Эрматова шодия


- илова Темур тузукларида бошқарув



бет6/6
Дата07.07.2016
өлшемі0.55 Mb.
#182135
1   2   3   4   5   6

5- илова

Темур тузукларида бошқарув маданиятининг ўзига хосликлари.

Бизга маълумки, «Темур тузуклари» XIV-XV асрларда 27 Осиё давлатини ўзида бирлаштирган Амир Темур империяси ва унинг авлодлари томонидан тузилган давлатларнинг бош қомуси сифатида хизмат қилган эди. Ушбу асар ўз даври учун ғоятда мукаммал бўлган қонунлар ҳамда қатъий маъмурий қоидалар, давлат бошқаруви ва кадрлар масаласи бўйича дастуриламал вазифасини ўтаган. «Тузуклар» ўша давргача бошқарув ва раҳбаршунослик масаласида тўпланиб, сараланиб, давр бошқарув тажрибасида кенг фойдаланилган, шунингдек, Амир Темур давлатида бевосита унинг амалиётидан ўтган билимлар мажмуаси ҳамдир. 

Темур қўл остидаги раҳбарларида ёки раҳбарликка тайинлаётган кадрларида бир қатор шахсий хусусиятлар бор-йўқлигини текшириш ўзи учун одатга айланганлигини таъкидлаб, бу хусусиятлардан қуйидаги баъзилари доимий назоратида бўлганлигини “Тузуклар”да кўп ўринларда алоҳида қайд этади:

1. Адолат. Темур уни ўз давлатининг муҳрида ҳам қайд этиб, раҳбарнинг энг муҳим фазилати сифатида қўл остидаги кадрлардан доимий равишда талаб қилади. Ҳар бир раҳбар фаолиятини аввало адолат нуқтаи назаридан таҳлил қилар экан, шахсларни лавозимга тайинлашда асосий талаблардан бири сифатида доим эътиборда тутади. Адолатни Темур икки маънода талқин этади. Биринчиси сўздаги адолат, яъни ҳақиқат маъносида келиб, бошқарув тизимидаги шахсларнинг ҳақиқатгўйлигидир. Раҳбар воқеа-ҳодисани таҳлил қилиш, ахборот олиш ва бериш, ҳар қандай вазиятни муҳокама қилишда адолат - яъни ҳақиқат принципида туриши керак. Бошқарув тизимидаги ишончга киритилган битта ёлғон ўнлаб тадбирларнинг нотўғри жорий этилишига олиб келади. Иккинчиси ишдаги адолат, кўриладиган ҳар бир тадбирни адолат юзасидан, яъни тўғри амалга оширишни таъминлаш.

2. Ишонч-эътиқод. Темур раҳбардаги бу хусусиятга алоҳида эътибор қаратиб, бошқарувда унинг аҳамияти жуда катта эканлигини таъкидлаган. Темур ишонч-эътиқод деганда, биринчи навбатда диний эътиқод ва ундаги покликни назарда тутади. Ўз даврида у давлат ҳудудида мавжуд бўлган ислом динидаги турли бидъатчи гуруҳлар ва тўдаларга барҳам берганди ва ислом уламолари белгилаб берган шариат қонунларини мусулмон фуқаролик тартиб-интизоми қонунлари сифатида жорий этганди (92). Темурнинг бундан кўзлаган мақсади барча мусулмонларнинг қон-қонига сингиб кетган диний эътиқодга мансуб қонун-қоидалар, ижтимоий турмуш тарзи, тартиб-интизом - шариатнинг дунёвий бошқарув тизимига жорий этилиши ва шу бошқарув тизими томонидан назорат қилиниши орқали дунёвий раҳбар ва давлат обрўсини мустаҳкамлаш ва уларга бўлган ишончни ошириш, яъни динга ишончни давлатга ишончга айлантиришга эришиш эди. Темур уламолардан бирини садр (диний вазир)ликка тайинлаб барча диний лавозимлар ва ишларни тақсимлаш назорат қилишни унга топширади. Ҳар бир шаҳар, вилоят, туманда эътиқод ишлари билан шуғулланувчи қози, муфти, мутавалли, мухтасиб лавозимларини амалга жорий этади ва уларнинг аниқ ҳаракат доирасини белгилаб беради. Улар тўғрисида эса шайхулислом ва садр, шунингдек, шаҳар, вилоят, туман ҳокимлари, амирлари, махсус хизмат вакиллари (хабарчи ва жосуслар) орқали мунтазам маълумот олиб туради. Темур бу масалалар тўғрисида тўла ва ишончли маълумот олиш учун ҳар бир вилоятга алоҳида адолат амири ҳам тайинлаган, бундан ташқари армия қозиси, ҳарбий суд, фуқаро қозиси алоҳида иш олиб борган. Дунёвий бошқарув диний қонунлар ҳамкорлигида амалга оширилган ўша замонларда ҳар икки соҳада ҳам билимли ва ишончли раҳбарларга эҳтиёж катта эди. Аксари ички бошқарув раҳбарлари диний вакиллардан танланган. Чунки улар давлатга фуқароларнинг давлат тузумига нисбатан кайфиятлари ҳақида ҳам тўғри хабар бера олганлар.

Темур қўл остидаги ҳар бир раҳбарда ўзига нисбатан ишонч уйғотишга интилганини ҳам тез-тез таъкидлайди. Айни вақтда ҳар бир раҳбардан ҳам шундай ишонч талаб қилади. Қайси раҳбар унинг олдига паноҳ истаб келган бўлса, унга иқтидорига яраша иш бериб таъминот тайин этган ва оқибатда бу одам душман бўлса ҳам дўстга айланган. Лекин Темурга душман бўлса-да, адолатли, лаёқатли ҳукмдорлар қўл остидан қочиб келган раҳбарларни ўзига душман деб билади. Темур ишонч-эътиқодни тинчлик ва фаровонлик гарови сифатида қадрлаган.

3. Билимпарварлик ва бинокорлик Темурнинг раҳбар кадрларга қўйган навбатдаги талаби бўлиб, унинг фикрича қандай турдаги раҳбарлик бўлишидан қатъий назар раҳбарликка интилувчиларнинг шундай хусусиятлари бор-йўқлигини билишга интилган. У шон-шараф фақат жанг-лардаги қаҳрамонликлар билан эмас, шаҳарларни обод қилиш воситасида ҳам таралишини, шунингдек, масжид, мадрасалар, хонақо, мусофирхоналар, работ ва шифохоналар, канал ва кўприклар, шунга ўхшаш бошқа иншоотларга халқнинг ҳам давлатнинг ҳам эҳтиёжи бўлишини, гарчи улардан давлатга нисбатан кўпроқ халқ фойдаланса-да, лекин буларнинг қурилишини давлат ўз зиммасига олмоғи кераклиги, бу ишда эса бошқарув тизими раҳбарларининг қизиқишлари катта аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Темур «... ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилганлигини» ёзади. Шунингдек, “Тузуклар”да кўп ўринларда қайд этиладики, Темур илм-фан вакилларига яхши муносабатда бўлган. Улардан давлат ва жамият бошқарувида ўз ўрнида фойдаланган, эътибордан четда қолдирмай доимий равишда давлат хазинасидан рағбатлантириб борган.

Темурнинг фикрича, билимли-тадбирли бири киши билимсиз минг кишининг ёки бутун бир лашкарнинг ишини ҳал этиши мумкин. Шунинг учун раҳбар бир эмас бир қанча билимларда иқтидорли бўлмоғи керак (15). Раҳбар бинокор бўлса у ерда халқ, жамият тўпланади, раият харобаликдан қочади ва бундай жой обод бўлмай қолмайди. Раҳбар билимпарвар бўлмаса у ердан илм аҳли кетади. Илм аҳли халқнинг йўналтирувчиси бўлиб, раҳбар уларга эътиборли бўлмаса, тез орада илм аҳли таъсирида халқ норозилигига учрайди.

Темур барча ишларни “Тузуклар” асосида бажаришга интилганини бир неча бор таъкидлайди. Аммо юқорида қайд этилган бош принциплар шу ҳолатда тузук бўла олмайди. Темур шунинг учун ҳам уларни ўзининг шиори деб билганди. “Темур тузуклари”дан жой олган барча қонунлар ана шу бош принциплар асосида ишлаб чиқилган. Фарқи шундаки, бош принципларда Темур бошқарув тамойиллари ва йўналишларини белгилаб олади, тузукларда эса ҳар бир соҳага оид умумий қонунларни низомлар тарзида ажратиб кўрсатади. Сиёсий жараёнлар доимий ўзгарувчан бўлгани сабабли унга мувофиқ қарор қабул қилиш ҳам шундай хусусият касб этади. Оқибатда давлат ва жамият қонунларида тез-тез янги моддаларни жорий этишга эҳтиёж туғилади. Аммо янги жорий этилган қонунлар ўзаро яқин бўлган қонунларга мувофиқлаштирилиб, яъни бошқа қонунлар аҳамиятини йўқотмаслиги таъминланади. Шу жиҳатдан олиб қараганда Темур раҳбаршунослигидаги ушбу бош принциплар давлат бошқарувида ўзига хос конституция вазифасини бажаради. Демак таянч хусусиятлар Темур раҳбаршунослигида бошқарув тизими талаблари ва хусусиятларини ифодаласа, бош принциплар танланаётган раҳбар характерига нисбатан лавозим талаблари ҳамда шу характерни давлат қонунлари талабларига мувофиқлаштириш лозимлигини ифодалайди.

Тузукларда баён қилинган ушбу таянч хусусиятлар ва бош принциплар Темур раҳбаршунослигида давлат ва жамият бошқарувининг бош тамойилларини белгилаб беради. Темур наздида мана шу хусусият ва принциплар асосида иш юритишни ва уларни мустаҳкам эгаллашни мақсад қилиб қўймасдан амалга ошириладиган бошқарув натижа бермайди. Раҳбарнинг аниқ йўналиши, аниқ таянч хусусиятлари ва принциплари, аниқ тамойили бўлмаса, биринчидан бошқарув ўз-ўзидан тартибини йўқотади, иккинчидан давлатда жорий этилган қонун-қоидаларнинг амалий кучи бўлмайди, ҳатто у зўрлик-зулм билан жорий этилганда ҳам оммавий таъсир кўрсата олмайди.

Темур раҳбаршунослигидаги «Тузуклар» деб аталувчи қонунлар тизимида унинг раҳбар танлаш принциплари маълум таснифлаш буйича ўз аксини топган бўлиб, ҳар бир раҳбарда ана шу хусусиятларнинг бўлиши шарт деб белгиланган.

Раҳбар бошқарув мақомига келар экан у энг аввало ўз қўл остида ишлайдиганларни ўрганиб чиқиши керак. Зеро, ҳар қандай жамоа турли-туман характерли одамлардан таркиб топади. Шунга кўра уларнинг иш юритиш услуби ҳам ҳар хил, мақсад-манфаати ҳам ранг-баранг. Темурнинг фикрича, раҳбар билиши керак бўлган ишлардан бири қўл остидагиларни мақсад-манфаатлари, билим ва тадбиркорлиги, иш юритиш услублари ҳамда талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тоифаларга ажратиб олишдир. Лекин раҳбар тоифаларни бирини баланд, бири-ни паст кўриш йўлидан бормаслиги керак, аксинча, маълум даражадаги ҳар бир тоифага ўз даражасига мувофиқ равишда иш тақсимлаши, уларнинг имконидан юқори даражадаги топшириқлардан тийилиш асосида ҳаракат қи-лиши зарур. Шунингдек, тоифаларга ажратиб олиш лавозимлар асосида эмас билим ва ақл-идрок, тажриба ва тадбиркорлик асосида амалга оширилиши лозим. Темур ушбу масалада ўз тажрибасини баён қилар экан, қўл остидагиларни ўн икки тоифага ажратиб олгани, бошқарув қоидаларини эса ана шу ўн икки тоифага муносабат асосида жорий қилганини ёзади. Бизнингча, бундан мақсад шу эдики, одамларни маълум тоифага ажратиб олиш уларнинг турмуш тарзи, хатти-ҳаракатини, мақсад-манфаатини аниқроқ билиш имконини беради. Бу имкон эса ўз навбатида жорий этиладиган қонун-қоидалар ҳамда амалга ошириладиган ишларнинг кимларга қаратилгани ва қандай бажарилиши тўғрисида аниқроқ фикрга келишга шароит яратади. Бундай шароит эса жамиятнинг тўлқин-тошқинларсиз бир текисда ривожланишини таъминлайди, бошқарувнинг тўлақонли ижобий натижа келтирувчи ҳаракатига замин яратади. Буни оддий қилиб жамоа сирини ўрганиб чиқиш ва шу асосда фаолиятга шароит ҳозирлаш ҳамда бошқариш режасини тартиблаштириш, дейиш ҳам мумкин. Темурнинг фикрича, жамоат сирини ўрганиб чиқиш яъни тоифалаштириб олиш учун раҳбар бир қанча вақтга эга бўлади. Шу вақт мобайнида у фақат бир марта хатога йўл қўйса кечирилиши керак. Хатолар икки учтадан ошса, ундай раҳбарни тез ишдан четлатиш лозим. Хатоларнинг кўплиги уни жамоат тоифалари билан ишлай олмаётганидан далолат беради ва бунинг олдини олмаслик жиддий зарарларни келтириб чиқариши мумкин.

Темур тоифалаштиришдан сўнг юқорида қайд этганимиз бош мезонлар, ўн икки бош принцип, ўн икки тоифага мувофиқ равишда раҳбарда бўлиши лозим бўлган 12 асосий қатиъят ҳақида фикр билдиради. Унинг таъкидлашича, кимки бу хусусиятларга эга бўлмас экан, у раҳбарликдан бебаҳра қолади.

1. Раҳбарнинг ўз сўзи ва ўз ишига бир ўзи эга бўлмоғи керак. Бунга ҳеч ким аралашмаслиги, раҳбар ҳам бошқа бировнинг гапи ёки ишига эргашиб кетмаслиги шарт. Яъни раҳбарлик икки ёки ундан ортиқ кишилар шерикчилигидаги ишга айланиб кетмаслиги ёки қўл остидагилар раҳбардан устунликка эга бўлиб кетмаслиги зарур.

2. Раҳбарнинг муҳим ишларни маслаҳатлашадиган яқин кишилари бўлмоғи керак ва раҳбар уларнинг фақат қилинаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларни ривожлантириш юзасидан бериладиган маслаҳатларига эътибор бермоғи ёки қулоқ солмоғи лозим. Лекин оқибати жазолаш ёки шунга ўхшаш нохуш тадбирлар кўришга олиб борадиган ишларда раҳбар маслаҳатчиларнинг салбий характеристикаларини пухта текшириб кўриб мустақил иш кўриши жоиз. Чунки Темурнинг фикрича, яхши ишларга ундовчи маслаҳатдан зарар кўрилмайди. ёмонликка ундовчи маслаҳатга амал қилишдан келадиган зиённи қоплаб бўлмайди.

3. Буйруқ, фармойиш, кўрсатма бериш иши шахсан раҳбарда бўлиши шарт. Ҳар қандай масала муҳокама, мунозараларга ташланса-да, якуний ҳукм, қарор раҳбар томонидан эълон қилиниши, раҳбар сўнгги сўзни айтиши керак. Шундан сўнг бу масала муҳокама ќилинмаслиги лозим.

4. Раҳбар ўз қарорида қатъий бўлмоғи керак. Бирор ишни бошлагач, уни тугал якунлашга эришмагунча тўхтамаслиги, бу йўлда ҳар қандай қатъий ҳаракатдан воз кечмаслиги, иккиланишларга эса, умуман, йўл қўй-маслиги лозим.

5. Раҳбар ҳукми, қарори, фармон-топшириғи, кўрсатмаси ижро этилиши даркор. Ҳукмнинг қандай бўлишидан қатъи назар уни бирор бир киши томонидан тўхтатилиши, ўзгартирилиши ёки бошқа кўйга солиниши мумкин эмас. Раҳбар ўз ҳукмининг айнан бажарилишини қаттиқ назорат остига олиб, уни бузганларга нисбатан аёвсиз чора кўрмоғи, безарар қарши турганларни эса эътиборсиз қолдирмоғи керак. Топшириқнинг айнан бажарилишини назорат қилиши, кимнингдир ундан ниманидир чиқариб ташлаши ёки унга нимадир киритишига йўл қўймаслик, раҳбар номидан қандайдир бошқа ишларнинг амалга оширилишига тўсиқ бўлмоқ керак.

6. Раҳбар бирор-бир сабаб билан раҳбарлик ишини, ундаги ўзи ҳал қилиши лозим бўлган муҳим масалаларни ҳал этишни бировга топшириб қўймаслиги лозим. Албатта, раҳбар қўл остидаги кичик раҳбарларга етарлича иш тақсимлаб беради. Аммо шу ишларнинг бажарилишини шахсан ўзи назорат қилмоғи зарур, буни ўз номидан кимгадир юклатиши керак эмас, ишончсиз кўринганларини махсус вакиллари орқали яширин текшириб кўрмоғи жоиз.

7. Бошқарув ишларида раҳбарни бошқаришга, ўз мақсадларини амалга ошириш учун уни ўз йўлига солишга интилувчилар кўп бўлади. Шу туфайли унга иш, сўз ўргатувчи, фикр берувчилар ҳам кўп бўлади. Раҳбар бу тавсияларнинг керак-кераксизини ажрата олиши, маъқул кўрилганидан ўз ўрнида фойдалана билиши лозим. Маълум тавсияни чуқур мулоҳаза қилмасдан шошилинч қарор қабул қилиш ноўрин бўлиши мумкин.

8. Бошқарув ишларида раҳбар икки ишга - бири армия, иккинчиси халқ эҳтиёжларига ҳаммадан кўп диққат қаратмоғи керак. Бу икки масалада одамларнинг яхши-ёмон фикрларини тез-тез эшитиб турмоғи, бу икки йўналишда шахсан ўзи иш кўриб, шошмасдан мулоҳаза билан иш тутмоғи керак.

9. Раҳбар сиёсати жиддий, сўзи ва ҳукми салобатли бўлмоғи керак. Раҳбарнинг жиддийлиги, салобати кўп ҳолларда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Фикрлардаги мантиқийлик ва сиёсатдаги қатъийлик фуқаро ва ходимларда унинг ҳукмларига нисбатан диққат-эътибор, ҳурматни юзага келтириб, қаршиликларнинг олдини олади.

10. Раҳбар ўз лавозимида эркин бўлиши зарур. Агар қандайдир тазйиқ, мажбурият ёки мутеликда иш юритса, ўша соҳада ривожланиш бўлмайди. Бунинг сабаблари шундаки, раҳбар эрксизлик туфайли аввало ўз ишига кўнгилсиз бўлади, иккинчидан, тазйиқ, буйруқлар асосида иш бажариши туфайли ривожланиш режалари устида бош қотирмайди, учинчидан, ундаги манфаат доираси барҳам топади. Инсон шундай мавжудотки, унинг ҳар бир ҳаракати остида манфаат ётади ва у манфаат келтирмайдиган ишга уринмайди. Сўзда ҳам раҳбарда шундай эркинлик бўлиши шарт. Раҳбарга ўзидан юқори раҳбарлар томонидан фақат давлат аҳамиятига молик режалар, ишлар ҳақида тавсиялар берилиши, ўша режалар асосида ишларни ривожлантириш тўғрисида буйруқ-фармонлар берилиши лозим ва унинг қай тартибда амалга оширилаётганини кузатишгина керак. Раҳбар адашганда ёки номақбул услуб қўллаганда огоҳлантириш, хато ва камчиликларини кўрсатиб турмоқ лозим. Ишни эса бутунича унинг ихтиёрида қолдириш раҳбарлик қадрининг ошишига олиб келади.

11. Раҳбар ҳеч қачон, ҳеч бир ишда ҳеч кимни ўзига шерик қилмаслиги лозим. Яъни раҳбар одамларни молиявий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий жиҳатдан камситмаслиги, айни вақтда ҳеч кимга ўз номидан қарор чиқариш ҳуқуқини бермаслиги керак. Раҳбарнинг ўзи бўлганда ҳам, бўлмаган вақтда ҳам ҳеч бир ерда унинг номидан мустақил иш қилинмаслиги шахсан раҳбар томонидан қатъий тартибга солиниши зарур.

12. Раҳбар ўз маслаҳатчиларидан ҳамиша огоҳ бўлиши, уларнинг раҳбар ишидаги камчиликларни ташқарига ташиб, гап-сўз қилиб юришларига имкон бермаслиги зарур. Баъзан шундай бўладики, раҳбар маслаҳатларини тўғри деб топган айрим маслаҳатчилар раҳбарга нисбатан беписанд бўлиб кетадилар ва раҳбар обрўсига зиён етказадиган гап-сўзларга йўл қўядилар. Ёки шундайлари бўладики, раҳбар ғоялари, ишлари феъл-атвори, хатти-ҳаракатлари ҳақида бошқаларга хабар бериб турадилар. Раҳбар албатта уларни ишдан ҳайдаб юбормайди, лекин доим назорат қилиб туриши керак бўлади.

Ушбу ўн икки принцип Темур давлатида раҳбар та-йинлаш ёки раҳбарликка танлашнинг асосий принциплари сифатида талқин этилади. Темур бу хусусиятларни бош раҳбардан талаб этиладиган хусусиятлар сифатида илгари сурса-да, ҳаётида кечган воқеаларни баён қилар экан буларни қўл остидаги барча раҳбар лавозимидаги шахслардан ҳам талаб қилганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, “Тузуклар”да давлат бошқарув тизимидаги энг кичик лавозимдан энг юқори лавозимгача бўлган раҳбарларнинг иш юритиш тартиби баён қилиб берилган. Айнан шунга кўра «Темур тузуклари» «Тузук-лар» - низомлар деб аталади. “Тузуклар”да фуқародан бош вазиргача барчанинг лавозим талаблари, иш тартиби, иш ҳақи, рағбатланиш турлари, топшириқ ва вазифалари тақсимоти, соҳа бўйича талаб қилинадиган шахсий хусусиятлари, муҳофазалаш, ҳимоялаш тартиблари, жазолаш турлари, бошқарув иерархиясига кўра ўзаро муносабатлар масалалари ва буларнинг барчасининг давлат ғояларига мувофиқлаштирилиши масалалари махсус тартибга солиниб, қонун мақомига етказилган дастурлар ҳамда уларнинг амалий қўлланилиши билан боғлиқ воқеалар воситасида баён қилинади. “Тузуклар” ана шундай бошқарув жараёнини ёритиб берган 26 та тузук - низом ва 4 та банддан иборат.

Хуллас, кўриниб турибдики, Темур бошқарувида давлат режалари, дастурлари, ғоялари, уларнинг кенг доирадаги асосий йўналиши, бош мезонлари, амал қилиниши шарт бўлган асосий тамойил ва йўналишлари, бош принциплари ҳамда амалга оширувчи раҳбарларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг тартиб-интизоми, қоида-низомлари биринчидан алоҳида фарқлаб олинади, иккинчидан буларнинг барчаси ўзаро чамбарчас боғланиб, ажратиб бўлмас даражада мувофиқлаштирилади.

Шунга муносиб равишда Темур раҳбаршунослигида бизнингча тўртта қатъият ҳал қилувчи роль ўйнаб, кўп жиҳатларда раҳбарнинг сифатини белгилаб берган. Бу қатъиятлар: раҳбар садоқати, раҳбар таъминоти ва муҳофазаси, тузук-низомлар бўйича раҳбар талаби ва раҳбарлардан талаб, қатъий тартиб-интизом, раҳбарни рағбатлантириш ва жазолаш.



Темур мана шу тўртта принципда раҳбарларга нисбатан ниҳоятда қатъиятли бўлган, ўзи ҳам уларга амал қилган ва натижада бир мақсад йўлида бирлашган бошқарув командасини вужудга келтира олган. “Тузуклар”нинг энг муҳим аҳамияти ҳам шундаки, у раҳбар кадрлар танлаш, лавозимларга тайинлаш, фаолиятини ташкил этиш ва иш тартибини назорат қилишнинг амалиётда тез жорий этиш мумкин бўлган, аниқ низомини ярата олган. Шунингдек, ушбу низом қоидалари фақат раҳбарларга эмас, бутун мамлакатга маълум қилинган, бу низомлардан барча фуқаро огоҳ бўлган. Шу туфайли раҳбарлик лавозимларидан ҳам билимли, ақл-идрокли, тадбиркор ва тажрибали одамларгина жой олган.



1 Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан кўрамиз. 7-жилд.-Т.: “Ўзбекистон”, 1999. -290 б.

2 Мусаев Н.У., Азимов Ҳ.И., “Маданиятшунослик” .- ТДЮИ. Тошкент., 2009.

3 Каримов И.А. Жамиятимизни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезони ва мақсадидир \ Ислом Абдуғаниевич Каримов. – Т. 15 – Т.: «Ўзбекистон», 2007. – 263-бет.

4 Қаранг: Каримов И.А. Асосий вазифамиз – ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир. Т.: “Ўзбекистон”, 2010. – 3-33-бет.

5 Каримов И.А. Асосий мақсадимиз – юртимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини қатъият билан давом эттиришдир\Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъруза 2007 йил 7 декабрь \И.А.Каримов – Т.: “Ўзбекистон” НМИУ, 2007. – 36-бет.

6 Маҳмудов Т. Инсон ва маънавият //Гулистон ж. 1997. 3-сон. - 6-8-б.

7 Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. -Т., А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993.


8 Ф. Равшанов. Миллий раҳбаршунослик: тарих ва тажриба. Тошкент, Akademiya, 2007 й. 67-бет.


9 Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. – Т.: «Адолат» нашриёти, 1997. – 8-11бетлар.

10 Каримов И.А. Адолат, ватан ва халқ манфаати ҳар нарсадан улуғ. – Т.: «Ўзбекистон» нашриёти, 1998. – Б.52.

11 Ф. Равшанов. Миллий раҳбаршунослик: тарих ва тажриба. - Тошкент, Akademiya, 2007 й. 47-бет.


12 Ҳайитов У., Умарова Н. Бошқарув психологиясидан қисқача изоҳли луғат. – Т.: “Fan va texnologiya” нашриёти, 2001. 24-бет.


13 Ўша асар. 31-бет.

14 Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Давлат илмий нашриёти. Тошкент – 2003. 635 б.

15 Ф. Равшанов. Миллий раҳбаршунослик: тарих ва тажриба. - Тошкент, Akademiya, 2007 й. 71-бет.

16 Махмудов И. Бошқарув психологияси. -Т., UNESCO, 2006. 56-бет.





Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет