Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси



бет2/6
Дата06.06.2016
өлшемі5.19 Mb.
#117510
1   2   3   4   5   6

(1-расм)

(2-расм)

Тармоқда илк электрон нашрнинг пайдо бўлиши бошқа ОАВ сайтларининг яратилишига замин яратди. 2008 йилда Қорақалпоқ ёшларининг ижтимоий-сиёсий газетаси “Қарақалпақстан жаслары”нинг www.qq.jaslari.uz сайти ишга тушди. Унда анъанавий газетада чоп этилган мақолалар ўрин эгаллади. Мазкур сайтнинг кўриниши “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг сайтига ўхшасада, ундан фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд эди. Ранг, логин, саҳифа ойналаридаги янгиликлар электрон ОАВнинг шаклланиш жараёнидаги анча ривожланишни кўрсатади. Буни эса аудиториянинг интернетдаги ОАВга нисбатан талабининг ортиши билан баҳолашимиз мумкин. Негаки, 2008 йилда Қорақалпоғистоннинг аксарият муассаса ва ташкилотлар фаолиятига интернет аралаша бошлади. Шунингдек, қўл телефонларидан тармоқдан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Бу ўз навбатида интернет ОАВ олдига катта вазифа ҳамда маъсулиятни юклади. Сўнгра 2011 йил болалар ва ўсмирлар газетаси “Jetkinshek”нинг www.jetkinshek.uz сайти ахборот майдонига кириб келди. У анъанавий газетанинг шаблони вазифасинигина бажарди. Сабаби, электрон нашрда фақат мақолаларгина жой эгаллади. Бошқа ОАВ сайтларидаги интерактивликни ўзида қамраб ололмади. “Еркин Қарақалпақстан”, “Қарақалпақстан жаслары” газетаси сайтларида эса қисман аудиторияни қизиқтирадиган ва интерактив журналистика кўринишлари мавжуд эди. Масалан, www.qq.jaslari.uz веб-саҳифасида “Пикир” бўлими бўлиб, унда фойдаланувчи мақолалар бўйича ўз қараши, таклифини қолдириш имкониятига эга бўлди. Бундай интерективликни ўзида жамлаган интернет ОАВ сирасига 2011 йилда онлайнда сайтини ташкил этган “Нукус ФМ” радиоканалини ҳам мисол қилишимиз мумкин. Унинг электрон манзили www.karstars.com. Ҳозирда ушбу сайт Қорақалпоғистонда аудиторияси қамрови жиҳатдан биринчи пағонадаги сайт саналади. Унда кунлик радиоканал эшиттиришлари жойланади. Шунингдек, сайтдан қўшиқ, видеоларни кўчириб олиш имконияти ҳам мавжуд. Бундан ташқари турли интерактив ўйин, викториналар фойдаланувчиларнинг сайтга қизиқишини орттирмоқда. Бу эса онлайнда радиоканалнинг замонавий интернет жураналистика талабларига жавоб бераётганлигини исботлайди.

Қорақалпоғистонда интернет журналистикасининг шаклланишини бир нечта босқичларга бўлиб ўрганишимиз мумкин. Улар қуйидагича таснифланади;


  1. давлат, ташкилот ва муассасаларнинг сайтларининг яратилиши;

  2. махсус реклама берувчи сайтларнинг пайдо бўлиши;

  3. анъанавий ОАВ учун интернет материалларидан фойдаланиш;

  4. анъанавий газеталарнинг электрон нашрлари фаолиятининг йўлга қўйилиши;

  5. журналистик блогларнинг иш бошлаши.

Қорақалпоғистон интернет журналистикасида анъанавий ОАВ сайтлар фаолияти уч босқични босиб ўтгандан кейингина юзага келган. Ундан олдин давлат, ташкилот ҳамда муассасаларнинг сайтлари пайдо бўлган. Махсус реклама берадиган веб-сайтлар фаолият кўрсаткан. Масалан, www.reklama.kr.uz cайти доимий рекламаларни тарқатган. Рекламалар воситасида истеъмолчиларга ахборот етказган. Сабаби, журналистикада реклама ҳам ахборот товари саналади. Бу эса аудиторияни интернет ёрдамида ўз истакларини амалга ошириш имкониятини кенгайттиради. Бундан ташқари www.Nukus.net сайтида ҳам рекламаларга кенг ўрин ажратилган. Мазкур сайт шаҳар ҳақидаги барча маълумотларни қамраб олган. Унда фақат рекламалар берилиб қолмасдан, аудиторияни жалб қилиш учун янгиликлар ҳам берилади. Негаки, ахборотлар фойлаланувчилар учун фойдали ҳамда самарали ҳисобланади.

Сўнгра анъанавий ОАВ ўз саҳифаларида интернетдан олинган мақолалар эълон қилишни бошлади. Масалан, “Еркин Қарақалпақстан” (Вести Каракалпакстана), “Қарақалпақстан жаслары”, “Устаз жолы”, “Jetkinshek” газеталарининг махсус “Веб алем” рукнида, “Қарақалпақстан” телеканалидаги “Ассалам Қарақалпақстан” кўрсатувидаги “Интернет хабарлари” рубрикасида тармоқдан олинган янгиликлар ўрин эгаллаган. “Еркин Қарақалпақстан” ва “Вести Каракалпакстана” газеталари “Дуня жаналықлары” рубрикасида доимий жаҳон янгиликларини ёритиб туради.

Илк яратилган электрон ОАВнинг аудиторияси кўп бўлмаган. Ундан асосан давлат, муассаса, ташкилотларда ишлайдиганлар фойдаланишган. Негаки, ўшанда интернетнинг Қорақалпоғистондаги қамрови кенг эмас эди. Тармоқ секин-аста ОАВ фаолиятига шу йўсинда аралаша бошлади. Бу аралашув электрон ОАВнинг пайдо бўлишига олиб келди. Энг дастлабки “Еркин Қарақалпақстан” газетаси сайтининг иш бошлашида ҳам шу омилларнинг таъсири кучли.

Анъанавий ОАВнинг сайтлари иш бошлагандан кейин тармоқда хусусий блоглар яратилди. Мазкур блоглар тармоқдаги мавжуд заҳираларга таяниб, мухбирлик пунктлари ташкил этишга қўшимча сарф харажатлар қилмасдан, аудиториянинг эҳтиёжларига тезкор жавоб беришнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ёки ўзини интернет маконида яхши кўрсатган амалиётни мослаштириб олиш имкониятини беради. Блог бир йўналишда ахборот манбаидан уни олувчига томон борадиган анъанавий ахборот бериш андозасининг ўзгариб бораётганлигига яққол мисол бўла олади. Ҳозирда блогларни қонун чиқарувчи, олим, жамоат арбоблари, сиёсатчилар кенг фойдаланишмоқда. Мазкур шакл у ёки бу масалада мунозара, муҳокама ўтказиш учун қўлай шарт-шароитларни яратади. Яратиш ва қўллаб- қувватлашнинг нисбатан осонлиги туфайли ҳам Қорақалпоғистонда тармоқдаги блоглар юзага келди. Масалан, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси мухбири Бухарбой Тилеўмуродовнинг www.kkreporter.uz, профессор Б. Абдикамалов, Людмила Борисова, Руслан Аллашов, Сағиндиқ Ембергеновнинг блогларини айтиб ўтишимиз мумкин. Айни пайтда бундай блогларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши Қорақалпоғистон шароитида оммавий журналистика шаклланаётганлигидан далолат беради.

Қорақалпоғистонда интернет журналистиканинг шаклланиши шундай жараёнларни босиб ўтган.


    1. . Қорақалпоғистон шароитида интернет журналистиканинг пайдо бўлиши ва шаклланиш тамойиллари

Бирон нарсанинг пайдо бўлиши, шаклланишида ўзига хос тамойиллар бўлади. Ушбу тамойиллар унинг ривожланиши, оммалашувига туртки бўлади. Қорақалпоғистонда интернет журналистиканинг пайдо бўлишининг ҳам тамойиллари мавжуд. Буни мамлакатимиздаги ахборот технологияларини ривожлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, 2002 йил 30-майда ПФ-3080 сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди10. Бу фармонни амалда бажариш бўйича ва ахборот коммуникация технологиялари соҳасида стратегик устиворликни амалга оширишга доир амалий чора-тадбирларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 6-июнда 200-сонли “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди11. Мазкур қарорда 2002-2010 йилларда компьютерлаштириш ва ахборот технологияларини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. ХТВдаги умумтаълим мактаблари компьютерлар билан таъминланди. Дарсликлар яратилди. Малака ошириш бўйича мутахассислар ҳар уч йилда ахборот технологиялари бўйича ўз малака ва тажрибалари ошириши белгиланди. Бу давлатимиздаги ахборот технологияларига бўлган эътиборни янада кучайтирди. Натижада, республикадаги барча муассаса ва ташкилот, ўқув юртлари тармоқдан фойдаланишни бошлади. Ушбу қарор натижасида Қорақалпоғистонда ҳам ахборот коммуникация воситаси компьютер, интернет хизматларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича жойларда бир нечта самарали ишлар амалга оширилди. Сўнгра 2004 йил 29-апрелда 613-II сон “Электрон тижорат тўғрисида” ҳамда “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди12. Бу электрон ҳужжатларни ахборот коммуникация тизими орқали жўнатиш ҳамда қабул қилиш жараёнларини кучайтирди. Натижада ташкилот, муассасалар ўртасида электрон шаклдаги ҳужжат алмашиш тизими ривожоланди. Ҳужжат алмашиш ахборот алмашиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги боис ОАВ соҳасида электрон ахборот алмашишнинг самарали усулидан фойдаланишга бўлган талабни келтириб чиқарди. Бу пайтда Қорақалпоғистон шароитидаги анъанавий ОАВ электрон кўринишга ўтмаган эди. Аммо фаолиятида электрон ҳужжат ҳамда ахборотларни ахборот коммуникация воситалари орқали жўнатиш, қабул қилишни бошлади. Мазкур ҳолат Қорақалпоғистонда электрон ОАВнинг пайдо бўлиш жараёнини тезлаштирди.

Бундан ташқари, 2005 йил 8-июлда ПҚ-117 сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу 2002 йилдаги қарорнинг узвий давоми бўлди ва ахборот- технологияларига бўлган эътиборни кучайтирди. Кетма-кет коммуникация воситалари бўйича қарорларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши ОАВ учун ҳам янгидан-янги вазифаларни юклади. Натижада, мамлакатимизда бир нечта анъанавий ОАВ ўзларининг интернетдаги электрон фаолиятини йўлга қўйди. Ўшанда Қорақалпоғистонда ОАВнинг веб-сайтлари фаолияти ҳали бошланмаган эди. Фақат ташкилот ва муассасаларнингина сайтлари мавжуд эди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17-декабрдаги 259-сон “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кучга кирди13. Унда ушбу Ҳукумат портали давлат ахборот ресурси ҳисобланиши ҳамда сайтда чоп этилган ахборот ОАВ воситаларида эълон қилинган ахборот билан тенг ҳуқуқга эга эканлиги белгилаб берилди. Бу Қорақалпоғистондаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг www.sovminrk.gov.uz сайтининг янада ривожланишига сабаб бўлди. Ҳукумат қарорларининг қабул қилиниши Қорақалпоғистонда интернет журналистикасининг пайдо бўлишига ўз таъсирини кўрсатди.

Мавжуд қарорлар ҳукумат портали ва ташкилотларнинг веб-сайтлари фаолиятини анча ўзгартирди. Улар олдин номигагина фаолият кўрсатаётган бўлса, кейинчалик унга жиддий ёндашила бошлади. Сайт дизайни, бўлими, мазмуни бутунлай ўзгарди. Унинг аудиторияси ҳам кенгайди. Мазкур сайтлар миллий ахборот ишлаб чиқаришни бошлади. Қорақалпоғистонда интернет журналистикасининг пайдо бўлишидаги иккинчи тамойил муассаса ва ташкилотларнинг сайти ҳисобланади.

Давлатимизда барча ўқув даргоҳининг компьютерлаштирилиши интернетдан ҳамма фойдаланиш имкониятини тўғдирди. Оммавий кўринишга эга бўлаётган интернет ОАВни жонлантирди. Бу Қорақалпоғистонда интернет журналистиканинг пайдо бўлишида сабабчи учинчи тамойил саналади.

Анъанавий ОАВ саҳифа, дастур, эшиттиришларида интернет материаллари асосида тайёрланган хабар, мақолалар чоп этилди. Айрим газеталар ҳар бир сонида махсус хорижда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ёритадиган рукнлар ташкил этди. Бу Қорақалпоғистондаги ОАВ фаолиятига тармоқнинг аралашганлигидан далолат беради. Тўртинчи тамойил мана шунда кўринади.

Интернет нафақат компьютерга, балки мобил телефонларга ҳам жойланди. Одамлар қўл телефонлари орқали арзон нархда ахборот қабул қилишни бошлади. Бу анъанавий ОАВнинг ўз маҳсулотларини тармоқ истемолчиларига ҳам узатиш вазифасини қўйди. Ниҳоят интернет ахборотига бозорда талабнинг ортиши Қорақалпоғистонда интернет журналистиканинг интернетда иш бошлашига туртки бўлди. Айтиб ўтганимиздек, 2007 йил “Еркин Қарақалпақстан” ва “Вести Каракалпакстана” газетасининг электрон кўриниши яратилди.

Мана илк электрон шаклдаги газетанинг веб-сайти пайдо бўлди. Энди савол тўғилади. Унинг шаклланиш жараёни қандай кечди?

Дастлаб сайт оддий кўринишга эга бўлди. У фақат газета саҳифаларидаги мақолаларнинг айримларини жойлаштириш билангина чегараланди. Сайт истеъмолчилари ҳам унчалик кўп бўлмади. Аммо бу узоқ давом этмади. Унга рақобатдош янги веб-сайтлар пайдо бўлди. “Қарақалпақстан жаслары” газетасининг сайти фикримизнинг далили. Яна орадан озмунча ўтмай веб кенгликларда ахборот алмашадиган харидорлар пайдо бўлди. Бу ОАВнинг электрон саҳифаларининг янги формат, янги кўриниш касб этишига таъсир қилди. www.erkinkarakalpak.uz, www.qq.jaslari.uz сайтлари фойдаланувчиларга мақолалар учун фикр билдириш имкониятини яратди. Интернет журналистикасининг шаклланиши оддийликдан, талабларнинг кучайиб бориши натижасида мураккаб кўриниш касб этиб борди. “Еркин Қарақалпақстан” ва “Вести Каракалпакстана” газетасининг электрон кўриниши умуман янги форматда майдонга чиқди. Дизайни чиройли, чап ва ўнг ойналарда ахборотдан бошқа маълумотлар: тақвим, об ҳаво, пул курслари, рекламалар жойланди. Шунингдек, газетада чоп этилмаган айрим мақолалар ҳам унга киритилди. Сайт ўз саҳифаларида кўпроқ танқидий, муаммоли мақолаларни жойлаштирди. Бу аудиториянинг сайтга қизиқишини оширди. Фикр билдирувчиларнинг сони кўпайди. Яна электрон нашрлар ўртасидаги рақобатни келтириб чиқарди. Мазкур газетанинг веб-сайтидан андоза олган болалар ва ўсмирлар газетаси “Jetkinshek” ўз сайтини ишлаб чиқди. Унинг ҳам илк кўриниши “Еркин Қарақалпақстан” ва “Вести Каракалпакстана” газетасига қисман ўхшаб кетади. Аммо электрон ОАВ фаолиятида мавжуд муаммолар ҳам кузатилди. Масалан, сайтлар баъзан ишлаб, айрим ҳолларда ишламай қолди. Мазкур ҳолат электрон ОАВнинг ўз мухлисларини йўқотишига олиб келди. Интернетдаги қорақалпоқ тилидаги ОАВ сайтларини кузатганимизда айрим вақтлар янгиланмай қолишининг ҳам гувоҳи бўлдик. Ушбу ҳолат Қорақалпоғистонда тармоқ журналистикасининг жуда секин шаклланишига олиб келди.

Яна битта муҳим нарса. Одамлар интернетдаги ОАВ фаолиятидан яхши бохабар эмас. Ҳаттоки, баъзилар тармоқда электрон ОАВнинг фаолият кўрсатишини ҳам билмайди. Улар шунчаки, интернетдан маълумот олиш ёки ижтимоий сайтлардаги қизғин суҳбатнинг иштирокчиси бўлиш учун фойдаланади. Шу ўринда бари бир чет эл тажрибасига таянамиз. Масалан, АҚШда аксарият одамларнинг газета ўқиш, телевизор кўриш ҳамда радио эшитишга вақти йўқ. Улар кунлик ахборотларни электрон нашр, телевидение ва радиодан олади. Онлайн ОАВ шунчалик ривожланганки, ундаги ахборотлар сониялар ичида алмашади. Ва глобал кўринишга эга бўлади. Ўз ахборотини хорижга сотадиган ОАВ ушбу усулдан унумли фойдаланади.

Ҳозирда глобал қишлоқ формуласи ахборотларга нисбатан ишлатилмоқда. Дунёни ахборотлар ёрдамида бошқариш тамойили айнан электрон ОАВ қўлига ўтган. Улар миллий ахборот билан одамлар онгига таъсир ўтказмоқда. Ғояларига эргаштирмоқда. Шу вазиятда маъсулиятни ҳис қилиб, электрон ОАВ сайтларнинг фаолиятини тартибга солиш, ривожлантириш зарур. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Номига сайт яратиб, қоғозда қарорнинг ижросини таъминлаш керакми ёки отни қамчилаб ахборот ишлаб чиқаришни жадаллаштириш зарурми? Савол лўнда. Жавоб ҳам аниқ. Қилишимиз, ривожлантиришимиз кераклигини жуда яхши биламиз. Аммо негадур вақт масаласи, бефарволик балоси бунга изн бермаяпти. Бўлмаса, тармоқнинг Қорақалпоғистонда оммалашганига қанча, унинг таъсирчанлиги, аудиториясининг ошганига анча бўлган.



1.2 Қорақалпоғистонда интернет журналистиканинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги аҳамияти

ОАВнинг асосий вазифаси жамиятдаги мавжуд воқеа, ҳодисаларни ахборот шаклида ишлаб чиқиш, оммага узатиш ҳамда жамоатчилик фикрини уйғотишдан иборат. Шу нуқтаи назардан барча турдаги ОАВнинг мақсади, вазифаси бир хил. Жумладан, электрон кўринишдаги ОАВнинг ҳам. Илк анъанавий ОАВ веб-сайтларининг истеъмолчилари жуда камчиликни ташкил этган. Бунинг бир нечта сабаби ҳам мавжуд:

- минтақада тармоқнинг ҳали барча хонадонларга кириб бормаганлиги;

- одамлар электрон ОАВни анъанавий ОАВдек қабул қилмаётганлиги ҳамда доимий фойдаланишга мослашмагани;

- баъзи аудиториянинг электрон ОАВ сайтлари мавжудлигидан бехабарлиги;

- интернетдаги ОАВнинг анъанавий ОАВдан фарқ қилмаслиги;

- тармоқдан фойдаланишнинг пуллилиги...

Гуруч курмаксиз бўлмайди. Қорақалпоғистон шароитида интернет журналистиканинг жамоатчилик орасига кириб боришида мана шундай муаммолар бўлган. Ҳануз давом этмоқда. Негаки, бугунги кунда интернет барча хонадонларга кириб борса ҳам ундан ОАВ воситасида фойдаланаётганлар озчиликни ташкил этади. Асосан улар ахборот билан танишмоқчи бўлса хорижий янгиликлардан хабардор бўлиш учунгина ОАВ сайтларига мурожаат этади. Буни бир томондан уларда ахборотга заруриятнинг йўқлиги билан ҳам баҳолашимиз мумкин. Сабаби, бизнинг шароитимизда одамлар ахборотни анъанавий ОАВ орқали олишга кўпроқ ўрганган. Электрон журналистика эса ҳали тўла оммавийлашмаган. Оммавийлашувдаги муаммолар қаторига тармоқдаги сайтларга мурожаатдаги айрим камчилик ҳамда қийинчиликларга ҳам кўз йўмиб бўлмайди.

Жамоатчилик фикри шаклланиши учун ахборот умумий, ҳаққоний, қизиқарли, долзарб, теша-тегмаган бўлиши зарур. Ушбу кўринишдаги журналистик ижод кенг омма эътиборини ўзига тортади. Фикрлашга, шарҳлашга беиқтиёр мажбур қилади. Тушунча, қараш, билимларни бойитади. У ёки, бу нарса ҳақидаги ўйларини тубдан ўзгартиради. Хуллас, журналист ахбороти инсонни, жамиятни бошқаради, етаклайди. Аслида, жамоатчилик фикри оддийгина хабардан ҳам шаклланади. Негаки, ўша хабарда журналист нимадир, кимдур ҳақида маълумот беради. Жараённи байёнлайди. Воқеани ҳисобот кўринишида қисқа келтиради. Мақола, репортаж, журналистик текширув, интервью, суҳбат жанрлари эса аудиториянинг фикрини ўзгартириши, шакллантириши, ривожлантириши мумкин.

Ҳозирда Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган 35 давлат ва хусусий газета, битта телеканал, иккита радиоканал мавжуд. Шундан атиги олтитасининг интернетда веб-сайти бор. Минтақада ҳали фақат интернетдагина фаолият кўрсатадиган ОАВ вужудга келганича йўқ. Шунга кўра интернет журналистикасидаги жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг қандай усул, кўриниш, йўналишлари мавжудлигини анъанавий ОАВнинг тармоқдаги веб сайтлари мисолида ўрганамиз.



  1. “Еркин Қарақалпақстан” ва “Вести Каракалпакстана” газетасининг www.erkinkarakalpak.uz сайти:

2013 йил 23-мартдаги маълумот бўйича сайтнинг иштирокчилари 134 нафарни ташкил этади. Шундан 45 нафари доимий веб-манзил қатнашчилари ҳисобланади. 04.02.2013 йил соат 11:31 да жойлаштирилган муаллиф С.Шараповнинг “Дамиккеннет куныккан жаман” мақоласини ўн икки нафар одам ўқиган. Аммо ҳеч ким фикр билдирмаган. Мазкур мақолада Қўнғирот туманидаги темир йўл узелида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган Клычев Юлдош Аминовичнинг қилмишлари ҳақида сўз кеткан. Журналист унинг бир гуруҳ шериклари билан тил бириктириб, пулларни қандай ўзлаштирганлиги бўйича маълумот берган. Тегишли ҳуқуқ ҳимоя органларидан жиноий иш бўйича интервьюлар олинган. Ушбу мақола жамоатчиликни огоҳликка чорлайди. Жиноятнинг охири яхшилик билан тугамаслигини тушунтиради. Жамиятдаги ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларнинг бартараф этилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни беради.

04.02.2013 йил, соат 10:52 да мухбир Оразбай Сатбоевнинг “Журналист заманагой болыуы керек” сарлавҳали танқидий мақоласи киритилган. Унда бугунги журналистларнинг маҳорати, тил, нутқ маданияти ҳамда мавзуни ёритиш масалаларидаги қатор камчиликлар очиқ-ойдин танқид остига олинган. Журналист ҳаётий мисоллар билан мақоласини бойитган. Аммо ундаги келтирилган мисоллардаги шахсларнинг исми ўзгартирилган ёки палон газетадаги палон журналист дея келтирилган. Мақола анча мунозарали. Одамни ўйлашга, фикрлашга чорлайди.

Мақола тўққиз нафар мижоз томонидан ўқилган. Уч нафари ўз фикрини қолдирган. Талаба Гавҳар Алламуродова мақолага ижобий баҳо берган. Шахсий фикрини ҳам билдирган:

...Баъзи журналистлар ёзишни билмайди. Мақолалари эса одамни зериктиради. Ўз услубига, йўналишига эга эмас...

Иккитаси ҳам худди шундай фикрларини қолдирган. Демак ушбу мақола нафақат аудиториянинг фикрини шакллантирган, балки уларни фикрлашга ҳам чорлаган. Эркин фикр, фуқаро журналистикаси масалаларининг шундай тармоқда мавжудлиги ОАВга қўйилган асосий демократия тушунчасининг амалдалигидан далолат беради.

(3-расм)

Бундан ташқари сайтдаги бошқа 04.02 2013 йилдаги муаллиф Перихан Жугинисованинг “Ўақтында есапласқан уттырмайди”, 05.12.2012 йилдаги муаллиф Руслан Аллашовнинг “Мектебимиз айнасы” мақолалари ҳам эътиборга лойиқ. “Ўақтында есапласқан уттырмайди” мақоласида Нукусдаги кўп қаватли бинолардаги сув муаммоси кўтарилади. Журналист муаммонинг сабаби, ечимини ўрганади. Бу бўйича мисоллар келтиради. Қизиғи шунда, ушбу мақола 34 нафар сайт харидорлари томонидан кўздан ўтказилган. Шундан ўн уч нафари ўз фикри билан иштирок этади. Аксарият фикрлар умумий кўринишга эга. Улар ўзларидаги сув масаласидаги муаммони келтиради. Масалан, шаҳардаги 22-кичик туманда яшовчи Менлимурод Атажанов ҳафтасига атиги икки мартагина кўп қаватли биноларга сув келиши, бошқа пайтлари узоқдаги ер ости сувидан фойдаланаётганлигини билдиради. Исмайл Бердишов бўлса талай сув муаммоси бўйича Нукус шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилганлиги, аммо ҳануз ўзгаришдан хабар йўқлигини ёзади. Журналист фикр билдирувчиларга жавоб қайтаради. Бу бўйича шаҳар ҳокимияти ҳамда «Қорақалпоқ сувоқавага» мурожаат қилганлигини билдиради. Ушбу мақола сабабли жамиятдаги муаммолар бартараф этилмоқда. Одамлар фаоллашмоқда. Муаммони биргаликда ҳал қилишнинг самарасини англамоқда. Бу ҳам бир жамотчилик фикрини шакллантириш саналади. Тўғри, сайтнинг веб мижозлари кўп эмас. Мақола истеъмолчилари ҳам озчиликни ташкил этади. Аммо бу вақтинчалик жараён. Негаки, агар мазкур сайт қизиқарли шундай мақолалари билан тез-тез чиқиш қилса, жамоатчиликни фикрлашга чорласа, унинг мухлислари кўпайиши аниқ. Бунинг учун электрон нашр доимий янгиланиб туриши, интерактив ўйинлар ташкил қилиниши ҳамда мақолалар ўткир бўлиши керак. Шундагина у ўз мақсадига эришади.



Мазкур сайт жамоатчилик фикрини шакллантиришда танқидий руҳдаги мақолалардан кенг фойдаланади. Жамиятдаги мавжуд муаммоларни ёритади. Бу бўйича журналистлар аудиторияга савол ташлайди. Мурожаат қилади.

  1. Қарақалпақстан жаслары” газетасининг www.qq.jaslari.uz сайти:

2013 йил 24-мартдаги маълумот бўйича сайт мижозлари етмиш саккизтани ташкил этади. Шундан ўттиз бештаси фаол истеъмолчи. Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий газетаси эканлигини ҳисобга олсак, бу рақам кўп эмас. Негаки, ҳозирда Қорақалпоғистоннинг 64%ни ёшлар ташкил этади. Яна тармоқдан фойдаланувчиларнинг аксарият қисми ёшларнинг ҳиссасига тўғри келади. Сайт аудиториясининг камлиги унинг бир ишлаб, баъзида ишламай қолиши билан баҳолашимиз мумкин. Сабаби, айни пайтда ушбу сайт вақтинчалик фаолиятини тўхтатган. Аммо 2012 йилдаги электрон нашрнинг ишларида анча жонланиш бор. Масалан, 08.09.2012 йилда сайтга мухбир Жумагул Ембергенованинг “Қызлар сойлегенде” мақоласи жойлаштирилган. Унда журналист айрим қизларнинг гапириш маданиятидаги қусурларга тўхтаган. Ушбу камчиликларнинг сабаб, ечимларини келтирган. Мазкур мақола бешта одам томонидан ўқилган. Аммо ҳеч ким унга фикр билдирмаган. Буни тушунса бўлади. Негаки, кўтарилаётган масала олдин ҳам кўтарилган, одамлар учун яхши таниш. Шу сабабли унинг аудиторияси ҳам тор доирада. Мабода журналист ёшларбоп тил, усулда, таъсирчан мавзуни ёритганида эди, мавзу кўпчиликда фикр уйғотган, таъсирчанлиги юқори бўлар эди. Шунингдек, 03.11.2012 йил мухбир Гулнара Турдышованинг “Ерди ер қылатуғында ҳаял, қара жер қылатуғында ҳаял” сарлавҳали мақоласи ўрин эгаллаган. Унда жамиятдаги ажралишларнинг сабабида аёлларнинг роли кўп бўлаётганлигини мисол, фактлар ёрдамида кўрсатади. Охирида, сарлавҳадаги мақола билан якунлайди. Ва “Сиз қандай фикрдасиз?” дея аудиторияга мурожаат қилади. Мазкур мақола сайтдаги бошқаларига нисбатан энг кўп ўқилган ва фикр билдирилгани. Сабаби, уни йигирма беш нафар одам ўқийди. Шундан ўн бештаси ўз фикрини билдиради. Масалан, Торғин Базарбаева жамиятдаги ажралишларда кўпроқ йигитларни айблайди. Буни ишсизлик, ичкиликбозлик, енгил табиатлик, маъсулиятсизлик билан изоҳлайди. Азамат Қурбанов бўлса журналистнинг фикрига юз фоиз қўшилишини эътироф этади. Қалбай Ўринбоев эса қарс икки қўлдан чиқишини келтиради. Фикрлар турлича. Бироқ ҳаммасида жон бор. Ҳақиқат мавжуд. Уни ўқиган одамда муаммони тушуниш, унга қарши курашиш имунитети шаклланади. Бу бўйича жамоатчилик фикри шаклланади. 28.11.2012 йил мухбир А.Турекееванинг “Турмыс ғалма-ғаллары” мақоласи сайтга жойлаштирилган. Мазкур мақолада қишлоқдан шаҳарга ўқишга келган қизнинг эгри йўлга тушиб кетиши ҳақида сўз боради. Воқеалар орқали байёнланади. Мазкур мақола беш нафар фойдаланувчи томонидан ўқилган. Шундан Г.Айтниязова унга фикр билдирган. У мақоладаги қаҳрамоннинг иродасизлик ва бўшлиги, гапга эрадиган ҳислатларини қоралайди. Бугуннинг ёшларидаги айрим салбий хусусиятларни ҳам мисол келтиради. Жамоатчилик фикрини уйғотишдаги ушбу журналистик асарларнинг аҳамияти жуда катта. Эндиликда сайт тармоқ журналистикаси талабларига жавоб берадиган ёшларбоп усул, сўз ва мавзу танлаши керак. Шунингдек, сайтдаги мақолалар ҳақида ижтимоий сайтларда тарғибот олиб бориши шарт.


  1. Jetkinshek” газетасининг www.jetkinshek.uz сайти:

2013 йил 14-апрелдаги маълумот бўйича сайтнинг доимий кузатувчилари қирқ саккизтани ташкил этади. Бу тушунарли. Негаки, мазкур газета болалар ва ёш ўсмирларники ҳисобланади. Ундаги ёритилаётган мақолалар ҳам айнан болаларга бағишланган. Мактаб ёшидаги болалар эса ҳали интернетдан фойдаланишни яхши билишмайди.

07.02.2013, 14:59да веб сайтга Женгисгул Ибайдуллаеванинг «A’lipbeden a’lemge» мақоласи жойлаштирилади. Муаллиф унда Шумонайдаги 1-сон мактабдаги Алифбе байрами ҳақидаги тадбирни байёнлайди. Ушбу мақола атиги саккизта қатордан иборат. Асосий гап бошида айтилган. Сўнгра у тушунтирилган. Бу журналистикадаги хабарни тўнкарилган эҳром шаклда ёзиш саналади. Ҳозирда ушбу усулда хабар, янгиликни аудиторияга узатишда тармоқда “тўнкарилган эҳром” шаклидан кенг фойдаланилади. Қорақалпоғистон интернет журналистикасида ҳам шу усулнинг қўлланилиши тармоқ журналистикасининг ривожланаётгани ҳамда интернет журналистикаси талабларига аста-секин жавоб бераётганлигини билдиради.

07.02.2013, 14:58. Муаллиф Дариха Уббиниязованинг «EKO-SA’WBET» сарлавҳали янгилиги:

Jaqi’nda paytaxti’mi’zdag’i’ 1-sanli’ No’kis Medicina kolledji ma’jilisler zali’nda 2-fevral—«Du’nya ju’zlik suwli’-batpaq wori’nlari’n qorg’aw ku’ni»ne arnalg’an «Ekolo-giyali’q mashqalalardi’ sheshiw ha’m bul haqqi’ndag’i’ ni’zamlardi’n’ wori’nlani’wi’n ta’miyinlewde Wo’zbek-stan ekolo-giyali’q ha’reketi worni’» ata-masi’ndag’i’ do’n’gelek stol sa’wbeti boli’p wo’tti. Wog’an Wo’zbekstan Respublikasi’ Oliy Ma’jlisi Ni’zamshi’li’q palatasi’ de-putatlari’, Wo’zbekstan eko-logiyali’q ha’reketi ag’-zalari’, Ekologiyali’q ha’re-kettin’ Qaraqalpaqstan aymaqli’q bo’limi ag’zalari’, bir qatar taraw qa’nigeleri menen woqi’w wori’nlari’ni’n’ mug’al-limleri, kolledj woqi’wshi’lari’ ha’m G’alaba Xabar Qurallari’ xi’zmetkerleri qatnasti’.

Янгилик қисқа. Бунда ҳам юқоридаги хабарга ўхшаш жиҳатлар мавжуд. Яъни асосий гап янгиликнинг бошида айтилган. Сўнгра у бошқа ҳолат, жараёнлар билан тўлдирилган. Янгиликнинг талаби учун бу етарли. Мазкур янгилик тўрт нафар сайт мижози томонидан ўқилган. Аммо унга ҳеч ким фикр билдирмаган. Буни тушунса бўлади. Сабаби, бу мунозарали ва муаммоли мақола эмас. Шунчаки, аудиторияга ахборот бераяпти халос. Бундан ташқари “Qustay uship kelgen bes qiz” мақолалари ҳам сайтга киритилган.

07.02.2013, 14:46. Муаллиф Айжамал Жолдасбаеванинг “Qaraqulaq” сарлавҳали мақоласига икки нафар мактаб ўқувчиси фикр билдирган. Тахтакўпирли Дилора Узоқберганова шундай мақола, ҳикояларни муаллифдан яна кутишини ёзган. Азиз Мақмараймоқов бўлса кучикка раҳми келганлигини, Достаннинг унга нисбатан меҳрига қойил қолганлигини билдиради. Биргина шу кичкина мақола ўқувчиларга катта таъсир қолдиради. Улар бундан ўзларига сабоқ олишади. Уй ҳайвонларига меҳрибон бўлиш кераклигини тушунади.

Болалар газетаси веб-сайтида кўпроқ тарбиявий аҳамиятга эга мақола, ҳикоялар уларни фикрлашга чорлайди. Негаки, улар жамиятдаги воқеаларни воқеалар орқали тез илғайди. Улар сиёсий, ижтимоий мавзуларда жиддий ёзилган мақолаларни қабул қилишда жуда қийналади.

“Jetkinshek” газетасининг асосий ойнасида асосан бир иккита тадбир, мусобақа ёки расмий мақолалар жойлаштирилади. Иккинчи, учинчи ойналарда бўлса ўқувчиларнинг ҳикоя, мақолалари ўрин эгаллайди. Веб газетанинг “Кеlin’ doslasayiq” рубрикаcи ёш хабарчилар ўртасидаги масофани яқинлаштиради. Уларнинг ўзаро мулоқатини таъминлайди. Бир бирининг ҳикоя, шеър, мақолаларига нисбатан фикр билдириш, таҳрир қилиш малакасини шакллантиради.




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет