Абулғози баҳодурхоннинг илмий мероси ва унинг тарихий аҳамияти


Абулғозихоннинг “Маънофеъ-ул-инсон” асари ва унинг мазмуни ҳақида



бет11/13
Дата18.06.2022
өлшемі234.43 Kb.
#459301
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
1-3 Боб

2.3. Абулғозихоннинг “Маънофеъ-ул-инсон” асари ва унинг мазмуни ҳақида

Абулғозихон ибн Араб Муҳаммадхон нафақат билимдон тарихчи, шоир ва моҳир давлат арбоби сифатида балки тажрибали табиб сифатида ҳам қатор олимлар томонидан эътироф этилган235. Манбаларда Абулғозихон ўз даврининг билимдон тарихчиси ва қобилиятли шоири бўлишидан ташқари, табобат илми билан ҳам шуғулланганлиги ҳақида маълумотлар бор236. Шарқшунос олимлардан А.Ирисов, А.Носиров ва И.Низомиддиновлар хоразмлик машҳур тарихчи Муҳаммад Юсуф Баёнийга ва унинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” асарига суяниб, Абулғозихон таржимаи ҳоли хусусида “Хива хони Абулғозихон энг моҳир шифокор эди, у тиб илмидан яхши хабардор бўлган” деб ёзишади237. Абулғозихон жанглар ва савашларда орттирган жароҳатларини Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон ва Юсуф табибларнинг табобатга доир асарлари, маслаҳатларига кўра ўзи муолажа қилиб, турли касалликларни даволашга бағишланган “Манофеъ-ул-инсон” (“Инсон учун фойдали тадбирлар”) рисоласини ёзган238.


Асарнинг ёзилиши тарихи ҳақида, муаллифнинг ўзи шундай дейди: “Шундоқ айтур бўлғай Абулғозихон ибн Араб Муҳаммадхон Чингизий Хоразмийким, бадан иллат ва касалдан холий эрмас эрди, вақтики илож қилмоққа эҳтиёжимиз тушиб эрди, китобларни назарга келтирур эрдук, мақсад гоҳо топилур эрди ва гоҳо топилмас эрди, топилса ҳам ҳазор машаққат билан топилур эрди. Шул сабабдан, иллатга илож қилмоқ (учун) мўътабар китоблардан жаъ қилиб, аввал иллатни баён этиб, андин сўнг иложларин баён қилдим”239. Кўриниб турибдики, Абулғозихон Хоразмда кўп учрайдиган хасталикларга тез таъсир қиладиган даволарни бир ерга жамлашни ўз олдига мақсад қилиб240 қўйган.. “Мусулмонлар кўп фойда кўргайлар, деб бу китобга “Манофиъ ул- инсон” деб от қўйдим. Демак, дунё тўрт асос билан пойдор экан, бу китоб ҳам тўрт бобдан иборат бўлса, абадий ва пойдор бўлади”241, деб ёзади Абулғозихон.
Абулғозихоннинг бу тиббий асарининг нусхаларидан бири 4107-инвентарь рақами билан Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзФА Шарқшунослик институти фондида сақланмоқда242.
Юсуф Баёний ўзининг “Шажарайи Хоразмшоҳий” номли китобида келтиришича, Абулғозихон бу тиббий китобни аввал форс тилида ёзган. Баёний ўз асарида бу ҳақда: “Илми тиббда ҳам моҳир эрканлар, фақир илми тибда “Манофиъ ул-инсон” отлиғ бир форсий таснифларини кўрдимким, унда ўз мужарработ ва мухтариъотларини баён этибдурлар”243. Бироқ, бу асарнинг форсча нусхаси шу кунгача топилгани йўқ244. Мавжуд нусха эса асарнинг ўзбекчаси бўлиб 64 варақадан иборат. Бу тахминан 19 аср бошларида кўчирилган. Афсуски, касалликларнинг номи алифбо тартибида берилган бу нусха “ح” ҳарфигача келгач, тугаб қолган.
“Манофеъ ул-инсон” эски ўзбек тилида, араб aлифбосида ёзилган. Асарда доривор моддаларнинг номи арабча ёки форсча шаклда берилади245. Хажм жиҳатдан унча катта бўлмаган ушбу китоб тўрт қисм ва 105 бўлимдан иборат. Ҳар қайси бўлимда алоҳида бир аъзо касаллиги ва уни даволаш йўллари тавсия қилинади. Аниғини айтганда унда 105 касалликнинг диагностикаси, кечиши ва даволаш усуллари ҳамда 700 дан зиёд турли дори-дармон (жонивор, ўсимлик ва минераллардан олинадиган) моддалар ҳақида баён қилади246.
“Манофеъ ул- инсон” бошқа ҳамма Шарқ олимларида бўлгани каби алифбо тартибида ёзилиб ўша замонда Ўрта Осиёда учраган қарийиб ҳамма касалликларни қамраб олган.
Китобнинг дастлабки саҳифаларида аёлларда учрайдиган бефарзандлик кассаллигининг диагностикаси ва даволаш усуллари келтирилади. Олим одатда ҳар бир касаллик бўйича даволашнинг бир неча усул ва рецептларини баён қилади. Жумладан, бефарзандлик касаллигини даволашда 30 дан зиёд рецепт келтиради. Ҳар бир рецептда яна 3-4 ва ундан кўпроқ дори кўрсатилади. Бундан ташқари, ҳар қайси дорининг аниқ дозаси, уни таёрлаш усули ва истеъмол қилиш қоидасини ҳамда сақлаш йўлларини аниқ кўрсатиб беради.
Абулғозихон касалликни, дори-дармонлардан ташқари, физиотерапия усулини ва балчиқ билан даволашни ҳам тавсиф қилади.
Олим ўз китобининг сўнгги бўлимини, чамаси психотерапияга катта эътибор қилиб, донолар маслаҳатидан баҳс этувчи ривоятларга бағишлайди.
Фикримизча, Абулғозихоннинг XVII асрда Хоразм давлатидаги тиббиётнинг даражасини кўрсатувчи “Манофеъ ул-инсон” асарига тенг келадиган шу даврнинг бошқа бир тиббий китоби топилмаса керак. Бунинг устига, шу вақтгача XVII асрда Ўрта Осиёда тиббиётнинг ривожланиш тарихи етарлича ўрганилмаган. Бинобарин, Абулғозихон ибн Араб Муҳаммадхоннинг мазкур асари ана шу даврда Ўрта Осиёда тиббиётнинг қай даражада ривож топганини ўрганишимизда муҳим тарихий манба бўлиб хизмат қилади.247
Китобнинг 4а-варағидан бошлаб касалликлар мундарижаси алифбо тартибида келтирилган. Абулғозихон қандай касалликларни даволаш мумкинлигига ишора қилганини, тез таъсир қиладиган дориларни синовдан ўтказганини, қолаверса, илм аҳлларининг булар ҳақида маълумотга эга бўлишларини ҳисобга олиб, мундарижани тўлиқ келтиришни лозим топдик. Уни ҳозирги ўзбек тилида келтирамиз, натижада алифбо тартиби қисман ўзгаради:
“Алиф” боби. Хотинларнинг ҳомиладор қилиш да­воси. Бўғин оғриқлари давоси. Истисқо давоси. Синган суяк давоси. Суяк оғриғи давоси. Қутурган (маст бўлган) туя давоси. Болалар чечагининг давоси. Ичак давоси. Оғиздан сув келишининг давоси. Аъзолар да­воси. Облайи фаранг (сифилис)нинг давоси.
“Бе” боби. Кўрпада сийишнинг давоси. Боднинг да­воси. Қўлтиқ бадбўйлигининг давоси. Жинсий камқувватлик давоси. Балғамни даф қилиш давоси. Бавосил давоси. Қориндан болани чиқариш давоси. Баҳақ (тери оклиги)нинг давоси. Сийдик тутилишинниг даво­си. Песнинг давоси. Ўқни чиқариш давоси. Биқин санчиғининг давоси. Она кўкрагининг давоси.
“Те” боби. Иситманинг давоси. Ташналикнинг да­воси. Сийдикнинг бўлиниб-бўлиниб келишининг да­воси.
“Се” боби, Сийдик томчилашининг давоси.
“Жим” боби. Қориндаги ўлган ёки тирик бола иложи. Кўз оғриғининг давоси. Жамранинг давоси. Жуззом (қорасон)нинг давоси. Кўз текканнинг давоси. Қушларни беҳуш қилишнинг иложи.
“Ҳе” боби. Ҳайз очишнинг иложи.
“Хе” боби. Бадан ташқарисининг давоси. Ханозир ва шунга ўхшаган нарсаларнинг давоси. Аъзодан кон оқишининг давоси. Чипқоннинг давоси. Хуноқ (ангина) нинг давоси.
“Дол” боби. Тиш оғриғининг давоси. Тишга жило бериш иложи. Оғиз иллатларининг давоси. Думмал (чипқон) иложи.
“Зол” боби. Зотилжам давоси.
“Ре” боби. Яранинг давоси. Бурундан қон келишииинг давоси. Бачадон иллатларининг давоси. Руҳ тарбиятининг баёни.
“Зе” боби. Қийин туғиш давоси. Тумов давоси. Савдо(йи) касалининг давоси. Ҳазм бузилишининг давоси.
“Син” боби. Жинниликнинг давоси. Бош кепагининг давоси. Тиқилмалар давоси. Силнинг давоси. Кўкрак иллатларининг давоси.
“Шин” боби, Қорин куртининг иложи. Шақиқа (мигрень)нинг давоси. Корин оғриғинипг давоси.
“Сод” боби. Сафронинг иложи. Бош оғриғининг да­воси. Туткалоқнинг давоси.
“Зод” боби. Нафас сиқишининг давоси.
“То” боби. Тоун (ўлат)нинг давоси.
“Айн” боби. Ришта касалининг давоси. Асаблар да­воси. Туғмас хотин тадбири. Зулук иложи. Ишқ иложи.
“Ғайн” боби. Ҳушдан кетиш тадбири.
“Фе” боби. Шодлантириш тадбири. Ҳиқичоқ даво­си. Фалаж давоси.
“Қоф” боби. Қўланж (ичак санчиғи) давоси. Жин­сий аъзо давоси. Ич қотиш давоси. Қусиш давоси.
“Коф” боби. Карлик давоси. Бел оғриғининг давоси. Сурма тадбири. Бурганинг тадбири. Доғлар тадбири. Зарба еганнинг давоси. Буйрак давоси. Қовоқ уруғига ўхшаш қуртлар иложи. “Ҳикмат лойи” ҳақида.
“Лом” боби. Юз фалажинииг давоси.
“Мим” боби. Меланхолия давоси. Мақъад (орқа те­шик) давоси. “Йўлдош”ни чиқариш. Азият берувчи (чақувчи)лар давоси. Бадан мўйларининг иложи. Қовуқнинг давоси. Меъданинг давоси.
“Нун” боби. Бурундан сув оқишнинг давоси. Намла давоси. Унутиш давоси. Қон туфлашнинг давоси.
“Вов” боби, Шишларнинг тадбири.
“Ҳе”(ҳавваз) боби. Бўкишнинг давоси.
“Лом – алиф” боби. Озғинликнинг давоси.
“Е” боби. Сариқ касалининг давоси.
Қўлимиздаги ягона қўлёзмада фақат “хе” ҳарфигача мавжудлигини ҳисобга олсак, асарнннг катта қисми йўқолганини сезиш қийин эмас. Бундан ташқари, табобат тарихида фақат дори-дармонларга бағишланган асарларда дорилар номи алифбо тартибида берилади, бироқ касаллик номи алифбо тартибида келтирилиши хам Абулғозихон томонидаи биринчи марта қўлланилганини ҳам айтиб ўтиш керак.248
Асарнинг 15а-варағида икки олимнинг номини учратамиз. Улардан бири Оқсароий бўлса, иккинчиси Юсуфийдир. Асарнинг бошқа катта қисми йўқ бўлгани учун Абулғозихон уни ёзишда яна қайси олимларнннг асарларидан фойдалангани ҳақида бирор нарса дейиш қийин.
Шундай қилиб айтиш мумкинки, Абулғозий муаррихлик фаолиятида ислом ва эрон историографик услуб ва қарашларидан ташқари турк-монгол анъаналаридан ҳам кенг фойдаланган. Абулғозий бу асари билан нафақат туркий бўлган ўз сулоласи, балки барча туркий қавм ва элатларнинг жамият ва давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий иерархиясида генеалогик легитимлаш масаласини ҳал этмоқчи бўлган. Чингизийларнинг бир муҳим шохаси бўлган Хоразм шайбонийлари ўз ҳокимиятларини қонунийлаштиришлари учун шундай асрларга ҳам эҳтиёж сезганлар. Мазкур тарихий асарларда ўша даврнинг ижтимоий буюртма сифатида долзарблик касб этган ғоялар, ривоят ва хабарлар ёзма тарзда абадийлаштирилди, халқ оғзаки анъанаси ёзма тарзда асослантирилди. Абулғозийнинг тиб илмига қизиқиши бир ҳаваскорлик аҳамият касб этган. Унинг “Манофеъ ул-инсон” асари соф комплятив асар. У ўз умрининг ўн йиллик гаровда ўтган даврида қўлига тушган тиббий асарларни ўқиган ва улардан фойдаланган бўлиши мумкин. Бироқ, Абулғозий мазкур асарида янги тасниф ва тавсифлардан ҳам фойдаланган. Бу эса унинг қобилияти ва унинг истеъдодидан дарак беради. Тиббий асарларга Аулғозийхоннинг кўп аҳамият бериши, бир томондан унинг ўз тажрибасида улардан фойдаланишини исбот этади. Табиийки, унинг соғлиги бундай дарбадарлик ва ғарибликда анча ёмонлашган бўлиши мумкин. Абулғозий кўчманчи туркманлар ва ҳатто Хоразмга қайтиб ҳам ўзи ва яқинларининг соғлигини тузатиш учун тез ва тўғри тиббий ёрдам ололмаслигини билган ва шундай муаммоларга дуч келгани ҳам тахмин қилинади.
Иккинчи боб бўйича хулосалар:

  • Абулғозий Баҳодирхондан иккита тарихий асар ва битта тиббиёт ва фармокологияга оид жами учта илмий асар мерос қолган;

  • Хон ва тарихнавис олим Абулғозийхоннинг меросига қизиқиш XVIII асрдан бошланди. Бугунги кунга қадар унинг асарлари турли тилларда: немис, француз, инглиз, лотин, рус, турк, форс, қозоқ ва туркман тилига бир неча марта таржима қилиниб нашр этилган;

  • Абулғозий илмий меросини ўрганиш ва таҳлили шуни кўрсатадики, бугунги кунда Абулғозий асарлари тарихий манба сифатида чуқур ўрганилмаган, унинг илмий-танқидий матни йўқ, ўзбек тилидаги нашрида изоҳ ва кўрсаткичлар берилмаган. Бу ҳолат эса келажакда мазкур асарларнинг нашри, изоҳ ва кўрсаткичларини тузиш бўйича иш олиб боришни тақозо қилади.

  • Абулғозий Баҳодирхон замонасининг билимдон кишиларидан бири сифатида мўғил, форс ва туркий тилни яхши билган ва ҳаёти давомида шу тиллардаги кўпгина тарихий асарлар билан яқиндан танишиб чиққан ва уларда учрайдиган маълумотлардан ўзининг тарихий асарларини яратишда унумли фойдаланган;

  • Ўз сулоласи ва барча туркий қавм ва элатларнинг жамият ва давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий иерархиясида генеалогик легитимлаш масаласини ҳал этиш уни тарихий асар яратишга ундаган сабаблардан бири дейиш мумкин.

III БОБ. АБУЛҒОЗИ БАҲОДИРХОН АСАРЛАРИДА МИНТАҚAДА КЕЧГАН ТАРИХИЙ, ЭТНИК ЖАРАЁНЛАР ВА ХЎЖАЛИК ҲАЁТИНИНГ АКС ЭТТИРИЛИШИ




Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет