Таянч иборалар:
Пурушапура, Матҳура ёзуви, “Кушон Герай”, кхаронгхи хати, панда Сурк-Котал, Сакета, Агезила, гандхара санъати.
Саволлар:
-
Ҳиндистонда Кадфиз I ва Канишка ҳукмронлиги ҳақида гапириб беринг.
-
Қадимги Шарқда Кушон империясининг роли.
15. Қадимги Ҳиндистонда иқтисодий тараққиёт
Қишлоқ хўжалиги Кушон ва гупталар давлатининг қарийб барча вилоятлари ерлари қишлоқ хўжалиги учун яроқли эди. Экин майдонларини фақат ботқоқ ва чакалакзорлар ҳисобига кенгайтириш имкони мавжуд бўлган. Ганг ва Жанубий Ҳиндистон давлатлари сиёсий мавқеининг ошиши янги ерларни ўзлаштиришга олиб келди. Бу даврда қишлоқ хўжалигининг иқтисодиётдаги умумий салмоғи чорвачилик, ўрмон хўжалиги, балиқчилик ҳисобига ортди. Бу ҳудудларда экин майдонларига самарали ишлов бериш усуллари қўллана бошланди. Ўғитлаш, алмашлаб экиш, уруғ танлаш каби амалий ишлардан кейин йилига икки-уч марта ҳосил олиш имконияти туғилди. Бу даврга келиб гуручнинг бир неча навлари маълум бўлган. Табиийки, улар мамлакат вилоятларининг иқлим шароитига мослаштирилган. Катта меҳнат талаб этган гуруч каби деҳқончилик маҳсулотининг кўплаб етиштирилиши бу соҳада муайян ютуқларга эришилганидан далолат беради. Бу тўғрида ёзма маълумотларда ҳам айтиб ўтилади. Шуни ҳам айтиш лозимки, гуруч хорижий мамлакатларга ҳам сотилган. Пахтачилик ривожланиб, газлама ва бўёқ саноатида ҳам маълум ютуқларга эришилган.
Чорвачиликка эътибор янада кучайди. Инглиз ҳиндшуноси А.Бешем «Бу даврда деҳқонлар учун шахсий чорва билан шуғулланиш аҳамиятга молик иш бўлиб қолди» деб езади. Улардан сут ва гўшт олиш билан бирга улар ёрдамида ер ҳайдалар ва транспорт воситаси сифатида фойдаланилар эди. Шимолий Ҳиндистонда эчки юнгидан кенг фойдаланилган. Отлар асосан шимоли-ғарбда боқилган. Отлар ҳамиша қимматли жонивор ҳисобланиб, улардан кўпинча ҳарбий мақсадда фойдаланилган. Оддий аҳоли учун ҳаракатланиш учун туя ва ҳўкиздан фойдаланилган. Филлар юксак баҳоланар ва шу сабабли шоҳ қарамоғида бўлган. Улар тутқунликда камдан кам кўпаяр, шу туфайли уларни овлашга доимий эҳтиёж мавжуд эди. Шоҳ овчи ва филбонлари ўрмон ёқасидан уй қуриб олардилар. Тухум овқатга ишлатилмаса ҳам, хонаки паррандалар боқиларди. Бой уйларда товус ва бошқа қимматбаҳо қушлар, масалан чакравака ва қирғовул сақланган. Тўтиқуш ва майналар уй кўрки бўлиб, бойвучча аёллар уларга сўзлашни ўргатганлар. Ипак қурти етиштириш билан асосан Бенгалия ва Ассомда шуғулланганлар. А.Бешем ипак ведалар давридаёқ маълум бўлганлиги ҳақида хабар беради. Бу ҳақда «Артхашастра» да ҳам айтиб ўтилган. Ипак Ҳиндистонга милоддан аввалги XI асрда Хитойдан келтирилган. Бу даврда Хинд водийсида ўрмонлар камайиб кетганлиги сабабли, пиллачиликка эътибор бир мунча пасайса ҳам, шимолий ўлкаларда у асосий машғулотлардан бири бўлиб қолаверди. Балиқчилик эса яхши ривожланмади. Тадқиқотчилар бунинг икки сабаби бор деб айтадилар:
1.Денгиз қирғоқларининг қиялиги денгизчилик ва кемада сузишни қийинлаштиради.
2.Юқори табақалар бу ишга паст назар билан қарашган. Қимматбаҳо тош ва
марваридлардан катта фойда тушар, бу маҳсулотлар асосан бошқа мамлакатларга сотиларди.
Ҳиндистонда сунъий суғориш усули қадимдан мавжуд бўлиб, биз ўрганаётган даврда ҳам бундай суғориш кенг тарқалганди. Манбаларда турли тўғон ва ҳовузлар бунёд этилгани ҳақида маълумотлар бор. 150-456 йилларда олимлар суғориш ишлари учун мўлжалланган жуда катта сунъий кўл бўлганлигини эътироф этганлар. Шунингдек, каналлар қазилиб, энг катта каналлардан бири Орисса вилоятидаги канал бўлган.
Ҳунармандчилик. Бу даврда ҳунармандчилик янада ривожланди. Кушонлар даврида айниқса кулолчилик тараққий этди. Тошга ишлов беришда ҳам катта ютуқларга эришилди. Ғорларда Ажанта, Эллора ва Бхубанешвар сингари улуғвор ёдгорликлар сақланиб қолган. Қадимги тоштарош, рассом ва меъморлар санъати ҳозир ҳам одамлар эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Антик муаллифларнинг езишича, кўплаб ибодатхоналар ўз маҳобати билан барчани ҳайратга солган. Ер ости тошларидан ибодатхоналар қуриш ҳам ўша даврда бошланди. Бундай ишлар улкан машаққат ва моҳирлик талаб этган.
Шаҳар уйлари, одатда, бир неча қаватли қилиб қурилган. Бир сайёҳ «Мен кўрган уйларнинг томлари шу қадар баланд эдики, ортидан тоғлар кўринмайди» деб ёзади. Археологлар қадимда етти ва ундан баланд қаватли қилиб қурилган иморатларни топдилар. Кушон ва гупталар даврида тўқимачилик ва ҳайкалтарошлик ривож топган бўлиб, ўша давр баёнларида кийимлар турли ранглар билан кашталангани,олтин билан тикилгани ҳақида маълумотлар бор. Эркаклар ҳам, аёллар каби, заргарлик буюмларини таққанлар.
Кемасозлик. Бу даврда ўзига хос кема устахоналари бўлиб, уларда кўплаб уста ва ишчилар меҳнат қилганлар. Кема жиҳозларини ишлаб чиқарувчи устахоналар ҳақида «Артхашастра»да маълумотлар келтирилади. Кемалар давлатга қарашли ва хусусий бўлиб, улардан ҳарбий мақсадларда ҳам фойдаланилган. Улар дарё ёки денгизга мослаштирилиб, катта ё кичикроқ қилиб қурилган. Биринчи асрда кема қатнови йўлга қўйилиб, улар Африка ва Осиёнинг турли ўлкаларига қатнаган. Ҳинд денгизчилари муссон оқимлари хусусиятларини, уларнинг қай вақт ва қай томонга эсишини яхши ўзлаштириб олганлар. Муссон оқимларининг кашф этилиши катта аҳамият касб этди. Хитой сайёҳи Фа Сян V асрда Ява ороли орқали ёнида 200-та одами билан Ҳиндистонга келган. Қадимги Ҳиндистоннинг асосий портлари ғарбий соҳилларда жойлашиб, улар – Бхригугха (ҳозирги Бхаруч), Мумбай (Бомбей) яқинидаги Шурпарапа (ҳозирги Сапара). Тамралипти ва Нампа Ҳиндистон шарқидаги муҳим портлар бўлган. Бу портлардан кемалар соҳил бўйлаб Жанубий Ҳиндистон ва Цейлонга етиб борганлар. Юнонлар таъсиридаги Миср савдогар ва денгизчилари Ҳиндистон билан яқиндан таниш бўлганлар. ПериклнингI асрга оид юнон тилидаги «Эритрея денгизи» асарида денгиз йўллари кўрсаткичи ҳақида ҳам маълумотлар бор. Унда ҳинд шоҳларининг Рим императорига номалар йўллагани ҳақида ҳам айтиб ўтилади.
Савдо. Манбаларга қараганда, қуруқликдаги савдо барча йўналишлар, ҳатто Ҳимолай тоғлари орқали ҳам олиб борилган. Аммо энг муҳими, шимолий-ғарбий йўналиш бўлиб, ундан мамлакатни Қобул ва у орқали бошқа мамлакатлар билан боғлайдиган энг серқатнов йўл ўтган. Савдогарлар Таксила ва Пурушапура орқали Парфия ва ундан Ўрта Ер денгизи бўйи мамлакатларига чиқиб, Амударё ва Каспий денгизи орқали Қора денгиз ва Кавказга ўтардилар. Қуруқлик йўллари денгизга нисбатан бехатар бўлишига қарамай, уларнинг осойишталиги давлатлараро муносабатларга боғлиқ эди. Бундан ташқари, улар катта харажат талаб қилган. Ғарбда ҳинд молларидан қалампир, занжабилга талаб катта, хушбўй модда ва дори-дармон, мушк-анбар, лак ва бўёқ, бундан ташқари озиқ-овқат маҳсулотлари ва зеб-зийнатлар ҳам харидоргир бўлган. Ҳиндлар бошқа ўлкаларга товус, тўти каби антиқа қушларни ҳам олиб борганлар. Фил суяги ва тошбақа косасидан ясалган буюмлар машҳур бўлган. Ҳиндистон пўлати ҳам қадрланган. Бу маҳсулотларнинг бари олтин тангага сотилар эди. Хуллас, ҳиндларнинг ташқи дунё билан юритган савдо-сотиғи асосан Ҳиндистон фойдасига бўлган. Рим империяси бойликларининг Ҳиндистонга оқиб келиши Рим учун жиддий иқтисодий танглик келтириб чиқарган. Плиний айтишича, Шарққа йилига 100 млн. сестерций миқдорида олтин йўлланган.
Ҳиндистон ташқи савдосининг ривожланиши ички савдонинг равнақ топиши учун туртки бўлди. Айниқса зеб-зийнат савдоси ривож топиб, бу омил мамлакат ижтимоий-иқтисодий тизимига ижобий таъсир кўрсатди. Шаҳарлар юксалиб, пул муомаласи ривож топди. Савдогар ва судхўрлар бойиди. Подшо хазинасига савдо ҳамда турли тўлов ва солиқлардан катта маблағлар туша бошлади. Шу сабаб давлат савдони қўллаб-қувватлар ва мансабдор шахслар ўз мансабларини суистеъмол қилишига йўл қуймасди.
Бундан ташқари қуруқликдаги катта йўл ва дарёлар кесишган жойларда, дарёларнинг қуйилиш жойларида қадимги шаҳарлар – Бхригукачха ва Тампрамати портлари, Канакубжи, Матхура, Валапхи, Дияшипура, Прушапура, Таксила, Шакала ва бошқалар равнақ топган. Паталипутра, Вайшали, Ужаян каби шаҳарлар ўша вақтга қадар ўз аҳамиятини сақлаб қолди. Шунинг билан бирга Шимолий Ҳиндистоннинг аввалги пойтахтлари – Капилавата, Кушинагар шаҳарлари таназзулга учради. Биринчи асрда Жанубий Мазуран, Канчи, Танжавур, Пратишхана каби шаҳарлар гуллаб-яшнади.
Антик муаллифлар Жанубий Ҳиндситон ва Хитой саёҳатчилари асарларида ҳинд шаҳарлари ҳақида кўплаб маълумот қолдирганлар. Бу шаҳарларда 100 минглаб аҳоли яшаб, уларда кўплаб эҳромлар мавжуд қилар, уларда коҳинлар, мусиқачилар хизмат қилардилар. Бундай ибодатхоналар кўпинча мактаб, касалхона ва бошқа эҳтиёжлар учун ҳам хизмат қилган.
Пул муомаласи. Бу даврда тангалар зарб этилиб, улардан баъзилари бизга қадар етиб келган. Жумладан, олтин ва кумуш тангалар кўплаб ишлатилган. Бу жараён мамлакатда савдо кенг кўламда қулоч ёйганидан дарак беради. Олтин тангалар кўплаб зарб этиш Кушон давлатига хос бўлган. Бу тангалар динор, суварн деб аталиб, бу тангалар соф олтиндан ясалиб, оғирлиги 7,6 граммга тенг бўлган. Бу андоза Рим тангаларидан олинган. Гупталар даврида эса тангалар оғирлиги 9,8 граммгача етган. Чандарапути даври тангалари таркибда олтин миқдори аввал 80 фоизни ташкил этган бўлса, кейинроқ 50 фоизга тушиб, сўнг ундан ҳам камайиб кетди. Олтин тангаларнинг энг катта хазинаси Шарқий Рожастондан топилган бўлиб, 2100 донага тенг. Гупталар даврида пул муомаласи ривожи туфайли судхўрлик ҳам авж олди. Шу даврга оид адабиётларда қарз олиш тартиби ва ҳуқуқига аввалгидан кўпроқ эътибор берилган. Судхўрларга нисбатан аввалгидан кўра тобора камроқ чекловлар берилган. Ерни гаровга қўйиш тез-тез учрайдиган ҳолга айланди.
VI асрдан бошлаб мамлакат инқирозга юз тутди. Аввало шаҳарлар тушкунликка учради. VII асрнинг 40-йилларида Сюань Цзянь “Ҳиндистондаги Паталипутра, Вайшали, Ражагриха шаҳарлари ҳувиллаб қолган”, баъзи ерлар ҳароба бўлгани, айрим ҳудудлар чакалак-ўрмонларга айланганини баён қилади. Ганг водийсининг марказидаги Варанаси, Праяга ва Кушамби каби ерларни ўрмонлар қоплаб, улар ёввойи филлар макони бўлиб қолди. Йўлларда қароқчилар кўпайиб, улар Ганг дарёсида ҳам бебошлик қилганлар. Муаллиф Гандхара ўлкаси маркази – Паталипутрада бўлгани ҳақида езари. Бир вақтлар гуллаб-яшнаган эҳромлар қисмати ҳам аянчли бўлди. Таксила каби йирик шаҳарлар ҳам таназзулга юз тутди. Гупталардан кейинги даврда Кашмирда ҳам шаҳар ҳаёти сўниб бориб, бундай тушкунлик Харяна, Рожастон ва Уттар-Прадеш ҳудудларини ҳам қамраб олади. Манбаларда қаровсиз қолган савдо йўллари ва бу ҳол ташқи савдога ҳам салбий таъсир кўрсатганлиги тўғрисида айтилади. Бу эса ҳунармандчилик ва савдо маркази – шаҳарларга таъсир қилди. Бундай ҳолат аввалроқ Рим империяси ва қадимги Хитойда ҳам рўй берганди. Маълумки, бу ҳол ушбу мамлакатларда янги ижтимоий муносабатлар пайдо бўлиши ва ривожини билдиради. Ҳиндистонда ҳам ўхшаш манзара юзага кела бошлади.
Таянч иборалар
Фасян, чакравака, “Эритрея денгизи”, сестерций.
Саволлар
1. Қадимги Ҳиндистонда қишлоқ хўжалигининг ривожи қандай кечган?
2. Қадимги Ҳиндистонда савдо ва пул муомаласи ҳақида сўзланг?
16. I-IV асрларда Жанубий Ҳиндистон
Айрим ҳинд тарихчилари ва Европа олимлари қадимда Декан ва Жанубий Ҳиндистоннинг иқтисодий ва маданий ривожига бир томонлама баҳо берадилар. Аммо муҳим тарихий эпиграфик ва археологик кашфиётлар бу каби бир ёқламаликка барҳам берди. Шимолдан кўра Жанубий Ҳиндистонда феодал тузум ва феодал муносабатлар эртароқ вужудга келиб, ривожланишини тасдиқловчи далиллар олинди. Жанубий Ҳиндистоннинг қадимги цивилизациясида салмоқли ўрин тутгани маълум бўлди. Жанубий Ҳиндистон I-IV асрларда Шимолга нисбатан барқарор этник ва маданий муносабатлари билан ажралиб турган. Бу ҳудуд ижтимоий жиҳатдан тезроқ тараққий этди. Феодал муносабатлар бу минтақада жамоа тузуми асосида таркиб топди.
Тадқиқотчилар фикрича, Жанубда йирик давлат бирлашмалари-синфлар ва илк феодал муносабатларнинг шаклланиши сиёсий ҳаётнинг муҳим омилларидан бўлди. Дастлаб мамлакатнинг бу қисмини ривожланиши Шимолга нисбатан, секин борган эди. Бу даврда эса Жануб Шимолий Ҳиндистоннинг илғор ўлкалари даражасига етишди ва айрим жиҳатларда улардан ўзиб кетди. Лекин Шимолдан фарқли ўлароқ Жанубда жамият ривожланишига ташқи омиллар ҳам таъсир кўрсатди. Юқорида айтилганидек, у даврда шимолда аҳолининг этник шароитида мураккаб ўзгаришлар юз бериб, бу ерга юнонлар, парфияликлар, саклар, хун-эфталит ва бошқаларнинг кириб келиши шимолдаги ижтимоий, сиёсий, маданий муносабатларга таъсир ўтказмай қолмади. Жанубда ижтимоий ривожланиш бир текис, аммо жадалроқ кечди. Шунингдек, маҳаллий анъаналарнинг аксарият қисми сақланиб қолди. Энди Шимол давлатлари Жанубий Ҳиндистонни даромад манбаи деб ҳисоблар эдилар. Гупталар ҳам, Ватаклар ҳам унинг қудрати билан ҳисоблашишга мажбур бўлдилар. Жануб давлатлари Рим, жануби-шарқий Осиё ва Узоқ Шарқ мамлакатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини ўрнатди. Жанубий Ҳиндистонда дравид маданияти билан Шимолий Ҳиндистон ҳиндуорийлари ўртасида мураккаб боғланиш жараёнлари кечаётган, жанубга буддизм ва жайнизм динлари кириб келаётганди.
Бу даврга келиб Жанубий Ҳиндистонда Сатаваханлар империяси етакчи кучга айланди. Милоддан аввалги I асрда уларнинг асосий рақиблари сифатида Ҳинд дарёси водийларида ва Катхиаварда яшаган Сак қабилалари авлодлари – кшатраплар юзага келди. Биринчи асрда уларнинг қудрати янада кучайди. Иккинчи аср ўрталарида Кшатраплар Ставаханларга тегишли Ғарбий Декан вилоятларини босиб олишга муваффақ бўлдилар. Кейинроқ Кшарахата авлодларидан бўлган кшатрап Нахапан ва унинг куёви Ушавадати улкан ҳудудларга эга бўлиб олди. Пуна яқинидаги Жунарадан Нахапан даврига тегишли ёзувлар, Насик ва Карли ўлкаларидан Нахапан, куёви Ушавадат ёзувлари топилди. Иккала ҳукмдор 119-125 йилларда Насик, Пуна, Жанубий Гужарат, Шимолий Катхиавар, Ғарбий Малва вилоятларига ҳукмронлик қилганлар. Сатаваханлар бу даврда Шак кшатраплар ҳукмронлигидан озод бўлиб, қўлдан кетган ерларни қайтиб олганлар деган фараз мавжуд. Наҳапан, чамаси Сатаваханлар билан бўлган курашда ҳалок бўлган. Эпиграфик маълумотларда Сатавахан шоҳи Готамипутра устидан ғалабалари ҳақида ҳикоя қилинади. У Ғарбий Ҳиндистоннинг бир қанча вилоятларини эгаллаб олган бўлса керак. Матнда айтилишича, у «шак, яван ва палахавлар авлодига қирон келтирди». У кшарахатларни йўқ қилиб, Сатаваханлар шон-шуҳратини қайта тиклаган. У Нахапандан Деканнинг шимолий-ғарбий вилоятларини ҳам қайтариб олиб, сўнг Сатаваханларнинг азалий рақиби – Калинганинг айрим ерларини забт этди. Шоҳ ўзини Виндхия, Махида ва Малайи ҳукмдори деб эълон қилди. Готамипутра ҳукмронлиги даврида Сатавахан давлати янгидан гуллаб яшнади. У империянинг идора усулларини янада кучайтирди.
Ставаханларнинг ғалабалари ёрқин бўлгани билан мустаҳкам асосга эга эмас эди. Кейинроқ кшатраплар қўшинлари Готамипутра империяси ҳудудларига яна бостириб кирдилар. Сатаваханлар илгари эгаллаган кўпгина вилоятлардан ажрадилар. Рудрамана ёзувларида у ўзини Хурашатра, Аванти, Апаранта, Акара ҳамда Анупания ҳукмдори деб атайди. Насик ва Пуна Сатаваханлар қўлида қолди. Мазкур ёзувда Радраман мамлакат жанубидаги вилоят ҳукмдорини икки марта енгганлиги айтилади.
Гамитапутра ворислари. Подшоҳ Гамитапутра ўғлининг исми Пулмави бўлиб, Сатаваханлар давлатининг пойтахти Нани-Пратиштхана (милоддан аввалги 140 й.) эди. Бу Птолемейнинг «География» асарида қайд этилган. Мазкур асарда келтирилган далилларга асосланиб, тадқиқотчилар Гамитапутра ворислари кардамакларга қарши курашган ҳамда шимолий Малва ўлкаси айнан кардамакларга тегишли бўлган деган хулосага келдилар. Бу иккала уруғ орасида қариндошлик алоқалари мавжуд эди. Табиийки, бу ҳол сиёсий вазият ва пул муомаласига ўз таъсирини кўрсатган. Сатаваханларнинг зарб этилган тангаларида кшатраплар пул тизимининг таъсирини кўриш мумкин. Манбаларга асосланиб, Ҳиндистон ғарбидаги Шаклар давлати Сатаваханлар юритган сиёсатга ўз таъсирини кўрсатмаган деб фикр билдирса бўлади. Шак-кшатраплар ҳокимияти сиёсий ҳокимлик билан чекланган. Шаклар маҳаллий халқ билан киришиб кетиб, ҳинд исм ва урф-одатларини қабул қиладилар. Деканга санскрит тили кириб келгач, Шак қабилаларидан ушбу ёзувда битилган эпиграфик маълумотлар қолган. Кумуш тангаларнинг муомалага киритилиши ҳам шаклар билан боғлиқ.
Пулмави вориси шоҳ Шива Шри Шатакарни ўзининг шимолдаги доимий рақибларига қарши курашни тўхтатмагани маълум. Унинг тангалари Андхрада кўплаб топилди. Кейинги ҳукмдор Сурияни Сатакани Сатаваханлариниг кўпгина шимолий ерларини озод қилди. Бу шоҳ тангалари Шимолий Конкан, Баро ва Катхиварда ҳам топилган. Олимлар фикрича, бу ҳукмдор даврида Ғарбий океандан Шарқий океанга қадар ерлар империяга қайта қўшиб олинган. Бироқ бу қудратли шоҳ ворислари мамлакат яхлитлигини сақлаб қололмаганлар.
Сатаваханлар ҳокимияти барҳам топгач, майда сулолалар ҳукмронлик учун ўзаро шиддатли кураш олиб бордилар. Оқибатда ҳудуди асосан ҳозирги Берар вилоятидан иборат бўлган вакатаклар ғолиб келди. Бу сулола тахминан 255 йилдан маълум бўлган. Унинг асосчиси шоҳ Виндхяшики шак кшатраплар ва сатаваханлардан сўнг мустақилликни қўлига олган айрим маҳаллий сулоларга қарши курашди. Виндхяшактининг вориси Параварсена 1 (275-335 й.) ўз ташқи сиёсатида анчагина омадли эди. У ғурур билан ўзини «самрат» - якка подшоҳ деб атади. Унинг даврида сулола каттагина ҳудуд-Нарбада ва Кришна дарёлари орасидаги вилоятларга эга бўлди. Марказий Ҳиндистонда мустаҳкам ўрин эгаллашни мақсад қилиб, бу подшоҳ Нагалар сулоласи билан қариндошлик алоқаларини боғлади. У ўғли Бханавагига Нага шоҳи қизини олиб беради. Қудратли Гупталар давлати пайдо бўлганидан сўнг, вакатаклар шимолий чегаралар хавфсизлиги ҳақида бош қотиришларига тўғри келди. Самудрагуптанинг Ҳиндистон жанубига қилган юриши вакатак ва гупталар орасидаги муносабатларни кескинлаштирди. Гупта шоҳининг машҳур Оллоҳобод ёзувида у забт этган давлатлар номи санаб ўтилган. Улар орасида шоҳлар Аряварта Рудрева номи ҳам учрайди. Уни ўша даврдаги вакатак ҳукмдори Параварсенанинг набираси Рудрасена I га (335-360) қиёс қилишади. Аммо маълумки; гупталар Самудрагуптанинг жанубга юриши чоғида босиб олинган барча вилоятларни расман ўз империяси таркибига қўшиб олишни лозим топдилар. Ҳар икки сулола вакиллари дўстона алоқалар ўрнатиш муҳимлигини яхши тушунар, гупталар вакатаклар орқали жанубий ҳудудларга таъсир ўтказиш ниятида эдилар. Вакатаклар эса очиқ жангда гупталарга жиддий қаршилик кўрсата олмасдилар. Бу вақтда гупталар ғарбий кшатраплар билан бўладиган жангларга ўз диққатини қаратадилар. Рудрасена I набираси шаҳзода Рудрасена II эса Прабхаватигупта-гупта шоҳи Чандрагупта II Викрамадитянинг қизига ўйланади.
Вакатаклар саройида гупталар таъсири кучайди. Бу даврда мамлакат пойтахти Нандиварханга гупталар элчиси, ундан ташқари ўзга мансабдор шахслар ҳам келардилар. Кўп ўтмай ягона сулола бир неча маҳаллий сулоларга бўлиниб кетди. Улардан бири – Ватсагулими (Жанубий Берар) вакатаклари катта обрў–эътиборга эга бўлди.
Тахминларга кўра, Паллавлар Жанубий Ҳиндистондан келиб чиқиб, шубҳасиз, Шимолнинг кучли таъсирини бошдан кечирганлар. Паллавлар давлати пойтахти Канчипурам шаҳрининг шимолий чегараси Кришна дарёсидан ўтган. Паллавлар бир неча бор гупталар билан тўқнашдилар. Бу вақтга келиб Андхрада кшатраплар билан паллавларга қарши иттифоқ тузилган бўлса ҳам, охир оқибатда паллавлар ғалаба қозондилар. Жанубда Ашока ёзувларида зикр этилган Чера, Пандя, Чола каби давлатлар мавжуд бўлиб, улар Рим билан бевосита алоқа боғлаганлар. Сатаваханлар билан вакатаклар мукаммал бошқарув тизимига эга бўлган давлат барпо этдилар. Империя вилоятларга, улар ўз навбатида туманларга бўлинган. Улар мансабдор шахслар томонидан бошқарилиб, ҳар туманда мирза, ҳарбий бошлиқлар фаолият олиб борган.
Сатаваханлар буддавийларга ҳомийлик қилиб, буддавий файласуф Нагаржуна шу даврда яшаган бўлиши керак. Бу даврда будда ва жайна динидан ташқари ҳиндуизм дини ҳам кенг тарқалган. Паллавлар сатавахан давлати қолдиқлари ўрнида ўз давлатларини барпо этади. Олимлар бу сулоланинг илк ҳужжатларини III-IV асрга тегишли деб ҳисоблайдилар. Унинг биринчи йирик ҳукмдори – Шива-Скандаварман бўлиб, у ашвамедха ҳамда ведаларнинг қурбонлик келтириш анъаналарини адо этган. Вармани даврида Канчипурам шаҳри давлат пойтахти бўлган. Санскрит ҳужжатларида V-VI асрларда ҳукм сурган паллав шоҳларининг исмлари учрайди.
VI аср охирида шоҳ Самхавишну янги сулолага асос солди ва Паллавлар давлати ҳудудини Кавера дарёсига қадар кенгайтирди. У Пандья, Чола, Чера сулолалари ва Шри-Ланка ҳукмдорларини устидан ғолиб келди. Самхавишнунинг ўғли ва вориси Махендраварман I Чалуки сулоласига оид қудратли ҳукмдор – Пулакешин II дан мағлуб бўлиб, Венги вилоятини қўлдан бой берди.
Паллавлардан бўлган кейинги ҳукмдорларнинг сиёсий тарихи юксалиш ва инқироз, гуллаш ва ўзаро урушлардан иборат бўлди. Махендра Верманинг ўғли Нарасимха Верма I ҳукмронлиги даврида паллавлар Жанубий Ҳиндистонда катта эътиборга эга бўлдилар. У Шри-Ланкага икки марта ҳужум қилиб, босиб олди ва мамлакат тахтига ўз ноибини ўтказди. Бу даврда Хитой элчиси Сюан Цзян пойтахт шаҳар Канчига ташриф буюрди. Кейинроқ у шу ўлка ҳақида ўз таассуротларини шундай деб ёзди: «Замини серҳосил, ерга доимо яхши ишлов берилади, дон-дундан мўл ҳосил олинади. Кўплаб гул ва мевали дарахтлар етиштирилади. Қимматбаҳо тошлардан тақинчоқлар ишланади. Иқлими иссиқ, аҳолиси соғлом, илм-маърифатга ихлоси катта». Паллавлар сулоласи то IX аср бошигача ҳукмронлик қилди.
Манбаларда айтилишича, аҳолининг кўпчилиги браҳман динига эътиқод қилиб, Шивага сиғинган. Ҳинд маъбудларига ишонган бўлган шоҳ Махендраварма ҳаёти сўнггида Жанубий Аркотдаги жайн эҳромини вайрон қилди. Бироқ Сюан Цзян гувоҳлигича, будда дини обидалари паллавлар давлатида сақланиб қолган. Ўша даврда ҳам дин санъат ривожига катта таъсир кўрсатган. Жанубда ҳинд меъморчилиги ва ҳайкалтарошлиги тарихи VI аср охирларида – айнан паллавлар даврида бошланди. Махендраварма эҳромларни тоғ қояларида ўйиб қурдирган. Жанубий Ҳиндистондаги кейинги йирик сулола Шантамула асос солган Ишвака сулоласи эди. Бу сулола Анхрада қарор топган. Ишавкалар Ужаяндаги шак кшатраплари ва Ванаваса (ҳозирги Бомбей) ҳукмдорлари билан қариндошлик алоқалари ўрнатиб, мавқеларини кучайтирдилар. Ўша давр битиклари ишвакалар брахманизм динига мойил бўлганидан далолат беради. Ёзувлардан яна, бу сулола ўз ҳудудларини кенгайтириш мақсадида паллавларга қарши кураш олиб боргани маълум.
Жанубий Ҳиндистон сиёсий тарихидан яна Каломбо (Карнатак), Ганга (ҳозирги Майсур штати) маълумдир. Ганга сулоласига IV асрда асос солиниб, пойтахти Таланавапутра бўлган. Унинг мустақиллигига 1004 йили Чолалар чек қўйди.
Жанубий Ҳиндистонда милоддан аввалги I минг йилликнинг иккинчи ярмида юзага келган Чера, Пола, Пандья каби йирик давлатлар мавжуд бўлиб улар, Ашока битикларида ҳам ёдга олинади. Маурийлар улар билан дўстона муносабатда бўлганлар. Маурийлар империяси қулагач, шимол ва жануб ўртасидаги ўзаро алоқалар барҳам топди. Аммо тамил адабиёти илк антик асарларидан маълум бўлишича, Жанубий Ҳиндистон муҳим ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнлар ҳамда улкан сиёсий воқеаларни бошидан кечирган. Бу давлатлар Ғарб, жумладан Рим билан бевосита савдо алоқаларини ўрнатадилар. Жанубий Ҳиндистоннинг шарқий қирғоқларида Рим савдо факториялари бўлган. Шунингдек, бу давлатлар Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳам савдо ишларини йўлга қўйганлар. Жанубий Ҳиндистон портлари ва давлатлари ҳақида эътиборга молик маълумотлар мавжуд. Масалан, Чераларнинг яванлар билан кураши ҳақида қуйидаги фактлар маълум. Чера шоҳи яванларнинг бир қисмини асир олиб, улар қимматбаҳо тошлар ва ҳунармандчилик буюмлари билан товон тўламагунча ушлаб турган. Бу эса ўша даврда Рим савдогарлари билан Чера подшоси ўртасида кескин муносабатлар ҳукм сурганидан далолат беради. Манбаларда бу давлатлар орасида ҳамиша адоват бўлганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган. Шу даврнинг йирик жангларидан бири – Венни-Танжавур яқинидаги тўқнашувда Тамилнинг энг машҳур шоҳ Карикал II Чера ва Пандья шоҳларини мағлуб этган. Чола ҳукмдори моҳир ва адолатли сифатида улуғланган.
Жанубий Ҳиндистонда давлат тузуми. Қадимги ёзувлар ва адабий манбаларда айтилишича Жанубий Ҳиндистон ва Деканда тахт қатъий равишда отадан фарзандга мерос сифатида ўтган. Давлатни бошқариш услуби монархия кўринишида бўлган. Сатавахан ва вакатаклар даврининг илк маълумотларидан бир неча юз йил ичида давлатни бошқариш тизимида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаганлиги маълум. Вакатаклар империясида марказлашган бошқарув ва марказнинг қатъий назорати йўлга қўйилган. Сатаваханлар давлати вилоят (жанапад) ларга бўлинган. Улар тепасида махсус ҳарбий амалдор – махасеналар турган. Вилоятлар ўз навбатида амат, яъни округларга бўлинган. Вакатаклар империясида: раштра (раджа), вишая, бхакти, ахара каби маъмурий бўлиниш турлари мавжуд бўлган. Қадимги ёзувларда ерни инъом қилиш тўғрисидаги фармонларда амалдорлар (ражуклар), қишлоқ амалдорлари (грамахумалар) ҳақида айтиб ўтилади.
Сатавахан даври ёзувларида озиқ-овқат заҳираларини сақловчилар, котиб ва бошқа амалдорлар, шоҳ фармонлари бажарилишини назорат қилувчилар ҳақида сўз боради. Давлат тизими шимолдаги каби бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Жануб ҳукмдорлари ҳам Шимолдаги шоҳлар каби бош маслаҳатчи, қўшиқчилар, ривоятчиларга эга бўлганлиги маълум. Браҳманлар саройда катта мавқе эгаллаганлар. Улар қурбонлик қилиш маросимларига бошчилик қилганлар.
Достарыңызбен бөлісу: |