3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



бет4/15
Дата15.06.2016
өлшемі1.73 Mb.
#137277
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15

1. Қадимги Ҳиндистон тарихнавислиги


Ҳиндистон энг қадимги даврларданоқ кўплаб узоқ ва яқин қўшинлари билан маданий ва савдо-сотиқ алоқалари ўрнатган. Хараппа маданияти даврида (милоддан аввалги III-II минг йилликлар) ҳинд ҳунармандлари яратган буюмлар Ўрта ер денгизи мамлакатлари, Месопотамия, Марказий Осиёгача етиб борган. Кейинги асрларда Ҳиндистон Ғарб ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари билан мустаҳкам алоқалар боғлади. Милоддан аввалги VI асрда Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон аҳмонийлар тасарруфига ўтганидан сўнг, македониялик Искандар бу ўлкага юриш қилди. Шундан сўнг бу ўлка ҳақидаги маълумотлар оламга янада кенгроқ тарқалди. Ҳиндистон юриши иштирокчиларининг асарлари, Салавк элчиси Мегасфен хотиралари, юнон муаллифлари Арриан, Страбон, Плиний китобларида бу мамлакат ҳақида турли – туман ва диққатга сазовор маълумотлар мавжуд. Шарқнинг машҳур қомусий олими ва дастлабки буюк ҳиндшунос Абу Райҳон Беруний (XI аср) ҳинд халқининг урф-одати, турмуш тарзи, дини ва дунёқараши, мамлакат ижтимоий тузуми, тарихи, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси, барча илм-фан тараққиёти ҳақида «Ҳиндистон» номли нодир асарини яратди. Беруний Ҳиндистонда шахсан бўлиб, бу ўлкани ўз кўзи билан кўрган, ҳар томонлама чуқур ўрганган эди.

Ҳиндистоннинг қадимий тарихи ва маданиятини илмий жиҳатдан ўрганиш XVIII аср охиридан бошланди. Инглиз тарихчиси У. Жонс (1746-1791) илк бор санскрит тилидаги қадимий ҳинд адабий ёдгорликларини тадқиқ этишга киришди ва «Мону қонунлари» ни инглиз тилига таржима қилди. 1785 йилда эса Ч.Уилкинс кўҳна Ҳиндистоннинг диний-фалсафий асари - «Бхагавадгита» ни инглиз тилида чоп эттирди. Аввало Англия, сўнг Ғарбий Европа мамлакатларида қадимги Ҳиндистон тарихига оид илк асарлар пайдо бўлди. Аммо уларнинг жиддий камчилиги шунда эдики, муаллифлар инглиз мустамлака маъмуриятининг вакиллари бўлиш, улар қадимий Ҳиндистоннинг талай ютуқлари Ғарбдан олинган, бутун Шарқ маданияти сингари ҳинд маданиятига ҳам қолоқлик ва турғунлик хос деб уқтиришга интилдилар. Ҳинд тарихчилари XIX асрдаёқ бундай ғайри илмий қарашлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини исботладилар.

XIX асрнинг охирги чораги ва XX аср бошларида Ҳиндистонда археологик текширишлар бошланди. 20-30 йилларда ҳинд қадимшунослари Ҳинд воҳасидаги энг қадимий маданиятни кашф қилдилар. Ҳинд дарёси водийсидаги қазилмалар Ҳиндистон тарихи минг йиллар аввал бошланганлигини исботлади. Қадимги Ҳиндистоннинг бой маданияти орийлардан мерос эмас, балки улардан анча аввал ҳам мамлакатнинг туб аҳолиси юксак маданиятга эга бўлганлиги аниқланди.

ХХ асрнинг 30-йилларидан бошлаб, айниқса сўнгги ўн йилларда дунё ҳиндшунослигида мамлакат ижтимоий-иқтисодий муаммоларини тадқиқ этишга эътибор кучайди. Тарихнависликда қадимги Ҳиндистондаги қулдорлик муносабатлари масалалари ёрита бошланди. Қадимги ҳинд маданиятини ўрганиш, адабиётини таржима қилиб нашр этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳиндистон мустақилликка эришгач, унинг қадимги тарихини ўрганишда янги давр бошланди. Ҳинд тарихчилари ватан тарихига оид кўплаб йирик асарлар ёздилар, талайгина илмий ва адабий китобларни қадим санскритдан ҳозирги ҳинд тилига ўгириб нашр этдилар.

Таянч иборалар

Мегасфен, Беруний, У.Жонс, Ч.Уилкинс

Саволлар


  1. Қадимги Ҳиндистон тарихи бўйича қайси антик муаллифлар номи сизга маълум?

  2. А.Р.Берунийнинг “Ҳиндистон” асари ҳақида нималар биласиз?

2. Цивилизациянинг пайдо бўлиши. Хараппа маданияти


Хараппа маданиятига қадар айрим олимлар Ҳиндистонда маданият бошқа Шарқ мамлакатларидан кейин вужудга келган, бошқалари эса Ҳиндистонга маданиятни орий қабилалари олиб келган деган фикрда эдилар. Яна бир хил мутахассислар қадимги ҳинд маданияти Шарқнинг бошқа маданиятларидан орқада қолиб, улардан ажралиб қолган деган мулоҳазани илгари сурадилар.

XX асрнинг 20–йилларида Хараппа маданиятининг кашф этилиши ва уни тадқиқ этиш қадимги ҳинд цивилизациясининг бой бўлиб, юксак даражада тараққий этганини исботлайди. Хараппа маданиятини ўша Ҳинд водийси ёки протоҳинд цивилизацияси деб ҳам атайдилар. Ушбу маданият ёдгорликларини қазиб олиш ишлари ҳамон давом этмоқда. Протоҳинд цивилизацияси муаммоларига бағишланган асарлар сони 1971 йилда 1500 дан ошиб кетди. Уни ўрганишнинг аввалги босқичи Хараппа ва Мохенжо-Даро ёдгорликларининг очилиши билан боғлиқ. 1856 йили инглиз археологи Монтгомери Канингах(ҳозирги Покистон, Саҳивал шаҳри) шаҳридан 27 км жануби-шарқда жойлашган Хараппа яқинидаги тепаликлардан номаълум ёзувли муҳр ва бир неча кремний пластинка ликопчалар топди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, 1921 йили ҳинд археологи Р.Б.Сахни Хараппа тепаликларида дастлабки қазиш ишларини бошлади. Ана шу йил фанда Хараппа цивилизациясининг очилиш йили деб эътироф этилди. 1923-1925 ва 1926-1934 йилларда бу ишларни олим М.С. Ватс давом эттирди. Хараппа маданияти кашф этилиши билан бир вақт, яъни 1922 йили бошқа ҳинд олими Р.Д.Банержи Шимолий Синднинг Ларкан шаҳри яқинидаги Мохенжо-Дарода дастлабки металл даври маданиятининг қолдиқларини топди. Мохенжо-Даро синдхи тилида «Ўликлар тепалиги» маъносини беради. Р.Д.Банержи 1922 йилдан 1927 йилгача, кейинги даврда эса М.С. Ватс ва К.Н.Дикшит бу ерда тадқиқотлар олиб бордилар. Ушбу материалларни чоп эттирган машҳур археолог Джон Маршалл қазиш ишларига раҳбарлик қилди. Ундан ташқари, тадқиқотларда ҳинд олими Н.Мажумдор ҳам иштирок этди.

Ҳиндистон ва Покистон мустақилликка эришганидан кейин Хараппа маданиятини ўрганишда янги босқич бошланди. Покистонлик археологлар бошқа ёдгорликларни ҳам ўргандилар. Шулардан 1955-1957 йилларда тадқиқотчи олим Ф.А.Хон Мохенжо-Дародан (Ҳинд дарёси воҳаси) 41 км наридаги Кот-Дижида қазиш ишларини олиб борди. Биринчи бор Хараппа қатламларида Кот-Дижи шаҳрининг айлана деворлари ва қўрғон қолдиқлари топилди. Худди шундай ҳолатда Амрида 1959-1961 йилларда француз археологлари қазилмалар олиб бордилар. Бу йилларда Хараппа маданиятига оид ёдгорликлар топилди. ХХ аср 70-йилларнинг ўрталарида америкалик В.А.Ферсервис экспедицияси Карачидан 40 км узоқликдаги Аллоҳдинода қазилмалар амалга оширди. Илк маротаба 2800 кв.м. майдонда турар жойлар аниқланиб, очилди.

Ҳинд археологлари томонидан ҳам муҳим кашфиётлар қилинди. Ҳозирги вақтга келиб юзлаб манзилгоҳлар харитага киритилиши мумкин. Қазиш ишлари кенг майдонда олиб борилди. Калибанган, Латхал, Рангпур, Хараппа маданиятини очиш ва ўрганиш фавқулотда муҳим илмий аҳамиятга эга. 4000 йил аввал бу ерда бутун дунё цивилизацияси Месопотамия ва қадимги Миср каби тараққий этган маданият ўчоқларидан қолишмайдиган ва баъзи жиҳатлари улардан устун бўлган маданият мавжуд эди. Шундай қилиб, Ҳиндистон Эрон, Ўрта Осиё, Марказий Осиё, Месопотамия, Миср каби цивилизацияси ривожланган ўлкалардан бири бўлган. Ҳинд водийсидаги қазилмалар мамлакатда ҳинд – орий қабилаларининг келишига қадар юзага келган ҳинд маданиятининг ўзига хос ва қадимийлигини кўрсатади. Бу билан цивилизацияни орийлар келиши билан боғлаган муаллифларнинг назарияси шубҳа остига олинади. Хараппа маданияти у даврга қадар мавжуд бўлганлигини исботлайдиган қатор далиллар бор.

Қадимшунослар мазкур маданиятнинг ўзига хос хусусиятларини очиб бердилар. Жумладан, Хараппадан топилган муҳр, ёзув, безакли сопол идиш ва бошқа буюмлар сўзимизнинг ёрқин далилидир. Аввалги қишлоқ маданиятидан фарқли ўлароқ, Хараппа шаҳар маданиятига мансуб бўлган. Бу маданиятнинг Ҳинд дарёси водийсида вужудга келиши ҳам табиий ҳолдир. Жуғрофий шароит, азалий моддий маданият ва иқтисод, шаҳар мақомидаги масканлар, косибчилик ва савдо марказлари пайдо бўлиши учун Ҳинд водийсида шароит етарли эди.

Рожастон Гхагра водийсида жойлашган Калибанган бир-бирига яқин, аммо алоҳида икки тепаликдаги қадимги турар жой манзилдан иборат бўлган. Шарқдаги баланд ва кенг, ғарбдаги иккинчиси эса бир мунча паст. Ғарбий тепаликдан қандайдир бинолар ҳаробалари кўтарилиб турган хом ғиштдан қурилган пойдевор топилди. Узоқ тадқиқотлар натижасида археологлар Калибанган Хараппа ва Махенжо-Дародан кейин учинчи пойтахт эканлигини аниқлашди. Қазиш ишлари асосида Хараппа даври қурилишлари қисман сақланиб қолган ғарбий тепаликларда Калибанган маданияти кашф қилинди. Бу маданиятда мис ва броза буюмлардан ташқари Хараппа қўрғони остидан топилган буюмларга ўхшаш ва Кот-Жиди қатламларидаги илк Хараппа сопол идишларини эслатадиган ашёлар мавжуд эди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Хараппа маданияти фақат бу шаҳар билан чегараланмай, анча кенг ҳудудга ёйилган эди. Масалан, у Ганг ва Ямупа (Жампа) дарёларига қадар ерларни эгалаган. Қишлоқ хўжалиги, косибчилик, савдони ривожлантириш мақсадида Хараппа аҳолиси янги-янги ҳудудларни ўзлаштира борган.

Кейинги йиллардаги археолог кашфиётлар Хараппа маданиятига берилган нотўғри ва бир томонлама баҳони рад этиб, бу цивилизация тўсатдан пайдо бўлиб, чуқур илдизларига эга эмас деган фикрни пучга чиқарди.

Олимлар Хараппа цивилизацияси солномасига турли йўллар билан аниқлик киритишга интилмоқдалар, чунончи топилган Хараппа Месопотамияга оид буюмлар орқали Шумер, Аққоднинг шарқ билан савдо алоқаларига доир маълумотларни солиштириш, чинни буюмларни спектрал, карбон ва кимёвий тахлил қилиш усуллари қўлланилмоқда. Топилмаларнинг ёшини аниқлашда энг аввало меҳр-туморлар ёрдам беради. Мисол учун, бундай туморлар Хараппа ва икки дарё оралиғидаги қадимги шаҳар қазилмаларидан топилган. Ж.Маршалл Хараппа маданияти милоддан аввалги 3250-2750 йилларга тўғри келади деб фикр билдиради. Месопотамия муҳрларининг кўпи Саргон ҳукмронлиги – милоддан аввалги 2316-2261 йиллар ҳамда Исни милоддан аввалги 2017-1794 ва Ларса-милоддан аввалги 2025-1763 йиллар билан боғлиқ эканлиги маълум бўлади. Бу алоқалар Ҳиндистон ва Месопотамия ўртасида милоддан аввалги XXIV-XVIII асрларда юзага келган деган хулосага олиб келади. Олимлар замонавий тадқиқот усуллари ёрдамида тадқоқот олиб борганда, қишлоқ ва шаҳарларнинг ёшини аниқлик билан ўлчаш имкони туғилди. Масалан, карбон тахлили усули билан Кот-Дижидаги илк Хараппа қишлоқларининг ёши аниқланди. Бу милоддан аввалги тахминан 3155-2590 ёки 2700-2600 йилларга тўғри келади. Тараққий этган Хараппа маданиятини Калибанганда милоддан аввалги 2165-1955 ва 2135-1925 ва Лотхалда милоддан аввалги 2120-1600 ва 2125-1895 йилларда ривож топган деб белгилайдилар. Хараппа маданиятининг Ҳинд водийсидаги асосий марказлари инқирозга юз тутганидан сўнг ҳам бошқа шаҳарлар гуллаб яшнайверган. Ҳинд олимларининг Панжоб ва Хараппадаги қазиш ишлари ҳам буни тасдиқлайди. Хараппада топилган муҳрлар милоддан аввалги уч мингинчи йил охири икки мингинчи йил бошларига тўғри келади деб тахмин этилади.

Хараппа маданияти аввалига фақат Ҳинд водийсида, кейин шимолдан жанубга ва ғарбдан шарққа томон бўлган улкан ҳудудда тарқалган. Хараппа маданияти ёдгорликлари ғарбда Суткагендородан (Макрон) шарқда Аламгирнургача (Утар Прадеш), шимолда Сивалик тоғларидан тортиб, жанубда Парбада ва Танти дарёсининг қуйилишгача мавжуд бўлганлиги маълум бўлди. Илк Ҳинд цивилизацияси ҳудуди у билан бир давирдаги Миср ва Месопотамия цивилизациялари майдонидан икки марта катта бўлган. Кўпчилик археологларнинг фикрича, кейинги қазишлар Хараппа цивилизацияси майдонини янада кенгайтирди. Катҳиявар ярим оролидаги қазишлар шуни кўрсатадики, аҳоли секин аста ерларни ўзлаштириб, жанубга томон силжиб борган. Археологлар Хараппа билан бирга Мохенжо-Даро шаҳри ҳаробаларини ҳам топдилар. Бу шаҳар қадимда 265 кв км майдонни эгаллаган.

Ўнлаб йиллар давомида археолог, тарихчи, тилшунос, этнограф олимлар Хараппа маданияти билан боғлиқ материалларни ўрганмоқдалар. Ҳозир ўша шаҳар-давлатлар кўриниши, уларнинг жойлашиши, аҳолининг ҳаёти, маиший турмушини тасаввур қилиш имконини берадиган кўплаб материаллар тўпланган. Бу цивилизация тараққиёти даражаси ҳақида олимлар қазилма натижалари асосида ҳукум чиқаради. Агар аввал Хараппа даври қазилмалар асосида Махенжо-Даро ва Хараппа ўрганилган бўлса, ҳозир бу рўйхатни Калибанган, Лотхал Сурката, Чанху-Даро ва Амри каби шаҳарлар билан давом эттириш мумкин. Улар қишлоқларга нисбатан яхши ривожланган.

Ҳар икки шаҳар –Мохенжо-Даро ва Хараппа Ҳинд водийсида, катта дарёлар қирғоғида жойлашган. Шимолроқ Ғарбий Панжобдаги Хараппа эса Ҳинднинг йирик ирмоқларидан бири Рави воҳасида жойлашган эди. Икки шаҳар лойиҳаси ўзаро ўхшаш бўлган. Шаҳар икки асосий қисимдан иборат: Археологлар фикрича 1) ҳокимият жойлашган қўрғон; ва 2) асосий турар – жой жойлашган қуйи шаҳар. Ҳозирда маълум бўлган 800 шаҳар ва қишлоқдан 15 тасида беш мингдан ортиқ аҳоли яшаган. Шаҳардаги қўрғонлар пойдевори ғиштдан қурилиб, Ҳинд водийсидаги сув тошқинидан шаҳарни сақлаган. У қуйи шаҳарга қараганда кичикроқ бўлган. Қўрғон қалин девор ва миноралар билан мустаҳкамланган. Хараппа қўрғони ёнидан қўшин ёки маросим қатнашчилари ўтадиган махсус йўл бўлган. Археологларнинг тахминича, шаҳарнинг икки қисми ўртасида алоқалар чекланган бўлиб, вақти- вақти билан қўрғонга йўл очилган.

Қуйи шаҳарда аниқ режа асосида мавзелар барпо этилган. Параллел кўчалар бошқа кўчалар билан тўғри бурчак остида кесишган. Катта кўчаларнинг эни 10 метрни ташкил этган. Турар жойлар, жамоат жойлари қурилишида ҳам мустаҳкам, намга чидамли пишиқ ғишт ишлатилган. Шунингдек, хом ғиштдан ҳам фойдаланилган. Ғишт урилганда лой қоришмаси, канализация қуришда гипс ишлатилган, бадавлат кишиларнинг уйлари 2-3 қават бўлиб, ўттизталаб хонадан иборат бўлган. Камбағаллар кулба ва чайлаларда кун кўрганлар. Улар бир хил лойиҳа бўйича қурилган. Одатда уйга йўлак орқали кирилиб, деразалар ҳовлига қараган. Уйларнинг томи ясси бўлиб, яшаш хоналардан ташқари рўзғор буюмлари сақлашадиган алоҳида ҳужра, қоровул ва хизматкорлар хонаси ҳам бўлган. Ошхонада махсус ўчоқ, дон-дун, ёғ солинадиган хум ва бошқа идишлар турган. Ҳинд қишлоқларида лой идишлар ишлатилган. Э.Маккейнинг ёзишича, уй деворларида токча, ёғоч сандиқ ва қутилар жойлашган. Нон тандирда ёпилган. Ҳовлида чорва моллари боқилган. Ҳар бир уйда ювиниш хонаси бўлиб, у қулайлик учун уйнинг кўча тарафига қурилган. Ювиниш хоналари кўчадаги канализация тармоғига уланган.

Ҳинд цивилизациясининг ютуқларидан бири шундаки, канализация тизимини шаҳар бошқармаси назорат қилган. Инглиз олими А.Бежемнинг фикрича, қадимда бирон цивилизация, ҳатто Рим давлати ҳам бундай водопровод тизимига эга бўлмаган. Хараппа ва Мохенжо-Даро қўрғони яқинида археологлар бир хонали ишноатларни топдилар. Олимларнинг фикрича, бундай хоналарда уй хизматкорлари яшаган. Машҳур ҳинд олими, математик, астроном, тарихчи, археолог, антраполог Д.Косамби қадимги Ҳиндистонда шаҳар қурилишига катта баҳо бериб, шундай деб ёзади: “Тарихда бошқа бу қадар мураккаб ва такомиллашган шаҳар қурилиши тизимини учратмаймиз. Ҳатто Миср шаҳарлари ҳам меъморчилик жиҳатидан бунчалар етук эмас. Шумер, Аққод ва Бобилда ҳам ғишт бинолар бўлган, лекин бундай қурилишлар у ерда нисбатан кейинроқ бошланган”.

Ҳинд водийсининг қадимги шаҳарлари қурувчилик санаъти ривожланганидан далолат беради. Қадимги дунё ёки қадим Шарқнинг йирик шаҳарлари ва Хараппа ва Мохенжо-Дарода қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириладиган томорқа ерлари етарли бўлган. Шаҳарда асосан ҳукмдорлар яшаганлар. Аҳолининг бир қисми ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, юқори табақа эҳтиёжи учун ҳам маҳсулот ишлаб чиқарган. Демак, жамиятда ўша вақтда озчиликнинг кўпчилик устидан ҳукумронлиги асосида синфлар пайдо бўлган. Ж.Маршалл Ҳинд водийси цивилизациясини ўша давр Миср ва Месопотамия цивилизациясига таққослайди. Ж.Перу шундай деб ёзади: “Пахта фақат Ҳиндистонда етиштирилиб, 2–3 минг йил ўтганидан сўнг бошқа мамлакатларга тарқалган. Қадимда ҳатто Миср, Месопотамия ёки Ғарбий Осиёнинг бошқа мамлакатида ҳам Мохенжо-Дародаги каби уй жой ёки ҳаммомлар қура олмаганлар. Бу мамлакатда пул эҳромлар, мақбара ва шоҳона саройлар қуришга сарифланган. Оддий ҳалқ эса тупроқ уйларда яшаган. Ҳинд водийсида аксинча, бинолар халққа қулайлик яратиш мақсадида қурилган”.

Аҳолининг кундалик ҳаёти. Ҳинд водийси Шарқдаги энг қадимги деҳқончилик марказларидан бири бўлиб, бу ерлик аҳолининг аксарият қисми деҳқончилик билан шуғулланган. Улар турли бошоқли ўсимликлар етиштирганлар. Топилмалардан маълум бўлишича, бу ерда 2 хил буғдой нави, арпа, нўхот, кунжут, пахта ва қовун экилган. Хараппа, Мохенжо-Даро ва Чанху-Дарода асосан буғдой ва арпа етиштирилган. Водий аҳолиси экинзорларни чархпалак ёрдамида суғорганлар.

Илк Хараппа ва Калибанганда олиб борилган изланишлар натижасида омоч билан ишланган далада, омоч қолдиқлари топилган. Хараппа аҳолисига омочлар аждодларидан мерос сифатида қолган деб айтиш мумкин. Қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини сақлаш учун махсус омборхона, дон ва суюқ маҳсулотлар сақлаш учун ясалган хумлар топилиши ерли аҳоли ҳаётида деҳқончилик асосий машғулот эканини кўрсатади. Дарё бўйи аҳолиси кўпроқ балиқчилик билан кун кечирган. Археологлар балиқ овлаш учун ишлатилган қармоқ ва тўрларни топганлар. Хараппа аҳолиси қорамол, қўй, эчки, чўчқа ва парранда ҳам боқиб, улар хатто филларни ҳам қўлга ўргатганлар. Хараппа маданияти бронза даврига тааллуқли бўлиб, мис билан бирга хўжалик ва косибчиликда бронза ҳам ишлатилиб, кўп миқдорда болта, пичоқ ва найза топилган. Аҳоли металл эритиш ва қуйиш билан таниш бўлган. Металл таркибини ўрганиш туфайли шу маълум бўлдики, аҳоли мис ва маргимуш қоришмасидан кенг фойдаланган. Ўша даврда темир ҳали маълум эмас эди. Олтиндан зеб-зийнат, тақинчоқлар, кумушдан хўжаликда фойдаланиш учун турли идишлар тайёрланди. Бундан ташқари, хўжаликда тошдан ҳам фойдаланилган. Аҳоли орасида қимматбаҳо металлар билан бир қаторда суяк ва тошдан ясалган тақинчоқлар, узуклар кенг тарқалган.

Катта шаҳарлар ҳунармандчилик маркази ҳисобланиб, унда тикиш-бичишни билганлар. Кўпгина уйларда тикув асбоблари бўлган. Мохенжо-Дародан пахтадан тайёрланган мато топилган. Мато қолдиқлари Хараппа сополларида ҳам сақланиб, давримизгача етиб келган. Мутахассислар ўша давр ўймакор ҳунармандларининг меҳнатини юқори баҳоладилар. Сопол буюмлар катта ўчоқларда юқори ҳароратда пиширилган.

Ҳараппа, Калибанган каби шаҳарлардан топилган буюмлар бу ерда синфий табақаланиш мавжуд бўлганидан далолат беради. Қалъада ҳоким ҳамда бошқа ҳукмдорлар ва саройлари жойлашган. Жамоа омборлари ҳам уларнинг ихтиёрида бўлган. Кўп олимлар Хараппа сиёсий тузумини Месопотамияга қиёслаб, Ҳинд воҳасида ҳокимият коҳинлар қўлида бўлган деб ҳисоблайдилар. Хараппа марказларида ҳокимият республика идора усули шаклида бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хараппа топилмалари бу ерда мулкий тенгсизлик ҳукм сурганлигини кўрсатади. Бадавлат кишилар, косиб ва савдогарлар катта хонадонларда яшаганлар. Камбағаллар эса кичик-кичик кулбаларда кун кечирган. Шаҳар бойлари вафот этганида чиройли буюм ва қимматбаҳо зеб-зийнатлар билан қўшиб кўмилган. Камбағалларнинг қабирлари ғарибона бўлган. Қуллар ғалла янчиш, ариқ қазиш каби оғир меҳнат билан машғул бўлганлар.Бу ҳол Хараппа жамиятида табақаланиш куртакланганидан далолат беради.

Савдо ва ташқи алоқалар. Хараппа шаҳарлари қуруқлик ва денгиз йўли орқали олиб борилган савдо марказлари ролини ўтаган. Хараппага қимматбаҳо тошлар Ҳиндистон жанубидан келтирилган. Маҳаллий ҳалқнинг Жанубий Туркманистон аҳолиси билан ҳам савдо-сотиқ ишлари олиб борганлиги Олтинтепадаги қазиш ишларидан маълум бўлди.

Водий аҳолиси Белужистон билан савдо алоқалари ўрнатган бўлиши керак. Саураштра ва Декандан бу ерга безак сифатида чиғаноқ ва баъзи тош турлари, Эрондан кумуш ва феруза келтирилган. М.Е.Массоннинг Олтинтепада олиб борган қазишмалари Хараппа цивилизацияси Марказий Осиё халқлари, Жанубий Ҳиндистон вилоятлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатганидан далолат беради. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар ва уларнинг натижалари Хараппа шаҳарларининг маданий ва савдо-сотиқ алоқалари миқиёсини янада кенгайтирди. Ҳинд водийсидан Месопотамияга моллар денгиз ёки қуруқлик йўллари орқали келтирилган. Шумерда ҳам Хараппа маданиятига оид моллар топилган. Қадимги Шумер битикларида Мелуха деб ном олган юртга фақат денгиз орқали бориш мумкин деган қайд сақланган. Олимлар фикрича, Мелуха Ҳинд водийсининг айнан ўзи. Ҳинд савдогарлари Месопотамияга асосан пахта келтирганлар. Олимлар топилмаларга таянган ҳолда Месопотамияни Ҳинд водийси билан боғлаб туришда Баҳрайн муҳим нуқталардан бири бўлган деган хулосага келдилар. Лотхал қазишмалари чоғида бир неча портлар топилди. Бу Хараппа аҳолиси денгиз йўлларига интилганидан далолат беради. Археологлар бу ерлардан кемасозлик анжомларини топдилар. Кема тасвирлари Мохенжо-Даро ва Хараппа муҳрларида ҳам учраб туради. Қадимги ҳинд савдогаелари мамлакатдан нима олиб чиққанлар деган ўринли савол туғилди. Улар мисдан ташқари фил суяги, маймун, товус ва марварид билан савдо қилганлар. Месопотамияга кичик-кичик ҳинд қишлоқлари бўлган деган фараз ҳам мавжуд.



Тил ва ёзув. Ҳинд водийсида ёзув мавжудлиги у ерда маданият юқори даражага кўтарилганидан далолат беради. У ерда ҳозирги кунгача топилган манбалар сони икки мингдан ортиб кетади. Улар 400 дан ортиқ белгини ўз ичига олади. Бу ёзувлар тўрт қиррали муҳрлар билан биргаликда сопол, бронза пичоқ ва мисс ликобчалар, фил суягидан ясалган буюмларга туширилган. Муҳрларда асосан ҳайвонлар тасвирланган. Шунингдек уларда ўн ёки ундан кўпроқ белги билан битилган ёзувлар мавжуд бўлган. Олимлар фикрича, бу ёзувлар фонетик белгилар, айримлари эса идиограммалардан (бирон маънони билдирадиган шартли белги) иборат. Ёзув ўнгдан чапга қарата ёзилган. Ёзувлар тилини Т.Барроу, М.Б.Эмено каби тадқиқотчилар дравид тиллари гуруҳига мансуб деб фикр билдирганлар. Мана, бир неча ўн йилдан бери, олимлар Хараппа ёзувлари устида тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Унга бўлган қизиқиш ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ортиб борди. Бу ёзувларнинг шумер, этруск ёзувларига яқинлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Уларни ўқиш учун аввал уларнинг тилини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.

Маҳаллий аҳоли эътиқоди. Археологик материаллар, муҳрлардаги тасвирлар орқали Хараппа маданияти аҳлининг динга бўлган муносабати, эътиқоди ҳақида маълумот олиш мумкин. Баъзи олимлар Мохенжо-Дародан топилган катта бинони эҳром деб ҳисоблайдилар. Бу бинога пишиқ ғиштли ҳовуз уланиб кетган. Кўплаб аёл хайкаллари маҳаллий ҳалқ она-маъбудага сиғинганидан далолат беради. Тадқиқотчи олим А.Бэшем хулосасига кўра, хараппаликлар турмуш тарзи, урф-одатлари, расм-русмлари кейинроқ ҳиндуизм динида ўз акс этди. Масалан, лойдан ясалган она сиймоси Хараппа маданиятидан сўнг минг йил ўтгач пайдо бўлди.

Бу маъбуда халқ сиғинадиган энг улуғ сиймо бўлган. Юқори табақа вакиллари эса бошқа бир худога эътиқод қилганлар. Бу худо ҳам ҳиндуизмда ўз аксини топган. Археологлар томонидан унинг бир неча ҳайкали топилган. У соч ва соқоли ўсиқ, қўлларини пастга тушириб турган эркак кўринишида. Бундай ҳайкаллар кўплаб топилгани ва бир-бирига ўхшашлиги билан ўша давр одамлари уларга сиғинган деган фикр уйғотади. Хараппа маданиятининг санамларидан яна бири муҳрга туширилган шохдор маъбуда сиймоси. Муҳрларда у қуйдагича акс эттирилган: ўтирган ҳолда оёқлари танасига тегиб туради, яланғоч, сочи орасидан икки шохи кўриниб турибди. Шохи орасида эса дарахт ўсади. Энг катта муҳрда унинг атрофини тўрт ҳайвон: фил, йўлбарс, каркидон ва хўкиз ўраб олган. Тагида эса иккита кийик тасвири. Ж.Маршалл тахминига кўра, бу Шиванинг илк рамзи. Шубҳасиз шохдор маъбуда Шива билан қўп жиҳатдан ўхшаш. У ҳосилдорлик маъбудаси Пашупати деб ном олган. Тарихий хужжатлардан маълум бўлишича, одамлар оловга, сувга, хатто дарахт ва тошга ҳам сиғинганлар.

Хараппа маданиятининг сиёсий ва ижтимоий тизими ҳали етарли даражада ёритилмаган. Яқин-яқингача олимлар орасида бу даврда давлат тизими шакилланиб улгурмаган деган фикр ҳукмрон эди. Хараппа, Калибанган ва Мохенжо-Дарода олиб борилган қазиш ишларидан маълум бўлишича, ана шу даврда ижтимоий табақаланиш вужудга келиб, жамиятда синфлар пайдо бўлган.

Академик В.В Струве Э.Маккейнинг китобига ёзган сўзбошисида Хараппа маданияти қулдорликка асосланган, унинг сиёсий тузуми эса Шумер сиёсий тузумига яқин деб таъриф беради. Худди шу фикрни бошқа олимлар ҳам тасдиқлайдилар. Ёзма далилий ашёлар бўлмаганлиги сабабли, бу фикрларнинг биронтасини биз тўғри ё нотўғри деб айта олмаймиз. Хараппада табақаланиш юз берган деб фараз қилиш мумкин, холос. Шаҳарнинг гуллаб яшнагани, йирик бозорлар, сунъий сув ҳавзалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақлайдиган катта омборларнинг мавжуд бўлганлиги марказлашган ҳокимият тизимидан далолат беради.



Хараппа маданияти инқирози. Янги археологик материаллар Хараппа маданиятининг сўнги даврини кўз олдимизда гавдалантиради. Бу вақтга келиб ички инқироз натижасида бир қанча марказлар ҳаёти сўна бошлади. Бу жараён ҳамма ерда бир хилда кечмай, узоқ вақт давом этди. Аввалига инқироз сабаблари босқинчи қабилалар босқини деб қаралган бўлса, янги маълумотлар бу мулоҳаза нотўғрилигини кўрсатди. Солнома маълумотларига кўра инқироз милоддан аввалги XIX-XVIII асрларда бошланган. Ҳинд археологларининг Лотхалдаги қазиш ишлари салмоқли натижа берди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бу ерда инқироз милоддан аввалги XX-XIX асрларда бошланган. Ҳинд археологи С.Ю. Раонинг фикрича, айнан шу даврда Лотхалда юз берган икки сув тошқини жуда катта талафотларга олиб келган. Тадқиқотчилар аниқлашича, Мохенжо-Даро ер зилзиласи туфайли ҳалокатга юз тутган. Баъзи олимлар эса шаҳар ҳам сув тошқини оқибатида вайрон бўлган деб фикр билдирадилар. Р.Л.Рейкс амалга оширган гидрологик экспедиция ҳалокат Ҳинд дарёси сувлари кўтарилиши, ҳамда зилзила натижасида рўй берганлигини аниқлади. Лекин бу фикрга баъзи олимлар қарши чиқадилар. Хараппа маданиятининг ички инқирози сабабларини ҳали ўрганиш талаб этилади. Ҳозир бунга ҳинд-орий қабилалари босқини сабаб деган фикр қайта кўриб чиқилиши лозим.

Хараппа маданияти Ҳиндистон ва унга қўшни мамлакатларнинг кейинги тарихига катта таъсир кўрсатди. Унинг таъсирида Ҳиндистон бўйлаб кулолчилик ва темирчилик кенг қулоч ёйди. Марказий Ҳиндистонда эса милоддан аввалги иккинчи минг йилликда чорвачилик кенг ривож топди.




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет