Анжуманда Фиона кўринмади. Лекин анжуман бошқа халқаро учрашувлар каби комедия бўлди. Инсоний беҳудалик ярмаркаси. Таржимон сифатида мен нокерак шараф билан шуҳратни тортадиган тарози палласидай эдим. Иброҳим динларининг вакиллари учрашишди. Православ поплар қора ва бинафшарангли кийимда, Аҳмадия муллалари саллаларда, яҳудий олим ва раввинлар қора цилиндрларда, камтар католик ва ўзига бино қўйган миссионерлар бир ҳафта давомида Муқаддас Шаҳарнинг турли бурчакларида учрашув ўтказишди. Анжуман барча динлар учун муҳим бўлган асосий масалалар, хусусан, замонавий дунёдаги СПИДга, маънавий инқирозга қарши кураш, глобаллашув жараёнидаги масалалар устида иш олиб борди. Анжуман дастури шуларни ўз ичига оларди. Лекин аслида уларнинг яхшилари ягона Оллоҳга шу кунларга, муқаддас жойларга зиёрат учун еткизгани учун шукрона айтишса, ёмонлари меҳмонхоналарнинг бар ва ресторанларида бўлажак эътиқодлараро ва халқаро алоқалар учун ўтиришди. Ҳатто бир гал ўзим таржима қилганим фоҳишабозлик ҳақида маъруза ўқиган руҳоний мени ўз хонасига ёш ва келишган официант билан беодоб суҳбатларини таржима қилишга чақирганида ҳайрон қолдим, тез орада бу суҳбат бемаъни ва арзимас гапларга айланиб кетдики, мен улар орасида тўғаноқ бўлишни истамай, ёлғиз қолдириб чиқиб кетдим. Қолаверса, мен ким бўпман уларга ҳукм ўқийдиган?
52.
Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач Оллоҳнинг Мусо алайҳиссаломга туширган ўнта буйруғининг тошга ўйилган парчасини кўчириб олди. Булар Тангрининг ягоналигига имон келтириш, бутларга хизмат қилмаслик, Тангри номини беҳуда қўлламаслик, шанба кунлари ишламаслик, ота-онани ҳурмат қилиш, қон тўкмаслик, ўғирлик қилмаслик, зино қилмаслик, ёлғон гувоҳлик бермаслик, хотин ёки яқинларнинг мулкига зулм қилмаслик. У ушбу парчани Ўғуз-Билгага кўрсатди. Ўғуз-Билга дудуқ эди, шунинг учун у ёзувларни ўқишни бошлаганида, Макрач кулиб юборди. Тасаввур қилинг: Т-т-тан-н-г-г-г-ри, я-гг-ооо-ннн-аа.… бе-бе-бе (қўйга ўхшамай қол) дея ўқиётган эди, уни тўхтатиб, ёзувни қайтиб олди. Гарчи Ўғуз-Билга дудуқ бўлса ҳам, ўнта буйруқни тўғри тартибда эслаб қололди. Макрач бўлса шанба куни ҳақидагисини эслаб қолди, унга қолса, шу буйруқлар ҳаққи ҳар кунини шанба деб эълон қилган бўларди, чунки барибир саналар тартибини унутиб қўйишганди. Тош ёзувнинг қолган қисмига келсак, Макрач уни содда қилиб саҳродаги дарёга ўхшаш ҳаётга менгзадики, бу дарё унинг қуриб қолишини ҳисобга олмаганда, баъзан қирғоқдан чиқмай сокин оқади, баъзан қирғоқдан тошиб кетади, баъзида эса бутунлай оқимини ўзгартиради. Макрачнинг Ўғуз-Билга билан бир ўтовдаги ҳаётига назар солинг. У кўп нарсани билгани учун ҳам Билга -- оқил деган лақаб олган. Бироқ айни пайтда унинг оқиллигидан ёрдам кутса бўладими? Аслида бу унинг аҳволини бирор телбаникидан ҳам баттарроқ қилади. У ақлининг кўплигидан ақлдан озади. Бошқа бир тунда у Макрачнинг кўрпаси остига биқиниб олиб, кимдир уни доимо таъқиб қилаётганидан қўрқаётганини айтади. Макрач бўлса ён-атрофга қараб, ўтовнинг тешигидан тўлин ой ва биргина юлдуздан бўлак ҳеч нимани кўрмайди. Ўғуз-Билга эса баттар қалтираб, Макрачнинг елкасига тирмашади. Кейинроқ, Макрач орқасида, белининг пастроғида нимадир катталашаётганини ҳис қилади ва гарчи дастлаб ғазаб отига минган бўлса-да, юзини Ўғуз-Билгага қаратиб, унинг ширин уйқуга кетганини кўради. Макрач дўстини нариги томонга қаратиб, қўлларини Ўғуз-Билганинг елкасига қўяди. Охирги марта ўйлаган нарсаси шу эди: «Бу тун шанба туни эмас...»
Бу ҳикояни Ноам ўзининг Қуддусдаги арманилар кварталидаги уйига таклиф қилганда гапириб берувди. Мен унинг ягона меҳмони бўлганим учун (Фионасиз) ҳам икки нарсадан хавотирга тушардим. Бири -- доим гомосексуал таҳқир ёки шунга ишорадан қўрқишим бўлса, иккинчиси -- у мени Фионасиз таклиф қилган ва ишончим комил эдики, фақатгина Фиона ҳаққи менга ғамхўрлик қилаётган эди. Бу икки ноаниқликдан ҳам қочиш мақсадида суҳбатимизни унинг марҳум биродари Зев томонга буришга қарор қилдим.
53.
Ли бизнинг жангарилар томонидан бошқа бир жойда қўлга олинган япон ёки хитой асирларини озод қилиш бўйича кечган музокара муваффақиятли бўлганини менга яширин тарзда айтиб берди. Навбатдаги умидли музокара бизники бўлиши мумкин. Бу ерларга ўрганиб қолганимга қарамай, тунлари совуқ шундай забтига олардики, гарчи Лининг серсуяк танасига қапишиб олсам-да, бизнинг эҳтиёткорона яқинлигимиздан совуқ устун келаверарди. Шунинг учун Лига қулоқ соларканман, бунинг қандайдир олдини оладиган енгилликни ҳис қилдим. Кун бўйи мавзуга жуда эрк бермаганим ҳолда Лук ҳақида суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Лининг айтишича, у Лукни учратган жой қамоқхона эмас, балки қандайдир бир ҳарбий бошпана бўлиб, у ерда Лукни кечаю кундуз сўроқ қилишарди. Сайр пайтида улар бир-бири билан уч-тўрт марта кўришишган ва Лук ўша қонли қўлёзма тўғрисида гапириб берган. Лининг бошқа ҳеч нарса айтиб бера олмаслигини сезгач, эҳтиёткорлик билан ундан Зев ҳақида сўрадим. «Бу ақлдан озган бир бесоқолбоз ўн йил аввал ўлдирган ўша яҳудий йигитми?» -- овозини кўтарди у. Гарчи воқеанинг иккинчи қисмидан ғоят таажжубга тушган бўлсам ҳам, бошимни қимирлатиб маъқулладим. «Ҳа, бир фоҳиша уни ўз акаси учун уйига таклиф қилганда, ўша телба уни рашкдан ўлдириб қўйган. Қолаверса, сенинг Лукинг унга эслатганки...» «Нима деган у?» «У йигит -- оти нимайди -- Зивми, Зевмиди, Лукнинг бу ерга келишига сабабчи бўлган ва қўлга тушган».
54.
Бу Билга-Хоқонннинг Кул-Тегин вафотидан сўнг иккинча бор барча меҳмонларни ўзининг шоҳона чодирида йиғиши эди. Ўтган тун у ғалати бир туш кўрганди. Оқ самовий қушлар унинг устида чарх урар ва аста-секин пастлар экан темир тумшуқли қушларга айланиб, ён атрофдаги ҳамма нарсани чўқий ва бирдан Билга-хоқоннниг ўтовини майда-майда бўлакларга ажрата бошлади. Қушларнинг бири унинг ўғли Йўллик-Тегинга чанг солди, Билга эса унга томон отилган эди, шу пайтнинг ўзида бошқа бир қуш унинг хотини Побекага ташланди, Билга ўзини йўқотиб қўйди, лекин устига бостириб келаётган темир панжали қушга кўзи тушар экан, унинг чангалига тушмасдан аввал даҳшатдан уйғониб кетади...
У ана шу қўрқинчли тушнинг таъбирини билишни истарди. Меҳмонлар бир-бири билан пичирлашиб туришарди. Билга уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида сўроққа тута бошлади. Несториалик генерал Удар-сенгун ҳалиям армани роҳибни кутар (Кул-Тегиннниг хотини Кўрк-хотин ваъда қилган), ўзи туш таъбирини айтишда нўноқроқ эди, бироқ ҳарбий бўлгани учун биринчи ҳамланинг маъносини англагандай шундай деди: *Менинг назаримда ҳарбий қўшин сизнинг устингизга бостириб келаяпти ва сиз уч жабҳадан туриб жангга киришасиз...* Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач Удар-сенгуннинг фикрига қўшилмади ва бунга насронийларнинг учлик билан боғланиб қолганларини сабаб қилиб кўрсатди. У Билга-Хоқон устида неча қуш учиб юрганини сўраган эди, Хўжайин *тўққиз-ўнта* деб жавоб берди ва Макрач ҳаяжонини яшира олмади. У: *Ўнта қуш Тангрининг ўн буйруғи ва уларнинг баъзисини Билгаинг хотини, ўғли ва ўзи амалга ошириши керак* деди. Лекин унинг сўзини Қирғиз Хонининг элчиси Тардуш Инончи Чўр бўлиб қўйди. У дўмбирасини олиб куйлай бошлади:
Бири иккинчисин қўшиқларига
Қулоқ тутган қушдай тинглайман сени
Ўзгалар устига ташланган қушдай
Ҳақиқатдан ҳамла бор менда.
Чанг солинган қаҳрамон ва аҳлининг боши
Само учун жуда катта ўлжа бўлгуси...
Сўғд Шаҳзодаси шоҳона қадр-қимматсиз ўз Манихеан кўринишини очмоқчи бўлганида у ҳали қўшиғини тугатмаган эди. У овозини чиқариб ўқиди: *Яралмишнинг беш турига тааллуқли -- биринчидан, икки оёқли одамлар, иккинчидан тўрт оёқли ҳайвонлар, учинчидан, учиб юрувчи жониворлар, тўртинчидан, сув остидаги барча нарсалар, бешинчидан, судралиб юрувчилар; биз, ер юзида гуноҳларимизга ўралашиб юрганлар, эй Худойим, биз уларни қўрқитиб юрдик, биз уларни саросимага солдик, тўнтариб ташладик, дўппослаб ўлдирдик; биз шу қадар гуноҳкор ва айблимизки, ҳозир бир уринишда ўзимизни гуноҳнинг чангалидан қутқазиш учун сендан ўтиниб сўраймиз: гуноҳларимизни мағфират қил, Оллоҳим...
Унинг орага кириши аввалги Тардуш Инончи Чўр каби шу қадар кучли бўлдики, ҳамма жим қолди: баъзилар илҳомбахш ғоядан, баъзилар кучли таъсирдан, бошқалар нафаси ичига тушиб кетганидан. Бир лаҳза ўтиб, Билга Хоқон бу тинчликни бузиб, тибетлик Буленга мурожаат қилди...
55.
*Бир бор экан, бир йўқ экан, бир шаҳар ва унинг собиқ қотил ҳукмдори бўлган экан, - деди Булен халқ услубида. Лекин у ўзини ўзгартирган бўлиб, кунларнниг бирида қизининг балоғатга етганлиги муносабати билан зиёфат беради. Бунинг учун кўплаб мол, қўй, чўчқа, товуқ ва ўрдак сўйдиради. Зиёфатдан ўн кун ўтгач, ҳукмдор бирдан ҳолсизланиб, аста-секин сўла бошлади. Алал-оқбат унинг умри ўз ниҳоясига етади. Эшитган киши борки, кўз ёш қилиб, қаттиқ изтиробга тушади. Бироқ кўмиш маросимида ҳукмдор бирдан тобутдан қўзғалиб, ўрнидан туради ва ейиш учун овқат сўрайди. Йиғилганлар даҳшат ичра қолишади ва қочишга тушадилар, лекин ҳукмдор уларни қўрқмасликка ва унга қулоқ солишга чақириб, шундай дейди: *Мендан қўрқмангиз, мен нариги дунёга бориб қайтиб келдим холос ва энди сизга ўша ёқдаги саргузаштларимни айтиб бераман*. Шундан сўнг одамлар ортга қайтишади. У гап бошлайди: Қачонки умрим тугаб ўла бошлаганимда, тўрт шайтон олдимга келди. Бирининг қўлида қамчи, иккинчисида арқон, учинчисида қисқич бўлиб, тўртинчиси отда ўтирган қўмондон эди. Шайтонлар мени қўмондон айтган жойга келтиришди. Унга яқинлашганимда бир ҳужжатни ўқиб эшиттирди. Бу зиёфат куни сўйдирганим ҳайвонларнинг шикояти эди. Уларнинг айтишича, аввалги ҳаётларида инсон бўлиб туғилишган, лекин гуноҳлари сабабли ҳайвон каби қайта дунёга келишган. Улар ҳайвон бўлиб ўз гуноҳларини юваётган пайтларида мен уларни сўйишга буюриб, инсон каби яна қайта туғилишларига эмас, балки ўлимга маҳкум этганман.
*Шуларнинг шикояти сабабли биз сени олдик*, - деди қўмондон ва қолган уч шайтонни ҳам ҳузурига чақирди. Бири бўйнимга арқон солди, иккинчиси бўғиб, нафасимни қисди, учинчиси бўлса қўлига қамчи ушлаб, таъқиб қилаверди. Улар: *Кун, ой ва йилларинг ҳали тугамай туриб, нима учун сени олганимизни биласанми?* деб сўрашди. Мен дедим: *Эй ҳурматли жаноблар, нечун энди келиб-келиб мени, ахир атрофимда қанчадан-қанча киши ҳайвонларни сўйиб, қурбонлик қилаётганлиги учун ҳеч бир жазо олмаяпти-ку? Содда ва бегуноҳ табиатимни кечиргайсиз!* Шуларни эшитаркан, шайтонлар шундай дейишди: *Шоҳимизнинг саройида сени ўттиз турли яралмиш кутмоқда. Улар сени темир кўз ва темир юз билан кутиб олгай. Қочиб қутулишнинг ҳеч имкони йўқ.* Улар мени уриб-ниқтаб таъқиб қилишга тушдилар. Қўрқувдан ялиниб ёлвора бошладим: *Эй, меҳрибонлар, модомики, қутулишнинг иложи йўқ экан, бояги айтганингиз яралмишларсиз шоҳнинг ўзини қандай кўрсам бўлади?* Улар дейишди: *Эй инсон фарзанди, агар сен уларнинг қотили сифатида афсус чексанг ва шу надомат ва покиза қалбинг билан Буддамизнинг коинот рўпарасида турган ялтироқ, дунёларга нур таратиб турган шоҳона китобини тўлалигича қайта ёзиб чиқишга ваъда берсанг, бу азо-уқубатлардан қутулишинг мумкин.*
Бу сўзларни эшитган заҳотим қилган хатоларимга афсус-надомат чекдим ва дарҳол ҳамма нарсанинг олдида турган нурли китобга амал қилишга ваъда бердим. Мен бу ишим билан ўлдирган ҳайвонларимнинг кейинги ҳаётларини сақлаб қолишимга қаттиқ ишондим. Мен баланд овозда хизматимни ўташга тайёрлигимни билдирдим ва шундан сўнг биз шаҳарга кирдик. У ерда ҳамма нарсадан юқорида Озодлик Қиролига кўзим тушди. Унинг қаршисидаги ялангликда беҳисоб тутқунлар худди мендай қилган гуноҳлари учун бақириб-чақириб туришар, водийни безовталик ва уруш-жанжал тутиб кетганди.
Шайтонларим мени келтиришганини Шоҳга билдиришди. Озодлик Қироли шундай деди: *Унинг айби ғоят катта, у буюк гуноҳкордир. Нега уни бунча кеч олиб келдингиз? Ҳозироқ бориб унинг ўртачисини келтиринг!*Шайтонларим ташқарига чиқиб менинг ҳимоячиларимни ахтариб бақира бошлашди. Ҳеч кимдан садо бўлмади. Улар Шоҳнинг олдига қайтиб келиб, мени ҳимоя қила оладиган ҳеч ким йўқлигини айтишди. Озодлик Қироли уларни иккинчи ва учинчи бор ортларига жўнатди. Лекин улар бир кишини ҳам топишолмади. Мен энг ёмон нарсага ҳам тайёр турганимда, Беш Йўлнинг Эгаси Шоҳга нома йўллади. Унда менинг айбимга иқрор бўлиб, тавба-тазарру қилганим, сўйилган ва азобланган ҳайвонларни асраб қолиш ва ҳаётга қайтариш мақсадида нурли китобга амал қилишга ваъда берганим баён этилганди.
Озодлик Қироли уни ўқиб чиққач, баланд овоз билан деди: *Гарчи шу қадар кўп ҳаётга зомин бўлган эсанг-да, уларни асраб қолиш ва озод этиш воситасини уддалай олдинг. Майли, сени қўйиб юбораман, лекин бундан буён ер юзида ўлдириш, зулм қилиш, бузғунчиликлар қилиш сенга ёт бўлсин ва фақат савобли ишлар билан шуғуллан!* Шу тариқа янги ҳаёт қуриш учун уйғониб, ўрнимдан туриб кетдим, - деди ҳукмдор*.
Бу ғаройиб ҳикояни эшитгач, жанозада ҳозир бўлганларнинг барчаси Нурли Шоҳона Китобнинг қўлёзмасини излашга тушишди ва у эски бир ибодатхонадан топилди. Шундан сўнг бу китобдан нусхалар кўчириб, кўнгилларини тозартиришга ва руҳларини асрашга киришдилар.
56.
Мутлақо кутилмаганда оғайниларимдан бири -- Ли биланми, Лук ё Зев биланми ёхуд бошқа биров биланми юрганим тушимга кирибди. Бир тўда шайтонлар олдимизга келганда ҳар кунги ишимизни қилаётган эканмиз. Тушимнинг биринчи қисмини эслолмасам-да, иккинчисини аниқ-тиниқ эслайман. Мен чигитнинг фарқига бора оламан. Оғайним мендан шуни сўраганди, уни одамлар уруғларни вагонларга ортаётган омбор томонга темир йўл ёқалаб бошлаб бордим. У ерга келганимизда машина қўзғалишга тайёр турган эди, ҳайдовчи эса саволимизга жавоб ҳам бермай ўзи билан бирга юришимизни таклиф қилди ва у билан далаларни оралаб елиб кетдик. Машина тезликни оширганида, ё қарши томондан келаётган шамолни ё тезликни деб унинг қисмлари ошқовоқнинг пўсти каби бир-бир ерга тушиб қола бошлади. Бу жуда қўрқинчли ҳол эди, бироқ темир йўл ёқасидаги пахта даласига етиб келганимизда бир аёл йиғлаб чиқиб, ҳаётидан нолий бошлади, у оиласининг куни чигитдан ҳам баттар бўлган кунжутга қолгани ҳақида сўзларди.
Аёлдан узоқлашиб, пиёда ортдаги станцияга қайтарканмиз, бирдан ер қимирлаб, темир йўлларда қаттиқ портлашга ўхшаш нимадир гумбурлади, келаётган аниқ Шайтон эди. Унинг одамлари аллақачон бизнинг орамизда бўлиб, уларнинг биридан келаётган чиндан ҳам Иблисми деб сўрагандим, у ҳа дея тасдиқлади. У ўрта ёшлардаги қора сочли, сузик қоракўзли, ғаройиб юзли ва қоп-қора кийимдаги киши экан. У бизга бир қараб қўйди. Ўша ерда бу кишининг Иблис эканинин биладиган бошқа бир йигит ҳам бор эдики, ҳайратланарли томони, у қўрқиб турган иккинчи груҳга қўшилиб кетди. Биз ўша томонга қарай-қарай, хайрлашмасдан кўча, маҳалла ва шаҳарни ташлаб тез-тез юриб кетдик. Сўнгги текширув жойи -- бозордан ўтганимизда, қовун сотаётгандай ўтирган тарозибонга кўзимиз тушди ва улар ортмиздан таъқиб қилиб келаётгандай яна темир йўл тарафга қоча бошладик. Тилла жингалак сочли йигит боя Иблисми йўқми деб сўраганим киши эканини сезиб қолдим, ё тавба, турган жойини ва ишини шунчалик тез ўзгартирадими-я улар, дея таажжубга тушдим...
Темир йўл бўйлаб қочиб бордик. Иблис тарозисини ташлаб ортимиздан қува бошлади. Икки юз метрдан кейин у бизга яқинлашиб келди, лекин биз урушишга тайёр турдик. Гарчи Иблиснинг енгилмаслигини билса ҳам, унга қарата ўқ уздик, бу ўзимизни кенг бўшлиққа чиқиб олишимизга етарли фурсат берди. Бу осмон билан ер орасидаги бир жой эди. Мен Аллоҳдан ёрдам беришини сўраб ёлвордим, икки-уч сония ичида булутли осмон кўринди. Илтижо қилар эканман, бирдан осмон тўнтарилиб, чакалокзорга тушиб қолганимни англадим. Улра орасидаги сўқмоқ трубасимон бўлиб, темир йўл уфққа томон торайиб кетгани учун, сўқмоқ ҳам тор ва қоронғилашиб борарди. Иблис бошлиқ гуруҳ ортимиздан бир қияликка қадар таъқиб қилиб келди. Улар шундоқ кетимизда ўтиришарди. Тиканаклар кўкрак қафасимизни қисиб келаверди. Йўл қоронғилашгандан қоронғилашаверди ва чангалзор бутунлай ўтишга йўл бермай қўйди. Мен аранг инқиллаб-синқиллаб уларни четлаб ўтишга уринар, олдинда жиндай бўлса-да ёрдам қўлини чўзадиган бирор нарсадан умидвор интилардим. Қоронғилик ва қўрқинч, умидсизлик ва тушкунлик ичра бир жойда қотиб қолганимда, бирдан олдимдаги эшик ёруғ бир кунга очилганини сезиб қолдим... мен уйғониб кетгандим...
57.
Шундай қилиб тибетлик Бюлен ўз шарҳини тугатди ва тасбеҳ ўгира бошлади. Аслида Билга-Хоқон аллақачон Табғач-хондан келган Ичи Лянгга қараб турарди. Ўғли Йўллук-Тегин ёнида шогирд ўз устози билан ўтиргандай ўтирарди. Хитойлик генерал ўз шарҳини шунчалик паст товушда бошладики, шундоққина ўтов ёнида отнинг кишнаши унинг овозини босиб тушди. *Хитойлар қандай қилиб ўзларига эътибор қаратишни яхши билишади* - ўйлади Тонгюқуқ жаҳлини ичига ютиб. Ичи Лянг туш таъбирлаш ўрнига соддагина қилиб марҳум акасидан ҳокимиятни мерос қилиб олган Хитой Императорининг ҳоли не кечганини айтиб берди. Темир қушлар ёхуд аждодлар руҳи -- *шанлар* унга ҳамла қилгани келган ва у ҳокимиятни бошқаришдан аввал Фалак билан муносабатини аниқлаштириб олиши лозимлигини англаб етган. У ерда бир генерал бўлиб, гарчи у тирик бўлса ҳам, *шанлар* даражасига етган ва бу каби руҳий нарсаларни яхши биларди. Шунинг учун Императорга акасининиг хотирасидан қутулиш учун бир гулхан ёқишни ва шундан кейин яшаётганлар ва руҳлар ўртасида янги қонун ва тартиблар ишлаб чиқишни айтади. Олов саройни ва у билан бирга марҳум аканиниг хотирасини ўчириб ташлагач, Император ўз генералини тириклар ва ўликлар учун ёзилган қонунларнинг икки китобини сақлаётган адирдаги бир устоз олдига юборади. Маълум бир кунда махсус маросимдан кейин Император китобларнинг биринчисини очиб ўқийди. Одамларнинг бахтига барча қонунлар бир хил эди. Шундан кейин у иккинчи китобни олиб, қўрқинч ичра Императорлигини ўз ўғлига қолдиришини ўқийди ва шу тариқа *шанлар* иерархиясини бошқариб боради... Мана шу нарса Фалак қонуни эди...
Ичи Лянг жим қолди, лекин от яна бир кишнади-ю Тонгюқуқ сокинликни бузиб юборди...
58.
Ноам гапимни бўлиб юборди ва уялмасдан акаси унга ғамхўрлик қилмаётганини айтди. У менга қараб кулди ва мен бу қарашдан титраб кетдим. Ростимни айтсам, мен бу каби ака-укаларни жуда яхши биламан, уларнинг марҳумларни кўрарга кўзи йўқ, жанозага эса қалин китобларни кўтариб келиб, маросим давомида жамоатчилик ичида кўзбўямачилик қилиб баландпарвоз парчаларни ўқиб ўтиришади. Бундайлар тобут ичида ётган марҳум биродарларидан кўра уларнинг сояларига кўпроқ марҳамат кўрсатишади.
59.
Барча динлар анжумани бир текисда давом этаётганди. Бироқ, бир сафар Олтой Шомон анъанасининг асосан *чуқур томоқ овози* билан куйлаётган ва қолган вақтда беўхшов гапларни гапирадиган ғалати бир вакилига таржима қилиб турганимда, Лама сектаси ноиблари намойишкорона анжуман залини тарк этишди. Сессияни бошқариб турган яҳудий раввин куйлашни ва таржимани тўхтатиб, поплар, муллалар, епископлар, пресвитерианлар, квакерлар ва бошқа мормон ва руҳонийлар орасидаги қизил кийимли *биродарлар* сектасига мурожаат қилди. Лекин улар эътибор бермай чиқиб кетаверишди, ваҳоланки уларнинг таржимони президиум томонга юриб, менга уларнинг баёнотномасини топширди, бу бизга ўхшаган интеллктуал пролетарлар бирлигининг белгиси эди. Мен баёнотни очиб, ундаги *...нинг Муқаддас Номи билан... -- Норозилик номаси* деган сарлавҳани кўришим билан дарҳол уни раис жанобларига узатдим. Ўртамиздаги Шомон эса куйлашдан тўхтаб, жимгина кутиб турарди. Раввин қоғозни дуо каби очиб ўқиди ва ҳеч бир иккиланмасдан танаффус эълон қилди.
Кейин нима бўлганини билиб олдим. Лама сектасининг аниқлашича, православ бўлмаган мустақил руҳонийлардан бири бу ерда Будда роҳибларидан бирининг қиёфаси хунук ва ҳақоратли тарзда тасвирланган китобни тарқатиб юрган ва гўёки у кунига икки марта Шайтонга ибодат қилармиш. Бу китобни ҳеч ким ўқимади, чуни у нидерланд ё дат тилида эди, лекин бирдан бу масала эътиқодлар ўртасидаги қайноқ тортишувга сабаб бўлди, фақат кимнинг қайси томондалигини ҳеч ким билмасди. Раис жаноблари махсус транс-эътиқодий комисся тузди ва мен тилмочлик қилиб анча пул ишлаб олдим. Ушбу комиссия барча иштирокчилар ва қизиқувчиларнинг далилларига қулоқ тутиб, уларни таҳлил қилиш билан шуғулланди. Гарчи православ бўлмаган мустақил руҳоний ҳалиги китоби ва ҳақоратланган сектанинг катта-кичик роҳиблари билан кўринмай қолган бўлса ҳам, қолганлар улардан жуда хафа бўлишди. Анжуманда Салмон Рушдий ва Усома бин Ладен ҳақида ҳам гапирилди. Раис жаноблари фатво Пайғамбар (с.а.в.) ни деб бўлмаганлигини, балки чет элда яшаётган Имомнинг ўз тасвири туфайли бўлганини зиммасига олди. Деобандилар комиссияни ҳам, анжуманни ҳам тарк этишди. Раис жаноблари дарҳол ўз раислик лавозимидан бўшашини эълон қилди. Тарафдорлари унга ва унинг бўшанглигига қарши чиқишди. Православие уларни анжуманга қарши чиқишда айблади ва ҳоказо ва ҳоказо. Ҳеч ким, ҳатто ғойиб бўлган Ноам ҳам бу тўқнашув ва жанжални, глобал эътиқодлараро муносабатнинг синишини бостира олмади, алалоқибат, қолган қутган маблағ олийжаноблик билан ҳалиям шу ерда қолган ташкилотчилар билан менинг ўртамда тақсимланди.
60.
Ҳа айтганча, бир гал мен оддий Ламани (Монголия ва Тибетдаги буддист роҳиблар) эмас, балки буюк Далай-Ламани учратганман. Бу Москвада рўй берган бўлиб, мен таржимон ва бошловчи сифатида Болтиқбўйи ёзувчилари делегациясини бу ерга олиб келгандим. Ўшанда қайта қуриш даври эди. Гарчи Далай-Лама тибет тилида гапираётган бўлса ҳам, мен унинг гапларини тушуниб турардим: *қуролсизланиш*, *зулм қилмаслик*, *янги эра* ва *янги глобал тартиб* кабилар. Кулгили одам. Мен уни гипноз қилишга урингандим, ақалли сирли алоқа ўрнатишга интилдим, йўқ, бари бефойда бўлди, у ҳаддан ортиқ сиёсий тус берганди ўзига. Ҳафсалам пир бўлганди ўшанда. Маърузадан сўнг, мезбонлар ўзларини ақллироқ кўрсатишга уринишганда, Далай-Лама бунинг аксини қилган ва ёзувчилар уни тавоф қилишга тушишганди. Ҳануз эсимда, динни янги қабул қилган Болтиқбўйи делегациямиздаги хонимлардан бири Ҳазратнинг олдиги яқинлашган, бир қадам -- жилмайиш, яна бир қадам -- яна жилмайиш, учинчи қадам -- жилмайиш ва эгилиш, шу тариқа муқаддас қўлга етгунча аёлнинг ичидан сув келиб бўлари бўлиб бўлганди... Ўша учрашувдан қолган хотира мана шундан иборат.
61.
Мен Лининг аслида жуда кўп нарсадан хабардорлигига шубҳа қилардим. Миол учун, ушбу бобга келганимда, у қалин дафтаримга ишора қилиб *Мана энди бу мустаҳкамроқ бўла бошлади* деди. Бу билан нимани назарда тутган? Олтмиш биринчи бўлакда жангариларимиз ҳаракатининг тайёр баёнидан қочган бўлармидик? Ҳа, чиндан ҳам *таржима* деб аталувчи икки-уч турдаги олтмиш баёнотдан сўнг, энди янги баёнотни таржима қиляпман дея олмайман, чунки бошқа янгисининиг ўзи йўқ. Хўш, нима қилмоқчиман? Аввалги бобга сайқал беряпман деб ўтиришим керакми? Ё шахсий масалаларни ёзяпман дейинми? Улар мени ўлдиришган бўларди. Лекин агар ёзишни тугатсам, шу мени ўлдиради. Шу ўйлар билан чалғиб ўтирганимда, Ли таклиф киритиб қолди: *Менга инглизча ўргатсанг бўлмайдими, мен эса сенга хитойчани...…* Бу бир баҳона бўлиши мумкин эди... Аслида Ли охирги гапни баланд овозда айтгани йўқ, мен буни сездим ва бу гап айтилмаган деб ҳисобладим.
62.
Бир ҳафта ичида ҳаётимизда кескин ўзгаришлар содир бўлди. Жангарилар тоғни кесиб ўтиб Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига ўтишга қарор қилишди. Назаримда бу узоқ йўл эди. Ли уларнинг япон асирлари учун катта ўлпон олганликларини айтди, бироқ биз билан ҳеч кимнинг қизиқмаётганини кўрган қўмондон водийга бориб маҳаллий ҳукуматга сотиламизми ё шу бошпанамизда қолиб, қишни ўтказамизми ва ёинки Бадахшонга борамизми, шу ҳақда биздан сўради. Бу менга эртакдаги уч йўлни, яъни борса келар, борса ё келар, ё келмас ва борса келмасни эслатди. Афсуски айни ҳолатимизда қайси йўл қанақа эканини билолмасдим. Ли бўлса ақалли ўз Ватанига яқинроқ бўлишни ўйлаб, улар билан бирга боришга қарор қилди ва шу билан танлаш имкониятини ҳам йўққа чиқарди. Агар водийга борсам, ёки шу ернинг ўзида қолсам, улар мени кераксиз гувоҳ дея ўлдириб юбормасликларига ким кафолат беради. Шунинг учун ҳам уларга қўшилишга маҳкум эдим...
63.
Тоғли Бадахшонга кетишимиздан аввал қўмондон қаердадир охирги марта эски элчи билан учрашди ва биз билан бирга қолдирилган йигитга хат олиб келди. Қўмондонга содиқ қолиш учун у мактубни ўзи очмади, шунга қарамай, мен унинг хат мазмунидан шубҳаланаётганини сездим. Балки у мана бундай ўйлаётганди: *Сенинг вазифанг тугади, базага қайт*. Сабримиз чидамасди, лекин мактуб мазмунини билгач... Йигит хатни ўқир экан, кўкариб кетди ва кутилмаганда телбаларча кула бошлади ёки хиқиллаб қолди...
Мактубни унинг холаси ёзган бўлиб, унда йигитнинг ота-онаси у кетгандан бир ҳафта ўтиб ўзларини осиб қўйишгани ёзилганди. Йигит ақлдан озиб қолди, лекин ҳарбий қисм уни ўзи билан олиб кетди ва шундан бери у биз билан бирга турадиган бўлди.
Достарыңызбен бөлісу: |