3.Корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш йўналишлари.
Жаҳон иқтисодиётида бугунги кунда глобал молиявий инқирозлар, COVID-19 пандемиясининг таъсири, саноат ва тижорат компаниялари рақобатининг кучайиши ҳамда ҳарбий можаролар туфайли нотекис иқтисодий ривожланиш натижасида молиявий барқарорлик кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда компанияларнинг барқарорлигини уларнинг иқтисодий хавфсизлиги учун асос сифатида баҳолаш юзасидан илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Бирлашган миллатлар ташкилоти “Саноатни ривожлантириш ташкилотининг” (UNIDO) “Саноат рақобатбардошлиги индекси” (CIP) маълумотларига кўра, глобал тенденциялар кучайиб боргани сари, мамлакатлар уларга мослашишлари ва улардан стратегик фойдаланишлари керак бўлади.
Глобал тенденциялардан фақат ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга ва ишлаб чиқариш соҳасини диверсификация қилишга сармоя киритган мамлакатлар саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини оширишни қўллаб-қувватлашни самарали ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш масалаларига доир илмий тадқиқотлар натижаларини эълон қилиб келмоқда.
Шунингдек, Евросиё иқтисодий Иттифоқида саноатнинг барқарор ва мувозанатли узоқ муддатли ривожланиши учун шароит яратиш мақсадида 2021 йил 30 апрель куни Евроосиё иқтисодий Кенгаши Евроосиё иқтисодий Иттифоқида 2025 йилгача бўлган даврда саноат кооперациясининг асосий йўналишларини ва 2035 йилгача бўлган истиқболни тасдиқлади, бу учта асосий вазифани ҳал қилишни, яъни, саноат ишлаб чиқаришининг жадал ўсишини рағбатлантириш, иттифоқдош ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ривожлантириш, саноат ишлаб чиқаришининг рақобатбардошлигини ошириш белгилаб қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, халқаро миқёсда, мунтазам равишда саноат корхоналарида молиявий барқарорликни ошириш борасида илмий изланишлар олиб боришни тақозо этади.
Миллий иқтисодиётимизда саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш йўлларининг ўзига хос хусусиятлари бўйича бир қатор хорижий ва маҳаллий иқтисодчи олимлар илмий изланишлар олиб борган. Хусусан, иқтисодчи олимлар М.Қ.Пардаев ва Б.И.Исроиловлар молиявий бақарорликни корхона ўз маблағлари ва барча маблағларнинг нисбати сифатида ифодалаб, молиявий барқарорлик кўрсаткичларини қуйидаги гуруҳларга ажратадилар:
- ўз маблағлар (хусусий капитал) билан боғлиқ кўрсаткичлар;
- четдан жалб этилган маблағлар (капитал) билан боғлиқ кўрсаткичлар;
- ҳаракатдаги маблағлар билан боғлиқ кўрсаткичлар;
- асосий воситалар билан боғлиқ кўрсаткичлар;
- айланма маблағлар билан боғлиқ кўрсаткичлар.
И.Д.Мандель эса барқарор ўсиш коэффициентини ва ликвидлилик, молиявий мустақиллик, ўз айланма маблағлари билан таъминланганлик, айланувчанлик ва рентабеллик кўрсаткичларини ўз ичига олувчи унинг омилларга асосланган моделини кўриб чиқади. И.А.Павлова фикрича, корхона молиявий барқарорлигининг моҳияти “унинг шундай молиявий ҳолатидирки, унда корхонанинг хўжалик фаолияти унинг барча мажбуриятларини таъминлашга имкон беради”.
И.Н.Омельченко ва Е.В.Борисовалар фикрича, “молиявий барқарорлик - доимий тарзда бозор конъюнктураси ўзгариб бориши шароитида корхонанинг ўз молиявий стабиллигини сақлаб қолиш қобилиятидир” .
Л.Т.Гиляровская ва А.А.Вехоревалар таъкидлашича, корхона молиявий барқарорлиги тушунчаси унинг шундай ҳолатидирки, бунда мавжуд ресурсларни тақсимлаш ва улардан фойдаланиш жараёнида нафақат тўловга лаёқатлилик таъминланади, балки шу билан бирга фойда ва капиталнинг ўсишига эришиш мақсадидаги ривожланишга ҳам эришилади”.
Н.Л. Данилова корхоналарнинг молиявий барқарорлиги бўйича қуйидаги таърифни келтириб ўтади. Унга кўра “молиялаштириш манбаларининг бир қисми сифатида ўз капиталининг етарли улуши билан таъминланадиган корхона молиявий ҳолатининг барқарорлиги корхонанинг молиявий барқарорлиги дейилади”.
Профессор Т.С. Маликовнинг фикрига кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини умумий (автономия коэффициенти, қарз капиталининг концентрациялашув коэффициенти, қарз ва ўз маблағларининг нисбати коэффициенти) ва нисбий кўрсаткичлар (захира ва харажатларнинг ўз капитали билан таъминланганлик коэффициенти, молиявий мустақиллик коэффициенти, ўз капиталининг манёврлилик коэффициенти) ифодалайди.
Корхоналар молиявий ҳолатини таҳлил қилишда иқтисодчи олим, профессор Э.А.Акрамов молиявий мустаҳкамлик тушунчаси ва унинг кўрсаткичларини тавсия этган ва унга таъсир этувчи омилларни асослаб берган. Шунингдек, у молиявий барқарорлик тоифаси корхонанинг молиявий ҳолатини зарурий бир хил даражада туриши ва пасаймаслигини ифодаловчи кўрсаткич эканлигини таъкидлайди.
Молиявий барқарорлик тушунчасига қуйидагича таъриф беришни мақсадга мувофиқ деб топдик. “Молиявий барқарорлик – бу компания капиталининг тузилиши, ўз ва қарз манбаларининг нисбати, қисқа муддатли ва узоқ муддатли мажбуриятлар, ўз маблағлари билан айланма маблағлар билан таъминланишидир”. Ушбу таърифга кўра, саноат корхоналарининг маълум вақт давомида ўз фаолиятини таъминлаш, мавжуд қарзларни тўлаш ва товарларни сотишни муаммосиз амалга ошириш имкониятларини баҳолашга имкон беради. Молиявий барқарорликни баҳолашнинг мақсадларидан бири бу компаниянинг ўз мажбуриятларини қоплаш ва узоқ вақт давомида компанияга эгалик ҳуқуқини сақлаб қолиш қобилиятини баҳолашдир.
Ушбу иқтисодчи олимларнинг илмий ишларида республикамизда инвестиция фаолиятини ривожлантиришнинг илмий-назарий ва методологик асосларини такомиллаштиришнинг айрим жиҳатлари ёритилган. Буларнинг барчаси миллий иқтисодиётнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбалари ва усулларига таъсир этувчи омиллар асосида ривожланиш йўлларини тадқиқ этиш ва уларни молиявий таъминлашнинг илмий-назарий ва методологик асосларини такомиллаштириш бўйича чуқур тадқиқотларни амалга оширишни, буларни мамлакатимиз амалиётига тадбиқ қилиб инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбалари ва усулларини шакллантириш жараёнларини жадаллаштириш лозимлигини талаб қилади.
Бугунги кунда саноат корхоналарининг маълум вақт давомида ўз фаолиятини таъминлаш, мавжуд қарзларни тўлаш ва товарларни сотишни муаммосиз амалга ошириш имкониятларини баҳолаш лозим. Молиявий барқарорликни баҳолашнинг мақсадларидан бири бу компаниянинг ўз мажбуриятларини қоплаш ва узоқ вақт давомида компанияга эгалик ҳуқуқини сақлаб қолиш қобилиятини баҳолашдир. Шу билан бирга, у қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш керак:
- корхонанинг молиявий барқарорлигини объектив баҳолаш;
- корхонанинг молиявий барқарорлигига таъсир қилувчи ички ва ташқи омилларни аниқлаш;
- корхонанинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган зарур бошқарув ечимларини таклиф қилиш.
Иқтисодиётнинг бозор ўзгариши шароитида корхоналар фаолиятига мураккаб ташқи ва ички омиллар таъсир кўрсатади. Корхонанинг молиявий ҳолати кўрсаткичларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва прогноз қилишда анъанавий ёндашувлардан фойдаланиш етарли эмас. Шунга кўра, корхонанинг бошқарув ходимлари бир қатор молиявий кўрсаткичларни, асосан молиявий барқарорликни аниқлашнинг янги, замонавий усулларини излашлари зарур.
Узоқ муддатли истиқболда корхонанинг ривожланиши нафақат унинг пул маблағлари ҳолатига, балки бозор шароитидаги ўзгаришларнинг прогноз қилинган динамикасига ҳам боғлиқ. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, молиявий барқарорлик корхонага компаниянинг ўз молиявий ресурслари етарли бўлмаса, қўшимча капитални ривожлантириш ва жалб қилиш имкониятини беради. Бироқ, қўшимча қарз капиталини жалб қилиш баъзи омиллар билан чекланиши мумкин, масалан, молиявий Левераж даражасига бўлган талаб. Корхона маблағларининг исталган вақтдаги ҳолати статик кўрсаткичдир. Молиявий барқарорлик молиявий ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланадиган ҳар бир томон учун жиддий аҳамиятга эга. Ушбу фаолиятнинг аҳамияти 1 – расмда кўрсатилган.
1-расм. Мамлакатимизда корхоналарнинг молиявий барқарорлигини баҳолашнинг аҳамияти.
Ушбу ёндашув доирасида корхонани баҳолашда унинг молиявий барқарорлигининг асосий мезонлари мутлақ кўрсаткичлар (фойда, капитал ва бошқалар ҳисобланади.) ва нисбий (капиталнинг рентабеллиги, фаолиятнинг рентабеллиги ва бошқалар.). Шу билан бирга, ликвидлик, рентабеллик, тўлов қобилияти кўрсаткичларининг ошиши ҳар доим ҳам молиявий барқарорликнинг мустаҳкамланишини кўрсатмаслигини ёдда тутиш лозим.
Бу қуйидаги омиллар билан боғлиқ: фойда ўсишининг юқори даражаси кўпинча хавф даражасининг ошиши билан бирга келади, бу молиявий барқарорликнинг пасайишига олиб келади, ликвидлик, рентабеллик, тўлов қобилияти кўрсаткичлари узоқ муддатли характерга эга эмас, яъни.стратегик ривожланиш йўналишини акс эттирмайди. Улар фақат қисқа ёки ўрта муддатли истиқболда компаниянинг ривожланиш имкониятларини намойиш этади. Шунинг учун узоқ муддатли истиқболда молиявий барқарорлик тушунчасини таҳлил қилиш учун корхонанинг ташқи муҳит билан муносабатларини ҳисобга оладиган кўрсаткичлардан кенгроқ фойдаланиш керак. Молиявий барқарорлик даражасини баҳолашда ишлаб чиқариш ва иқтисодий фаолият самарадорлигини тавсифловчи кўрсаткичлар муҳим аҳамиятга эга эмас, уларнинг асосийлари фойда ва рентабеллик даражаси ҳисобланади. Молиявий ҳолатнинг барқарорлиги корхона фаолиятининг барқарорлик даражасини таъминлашга имкон беради. Бу кўрсаткич бир қатор омилларга, биринчи навбатда, корхона ресурсларидан фойдаланишнинг мавжудлиги ва самарадорлигига боғлиқ: моддий, меҳнат ва пул. Моддий ва пул ресурсларининг оқилона комбинацияси корхонани ривожлантириш бюджетини ишлаб чиқиш ва бажариш имконини беради. Бу омил фойда ва капиталнинг ўсишига ёрдам беради. Молиявий барқарорликнинг таркибий қисмлари 2-расмда кўрсатилган.
Достарыңызбен бөлісу: |