Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009



бет6/9
Дата21.06.2016
өлшемі1.35 Mb.
#152900
1   2   3   4   5   6   7   8   9

2. Тарихий ёзувлар - солномалар. Шумер, Аққод, Бобил, Оссурия ва бошқа давлат ҳукмдорларининг тарихий битиклари ҳам муҳим манба ҳисобланади. Милоддан аввалги XXV асрда Лагаш давлатининг оёққа туриши, унинг ташқи сиёсати, қудратли қўшниси Умма давлати билан олиб борган кескин курашлари Эаннетум битикларида кенг ёритилган.

Милоддан аввалги VIII - VII асрларда Сарагонийлар сулоласи подшолари замонида ёзилган битиклар фақат тарихий тусга эга бўлмай, балки адабий - тарихий асар ҳам ҳисобланади. Улар чиройли услуби, оригинал ва мазмундорлиги воқеаларни батафсил тасвирлаши билан ажралиб туради. Ана шундай битиклардан бири “Саргон II нинг худо Ашшурага ёзган мактуби” ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Тарихда янги Бобил подшоларининг 140 дан зиёд битиклари мавжуд. Буларнинг аксарият қисми машҳур Навуходоносор II ва Набонидга тегишли. Уларда ҳарбий юришлар, саройлар, ибодатхоналар, шаҳар қурилишлари, совғалар, қурбонликлар ва бошқалар ҳақида тарихий маълумот берилади.

Айниқса подшоларнинг диний ёзувлари жиддий аҳамиятга эга. Бу ёзувлар ибодатхона, худо ва подшоларга бағишлаб ёзилган мадҳиялардан иборат. Милоддан аввалги VIII - VII асрда Ниневия, Кальху ва бошқа шаҳарларда 1,5 мингдан ортиқ ана шундай битик топилган.

Бундан ташқари қадим замонларда Шумер, Бобил, Оссурия ҳукумдорларига оид рўйхатлар ҳам тарихий асар ҳисобланган. Ана шу рўйхатлар ёрдамида қадимги Месопотамия подшоларининг яшаган, ҳукмронлик қилган ва тахтдан тушган вақтларини аниқ билиш мумкин.

Антик муаллифларнинг асарлари. Антик муаллифлар Месопотамиянинг табиати, об - ҳавоси, аҳолиси, диний қарашлари, урф - одатлари, маданияти, тарихи ҳақида ўзига хос маълумотларни беришади. Юнон тарихчиси Геродот ўз асарларида қадимги Месопотамия ҳақида батафсил маълумот беради. У бу мамлакат бўйлаб саёҳат қилган. Геродот асарлари асосини муаллифнинг коҳин, зодагон, таржимонлардан эшитган ҳикоялари ташкил қилади. Унинг Месопотамия ҳақидаги ҳикоялари ўта нодир, чунки у саёҳат вақтида кўрган, билган ва эшитганларини ёзган.

Географ Страбон Геродотдан сўнг 500 йил ўтгач Месопотамияга таъриф беради. Унинг “География” асари Месопотамия тўғрисида қизиқарли материалга бой манбадир.

Геродот замондоши, кўп йиллар Эронда яшаган Книдлик Ктесий ҳам ўзининг “Эрон тарихи” номли 22 китобини Месопотамияга бағишлаган. Бироқ унинг бу тарихий асари кўпроқ анъанавий афсоналарга асосланган бўлиб, воқеаларни ёритишда кўплаб хатолар ва бузиб кўрсатишларга йўл қўйилган.

Милоддан аввалги V - IV асрларда яшаган юнон тарихчиси Ксенофонт Месопотамияда бўлиб, у ҳам ўзидан сўнг “Киропсидия” ва “Анабасис” асарларини қолдирган. Унда муаллиф Дажла ва Фрот дарёлари водийларида яшаган халқлар, уларнинг урф - одатлари ҳақида анча - мунча нарсаларни ёзади.

Иосиф Флавий ўзининг “Қадимий Иудея” асарида Оссурия билан Бобилнинг Фаластин давлати билан бўлган ўзаро муносабатларини ёритади.

Рим тарихчиси Помпей Трогнинг китобида ҳам Месопотамия тарихи тўғрисида қатор маълумотлар мавжуд. У Бобил ва Оссурия тарихини анъанавий афсоналарга асосланган ҳолда тасвирлайди. Помпей Оссуриянинг босқинчилик сиёсати сабаблари, қадимда йирик империяларнинг вужудга келиш шароитлари, босиб олинган ерларни бошқариш усуллари, йирик империяларнинг ҳалокатга учраши сабабларини тушунтириши катта қизиқиш уйғотади.

Месопотамия тарихи ҳақида юнон муаллифлари Херил, Кратет, Марк Анней ва Лукан каби Рим шоирлари ҳам ўз асарларида муайян маълумотлар келтирганлар.

Миххат ёзувлари ва уларнинг аҳамияти. Месопотамиянинг қадимги ёдгорликлари билан яқиндан танишиш мақсадида XVIII асрда Дания олими К.Нибуро илмий мақсадда биринчи марта Месопотамияга саёҳат қилди, бу ердаги моддий ёдгорликлар билан танишиб, улардан нусхалар кўчирди.

1802 йилда немис олими, фалсафа ва қадимий тиллар ўқитувчиси Г.Ф.Гротефенд миххатларни дешифровка қилиш соҳасида катта иш қилди. У Персепол миххатлари сирини очиб, уларнинг Аҳамонийлар сулоласи подшоларига тегишли эканлигини аниқлади. Гротефенд 13 форс миххат белгиларини аниқлади.

XIX асрнинг 30 - 40 йилларида Яқин Шарқда узоқ вақт ишлаган инглиз зобити ва дипломати Г.Роулинсон миххатлар маъносини очишга катта ҳисса қўшди. У Ҳамадон яқинида жойлашган Беҳистун қоясига Эрон подшоси Доро I томонидан битилган кўплаб ёзувни ўқишга муяссар бўлди. 1847 йилда Роулинсон улардаги 600 белгидан 250 тасини аниқлаб, 1855 йилда Беҳистун миххатларининг элам тилида ёзилган учинчи қисмининг маъносини англашга мушарраф бўлди.

Қатор француз олимлари, чунончи Ф. де Сольси, Ж. Опперт ҳамда ирландиялик Э.Хинкс ва бошқалар Аққод миххатларини тадқиқ этдилар. Уларни ўқишда инглиз олими Э.Норрис, даниялик Н.Вестергард иштирок этишди. Бу ишлар натижасида оссуриология фанида янги йўналиш пайдо бўлди.

Месопотамия миххатлар тизимидан бобилликлар, шумерликлар, оссурияликлардан ташқари ҳурритлар, кейинчалик эламий, хетт ва урартуликлар фойдаланишган. Юқорида зикр этилган кашфиётлар туфайли оссуриология фанидан шумерология, эламитология, хеттология каби соҳалар пайдо бўлди.

Миххат маълумотларини мустақил ўрганган, Британия музейи наққоши Ж. Смитнинг номи тарихда буюк олим сифатида қолди. У миххат усулида ёзилган кўплаб адабий асарлар, илмий, диний матнларни, Аққод тилида ёзилган хўжаликка оид ҳужжатларни топди ва таржима қилди.

XIX аср охири - XX аср бошларида немис олими К.Бецольд беш томлик миххат тахтачалари каталогини нашрдан чиқарди. Э.Шредер эса – олти томлик оссур - бобил матнлари тўпламини чоп этди.

XIX асрнинг охирида Месопотамия тарихини ўрганиш соҳасида катта илмий ишлар юзага келди.



Хорижий муаллифларнинг тарихий асарлари. Месопотамиядаги ички сиёсий воқеаларни ҳамда ташқи сиёсат тарихини ўрганишга кўплаб чет эл олимлар, чунончи Д.О.Эдцард, Р.Боргер, А.Фине ва бошқалар катта ҳисса қўшдилар.

Месопотамиянинг сиёсий давлат тузумини ўрганишда Дания-Америка шумерологи Т.Якобсеннинг “Қадимги Месопотамияда ибтидоий демократия” ва «Месопотамиянинг илк сиёсий тараққиёти» мавзусидаги асарлари алоҳида ўрин тутади.

Чет эл олимлари қадимги Месопотамия маданияти ва динини ўрганишга катта эътибор бериб, жумладан К.Бецольд, Б.Майснер, Ф. Делич, Г.Винклер, Г.Шмекел, С.Крамер каби тадқиқотчилар ўз ишларида Месопотамия маданиятининг турли жиҳатларини: унинг вужудга келиши муаммолари, шумер, бобил, оссурияликларнинг қадимги шарқ халқлари маданий ривожига қўшган ҳиссаларини ёритиб бердилар. Айни вақтда Ғарб ва Америка олимлари қадимий Месопотамия ҳуқуқшунослигини ўрганишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқдалар. Бу соҳада - В.Шейль, Г.Колер, Ф.Пайзер, Г.Винклер ва бошқалар жиддий ишларни амалга оширишди.

Месопотамия тарихини ўрганишга рус шумеролог, оссуролог олимлари ҳам ўз улушларини қўшдилар. Машҳур рус олими М.В.Никольский рус оссурологиясига асос солиб, у 1908, 1915 йилларда икки томдан иборат “Энг қадимги Халдеяда хўжалик ҳисоботларига оид ҳужжатлар” илмий асарини нашр этди. Бу китобда Никольский хўжаликка оид 500 дан зиёд ҳужжатларни (милоддан аввалги III минг йилликка доир) таҳлил қилди. Б.А.Тўраев “Қадимги Шарқ тарихи” номли йирик асарини нашр этди. XX асрнинг 20 - 60 йилларида академиклар Н.М.Никольский, А.И.Тюменев, В.В.Струве ва бошқалар Месопотамия тарихи, унинг ижтимоий - иқтисодий муносабатлари, ҳусусий мулк муаммолари, давлат тузуми ва бошқа соҳаларни ўрганиш борасида катта ишлар қилишди. И.М.Дьяконовнинг илмий фаолияти марказида Месопотамиянинг ижтимоий - иқтисодий тарихини ўрганиш туради. И.М.Дьяконов 1967 - 1968 йилларда “Ҳусусий мулк муаммолари”, “Иқтисодиёт муаммолари ҳақида” деб номланган назарий мақолаларни чоп этди.

XX асрнинг 50 -70 йилларида Месопотамияни тадқиқ этиш юксак даражага кўтарилди. 1971 йилда йирик олим М.А.Дандамаевнинг “Вавилонияда қулдорлик” деган фундаментал асари босмадан чиқди. Машҳур олим М.Е.Массон Месопотамияда ибтидоий жамоадан илк синфий жамиятга ўтиш муаммолари билан шуғулланди. Н.Б.Янковская, Р.А.Грибов, Н.В.Козирева, В.И.Авдиев ва бошқалар Месопотамия тарихи ва маданиятининг турли жиҳатларини тадқиқ қилишга йирик ҳисса қўшишди.
Таянч иборалар

цивилизация, миххат, манбашунослик, тарихнавислик, коллекция, солнома, экспедиция, антик дунё, дешифровка, шумершунослик, оссуршунослик, пиктография, «Кир манифести», «Рассам Цилиндри», «Осма боғлар»
Саволлар

1. Қадимги Шарқ мамлакатлари тарихи ва маданиятини ўрганишда манбашунослик ва тарихнавислик фанларининг аҳамияти ва уларнинг фарқи нимада?

2. Қадимги Месопотамияни ўрганишда қандай манбалар устувор аҳамиятга эга?
2. Месопотамияда қадимги давлатчиликнинг вужудга келиши

(шаҳар - давлатлар)

Табиий шароит. Олд Осиёдаги мамлакатлар орасида қишлоқ хўжалиги кенг равнақ топиши учун энг қулай мамлакат Дажла (Тигр) билан Фрот (Ефрат) дарёлари ўртасида жойлашган бўлиб, уни қадимги юнонлар Месопотамия (икки дарё оралиғи) деб атаганлар. Бу мамлакат шимолда Арманистон тоғларидан бошланиб, жанубда то Форс қўлтиғигача чўзилган. У ғарбда - Сурия - Месопотамия дашти билан, Шарқда эса Ғарбий Эрон тоғ тизмалари билан чегараланган. Месопотамиянинг ўрта ва жанубий қисми текислик бўлиб, у вақти - вақти билан тошиб ерларни ўғитловчи Дажла ва Фрот дарёлари келтирган ётқизиқлар (ўғитбоп аллювийлар) дан иборат. Дажла дарёси Ван кўлидан жануброқда, Арманистон тоғларидан, Фрот эса Арзирумнинг (Туркия) шарқида, денгиз юзасидан 2 минг метр баландликдан бошланади. Дажла тезоқар дарё бўлиб, у Фротдан 750 км қисқароқ, лекин Фротга нисбатан икки баравар ортиқ сув келтиради. Узунлиги 2500 км га етадиган Фрот эса вазмин оқади. Фрот қирғоқлари Дажланикига қараганда пастроқ бўлганлиги сабабли, Фрот дарёси тошганида, Дажлага нисбатан, кўпроқ ҳудудни сув босади ва тошқин узоқ вақт давом этади. Ҳар иккала дарёнинг ўзани беш минг йил ичида ўзгариб кетган. Шумер ва Аққоднинг қадимий шаҳарлари Сиппар, Киш, Ниппур, Шуруппак, Урук ва Ларса кабилар Фрот дарёси бўйида жойлашганлар. Икки дарё оралиғининг жанубидаги Шумер ва мамлакатнинг ўрта қисмини эгаллаган Аққод иқлим жиҳатидан бир - биридан бир мунча фарқ қилган. Шумерда бошқа жойларга қараганда қиш илиқроқ бўлгани учун хурмо дарахти ёввойи ҳолда ўса олган. Аққод эса иқлим жиҳатидан қиши қорли бўлиб, ёввойи ҳурмо ўсмайдиган Оссурияга яқин бўлган.

Месопотамиянинг энг қадимги аҳолиси ўсимликлардан, ҳусусан арпа ва буғдойни мамлакат иқлимига мослаштира олган. Икки дарё оралиғининг жанубий қисмида ёввойи хурмо дарахти ва шакарқамиш мамлакат хўжалик ҳаётида катта аҳамиятга эга эди. Ёғ чиқариш мақсадида маҳаллий кунжут ҳам етиштирилган.



Аҳоли. Месопотамиянинг ўрта қисми ҳудудидаги энг қадимги манзиллар сўнгги неолит даврида вужудга келган. Мамлакатнинг ўта қадимий қабилалари ботқоқликлардаги тепалик-оролларда яшаган. Улар тупроқдан масканлар қурганлар. Атрофдаги ботқоқликларни қуритиб, энг қадимги сунъий суғориш тизимини вужудга келтирганлар.

Ўрта ва жанубий Месопотамия ҳудудида топилган қадимги давр ёдгорликларини уч маданий даврга: Шумердаги Ал – обид, Урук маданияти ҳамда Аққоддаги Жемдет - Наср маданиятига бўлиш мумкин. Бу уч маданий давр милоддан аввалги IV минг йилликни тўла-тўкис ўз ичига олади. Бу ҳудудда яшаган аҳоли овчилик ва балиқчилик билан шуғулланиб келган ва аста-секин хўжаликнинг илғор шакллари: чорвачилик ва деҳқончиликка ўта бошлаган. Бу даврга келиб қўй, эчки ва чўчқалар қўлга ўргатилган ва Олд Осиёнинг энг қадимги бошоқли ўсимлиги - буғдой иқлимга мослаштирилган. Деҳқонлар жуда содда қуроллар: айрисимон тошдан ясалган омочдан ва тиғи чақмоқ тошдан ясалган ўроқлардан фойдаланганлар. Кулолчилик. тоштарошлик ва тўқувчилик бир қадар ривож топган. Сопол идишларга турли нақшлар солинган ҳамда улар ҳайвон, қуш ва одамларнинг расмлари билан безатилган. Тошдан турли асбоб ва қуроллар: болта, омоч, пичоқ ва ёй ўқлари ясалган. Бу даврда дастлабки металл қуроллар, масалан, ясси болта пайдо бўлди. Темирчилик ривожланиши билан мис қуроллар билан бирга бошқа буюмлар, чунончи, ойна ва тўғноғичлар ҳам ясала бошланган. Қуролсизлик соҳасидаги ғоят катта ўзгариш, яъни аввал тошдан металларга, кейин мисга ўтиш ана шундай юз берган.

Жанубий Месопотамияда яшаган энг қадимги қабилаларда диний эътиқоднинг шакллана бошлаши ҳам ана шу даврга тўғри келади. Вафот этган одам ёнига идишда овқат, маржон, чиғаноқ, шунингдек, аёлларнинг лойдан ясалган ҳайкалчаларини қўйиш одати бўлган. Бу вақтда шумерийлар маданиятининг дастлабки элементлари ҳам юзага кела бошлаган. Бу давр Шумернинг қадимги даврига оид ғоят муҳим тадбирлар ўтказилган жой номи билан Урук даври деб аталади. Бу даврда хўжалик ҳаёти ва маданият янада ривожланиб, ҳужжатлар тузиш зарурияти туғилган. Шу муносабат билан ҳам содда сурат (пиктографик) ёзувлар вужудга келиб, улар ўша давр муҳрларида сақланиб қолган. Бу ёзув 1500 га яқин тасвирий белгидан иборат бўлиб, улардан вақт ўтиши билан қадимги Шумер ёзуви келиб чиқди. Қадимий Шумер – Аққод маданиятини кейинги даврда кўпроқ ёдгорлик буюмлар топилган жой номи билан Жемдат - наср маданияти деб юритилади.

Деҳқончилик хўжалиги бу вақтга келиб янада ривож топди. Деҳқонлар арпа билан буғдой ҳам эка бошлаган. Ҳўкиз ва эшак каби ёввойи жониворларни қўлга ўргатиш ҳам хўжалик соҳасида катта аҳамиятга эга бўлган. Меҳнат тақсимоти ва мехнат қуроллари ривожи туфайли ҳунармандчилик ҳам анчагина ўсди. Энди сопол идишларни кулол чархида ясай бошлаб, сопол идишларга даста ўйлаб топилди, безак ва геометрик нақшлар солинди. Турли нақш ва бўёқлардан фойдаланиш сопол идиш ясашнинг анча ривожланганини кўрсатади. Темирчилик ҳам янада ривожланган. Мис асбоб ва қуроллар суяк ва тош қуролларини тобора сиқиб чиқара бошлади. Қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчиликнинг ривожланиши савдони юзага келтирди. Энг қадимги савдо алоқалари Ўрта Месопотамия билан Шимолий Иккидарё оралиғи, Элам, Ғарбий Эрон ва Шимолий Сурия ўртасидаги алоқалар кучайишига сабаб бўлди. Савдонинг пайдо бўлиши йўл - алоқа ишларининг тараққий этишига олиб келди.

Месопотамиянинг энг қадимги манзилгоҳларидаги қазиш ишлари катта ва нодир археологик маълумотлар берди. Маълум бўлишича Аққод семитлари ва Жанубий Месопотамия шумерийлари ташқи қиёфа жиҳатидан ҳам, тиллари билан ҳам бир - бирларидан кескин фарқ қилганлар. Ташқи қиёфа ва тил жиҳатидан Сурия - Месопотамия дашти, Сурия ва Арабистондаги семит қабилаларга яқин бўлган Аққод семитлари Иккидарё оралиғига ғарбдан, шумерийлар эса Месопотамияга тоғли вилоятлардан келганлар деб тахмин қилишга асос мавжуд. Тош блокларни эслатувчи йирик ғишт тайёрлашнинг қадимги усуллари, зинапояли ибодатхона - зиккуратлар қурилиши, ниҳоят тоғда яшайдиган худоларга эътиқод ҳам шундан далолат беради. Моддий маданиятига кўра Элам қабилаларига яқин бўлган шумерийлар Месопотамияга шарқдан келган бўлиши мумкин.

Шумерийлар Урук маданияти давридаёқ Қуйи Месопотамияда яшаганлар. Аммо шумерийлар маданиятининг айрим элементлари ундан ҳам олди – Ал - Обид давридаёқ пайдо бўлган.



Деҳқончиликнинг ривожланиши. Энг қадимги даврларда вужудга келиб, милоддан аввалги III минг йилликда янада ривожланган қишлоқ хўжалиги етакчи ва илғор рол ўйнаган. Қуйи Месопотамиянинг баъзи жойларида ҳосилдор ерлар бу вақтда анча ишланган ва кўп сонли аҳоли ундан олинган маҳсулот билан таъминланган. Ларса ва Урук каби йирик шаҳар ҳаробаларининг ораси атиги 24 км эканлиги, аҳоли жуда зич яшаганлигидан далолат беради. Фротнинг ғарбидаги бепоён ўтлоқ ва даштлар чорвачилик билан шуғулланиш имконини берган. Ўтлоқларда узун ва калта шохли ҳўкизлар боқилган. Экинни суғоришда, ҳайдаш ва ғалла янчишда, шунингдек, юк ташишда уй ҳайвонларидан фойдаланилган.

Ернинг серунумлилиги, сув ҳамда дарёлар оқизиб келтирган табиий ўғитларнинг мўллиги, айниқса, деҳқончиликни ривожлантириш имконини берган. Аммо ботқоқ ерларни экинзорга айлантириш учун кўп куч сарфи талаб этилган. Даставвал ботқоқларни буткул қуритиш, сўнг дарёлар тошқинига қарши чоралар топиш тошқин вақтида дарё сувларини мамлакат бўйлаб бир текисда тақсимлаш имконини берувчи сунъий суғориш тизимини яратиш зарур эди. Шундан келиб чиқиб, Месопотамиянинг жанубий қисмидаги дастлабки жамоаларнинг вазифаси сунъий суғориш тармоқларини барпо этишдан иборат бўлган.

Ерга ишлов бериш кўп минг йиллар давомида энг оддий чопқи, ерни юмшатиш учун алоҳида мола ва ибтидоий омочдан фойдаланиб келинган. Ўримда одатда оддий ўроқ ишлатилган. Ғалла янчишда қорамолдан фойдаланганлар, мол хирмонда айланиб, бошоқларни оёқлари билан эзиб янчган.

Месопотамияда ўта қадимги вақтлардаёқ бошоқли ўсимликларнинг кўплаб турлари маълум бўлиб, булар орасида арпа биринчи ўринда турган.

Шумерийлар давридаёқ нисбатан унумдор деҳқончилик экинлари, сабзавотлар ва буғдой экиш аста - секин ривожланиб борди. Қадимги шумер тилида дала, боғ, ўтлоқ ва токзор, қўшчи ва боғбон каби алоҳида сўзлар мавжудлигидан ҳам ушбу хулосага келиш мумкин. Қадимги Месопотамияда турли сабзавотлар ҳамда мевали дарахтлардан ташқари, ўта қадим замонлардан экилган хурмо дарахти хўжалик учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Алоҳида хурмо боғлари бўлган, баъзи хурмо навлари сунъий равишда яхшиланган. Сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик бу даврга келиб хўжалик ҳаётининг асосий шаклига айланган.

Қулдорликнинг шаклланиши (милоддан аввлги III минг йиллик). Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, темирчиликнинг пайдо бўлиши ва айирбошлаш савдосининг ёйилиши ишлаб чиқарувчи кучларни ривожлантириб, иш кучига бўлган эхтиёжни оширди. Бунинг натижасида қадимги уруғчилик жамоа тузуми емирилиб, унинг харобаларида энг қадимги қулдорлик давлатлари пайдо бўлди. Милоддан аввалги III минг йилликка оид Шумер ва Аққод шаҳарлари харобаларидан топилган кўплаб маълумотлар, моддий маданият ёдгорликлари ҳам шу фикримиз тасдиғи бўла олади.

Эски қишлоқ жамоалари емирила бориши билан мамлакатда қуллар сони кўпайиб борди. Айни замонда урушларда қўлга тушган асирлар ҳам қулга айлантирилган. Қишлоқ хўжалигида ҳам қуллар меҳнатидан фойдалана бошланди. Қулчилик ўсиб боргани сари, хўжаликда қуллар сонини кўпайтириш мумкин бўлди. Шундай қилиб, қишлоқ хўжаликда қуролларни ривожлантиришга у қадар катта эҳтиёж бўлмаган.

Шумер ва Аққод жамиятида ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ҳамда меҳнат унуми ўсиши натижасида қўшимча махсулот, шу билан бирга, қулчилик кўринишида одамнинг одам томонидан эксплуатация қилиниши ҳам пайдо бўлди. Шумер ва Аққоддан топилган бир қанча ҳужжатлар дастлаб оилада юзага келган қулчилик мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Шумер қонунлари мажмуида отага ўз болаларини қул қилиб сотиш ҳуқуқи берилган. Қизларни қул қилиш ҳоллари ҳам кўп бўлиб, ҳужжатларда кўп учрайдиган “аёл нархи” ибораси қизлар сотилганидан далолат беради. Кишиларнинг қарздорлик туфайли асоратга тушиб қолиши қулчиликнинг ривожига кучли туртки бўлган. Кўпинча қарзга ботган камбағал, судхўрнинг тузоғига илиниб, муқаррар қулликка тушиш хавфи остида қолган. Шумер ва Аққод каби мустақил давлатларнинг қўшни халқлар билан олиб борган ўзаро шиддатли урушлари қулчиликнинг қадимги ва энг муҳим манбаи бўлган. Бу урушларда жуда кўп асирлар қўлга олиниб, улар қулга айлантирилган.

Қулдорлар ҳам қуллар меҳнатидан, ҳам эркин камбағаллар меҳнатидан фойдаланганлар. Синфий зиддиятлар давлат ташкил топишига сабаб бўлган. Камбағал ва қуллар оммасини итоатда тутиш учун қулдорликда ҳукмронлик аппарати, яъни давлатга эҳтиёж туғилган.



Шаҳар-давлатларнинг вужудга келиши. Шумер ва Аққод ҳудудида милоддан аввалги IV минг йилликдаёқ энг қадимги шаҳарлар вужудга келди. Бу шаҳарлар айрим майда давлатларнинг хўжалик, сиёсий ва маданий марказлари бўлган. Мамлакатнинг жанубида, Форс қўлтиғи соҳилида Эриду шаҳри мавжуд бўлган. Ур шаҳри ҳам қудратли бир давлатнинг маркази бўлиши билан катта сиёсий ахамиятга эга эди. Бутун Шумернинг диний ва маданий маркази бўлган Ниппурда худо Энлилнинг умумшумер зиёратгохи-ибодатхонаси жойлашган. Бошқа шумер шаҳарлари орасида қўшни Умма билан доим кураш олиб борган Лагаш ва Урук шаҳарлари катта сиёсий ахамиятга эга бўлган.

Милоддан авв III минг йилликнинг ўрталарида (милоддан аввалги 2540 - 2370 йилларда) Лагаш шаҳри бошида бир неча қўшни вилоятларни ҳокимияти остида бирлаштирган зўр ҳокимлар турган. Лагашнинг қўшни шаҳарлар билан олиб борган кураши вилоятларни бир марказ атрофида имкон қадар жипслаштиришни кўзда тутган. Лагашнинг иқтисодий ва сиёсий қудратига Ур - нанше ҳокимлиги даврида асос солиниб, бинобарин Ур – наншенинг дастлабки тарихий Лагаш сулоласининг асосчиси деб ҳисоблаш мумкин.

Подшо Эаннатум замонида Лагашнинг қудрати яна ҳам ортди. У Аққод давлатини ҳам Лагашга қўшиб олганидан сўнг Урни ҳам бўйсундирди. Бу билан Урнинг дастлабки сулоласидан бўлган подшоларнинг ҳукмронлиги барҳам топди. Ниҳоят, Эаннатум Урук, Ларса ҳамда Эридани Лагашга бўйсундириб, шу орқали Месопотамиянинг бутун жанубий қисмини эгаллади. Умма ҳокими Уш, Опис ва Киш подшолари ёрдамида Лагашга ҳужум қилади, аммо мағлубиятга учрайди. Эаннатум кейинроқ Элам ҳокимлари устидан ҳам ғалаба қозонади. Шундай қилиб, бу даврда Шумернинг таъсири ўрта Месопотамия вилоятларига ҳам ўтган.
Таянч иборалар

Энн, Дажла, Фрот, Месопотамия, Арзирум, пиктографика
Саволлар

1. Қадимги Месопотамиянинг иқтисодий ривожида мамлакатнинг табиий шароити қандай роль ўйнаган?

2.Қадимги Месопотамиянинг давлат тизимида деҳқончиликнинг ўрни ва аҳамияти қандай бўлган?
3. Месопатамиянинг энг қадимги давлатлари. Шумер ва Аққод

Қадимги Месопотамия кишилик маданияти ривожланган энг қадимги ўлкаларидан биридир. Дажла ва Фрот дарёси ирмоқларидан бундан 70 -80 минг йил илгари яшаган одамларнинг манзилгоҳлари топилган. Ўрта ва қуйи Месопотамия ҳудудида топилган архаик давр ёдгорликларини уч маданий даврга: Шумерда Ал - Обид маданияти, Урук маданияти хамда Аққодда Жемдет - наср (Киш яқинида) маданиятларига бўлиш расм бўлган. Бу уч маданият даври милоддан аввалги IV минг йилликни ўз ичига олди. Бу маданият даврлар Жанубий Месопотамияда энг қадимги замонларда ташкил топган давлатлардан олдин ўтган.

Месопотамия халқлари кўплаб қабилалар аралашуви натижасида пайдо бўлган. Қадимда мамлакат жанубидаги Шумер аҳолисини шумерлар, Шимолдаги Аққод аҳолисини аққодлар деб аташган.

Милоддан аввалги VIII - V минг йилликларда Месопотамия аҳолиси деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган. Бу даврнинг бошларида уруғ жамоада уларнинг мавқеи баланд бўлиб, иззат - ҳурматга сазовор эдилар.



III минг йилликда Месопотамия. Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, темирчиликнинг пайдо бўлиши ва савдонинг ривожланиши уруғчилик тизими емирилиши ва энг қадимги қулдорлик давлатлар пайдо бўлишига олиб келди. Шумер ва Аққод шаҳарлари ҳаробаларидан топилган моддий маданият ёдгорликлари, ва улар орқали аниқлангани кўплаб маълумотлар шундан далолат беради. Милоддон аввалги III минг йилликда бу жараён тезлашди. Ривожланган қишлоқ хўжалиги етакчи ўрин тутди. Қишлоқ хўжалигининг тараққий этиши аҳоли кўпайишига олиб келди. Экинларни суғориш, ҳайдаш ва ғалла янчишда уй ҳайвонларидан кенг фойдаланилар эди. Сунъий суғориш ҳам ривожланган, аммо қишлоқ хўжалик қуроллари жуда ибтидоий эди. Хурмо дарахти жиддий хўжалик аҳамиятига эга эди ва алоҳида хурмозорлар бўлган. Хурмо муқаддас дарахт ҳисобланиб, бу адабиёт, тасвирий санъат ва динда ҳам ўз аксини топди. Масалан, “Ларса ҳокими Гун - Гунум ўз подшолигининг иккинчи йилида қуёш худоси Шамашга бронзадан ясалган икки хурмо дарахтини ҳадя қилган”. Хурмо дарахтига сиғинишдан муқаддас “ҳаёт дарахти” афсонаси келиб чиққан. Шумер - Аққод давридаги муҳрларда хурмо тасвири бор эди. Месопотамияда қишлоқ хўжалиги билан бирга ҳунармандчилик ҳам ривожланган, бироқ энг муҳим хомашёлар танқислиги бу соҳа тараққиётига тўсқинлик қилди. Металл, тош ва ёғоч етишмай, улар ўрнига кўпинча лойдан фойдаланилган. Лойдан бочка, яшик, қувур, ўчоқ, муҳр, чироқ ва тобутлар ясаганлар. Милоддан аввалги III минг йилликнинг бошларида ғиштдан қурилган энг қадимги бинолар ҳам лойдан ясалган.

Ёғоч ўрнида ишлатилган қамиш энг асосий хом ашё вазифасини ўтаган. Ёғоч жуда қиммат ҳисобланган. Чорвачиликнинг ёйилиши кўйчиликни ривожлантирган.

Металл кашф этилиши асбобсозликда катта ўзгаришлар келтириб чиқарди. Месопотамия халқлари дастлаб мисдан фойдаланиб, Шумер ва Аққод тилларида “мис” сўзи кўп учрайди. Мисдан турли буюмлар, қурол - яроғ, қишлоқ хўжалик меҳнат асбоблари ясалган. Ур шаҳри ҳаробаларидан кўплаб мис буюмлари топилган. Мис хайкалчалари бўртма расмлар милоддан аввалги III минг йилликда темирчиликнинг ривож топганлинлигини кўрсатади. Кейинроқ бронза пайдо бўлиб, ривожланган.

Месопотамияда темир милоддан аввалги III минг йиллик ўрталарида пайдо бўлганига қарамай, у жуда ноёб металл бўлган. Темир Кавказ орти ва Кичик Осиёдан келтирилган деб тахмин қилинади.

Милоддан аввалги III минг йилликда Месопотамияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар шу ернинг ўзида истеъмол қилинган. Хирож ва солиқларнинг табиий маҳсулот тарзида тўлаш одати хўжаликнинг натурал кўринишида бўлганини намоён этади. Тахминан милоддан аввалги 2400 йилларда Урукагина даврида солиқлар қўй, қўзи, балиқ билан олиниб, жун тери билан ҳисоб - китоб қилинган. Махсулот айирбошлаш савдоси вужудга келган. Қул. уй - жой, экинзорлар, уй ҳайвонлари ва қимматбаҳо металлар савдосига оид сақланиб қолган шартнома матнлари ҳам шундан далолат беради. Хом ашёга бўлган эҳтиёж туфайли ташқи савдо бироз ривожланади. Шумерийлар мисни Элам, Эрон ва Оссуриядан, ёғочни шимолдан келтирганлар. Ғалла ва қорамол эквивалент вазифасини, кейинчалик қуйма металл бўлаклари пул вазифасини ўтаган. Савдо – сотиқ ривожланиши билан бирга кема қатнови ва мос равишда кемасозлик ривож топди. Карвон йўлларида ҳам савдо тараққий эта борди. Урдан кўплаб арава ва уларнинг тасвирлари топилган.

Шумер ва Аққод жамиятида ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожи, меҳнат унумдорлигининг ўсиши натижасида қўшимча маҳсулот кўпайиб, қулчилик ривожланди, дастлаб қуллар оилада пайдо бўлган. Шумерда топилган ёзма ҳужжатларда ота ўз фарзандларини қул қилиши мумкинлиги ҳақида айтилади. Хотин-қизлар тенг ҳуқуқларга эга бўлмаганлиги Месопотамияда патриархал тузум ҳукмрон бўлганлигини кўрсатади. “Аёл нархи” ибораси хотин-қизларнинг сотилганлигидан далолат беради. Лекин қулларнинг асосий қисми асирлардан бўлган. Шумерда қулларни “саг” (бир дона), Аққодда “арду” (ҳароб одам) ёки “решу” (бош) деб атаганлар. Месопотамияда милоддан аввалги III минг йилга келиб қулчилик формалари анча шаклланиб улгурган эди.

Қишлоқ жамоаларидаги мулкий табақаланиш ҳам тузум емирилиши сабабларидан бири бўлди. Бой аслзодалар табақаси вужудга келиб, улар “лугал” деб аталган. Энг қадимги синфий жамият уруғчилик тизими харобаларида пайдо бўлган. Синфий жамият давлатни вужудга келтирган. Месопотамияда қулдорлик давлатларининг мавжуд бўлганлигидан далолат берувчи энг қадимги ҳужжатлар III минг йилликка тааллуқли. Улар кичик шаҳар - давлатлар бўлиб, уларда ер фонди давлатга тегишли эди. Сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик бу давр хўжалигининг асоси бўлганлиги сабабли, давлатнинг асосий вазифаси каналлар қуриш ва сув иншоотларини тартибга солишдан иборат бўлган. Суғориш ишлари, қўшни мамлакатлар билан савдо алоқалари, доимий урушлар давлат ҳокимиятини марказлаштиришни талаб этган. Бу даврда турли амалдорлардан иборат энг қадимги маҳкамалар ташкил қилинди. Нубада - олий амалдор. Дамкор - савдо ишларини олиб борувчи шахс. Махсус омбор ёки озиқ - овқат омборини “дуггур” бошқарган. Молия - солиғ ишлари “мемким”, ҳарбий ишлар “галуку” томонидан юритилган.

Шумер ва Аққод ҳудудида милоддан аввалги IV минг йилдаёқ энг қадимги шаҳар - давлатлар вужудга келган. Бу шаҳарлар хўжалик, сиёсат ва маданият марказлари бўлиб, Эриду, Ур, Ниппур, Умма, Лагаш, Урук шулар жумласидан. Топилган кўплаб ҳужжат ва моддий манбалар улар бир қадар ривож топганидан далолат беради. Дастлаб қуйи Месопотамияда Ур кучли давлат бўлган бўлса, сўнг милоддан аввалги 2540 - 2370 йилларда Лагаш давлати қудрати ортди. Унинг иқтисодий ва сиёсий қудратига Ур - нания ҳокимлиги даврида асос солинди. Ур-нания Лагаш сулоласининг асосчиси ҳисобланиб, унинг вориси – Эаннатум замонида Лагашнинг қудрати янада ортди. У Аққод, Киш, Урни бўйсундириб, Урнинг 1 сулоласи ҳукмронлигини тугатади ва Урук, Ларса, Эридани ҳам қўлга киритади. Айниқса Умма шаҳри учун шиддатли жанглар кечди. Эаннатум, Ум, Опис ва Киш подшолари ёрдамида Лагашга ҳужум қилади. Бу жангда Умма мағлубиятга учради. Эаннатумнинг бу ғалабаси “Калхатлар лавҳаси” деб аталган ёдгорлик орқали бизга қадар етиб келган. Ёзувларда Эаннатум Киш ва Опис подшолари, шунингдек Эламни босиб олганлиги қайд этилади. Шундай қилиб, шумерлар таъсири қуйи ва ўрта Месопотамия ва Эламда кучайиб, кенгроқ тарқалади.

Энтемена - Эаннатумнинг ҳарбий сиёсатини давом эттирди ва Умма, Ур, Эрида, Ниппурда Лагаш ҳукмронлигини мустаҳкамлаш ва Элам ҳужумини даф этишга муваффақ бўлди. Ўша замонга оид тарихий ҳужжат – Энтемена ёзуви ўта муҳим аҳамият касб этиб, бу ҳужжатда дастлабки дипломатик муносабатлар, Лагаш ва Умма ўртасидаги урушлар образли тасвирланади. Ҳужжатда Энтеменанинг Умма устидан қозонган ғалабасидан сўнг тузилган сулҳ шартлари баён этилиб, ҳудудий чегаралар кўрсатиб ўтилган. Гарчи шартнома уммаликлар томонидан бузилган тақдирда уларга қаттиқ жазо берилиши кўрсатилган.

Қадимги Шумер ёзувларида учрайдиган семит сўзлари шумерликларнинг семитлар билан қадимдан алоқада бўлганидан далолат беради. Кейинчалик семитлар шумерларга тегишли ҳудудларда пайдо бўлдилар. III минг йилликнинг ўрталаридан бошлаб эса Иккидарё оралиғининг шимолида семитлар Шумер маданиятининг давомчиси бўлиб қолдилар. Семитлар бунёд этган энг қадимги шаҳар Фрот бўйидаги Аққод бўлиб, у Иккидарё бўйини бирлаштирган пойтахт эди. Аққод шаҳрининг улкан ўрни шундаки, Аққод давлати емирилгандан кейин ҳам шимолий Иккидарё оралиғида Аққод номи сақланиб қолди, жануб эса Шумер номини олди. Шунингдек, Ниппур шаҳри яқинидаги Исим шаҳри ҳам семитлар томонидан бунёд этилган. Лекин шаҳарлар ичида энг ёши– Бобил мамлакат тарихида энг муҳим ўрин тутади. Милоддан аввалги II - I минг йилликларда Бобил Иккидарё оралиғининг маданий, сиёсий, ҳамда иқтисодий марказига айланди.

Месопотамияда урушлар натижасида қулчилик хўжалиги ривожланиб, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик такомиллашади. Металлсозлик кенг тарқалади. Асосан Элам давлати билан ички ва ташқи савдо тараққий этди. Кумуш маҳсулот айирбошлашда кенг ишлатила бошланди. Дунёвий ва диний ҳокимиятни Ур – нанше сулоласининг вакиллари ўз қўлларида тутиб туриши кенг омма ва коҳинларни қониқтирмас эди. Натижада Лагашда ғалаёнлар бошланган. Подшо ҳукумати диний ҳокимиятни ҳам ўз қўлига олганидан норози коҳинлар халқни подшога қарши кўтарадилар. Ур – нанше сулоласининг сўнгги вакили Лугаленда ўз ўрнини Урукагинага топширади.

Урукагина ҳокимиятни коҳинлар ва халққа таяниб эгаллайди. Урукагина подшолар авлодиданми ёки йўқми, бу ҳақида ёзувларда маълумот йўқ. У коҳинларнинг ибодатхоналар хўжалигини мустақил идора қилишига кенг йўл очиб, имтиёзлар яратиб беради. У озод деҳқон ва ҳунармандларнинг талабларини ҳам бажариб, табақаларнинг иқтисодий аҳволини бирмунча яхшилаган.

Урукагина олти йил давомида ҳукумронлик қилди. Шу қисқа вақт ичида Лагаш анча равнақ топди. У ибодатхоналар, саройлар ва каналлар қурдирди. Бу ҳақида ёзма манбалар далолат беришича: “У ибодатхоналарнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини тиклади, у хўжаликларни ҳокимлардан тортиб олди ва худо мулки деб эълон қилди. Лагаш аҳолисини қарз асоратидан қутқазиб, экинлари поймол қилиниши, ўғрилик, ўлдирилиш каби балолардан сақлаб қолган”.

Лекин Урукагина подшолигининг еттинчи йилида Умма ҳокими Лугал - Загиси Лагашга бостириб кириб, шаҳарни вайрон қилади. Лугал - Загиси Лагаш билан чекланмай, ўзига бутун Шумер ва Аққодни бўйсундиришни мақсад қилган эди. Ёзувларда айтилишича, у Урук, Ур, Ларса ва Адабни босиб олган. Шумернинг диний маркази – Ниппур ҳам Лугал – Загиси қўл остида қолди. У ўзини Ур ва Урнинг подшоси деб ва бу шаҳарларни Шумернинг пойтахтлари деб эълон қилади. Ёзувларда Лугал - Загиси “Урукни яшнатиб юборганлиги, Урни хурсанд қилиб, бошини осмонга етказганлиги, Беббарнинг севимли шаҳри Ларсани шод - хуррамлик сувига сероб қилганлиги, худонинг севимли шаҳри Уммани баланд қудратга эришганлиги” ҳақида фахр билан гапирган.

Шумер Лугал - Загисининг 25 йиллик подшолиги даврида анча ривожланган. Бу орада Аққод ҳам анча тараққий этди. Улар ўртасидаги курашда Аққод ғолиб чиқиб, оқибатда Шумер - Аққод подшолиги таркиб топди. Саргон I жуда катта сиёсий арбоб бўлиб, у ҳақида кўп ёзма маълумотлар бизга қадар етиб келган. “Маъбуда Иштар” уни Аққод подшоси даражасига кўтарди. “Саргон” сўзи “Шарру - Кин” - яъни “ҳақиқий подшо” маъносини англатади. Шумер ва Аққоднинг бирлашуви мамлакат иқтисодий - ижтимоий ва сиёсий ривожи йўлида туртки бўлди. Суғориш тизими янада тараққий этди. Савдо-сотиқни ривожлантириш мақсадида ягона узунлик ва оғирлик ўлчови белгиланади. Саргон I “ҳар куни Саргон қошида овқатланадиган” доимий қўшин тузган. У Аққоднинг энг нуфузли шаҳри Кишни босиб оладию, бироқ унинг мустақиллигини сақлаб қолади ва ўзини Киш ва Аққод подшоси деб номлайди. Шумернинг Умма, Урук, Ур, Лагаш каби муҳим шаҳарларини эгаллайди ва денгизгача яъни Форс кўрфазига қадар етиб боради. Сўнг Эламни ўзига бўйсундиради.

Саргон Месопотамиядан денгиз орқали Арабистон ва Ҳиндистонга борадиган йўлларни ўз назорати остига олди. Саргон I Шимолий - Шарқий Месопотамиянинг Суберту мамлакатини ҳам бўйсундирди. У бутун Месопотамияни ягона давлатга бирлаштирганидан сўнг, ғарбга юриш қилиб Суриянинг соҳил бўйидаги бой шаҳарларини ўзига тобе қилади. Шундай қилиб, Сурия ва Фаластин ерларини ҳам босиб олган.

Саргон ўзини “тўрт иқлим подшоси” деб эълон қилади. Саргон I ўзининг 55 йиллик ҳукмронлиги даврида бетўхтов урушлар олиб бориб, жуда улкан империяга асос солди. Лекин бу империя жуда заиф эди. Унинг ўғли Римуш (милоддан аввалги 2315 - 2305 йиллар) ўзи ҳукмронлик қилган дастлабки даврда Шумер ва Элам қўзғолонларини бостирди. Римуш ўзини “Киш подшоси, Элам хўжаси” деб атади. У отасининг сиёсатини давом эттирди ва Аққоднинг ривожланишига катта эътибор бердию, аммо мамлакатдаги ғалаёнларни бутунлай бостира олмади. Римушга қарши унинг “ўз хизматкорлари” қўзғолон кўтариб, уни уриб ўлдирадилар. Ҳокимият Саргон сулоласидан чиққан Маништусу қўлига ўтади (милоддан аввалги 2305 - 2291 йиллар). У Эламга қўшин тортиб боради ва Аншан ва Ширухум вилоятларини қўлга киритади. У Эроннинг жануби- ғарбий қисмини ҳам босиб олади. Ички сиёсатда у давлатни бошқаришда йирик зодагон ҳамда коҳинларга суянган. Маништусу Шумер коҳинларини ўз тарафига оғдириш мақсадида уларга катта имтиёзлар берган. Масалан, “Жамаш ибодатхонасига 30 талант (1 талант – 30,3 кг) олтин ва кумуш совға қилган”. У Элам коҳинларига ҳам имтиёз яратиб, катта - катта ерларни сотиб олади ва йирик зодагонларга ва коҳинларга инъом қилади. Ҳукмдорнинг бу тадбирлари мақсади подшолик ерларини кўпайтириш эмас, балки катта-катта ҳадялар бериб, Шумер ва Аққоднинг нуфузли зодагонларини подшо саройига яқинлаштиришдан иборат бўлган.

Нарамсин (милоддан аввалги 2290 - 2254 йиллар) Аққод чегараларини янада кенгайтирди. Унинг ҳукмронлиги остида Аққод подшолиги ўз равнақининг юксак чўққисига эришди. Нарамсин ҳукумронлигининг дастлабки йиллари Урук, Умма ва Ниппур ғалаёнларини бостирди. У Сурияни эгаллаб, то Ўрта ер денгизига қадар чиққан. Шимолга юриш қилиб, Юқори Дажланинг ичкарисига кириб борган. Нарамсиннинг Дирбакр шимоли - шарқий қисмидан топилган сурати ҳам шундан дарак беради. Унинг Маган ўлкасига (Арабистон ярим ороли деган фараз мавжуд) қилган ҳарбий юриши жануб билан савдо алоқаларини ривожлантириш, янги карвон йўлларини очиш мақсадида амалга оширилган. Унга “илоҳий Нарамсин, Аққоднинг қодир худоси” деган дабдабали ном берилган. Бу мамлакат ички ва ташқи савдосини ривожлантирди. Ёзувларда Нарамсинга “Тўрт иқлим мамлакатларининг бари уни олдида бош эгади” дейилган.

Саргон сулоласининг сўнгги вакил – ҳукумдори Шаркам - шари (милоддан аввалги 2253 - 2230 йиллар) ўзидан олдин ўтган подшолар эгаллаган ерларни сақлаб қолиш мақсадида курашлар олиб борган. Ёзувларда Шумердаги қўзғолонлар, шу билан бирга аморийлар ва эламликлар устидан қозонилган ғалабалар ҳақида айтилади. Лекин шимоли-шарқда пайдо бўлган янги куч ҳам Гутийлар истилосининг олдини ололмади (милоддан аввалги 2280 - 2104 йиллар). Гутийлар тез орада бутун Месопотамияни бўйсундирдилар. Ёзувларда “қизлари гутийлар зулмидан йиғлаган” шаҳарларнинг узундан -узоқ рўйхати келтирилган. Худо Нинибга ёзилган мадҳияда гутийларнинг шафқатсизликлари тасвирланади. Бироқ Месопотамиянинг жанубий қисмида осойишталик ҳукм сурар, жануб шаҳарларининг ҳокимлари гутийлардан товон тўлаб қутулган бўлсалар керак.

Аққоднинг заифлашуви айниқса Лагаш Гудея даврида (милоддан аввалги XXVIII аср) тезлашди. Гудея қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатда бўлиб, ташқи савдони кенгайтириш, шаҳарлар қурилишини ривожлантириш ҳақида фармонлар чиқарган. Ёзувлардан бирида Нингирсу ибодатхонасини қуриш учун турли мамлакатлардан хом ашё ва усталар келтирилганлиги қайд этилади. Ибодатхоналар махсус чизмалар асосида қурилиб, архитектура ривож топган. Гудея вақти ёзувлари шумерлар маданиятининг умумий равнақидан далолат беради.

Гутийлар Месопотамияда 125 йил ҳукмронлик қилганлар. Улар қолоқ бўлган бу ҳалқни бу давр охирига келиб маданий жиҳатдан тараққий эттирган. Улар ўз ёзувларида Аққод тилидан фойдалана бошлаганлар. Лекин ҳалқ гутийларга нафрат билан қараганлар ва кўплаб исёнлар кўтарганлар. Урук подшоси Утухэгал гутийлар ҳукумдори Тириканга қарши қўшин тортиб, уни енгган. Тирикан асир олиниб, гутийлар Месопотамиядан ҳайдаб чиқарилган. Шундан сўнг мамлакатда ҳокимият Урнинг III сулоласи вакиллари қўлига ўтди. Сақланиб қолган ёзувлар бизга ўша давр хўжалиги, ижтимоий тузуми ҳамда давлат тузуми Ур подшоларининг ташқи сиёсати ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Месопотамиянинг ягона давлат бўлиб бирлашиши қишлоқ хўжалигини янада ривожланишига олиб келди. Марказий ҳукумат томонидан ирригация ишларини назорат қилиниб, янги - янги каналлар қурилган, уларнинг баъзилари ҳатто бизнинг даврга қадар етиб келган. Бу вақтда ибодатхона хўжаликлари ўрнини давлат хўжаликлари эгаллайди. Давлат ерларида асосан қуллар ва озод кишилар ишлаган. Эски қишлоқ жамоалари тарқалиб, синфий жамият табақаларга ажралган. Камбағаллар давлат ва амалдорлар қўлида ишлашга мажбур бўлганлар.

Чорвачилик ва боғдорчилик тараққий этган. Табиий равишда, қишлоқ хўжалигининг ўсиши ҳунармандчилик ҳам юксалишига олиб келди. Уша даврида йирик ҳунармандчилик устахоналари фаолият кўрсатган. Турли маҳсулот ва буюмлар билан савдо қилувчи дўконларнинг ҳисоботлари бизга қадар етиб келган. Мис ва кумуш тангалар кенг муомалада бўлган. Энг қадимги суд қонунлари мажмуасининг пайдо бўлиши ҳам марказий ҳокимият нуфузининг ошганлигини кўрсатади. Мазкур қонунлар оила ҳуқуқи, мерос, болалар ҳақида, боғларни ижарага бериш, қўриқлаш, чўпонга топширилган пода ва унинг мажбуриятлари каби масалаларга оид бўлган.

Урнинг III сулоласи вакиллари бутун Олд Осиёда қудратли Шумер ва Аққод подшолигининг ҳукмронлигини ўрнатиш мақсадида истилочилик сиёсатини юритганлар. Айниқса бу сулола Шульги даврида (милоддан аввалги 2100 - 2042 йиллар) ўзининг энг юксак тараққиётига эришди. У Месопотамия шимолида, Сурия ҳамда Эламда урушлар олиб бориб, муваффақиятлар қозонган. Ур подшолари ҳатто ўзларини худо деб эълон қилганлар ҳам. Урнинг илоҳий ҳукумдори Гинельсин шарафига бутун Месопотамия бўйлаб маросимлар ўтказилган.

Ур ҳукмронлиги тугашига яқин ғарбдан янги кучманчи-аморий қабилалари Месопотамияга бостириб кирдилар. Шарқдан Элам ва ғарбдан аморийлар ҳуружини Ур ҳукумдорлари қайтара олмадилар. Милоддан аввалги 2007 йилда сўнгги Ур подшоҳи Иби - син Мари эламликлардан енгилиб асир тушади ва шу билан Ур подшолиги тугайди.

Бироқ Ур ҳукмронлиги Олд Осиё халқларига ҳар томонлама таъсир кўрсатди. Юксак тараққий этган Шумер ва Аққод маданияти бу халқларнинг маданий ривожига хизмат қилди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет