Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси қ ғ ҳ ў Ноуман Смайлз



бет11/13
Дата27.06.2016
өлшемі0.91 Mb.
#161886
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13

Берке тилмоч Сўғднинг Манихеан Шаҳзодаси билан шунча кўп вақт бирга яшадики, натижада унинг барча урф ва одатларини қабул қилди. Эндиликда у кунни Ёруғлик Худосига ибодат қилиш билан бошлайди, сўнг Буюк Хабарчининг Муқаддас Китобини ўқийди, кейин пешонасидан чиқадиган ички бир нур ичра тафакурга чўмади, ундан кейин кундузги ибодатга ўтиради, сўнг...

Уларга ҳеч ким ҳалақит бермайди, чунки улар барча Манихеан китобларини таржима қилишган ва эндиликда бу иш ниҳоясига етиб, уни Ҳукмдорга узатилгач, Берке тилмоч таржима жараёнида ташлаб кетган баъзи тушунмовчиликларнинг асл маъносини англай бошлайди, лекин уларни тўғрилашнинг имкони йўқ. Ҳақиқатда ҳеч ким уни очиб беролмаган, чунки матнни ўқиш бошқа, унинг ҳаётга тадбиқ этиш бошқа бир ишдир.

У ҳозир Сўғд Шаҳзодасига ўхшаб қолган: жуфтликлар ҳаётларининг сўнггида бир хил бўлиб қолишади - умумий иш, умумий эҳтиёж, умумий фарзандлар уларни бир хил қилиб қўяди. У нурга тўлган кўйи ўзининг Берке тилмочлигини ҳам унутиб қўяди баъзан, ўзини ибтидоий одамлар орасидаги нотаниш Шаҳзода каби кўради. Фақат Ҳукмдори - Доно Тонгюқуқ бу туйғуларни қўллаб қувватлаб, унга завқ бағишлайди... *Ҳамма нарса Тангрининг иродаси билан бўлади*, дейди у.
115.
Мен буни ҳали ҳаммаси бошланмасидан бурун Венециядалигимда *Quaderni di Studi Euroasiatici* да ўқигандим. У касбимнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлгани учун ҳам ҳисобга олиб қўйгандим. Ўша пайтда гап нима ҳақда эканини билганимда эди! Афсус, у бир бокира кунлар бўлган, ўшанда мен Марказий Осиёни тадқиқ этиш бўйича Европа Семинарида таржимонлик қилар, шу орада бундай йиғинларга бажонидил қатнашиб турадиган ёш ва келишган бир олимани (e chiaro che per divertissamento) ахтарардим.

Бироқ ширингина юзнинг ўрнига мени Шинжон сафарига ишга таклиф этган Лук билан кўришдим.



У глобал геополитикага ёхуд маҳаллий чегара муаммоларига оид зерикарли маърузаларни тинглагани эмас, балки Венециядаги шахсий кутубхоналарда маълум ва номаълум венециялик сайёҳларнинг Даштга боғлиқ қадимий қўлёзмаларини ўрганиш мақсадида келганди. Шарққа оид бирор иловага дуч келган чоғларда мендан таржима қилишда ёрдам сўрарди. Бу муносабатларимизнинг муқаддимаси бўлди. Афсуски, ўша иловаларнинг мазмунини аниқ-тиниқ эслолмайман, чунки уларнинг кўпчилигида Мўғул хонларини кўкларга кўтариб мақталган ва уларнинг сайёҳ руҳонийларини ва аксинча руҳоний сайёҳларини хафа қилдириб қўймасликлари тўғрисидаги ваъдалари битилганди. Бироқ улардан бири миямга қаттиқ ўрнашиб қолган ва эндиликда бунинг маънисини тушуниб етгандайман.
Бу қадимги уйғур тилидаги бир мактуб бўлиб, саҳифанинг тўртдан бирида эгри ҳарфлар юқоридан пастга қараб тизилган, гўёки ҳарфлар осмондан ерга учиб тушаётганга ўхшарди. 13-асрда дараксиз кетган дея саналган венециялик сайёҳ бу мактубни уйғур қамоқхонасидан ёзган ва 18-асрнинг ўрталарида яна бир италиялик сайёҳ уни бошқа қўлёзмалар билан бирга Ҳўтан бозоридан сотиб олган. Асирга тушган сайёҳ маҳаллий халқ ҳақида ёзиб қолдирганди:
*Ҳаётимда биринчи бўлиб дунёдаги барча маълум динларга эътиқод қиладиган халқни кўрдим. Бунда манихеан ва сарацинларни, оловга сиғинувчилар ва несторианларни, буддист ва ламаистларни, шомон ва иудаистларни учратиши мумкин. Уларнинг бари бир хил тилда сўзлашади, бир хил турмуш тарзига эга, фақат эътиқоди бўлак. Бунга қандай қилиб эришилди? Умуман, бу мумкинми? Мен бу ҳодисанинг илдизларини ўрганишга киришдим: бу ҳаддан ташқари чидамлилилк, беэътиборлиликми ё адашган сир-синоатми? Уларнинг фикрлаш йўсинига кириб бориш учун бу халқнинг тилини ўргана бошладим ва тез орада унинг сўз ўзагига ўхшаган бир неча асосий элементлардан иборатлиги ва бир қанча функционал қўшимчалар ёрдамида биргина асосий элементдан кўплаб турли маъноларни ясаб олиш мумкинлигини аниқладим. Бу мантиқ ва тартиб мени қўрқитиб юборди. У Даштдаги ягона қора доғдан катталашиб-катталашиб пайдо бўлган минглаб кишилар ўрдасига ўхшарди. Бу сизга отилаётган сонсиз ўқ-ёйлар демакдир. Бу Даштнинг ўзи каби миллиард қум зарраларининг бу дунёнинг ишончсиз боғларига томон сурилишига ўхшарди... Гўёки кўк жангчилари бошимизга ёғилиб тушаётгандай.

Мен буни бир лаҳзалик сирли тушдай кўрдим ва шу совуқ зиндонда нега ҳаётим якун топганини яхши билардим. Гарчи бу халқ орасида ўттиз ёилдан ортиқ умр кечирган эсам-да, бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмайман. Бир нарсани аниқ биламан: бу анча аввал бошланган, лекин жуда узоқ давом этажак. Айтадилар-ку: *Ҳамма нарса Тангрининг иродасига боғлиқ. Омин!*
Май кунларининг бирида, кечқурун Понте Риалто яқинида Лук билан ғаройиб ширинликни *Muscato Siciliano* билан қўшиб еб ўтирарканмиз, ўша асирга тушган сайёҳнинг аниқ нимани назарда тутганини муҳокама қилардик. Унинг ҳар бир сўзига урғу беришга интилсак-да, лекин улар *бетартиб йўлакли боққа* ўхшар, бу эса икки йил асирликда ёлғиз яшашни ва ўша қадимги уйғур тилида ёзилган венециялик мактубининг асл маъносини билиб олишни талаб этди...
116.
Йўқ, адашмадим, бугун асирлигимнинг роппа-роса бир юзу ўн олтинчи куни.

Ли қишлоққа қайтганидан кейин жангарилар сони ортганини сездим. Улар ўртасида нима содир бўлганди? Шуни айтишим керакки ишончсизлик асирликдаги энг ёмон нарсадир. Ўз шубҳаларингга ғарқ бўларкансан, кейинги лаҳзада юқорига сузиб чиқасанми йўқми билолмайсан. Бу мен учун хавфлими ё хавфсиз? Лига нисбатан қандай муносабатда бўлмоғим керак?

Аввалги куни у толибонлар ҳақида сўраганида, уларнинг большевикларга ўхшаб бир кечада ўз жамиятларини ўзгартиришни исташганини айтганимда, хахолаб кулиб юборганди. Бундан руҳланиб, айтдимки, афғон жамияти қашшоқлашиб боряпти, бу қаймоғи олинган сутга ўшайдики, у қаймоқнинг ҳам юпқалигига шубҳа йўқ. Ли бу фикрни ҳам маъқуллади. Мен гапимни давом эттириб, толибонларнинг ўзларига ишончлари ҳаминқадарлиги сабабли алданганликларини айтдим. Лекин улар ёш бўлиб, шунинг учун ҳам а) радикал, ҳатто эронлик Оятуллоҳлар улар олдида тиш-тирноқсиз шерга ўзшайди; б) янги келганлар, улар келгуси йигирма йилда ҳукмронлик қилишлари мумкин; в) ноанъанавий тарзда ҳамма нарсага қизиқувчан ва руҳонийлик нуқтаи назаридан исталган муаммони муҳокама қилишга тайёр; г) интилувчан ва шу боис ишонтириш қийин ва ҳоказо...

Мундай олиб қараса, бу сифатларнинг аралашмаси қайсидир даражада Лида ҳам акс этганди. Чунки охири у юз қиёфасини ўзгартирмасдан *Биласанми, Толибон ҳудудларида уларнинг тайёрлов базалари мавжуд*, деди ва давом этди: *Лекин сен қайдларингда ўз кузатишларингдан фойдалансанг бўларди*.

Бу нима дегани: қўрқувми ё шунчаки бир маслаҳат? Бунга ўхшаш арзимас баёнотни ўнлаб бошқа миллат ва жамиятлар тўғрисида айта олган бўлардим. Масалан: бўлмоқдан кўра туюлмоқ муҳимроқ бўлган французларнинг ичи бўшлиги, ҳеч қачон кўрсатмайдиган, лекин қиладиган немисларнинг мустаҳкам ички дунёси, ўнта имкониятдан бири таваккалли бўлса ҳам ҳеч нарса қилмайдиган инглизларнинг эҳтиёткорлиги, Эллин илоҳиётини Семитик православиега айлантирган греклар, арабларнинг такаббурлиги, жанжалкаш руслар, ўзини камтар озчиликдай кўрсатадиган бир рим миллиард хитойликлар...Бас! Етар энди. Лекин уларнинг бирортасини ўз ўрнимда кўришни истардим, ҳа менга ғамхўрлик қилмайдиган, аксинча ўша адашган Ли ва унинг шайкаси билан бир юзу ўн олти куним устидан босим ўтказадиган ақалли бирортасини...
117.
Ниҳоят Венецияда (кўнглимнинг ёлғиз юпанчи!) ўзимнинг bella ragazza мни топдим. У провинциялик итальян қиз бўлиб, даврлар ва йўллар туташган Чўрраҳа - Иосиф Бродский қатнашган Халқаро анжуман иштирокчиси эди. Гарчи шеъриятнинг катта шайдоси бўлмасам ҳам, аёл кўнглининг нозик торларини чертиш йўлида ундан қандай фойдаланишни биламан. Қолаверса, бир гал Бродскийга Нью-Йоркдаги адабий симпозиумда таржимонлик ҳам қилганман.

Мен ўзимни илҳом оғушига олган дамларда жуда ёқтираман. Дабдабали қайиқда ўтирарканман, бу дунёда ҳар ким ўз исмининг сеҳрли меросини кўтариб юришга маҳкум дея бадиий ўқишга берилиб кетаман, шунга ўхшаб, Бродскийнинг ҳаётида ўз Ватанининг турмасидаги қудуққа ташланган Соҳибжамол Иосифнинг аксини кўриш мумкин, кейинчалик у ўз мамлакатидан ташқарида шуҳрат топди ва аввал душман бўлган биродарлари унинг куч-қудратини тан олишга келишди. Герцоглар саройи ва турма ўртасидаги Чуқур Нафас Кўпригидан ўтганимизда, айтганимдай, денгиз юзасига чиқдик. Мен Салтанатлар мавзусига батафсил тўхтала бошладим ва қолган бошқа барча империяларга қарши ўлароқ, совет империяси бўш ҳокимият устига қурилган мафкуравий ва қуруқ империя эканини айтдим. Бу хаёлий бир империя эди. Шунинг учун ҳам ёзувчиларнинг роли унда ғоят буюк эди. Ўша буюк куч устидан ғалаба қилишнинг кўпгина йўллари бор эди ва уларнинг бирини Бродский топган: унинг эркин хаёллари рус шеъриятининг анъанавий шаклига қарши қўйилган. *Ўз хоҳишига қарши бориш*дан холилик унинг шеъриятига хос асосий қоида эди.

Булар чиндан ҳам мен Нью-Йоркда таржима қилганим Бродскийнинг ғоялари эди, лекин Марселлам учун улар қандайдир янгилик бўлди. У буларнинг барини халқаро анжуманда ҳамкасблари билан ўртоқлашиш учун ёзиб олди. Қайиқчи бизни суратга тушишга таклиф қилганида, у жон деб тезроқ ундан қутулиш учун фотоаппаратини тутқазди ва ДНК тузилиши ҳақидаги сўзларимни бошлаганча, Гранд Канал томонга бурилиб кетдик. Биласиз, касбим туфайли кераксиз билимларга тўлиб тошганман: масалан, ДНК чизиғи тўрт унсурдан ташкил топганлигини биламан, булар ДНК занжирини юзага келтирадиган сульфонатлар, спираль ҳосил қиладиган иккита бир-бири билан боғланган занжир ва бу спираллар бўзаро боғланиб ҳаёт асоси учун тўртинчи босқични ташкил қилади. Бродский шеърияти ҳам шунга ўхшайди...

Марселла мендан ДНК тузилишини чизиб беришни сўради. Мен унинг расмини ҳеч қачон кўрмагандим, чунки фақат сўзларни таржима қиламан холос, шу боис олдиндан тайёргарликсиз, Венеция дарё ва каналлари схемасини чиза бошладим, бироқ Марселла бундан бехабар, нақадар ўзини бахтиёр сезарди...

Шу орада майин шабада суҳбатимизга қўшилишни истаган кўйи сочларимизни тортқилай бошлади.
Қайта эслаётганим учун маъзур тутгайсиз, хуллас ўша куни гапларимиз бир-бирига уланиб-уланиб, балки суюклигим Венецияда ҳозир ҳам сув узра учиб бораётган қайиқдаги ажойиб ҳаётимиздан эсдалик суратларни ва фотоаппаратни унутиб қолдиргандик... Сўзлар, сўзлар, сўзлар...

118.
Билга-Ҳоқон ўлди, лекин қўшни ҳукмдорларнинг биронтаси ҳам ўз элчиларини унинг жанозасига юбормади. Аслида унинг ўлими ҳатто очиқ эълон ҳам қилинмаганди ва ҳокимият тўғридан-тўғри Побека бошчилигидаги ўғил Йўллук қўлига ўтган, шунга қарамай Доно Тонгюқуқ салтанатда содир бўладиган ҳамма нарсага жавобгар эди. Салтанат чўкиб борар, Тонгюқуқ буни билса-да, лекин тўхтатолмасди: бош бўлмаган жойда ҳеч нарсани бошқариб бўлмайди...

Неча кунки чодирида ўтириб, Катта Қайтишнинг стратегияси ҳақида хаёл қилар, аслида буни аллақачон бошлаб қўйганди: бошқа бир кун Берке-тилмоч Сўғднинг манихеан шаҳзодаси билан бўлган баҳснинг ўртасида ўлади, ҳақиқатда эса ўлган киши Берке эмас, балки Шаҳзоданинг ўзи эди ва Тонгюқуқ ва Беркедан бошқа ҳеч ким буни билмасди. Энди, Ёруғлик Шаҳзодаси зиндонга ташланди, унда ўз эътиқодини ўзгартириши мумкин, динни янги қабул қилаётганларга оддий оғриқ ва азобдан-да кучлироқ бошқа нарса даъват қилмайди. Берке ўзини бағишлаганларнинг ички жамосини тузиш кераклигини яхши биларди ва унга бўйсунганларнниг барчаси ўзларининг беш кишилик ибодатхоналарини ташкил этишга киришишади ва уларнинг ҳам ҳар бири бошқа бештани ўз қўл остига олган бўларди. Фақат юқори қисмигани пастигача бўлган ҳамма нарсани биладиган пирамида...

Биргина Ичи Лянг Салтанат юз тутаётган тартибсизликка қарши мажбурий фан сифатида яқинда эълон қилинган ҳарбий санъатлар билан машғул эди...


Собиқ Салтанатнинг ҳар бир собиқ асири буни қўллаб-қувватлаши керак эди...

119.
Балки сиз Кўк Туркларитўғрисида батафсил маълумотни қаердан олганлигимни ўйлаётгандирсиз? Асосан шу ерда ва мана шу душманлик ҳолатимда. Шинжонга қилган биринчи сафаримдан кейинги икки йил давомида ўқиганларимни эслапман холосми? Қисман, ҳа, лекин бу фақат шундан иборат эмас. Ли билан бўлган узундан-узоқ суҳбатлар ва унинг хитой манбалари билан танишлиги менг ақўшимча билим берди. Лекин сизга ҳали энг асосий нарсани айтганим йўқ: тўрт ярим ойча бурун ахири Шинжонга қайтиб келдим ва агар эсингизда бўлса, Ўлик Шаҳардаги тошларнинг нафақат суратини олдим, балки яна бошқа нарсаларга ҳам эга бўлдим. Ва бу ҳозир ёнимда турибди...


120.
Тугалланмаганлик белгиси ҳар қаерда бўлади: ҳаёт рамкага солинган расмга мос келадиган адабиёт эмас. Ҳақиқий ҳаётни гапириб берсанг, у мойбўёқ билан ишланган суратдаги ҳайкал бўлагига ўхшаб қолади: ё оёқ юзадан суғуриб олинади, ё мармар бўлаги рамкага келиб урилади. Лекин аслида ҳаёт бундан ҳам баттар: у қаҳрамонлар сонини ҳисоблаб ўтирмайди, ёхуд уйғун ҳолатларни пойлаб юрмайди, ҳеч нарсага эътибор қилмай давом этаверади: Лук қамоқхона осудалигида ғойиб бўлади, Фиона ишқий ҳикоямнинг қоқ ўртасида йўқолиб қолади, Зев ўзининг Шиа Чангига етишолмай ҳалак, сиз билан менинг атрофимдаги яна қанчадан-қанча исмли ва исмсиз одамларни ҳисобга олсакми... Ҳатто Ли сўнгги бир неча кун ичида мени ташлаб кетди ва фақат ёғ босган қария яқинлашиб келаётган ўлим қиёфасида кибру ҳаво билан кезинаркан, ўз деворини тиклай боради: тош устига тош...
Эски ҳаётимга қайтармиканман ва ё бу кампир билан қоронғиликка қамалиб қолиб кетаманми? Ҳаётим ҳамма нарса ва ҳар кимники каби дунёдаги энг бўлмагур жойда якун топадими?
121.
Ҳаётнинг ўзи ҳаққи ҳеч қачон яшолмаган бўлардим. Ҳатто Венециядан кейин, Марселла она юрти Лидо ди Жессолога таклиф қилганда ва вақтимизни Адриатика денгизининг қирғоқларида хуш ўткизган онларимизда ҳам ҳаётимда нимадир етишмаётгандай туюлаверди. Аввалига буни қўлимнинг калталигига йўйдим, лекин баъзан чўнтакда пулнинг йўқлигига умуман эътибор бермай қўяркансан киши ва Ремарк айтганидай, қарзга яшайверасан. Бу турмуш тарзингга айланади. Бу ҳали пулнинг йўқлиги ҳақида эмас. Ундан-да чуқурроқ. Тасаввур қилинг, қирғоқда денгиз тўлқинлари қуршовида аста юриб кетяпсиз, лекин негадир ўзингизни шу учун бахтиёр сезмайсиз. Ҳеч нарса учун бахт бўларми? Ахир сиз бахт нимадир учун бўлишига ўрганиб қолгансиз: кўпроқ пул, яхши иш, яхши бошқариладиган юмуш ва бу боғлиқлик иккинчи ўзингизга айланади, ўзингиздан ҳам кучлироғига. Шунга ўхшаб мен ҳам ўзимдаги ҳокимлардан қутула олмадим.

Ҳа айтганча, айни ўша кунларда Венецияда ўтадиган *Қай бир инсониятга қайси Худо?* дея номаланувчи яна бир йирик анжумандан қолдим. Унга асосий таржимонлардан бири сифатида таклиф қилингандим. Ўзим кўздан кечириб чиқишим лозим бўлган мавзулар ҳануз эсимда: *Динлар ва диндорлик*, *Дин ва инсоният*, *Дин ва бошқа эътиқодлар* ва яна бир бор мабодо мавзулар икки ярим йил ичида назарий йўлдан-да ортиқроқ бир йўсинда ортимдан эргашиб юришини билганимда, Жессолодаги уруш-жанжални минг карра афзал билган бўлардим.


Лекин бу сафар ҳам ноҳақ эканман. Ҳозир буни эслар эканман, ўзимни бахтиёр ҳис этяпман. Худди ҳаётингиз сизга берухсат ёки ўзингизнинг бехабарлигингиз сабабли берилгани каби, бахтсизлик ҳам шундай, ҳеч кутилмаганда қаршингиздан чиқиб туради. Шунда ўсиб кетган соқолингиз жангарилар ҳарбий форма ўрнига берган ўқув кийимига ишқаланишига, исланиб кетган тўзғин сочларингизга, умуман, ҳеч нарсага эътибор бермай давом этаётган ҳаётдан миннатдор бўлиб кетасиз...

Нега ўтмиш хотирада бу қадар илиқ ва ширин ҳолда сақланиб қоларкин? Сиз уни яшаб ўтгансиз, лекин ўша маҳал унинг ширинлигини мутлақо сезган эмассиз, тўғрими? Ҳатто ҳозир яшаётган ҳаётингизнинг нечоғли ширин эканини-да сезмаяпсиз. Балки қоронғида ёлғиз ўтирганингиз, қари ўргимчак тошдан тўр тўқиётган, ҳаётингиз ва ўзингиз ўртасида ҳеч нарса мавжуд бўлмаган ушбу дақиқалар ўтмиш-бугун-эртангиздаги энг яхши кечган фурсатдир ва сиз уни ҳозирнинг ўзида қадрига етмаётгандирсиз балки? Бу фақат тўрнинг навбатдаги уяси каби кейинги тошдир ва ё аввалгисининг ҳақиқий қимматини кўрсатиб берадиган қаёдларнинг навбатдаги боби бўлса не ажаб? Лекин келаётган кунда яна қандай кўргуликлар бизни кутиб турибди экан?

122.

Бугун мажбурий байрам ибодатидан кейин хонамга қайтиб келсам, қайдлар дафтаримнинг охирги саҳифасига Ли инглиз тилида бир парча ёпиштириб кетибди:


*Қирғиз оқини Тардуш Инончи Чўр тулки овловчилар тегмаган ягона хабарчи эди. Уни телбага чиқариб қўйишган , сабаби у ўз сўзларини тошга ўйиб ёзишларига тоқат қилолмаган ва шундан буён қайтиб бирорта сўз ёзмаган эди. Доно Тонгюқуқ ўзининг Катта Қайтишини бажарар экан, яхшироқ жосуслик қилиш учун ўзини телбагаликка солиб юрибдими-йўқми, шуни аниқлаш учун Тардушни ҳузурига чақиради. Инончи Чўр ҳар галгидай жим ва ғамгин эди.

У ўз аксини қария орқасида кўрганча Тонгюқуқнинг қаршисида турарди. *Мунча катта ойна* дея ўйлади у, тушими-ўнгими? Лекин бирдан унинг акси Бахши дуосини куйлашга тушди:
*Бизнинг Хонимиз Қизил Тоғнинг устида! Муқаддас Биби Марям Ҳўкиз Тоғнинг устида! Муқаддас Ҳўкиз Қўчқор Тоғнинг устида! Муқаддас Инсон, кел, Катта Буғудан чиқиб кел, Ердан чиққан Аждаҳодан чиқиб кел! Агар *Ўлик!* десам, *Ўлик!* де! Агар *Тирик!* десам, *Тирик*! де...
БеЧўра Тардуш Инончи Чўр аждаҳо қаршисидаги қўзичоқдай қалтиради ва акси куйлашни тўхтатган заҳоти қўрқувини ичига ютиб, бўғиқ овозда қичқира бошлади, чунки узоқ муддат овозини чиқармай юрганди.
*Осмон Шоҳининг ўғли бир куни Ерга тушди. У дунёнинг икки қисмидаҳам назорат ўрнатишни истаганди. У ер остидаги етти қатлам орқали ўтиб, уларни ва уларнинг қўриқчиларини истило қилди. Лекин Ер ости Шоҳининг Қизи Қора Тулкига айланиб, ёш йигитларни Ер остига олиб тушди ва отасининг жамғармасини кўпайтириб, уларни ўлдирди. У Осмон Шоҳининг Ўғлини товланувчи рангин терисига ошуфта айлаб, ўзига оғдириб олди. Ўғил ҳам унга ошиқу беқарор бўлди. Лекин қиз севгиси учун унинг жонини сўраган эди, ўғилнинг оти пишқириб, сакраб юборди. Шунда қиз жоннинг ўрнига унинг отини сўраганда, Осмон Шоҳининг ўғли шундай деди: *Бир йигитда бир жон, бир севги ва бир от бўлади, агар у бир учун иккини берса, ўзида бор ҳамма нарсадан айрилади!* Шу сўзлар билан ўз севгисига якун ясади ва отини бўш қўйиб, тубсиз жарликка қулади ва унда ўлим топди. Шундан буён Қуёш от чоптириб, Тун эса Қора Тулкидай момиқ юлдузларнинг ранглари билан ўйнашиб юради, бироқ улар ҳеч қачон бир-бири билан кўришмайди...*
*Нақадар чиройли, шундай эмасми?* - деб ёзганди Ли сўнггида, лекин мен ҳикоянинг гўзаллиги ҳақида эмас, кўпроқ унинг таг маънолари тўғрисида ўйлаётгандим ва улар сероб эди...
123.
а) Ли қайд дафтаримни қаердан топиб олди?

б) ундаги ҳамма нарсани ўқиб чиқдими?

в) агар буни инглизча ёзишнинг уддасидан чиққан экан, хўш, нимани даъво қилади, нега?

г) нимага у билан ҳануз сичқон-мушук бўлиб юрибман? Бошқа нима қила оламан?

д) яна бирор нарса ёзишим керакми ва ё шу ерда ҳаммасини тўхтатишим?

е) агар Ли ва кейинроқ уларнинг барчаси ҳаммасини билган бўлса, нега давом эттиришимга изн беряпти, нега эртароқ ўлдириб юборишмади? Уларга нима учун керак бўлиб қолдим?

ж) мени ўзларининг йилномачилари сифатида тутиб туришибдими, бошқа қанақа тушуниш мумкин, бир хил овқат еб, бир хил хавф остида туриб, бир хил ҳаёт кечириб, уч ойдан ошиқ вақтни ўтказдим, ҳали уларнинг бири эканимни ҳис қилганимча йўқ, улар ҳам меин ўзларининг бири эканини сезишмайди... Ли мени жосус дейди, шундай экан нега мени ўлдиришмайди?

з) Ли менга маълум ҳамма нарсадан хабардорми? У мени кузатган ҳолда мен билан бир хил турмуш кечирди, бирга ухлади, бирга овқатланди, бирга гаплашди, мана энди ҳатто ёзганларимни ҳам ўқиб юргани аён бўлди...

и) ...
Бас, агар бу Поличино сири бўлса, у ҳолда яшириниб, хитойчани инглизчага аралаштириб, бузуқ инглизчада ёзганларимнинг маъниси қайда қолди? Бу бемаъни нарсани ёзишни тўхтатишим керакми?
124.
Мана энди аввал менга маънисиз туюлган нарсани тушунтириш фурсати етди. Ўша маҳал *Нима бало бу!* деб ўйлагандим. Лекин ҳозир бутунлай бошқача фикрдаман.
Сиз Ноам Шатский ва унинг марҳум биродари Зевни унутмагандирсиз? Гарчи Ноамнинг биродари ҳаётидаги роли нечоғли аҳамиятга эгалигини билмасам-да, кунларнинг бирида Қуддусда Ноам менга хориждан Зевнинг жасади солинган тобутни олганда, бу унинг биродари жасади бўлмаганини айтганди...

*Жасадни олгандан сўнг, уни ювиб, оқ кафанга ўраётганимизда, кўзларини матога ўрашдан аввал бирдан унинг атрофида жуда майда кесиклар блорлигини сезиб қолдим, худди кўзларини косметик жарроҳлик қилинганга ўхшарди. Аслида унинг одатга кўра дарҳол кўмилмагани ҳам мени шубҳалантирганди... Ҳақиқий яҳудий ҳеч қачон ўлимидан етти кун кейин кўмилишикеракмас!*


Ўша маҳал мен унинг томоғи ва бўйни атрофида ҳам кесиклар бўлиши мумкинлигига қизиқдим, лекин Ноам жавоб бериш ўрнига кўзини олиб қочди. Ўшанда нечоғли тўпори ва содда бўлганимни энди тушундим...
125.
Ҳақиқатда мен бу ҳикоядан хабарим бор эди, чунки уни аллақачон учратгандим!
Зев ўз кундалигида Роҳиб Валаамовнинг Дандан Уйлиг исмли уйғурнинг номаълум манбасидан келтирган иқтибосини эслатиб ўтади., Тўртбурчак яҳудий ёзувида қандайдир *Аҳбар* томонидан ёзилган ўша манбага кўра, Валаамов ва Зев бир яҳудий руҳоний билан муносабатда бўлган - яҳудий Ўн-Ўқ қабиласининг Кўк Туркларимаҳкамасига юборилган икки элчиларининг бири иккинчисининг тобутини кўтариб, ортига қайтиб келган.

*Ўғуз-Билге тамғачи Макрач солинган тобутни елкасига олиб, Ўн Хушхабарнинг кўплаб билимдонлари билан ортга қайтиб келди. Ўғуз-Билгенинг ўзи жуда азоб чекканди: унинг юзига чуқур чандиқ тушган, тили кесилганди ва динни янги қабул қилганлар даштнинг ўртасидаги зиндондан қандай қилиб қочишгани тўғрисидаги фожеий ҳикояни айтиб беришди. Лекин тамғачи Макрачнинг жасади ювилганда, унинг хотини бу эри эмаслигини билиб, йиғлай бошлади. Катталар жасадни тезроқ кўмишга буюриб, хотинннинг қилиғини ғам ва узоқ жудоликнинг натижасига йўйишди, лекин бу воқеа барибир шубҳа туғдирди. Афсуски тили кесик Билга-Ўғуз ўзича бир нималар деб гапирмоқчи ва тушунтирмоқчи бўлар, лекин уни ҳеч ким тушунмасди. *Элчига ўлим йўқ* - бу ҳатто душманлар ўртасида ҳам мангу қоида эди, бироқ ана шу қоида бузилди, шундай қилиб, Ўн-Ўқ қабиласи Илоҳ номи билан кўк туркларга қарши уруш эълон қилди...
Лекин на Зев, на Валаамов ва на номаълум манба дашт ўртасидан келган Ўн-Ўқ қабиласига келган динни янги қабул қилганлар тўғрисида ҳеч нима демаган.
126.
Афғонистондаги Мозори Шарифга етиб келганимда бу қўрқинчли туш бошланган жойга борган сари яқинлашиб келаётганимни тасаввур қилолмасдим. Машҳур зиёратгоҳ яқинидаги бозор ёнида БМТ ходими бўлган маҳаллий йигитни учратиб қолдик, у бу ердан Шинжондаги энг машҳур шаҳар - Қошғарга бормоқчи эканликларини айтди. Румийнинг тақдир ҳақидаги ривоятини биласизми? Унинг айтишича, кунларнинг бирида бойнинг хизматкори бозордан ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келади. *Сенга нима бўлди*, - сўрайди ундан хўжайин. *Мен бозорда Ажални кўрдим, у мени қўрқитди. Мен ундан қочиб, тўғри уйга келдим. Шунча йил чин дилдан хизматингизда бўлдим, агар мумкин бўлса, отингизни бериб турсангиз, мен Ҳиндистонга қочиб кетсам.* - *Албатта!*, деган жавоб бўлади. Шундан кейин хизматкор отни олиб, у мамлакатдан чиқиб кетади. Кейинроқ, хўжайин бозорга бориб, у ҳам Ажални кўради. *Нега менниг хўжайинимни қўрқитдинг? Сал мулойимроқ бўлсанг бўлмайдими?*, - сўрабди Ажалдан. *Биласанми, - дебди Ажал, - бугун кечаси унинг жонини Ҳиндистонда олишим керак эди, у бўлса ҳануз шунда...*

Бу ривоятни БМТ ходими бўлган ўша йигит билан учрашувни ўйлаганимда эсга оламан. Буни ҳеч кимга, ҳатто Афғонистонда таржимонликка ёллаган нодавлат ташкилотининг вакилига ҳам айтмадим. Эрта азонда маҳаллий координаторга икки юз доллар тўладим ва у бир фожеий ҳикоя ўйлаб топди, унга кўра, у Қашғарга бора олмади, лекин ўз ўрнига хўжайинига менинг боришимни таклиф қилди ва у учинчи йўловчи сифатида оқ-кўкиш Тойота жипида мени олиб кетди.


127.
Сизга қўрқинчли йўллар ҳақида айтиб ўтирмайман, уларни *ўлим талвасаси*да айтиб ўтганман, лекин чиндан ҳам бутун йўл дабдала эди. Бунақа йўлларда сиз ўзингизники бўлмай қоласиз, ҳатто яшаётганингизга шубҳаланасиз, чунки истаган киши ҳеч бир сабабсиз сизни тўхтатиши, тинтув ўтказиши, уриши ва ўлдириб юбориши мумкин. Тоғ довонлари ундан ҳам баттар: аранг турган тор йўлаклар, тўсатдан ёғадиган қор ва туманлик, на юқорида ва на жардалигингни билмаслигинг, текис ерга чиқаманми-йўқми дея умидсизликка тушиш... Бунақа йўллар одатда фақат эртакларда акс эттирилади. Лекин бу бўш юпанчдир, чунки ҳақиқатда у якун эмас, балки қўрқинчли тушнинг бошланишидир.

Лекин улар йўл тугади дейишса ҳам, саёҳат ҳануз давом этарди. Биз Қошғарда аввал Россия элчихонаси бўлган, бир кечалик тунаш баҳоси 500 долларлик (БМТ нинг чўнтагидан кетади-ку) меҳмонхонада тўхтадик. Бу дабдабали бинода *Йирик Ўлжа*, полковник МкКартни, жосуслар ари уяси, романтизм ҳануз сақланиб қолганди. Ажойиб суратлар, ғаройиб мебел ва ипак деворлар... Менинг бу мамлакатга кириш учун визам йўқ эди, хўжайин буни билар, дам-бадам *Биз БМТ ҳимоясидамиз* деб қўярди. Чиндан ҳам хўжайин меҳмонхонага тўлаган баҳони кўздан кечираркан, ҳеч ким мендан бу ҳақда сўрамасди. Хўжайин эса паспортини умуман кўрсатмас, унинг ўрнига ҳамма жойда БМТ гувоҳномасини кўрсатар, фақат бир гал канадалик қизининг расмини паспортининг ичидан олиб кўрсатганда унга кўзим тушди. У паспортни бошқа қоғозларининг устига ташлаб, келгуси редаларни муҳокама қилишга тушди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет