бақтрия ҳудудида 11 та деҳқончилик ўлкасининг фаолият этганлиги кузатилди. Ҳар бир деҳқончилик ўлкасини Бақтрия сатраплиги ҳудудидаги маҳаллий амалдорлар бошқарган кичик иқтисодий бирлашма сифатида эътироф этиш мумкин. Негаки, ҳар бир деҳқончилик ўлкасида биттадан шаҳар ва шу шаҳарлар атрофида 4-11 тагача қишлоқ типидаги ёдгорликларнинг жойлашганлигини кузатишимиз мумкин.

Тўртинчидан, Ўрта Осиё халқлари х.э.ав. VI-IV асрларда Аҳамонийлар империяси таркибига кирган бўлса-да, унинг моддий маданияти намуналарида, меъморчилик, шаҳарсозлик соҳаларида аҳамонийларнинг маданий таъсири сезилмайди. Ўзгаришлар географик бўлиниш ва сиёсий бошқарув соҳаларида амалга оширилган.



2.2. Аҳамонийлар даврида Хоразм

Аҳамонийлар даврида Хоразм. Аксарият тарихчи-олимлар Ўрта Осиёнинг ўтроқ деҳқончилик воҳалари ва Хоразм мил. авв. 545–539 йиллар оралиғида Эрон Аҳамонийлари томонидан бўйсундирилган деган хулосага келганлар100.

Кир II нинг мил. авв. 545 йилдан Ўрта Осиёда бошлаган истилочилик юришларини тадқиқотчилар уч босқичга бўладилар. Биринчи босқичда у Парфия ва каспийбўйи саклари устига, иккинчи босқичда Бақтрия ва Аморгия саклари устига, учинчи босқичда Оролбўйи саклари (массагетлар) устига юриш қилади101.

Кир II нинг Бақтрия, Парфия, Марғиёнага қилган юришлари бу ҳудудларнинг бўйсундирилиши билан тугаган бўлса, мил. авв. 530 йилда Оролбўйи кўчманчи қабилалари сак-массагетлар устига қилган юриши унинг учун муваффақиятсиз якунланган.

Кир II нинг массагетларга (“подшо Аморг сакларига”, яъни сакаравакларга, Ктесийнинг ривоятига кўра дербикларга) қарши юриши хоразм-эрон муносабатларига бевосита даҳлдордир. С.П. Толстовнинг фикрича ҳарбий юриш ташкил этиш заруратининг ўзиёқ бу қабилалар Кирга бўйсунмаганлигини ва қисман унга душман бўлганлигини кўрсатади. Кир хозирги Хоразм ҳудудларига қадар кириб бормай, афтидан, унинг юришлари анча жанубий ҳудудлар орқали амалга оширилган102.

Оролбўйи саклари мил. авв. 518 йилда Доро I (522–486) томонидан истило қилинган103. Доро I нинг Кирмоншоҳ шаҳри яқинидаги Беҳистун қоясига ёздирган зафарномасида тобе этилган 23 мамлакат ва халқлар орасида Хоразм ҳам қайд этилади. Нақши Рустам ёзувларида Доро I га хирож тўловчи шарқий вилоятлар орасида Хоразм ҳам санаб ўтилади. Суза шаҳридаги сарой қурилишида Хоразмдан феруза тоши (тўқ кўк ёқут) келтирилганлиги қайд қилинган. Шунингдек, Персепол шаҳрида Доро I ва Ксеркс саройига олиб борувчи тош пилапоя деворларига Эрон аҳамонийларига тобе мамлакатлардан хирож олиб келган вакилларнинг бўртма расмларининг 8-қаторида суғдиёналиклар, 11-қаторида сака тиграхаудалар, 13-қаторида парфияликлар, 15-қаторида бақтрияликлар, 17-қаторида эса хоразмликлар акс эттирилган бўлиб, хоразмликлар қўлларида дудама ҳанжар, жанговар ҳарбий болта, билагузук тутиб, от етаклаб келаётган холда тасвирланган104.

Эрон-Хоразм муносабатларига икки хил қараш мувжуд. Айрим олимлар Хоразм Эрон шоҳининг олий ҳокимиятини ва хирож тўлаш шартини ихтиёрий тан олган деб ҳисоблашса105, бошқа олимлар саклар ва хоразмийлар тобе эмас, балки иттифоқчи ҳисобланганлар106 дейишади. Бироқ шуниси аниқки, Хоразм бир мунча вақт суғд, арияликлар, парфияликлар билан биргаликда аҳамонийларнинг 16-сатраплигини ташкил этган107.

Ксеркс (мил. авв. 486–465 й.) даврида Хоразм амалда Аҳамонийлар давлатининг таркибида бўлганлиги шубҳасиз. Чунки, Хоразм ва хоразмликлар билан боғлиқ маълумотлар мил.авв. V асрга оид ёзма манбаларда олдинги даврларга нисбатан кўпроқ учратилади. Жумладан, хоразмийлар Ксеркснинг Юнонистонга қилган юришларида қатнашганлар. Бунда улар Фарнакнинг ўғли Артабаз қўмондонлиги остида, фақат парфияликлар билан бир бирикмада юриш қилганлар108.

Аҳамонийларнинг Олд Осиё ва Шимолий Африкадаги мулкларида хоразмлик ҳарбий бошлиқлар ва амалдорлар хизмат қила бошлаганлар. Хоразмлик Артаикт Дарданелл бўғозининг Европа қирғоғидаги Сеста шаҳрига ҳоким қилиб тайинланган. Хоразмлик Даргомон Элифантина (юқори Миср)даги асосан яҳудий кўнгилларидан иборат гарнизонда аскар бўлиб хизмат қилган109.

Марказий Осиё ва жумладан Хоразмнинг Аҳамонийлар давлатига бўйсундирилиши бир томондан эркинлик ва мустақилликнинг йўқолишига олиб келган бўлсада, иккинчи томондан босқинчилик урушларига чек қўйиб, минтақада сиёсий барқарорликни таъминлади. Ягона пул тизими, давлат идора ишларининг яхши йўлга қўйилиши ҳудуднинг қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни яхшилади110. Хоразмда шу даврда Аҳамонийлар маъмуриятининг ишончли кишилари учун қурилган катта ва маҳобатли қалъа-қўрғонлар пайдо бўлди, ирригация хўжалиги ривожланди. Жойларда ўнлаб шаҳар типидаги манзилгоҳлар (Хазорасп, Хива, Бозорқалъа, Катта Ойбуйирқалъа, Девкескан) пайдо бўлди. Қурилиш ва меъморчиликда янги услуб ва анъаналар вужудга келди111.

Хоразмни босиб олган Аҳамонийлар бу минтақага тайинланган ўз ноиби учун Қалъалиқир 1 да катта сарой қурилишини бошлаганлар. С.П. Толстовнинг фикрича, Хоразм ўз мустақиллигини тиклаши натижасида Аҳамонийлар ноиби учун бошланган қурилиш ишлари битмай қолиб кетган112. Айнан шу даврдан мустақил Хоразм давлатининг кўп асрлик тарихи бошланади.

Аҳамонийларнинг Хоразм устидан ҳукмронлиги мустаҳкам ва бардавом бўлмаган. Қадимги форс ёзувларида Хоразм охирги марта Артаксеркс II (мил.авв. 404–359 й.)нинг мақбараси деворларида қайд қилиниб, унда Хоразмийлар аҳамоний подшосининг солиқ тўловчилари эмас, балки унинг иттифоқчилари сифатида берилади113. Илгари маъмурий жиҳатдан Парфия билан битта сатрапликни ташкил қилган Хоразм Артаксеркс II замонида алоҳида маъмурий бирлик (сатраплик)га айланади114. Шу муносабат билан Хоразмда сатрап қароргоҳи сифатида Қалъалиқир 1 қурила бошланган115. Мазкур сатраплик афтидан узоқ ҳукм сурмаган. Мил.авв. IV аср ўрталарига келиб Хоразм Аҳамонийлар зулмидан узил-кесил озод бўлади. Эрон меъморий услубида қурилиши бошланган Қалъалиқир 1 да қурилиши ишлари тез орада тўхтаб қолади. Тарихий манбаларда Хоразмнинг кўрсатилган даврда Эронга тобе бўлганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ташкил топган мустақил Хоразм давлатининг ҳудуди афтидан, илгариги XVI-сатраплик чегараларига тўғри келган.

Доро III (мил.авв. 336–330 й.) қўшинларининг Арриан ёзиб қолдирган бизгача етиб келган мукаммал рўйхатида ва унинг Македониялик Искандарга қарши фожеали кураши йилларида Хоразм қўшинларининг иштироки умуман тилга олинмайди.

Қадимги Шарқнинг энг йирик давлати бўлган Аҳамонийлар салтанатига мил. авв. 334–330 йилларда Македониялик Искандар узил-кесил барҳам беради. Салтанатнинг шарқий вилоятлари (Ария, Бақтрия, Суғдиёна)ни эса Искандар 330–327 йилларда забт этади.

Хоразм македониялик истилочиларга нисбатан ҳам мустақил мавқеда турган. Аррианнинг ёзишича Хоразм шоҳи Фарасман 1500 отлиқ аскари билан 329 йилнинг қишида Бақтрада қишловни ўтказаётган Искандар ҳузурига ташриф буюради116. Квинт Курций Руф Хоразмшоҳ номини Фратаферн шаклида келтиради117. Ю.А Рапопортнинг фикрича, Хоразмшоҳнинг исми Фарасман бўлиб, Фратаферн унинг ўғли бўлган. Хоразмшоҳ ўғлини Искандар қароргоҳига юборган. Юнон муаррихлари Искандар шуҳратини кўтариб кўрсатиш учун Фратафернни шоҳ деб ёзишган118. Фарасман (Фратаферн) Искандарга колхлар ва амазонкаликларга қарши юриш қиладиган бўлса, иттифоқчилик қилишни таклиф қилади119. Искандарнинг навбатдаги режаси Ҳиндистонни эгаллаш бўлганлиги сабабли, Хоразм билан иттифоқ тузиб, Ҳиндистон юришидан кейин бу масалага эътибор қаратишни мўлжаллаган бўлиши мумкин. Аммо Искандар мил. авв. 325 йилда Ҳиндистонда Шарқ юришларини тўхтатиб Бобилга қайтади.

Хоразм мулкларининг колхлар (Ғарбий Грузия) ва амазонкалар (Азов денгизининг шарқ томонидаги “гинекократ савроматлари”) билан қўшни бўлганлиги тадқиқотчиларни кўпдан бери қизиқтириб келади. А.Гутшмид ва В.В.Бартольд бу қўшничилик Хоразмнинг ҳукмронлиги Шарқий Европанинг жанубий-шарқий бурчагигача етганлигидан далолат беради деб ҳисоблаган эдилар. В.Тарн бундай деб ҳисоблаш эҳтимолдан узоқ дейди. Хоразмни унинг жанубий ва шарқий мулкларидан маҳрум этган ва бу томонларда янги-янги ҳудудларни босиб олишга йўл қўймаган Аҳамонийлар салтанати Хоразм ташқи сиёсатини шимолий-ғарбдаги ерларга нисбатан қайтадан кўриб чиқилишига сабаб бўлган бўлса керак. Археологик ва тарихий маълумотлар шуни кўрсатадики, Орол бўйи сармат қабилаларининг ғарбга, скиф даштларига томон кучли ҳаракати айни мил. авв. IV асрга тўғри келади. Арриан келтирган маълумотлар асосида (бу маълумотларни Квинт Курций Руф ҳам тасдиқлайди) мазкур ҳаракатнинг орқасида хоразмшоҳларнинг – ўз ҳукмронлигини “Ранги (юнон муаллифларида Ра – Волга) сувлари соҳилидаги олий ҳукмдорлар ҳокимиятини билмайдиган мамлакатларга” (Авесто, Видевдат) ёйиш сиёсати ётган деб хулоса қилишимиз мумкин. С.П. Толстовнинг фикрича, мил.авв. IV асрда Хоразм Каспий денгизининг шимолий ҳудудларида гегемонликни даъво қилиш даражасида қудратга эга бўлган120.

Кейинги воқеаларда Хоразмни Страбон тилга олиб, суғдларнинг халқ қаҳрамони Спитамен Искандардан қочиб Хоразмликлар юртида паноҳ топганлигини ёзади. Аммо Страбон Хоразмни массагетлар иттифоқи таркибида таърифлайди.

Мил. авв. 328 йилда Хоразм Спитамен бошчилигидаги қўзғолончиларнинг македонияликларга қарши курашини сак ва массагет отрядлари кучи билан қўллаб-қувватлайди, ҳамда Спитаменнинг ўзига бошпана беради. Спитамен ҳалок бўлган 328 йил кузидан кейинги даврлардаги Хоразм-Македония муносабатлари тўғрисида ёзма манбаларда ҳеч қандай маълумот қолмаган.

Шундай қилиб, юнон-македон истилосидан Ўрта Осиёнинг фақат иккита худуди – Фарғона ва Орол денгизи бўйида сак-массагет қабилаларини бирлаштирган Хоразмгина ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Македониялик Искандар юришларидан кейинги даврлардаги Хоразм давлатида кечган воқеалар хусусида ёзма манбаларда маълумотлар деярли йўқ121.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет