3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



бет7/15
Дата15.06.2016
өлшемі1.73 Mb.
#137277
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15

Таянч иборалар

Чандрагупта, Каутиля (Чанакя), Биндусара, Магадха, “Индика”.

Саволлар

  1. Жайнизм ва буддизм моҳияти нимадан иборат?

  2. Маурийлар империясининг вужудга келиши.


6. Ашока империяси

Ашока даврида маурийлар сулоласи буюк қудратга эга бўлди. Маълумотларга кўра, Ашока ҳокимият учун узоқ вақт кураш олиб борган. Шу сабабли у тож кийиш маросимини ҳокимиятни қўлга олишидан 4 йил кейин ўтказган. Маурийлар империяси қадимги Ҳиндистоннинг машҳур арбобларидан бири, сулоланинг учинчи ҳукмдори Ашока даврида гуллаб яшнади. Унинг даврида империя ҳудуди шимолда Кашмир ва Ҳимолай, жанубда Майсургача, шимоли-ғарбда ҳозирги Афғонистондан шарқда Бенгал кўрфазигача ёйилган эди. Империя Ғарб ва Шарқ мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Бу давлат ўша даврнинг йирик империясига айланиб, шон-шуҳрати оламга ёйилди. Мамлакатда будда дини ҳам ривож топди.

Бизгача етиб келган Ашока фармонларида маурийлар сиёсати, империяни бошқариш усуллари ва ўша давр тарихи ҳақида муҳим маълумотлар бор. Фармонларда маурий шоҳи «Пиядаси Деванамния» деб аталади. Бу ном санскритча «Худога мақбул ҳукмдор» маъносини билдиради. Пиядаси Ашоканинг шахсий исми бўлганлиги эҳтимоли ҳам мавжуд. Ашока исми эса «ғамдан холи» деган маъносини билдириб, Косамби ўз монографиясида Ашока ёки Асока номини «ғам билмас» деб таржима қилади.

Шри-Ланка йилномаларига кўра Ашока 37 йил, Пурана маълумотларига кўра 36 йил давомида ҳукмдорлик қилган.

Шоҳ фармонларига биноан, унинг даврида Бенгал кўрфазининг жанубий соҳилидаги Калинга давлати билан уруши энг катта ҳодиса бўлган. Шоҳ бу тўғрида қуйидагиларни ўн уч қояга ўйдириб ёздирган: «Саккиз йил ичида шоҳ Пиядаси томонидан Калинга босиб олинди. 150 минг киши асир олинди. 100 минг одам қатл этилди. Бундан ҳам кўпроғи урушда ҳалок бўлди». Калинга қўлга киритилиши билан маурийлар империяси янада қудратли бўлди. Бу ҳудуд нафақат стратегик жиҳатдан, балки савдо-сотиқ нуқтаи назаридан ҳам қулай эди. Калинга урушидан сўнг Ашока фаол ташқи сиёсат юритди. Катта қудратга эга Ашока баъзан ҳарбий куч, баъзан сиёсий усуллар билан ғалабага эришган. Забт этилган юртларга махсус элчилар йўллаб, маҳаллий ҳукмдорларга улкан ваъдалар берган. Рус олими Г.М.Бонгард-Левин узоқ изланишлардан сўнг Ашоканинг будда дини ва дҳарманинг кенг ёйилишига эътибор берганини аниқлади. Юқорида айтилганидек, у кўп давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Жумладан, Селевк шоҳи Антиох, Миср ҳукмдори Птолемей, Македония шоҳи Антигон Тонат, Кирена шоҳи Мак ва Эпир шоҳи Искандар ҳузурига ўз элчиларини йўллаган. Ашока Цейлон билан ҳам яқин муносабат ўрнатган. У ўз ўғли бошчилигидаги элчиларни Цейлонга будда динини ёйиш мақсадида жўнатганида, Цейлон шоҳи унга тақлидан Деванампия номини олади. У ҳам Магадхага ўз элчиларини юборган.

Маурийлар империяси улкан ҳудудни эгаллаган эди. Бу империя таркибига этник, тил ва маданий жиҳатдан фарқ қилган ва диний эътиқоди, урф-одати турлича бўлган халқлар бирлашган эди. Ашока тарихчилари ёзувларига кўра, давлат ҳудуди Жанубий океандан Ҳимолай тоғларига қадар ерларни эгаллаган. Ҳозирги Афғонистондаги Арахосия ҳам мазкур империя таркибига кирган. У жанубда Чола, Кералапутра, Сатянура давлатлари билан чегараланган.




Таянч иборалар

Паришад, сабҳа, вижита, Чахравартин, ражухий, астином, Калинга, дҳарма, “Пиядаси Деванамния”, Косамби, Ашока.
Саволлар

  1. Ашоканинг ҳокимият тепасига келиши қандай кечди?

  2. Маурийлар империясининг вужудга келиши.


7. Маурийлар даврида шоҳ ҳокимияти

Маурийлар даврида монархия кучайди. Қабилалар бошқаруви ёки республика тизимининг роли аста секин тушиб борди. Мазкур жараён Ашока фармонларида ва «Артхашастра»да айтилгани каби, давлатчиликнинг асосий шиори «Давлат-бу шоҳдир» маъносини англатади. Ворислик қоидасига қатъиян риоя қилинар, шоҳ ҳаётлигидаёқ ўғилларидан бири, одатда тўнғич ўғлини тахт вориси этиб тайинларди. Аммо кўпинча шаҳзодалар ўзаро қизғин курашдан сўнг тахтга эришардилар. Тахтга чиқиш махсус маросим – абхишека ўтказилган. Маурийлар ҳокимияти даврида Ҳимолайдан Жанубий денгизларгача ёйилган ҳудуднинг ягона ҳокими – Чакравартин – яъни «ҳокимият ғилдирагини айлантирувчи» тушунчаси шаклланди. Бу тўғрида «Артхашастра»да муфассал айтиб ўтилган. Бинобарин, мазкур жараён улкан империянинг барпо бўлиши билан боғлиқ ҳинд давлатчилиги тарихидаги янги даврни ифода этади. Ашока битикларига кўра, маурий шоҳи давлат тепасида туриб, қонун чиқариш ҳуқуқига эга бўлган. У йирик давлат арбобларини ўзи тайинлаган. У хазинабон ҳам олий суд бошқарувчиси бўлган.

Шоҳ саройида браҳман зотидан бўлган коҳин муҳим ўрин тутган. Ҳукмдор лавозимларга ўз одамларини тайинласа ҳам, аммо улар орасида махфий кузатувчилари бўлган. Нопок амалдорларини жазо тариқасида конларда оғир ишларни бажартирган. Умуман, назорат ишларига катта аҳамият берилган. Фақат амалдорлар эмас, балки оддий аҳоли ҳам кузатув остида бўлган. Тахтга даъвогар – шаҳзодалар алоҳида назорат остида сақланган. Шоҳ тунлари хуфия айғоқчиларни қабул қилар, кундузлари эса давлат ишлари ёки маишат билан машғул бўларди. Шоҳнинг ўзи қўшинларнинг бош қўмондони ҳисобланган. Метасфен ёзишича, шоҳ Чандрагуптанинг 400 минг кишилик қўшини бўлган.

Паришад ва сабҳа. Давлатни бошқаришда шоҳ аъёнлари кенгаши – паришад катта роль ўйнаган. «Артхашастра» да мазкур кенгаш – мантрипаришад (шоҳ вазирлари мантринлар мажлиси) деб аталган. Кенгаш барча буйруқларни бажариш ва тизимни текшириш билан шуғулланган. Паришаддан ташқари бир неча ишончли шахсдан иборат тор доирадаги махфий кенгаш мавжуд эди. Паришад таркиби давлат эҳтиёжидан келиб чиқиб тайинланган. Ашока даврида паришад дхарма қонун-қоидалари бажарилишини назорат қилган ва мамлакат ўлкаларини бошқариш усуллари билан таниш амалдорлар вазифаларини белгилаган. Паришадда қизғин тортишувлар бўлиб турар, гоҳо ҳукмдор ва паришад аъзолари ўртасида ҳам келишмовчиликлар чиқарди. Айниқса, Ашока даврида бундай қарама-қаршиликлар кескин тус олди.

Паришад ўз имкониятларини кенгайтиришни истаган зодагонлар, ҳарбийлар ва коҳинлардан ташкил топган. Ведалар даврида у таркиб жиҳатидан анча кенг бўлиб, рожалар сиёсатига ижобий таъсир кўрсатар, демократик услубда иш олиб борар эди. Аста-секин унинг таркиби қисқариб, фақат аслзодалар иштирокидаги маслаҳатчи органга айланиб қолди. Маурийлар даврида подшо ҳокимияти кучайганда ҳам паришад ўз мавқеини сақлаб қолди. Шундай жараён зодагон ва халқ вакиллари кўпчиликни ташкил қилган сабҳада ҳам рўй берди. Сабҳа муҳим сиёсий вазифаларни адо этар, Маурийлар даврида унинг таркиби ҳам анча қисқарди. Паришадга нисбатан рожа сабҳа кўпроқ ваколатга эга бўлиб, унинг ҳайъатига шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг айрим вакиллари кирар эди. Подшо кўпинча кўмак истаб рожа сабҳага мурожаат қиларди. Ашоканинг рожа сабҳа аъзолари олдида маъруза қилгани маълум. Сабҳа Чандрагупта даврида ҳам мавжуд бўлган.



Солиқлар. Шоҳнинг муҳим вазифаларидан бири солиқ йиғишни ташкил этишдан иборат бўлган. Кучли ҳокимият асосини хазина ташкил қилади. Шу сабабли ҳукмдор ҳамиша хазина тўлишидан манфаатдор бўлган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 1/6 қисмига тенг бўлган шоҳ улуши – бхага солиқнинг асосий тури эди. Шоҳни ҳатто шадбхагин, яъни “олтидан бир қисмини олувчи” деб ҳам атаганлар. Ҳосил яхши бўлган мавсумларда бхага ¼ ва 1/3 хажмига қадар ҳам олинган. Тақчиллик вақтида бу улуш янада ортиши ва шоҳ эҳром бойликларини ҳам ўзлаштириши мумкин эди. Солиқларнинг асосий қисми ҳукмдор хазинасига келиб тушган ва уларнинг катта қисмини деҳқонлар – катта ерга эга бўлмаган эркин жамоа аъзолари тўлардилар. Бундан ташқари савдогар, косиб ва чорвадорлардан ҳам солиқ олинган.

Аҳолининг айрим қатламлари солиқдан озод қилинган. Антик муаллифларнинг айтишича ва қадимги ҳинд қонунлари – шастриларда кўрсатилишича, муқаддас матн билимдони ва юқори Варна-тоифа вакили сифатида браҳманлар солиқ тўлашдан озод этилганлар. Шунингдек, шоҳ хизматида бўлганлар ҳам солиқ тўламаганлар. Бу эса жамиятнинг турли ижтимоий гуруҳлари орасида зиддиятлар келтириб чиқарди.



Вилоятларни бошқариш тизими. Вилоятлар қадимий анъана ва тартиб-қоидалар асосида бошқарилган. Маурийлар эски тизимни янги шароитга мослаштирдилар. Шунингдек, давлат бошқарувининг янги усуллари ҳам ишлаб чиқилди. Империя асоси вижита – («забт этилган») ҳисобланиб, унга ер-мулки билан шоҳ назорати остида бўлган баъзи туманлар кирган. Вилоятларнинг тўрттаси – шимоли-ғарбий (пойтахти – Таксила), ғарбий (пойтахти – Ужжаяна), шарқий (Калинга вилояти, пойтахти–Тосала) ва жанубий (пойтахти–Суварнагири) алоҳида ҳуқуққа эга эди. Бу вилоятларни шаҳзодалар бошқариб, улар империя сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Энг йирик вилоятлар маълум даражада ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқига эга эдилар. Барча вилоят шаҳзодалари (Калингадан ташқари) ўзлари идора этаётган ҳудудларни текшириш мақсадида махсус тафтишчиларни йўллар, аммо Калинга ҳокими бундай ҳуқуққа эга эмасди. Бу вилоятда назорат иши бевосита император томонидан бошқарилар, чунки бу вилоят кейинроқ забт этилиб, у император мулки ҳисобланарди. Оддий вилоятлар-жанапад, улар эса туман – прадеш, округлар – ахалеларга бўлинган. Вилоятлар тепасида йирик давлат амалдорлари – ражукийлар турган. Вақт ўтиши билан мазкур амалдорларнинг мавқеи кучайиб, ўз ҳудудларида қозилик ҳуқуқини қўлга киритди. Ахале тепасида турган махаматралар ражукийлар қўл остида хизмат қилганлар. Вилоятларнинг йирик шаҳарларида амалдорлар мажлис қиладиган махсус жойлар бўлган. Мирзолар тегишли фармонларни ёзиб шу ернинг ўзидан вилоятларга жўнатганлар. Маурийлар айирмачилик (сепаратизмга) қарши курашиш билан бирга империя ичида автоном бирлик ҳуқуқи асосида айрим гана-республика бирлашмаларини сақлаб қолдилар.

Шаҳар бошқармаси. Маурийлар даврида ўз-ўзини бошқаришнинг айрим хусусиятлари шаҳарларда ҳам сақланиб қолган. Ашока ёзувларида ички, яъни вижита ичкариси ва ташқи шаҳарлар ҳақида сўз боради. Империя пойтахти – Паталипутра эди. Мегасфен ўз асарида махсус шаҳар амалдорлари – астиномлар ҳақида ёзиб қолдирган. Мазкур амалдорлар шаҳар ҳаётининг маълум соҳалари устидан назорат қилганлар. Шаҳар кенгаши амалда шаҳар бош ташкилоти ҳисобланарди. Унинг аъзолари марказ ёки вилоят амалдорлари томонидан тайинланган.

Аҳолининг ҳар бир гуруҳи варна – табақа ва ихтисосига кўра, шаҳарнинг муайян қисмида яшаган. Шаҳар амалдорлари жамоа бинолари, шаҳардаги тартиб, озодалик, муқаддас жой ва эҳромлар устидан назорат қилардилар. Мабодо, бирор киши шоҳ саройи ёнидан ўтиб қолса, у ҳибсга олинар ёки унга жарима солинарди.



Ашоканинг диний сиёсати. Маурийлар даврида Будда дини Ҳиндистонда кенг тарқалди. Милоддан аввалги III асрда буддизм қадим ҳинд жамияти маънавиятида асосий йўналиш бўлиб қолди. Бу вақтда будда жамоаси – Сангха мавжуд бўлиб, бу динга оид муҳим асарлар яратилди. Айнан шу даврда буддавийлик кенг тарқалиб, тараққий этди. Будда дини кучли давлат тепасидаги якка ҳоким – Чакравартин ғояси билан бирлашган империя таянчи бўлиб қолди.

Манбаларга кўра, Ашока бу динни дабдурустдан қабул қилган эмас. Отасининг саройида турли диний йўналишларни чуқур ўрганган ва мазҳаб уламолари мунозараларида қатнашган. У Будда таълимотини ҳам ўрганиб, упасака даражасига етиб борган. Император аввалига будда жамоасига жиддий эътибор бермаган. Кейинчалик роҳиблар ҳаётини пухта ўрганиб, уларни қўллаб-қувватлаган. Бу таълимотнинг ахлоқий устунлигига бўлган қизиқиш Калинга жангидан кейин янада ортган. Ашока урушдан аввал буддавийлик тарафдори бўлса ҳам, айни шу урушдан кейин дхамавижаи (дхармани эгаллаш), яъни асосий аҳлоқ қоидаси – дхармани эгаллаш унинг сиёсатида алоҳида ўрин тутди.

Ашока ўз даврида зўравонлик билан эмас, балки турли таълимот мезонлари заминида барча мазҳабларни бирлаштиришга интилди. Паталипутрада буддавийларнинг учинчи йиғини ўтказилди. У фақат будда роҳибларигина эмас, балки будданинг оддий издошлари бўлган халқ талабига асосланиб иш кўрди. Айтиш мумкинки, Ашока биринчи бўлиб мамлакатни бирлаштиришда дин ролини тушуниб етди. Унинг кўп фармонлари Будданинг барча таълимотидан ҳам бохабар бўлмаган халқ оммасига қаратилган эди.

Ашоканинг дхарма – аҳлоқ-одобга оид фармонлари. Дхарма – ахлоқ-одоб қоидалари, инсоний ҳаёт тарзидир. Шунингдек, бу сўз умумий будда таълимотини ҳам англатади. Ахлоқий қоидалар ота-онага итоат, катталарга ҳурмат, саҳийлик, жониворларга озор бермаслик кабилардир. Бундай қоидалар барча учун баробар. Баъзи олимлар фикрига кўра бу қоидалар дхармадан келиб чиққан. Тўғри, дхарма подшо фармонлари учун асос вазифасини ўтаган ва унга ҳурмат билан боққанларга подшо марҳамат кўрсатган.

Ашока фармонларида келтирилган дхарма турли варна ва ижтимоий гуруҳлардан иборат аҳоли учун умумий қоида бўлган. Шуниси эътиборлики, амалдорлар будда браҳманларининг фаолиятини назорат қилган, бу эса уларнинг ҳаддидан ошиб кетмасликларини таъмин этарди.


8. Магадха – маурийлар даврида Жанубий Ҳиндистон

Ашока фармонларида империя чегаралари бўйлаб жойлашган Жанубий Ҳиндистон давлатлари – Панда, Чола, Чера, Сатяпутра ва Кералапутралар санаб ўтилади. Мегасфеннинг илк асарларида ҳам Панда давлати номи мавжуд (мил. ав. IV аср охири). Жанубий Ҳиндистон ва Шри-Ланка ҳақидаги маълумотлар Искандар юриши қатнашчилари бўлмиш тарихчилар қаламига мансуб. Улардан бири – Онисикрит ёзувларида Шри-Ланка оролига саёҳати ҳақида ҳикоя қилинади. Жанубий вилоятлар Маурийлар империясига қўшилганидан кейингина Шимолий Ҳиндистон билан маданий алоқалар ўрнатилди. Буддизм жанубга томон тарқала бошлади. Декан вилоятидан топилган II-III аср ёзувлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Мазкур ёзувларда бхожи, андхра, пулинди каби Ашока даври халқлари номи зикр этиб ўтилган.

Мегасфен асарида 300 шаҳарни бошқариб, 150 минг қўшинга қўмондонлик қилган, 500 жанговар фили бўлган Пандия маликаси ҳақида ҳикоя қилинади. Каутилянинг «Артхашастра»асарида Жанубий Ҳиндистон бойликлари, Пандия мамлакати ва бошқа вилоятлар ҳақида муфассал маълумотлар бор. Виндхя тоғлари ва қалин чангалзорлар билан ўралган Жанубий Ҳиндистон Шимол билан алоқалар ўрната бошлади. Деканда топилган тангалар ҳам ана шундан далолат беради. Амаравати (Анхра Прадеш) дан 8 мингга яқин танга топилган. Жанубий вилоятларга Маурийлар ҳокимияти билан бирга ҳинд маданияти – буддизм ва жайнизм кириб келади. Хитойлик саёҳатчи Сюан Цзан Ашока даврида жанубий туманларда Будда ҳайкалларини учратганлигини айтади. Антик муаллифлар жануб иқлими, табиий шароити, ўсимлик дунёси ҳақидаги маълумотларини сақлаб қолганлар. Маурийлар империясининг кучсизланиши ва қулаши оқибатида маҳаллий сулолалар мавқеи ошиб, кўп миқдордаги вилоятлар империядан ажралиб чиқди. Пушямитра даврида Шунгалар ичида биринчи бўлиб Деканда мустақил Видарбха давлати вужудга келди. Пушямитра оғир курашлардан сўнг Видарбханнинг парчаланишига эришди ва унинг шимолий қисмини ўзига бўйсундирди.

Маурийлардан кейин Деканда кучли Сатаваханлар давлати ном қозонди. Пуранада Сатаваханлар андхралар номи билан аталган. Андхра халқи Гвадари ва Кришна дарёлари ўртасидаги телегулар мамлакатида яшаган. Ставаханлар ҳақида маълумот берилган дастлабки манбалар Марказий Ҳиндистон ва Шимолий Декандан топилган. Сулола асосчиси Симука (Пуранада Шимука), Ставаханлар тарихининг аввалги давридаги кўзга кўринган ҳукмдори шоҳ Сатакани ёки Шатакарни бўлган. Унинг ҳукмронлигида давлат ҳудуди кенгайтирилиб, шоҳ «Жанубий мамлакат соҳиби» номига сазовор бўлган.

Ушбу давлат бир неча юз йил давомида катта ҳудудда ҳукмронлик қилиш, шимолий Ҳинд давлатлари билан муваффақиятли рақобатлашиш ва босқинчи қабилаларга қарши туришга муваффақ бўлди. Қадим ҳинд манбаларига кўра, ушбу давлат маданият ва бошқарув соҳасида кучли тартиб ўрнатиш билан бирликка эришган.

Ставаханлар даврида маданият сезиларли ривожланди, Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда Рим билан алоқа ўрнатилди. Буни ёзма манба маълумотлари ҳамда археологик материаллар ҳам тасдиқлайди. Маурийлар даврига келиб Калинга нандлар ҳукмронлигидан озод бўлиб, мустақил ва қудратли давлатга айланди. Калинга ҳукмдори 60 минг сипоҳий, мингта отлиқ ва кўплаб жанговар филлардан иборат улкан ва қудратли қўшинга эга бўлган. Ашока бу мамлакатни бўйсундириш мақсадида машаққатли ва қонли уруш олиб борди. Калинга маурийлар империяси таркибига кирар экан, шаҳзода томонидан бошқариладиган вилоят деган алоҳида мавқеини сақлаб қолди. Афсуски, маурийлар империясидан кейин сўнгги Калинга ва машҳур Кхаравелла давридаги унинг равнақи ҳақида маълумотлар жуда оз. Кхаравелла 24 ёшида «Калинганинг буюк ҳукмдори» унвонини олиб, катта сиёсий ютуқларга эришади. У ўз ҳукмронлигининг иккинчи йилиёқ Ғарбга юриш қилиб, Ставаханлар шоҳи Сатанани мағлуб этади.

Ёзувларда шоҳ ҳукмронлигининг учинчи йилида пойтахтда дабдабали байрам ўтказганлиги ҳақида маълумотлар бор. У уч марта Шимолий Ҳиндистонга юриш қилади. Ҳукмронлигининг саккизинчи йилида катта қўшин билан Магадҳанинг аввалги пойтахти Раджагрихага ҳужум уюштириб, уни қамал қилади. Ёзувларда шоҳнинг шимолий ва жанубий Ҳиндистонга кўп сонли ҳарбий юришлари ва унинг ички тадбирлари ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Унинг буйруғи билан қароргоҳ – «Буюк ғалаба саройи» қурилади. Жайнизм тарафдори сифатида шоҳ жайн қоҳинлари учун махсус бино қурдиради. Ҳукмдор хотини ҳам жайнизмга эътиқод қилиб, қоҳинларга улкан ғор ҳадя этади. Кхаравелладан сўнг Калинга шуҳрати тушиб кетади.

Таянч иборалар

Панда, Чола, Чера, сатяпутра, Видарбха, Сатаваханлар, мантринлар, рожа сабха, шадбхагин, шастри, вижита, жанапад, абхишека, прадеш, ахалелар, ражукийлар, махаматра, гана, Санга, Чакравартин, дхамавижаи, упасака, адхралар, телегулар.

Саволлар

1. Милоддан аввалги IV-II асрларда Жанубий Ҳиндистон давлатлари.

2. Магадха – маурийлар даврида Калинганинг ўрни ва роли қандай бўлган?
9. Маурийлар даврида Ҳиндистоннинг иқтисодий ривожи

ва ижтимоий тузуми

Қадимги Ҳиндистон иқтисодий ҳаётида Магадха-маурийлар империяси муҳим ўрин тутди. Бу даврда ижтимоий-иқтисодий тузум равнақ топиб, кейинчалик янада ривожланди. Қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчиликнинг юксалиши, темир қуролларнинг кенг тарқалиши туфайли тараққиётнинг янги босқичига ўтилди ва кўпгина ишлаб чиқариш тармоқлари тез суръатда ривожланди. Чет давлатлар билан алоқалар кенгайгани ҳам муҳим аҳамиятга молик. Кўп манбаларда бу даврда иқтисодий муаммоларга алоҳида эътибор берилгани ҳақида айтилади. Каутилянинг «Артхашастра» асари деҳқончилик, чорвачилик, савдогарликка оид мулоҳазалардан иборат.

Ҳиндистонда темир азалдан маълум бўлган. Таксила, Ужаян шахарлардан топилган металл буюмлар мазкур даврда темирчилик яхши ривожланганидан далолат беради. Темирнинг милоддан аввалги I минг йилликда маълум бўлгани ҳақида антик муаллифлар ҳам маълумот берадилар. Масалан, Курций Руф: Шоҳ Искандар Таксила (милоддан аввалги 326 йилда) устидан ғалаба қозонган Пордан анча миқдорда пўлат олди деб ҳикоя қилади. Искандар бу туҳфани қадрлаган. Бундан ўша давр Ҳиндистон пўлати сифатининг қай даражада эканлигини билиш мумкин. Темир Шимолий Ҳиндистондан аста-секин жанубий вилоятларга ҳам тарқала борган.

Бу даврда деҳқончилик хўжаликнинг асосий тармоғига айланади. Дарё қирғоғи бўйлаб унумдор ерларда деҳқончилик манзиллари пайдо бўлади. Деҳқонлар сунъий суғориш тизимини яхши ўзлаштириб оладилар. Мегасфен Ҳиндистон заминининг унумдорлигини таърифлаб, бу ерда бир йилда икки марта ҳосил олиш мумкин деб ёзади. Панинида чопиш, ўриш каби атамалар сақланиб қолган. Қадимий ҳиндлар тупроқ таркибини яхши билганлар. Ҳар бир ернинг шароитига қараб пахта, дон ёки бошқа экинлар экилган.

Мегасфенга кўра, ҳиндларнинг асосий таоми гуруч бўлиб, “Жатака”да Магадха ерларида гуруч кўп экилгани айтилади. Бундан ташқари, улар турли сабзавот истеъмол қилганлар. Деҳқончиликнинг асосий қуроли омоч бўлиб, Панини у билан ер икки-уч маротаба ҳайдалганлиги ҳақида сўзлайди. Омочга ҳўкизлар қўшилган. Маурийлар янги ва ташлаб кетилган ерларни ўзлаштиришда катта ишларни амалга оширганлар. Қишлоқ хўжалигидаги махсус амалдорлар (агрономлар) деҳқончиликни ташкил қилиш ишларини йўлга қўйишда алоҳида рол ўйнаганлар. Иқлимнинг номўътадиллиги, ёғингарчиликнинг кўплиги, қор эриганда дарёларнинг тошиши, қурғоқчиликлар – буларнинг бари сунъий суғориш тизими заруратини кучайтирди ва бундай тизим иншоотлари қурилди. «Архашастра»да суғориш иншоотлари ҳосилга замин яратди деб айтилади. Калинга ҳукмдори Кхаравелланинг ёзувларидан, подшоҳ Нанда мўъжазгина канал бунёд этганлиги маълум.

Сув иншоотларини қуриш маурийлар даврида ҳам давом этган. Буни археологик манбалар ҳам тасдиқлайди. Жумладан, ўша даврга оид канал қолдиқлари топилган. Паталипутрадаги маурийлар саройи қазишмалари чоғида археологлар шу атрофдаги далаларни суғориш учун хизмат қилган канални топдилар. Оллоҳободдан узоқ бўлмаган жойдан профессор – Б.Б.Лал раҳбарлигидаги экспедиция энг катта ва машҳур каналлар тизимига эга бўлган сув ҳавзасига дуч келди. Ганг дарёси канал орқали сув омборига келиб тушар, у ердан пишиқ ғиштдан қурилган боғловчи канал орқали сув юбориларди. Антик давр муаллифлари сунъий суғориш иншоотлари ҳақида шундай дейдилар: «Бу ерда дарёлар бир ой подшо учун, бошқа пайт халқ учун оқади. Ҳавзадан каналлар оқиб, одамлар хоҳишига кўра боғланиб кетган. Улар канал сувларини осонлик билан бошқа тарафга бурганлар». Яна бир маълумот: «Дарё ирмоқлари назоратчилари сувнинг тенг тақсимланиши учун ёпиқ каналларни назорат қилиб турардилар». Каутиля айтишига кўра, давлат сув иншоотлари созлигини зийраклик билан текшириб борган. Иншоотларга зарар етказганларга қаттиқ жазо чоралари кўрилиб, бундай кишилар шу жойнинг ўзида чўктириб юборилган. Чорвачиликка ҳам алоҳида эътибор берилган. Тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, буддизмда тирик мавжудотларни ўлдириш гуноҳ ҳисобланган. Шу сабабли ўлдириш ман этилган ҳайвонлар рўйхати Ашока эдиктларида келтирилган.

Ўша даврларда ҳар бири 30 мингдан қорамолга эга йирик чорвачилик фермалари бўлган. Бу рақамлар бироз бўрттириб кўрсатилган бўлиши мумкин, лекин ушбу факт қорамоллар сони анча бўлганидан далолат беради. Ҳиндлар орасида чўпонлар ва овчилар алоҳида тоифани ташкил этиб, улар тоғларда камтарона ҳаёт кечирганлар.

«Артхашастра»да қайд этилишича, қорамол ўлдирган ёки ўғирлаган киши ўлимга маҳкум этилган. От ва филлар шоҳнинг мулки бўлиб, бошқа ҳеч кимга уларни боқишга рухсат берилмаган.



Шаҳарлар ўсиши, ҳунармандчилик. Бу даврда ҳунармандчилик марказлашиб, савдо-сотиқ анча ривожланди. Мазкур жараён даставвал Ганг водийсидан бошланди. Ўша давр ҳинд меъморлари бунёд этган қатор шаҳарлар ҳозирга қадар сақланган. Шуни айтиш керакки, юзлаб йиллар давомида давлат тўнтарилишлари ва урушларга бой бўлган бу заминда шаҳарлар номлари ўзгариб турган. Масалан, Паталипутра, Таксила, Матхура, Банорас, Раджагриха каби шаҳарлар илгари бошқа ном билан аталган.

Археологик қазилмалар милоддан аввалги VI-III асрларда Шривасти, Чампа, Раджагриха, Каушамби, Кушинагар, Варонаси шаҳарлари улкан мавқега эга бўлганидан далолат беради. Манбаларда бу шаҳарлар қиёфаси, бошқарув тизими ҳақида маълумотлар бор. Уларнинг кўпчилиги олдиндан белгиланган режа асосида қурилган «Артхашастра»да бинолар қурилишига алоҳида эътибор берилган.

Қадимги шаҳарларнинг аҳолиси кўп бўлган. Илк буддавий асарларда Чампадан тортиб то Бахаручакхигача – олтмишдан ортиқ борлиги тилга олинган. Магадха маурийлар даврида ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлган шаҳарлар янада ривожланди. Археологик материалларга кўра, милоддан аввалги VI-III асрларда шаҳарлар турли шаклларда барпо этилди. Масалан, Паталипутра параллеллограмм, Каушамби трапеция, Шравасти шаҳри эса учбурчак шаклида қурилган. Булар орасида майдони ва аҳолиси жиҳатидан энг каттаси – империя пойтахти Паталипутрадир. Мегасфен кўрсатишича, унинг ҳудуди 25 км2дан зиёд бўлган. Пойтахтнинг 570та минораси ва олтмишдан ортиқ дарвозаси бўлган. Шаҳар асосан ёғочдан бунёд этилиб, баъзан тош ҳам ишлатилган. Ашока буйруғи билан саройдаги ёғочларга махсус ишлов берилган. Археологларнинг фикрича, юзта устунли катта залда Ашока мажлислар ўтказган. Саройни топган машҳур археолог Д.Спунер ёзишича, сарой шу қадар яхши сақланганки, бунга ақл бовар қилмайди. Зал устунлари 2000 йил аввалги кўринишини ҳамон йўқотмаган. Маурийлардан кейин қарийб 600 йил ўтгач Ҳиндистонга сафар қилган хитойлик сайёҳ Фа Сянь сарой маҳобатидан ҳайратга тушиб, у «илоҳий куч томонидан бунёд этилган» деб ёзади.

Милоддан аввалги IV асрга келиб Паталипутра Ганг водийсида савдо маркази сифатида жиддий мавқе эгаллайди. Манбаларда шаҳар манзилгоҳлари пура, нигама ва дурга деб номланган. Катта шаҳарлар эса алоҳида гуруҳга ажратилиб, нагар номини олган.Шаҳарларда ҳунармандчилик, айниқса заргарлик, темирга ишлов бериш ва тўқувчилик яхши ривож топган. Варанаси, Матхура, Ужаянда тайёрланган ип-газламалар айниқса қадрланган. Гандхара ўзининг жун матолари билан машҳур бўлиб, газламалар Баригази шаҳри орқали Ғарбга олиб кетилган.

Ёзма манбаларда ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари ҳақида маълумот берилади. 75 машғулот туридан олтмиштаси ҳунармандчиликка оид бўлган. Страбон Неарх маълумотлари асосида, ҳинд ҳунармандчилиги санъати, шу жумладан, темирчи ва заргар усталар ҳақида ёзади. Шаҳарлик темирчиларнинг мақоми браҳманларга тенглаштирилган.

Пахтачилик саноатининг асосий марказлари Каит, Матхура, Ванга, Калинга ва Махиша бўлиб, «Атхашастра»да тўқимачилик устахоналари санаб ўтилган. Ҳунармандлар орасида фил суягига ишлов берувчилар алоҳида мавқега эга эди. Бу соҳа маркази Варанаси бўлиб, ўша даврда дарахт ва тош йўниб, нақш ишлаш ҳам анча ривож топади. Ҳунарманд гуруҳларининг яшаш шароити бир хил бўлмаса ҳам, улар шрен номини олган уюшмаларга бирлашганлар. Бу бир ҳунар эгаларининг бирлашмаси бўлиб, милодий I асрга келиб бу каби уюшма фаолияти янада гуллаб – яшнади. Шренлар қаттиқ тартибга таянар, уларга раҳбарлик наслдан наслга ўтган. Уларнинг ички низомлари мавжуд бўлиб, уларни бузган ҳунарманд жазоланган, хатто ширкатдан чиқариб юборилган. Ҳунармандлар фаолиятидан фойда олган ҳокимият уларни ҳимоя қилувчи фармонлар чиқарган. Масалан, ҳунарманднинг кўзи ёки қўлига шикаст етказган шахс ўлим жазосига маҳкум этилган.

Қишлоқ хўжалик ишлари ҳам давлат томонидан назорат қилинган. Қишлоқ фақат маъмурий бирлик бўлиб қолмай, балки даромад манбаи ҳисобланган. Қишлоқлар аҳолиси ва ихтисосига кўра ўзаро фарқ қилган. Манбаларда темирчи ва бошқа ҳунар номлари билан аталган қишлоқлар учрайди. Қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчиликнинг юксалиши савдо-сотиқни ривожлантиришга маълум ҳиссасини қўшди.

Савдогарлар ҳам ўз ташкилотларига эга бўлиб, ҳар бир вилоят муайян товар сотишга ихтисослашган. Маурийлар даврида алоқалар асосан йўлларнинг очилиши туфайли кенгайиб борди. Айниқса, шимолий ва жанубий савдо йўллари машҳур эди. Қуруқликдаги савдо ва денгиз савдоси ҳам яхши ривож топди. Манбаларда ёзилишича, ҳинд савдогарлари ярим йиллаб давом этган хатарли денгиз сафарларига чиққанлар. Икки асосий савдо йўли Шарқий Ҳиндистонни шимоли-шарқ, Таксила билан боғловчи шимолий Уттарапатха ва Годавари бўйидаги Пратихтаханани Магадханинг эски пойтахти Раджагриха билан боғлаган Жанубий Дакшинатха ҳисобланган. Биринчи катта қатнов йўли Ўрта ер денгизи, Марказий Осиё, Хитой савдо йўллари кесишган Бақтриядан ўтган. Савдо йўллари Варанасидан Ужаяни, Видеху, Шривасти, Таксила, Капилаваста, Кушинагар, Матхура, Митхилуга, Раджагрихандан Шривасти, Пушкалаватига, Шривастидан Каушамби ва Пратиштаханига, Сакетидан Паталипутрага олиб борарди. Дарё савдо йўллари орасида Ганг ва Жамна бўйлаб ўтган йўл катта аҳамиятга эга бўлган.

Турли вилоятларнинг савдо-сотиқ ишларига мослашувини табиий шарт-шароит, анъаналар белгилаган. Синдху ўзининг отлари билан, Каши газламалари, Капиша мусалласи билан машҳур эди. Денгиз йўли савдоси маурийлар давридан кейин янада ривожланди. Милоддан аввалги IV-I асрлардаёқ қадимий ҳиндлар узоқ мамлакатларга сафарлар уюштирганлар. Ҳинд савдогарлари Шри-Ланка, Бирма (Мьянма), Бобил, Жанубий Арабистон, Африканинг жанубий қирғоқларига қатнар эдилар. Бу даврда кемасозлик ҳам тараққий этди. «Артхашастра»да кемасозликка оид кўплаб маълумотлар мавжуд. Уларга кўра, шоҳ кемалари билан бирга хусусий кемалар ҳам бўлган. Ҳиндлар чет мамлакатларга от, олтин, маргимуш, сурма, ойна, турли қимматбаҳо тошлар олиб боришган. Панини асарларидаги маҳсулотлар рўйхати мол айирбошланадиган моллар қаторига ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кенг истеъмол буюмлари ва зеб-зийнатлар ҳам кирганини кўрсатади.

Шу даврда пул пайдо бўлади. Даставвал улар темирдан зарб этилиб, унга зарб этилган вақти ва ёзувлар туширилган. Милоддан аввалги V-IV асрларда тамғали мис ва кумуш тангалар пайдо бўлди. Аҳмонийлар империяси даврида форс сиглиси, шимоли-ғарбда эса тетрадрахмалар ишлатиларди. Манбаларда турли танга номлари келтирилиб, каршапани-кумуш, мисдан, суварна-олтиндан ва ҳ.к. бўлган.



Ер мулки. Милоддан аввалги I мингинчи йилнинг иккинчи ярмида ерга хусусий мулкчилик ривож топди. Сутра ва шастриларда сотиб олиш, топиб олиш, мерос ҳуқуқи билан молга эга бўлиш кабилар баён этилган. Шахс фақат қонун билан тасдиқланганидан кейингина ерга эгалик қилиши мумкин бўлган. Мамлакат ерлари бир неча тур: шоҳга қарашли ерлар, жамоа ва хусусий ерларга бўлинган. Хусусий ер эгалари орасида бадавлатлари ҳам, қашшоқ, муҳтожлари ҳам бўлган. Катта ер эгалари ерининг ҳудуди 1000 карисгача (1 карис – 0.25га) ташкил этган. Бундай катта хўжаликларда юзлаб омоч, қуллар ва ёлланма ишчилар ишлатилган. Кичик хўжаликлар ўз оилалари билан деҳқончилик қилганлар. Ер эгаси ҳуқуқлари муҳофаза қилинган. Бошқалар ерини ўзлаштириб олган шахсларга жазо белгиланган. «Мону қонунлари»да, бировнинг ерига экин эккан одам ҳосилга эгалик қилолмайди деб айтилган. Ер фақат унинг эгасига қарашли бўлган ва ундан олинган маҳсулотларнинг мутлоқ эгаси ҳисобланган. Шоҳ ҳамиша хусусий ер эгаларига солиқ солар ва ер ҳажмини назорат қилиб борган. Ҳосил йиғим – терими вақтида ерини ташлаб кетган ер эгасига жарима солинган. Давлатга солиқ тўламаган кишига ҳам жарима солинар, аммо ери тортиб олинмасди. Жамоа ҳам давлат каби хусусий ер эгаларини муҳофаза қилган. Шу сабабдан ерни жамоа аъзоси бўлмаганларга сотишга рухсат берилмасди.

Ер фондининг бир қисмини давлат ери ва шахсан шоҳ ерлари ташкил этган. Шоҳ ерлари – свабхуми, унинг хўжаликлари сита номи билан аталарди. Махсус амалдор – нозирлар шоҳ мулкига кўз-қулоқ бўлиб турардилар. Қишлоқ жойларида ҳам ўз ерларига эга бўлган. Подшо ерларида қуллар, коранда ва ижарадорлар хизмат қилардилар. Уларнинг баъзилари хизмати учун ҳосилнинг ярми, бошқалари ¼ қисмини олардилар. Мамлакатнинг табиий бойликлари давлат мулки ҳисобланган. Қадимги манбаларда икки турдаги солиқ: подшо ерларидан тушадиган сита солиғи ва хусусий ерлардан келадиган бхарез солиғи кўрсатилган.

Бу даврда жамоа тизими анча шаклланиб, унга аҳолининг катта қисми аъзо бўлган. Жамоа грама сўзи билан ифодаланиб, аммо амалда бу сўзнинг маъноси нисбатан кенг бўлган. Жамоа 30 тадан 1000 гача оиладан иборат бўлган. Унинг ихтиёрига умумжамоа ерлари, иншоотлар ва бошқлар кирган. Жамоа ўз ерларидан тушадиган даромаддан давлатга солиқ тўлаган. Жамоа аъзолари орасида ерида оиласи билан ишлайдиганлар билан бир қаторда, коранда ва қул ишлатадиганлар ҳам бор эди. Бунинг натижасида айрим жамоа аъзолари хужалиги синиб, ўз ерлари ва меҳнат қуролларидан ажралиб қолдилар. Жамоадаги камбағаллар эксплуатация қилинадиган бўлиб қолди. Қишлоқдаги ҳунармандларнинг ҳам аҳволи бир хил бўлмай, уларнинг айримлари хусусий корхонасига эга бўлиб, қолганлари ёлланиб ишлардилар. Ҳунармандчилик ва деҳқончиликнинг бирикиб кетиши натурал хўжалик юзага келишига сабаб бўлди ва жамоанинг ўзига хос хусусиятига айланди.

Ҳинд жамоаси ўзининг азалий умумжамоа анъаналарини сақлаб қолди. Улар сув ҳавзалари бунёд этиб, уларни биргаликда тозалаб турганлари ҳақида маълумотлар бор. Жамоа ишларида қатнашишдан бош тортган одамга жарима солинган. Жамоа ўз аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган. Аввал эркин жамоа аъзолари бошқарув ишларини жамоа мажлисисиз ҳал қилардилар. Аммо тобора қишлоқ оқсоқолининг нуфузи орта борди. У жамоа мажлисида сайланиб, шоҳ вакили томонидан тасдиқланарди. Узоқ давр жамоалар бир-биридан ажралган ҳолда ҳаёт кечирдилар. Кейинчалик бундай ҳусусият аста-секин йўқола бошлади.



Қулчилик ва унинг хусусиятлари. Ведалар даврига нисбатан маурийлар даврида қулчилик анча ривожланди. Илк буддавий асарларда тобе бўлган киши қул деб аталган. Қул киши ўз эгасига қарам бўлар ва хеч қаерга кетолмасди. Қулларга буюм, ҳатто ҳайвон каби муомала қилинган. “Дхармасутра”да қуллар ҳам мерос сифатида қолиши ҳақида айтилади. Аҳолининг турли тоифалари қуллик асоратига тушган. Қулларни сотиш, гаровга қуйиш, қиморга тикиш мумкин эди. Уларга соғлиғи ва малакасига қараб нарх қўйилган. Қадимги манбаларда айтилишича, қуллар 3 турга бўлинган: тутқунликда қул бўлиб туғилганлар, сотиб олинган, ўзга юртлардан келтирилган (урушда асирга олинган) қуллар. Кейинчалик қулларнинг бошқа турлари ҳам пайдо бўлди. Баъзилар эгасига ҳақ тўлаб озод ҳам бўлган. Қуллар асосан қишлоқ хўжалигида ишлатилиб, бироқ ҳунармандчилик соҳасида ҳам қуллар меҳнатидан фойдаланилган. Қадимги қулдорлик тузумининг умумий жиҳати-патриалхаллигидир. Шунингдек, қулларни уй-рўзғор ишларида ҳам ишлатганлар. Хулоса қилиб айтганда, ўша давр жамиятида қулчилик муҳим ўрин эгаллаган.

Магадха-маурийлар даврида табақа – каста тузуми муҳим тузумлардан бири бўлиб, бу даврда браҳманлар ўз нуфузларини сақлаб қолдилар. Айниқса диний маросимларда улар муҳим ўрин тутиб, шоҳ маслаҳатчиси сифатида ажримларда иштирок этар, шу билан бирга катта мол-мулкка эга эдилар. Жамиятдаги янги табақаланиш туфайли брахманлар фаолиятларини ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Улар деҳқон, савдогар, ҳатто хизматчи сифатида кун кечиришларига тўғри келган. Сиёсий ҳокимият кшатрийлар қўлида бўлиб, Магадха-маурийлар даврида уларнинг нуфузи янада ошиб, катта ерларга эга бўлдилар.

Кўпгина манбаларда брахман ва кшатрий варналари вайший ва шудра варналарига қарши қўйилган, ҳатто уларни ўзаро қўшиб юборишга ҳам интилишлар бўлган. Натижада бадавлат вайшийлар юқори табақаларга тенглашиб, камбағаллари шудралар билан аралашиб кетди. Вайшийларнинг асосий машғулоти деҳқончилик ва ҳунармандчилик бўлган. Солиқларнинг асосий қисмини ана шу табақа тўлаб келган эди. Маурийлар даврида вайшилар нуфузи, имконияти чекланиб, ҳатто уларнинг рухсатсиз қурол олиб юриши таъқиқлаб қўйилди.

Маурийлар даврида «гана» ва «сангха» деб номланган бирлашмалар катта роль ўйнади. «Гана» ибораси кенг маънога эга бўлган. Энг ривожланган гана ва сангхаларни ҳоким идора қилган. Улар учун мезон якка ҳокимиятга эга бўлган ворисий ҳокимнинг йўқлигидир. Бошлиқ одатда гана томонидан тайинланиб, лавозимидан олиб ташланиши ҳам мумкин бўлган. «Чиваравесту» буддавий китобида Шимолий Ҳиндистондаги кучли республикалардан личхавийлар ганаси ҳақида маълумотлар бор. Янги бошлиқ сайлашда хизматлари инобатга олинган, гана билан келишиб иш тутмаган раҳбар эса лавозимидан четлаштирилган. Гана бошлиғи асосан ижро ҳокимиятига эга эди. Демак, гана – монархия бўлмаган мамлакатни англатиб келган.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет