3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



бет13/15
Дата15.06.2016
өлшемі1.73 Mb.
#137277
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15

Таянч иборалар

Смердис, сатрапликлар, дарик, классик деспотия, “шоҳ ҳакамлари”, шак, ложувард, Арахозия, шекел, парсанглар, шоҳ бекати, “ўлмас пиёдалар”, шаҳаншоҳ, Беҳистун, Нақширустам. Сувайш ёзувлари, “маҳкама тили”, “хшатрапаван”, Таврот, ложувард, талант, тирандоз, номлар, Куш.
Саволлар

1. Доро I амалга оширган пул ислоҳатининг моҳияти нимада?

2. Нима учун Доро I сатрапликлар ҳукмдорларига кенг ваколатлар берган?

4. Доро 1 нинг ташқи сиёсати

Доро ўзидан олдинги шоҳлар - Кайхисрав ва Қамбиз сиёсатини давом эттириб, Эронни бошқа мамлакатлар устидан ҳукмрон бўлган қудратли давлатга айлантиришни мақсад қилиб қўйди. Кайхисрав Ҳиндиқуш атрофи ва Қобул водийсида яшаган ҳинд қабилалар, жумладан қандахор қабиласини бўйсундирган. Эрон давлати таркибига кирган қабила ва ўлкалар орасида бу қабила бўлганини ҳам ўзининг машҳур Беҳистун ёзувида эслатиб ўтади. Доро Сулаймон тоғларининг этакларидан то Ҳинд дарёсига қадар текисликни алоҳида ўлкага айлантирган. Доро ҳатто юнон тарихчиларига ҳам яхши маълум бўлган ҳинд олтинини излаб Ҳиндистоннинг ичкарисига кириш ниятида Ҳинд дарёси оқимини ва унинг қуйиладиган жойидан то Қизил денгизгача бўлган денгиз йўлини текшириш учун Скилик қўмондонлиги остида флот йўллаган. Дорони ўз давлатининг шарқий чегараларида Эрон таъсирини мустаҳкамлаш ва ҳатто Шимолий Ҳиндистон ерларига киришга интилганлиги шундан ҳам кўриниб туради.

Денгиз йўллари муаммоси Доронинг ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутган. Доро денгиз йўли орқали Мисрни Месопатамия ва Эрон билан боғлаш учун фиръавн Нехонинг Нил дарёсидан то Қизил денгизгача канал қазиш бўйича бошлаган ишини тамомлайди. Тошга ўйиб ёзилган хатида Доронинг шундай сўзлари битилган: “Мен форсдан чиққан эронийман... Мисрни олгач, канал қаздиришга буйруқ бердим, канал Пирава (яъни Нил) дарёсидан чиқиб Мисрнинг ичидан то Эрондан бошланадиган денгизгача боради, бу канал мен айтган каби қазилди ва Мисрдан чиққан кемалар бу канал орқали менинг иродамга кўра Эронга қараб юрадиган бўлди.”

Эрон шимолида жойлашган мамлакатлар Дорони айниқса қизиқтирган. Кайхисрав ҳам бақтрияликлар ва сакларга қарши кураш олиб борган. Ниҳоят, у Ўрта Осиёдаги массагет қабилалари билан жанг чоғида Яксарт (Сирдарё) дарёси бўйида ҳалок бўлган. Саклар яшаган баъзи ўлкалар Доро даврида аввал эгалланган бўлса керак. Доро I замонидаги Эрон таркибига кирган ўлкалардан – Хоразм, Бақтрия, Сўғдиёна ва саклар каби қабилалари ёдга олинган. Эрон давлатини мустаҳкамлаш учун Доро I милоддан аввалги 517 йилда сакларга қарши катта юриш қилган деб фараз қилинади. Беҳистун ёзувининг сўнгги қисмида Доро I буни қуйидагича тасвирлайди: “Доро айтади: саклар қўшини билан бирга мен саклар юртига бостириб кирдим. Ул саклар юрти дарёнинг нариги томонида бўлиб, аларнинг ўзи чўққи қалпоқ кийиб юрур эдилар. Алқисса, мен дарёда кемалардан кўприк қилиб ўшал кўприк орқали саклар юрти ичкарисига кириб бордим ва уларни ер билан яксон қилдим. Саклар қўшинининг бошлиқларидан бирини асир олдим. Бошқаларини қўлларини боғлаб менинг ҳузуримга келтирдилар. Шулар ичида уларнинг каттаси – Скунха номли одамни ҳам тутиб, қўл – оёғини боғлаб, менинг ҳузуримга келтирдилар. Мен ўз амрим билан саклар юртига янги ҳукмдор тайин қилдим. Шундан сўнг мамлакат менинг қўлимга кирди”.

Сакларга қарши бу ҳарбий юриш вақтида Доро Амударё билан Сирдарёнинг қуйи томонлари, шунингдек амасиак қабилалари ўрнашган ўлкаларигача етиб борган деб айтиш мумкин. Гарчи Доро сакларни бир неча бор мағлуб этган, ҳатто сак йўлбошчиларидан бири (Скунхани) асир қилиб олган бўлса ҳам, баъзи бир манбаларга кўра, Доро I Ўрта Осиёдаги сак қабилаларини батамом бўйсундира олмади. Шунинг учун ҳам Доро I Қора денгиз шимолида яшаган европалик скифларга қарши катта ҳарбий юриш қилди (милоддан аввалги 512 йил) ва уларни бўйсундирди. Доро I Ўрта Осиёдаги қабилаларни ўзига узил - кесил тобе қилиш, уларнинг орқасидан массагет қабилаларига зарба беришни мўлжаллаган. Бироқ шоҳ режасини амалга ошира олмади. Эрон қўшинлари европалик скифлар эгаллаган ҳудуднинг ичкарисига кириб, натижада таъминотсиз қолади. Бир қанча муваффақиятсизликдан сўнг Доро I Эрон қўшинларини орқага қайтаришга ва шу билан ўз мағлубиятини тан олишга мажбур бўлган.

Доро I ғарбга қилган юришларида йирик ютуқларга эришди. У Эгей денгизининг юнон қабилалари жойлашган вилоятларга яқинлашиб бориб, уларни батамом истило қилиш мақсадида яна ғарбга қараб юришга тайёргарлик кўра бошлаган. Доро I Демокед бошчилигида Юнонистонга экспедиция йўллайди. Бу экспедиция Юнонистонга, ҳатто Тарентга қадар етиб борди. Доро I жанубий чегараларни мустаҳкамлаш мақсадида Баркани истило этади. Бу билан Шимолий Африканинг Ливия бўйида, Шимолда эса скифлар билан кураш бошлаб, Фракияда мустаҳкамланиб олган. Доро I юнонлар билан уруш натижасида Фракия, Византия, Самос ва бошқа бир қанча оролларни истило қилиб, Эгей денгизи бўйигача борган.

Доро I нинг вориси Ксеркс (милоддан аввалги 486 – 465 йиллар) ташқи сиёсатда жаҳонга ҳукмдорлик тўғрисидаги орзусини амалга оширмоқчи бўлган. У барча юнон қабилаларини бўйсундириш ва Ўрта ер денгизининг ерларида танҳо ҳукмронлик қилишга интилди. Геродот Ксеркс тилида сўзлаб, шундай дейди: “Агар афиналиклар ҳамда уларга қўшни Фригияни, Пелоп тупроғида яшовчи халқни бўйсундирсак, Эрон ерини Зевс осмони каби кенгайтирган бўлар эдик. Қуёш бундан кейин бизнинг еримиздан бошқа жойга ўз нурини сочмас эди. Мен сизлар билан бутун Европани кезиб, бу ерларни бирлаштираман. Агар биз бу халқларни бўйсундирсак, у ҳолда одамлар айтганича, бундан кейин биронта шаҳар, ҳалқ бизга қарши курашишга журъат эта олмайди. Шундай қилиб, биз гуноҳкорларнинг ҳам гуноҳсизларнинг ҳам бўйнига асорат занжирини осамиз”. Асосий мақсади харбий босқинчилик ва бойликдан иборат бўлган Эрон қулдорлик сиёсати Ксеркснинг бу сўзларини очиқ ифодалаган.

Бироқ дунёга ҳоким қилиш учун юритилган бу сиёсат Эронни ҳалокатга элтди. Юнонлар бирлашиб, Эронга қақшатқич зарба берди.

Тарихчиларнинг, қадимги Эрон маданиятининг Месопатамиядаги халқларнинг маданияти билан чатишуви ўзига хос Эрон маданиятининг орқага кетишига ва қудратли Эрон давлатининг кучсизланишига олиб келган деган фикри асоссиз. Аксинча, Эрон қабилалари михсимон хатни, (миххат езуви) моддий ва маънавий маданиятнинг кўпгина элементларини, шунингдек давлат ташкилотини оссур - бобилликлардан олганликларини биз яхши биламиз.

Қадимги Эрон дини ва маданияти Ахамонийлар даврида қадимги форс тилида ёзилган миххатлар, ўша даврда моддий маданият ёдгорликларида акс эттирилган турли суратлар, тасвирлар ҳамда баъзи юнон тарихчиларининг ёзиб қолдирган маълумотларига, шунингдек “Авесто” га асосланиб қадимги форсларнинг дини ҳақида тасаввур қилиш мумкин.

Қадимги шарқ – Эрон, Марказий Осиё халқларининг урф – одатлари, расм – русмлар тўплами ва диний китоби ҳисобланган “Авесто” қадимги афсоналар асосида тузилган. “Авесто” асари эзгулик худоси – Аҳурамазда билан ёвузлик худоси Аҳриманнинг ўзаро кураши баёни асосига қурилган. Унда гоҳ эзгулик, гоҳ ёмонлик кучлари ғолиб чиқиб, ўз ҳукмронлигини ўрнатадилар.

“Авесто” нинг қадимги қисмлари – “Гатлар” (муқаддас ашулалар, куйлар) форсларнинг аҳамонийлар даврига қадар қадимий динларини ифода этган.

Энг қадимги форсларнинг дунёқараши оддийлиги билан ажралиб туради. Бошқа Шарқ халқлари сингари, форслар муқаддас сувларга сиғинишган. Форсларда олий тангрининг ўғли бўлмиш олов алоҳида эъзозланган. Оловга сиғиниш одати эронликларда кенг расм бўлиб, узоқ вақтгача сақланиб қолган. Энг қадимги замонларда муқаддас жониворлар: буқа, қорамол, от ва итга эътиқод ҳам мавжуд эди.

Доро I давридан форсларнинг дини ўша вақтдаги истибдод тузум ва қулдорчилик муносабатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилган. Ўша вақтда Ахурамазда Олий ҳудо деб эълон қилинади. Доро I давридаги қабр тошларида, “Ахурамазда Дорони, осмонни, ерни, инсонни яратган, Дорони шоҳ этиб, унга шоҳлик қилишни топширган” дейилади. Шундай қилиб, олий худо – яратгувчи Аҳурамазда шоҳлар ҳукмдори – осмон худоси сифатида тасвирланади.

Форсларнинг динида шоҳларнинг илоҳий келиб чиқиши ҳар томонлама уқтирилади. Эрон шоҳларининг дунёга ҳукмронлик қилиш ғояси кенг тарғиб қилинади.

Олий худо Ахурамазда эзгулик, ёруғлик, нур тимсоли ҳисобланса, унга қарама – қарши қора кучлар ҳомийси Аҳриман ўлим ва зулмат, ёвузлик тимсоли сифатида тасвирланади. Ана шу диний дуализмга асосан инсонлардан виждонлик, камтарлик, саҳоват, адолат ва инсонпарварлик мажбуриятларини бажариши талаб этилган.

Таркибида кўп мамлакат ва элатларни бирлаштирган йирик Эрон давлати, унинг шоҳларидан ягона давлат дини, ягона олий худони жорий қилишни талаб этган. Шундагина улкан давлатни бошқариш, идора қилиш осон бўлган. Шунинг учун Ксеркснинг шоҳлик давридан бошлаб қадимги “дайв” ларни қувғин қилиш бошланди. Улар золим руҳлар деб эълон қилинди. Ўша даврдаги ёзувларнинг бирида Ксеркснинг: ”Аҳурамазда иродаси билан мен “дайв”лар турган жойларини вайрон қилдим, токи уларга бундан буён ҳеч ким ишонмасин” деган сўзлари битилган. Шундай қилиб, Эронда ягона олий шоҳнинг ҳимоячиси, ўлим кучлари устидан ғолиб келган Аҳурамаздага эътиқод жорий қилинди. Қадимги Эрон динига Оссурия - Бобил динлари ҳам таъсир кўрсатган.

Аҳамоний ҳукмдорлар Аҳурамазда сиймосини унинг ердаги ноиби - шоҳ билан боғлайдилар ва ўз номларига “саошиант” – “инсониятнинг халоскори, ҳомийси” нисбатини қўшиб оладилар.

Йиллар ўтиши билан кейинги вақтларда пайдо бўлган ривоятларга кўра бу диний тизимни асосланиши ва диний маросимларнинг амалга оширилиши пайғамбар Заратуштрага нисбатан берилган.

Эрон халқи динига оид тушунчалар Геродот, Страбон, Ксенофонт, Цицерон ва бошқа антик муаллифларнинг асарларида келтирилган. Аҳамонийлар даврида форслар табиат худолари Митра (қуёш ва нур худоси), Анахита (сув ва хосилдорлик худоси)га эътиқод қилганлар.

Қадимги Эрон тарихи ва маданиятини ўрганишда 1933 – 1937 йилларда Кошоннинг жануби – ғарбида жойлашган Сиалкдаги археологик қазилмалар муҳим аҳамиятга эга. Милоддан аввалги VI – IV минг йилликларда бу ерда одамлар яшаган. Бу ердан топилган қабристонлар темир даврига тааллуқли бўлиб, ундан ўн бешта қабр топилган. Уларда марҳумлар сопол идишлар билан бирга кўмилган. Яна бир қабристон қабрлар шаклида фарқ қилади. Қабрда “чойнаклар” керамикадан ишланган одам ва ҳайвонлар тасвири туширилган идишлар учрайди. Сиалк археологик қазилмалари Р.М.Гришман томонидан амалга оширилган. Бу ерда топилган ёдгорликлара Қум, Қазвин, Теҳрон ва бошқа туманларда топилган маданий ёдгорликларни эслатади.

Қадимги Эрон маданияти ҳақида шуни таъкидлаш жоизки, форслар қадимги шарқ халқларининг маданий ютуқларидан кенг фойдаланганлар. Юнон тарихчиси Геродот ҳам шуни таъкидлайди. Унинг айтишича, “форслар бошқаларга нисбатан ўзга халқларнинг урф - одатларини хоҳиш билан қабул қилганлар”. Форсларда, жумладан, мидияликларнинг кийимлари, жангчиларда эса мисрликларнинг ҳарбий кийимлари одат бўлган.

Қадимги форслар қўшни халқлар санъатини ўзлаштириб, ундан фойдаланганлар. Масалан, Неховендан топилган бронза идишидаги тасвир қадимги шумер услубида ишланган. Эрон шохлари қасрларини безаган бўртма расмлар сюжети, бадиий услуби Янги Бобил, Оссурия давридаги рельефларга жуда яқин.

Саройларини қўриқлаб турган баҳайбат жониворлар ҳайкали Эрон меъморчилик санъатининг қадимги Месопатамиянинг архитектура санъатига яқинлигини кўрсатади. Саройнинг муҳташам устунлари Миср меъморчилигидан олинган. Эронликларнинг хизмати шундаки, улар ўзга халқларнинг маданий элементларини ижодий ўзлаштириб, уларни ривожлантириш асосида ягона, маҳобатли бадиий услуб яратганлар. Буларни Эрон шоҳларининг хароба сарой, қасрлари мисолида кўриш мумкин.

Шу билан бирга қадимги Эрон дини, санъати ва маданиятида юнонлар таъсири ҳам сезилиб туради. Айни вақтда форслар ҳам антик маданияти ривожига ижобий таъсир ўтказганлар. Масалан, дуализмга (дунё асоси материя билан руҳдан иборат деб билувчи фалсафий таълимот) асосланган қадимги Эрон диний таълимоти юнон диний фалсафаси, жумладан, кейинги юнон гностицизми (ҳудо ва дунёнинг яратилиши ҳақидаги таълимот) ривожида муҳим ўрин тутган. Бундан ташқари форс диний таълимоти насронийлик дини учун асос бўлиб хизмат қилган.

Аҳамонийлар ҳукмронлиги даврида Шарқ халқлари маданиятининг ўзаро таъсири кучайди. Бунга аввало империянинг ташкил топиши (Мисрдан тортиб, то Ҳиндистоннинг шимолий – ғарбий ҳудудларигача); иккинчидан, Аҳамонийларнинг маҳаллий халқларнинг маданий анъаналари ва динига нисбатан бағрикенглик сиёсати; учинчидан, кўплаб шаҳар ва туманлар ўртасида юзага келган алоқалар (иқтисодий, илмий - маданий, этник) сабаб бўлган. Бу алоқалар туфайли улкан минтақада кўп жиҳатдан янги моддий ва маънавий маданият шаклланган.Айниқса Аҳамонийлар давлатининг шарқида оромий ёзуви кенг тарқалди. Оромий тили амалда давлат тили ҳисобланиб, мазкур ёзув асосида Эрон ёзувлари пайдо бўлди.

Аҳамонийлар империяси даврида рўй берган маданий жараёнлар антик дунё маданияти ва илм – фани ривожида катта роль ўйнади. Аҳамонийлар даврида айниқса монументал – ҳашаматли санъат кенг ривожланди. Бу санъат турли Эрон бадиий анъаналарининг Элам, Оссурия, Миср, юнон техник усуллари уйғунлиги асосида пайдо бўлди. Аҳамонийлар даврининг илк ёдгорликлари сифатида Пасаргададаги Кир II саройи, қабр ва рельефлари (бўртма расмлари), Персеполь ҳамда Нақши - Рустамдаги шоҳлар саройи ва қабрларида ўз ифодасини топган.

Тарихдан Эрон давлати Ҳиндистон билан чегарадош, жумладан Гандхар вилоятидаги ҳинд қабилалари билан алоқада бўлган. Эрон шоҳлари Ҳиндистоннинг шимолий - ғарбий худудларига бир неча бор юриш қилганлар. Улар бу вилоятларда яшаган ҳинд қабилалари билан тўқнаш келганлар.

Шундай қилиб, Эрон Ўрта Шарқ ва Олд Осиё мамлакатларини антик дунё маданияти билан боғлаб турган. Ана шундай ўзаро боғлиқ тарзда маданиятлар ривож топган.


Таянч иборалар

Яксарт, саклар, Сюнхани, орий, скифлар, Пирава канали, Скунха, амасиак қабилалари, Демокред, миххат езуви, гатлар, “саошиант”, Заратуштра, рельеф, сюжет, стиль, дуализм, гностицизм, дайвлар, насроний, монументал.
Саволлар

1. Доро I ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари нимадан иборат?

2. Доро I ташқи сиёсати мамлакатнинг ривожланишига қандай таъсир кўрсатди?

3. Эрон маданиятининг ривожланиш жараёнлари қандай кечган?

4. Эроннинг қадимий дини ва маданияти ривожида “Авесто”нинг роли қандай бўлган?
6. Қадимги Хитой

1. Хитой манбашунослиги

Қадимги Хитой давлати ташкил топиши, унинг тарихи ҳақида анча маълумотлар мавжуд. Хитойнинг тўрт минг йиллик ёзма тарихи бизга қадар етиб келган. Тарихчилар хитой халқининг энг қадимги ҳаёт йўлини сўнгги даврларгача сақлаган ва шу сабабли бир қадар ўзгарган тарихий анъаналар асосида эмас, балки моддий маданиятнинг қадим ҳужжат ва ёдгорликлари асосида ўргандилар. Археология манбалари қадимги Хитой иқтисоди ва тараққиётини қисман ёритса ҳам, аммо Хитойнинг энг қадимги тарихи тўлиқ манзарасини бермайди. Энг қадим ҳужжатлар, жумладан милоддан аввалги II минг йилликка оид ҳамда тошбақа косаларидаги ёзувлар тарих учун муайян аҳамиятга молик. Милоддан аввалги Шань Инь давлатига оид қисқа маълумотларни юқоридаги манбалардан олиш мумкин. Қадимги Хитой тарихий анъаналари классик адабиёт асарларида ўз аксини топади, унинг таркибига тарихий, диний - фалсафий ва бадиий асарлари киради. Бироқ қадимги Хитой классик адабиёти асарлари милоддан аввалги V - III асрларда бир мунча тахрирдан ўтган. Баъзи классик китоблар ўша даврда ҳукмрон ижтимоий – сиёсий ва диний – фалсафий назариялар таъсирида буткул қайта ишланган ва шу туфайли матни анча ўзгарган. Масалан: Чунь Цюнинг китоби “Баҳор ва Куз” Лу хонлигининг солномаси таҳрир қилиниб, тузатилганда, Лу ҳокимларидан тўрт нафари қатл қилингани, биттаси ҳайдаб юборилгани, яна бири душман томонидан ўлдирилгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Хитойнинг турли вилоятлари халқ қўшиқларини йиғиш натижаси – машҳур “Қўшиқлар китоби” – “Шицзин” юзага келиб, у қадимдан бери сақланган. Қўшиқларда мифологик оҳанглар қадимги тарихий воқеалар тўғрисида халқ ёдида сақланиб қолган хотиралар билан чамбарчас боғлиқ. Шицзин китобига муқаддас қўшиқлар ҳам кирган, буларда ота - боболарининг илоҳийлаштирилган қаҳрамонликлари ҳақида куйланади.

Қадимги Хитой классик адабиётига кирган тарихий китоблари орасида “Ҳужжатлар китоби” ни, “Тарихий китоб” – “Шу цзин”ни алохида таъкидлаб ўтиш лозим. Бу китобда қадимги ҳукмдорлар ёки уларнинг маслаҳатчиларига қарашли нутқ, насиҳатлар ва фармонлар келтирилган. Ундан мамлакатнинг топографияси ва бошқариш тизимига доир қизиқарли маълумотларни топиш мумкин. Бироқ “Ҳужжатлар китоби” ни Конфуций қайта ишлаган ва натижада у диний ва сиёсий анъаналар билан омухта бўлиб, насиҳатлар тўпламига айланиб қолган. Хитой тарихини тўла қонли равишда пойдеворини яратган шахс Сима Цзянь. У машҳур тарихчи бўлиб, милоддан аввалги II - I асрларда Хитойда яшаб, ўтган. Сима Цзяннинг “Тарихий хотиралар” деб номланган асари қадимги Хитой тарихига оид манба ҳисобланади. Муаллиф бу асарида Хитойнинг қадимги тарихини тартибга солади. Сима Цзяннинг бир қадар сиёсий аҳлоқий ва тарихий асари Хитой тарихшунослиги ривожига катта таъсир кўрсатади. Кейинчалик эса Хитой тарихнавислигида барча сулолалар тарихи ҳақида китоблар сақланиб қолган. “Юань тарихи”, “Мин тарихи”, “Цинь тарихи” асарлари шулар жумласидандир. Уларда сарой тантаналари ҳақида маълумот берилади. Бундан ташқари, ҳар бир император ва у юритган ташқи сиёсат ҳақида айтиб ўтилади.

Шунингдек европалик олимлар асарларида ҳам Хитой тарихига оид маълумотлар билан танишиш мумкин. Марко Полонинг “Мўъжизалар китоби”, План Корнининг “Шарққа саёхат”, Рубрук асарларидан мамлакат, унинг тарихига оид кўплаб қизиқарли фактлар олиш мумкин. Хитой тарихига бағишланган дастлабки асарлардан бири – Мендозанинг “Буюк Хитой шоҳлиги тарихи” дир. Бу асар 1585 йили нашр этилган. 1618 йили Гоэснинг Хитойга XVII аср бошида қилган миссионер саёҳати ҳақидаги китоб чоп этилди. XVIII асрда кўплаб европаликлар Хитойга миссионер бўлиб ташриф буюрадилар. Улар Хитой адабиёти ва классик ёзуви ҳақида бир қанча маълумотлар қолдирадилар. Французлар Абель Ремюза ва Шовони Сима Цзяннинг “Тарихий хотиралар” асарини биринчи марта француз тилига таржима қилиб, Европани Хитой тарихи билан таништирдилар.

Хитой тарихини ўрганишда рус олимларининг асарлари қимматли манбалардан биридир. Рус саёҳатчилари ва олимлари Хитойни, хитой тили, тарихи ва адабиётини ўрганиш ишига йирик ҳисса қўшдилар. Россия XVI аср бошларида Хитойга ўз миссионерларини жўнатади. Улардан В.Тюменец, И.Петлин, И.Бойков, Н.Г.Спафарийлар қимматли маълумотларни қолдирганлар. Масалан, Спафарий “Хитой баланд деворлари” номли асарини ёзган.

XIX асрда таниқли рус хитойшуноси И.Бичурин ўзини ўн етти йил умрини Хитойда ўтказади. Унинг “Ўрта Осиёда энг қадимдан яшаб келган халқлар. Тибет ва хунлар тарихи”, номли асари катта аҳамиятга эга бўлди. Бичурин Хитой вилоятлари топографиясини хариталар билан изоҳлаб беради. Унинг асарлари нафақат рус хитойшунослигида, балки Европа синологиясининг хитойшунослиги тараққий этишига ҳам таъсир кўрсатди. Кейинчалик В.П.Васильев “Ўрта Осиёни қадимги тарихи” асарида хам кўп фактлар баён этган. У Хитойда будда динининг ёйилиши хақида “Хитой хрестоматияси”, “Буддизм ва унинг тарихи” асарларини яратди. Рус олимлари Потонин, Грум – Гржимапло – Обручев, Козловлар томонидан бой материаллар тўпланди.

Қадимги Хитойнинг маданияти ва тарихини ўрганишга машҳур хитой олими Гомо – Жо ҳам йирик ҳисса қўшди. У Хитой тарихини йирик тадқиқотчиси сифатида бой манбалар қолдирди. Олимнинг “Қадимги Хитой жамоаси”, “Қулдорлик даври” асарлари диққатга сазовор.


Таянч иборалар

Баҳор ва куз”, “Хужжатлар китоби”, Сима Цзянь, тошбақа косаси, пиктография, “Шицзин”, “Шу цзин”.



Саволлар

1. Хитой тарихи манбашунослиги ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?

2. Хитой тарихи (хронологияси) тамойиллари нимадан иборат?
2. Қадимги Хитой табиати ва ахолиси

Қадимги Хитой географик шароитининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Хитой халқи Хуанхэ дарёсини ўрта ва қуйи оқимидаги ерларда, Сариқ дарё сувлари суғорадиган водийларида ва пасттекисликларда жойлашиб, қулай иқлим, ҳосилдор ерлар дехқончилик хўжалигини эрта ривожланишига сабаб бўлган. Хитойда ёғингарчиликнинг умумий ҳажми 500 - 600 мм етади. Хитойнинг шарқий қисмида ёмғир кўп ёғса, марказий ва ғарбий вилоятларида ёғингарчилик камроқ бўлади. Ёғингарчилик вақтида Хуанхэ дарёси тошиб, кўп қишлоқ, экинзорлар ва ўтлоқлар сув остида қолиб кетар эди. Шунинг учун хитойликлар бу дарёни “Тентак дарё”, “Хитойнинг шўри” деб аташган. Бунинг оқибатида етиштирилган ҳосил кўпинча барбод бўларди. Шунинг учун қадимги Хитой аҳолиси сунъий суғориш усулини қўллаган. Хуанхэ соҳиллари сариқ қумсимон унумдор тупроқдан иборат бўлган. Ундан сув етарли бўлганида яхши ҳосил олиш мумкин бўлган. Янцзи дарёси соҳилидаги ерлар ҳам унумдор эди. Қадимги Хитой аҳолиси сунъий суғориш усулларини қўллашдан ташқари, Хуанхэ дарёси тошқинига қарши курашганлар. Бу тошқинлар мамлакат учун катта ҳалокатлар келтирар эди. Уй – жойларини ва хўжаликларини сув тошқинидан тўғонлар қўриб, асраганлар.



Қадимги Хитой аҳолиси. Қадим замонлардан бошлаб Хитойни серҳосил ерларида, тоғларда ва кенг далаларда қадимги қабилалар жойлашган. Улар асосан кўчманчи бўлиб, чорвачилик билан шуғулланганлар.

Ҳосилдор ерларда яшаган деҳқонлар кўчманчи қабилаларни босқинидан зарар кўрган. Милоддан аввалги V - III минг йилликларга келиб Хуанхэ дарёсининг ўрта оқимида дастлабки деҳқончилик вужудга келиб, аҳоли дарё бўйида кичик қишлоқларда турғун яшай бошлаган. Улар дастлаб тариқ, арпа ва буғдой экиб, чўчқа ва ит боққанлар, ҳунармандлар кулолчилик билан шуғулланиб, ажойиб сопол идишлар ясаганлар. Милоддан аввалги II минг йиллик бошларида Хуанхэ соҳиллари ўзлаштирилиб, тариқ, буғдой, шоли ва сабзавот кўпроқ етиштирилган. Чорвачилик ҳам ривож топган. Қадимги хитойликлар йирик қорамол, қўй, эчки, чўчқа боқиш билан шуғулланганлар. Чорвачилик Хитойнинг ғарбий вилоятларида, хусусан, Тибет ясси тоғларида айниқса кенг тарқалган.

Шундай қилиб, қадимги давлатлар яратилиши даврида хитойликлар кўчманчи қабилалар ерлари мустамлакага айлантирилди. Бу ерларда маданият ривож топмаган ва табиий шароит ноқулайлиги учун фақат чорвачилик тараққий этган. Хитойнинг этник таркиби турли – туман бўлган. Улкан ҳудудда бутун ер шарининг 1/4 аҳолиси – турли элатлар ташкил топган. Шимолда тунгуслар, манчжурлар ва мўғуллар ва жануби – ғарбда тибет қабилалари яшаган. Жанубда Бирма ва Ҳиндихитой -хитойликларга яқин қабилалар яшаган.
Таянч иборалар

Тентак дарё”, “Хитойнинг шўри”,


Саволлар

1. Қадимги Хитойнинг табиатини бўйсундириш йўлида қандай суғориш

усуллари қўлланилган?

2. Хитойнинг қадимги аҳолисини асосий хўжалик ишлари нималардан иборат

эди?
3. Шан - Инь давлати тарихи

Шан - Инь давлати даври. Хитой хронологиясига кўра бу давр одатда милоддан аввалги XVIII - XII асрларга тўғри келади. Қадимги Хитой тарихий анъанасига кўра, Шан қабила бошлиғи Пань Гэн милоддан аввалги тахминан 1400 йилларда қабилани Аньянга олиб келиб, Хуанхэ дарёси бўйида “Катта Шан шаҳри” ни қурдириб, давлати ҳукмдорлар сулоласини ҳам ўз номи билан атайди. Милоддан аввалги 1124 йилда Вей дарёси ҳавзасида яшаган Чжоу қабилалари Шан шоҳлигининг сўнгги пойтахтини вайрон қилиб, давлатни “Инь” деб номлаганлар.

Ривоятларга кўра, қабила бошлиғи Пань Гэн истилочилик сиёсатини юритмай, ўз ҳукмронлигидаги қабилаларни тинч идора қилган. Бу давр тарихини ўрганишда Хэнань вилоятининг Сяотунь қишлоғи яқинидан топилган буюмлар катта аҳамиятга эга. Бунда Шан - Инь даврига оид ёдгорликлар, сарой, ибодатхона, тўрт бурчак шаклида қурилган кўпгина уй қолдиқлари топилган. 300 мақбара, булар орасида баҳайбат ва серҳашам шоҳ сағанаси ҳам топилган (4 та). Мақбаралар ўша даврда синфларга бўлиниш мавжуд бўлганлигини тасаввур қилиш имконини беради. Зодагонларнинг ҳашаматли даҳмлари билан бирга оддий амалдорларнинг нисбатан оддий ва камбағалларнинг ҳароба қабрлари бўлган. Бу қазилмаларда бронзадан ясалган кўпгина маросим буюмлари, идишлар, мармар ҳайкаллар ва жуда кўп қуръа ёзувлари топилган. Шоҳ хазинасидан олтин, бронза, нефрит, тошбақа косаси ва садафдан ясалган олти мингга яқин қимматли буюмлар топилган.

Ёдгорликларни ўрганиш тарих фани олдига бир қанча янги, жумладан, Хитой маданиятининг келиб чиқиш муаммосини қўйди. Европа ва хатто Хитой тарихшунослари Инь даври аҳолисини ғарбдан келиб, Хуанхэ дарёсининг ўрта ва қўйи оқимида жойлашган истилочи қабилалар деб ҳисоблар эдилар. Бироқ бу фикр нотўғри. Неолит даври маданияти Инь даври моддий маданияти билан узвий боғлиқ. Неолит даврига хос уч оёқли идишларнинг ўзига хос шакли, катта шаҳарнинг пахса деворлари, уй ҳайвонлари (от), каолиндан ясалган оқ керамика, ниҳоят суяк қуръалар Шан - Инь даврида ҳам мавжуд бўлган. Антропология маълумотларига ҳам неолит даври билан Шан даври одамлари ўртасида ўхшашлик мавжудлигини аниқлаш имконини беради.

Шан – Инь даври маданиятини Хитойнинг азалий туб аҳолиси яратиб, улар қадим замонлардан бўён шу ерда яшаб келганлар ва Шимолий Хитой худудида неолит даврининг маданий ютуқларини сақлаб келган деб фараз қилиш учун барча асос бор. Моддий маданият ёдгорликлари, санъат асарлари, қадимги ёзувлар, жумладан, қадимги Хитой классик адабиёти асарларининг суяк ва бронза идишларига битилган намуналар Шан - Инь даврининг хўжалик, ижтимоий ва давлат тузумини, гарчи умумий тарзда бўлса ҳам, тасвирлаб беради. Афсуски, энг қадимги Шан - Инь ёзув парчалари ўша даврдаги давлат тузилиши тўғрисида фақат умумий тарзда хулоса қилиш имконини беради. Бу даврда Хитойда ер давлат қўлида марказлашиб, ҳокимият ҳам шу асосда ташкил топган. “Қўшиқлар китоби” да барча ерлар шоҳга тегишли эканлиги айтилади. Давлат мамлакатнинг асосий бойлигига ва хўжалик асоси – ерга таяниб “марказлашган кўриниш” ола борган.

Дин ҳукмдор обрўйини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Шоҳ буюк шахс, улуғ зот деб кўрсатилиб, худога тенглаштирилади. Афсоналарда сулолалар асосчиси бўлган ҳукмдор аталади. Ривоятларга кўра Це авлодидан бўлган Чэн Тан Ся сулоласининг сўнгги шоҳини ағдариб, Ин сулоласига асос солган. Энг қадимги қулдорлик жамияти ташкил топиш даврида шоҳ айни вақтда коҳин ҳам ҳисобланган. Аста - секин амалдорлар синфи юзага келиб, булар қаторига дастлабки уруғ зодагонлари, сўнгра қулдорлар вакиллари кирган.

Мамлакатни бошқаришда шоҳ ёрдамчиларидан иборат олий даражали амалдорлар иштирок этганлар. Булар орасида шоҳнинг бош вазири, “улуғ амирлар ва шоҳ фармонлари ” бошлиғи, ўз ёрдамчилари штати билан, шоҳ фармонларини битувчи бош мирза, шоҳ архиви ва шоҳ хазинасининг бошлиғи муҳим ўрин тутганлар. Ҳукмдор ҳузурида уруғ зодагонлари ва қабила бошлиқларининг авлодларидан иборат зодагонлар кенгаши бўлган. Қуръалардаги ёзувларда бу кенгаш “Катта ва кичиклар кенгаши” деб аталади. Қадимги шоҳлик даврида Мисрдаги каби шоҳ уруғи йирик бир шоҳ қавми бўлиб, унга мансуб одамлар давлатни идора қилиш ва ҳарбий ишларда қатнашиб, йирик мансабларни эгаллаганлар. Бу эса давлат ҳамда шу сулола ҳукмронлигининг мустаҳкамлигини таъминлаган.

“Шоҳ (ван)” сўзини англатган ибора Инь даври ёзувларида кўп учрайди. Хитой тарихчиси Мажо сўзига кўра, иероглиф белгиларда “ван” ва “цзу” (насаб) аломатларининг қуръа ёзувларидаги архаик шаклларининг айнан бирига ўхшайди. Баъзи ёзувларда урушлар тўғрисида айтилади. Хитой шоҳи Хитойнинг гуллаб яшнаган ерлари, деҳқончилик қиладиган серунум ўлкаларини қўриқлаб, кўчманчи қабилалар билан ҳамиша урушганлар. Хитой шоҳлари Шан - Инь давлатига тез – тез ҳужум қилган ғарбий тоғликларга қарши билан айниқса қаттиқ курашган. Ҳукмдор шу тоғлик қабилалар билан уруш бошлаш ва унинг муваффақиятли тугаши хусусида доим коҳин билан маслаҳатлашган. Қадимги ёзувларда мамлакат чегараларини ажнабийлар тинчлик бермаётганлигидан шикоятлар баён қилинган. Шоҳ худодан маслаҳат ва ёрдам сўраб кўчманчиларга қарши уруш олиб бориш зарурлигини айтади.

Кўпинча урушлар очиқдан - очиқ талончилик ҳарактерига эга бўлиб, ўлжага эга бўлиш, асирлар олиш мақсадида бошланиб, асирлар кейинчалик қул қилинган. Инь сулоласи ҳукмдорлиги даври ўртаси ва охирида кўчманчилар яшаб турган тоғли туманларни шунингдек, Вэй ва Фэнь водийси, яъни Шэньси вилоятининг марказий қисмини ва Шаньси вилоятининг жануби-ғарбий қисмини хитойликлар эгаллаб, мустамлака қиладилар.

Кўчманчилардан ҳимояланиш зарурлиги кучли қушин тузишни талаб қиларди. Инь даври ёзувларида жанг аравалари ва отлиқ қўшинлар тилга олинади. Аньяндаги қазишмалар қўшинлар бронза қуроллар билан қуролланганидан далолат беради. Инь давлатининг синфий хусусиати қўшинлар тузилишида кўринади. Пиёдалар оддий деҳқонлардан, жанг аравалари эгалари эса зодагонлар бўлган. Кўчманчилар билан бўлган урушлар Инь давлатини заифлаштиради, натижада жанговар Чжоу қабилалари Инь шоҳлигини тугатиб, янги Чжоу шоҳлигини барпо этадилар.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет