3.2. “Шажарайи тарокима” ҳамда “Шажарайи турк”да Хива ва қўшни мамлакатларда кечган этник жараёнлар ва хўжалик ҳаётининг акс эттирилиши
Марказий Осиё халқлари кўп асрлар давомида бир-бирлари билан доимий этник, иқтисодий ва маданий алоқада бўлиб, маълум даражада аралашиб ҳам кетганлар. Эрон тилли аҳолининг Ўрта Осиёни ўраб турган даштларнинг ярим кўчманчи аҳолиси билан ўзаро таъсири Хоразм аҳолисининг этник тарихи, ҳамда унинг ҳудудида қадимдан ривожланиб келган этник жараёнларнинг асосий ҳаракатлантирувчиси ҳисобланади. Абу Райҳон Беруний ҳам хоразмликларнинг тили эронликлар ва Сўғд аҳолисининг тилига яқинлигини таъкидлаб ўтган. Ўзбек ҳалқининг этногенезисини чуқур таҳлил қилган академик К.Шониёзов Берунийнинг “энди хоразмликларга келсак, бу гарчи Эрон дарахтидан бир шоҳ ва Эрон дарёсидан бир тармоқ бўлсалар ҳам, йил аввалларини белгилашда ва ортиқча кунларни қаерга(қайси ойга) қўйишда сўғдийларга эргашадилар291” деган фикрига нисбатан ўз хулосасини берган: “хоразмликларнинг чиқиб келишлари эронликларга яқин бўлсалар ҳамки, аммо бу уларни эронликларнинг ўзи деб тушуниш нотўғри. Илк ўрта асрларда хоразмликлар ўз тилига, ёзувига, номига, онг сезимига эришган халқ эди”.292
Эрон тарихчиси ва воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлган Муҳаммад Козим Хоразм аҳолиси орасида XVIII аср ўрталарида отаси ўзбек бўлган ва ўз уй жойларига эга 2000 дан ортиқ эронликлар яшаганлиги ҳақида маълумот берган. Хоразм аҳолисининг этник таркибида эронликлар, уларнинг хоразмликлар билан никоҳлари натижасида шаклланган алоҳида қиёфа ҳақида Хоразмда бўлган А.Вамбери ва А.Хорошхинларнинг маълумотлари ҳам қизиқарлидир.
Хоразм аҳолисининг этногенез жараёни ҳам бошқа Ўрта Осиё халқлари сингари кўп асрлар давом этган бўлиб, қанғарлар, қипчоқлар ва бошқа туркийзабон гуруҳлар ҳам бу жараёнда муҳим роль ўйнаганлар. Маълум ҳудудда яшовчи халқлар ўзаро ва қўшни халқлар билан яқинлашиб, улар билан алоқада бўлишида Буюк ипак йўли ҳам катта аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳудудда қадим-қадимдан буён икки тил туркумида: форс-эрон ва туркий сўзлашувчи халқлар ёнма-ён яшаб келганлар. Натижада форс-эрон тилли аҳолининг айрим гуруҳлари сўғдийларга, хроазмийлар ва бошқаларга аралашиб кетганлар. Шу тариқа аҳолисининг таркибини ўзбеклардан ташқари туркман, қорақалпоқ, форс, тожик, қирғиз ва қозоқ ташкил этган Хоразм ҳам этник жараёнларнинг мураккаб босқичини босиб ўтган. Бу жараёнда аҳолининг сони гоҳ кўпайиб, гоҳ камайиб борган. Хусусан, XIV асрда Хоразмда бўлган араб сайёҳи Ибн Баттута ўз хотираларида Урганч шаҳри ҳақида “Шаҳарда ҳаёт қайнайди, аҳолиси шунчалик кўпки у мавжланиб турган денгизни эслатади” деб таъриф беради.293 Лекин, асрлар силсиласида сиёсий вазиятнинг ўзгариши, ўзаро урушлар, босқинчилик ҳужумлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига ўз таъсирини ўтказган. XVI асрада Хоразмда бўлган инглиз Антони Женкинсон ўзаро урушлар натижасида Урганч шаҳрининг етти йил ичида тўрт марта қўлдан қўлга ўтганлиги туфайли шаҳар инқирозга учраганлигини ёзади.294 Нафақат сиёсий зарбалар, балки табиий ўзгаришлар ҳам шаҳарлар ва аҳоли инқирозига сабаб бўлганлигини қайд этиш лозим. Амударё ўзанининг ўзгариши XVI асрнинг 70-йилларида Урганч шаҳрига ҳалокатли таъсир этиб, ҳаёт сўна бошлади.
XIV-XVIII асрлар давомида Хоразмда сиёсий вазият мураккаб бўлиб, юз берган зиддиятлар мамлакат аҳолисининг этник таркибига, жойлашувига ва сонига таъсир этмай қолмасди. XIV-XVI асрлар давомида Хоразм аҳолисининг маълум қисми Мовароуннаҳрга кўчирилган. Хусусан Амир Темур Хоразмга қилган охирги юришида (1388) Урганч шаҳрини эгаллаб, шаҳар аҳолисининг кўпчилик қисмини (асосан ҳунармандларни) Самарқандга кўчирган эди. Уларнинг кўпчилиги Зарафшон воҳасининг ўрта ва қуйи оқимларига жойлаштирилган бўлиб, К. Шониёзов XIX аср охири-XX аср бошларида бу ҳудудларда “урганжи” номи билан маълум гуруҳларнинг учраши, деб изоҳлайди295. Хива хони Абулғози Баҳодирхон (1603-1663)нинг ёзишича, Шайбонийлардан бўлган Убайдуллахон(1533-1539) “Урганчни босиб олиб, элни Мовароуннаҳрга элтган”296.
“Барчаси айтдилар, сенга бағишладиқ ва ўтдук, нечук қилурингни сен билурсен тедилар. Қайтиб қўшиға келди. Кўрган-эшитганин туркманларга айтди. Мунлар севингандин юраклари ёрилурға келди. Андин сўнг туркманларга айтди: “Ақам худ гуноҳларингизни ўтди. Эмди, сизлар журмона немина берурсизлар”. Онлар айтди: «Сиз немина есангиз, биз они бералинг”. Ақатой султон сўрди: “Хоннинг навкарлариндин неча киши ўлтурдунгиз», - теб. Туркманлар ҳисоб қилиб айдилар: «Яхши-ёмон қирқ киши». Хон айтди, андағ бўлса, бу йил худ чопилдингиз. Тангрим буюрса келур йил ҳар кишининг қони учун ақамға минг қўй беринг. Андин сўнг нечук бериб олурингизни ақам бирлан ўзларингиз сўзлашурсиз, бўлғай теди. Онлар жонлари бирлан қабул қилдилар. Тақи ўн олти минг қўйни эрсари, ўн олти минг қўйни Хуросон салури, саккиз минг кўйни така ва сариқ ва ёвмут /ёмут/ бермак бўлдилар. Бу айтилған элларнинг барчаси бир уруқ турур. Жумласина ташқи салур дерлар. Хон қайтиб Урганчга тушди.
Келур йил баротдор юборди. Қирқ минг қўйни бир камсиз бериб, ўн беги бахшилари баротдорнинг олдиға тушуб кўп пешкашлар бирлан келиб, хонни кўрдилар. Иккинчи йили киши юбориб тилади эрса, тақи бердилар. Шул қирқ минг қўй уларнинг бўйнинда неча пуштлар қолди.
Эмди ўзга туркманларнинг бературған молларини ҳам мундин олиб қолмалинг. Ушбу ерда айталинг. Бу воқиотдин бир неча йил ўткандин сўнг, ўзга туркманларнинг бошларина ва молларина лойиқ мол бературған туркманларнинг бошининг, молининг юзиндин ҳисоб қилиб, ички салурға ўн олти минг қўй, мундин бошқа подшоҳлиқ шиланда сўймоқ учун минг олти юз дўнан қўй. Мунга қозон қўйи теб от қўйдилар. Ул ўн олти минг қўйиға барот қўйи теб от қўйдилар. Ул ўн олти минг қўйға барот қўй теб от қўйдилар. Тақи навкарга бердилар. Туркманнинг ҳар уруқина не миқдор барот қўйи солсалар, анинг тошиндин қозон қўйи даҳ як олдилар. Барот қўйини навкар олиб кетар. Пас подшоҳнинг шиланхонасинда ўлтурмакка қўй бермассинму тедилар”.
Шу ўринда Хоразмнинг XVI-XVII асрлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ўрганишда Хоразм тарихчилари Мунис ва Огаҳий қаламига мансуб “Фирдавс-ул-иқбол” асарининг ҳам аҳоли миграциясига оид маълумотлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш лозим. Асарда 945/1538 йилда Убайдуллахон ва 1002/1593-1594 йй. Абдуллохон II Шайбонийлар томонидан Бухорога кўчирилган урганчлик ва хиваликлар ҳақида маълумот берилади.297
Шунингдек, Хива хони Исфандиёрхон (1623-1645) даврида унинг ҳокимиятга келишида қўллаб-қувватлаган туркманлар зулмидан, аҳоли талай қисмининг Бухоро, Самарқанд, Манғит улуси ва қозоқлар ҳузурига қочиб кетиши, Шерғозихон тазйиқидан Хоразмда яшаб келаётган қорақолпоқларнинг 1726/1727 йилда Янгисув ва Сирдарё бўйларига кўчишлари тасвирланган. Асардаги Абулғозий Баҳодирхонинг аҳоли орасидаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий вазиятни бақарорлаштириш мақсадида ўтказган давлат аҳамиятига молик ислоҳотлари ҳақидаги маълумотлар ҳам эьтиборга лойиқ298. У уруғлараро курашларга чек қўйиш мақсадида Амударёнинг қуйи оқимидаги ўзбекларни тўртта бирлашма–“Тўпа”га бўлди. Яьни, ўзбек қавмларини ҳар иккитасини бир жамоага бирлаштириб, тўртта жуфт гуруҳ ташкил қилди: уйғур-найман, қўнғирот-қиёт, нукус-манғит, қанғли-қипчоқ. “Фирдавс-ул иқбол” асарида ҳам ўзбек уруғлари билан бирга туркман уруғлари–эрсари, салур, хуросонсалури, соруқ, така, ёвмут, ҳасан эли, али эли, хизр эли, гўклан, тевачи кабилар ҳақида ҳам этнографик материаллар беради299.
Асарда келтирилган этнографик, яъни турк-мўғул қабилалари, хусусан, улар номларининг маъноси ҳақидаги маълумотлар, ўзбеклар, сартлар ҳамда туркман уруғлари (сариқ, ёвмут, қизил аёқ, эрсари ва ҳ) ҳақидаги маълумотлар ҳам ўта муҳимдир. Жумладан, у туркий қабилаларга кирувчи ва турк номи билан аталувчи қабилалар қуйидаги катта 5 авлод (бўғин)ни ташкил қилади деган. Булар: уйғур, қанғли/қангли, қипчоқ, қалач, қарлуқ қабилалари. Сўнгра у бошқа туркий қабила ва уруғлар ҳақида тўхтаб ўтади: 1.Текрин ёки мекрин. 2. Қирғизлар. 3. Кем-кемчутлар. 4. Ўрмонкат. 5. Нукузлар. 6. Татарлар. 7. Ойрат/уйрат. 8. Тўрғовут. 9. Қўри. 10. Тўлас. 11. Булғочин. 12. Кермучин. 13. Туленгут. 14. Ўрасут. 15. Кусутмай. 16. Найман. 17. Керайит. 18. Ўнгут. 19. Турғоқ. Қизиқарли томони шундаки, Абулғози бу этнонимларнинг баъзиларини этимологияси билан беради300.
Абулғози Баҳодирхон ўз китобида мўғулларни икки катта бўлакка бўлади. Бири қиён/қиёт (нирун), иккинчиси нугуз/нукуз (дарликин). Булардан ташқари мўғуллардан 25 та уруғ ва қабилаларни тилга оладики, улардан бариси ўзбек халқининг этник таркибига кирган301. “Асл лафзи (мўғул) мўгул турур. Авомнинг тили келмасликидин бора-бора мўғул тедилар. Мунгнинг маъносин барча турк билурлар: қайғу маъносина турур. Улнинг маъноси содадил, яъни қайғули сода темак булур”; “Қипчоқ – Тан (Дон) ва Итил (Волга) ва Ёйиқ (Урал), бу айтилған сувларнинг орасинда ўлтурлар”; “Қиниқли туркман бирлан бирга ултурур эрдилар. Туркман вилоятға тушгандин сўнг Иссиқкўл ва Чу ва Талош; бу айтилған сувларнинг ёқаларинда ватан қилиб, кўп йиллар ўлтурдилар, Урганч подшоҳлариндин Текашхон (1172-1200 йиллари ҳукмронлик қилган) қиниқлининг бир ўғлининг қизин олди. Туркан отлиқ. Султон Муҳаммад Хоразмшоҳни (1200-1220 йиллари ҳукм сурган) ул қиздин туғди”. Сўнгги мисол: “Тўқтоғухон (1290-1312-йиллари ҳукмронлик қилган Олтин Ўрда хони), ўлгандин сўнг ўн уч ёшинда Ўзбекхон (1312-1342) хон бўлди. Тақи элни ота-бобосининг дастури бирлан забт қилди. Ҳар кимнинг мартабасини лойиқ ҳурмат қилиб, инъомлар берди. Эл-улусни дини исломға киргузди... Андин сўнг Жужи элини ўзбек эли тедилар”302.
Ўзбекларнинг уруғ ва қабилаларига тегишли маълумотлардан асарда келтирилган гуруҳ ва қабилалар номи жуда муҳим. Булар: Орлот/арлат, оғор, олақанотли, ўқли, аймоқ, бошқирд, баёт, тот, тотар, темирли, турумчи, турк, туркман, така, турботли, тевачи, жоби, жомачи, чўбичоқ, чўбони, чиғатой, чўни, хизир эли, хуросонли, халаж, дукар, соиқ, солур, сурхи/сурқи, соқар, салжуқ, султонли, савроқи, совчили, қўрғоли, қўрқин, қорлиқ, қипчоқ, қоратошли, қалмоқ, қирғиз, чиройли, қутлар, лола, мўғул, манғит, найман, мўнди, ёзир, яғмо, ёвмут, юрти ва бошқалар303.
Ўзбеклар ва умуман туркий халқлар орасида энг кўп тарқалган уруғлардан бири қунғиротлардир. Бу уруғ ўзбеклардан ташқари, қорақалпоқ ва қозоқ уруғлари орасида ҳам салмоқли ўрин тутади. Лекин, уларнинг салмоғи ўзбек уруғлари орасида юқорироқдир. Ўтган асрнинг 20-йилларида ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий минтақаларидаги Ҳисор, Денов, Бойсун,Деҳқонобод, Қамаши, Шеробод, Қабодиён, Қўрғонтепа, Кўлоб бекликларида аҳоли этник жиҳатдан рўйхатга олинганда, қўнғирот уруғига мансуб аҳоли сон жиҳатдан энг катта гуруҳни ташкил қилган эди. Бу бекликда умумий аҳолининг 22,4 фоизи қунғиротлардан иборат эди304. Қўнғирот номли қишлоқлар, маҳаллаларнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалгани ҳам бу уруғнинг шу ҳудуддаги халқлар этник таркибидаги ўрнига ишорадир.
Қорақалпоғистон республикаси ҳудудида Қўнғирот шаҳри мавжуд. Бу шаҳарда яшайдиган аҳолининг ҳаммаси қўнғирот уруғига мансуб дейиш кулгили бўларди. Лекин, шаҳарнинг номланиши, Чингизхонга аҳоли от совға қилганларини эслаб, қабилангизнинг номи “Қўнғирот” бўлсин, деганмиш. Бу ривоят қанчалик чиройли бўлмасин, ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида Чинғизхоннинг енгилиб, якка ўзи зўрға қочиб кетгани у ёқда турсин, умуман қуршовга тушгани ҳам маълум эмас.
Фарғона водийсидаги “Қўнғирот” номли қишлоқ ва маҳаллаларда яшайдиган, келиб чиқиши бўйича ўзини қўнғирот уруғига мансуб, деб ҳисоблайдиган одамлар билан уруғ номи ҳақида олиб борган суҳбатларимиз ҳам кутилган натижани бермади. Уларнинг асосий кўпчилиги ўз уруғлари номининг маьноси ва келиб чиқишини билмасликларини тан олдилар. Баъзилар эса қунғиротлар Чингизхон лашкари орасидаги бир уруғ булгани, улар қўнғир рангли от миниб юрганлари учун шу ном билан аташганини айтишади. Бу ҳикоялар ҳам бизни қониқтирмади. Лекин, Б. X. Кармишева ва бизнинг суҳбатдошларимиз ҳикояларида ҳам бу уруғнинг узоқ ўтмишда Чингизхон қўшинлари билан алоқадор бўлганининг акс-садоси сезилиб турибди.
Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ва Рашидуддиннинг “Жомеъ ат-таворих” асарларида ҳам қўнғирот уруғи бир неча ўринларда тилга олинса ҳам, бу ҳақда батафсил маълумот иншо этилмайди305. Рашидуддиннинг «Жомеъ ат-таворих” китоби қўнғиротлар тўғрисида Марказий Осиё ва Эронда битилган манбаларнинг энг қадимийсидир306.
Ўлканинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид маълумотлар асарда Хоразмнинг ўша замонларда ҳам обод бўлганлиги, Амударё ўзанининг ўзгарган вақти ва унинг оқибатлари ҳақидаги маълумотлар ҳам қимматлидир. Бу хусусда ҳам бир-икки мисол келтириш мумкин: “Ул вақтда (Сўфиёнхон замонида) Урганчдин Абулхон (Каспий денгизининг шарқий тарафида, Ҳозирги Красноводск қўлтиғининг жануби-шарқий тарафида жойлашган тоғли ноҳия) бормоқ бу овулдин ул овулға борғонтек эрди. Анинг учун Аму суви Урганч қалъасининг тубидан ўтиб, Абулхон тоғининг кун туғишина бориб, тоғнинг тубина тегиб, қибла тарафиндин ўғрулуб кун ботишига бориб, андин ўтуб Ўғурча (Амударёнинг қўйи қисмида, унинг жанубий ирмоғи Ажойба сувининг Каспий денгизига қуйиладиган ерда жойлашган манзил) бориб Мозандарон (Каспий денгизининг ўрта асрлардаги номларидан бири) тенгизина қуяр эди. Тағи улким, Аму дарёнинг икки тарафи то Ўғурча боргунча, экинлик ва юзум боғи ва дарахистон эрди. Баланд ерларға чиғир қурарлар эрди. Молли халқ кўковун ва чибин вақтинда бир-икки манзил йироқроқ қудуқларга кетарлар эрди. Чибин ётқондин сўнг сувнинг яқасига келурлар эрди. Ободонлик ва маъмурликнинг ҳеч ннҳояти йўқ эрди”307.
Ва яна: “Анинг (Аминакхоннинг ўғли Колхоннинг) замонида Урганч ободон ва халқ тинч бўлди. Бениҳоят арзонлик бўлди... Бир пулга бир нон бўлди тедилар”308. Яна бир мисол: “Ҳар йилда ҳутнинг бошинда (Аванешхон даврида) Урганчдин отланиб Ҳуросонни човуб ёйлоқларда ёйлар эрди. Чопатурған ерларининг чети йел (сел) кўпруги, Туршиз, Турбат ва Жом ва Харгирд, Олған вилоятлари Журжон, анинг пойтахтини кабуд жома дерлар, Жожирим, Кирайлу, Астробод лашкари қирқ мингга етти. Куз ақраб бўлғанда қайтиб Урганчни қишлар эрди. Отлана турған кўп ўзбекнинг барчасининг отини дафтарга битиб алуфа берур эрди. Оёқ навкарина ўн олти қўй берур эрди. Ул туркманнинг қўйин улаша турур эрди. Ётмаганина Хуросонни чопарда панж яқиндан берур эрди309. Кема ўша вақтда Урганч бирлан Вазирнинг орасиндин юрур эрди”310.
Яна шу ҳам диққатга сазоворки, ўша замонларда Хоразмда, бошқа экинлар билан бир қаторда, буғдой ҳам кўп экилар, шунинг учун ҳам нон арзон эди. Бир мисол келтириш мумкин: “Ул вақтда (Араб Муҳаммадхон даврида) Миздаҳкандин то Боқирғоннинг бори юзи Қуйғун деган ергача буғдой экилар эрди. Бизнинг хон Туқ қалъасининг юқорисидин бир ариқ қаздуруб турурлар. Фақир дунёга келмасдин бир йил бурун (1602 йили) мезон бўлғанда сақасини кўмарлар эди. Буғдойни ўрган вақтда очарлар эрди. Бир неча йилдии сўнг ариқнинг кенглиги отган ўқ ўтмасдай будди. Сувнинт оёқи Қуйғун борди. Андин Ачи тенгизина (Аччиқ денгиз) борди. Ёлғуз буғдой экилур эрди. Отли киши ўн кунда буғдойнинг тошиндин айланиб кела билмас эрди. Ул вақтда пул-пучак ярим мисқол кумуш бир танга ерина юрур эрди. Бир тангага ярим тева (туя) юки буғдой берурлар эрди. Бир мисқол кумушга бир харвор (бир эшак юки) буғдой берурлар эрди”311.
Юқорида келтирилган мисолдан Амударё қадим-қадим замонлардан Каспий денгизига бориб қуйилиши маълум бўлади. Лекин, кейинчалик дарё ўзанини ўзгартириб, Сариқамиш пастлигига қуйиладиган бўлди. Бу воқеа содир бўлган вақт “Шажарайи турк”да аниқ кўрсатилган. “Биз дунёга келмасдан ўттиз йил илгари (яъни 1573 йили), – деб ёзади Абулғозихон, – Аму суви Хос минорасининг юқориниси, уни Қора айғир тўқайи дерлар, ул ердин йўл ясаб оқиб, Туқ қалъасина бориб, Сир тенгизина қуйғон эркандур. Ул сабабдин Урганч чўл бўлубти”312.
Бундан бошқа яна кўп мисоллар келтириш мумкин. Қисқаси, “Шажарайи турк” Хоразмнинг узоқ ўтмишдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётига оид яна жуда кўп маълумот беради. Шу сабабдан уни Хоразм тарихига оид қимматли ёзма манбалар қаторида қўшиш лозим.
Юқорида келтирилган маълумотлар асосида “Шажарайи турк”да Хива хонлиги ва унга қўшни ҳудудларда кечган этник жараёнлар ва хўжалик ҳаётининг ёритилиши масаласи юзасидан қуйдаги хулосалар келиб чиқади:
Биринчидан, Хива хонлигида тез-тез бўлиб турган ички урушлар ва хонликнинг қўшни давлатлар билан олиб борган урушлари натижасида содир бўлган миграция жараёнлари Абулғозий томонидан анча кенг ёритилган;
Иккинчидан, Абулғозий Хива ва унга туташ минтақаларда яшаган этник гуруҳлар, уруғлар, қабилаларнинг этногенези масалаларини ёритиб беришга уруниб кўрган;
Учинчидан, муаллиф асарда қатор этнонимларнинг этимологияси масаласига оид қизиқарли маълумотларни келтирган.
Тўртинчидан, “Шажарайи турк”да Хива хонлиги аҳолисининг машғулоти ва хўжалик фаолиятига доир оригинал маълумотлар келтирилган.
Бешинчидан, асарда хонликнинг солиқ сиёсатига алоқадор бўлган диққатга созовор маълумотларни учратиш мумкин.
Учинчи боб бўйича қуйдаги хулосалар келиб чиқади:
Абулғозий томонидан “Шажарайи турк” асарида Хива хонлигининг қўшни халқлар, давлатлар билан алоқалари, хонлик ва унга туташ ҳудудларда кечган этник жараёнлар ҳамда хўжалик ҳаётига алоқадор бўлган маълумотларни қуйдаги беш гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчи гуруҳ, тарихий манбалардан олинган маълумотлар;
Иккинчи гуруҳ, муаллиф ўзи гувоҳ бўлмаган айрим олинган тарихий воқеалар иштирокчиларининг оғзаки ҳикояларига асосланган маълумотлар;
Учинчи гуруҳ, мауллифнинг ўзи гувоҳ бўлган воқеаларга оид бўлган оригинал маълумотлар;
Тўртинчи гуруҳ, Муҳаммад Замон Урганжий томонидан келтирилган маълумотлар;
2. “Шажарайи турк” Хива хонлигининг қўшни мамлакатлар билан олиб борган алоқалари, Хива хонлиги ва унга қўшни минтақаларда кечган этник жараёнлар ҳамда хўжалик ҳаёти ҳақида маълумот берувчи Хивада яратилган дастлабки манба ҳисобланади;
3. “Шажарайи турк”да Хива Бухоро муносабатларининг қуйдаги жиҳатлари ёритилган;
Биринчидан, Хива хонлиги ва Бухоро хонликлари ўртасида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар ва урушлар тарихига оид маълумотлар;
Иккинчидан, Хива Бухоро урушлари натижасида содир бўлган миграция жараёнлари;
Учинчидан, хонликлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар;
Тўртинчидан, Бухоро хонлигининг Хива хонлигида кечган сиёсий жараёнларда иштироки масаласи;
4. Хива хонлиги ва Эрон Сафавийлари муносабатларининг қуйидаги жиҳатлари Абулғозий томонидан ёритилган:
Биринчидан, Хива хонлигининг Эрон билан олиб борган дипломатик муносабатлар;
Иккинчидан, Сафавийлар давлатининг Хива хонлигида кечган сиёсий жараёнлардаги иштироки;
Учинчидан, Эрон Хива муносабатларидаги мунозарали масалалар;
5. “Шажарайи турк”да Хива хонлигининг бошқа қўшни давлатлар ва халқлар билан муносабатларининг қуйдаги масалалари ёритилган:
Биринчидан, қозоқлар, жунғорлар ва қалмоқларга қарши олиб борган мудофа жанглар;
Иккинчидан, Хива хонлиги ва Россия муносабатлар;
Хулоса
Хива хонлиги XVI асрнинг бошларида чингизий бўлмиш шайбонийларнинг бир шаҳобчасидан чиққан хонлар иштирокида алоҳида бир давлат сифатида шаклланди. Мазкур, давлат ўз мустақиллигини Бухоро хонлиги ва Эрон сафавийларининг босқинчилик юришларига қарши кураши натижасида мустаҳкамланди. Бироқ бу кураш ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмаган. Хива хонлиги фақат Абдуллахон II вафотидан сўнг мустақил тарзда ривожлана бошлади. Хивада марказлашган давлатнинг шаклланиши эса анча узоқ муддат ва мураккаб тарзда кечган. Хива тахтига келган барча хонлар ва гегемон, кучли қабилаларнинг бошлиқлари марказий ҳукуматни мустаҳкамлаш учун барча ташқи кучлар ва марказий хон ҳукуматига бўйсунмайдиган қабилалар билан кураш олиб боришган. Бундан ташқари ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасида ҳам ҳукумат учун кураш турли тарзда давом этган. XVII асрнинг ўрталарида Хива хонлиги сиёсий майдонига келган Абулғози Баҳодирхоннинг тақдири ва ҳаёти ҳам шундай кечган. XVII асрнинг 40- йилларига келиб, Абулғози барча даъвогарларнинг қаршилигини енгиб, тахтга ўтирди ва умрининг охиригача марказлашган давлат тузиш учун кураш олиб борди. Абулғозининг ҳаёти фақат кураш ва урушлардан иборат бўлса ҳам у илм ва маърифат билан машғул бўлишга ҳам интилган. Шунинг учун ҳам у Хива хонлиги тарихида нафақат ҳукмдор, балки тарихчи олим сифатида ҳам из қолдирган.
– Хива хонлиги ўзининг жуғрофий мавқеидан келиб чиқиб, темурийлар даврида ҳам ярим мустақил давлат сифатида мавжуд эди. Фақат XV асрнинг охири XVI асрнинг бошларида бу воҳада ҳукмронлик қилиш учун темурийлар, шайбонийлар ва сафавий Эрон ўртасида кураш авж олиб кетди. Бу курашлар натижасида XVI асрнинг бошларида Бобурга ёрдам бериш натижасида Мовароуннаҳрга бостириб кирган сафавий Эрон Хоразмни ҳам ўз таъсири доирасига киритиб олди. Хоразмнинг барча шаҳарларига эронлик ҳокимлар тайинланди;
– XVI асрнинг бошларида Хоразм аҳолиси сафавийлар ҳокимлари ва қўшинини ватанларидан ҳайдагандан сўнг бу ерда шайбонийлардан Элбарсхонни тахтга кўтарди;
– Хоразмда ҳукумат тахтига ўтирган шайбонийлар сулоласининг намояндалари ўртасида ҳам тож-тахт учун кураш авж олган. Уларнинг баъзилари Бухорода ҳукмронлик қилаётган шайбонийлар ёрдамига ҳам умид боғладилар. Натижада Хиванинг тож-тахт масаласига ташқи кучлар ҳам аралаша бошладилар. Бухоро ҳукмдорлари бу ишга фаол киришганлари боис Хоразм Убайдуллахон ва Абдуллахон II даврида бир неча маротоба бухороликларнинг босқинига дуч келди.
– Хива тахтига 1643 йили хон қилиб кўтарилган Абулғози марказий ҳукуматни кучайтиришга интилган кучлар томонидан тахтга ўтказилди. Маърифатпарвар хон Абулғози Хива хонлигининг юксалиши ва кучли давлат сифатида фаолият кўрсатиши учун анча куч ва ғайратини сарфлади. Абулғози ва унинг ворислари даврида (Арабшоҳлар даври) Хива хонлиги Марказий Осиёнинг кучли давлатларидан бирига айланган эди;
– Абулғози Баҳодирхон тарихчи сифатида ҳам Хоразм маданий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. У ўзининг “Шажарайи турк” ва “Шажарайи тарокима” асари билан Хоразм тарихнавислик мактабига асос солган. Унинг асарлари мусулмон ва турк-муғул историографиясида ҳам муҳим ўрин эгаллайди;
– Абулғозининг асарларида туркий қабилаларнинг насаблари (генеалогияси) оғзаки анъана (дашт/кўчманчилар историографияси) асосида берилган;
– Абулғози Баҳодирхон мусулмон-эрон тарихнавислиги ва унинг намояндаларининг асарлари ҳамда тиббий асарлар билан яқиндан таниш бўлгани боис илми тиббга ҳам қизиққан ва “Манофеъ ул-инсон” номли тиббий асар ёзган;
– Тадқиқотда Абулғози Баҳодирхон тарихий асарларининг кодикологик тавсифи ва таҳлили берилади. Ишда уларнинг турли тилларга бўлган таржималари ва нашрлари ҳам таҳлил доирасига тортилди;
– Абулғози Баҳодирхоннинг асарлари XVI-XVII асрлар учун энг муҳим ва тарихий манбалар саналади. “Шажарайи тарокима” ва “Шажарайи турк” ўз даврида Марказий Осиёда кечган этно-маданий жараёнларни, туркий халқларнинг этник таркибини ўрганиш учун муҳим манба саналади;
– Абулғози Баҳодирхоннинг асарлари ўрганилаётган даврда Хоразмнинг қўшни давлатлар билан алоқасини ёритишда муҳим манба саналади.
Абулғози Баҳодирхоннинг даври ва унинг тарихий асарларини ўрганилиши ва таҳлили мавзу бўйича қуйидаги таклиф ва тавсиялар беришга ундайди:
1. Хиванинг XVI-XVII асрлардаги тарихи, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти на фақат илмий адабиётларда, балки давр манбаларида ҳам кам ёритилган. Шуларни инобатга олган ҳолда бу мавзунинг ўрганишнинг давом эттирилиши мақсадга мувофиқдир.
2. Абулғози Баҳодирхон илмий мероси мисолида Хоразм тарихнавислик мактабининг генезиси ва функцияларини алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганиш зарур.
3. Энг муҳими Абулғози асарларини илмий ва изоҳли нашрини амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
4. Абулғози Баҳодирхон асос солган Хоразм тарихнавислик мактаби ва уларнинг намояндалари фаолиятини ўрганиб, асарларини изчиллик билан нашр этиш ишларини давом эттириш лозим.
Хулоса қилиб айтиш керакки, аждодларимиз томонидан қолдирилган бой маънавий мерос инсоният тарихининг бой қатлами сифатида ўрганлиши ва тадқиқ қилиниши зарур.
Достарыңызбен бөлісу: |