Абулғози баҳодурхоннинг илмий мероси ва унинг тарихий аҳамияти


I.2. Абулғозихоннинг ҳаёти ва сиёсий фаолияти (Хива хонлиги XVII асрнинг иккинчи ярмигача бўлган даврда)



бет8/13
Дата18.06.2022
өлшемі234.43 Kb.
#459301
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
1-3 Боб

I.2. Абулғозихоннинг ҳаёти ва сиёсий фаолияти (Хива хонлиги XVII асрнинг иккинчи ярмигача бўлган даврда)

Абулғози Баҳодирхон ибн Арабмуҳаммадхон ҳам олим, тарихнавис, адиб, табиб, шоир ва давлат арбоби сифатида жаҳон илм-фани, айниқса ўзбек халқи маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган шахслардан биридир. Абулғози Баҳодирхон Хоразм ҳукмдори Араб Мухаммадхоннинг тўртинчи ўғли бўлиб, ўзининг “Шажарайи турк” асарида таржимаи ҳолига оид атрофлича маълумотларни келтирган91.


Абулғозихон ҳақидаги Мунис ва Огаҳий томонидан берилган баъзи биографик маълумотлар чамаси “Шажарайи турк”дан олинган92.
Абулғозихоннинг таржимаи ҳоли бўйича турли даврларда, турли жойларда ва жаҳоннинг турли тилларида нашр қилинган энциклопедияларда туркум мақолалар берилган93.
А. Абражеев94, А.Якубовскийнинг мақоласини,95 ҳамда Б.Аҳмедов,96 Ҳ. Худойназаров,97 ва Қ. Мунировларнинг98 монографияларида берилган маълумотлар биографик маълумотларни тўлдиради.
Шунингдек, Абулғозихон ҳақидаги биографик маълумотлар К.Юсупов, М.Турдибеков, Н.Мамадалиева, Н.Аллаева, М.Абдуллаева, Ш.Воҳидов ва М.Эшмуродовларнинг диссертациялари ва илмий мақолаларида берилган99.
Муаллиф таваллуд санасини қуйидагича баён этади: “Урганч вилоятида тарих ҳижрий минг тақи ўн тўртда (1603 йил 23 август) асад буржи ва рабиъ ал-аввал ойининг ўн бешида душанба кун офтоб бирлан баробар тулуъ қилибмиз”100. Абулғозихоннинг ёшликдаги исми Абдулмуҳаммад бўлиб,101 бу исм унга отасининг у туғилишидан 40 кун олдин Урганчга ҳужум қилган Ёйиқ (Урал) казаклари устидан эришилган ғалабаси шарафига қўйилган. У хонлик тахтини эгаллагач Абулғозихон номини олган102. Унинг она томонидан қариндошларининг исми сўнгида “ғозий”(дин йўлида курашувчилар) титули қўшиб айтилган. Бу ҳолат Арабшоҳлар сулоласи ҳокимиятининг легитимлиги103 ва сакрализациясини104 таъминлаган. Абулғозихон отаси ва онаси тарафидан ҳам Чингизхоннинг тўнғич ўғли Жўжи авлодидан бўлган Ёдгорхон наслига бориб тақалади105.
Абулғозихон “Шажарайи турк” асарида ўзи ҳақида шундай деб ёзган: “Бу фақирға, – худойи таоло иноят қилиб кўп нимарса берган турур. Хусусан уч ҳунар берган турур: Аввал сипоҳийгарликнинг қонуни ва йўсуниким нечук отланмоқ ва юрумак ва ёвға ёсоқ ясамоқ, кўп бирлан юруганда нечук қилмоқ дўстға, душманға нечук сўзлашоқ. Иккинчи маснавийёт ва қасоид ва ғазалиёт ва муқаттаъот ва рубоиёт ва барча ашъорни фаҳмламаклик, арабий ва форсий ва туркий луғатларнинг маъносини билмаклик. Учинчи, одам ақдиндин, то бу дамғача Арабистонда, Эрон ва Туронда ва Мўғулистонда ўтган подшоҳларнинг отлари ва уларнинг ва салтанатларининг кам ёки зиёдин билмаклик”106... Абулғозихоннинг отаси Араб Муҳаммадхон, онаси Меҳрибону хоним бўлиб, Жонғози султоннинг қизи бўлган. У 6 ёшига кирганда онаси вафот этади. Абулғозихон 16 ёшигача Урганчда отаси қўлида тарбияланган. Кейинчалик уни уйлантириб қўйишади ва унга Урганч ерларининг ярмини бошқаришни топширишади. Шаҳарнинг қолган ярми эса акаси Ҳабашга берилган107.
Араб Муҳаммадхоннинг ўзи эса Хивага кўчади, чунки бу пайтга келиб Амударё ўз ўзанини ўзгартириб, Урганчдан чекинган ва ўзининг илгариги аҳамиятини йўқотган эди.
Хива хонлиги XVII аср бошларида хонлик аҳолисининг кенг табақаларини қамраган ўзаро ота-бола ва ака-укалар ўртасидаги шафқатсиз тахт учун курашлар домида қолган эди. Ўзбек ва туркманларнинг турли этник гуруҳлари ва уларнинг сардорларининг ўз тарофдорлари билан ўзаро урушларда иштирок этиб, тахтга ўз номзодларини ўтқазишга интилишлари ва шу йўл билан кўпроқ имтиёз ҳамда имкониятларни қўлга киритишга уринишлари бу курашларнинг кўламини кенгайтириши билан бир қаторда кескин тус олишига сабаб бўлган. Натижада, мамлакатда хўжалик ҳаёти издан чиқиб, ички ва ташқи савдо-сотиқ хажмлари қисқариб кетди ва ишлаб чиқаривчи кучларнинг тараққиёти тўхтаб қолди. Ички урушлар Абулғози Хива тахтига ўтиргунга қадар (1645 йил) давом этди. Абулғозининг катта акалари ва унинг ўзи ҳам бу курашда бевосита иштирок этдилар.
Шу ўринда, тожу-тахт учун бошланиб кетган ўзаро урушларга нима сабаб бўлган эди? деган ўринли савол туғилади. “Шажарайи турк”да келтирилган баъзи маълумотлар масалага ойдинлик киритиш имконини беради. Биринчидан, Араб Муҳаммадхоннинг хотинлари кўп бўлиб, (бу хусусият деярли барча қадимги ва ўрта аср ҳукмдорларига хос бўлиб, кейинчалик уларнинг кўпчилиги бундан азият чеккан. Бу омил турли даврларда, турли давлатларнинг инқирозига ўз таъсирини ўтказган) ва тахт талашаётган хонзодаларни турли хотинлари дунёга келтирган эди. “Шажарайи турк”да бу ҳақида қуйидаги маълумотларни ўқиш мумкин: “Араб Муҳаммадхоннинг еттита ўғли бор эрди: Аввали Асфандиёрхон, иккинчи Ҳабаш султон учунчи Элбарс султон, тўртунчи Абулғозихон, бешинчи Шариф Муҳаммад султон, олтинчи Хоразмшоҳ султон, еттиланчи Авған султон. Асфандиёрхонинг онаси жамоатимиздан эрди. Ҳабаш султон бирлан Элбарс султонинг онаси найман қизи, иккиси бир онадан эди... Шариф Муҳаммад султон бирлан Муҳаммад султон иккисининг онаси бир Хожа Мавдуд Чиштий авлодидин эрди... Авған султоннинг онаси Абулхайрхон авлодиндин эрди”.108
Иккинчидан, мавжуд маълумотларнинг тасдиқлашича, хонзодаларнинг тожу-тахт учун курашга киришларида ички омиллар кучли таъсир кўрсатган. Мисол учун, “Хивақда давлат шаробина маст бўлған ўзбекнинг йигитлари Ҳабаш султон бирлан Элбарсни отлантуриши...109” , яъни, исёнга чақириши ўзаро урушларнинг бошланишига олиб келди.
Учинчидан, ўзаро урушларнинг дастлабки босқичларида бўлиб ўтган хунрезликлар тожу-тахт олиб борилаётган курашнинг узоқ давом этиши, шиддатли ва шафқатсиз тус олишига сабаб бўлди. Бу борада XVII асрнинг 40 йилларигача бўлган ўзаро урушлар натижасида, ўнлаб шахзодаларнинг ўлдирилгани, бир неча ўн минглаб аҳолининг қирилиб кетганлиги ва қанчадан-қанча одамларнинг дарбадарликда умр кечиришга мажбур бўлганлигини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя. Мисол тариқасида, урушда енгилган Араб Муҳаммадхоннинг ўғли Элбарс султон томонидан қўлга туширилиб дастлаб кўзига мил тортилиши, Элбарс султон укаси Хоразмшоҳ султон, отаси ва Асфандиёр султоннинг икки гўдак фарзандларини қатл эттиришини110 кўрсатиш мумкин.
Тўртинчидан, бу урушларнинг келиб чиқиши ва кескин тус олишида кундалик ҳаётда ҳар доим учраб турадиган сиёсий, иқтисодий, ижтимой, маиший ва бошқа “сабаблар” ёки баҳоналарнинг ҳам мавжудлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.
Хива хонлигида тахминан 1616 йилда Араб Муҳаммадхоннинг ўғиллари Исфандиёр ва Абулғози ҳамда Ҳабаш ва Элбарслар ўзаро очиқ курашга киришишди111. Бир томондан Исфандиёр султон ва Абулғози султон, иккинчи томондан Ҳабаш султон ҳамда Элбарс султонларнинг оталари Араб Муҳаммадхон билан ёвлашувига сабаблардан бири шуки, улар оталари истагига қарши равишда қўшни мамлакатларга, шу жумладан, Эрон ва Бухорога талончилик босқинларини амалга оширишади112.
Араб Муҳаммадхон эса имкон қадар қўшни давлатлар билан тинч муносабатларни сақлаб туришга ҳаракат қилаётган эди. Иккита кучли ўзбек уруғлари найманлар ва уйғурларнинг раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланган ва турли йўллар билан аҳолининг каттагина қисмини ўзларига оғдириб олишга муваффақ бўлган Ҳабаш ва Элбарс султонлар отаси ва акалари билан очиқ жангга киришади113.
Бир гуруҳ ҳокимиятпараст ўзбеклар томонидан гижгижланиб, “ҳокимиятпарастлик шароби билан сармаст қилинган” Ҳабаш ва Элбарс султонлар биринчи марта Араб Муҳаммадга қарши исён қилишганда уларнинг биринчиси ўн олти, иккинчиси эса ўн тўрт ёшда бўлган. Бу воқеа 1616 йил Араб Муҳаммадхон Урганчга жўнаб кетган пайтда Хивада содир бўлган.
Исёнкор ўғиллари қўл остида гўёки катта куч йиғилганидан чўчиган Араб Муҳаммадхон Вазир шаҳрини уларнинг ихтиёрига беришга мажбур бўлади. Шундан сўнг Ҳабаш ва Элбарс беш йилгача оталарининг истагига қарши юрмайдилар. Олтинчи йилга ўтиб Элбарс Обивардга хужум қилиш баҳонаси билан Вазирдан чиқади ва Соғча қудуғи атрофида қўшин тўплаб, Араб Муҳаммадхон йўқлигида Хивага бостириб киради114. Араб Муҳаммадхон эса бу пайтда Рештобон Ота зиёраргоҳида бўлган115. Элбарс отаси томонидан ўттиз йил давомида йиғилган давлат ғазнасини қўлга киритиб, Араб Муҳаммадхонга хизмат қилган бекларнинг мол-мулклини талон-тарож қилгач, ўз қароргоҳига қайтади.
Элбарс қилган ишдан хабар топган Ҳазораспдаги Асфандиёр султон, Урганчда бўлган Ҳабаш, Абулғози ва Шариф Муҳаммадлар отасига ёрдамга боришга қарор қилишади. Бироқ Элбарс ўзи тушиб қолган оғир вазият сабаб ножўя иш қилиб қўйиши, яъни отасини ўлдириб қўйиши мумкин деган гумонга бориб оқсоқоллар уларни бу фикрдан қайтаришади. Аммо вазият ўзгариб, Элбарс Хивадан кетади ва хоннинг ҳаёти хатардан холи бўлади116. Исфандиёр ва Араб Муҳаммадхон ўз қўшинлари билан юқорида номлари келтирилган бошқа шахзодаларга қўшилишади ва Элбарсга қарши жангга отланишади. Элбарс эса жанг қилишга қурби келмай қочиб қолади117.
Абулғози Элбарс ва Ҳабашдан қутулиш учун отасига маслаҳат солиб: “Ҳабаш султон ва Элбарс султонни ўлдиришга буйруқ беринг...118” дейди. Бироқ Араб Муҳаммадхон Абулғозининг маслаҳатига қулоқ тутмайди. Абулғозининг бу маслаҳатидан тасодифан хабар топган Исфандиёр султоннинг навкарларидан бири бу гапни Ҳабашга етказади.
Араб Муҳаммадхон Хивага қайтади, Исфандиёр султон эса Ҳазораспга жўнайди. Ҳабаш Элбарсга отаси ва катта акасининг йўлга чиққанини хабар бериб, уни Вазирга имкон қадар тезроқ қайтишга чақиради. Абулғози ўз сири фош бўлгани билгач, ўз душманлари орасида қололмайди ва унга Қиёт вилоятини инъом қилган отасининг ҳузурига кетади.
Араб Муҳаммадхон беш ойдан кейин Абулғозининг маслаҳатига қулоқ солмаганига пушаймон бўлиб, Исфандиёр ва Абулғозига ўз қўшинлари билан унинг ҳузурига етиб келишни буюради. Урганчда онаси билан яшаб турган Шариф Муҳаммадсултон бу воқеадан бироз аввал Хивага отаси билан учрашишга келади ва Араб Муҳаммадхон уни ўзи билан олиб қолади.
Бир томондан Араб Муҳаммадхон, Исфандиёр ва Абулғози, иккинчи томондан Элбарс ва Ҳабаш Тошли-Ёрмиш қудуғининг яқинида жанг қилишади119. Биринчи томон мағлубиятга учраб, Араб Муҳаммадхон Элбарс ва Ҳабашга аср тушади. Улар уни уриб кўзини чиқаришни120 ва назорат остида Хивага жўнатишни буюришади. Абулғози Қиётга қочиб, у ердан Бухорога ўтиб кетади.
Исфандиёр султон, Шариф Муҳаммад султон ва Хоразмшоҳ султонлар Ҳазораспдаги қалъа ичига қочиб киришади. қирқ кунлик қамалдан сўнг Ҳабаш султон билан сулҳ тузилади. У Исфандиёр султонга Маккага ҳаж сафарига кетишига рухсат бериб, Шариф Муҳаммадга Қиётни беради. Ўн икки ёшли Хоразмшоҳ ва ўн ёшли Авғон эса Хивага, отасининг ёнига жўнатилади. Шариф Муҳаммад тўрт ой ўтиб Бухорога Абулғозининг олдига қочади. Исфандиёр султон эса Маккага кетиш ўрнига Эронга, шоҳ Аббос I (1587-1628) ҳузурига йўл олади. Бу барча воқеалар ҳижрий 1030 (милодий 1621 йил) товуқ йилида содир бўлган.
Ҳабаш султон Урганч ва Вазирни, Элбарс султон Хива Хозораспни бошқара бошлайди. Араб Муҳаммадхон уч хотини ва икки кичик ўғиллари билан Қум121 қалъасида (қўрғонида) ҳибсда сақланади.
Бир йилдан кейин Элбарс султон акаси, айни пайтда иттифоқдоши бўлган Ҳабаш султонга билдирмай отаси ва у билан бўлган икки кичик укасини Хивага, Исфандиёр султоннинг иккита ёш ўғли яшаб турган жойга кўчириб ўтказади. Элбарс отасини, укаси Хоразмшоҳ султонни ва Исфандиёрнинг икки ўғлини ўлдиришга буюради. Вояга етмаган укаси Авғон султонни эса акаси Элбарс султон ўлдиришга амр этиши122 учун унинг олдига жўнатади. Ҳабаш султон уни ҳеч нарсада айби йўғ деб топиб, ўзи ёнида қолишини ҳам истамай уни москвалик элчи И. Д. Хохлов билан Россияга жўнатишга қарор қилади. 1622 йилнинг 12 декабрида Авғон султон Москвага етиб келади ва Москва шоҳи Михаил Федорович123 саройига қабул қилинади. Авғон султон Россияда 26 йил яшайди124 ва 1648 йил вафот этади. У Касимов125 шаҳрига дафн этилган.
Шоҳ Аббос I дўстона муносабатдаги қўшнига эга бўлишни истаб, қонунан Исфандиёр султонга тегишли бўлган жойни исёнкор укаларидан куч билан тортиб олиш лозим, деган фикрни унга уқтиради. 1622 йил кузида Исфандиёр султон ўзига Шоҳ Аббос I йиғиб берган 300 аскардан иборат қўшин билан Дурунга келади. Кейинчалик, унга така ва сариқ қабилаларидан 70 киши, ёвмут қабиласидан 10 киши келиб қўшилган126 Балхан тоғларига йўл олади. Ана шу қўшин билан Исфандиёр султон Тук қалъаси127 қаршисида, “Амударёсининг жанубий томонида” яшаётган Ҳабаш султон устига бостириб боради. Исфандиёр Ҳабаш султоннинг қароргоҳига тунда хужум қилиб, у ерни талон-тарож қилади, бироқ Ҳабаш султоннинг ўзини қўлга тушира олмайди. Бу пайтда у сафарда бўлади. Ҳабаш султон тўнғич акасининг хужумидан хабар топиб, Элбарс султоннинг олдига боради ва улар биргаликда Исфандиёр султонга қарши жангга чиқишади. Укаларининг бирлашган қўшинлари билан бўлган биринчи жангда Исфандиёр султон енгилади ва Манғишлоққа чекинади. Шу ерда у туркманлардан 3000 (уч минг) кишили қўшин йиғиб яна Урганчга отланади. Ҳабаш ва Элбарс султонлардан норози бўлган кўплаб ўзбеклар Исфандиёр томонига ўтиб кетишади. Бу сафарги жангда Ҳабаш ва Элбарс султонлар қўшини тор-мор этилади. Элбарс аср олиниб, қатл этилади. Ҳабаш султон эса Сирдарё соқилида яшовчи қорақалпоқлар томонга қочиб кетади, бироқ у ерни ҳам ўзи учун бехатар деб билмай Эмба дарёси бўйларида яшовчи манғитлар томонга ўтиб кетади. Манғитлар эса уни тутиб Исфандиёр султонга юборишади. Исфандиёр бу исёнкор укасини ҳам қатл этишга буюради. Ҳабаш ва Элбарс султонлардан кейин бошқа фарзандлар қолмайди.
Бухоро хони Имомқулихон ҳузуридан паноҳ топган Абулғози ва унинг укаси Шариф Муҳаммад Исфандиёр исёнкор укалари устидан ғалаба қозонганини эшитишиб, тезда Урганчга етиб келишади. Исфандиёр султонни Хоразм хони деб эълон қилишади. Бу ҳижрий 1033 (милодий 1623) йил, тўнғиз йилида содир бўлади128. Исфандиёрнинг ўзи Хива, Ҳазорасп ва Қиётни бошқаради. Абулғозига Урганчни, Шариф Муҳаммадга эса Вазирни идора қилиш учун беради. Исфандиёрхон ўз ҳукмронлигининг илк кунлариданоқ аввалдан унга душман бўлган ўзбекларнинг икки катта уруғи – уйғурлар ва найманларга нисбатан дадиллик билан сиёсат юритди129. Абулғози ва Шариф Муҳаммад бу ҳаракатларда ўзлари учун яққол хавф сезишди ва акаларининг туркманларга муносабатини ўзбекларга қарама-қарши қўйишга ҳаракат қилишди.Ўз вақтида Ҳабаш ва Элбарс айнан шу уруғларга таяниб, оталарига қарши бош кўтаришганди. Исфандиёр Қум қалъаси (қўрғони) яқинида Ҳабаш устидан ғалаба қозонганда ҳам шу ўзбек уруғлари унга қарши қўзғолон қилишган эди. Исфандиёр ўзининг барча ҳаракатларида туркманларга таянди. 1621 йил Ҳабаш ва Элбарсдан қочиб, туркманларда бошпана топди130. Эрондан қайтганда ҳам унинг аскарларига туркманлар келиб қўшилишганди; Элбарс ва Ҳабаш билан бўлган муваффақиятсиз жангдан кейин у Манғишлоққа чекиниб, у ердан Муҳаммад Хусайнбек етакчилик қилган уч минглик қўшин билан қайтади. Хоразмни эгаллаб, хон бўлгач ҳам Исфандиёр туркманлардан воз кечмади. Сичқон йилида (1624 й.) Исфандиёрхоннинг олдига ташриф буюрган укалари Абулғози ва Шариф Муҳаммадлар ўзбекларга қарши янги фитна исботига гувоҳ бўлишди. Абулғозининг фикрича, 1624-1625 йиллар қишида Урганч ва Хива ўртасида бўлиб ўтган жанг ўзбеклар ва туркманлар орасидаги жанг бўлган131. Укалари томонидан Исфандиёрхонга зарба бериш учун қилинган барча уринишлар бекор кетди, буни қисман Манғишлоқ ва Балхан туркманлари доимий тарзда унга ёрдам кучлари жўнатиб турганлари билан изоҳлаш мумкин. Исфандиёрхон томонидан мағлуб этилган ўзбекларга қўшилиш учун Бухородан чиқиб Амударё дельтасига тўхтаган Абулғози ўзбеклар мағлубияти билан ўзининг сўнгги таянчини ҳам йўқотади ва Ишимхон томонидан қабул қилинган қозоқлар томонга қочиб боради. Кейин у Тошкент хони Турсунхон ҳузурида икки йил яшайди.
Ундан сўнг эса Бухорага, Шариф Муҳаммадга ҳам бошпана берган Имомқулихоннинг хузурига боради. Орадан бир мунча вақт ўтиб, кўринишидан ўрталарида мустаҳкам бирлик бўлмаган. Хива туркманлари Абулғозига одам юборишиб, унга: “Майли, бегона юртда юрмасдан Абулғози султон [олдимизга] кела қолсин132” деган сўзларни етказишни тайинлашади. Марҳум Турсунхон билан дўстона муносабатда бўлгани сабаб Имомқулихон Абулғозини унчалик ҳам ҳурсанд бўлиб кутиб олмаган эди, шу сабаб Абулғози Хива туркманларининг таклифини қабул қилишга мажбур бўлади.Абулғози Хивага етиб келишидан олдин Исфандиёрхон туркманларнинг бир қисми билан келишмовчилик сабаб Ҳазораспга кўчиб ўтади. Абулғозининг Хивага бор-йўғи беш-олтита ҳамроҳ билан келиши133 ўша пайтда унинг бир мунча ночор аҳволда бўлганидан далолат беради. Икки ой ўтиб, Шариф Муҳаммад Ҳазораспга кўчиб келиб, Исфандиёрхонга қўшилади. Энди улар Абулғозига қарши ака-ука бир бўлиб кураша бошлашади. Абулғози Хива туркманлари кучига таяниб ўтказган шиддатли жангдан сўнг, Исфандиёрхон Абулғозини Хива ҳокими сифатида тан олишга мажбур бўлди, ўзаро муросага келинди134.
“Хуросон ғалаёни”135 деб номланган воқеа натижасида Исфандиёрхоннинг Эрон билан муносабатлари кескин ёмонлашди. Исфандиёрхон ушбу ғалаён – Нисо ва Дурунга ҳужум қилиш ва босиб олишдаги барча айбни Абулғозига ағдариб, хоинлик ва фитна билан уни гаров тариқасида Эрон шоҳига юборади. Абулғози Хамадон шаҳрида 1039 ҳижрий йилнинг жумодул-охир ойида (1630 йил январь-февраль) ўзини Эрон шоҳига топширади. У Исфаҳондаги Таборак қалъасига136 жойлаштирилади ва ўша ерда ўн йил умрини ўтказади. Абулғозининг ўз сўзларига кўра137 у Эрондан ўн биринчи йилда (ой йили ҳисоби билан 1049 ҳижрий йилда, милодий 1639 йил 6 январдан 26 декабргача давом этган) қочишга муваффақ бўлади. Шундай экан, қочиш чамаси 1639 йилда содир бўлади, Урганчдаги “ўз халқи”га эса у бир қишни Мехин яқинида ўтказиб, 1641 йилдагина етиб келади. Бу илон йилига тўғри келади, В.В. Бартольдга кўра138 (Очерк, 57- бет) у ўша қишни Мейхенда, эрсари қабилалари орасида, кейинги икки йилни Балханда такаёвмудлар орасида ва яна бир йил Қалмиқ шоҳи – чамаси Хо-Орлоқ ҳузурида ўтказади139. Ушбу ҳисоб-китоблардан келиб чиқадики, у Хивага 1642 йил етиб келган кўринади. “Мен ўз юртимизга 1052 ҳижрий йил, илон йилида етиб келдим”;140 бироқ Н. И. Веселовскийнинг таъкидлашича, “Илон йили 1050 ва 1051 йилларда келган”141. Унинг ўз юртига 1051 ҳижрий (милодий 1641) йилда етиб келганининг бошқа бир далили “[Юртга қайтгач] олти ой ўтиб, от йилининг бошида Исфандиёрхон вафот этди”142 - деган ўз кўрсатмасидир. Ўша циклда от йили 1641 йилнинг декабрида бошланган143.
“Шажараи тарокима”да етиб келиши ҳақида шундай дейилади: “Кўпгина қийинчиликларни бошдан кечириб ва ўттиз тўққиз ёшга кириб, бир минг эллик биринчи йил илон йилида, Хоразм мамлакатида отамиз тахтига ўтирдик... 144”. Мунис ва Огаҳий берган маълумотга кўра, Абулғози ўз юртига 1052 ҳижрий йилда қайтган145. Абулғозининг ўз юртига қайтиб келган санаси (1641 йил ўртаси) катта акасининг вафоти санаси билан тасдиқланади. Исфахондан чиқиш санаси катта эҳтимоллик билан 1639 йилнинг ўртаси дея белгиланиши мумкин. Шундан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, Абулғози Балханда -такаёвмудлар ичида ва Манғишлоқда – қалмиқлар юртида уч астрономик йил эмас, балки икки йил (икки йилни икки ёзга тенг деб ҳисоблаб) ўтказган ва 1641 йил ўртасида ўз юртига етиб келган.
Н. Н. Пальмовнинг тахминига кўра146, “Абулғози қалмиқлар ичида ўтказган йил 1640 йил декабридан 1641 йил декабригача бўлган муддат билан белгиланади”. Бу ҳолатда унинг “ўз юрти”га етиб келиш санаси яна 1642 йилга тўғри келиб, бу Абулғозининг ўз кўрсатмасига зид келиб қолмоқда. Албатта, Абулғози тўғридан-тўғри ташлаб кетилган ва зифлашиб қолган Урганчга эмас, балки ҳали 1627 йилдаёқ Оролда, аниқроғи Амударё дельтасида йиғилган, ўзи ҳар доим яхши муносабатда бўлган ва Исфандиёрхоннинг ҳукмронлигини тан олмаган 3000 чодирли ўзбекларга қайтади147. Мунис ва Огаҳий: “...орол ўзбеклари қалмоқ хонига катта миқдордаги совғалар олиб бориб, Абулғозини ўзлари билан олиб кетишган”148, дея очиқ-ойдин айтишган. Шундан кейин Абулғози туркман зодагонлари ва Исфандиёр билан очиқ курашга киришади
.Исфандиёрхон вафотидан бир йил ўтиб, 1053 ҳижрий йилда 149(милодий 1643 йил) орол ўзбеклари Абулғозини хон деб эълон қилишади, Хива хонлигини эса ўз вақтида Исфандиёрхон томонидан қўллаб-қувватланган туркман зодагонларининг қаршиликлари сабаб икки йилдан кейингина, яъни 1645 йилда қўлга киритади150. Шундан икки йил аввал, йўлбарс йили охирида Шариф Муҳаммад султон вафот этади.Исфандиёрхондан кейин унинг икки ўғли қолади: Януш султон ва Ашраф султон. 1642 йил Бухоро хони Имомқулихон вафот этади; унинг ўрнини укаси Нодир Муҳаммадхон эгаллайди (1642-1645)151. Абулғози туркманлардан ўлган акаси Исфандиёрхоннинг ўғилларини унга беришларини ва уларнинг ўзига бўйсунишларини, аниқроғи, ўзини акасининг вориси деб тан олишларини талаб қилади.
Бироқ , туркманлар Ашраф султонни ўзлари бўйсуниш учун афзал билган ва исмини хутбага қўшиб ўқиган Бухоро хони Нодир Муҳаммадга юборишиб, Абулғозига рад жавобини беришади. Абулғози Хивага икки қайта юриш қилади, бироқ муваффақият қозонолмайди. Шундан сўнг Нодир Муҳаммадхон Хива ва Ҳазораспга ўз ҳокимларини юборади152. Бу вилоятларни Бухоро хони ўз қўл остига олганлигининг белгиси ўлароқ, тўнғич ўғли Хусрав султоннинг ўғли Қосим султонни, яъни ўз набирасини юборади. Бироқ бу шунчаки расмиятчилик бўлиб, аслида туркманлар ҳокимият ва солиқ йиғишни ўз қўлларида сақлаб қолишган эди153.
Исфандиёрхоннинг ўғли, қизи ва хотинини Нодир Муҳаммадхоннинг буйруғи билан Қаршига олиб келишади ва ўша ерда қатл қилишади. Абулғози Хивага Қосим султон келганини билиб, (бу Абулғозининг Хивага иккинчи бор қилган ҳужумидан беш ой ўтиб содир бўлган). Хивага юриш қилади ва Хива остонасидага жангда унга қарши чиққан қўшинни тор-мор этади, бироқ Хивани ололмайди.Абулғози ана шу воқеагача “Шажараи турк”ни юритиб, касалланиб қолади ва кўп ўтмай вафот этади. Ануша Муҳаммадхоннинг буйруғи билан асар Урганч мулласининг ўғли Маҳмуд томонидан якунига етказилади. Хива остонасидаги жангдан ҳеч қанча вақт ўтмай Нодир Муҳаммадхон тахтдан ағдарилади; унинг катта ўғли Абдулазизхонни Бухоро хони қилиб “кўтаришади”. Хивада яшаётган Бухоро хонининг одамлари шаҳардан қочишади, Абулғози эса Оролдан чиқиб Хивани Эгаллайди. Бу воқеа товуқ йилининг бошида, 1055 (милодий 1645) йилда юз беради154.
Ана шу пайтдан бошлаб (1645 й.) Абулғози Хиванинг тўла ҳуқуқли хонига айланади. Абулғози учун энг муҳим ва ортга суриб бўлмас иш, тўғри маънодаги ҳаёт ва мамот масаласи бу - моҳиятан ўз қўлларида тўла ҳокимиятни тутган, вилоятлар ва улардан солиқ йиғишни бошқариб турган туркманлар масаласи эди. Абулғози туркманларни ўз тарафига оғдириш учун айёрлик ҳам, куч ҳам ишлатиб кўради. Биринчи навбатда унинг бошқарувидан қочиб кетган туркманлар қўрқмасдан қайтиб келишлари мумкинлигини билдириб: “Улар мени ташлаб кетганлари учун улардан қон билан қасос олмайман”,155 дея эълон қилади.
Бухоро хонининг кўмагидан ажраб қолган ва “Ҳазораспнинг у томонида”ги қумли чўлда кўчманчилик қилиб юрган туркманлар Абулғозининг “марҳаматли” таклифини қабул қилишга мажбур бўлишади ҳамда Абулғозига юборилган оқсоқоллар тилидан улар учун бошқа ҳукмдор йўқлигини ва ундан бошқа борадиган жойлари йўқлигини билдиришади. Абулғози ўз марҳамати белгиси сифатида оқсоқоллар бошчилигида барча туркманларни уларнинг шарафига Ҳазораспда уюштирилажак зиёфатга таклиф қилади. Зиёфат пайтида Абулғозининг буйруғига кўра ўзбеклар зиёфатдагиларга ҳужум қилишади ва икки минг туркманни битталаб қиличдан ўтказишади. Туркманларнинг уй-жой ва мол-мулклари талон-тарож қилиниб, оилалари асирга олинади; хон “ғалаба ва тантана билан Хивага қайтади”156.
Абулғози туркманларни ўзининг асосий душмани ҳисоблаб, уларга қарши бир қатор юришлар уюштиради. 1646 йил қишида унинг Хивага қилган ҳужумигача қочиб улгурган ва эндиликда Тажанда яшаб турган туркманларга қарши муваффақиятли юришни амалга оширади157. Тажан қирғинидан қочиб қутилган туркманларнинг Бомибурма деган жойга бориб жойлашганидан хабар топган Абулғози орадан икки йил ўтиб, аниқроғи 1648 йили яна туркманларга қарши юриш қилади158. Унинг бу юриши муваффақият билан якунланади. 1651 йилда яна туркманларнинг Атрек дарёси соҳилида яшовчи байрач қабиласига қарши юриш қилишга мажбур бўлади. Туркманларнинг бу этник гуруҳи, қалмоқларнинг Хивага юришида иштирок этишмаган бўлсада, уларнинг сардори Байрачхон (қабила номи ҳам унинг исми билан аталган) Абулғозига бўйсунмайди ва унга қарши бош кўтаради. Абулғозининг ушбу ҳужуми ҳам айнан мана шу билан изоҳланади159.
1653 йил туркманларнинг имрели (эймюр) қабиласига қарши муваффақиятли юриш қилинади ва улар Фудж қишлоғи яқинида яксон этилади. Ана шу юришдан қайтаётганда Динор қудуғи яқинида Абулғози сариқ туркманларни учратади ва улар ҳам талон-тарож этилади160. Шундан кейин ҳам Абулғози туркманларга қарши бир неча бор юришлар қилади; “агар уларни батафсил тасвирласак, – таъкидлайди Абулғозининг асарини якунига етказган муаллиф, – ҳикоямиз узун бўлиб кетарди, шунинг учун биз уни қисқартирдик”161.
Ташқи сиёсатда Бухоро хонлигига муносабат – Абулғозихоннинг диққат марказида бўлди. Бухоро ва Хива, хонлиги ўртасидаги келишмовчилик асосан Ўрта Осиёда, Жанубий Туркманистон ва Хуросонда ўз таъсирини кучайтириш масаласида келиб чиқаётган эди. Улар бир-бирларини кучсизлантириб, ҳарбий устунликни ўз қўлига олиш учун доимо ҳаракат қилиб келган.
Абулғозихон худди ана шу мақсадда ўз ҳукумронлиги даврида Бухоро хонлигига қарши 7 мартаба ҳарбий юриш уюштирган эди. Абулғозихон Бухоро хони Абдулазизхон билан унинг иниси Субхонқули ўртасида юз берган ўзаро курашдан фойдаланди. У катта қўшин билан Бухорога қарши юриш қилди, унинг Марказий ва Шимолий-Ғарбий вилоятларига бостириб кирди. Хива қўшинлари айниқса Бухоро атрофини, Қоракўл, Чоржўй, Варданзий, Кармана шаҳарлари ҳамда шу атрофдаги қишлоқларни шафқатсиз таладилар ва вайрон қилдилар. Улар ҳар гал Хивага беҳисоб ўлжалар ва асирлар билан қайтдилар162. Абулғозихоннинг Бухорога охирги юриши 1662 йилга тўғри келади. Абулғозихон Хива хонлигининг жанубий ва жануби-ғарбий чегараларини кенгайтириш билан, унга ташқаридан бўлаётган ҳужумларни бартараф этишда ҳам анча ишларни қилди. Ўша даврда қалмоқларнинг Хоразмга шимолдан уюштирилган иккита юриши тўхтатилди ва уларга зарба берилди. Қалмоқлар Хоразмнинг жанубий вилоятларигача ҳужум қилиб ҳатто Янги-Урганч, Кот, Ҳазорасп ва Дарғон-отагача бўлган жойларни талаб кетар эдилар163. Абулғозихоннинг кучли зарбасидан сўнг қалмоқлар ўзларини анча вақтгача ўнглай олмадилар. Шундан сўнг хонликнинг Шимолий-Ғарбий чегаралари мустаҳкамланди ва бу ерда қатор ҳарбий истеҳкомлар барпо этилди.
Абулғозихон Хива хонлари орасида ўта тадбиркорлиги, ташкилотчилиги ва билимдонлиги билан ажралиб туради. У ўз даврининг кенг билимли кишиларидан бўлиб, туркман, форс-тожик, араб ва мўғул тилларини яхши билган. Абулғозихон ва сўнгра унинг ўғли Анушахон хонликни марказлаштириш, бошқаришни такомиллаштириш ва мамлакат иқтисодини ривожлантириш ишларига алоҳида ҳисса қўшган ҳукмдорлардан ҳисобланадилар.
Абулғозихон ҳокимият тепасига келган биринчи кундан бошлаб асосий эътиборни давлатни мустаҳкамлаш масаласига қаратди. У туркман задогонларини давлат бошқаруви ишларидан четлаштирди. Уларнинг қўлларидаги молу-мулкларини, ер-сувларини тортиб олиб, ўзларини хонлик ичкарисидан қувғин қилди. Туркманлар Хуросонга, Жанубий Туркманистонга, Абулхон ва Мангишлоққа кўчиб кетишга мажбур бўлдилар164. Хонликнинг барча юқори лавозимлари ўзбек ҳукмдорлари қўлига топширилди. Хива тарихчиси Муниснинг кўрсатишича, Абулғозихон маъмурий ислоҳат ўтказиб, хонликнинг марказий бошқарув тизимини батамом янгидан ташкил этди. У ўзбек зодагонларидан 360 кишини165 хонликнинг турли лавозимларига тайинлади. Шулардан энг обрўли 32 кишига саройда ўз ёнидан ўрин берди166. Улар хоннинг яқин маслаҳатчилари бўлдилар. Шунингдек, саройда 32 та марказий бошқарув лавозимларини ташкил этиб, улар тубандагича тақсим этилади: 2 та шайхулислом, 1 та мутавалли, 1 та ноиб, 4 та оталик, 4 та иноқ, 4 та мироб, 4 та бий, 1 та парвоначи, 2 та ака, 2 та арбоб, 4 та чиғатой-иноқи, 1 та вазир (у меҳтар деб юритилган) ва яна 1 та қушбеги лавозимларидир167. Шу билан Абулғозихон ўзбекларни ва ерли аҳолининг нуфузли вакилларини давлат бошқарув ишларига жалб этиб, улар орасида маълум барқарорликни вужудга келтирди. Давлат ҳокимиятини мустаҳкамланиши Абулғозихонга ички ва ташқи сиёсатни кенг кўламда амалга ошириш имкониятини беради.
Юқоридагилар асосида, Абулғозихон ўзининг 60 йил умридан 20 йилини мухожирликда ва қолган 20 йилини салтанат тахтида ўтказган деб хулоса ясаш мумкин. Унинг фаолияти ўғли Анушахон томонидан давом эттирилди. Абулғозихон ҳали ўзи ҳаётлиги чоғидаёқ тахтни Анушахонга (1663-1687) мерос қолдирди ва олти ойдан сўнг оламдан кўз юмди. Анушахон отаси каби жасур ва тадбиркор подшолардан эди. Унинг ҳукмронлик даврида Хива хонлигининг мавқеи ва қудрати янада ошади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу бўлим бўйича қуйидаги хулосаларни ўртага ташлаш мумкин:
– Хоразм ҳудудидаги янги давлат тузилмаси темурийлар ва шайбонийларнинг Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилиш учун олиб борган курашлари натижасида пайдо бўлади. Бу ўзаро курашларга аралашиб қолган Эрон сафавийлари бир муддат Хоразмни ўз қўлостига олганлар.
– Хоразмда Эрон сафавийларига қарши бошланган кураш темурийларга ҳам қарши қаратилган бир ҳаракат эди. Буни хоразмликларнинг Хива тахтига чингизийлардан хонзодаларни тахтга даъват қилишларидан билиш мумкин. Натижада чингизийлар ҳокимияти анъанавий қоида ва тартибларни сақлаш усули билан тикланди.
– Хива хонлигида давлат уюшмасининг янги кўриниши бир вақтда Бухорода бошланган шайбонийларнинг юксалишига, марказий хон ҳокимиятининг кучайиши ва юксалиши, қабилалар иттифоқининг пайдо бўлиш даврига тўғри келади. Бу давлатларнинг ўртасидаги чегаралар ва манфаатлари ҳудуди аниқ бўлмагани боис, уларнинг ўртасида уруш ва босқинчилик ҳаракатлари ҳам бўлиб ўтган.
– Хоразмнинг Дўстхон ибн Бўчғахон хонлиги давригача бўлган тарихи бугунги кунга қадар ёритилмай келмоқда. 964/1556-57 йили Шайбонийлардан Дўстхон ибн Бўчғахон ибн Аминак Хива тахтига кўтарилди. Унинг хонлигигача бўлган давр Хивада ғалаёнлар, тахт талашлар, сукут ва таназзул даври эди. У оғаси Дўстхоннинг давлатига қаноат этмай, Урганчни талашни мақсад қилиб, унга юриш қилди. Бу вақт Урганчда Ҳожи Муҳаммад хон эди. У Эш Султоннинг Урганчга юриш қилганини билиб, унга қарши чиқади ва Қум қалъа ноҳиясида уруш бўлади. Саккиз кун муҳорабадан сўнг томонлар сулҳга келишади. Эш Султон Хевага, Ҳожи Муҳаммад эса Урганчга қайтдилар. Орадан бироз вақт ўтгач Эш Султон Хива, Ҳазорасп ва Кат отлиқларини йиғиб, яна Урганчга лашкар тортади.
– Сулолага асос солган Элбарс ибн Беркадир. Ундан кейин Султон Ҳожихон ибн Белбарис, кейин Ҳасанқули хон ибн Абилак, кейин Суфиён хон ибн Аминак ва ҳ. Элбарсхон ибн Берка ибн Ёдигор хон ибн Белбарис хон ибн Берке ибн Ёдигор хон ибн Темуршоҳ хонким, Араб хон ибн Фулод хон авлодидадир; Султон Ҳожи хон ибн Белбарис хон ибн Берке ибн Ёдигор хон; Ҳасанқули хон ибн Абилак хон ибн Ёдигор хон ибн Темуршоҳ хон; Аминак ибн Ёдигор хон ибн Темуршоҳхон. Аминакнинг ўғиллари: Аванеш хон, Қал хон, Сўфиён хон, Буджафа хон, Оғотой хон. [Аминак хон авлодлари]: Юнус хон ибн Суфиён хон ибн Аминак хон; Дўст Муҳаммад хон ибн Буджафа хон ибн Аминак хон; Араб хон ибн Ҳожи Муҳаммад хонким, у Ҳожим хон ибн Оғотой хон ибн Аминак хон номи билан машҳурдир.
– XVI асрнинг биринчи чорагида бошланган чингизий хонларининг ҳаракатлари фақат XVII асрнинг ўрталарида, яъни Аблғозий ва унинг ворислари даврида ижобий натижа бера бошлади. Абулғозий асос солган давлат туркий қабилаларнинг иттифоқи негизида шаклланди. Бунда етакчи қабилалар қаторида ўзбекларни ҳам тилга олиш мумкин.
– Хива хонларининг фаолиятида ўтроқ аҳоли ҳам маълум роль ўйнаган. Деҳқон аҳоли яшайдиган шаҳар ва қишлоқлар, воҳалар Хива хонларининг асосий ижтимоий ва иқтисодий таянчини ташкил қилганлар. Натижада Хоразмнинг бир қатор шаҳарларида маданий ва моддий ҳаёт, меъморчилик ривожланиб, Хива халқаро муносабатарда ҳам алоҳида ўрин эгалла бошлади.
– Абулғозий хон бўлиш билан бирга тарихчилик билан машғул бўлиб, турк ва туркманларнинг тарихини ёритишга киришди. У бу фаолияти билан етакчи қабила ва элатларнинг ижтимоий ва сиёсий иерархияда ўз ўрни ва жойларини кўрсатишни мақсад қилиб олган. Шунинг учун унинг тарихий асарлари Хоразм воҳасида бўлиб ўтган этно-маданий ва этно-сиёсий жараёнларни ўрганиш учун бирламчи манба бўлади.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет