79.
Ўзининг тарихий рисоласида Ат-Тоҳарий шундай ёзганди:
Ҳамма жойда ҳам одамлар асир бўлишнинг аввал ўйланганидан кўра жиддийроқ ва хавфлироқ эканини тушуниб етишган. Ҳамманинг ичида қўрқув пайдо бўлди. Биргина ислом динининг билимдони бухоролик Шаҳзода Ниян-Сианг ҳамма нарса Аллоҳ қўлида эканини биларди. У устози ибн Қусамнинг сўзига қулоқ солиб, кундалик ибодати сонини ўн тўққизтага кўпайтирди. Унинг вафодорлигини нафақат Тўғлук тилмоч, балки тулки овчиси Тонгюқуқ ҳам айтиб ўтган.
Шундан сўнг Ат-Тоҳарий мавзуни бутунлай ўзгартиради, лекин Зев келтириб ўтган рус роҳиби Ефрем Валаамов аввалги хатлардан бирида дейдики:
Несториялик роҳиблар Турк ҳоқонлари саройида катта роль ўйнаган ва бу Кўк Турклари Салтанатининг инқирозида муҳим аҳамият касб этди. Уларнинг меросхўрлари бўлмиш уйғурлар бу таъсир даражасини билишган, ҳақиқатда уларнинг давлати Несторияликлар давлати бўлиб қолди. Шу ўринда Шаҳзода Кул-Тегин вафотидан сўнг Билга Ҳоқон саройига келган арманистонлик роҳиб ҳақида эслатиб ўтмасам бўлмас. У марҳум Кул-Тегинннинг хотини назарида ғоят аҳамиятли киши эди (шу боис армия назарида ҳам), чунки кунларнинг бирида Кул-Тегин қайд қилиши учун унга ўсимликдан тайёрланган дори берган ва ҳаётини сақлаб қолганди.
Кейинроқ Валаамов дўсти Тензиг роҳиб ҳақида яна бошқа бир парчани келтиради:
Бир гал у менга одатий мажлисларнинг бирида Булен билан баъзи диний масалалар
борасида тортишиб қолган хитойлик генерал ва қурувчи ҳақида ўқиб берган. Мақбара
қурувчи ўзининг нафақат жисмни, балки руҳни ҳам сақлаб қолганини исботлаган, шунга қарамай Булен аввало руҳни уни озод қилишдан ва кейин қайта мужассамлашдан сақалашини айтган. Шунда Генерал уларнинг сўзини бўлиб, Булендан ўз назариясини исбот қилиб беришини таклиф этган. Булен эса бу асосда ўлишдан бош тортган, бунга бир вақтнинг ўзида ҳам объект ва субъект бўлолмаслигини сабаб қилиб кўрсатган, лекин агар Генерал озод бўлиш ва қайта кириш объекти бўлишга рози бўлганда, у назариясини исботлай олган бўларди. Генерал бу таклифни дарҳол қабул қиларкан, олдиндан бир неча шарт қўяди. Мени бунга боғланиб қолмаслигим учун Тензиг роҳиб бошқа ҳеч нарса демаган.
Лекин Зевнинг ўзи бу нарсани шарҳлаб дейдики:
«Бу менга католик руҳоний билан тортишган раввин тўғрисидаги аскияни эслатади. Раввин руҳонийдан улардаги энг олий мақомни сўраганда, руҳоний «Поп» дея жавоб беради. Раввин эса кулиб шундай дейди: «Лекин бизнинг ўғил сизларнниг Худойингиз бўлиб қолишда муваффақият қозонди».
Генералнинг кайфиятини ҳис қила олсам ҳам Ефрем Роҳиб мактуби билан анекдот орасидаги боғлиқликни тушунмадим. Қуйида Фиона айтиб берган, лекин Лукка тегишли яна бир парча:
Сиз у ёки бу воқеанинг қандай ривожланишини ҳеч қачон билолмайсиз. Бир ният билан бошлаган ишингиз охир оқибат мутлақо тескари натижа билан тугаши мумкин. Билга-Ҳоқон ўзининг машҳур ишини тафаккур қаймоғидан тотиш учун жанозага айтилган меҳмонлар билан бошлаганди. Лекин оқибатда бутун Салтанатни барбод қилди, ўғлидан айрилди, энг яқин маслаҳатчисини ўлдирди, никоҳини бекор қилди ва нопок ҳолатларда вафот этди. Тафаккур қаймоғи-чи, у нима бўлди? Алалхусус ким уни ниҳоясига етказди?
Ё ҳаёти нурсиз зиндондаги қурт-қумурсқалар ичида ниҳоя топган Ёруғлик Шаҳзодаси Манихейми?
Озод табиатнинг озод куйчиси бўлмиш Тардуш Инончи Чўрнинг мисолими? Унинг чексиз қўшиқлари аввал қоғозга, сўнгра тошга ўйиб ёзилганида ва энг ёмони -- ўзига сўзма-сўз қайтирлганда -- у икки кўзгу ўртасидаги йиртқич каби телбага айланиб қолганди... Бечора яралмиш...
Буларнинг барчаси бир хил нарса хусусида эдими, йўқми, ана шуни билмасдим.
80.
Қоронғи ертўлада ўтирарканман, ҳаётимнинг қайси қисмида турганимдан хабарим йўқ эди. Бу ҳозир содир бўляптими ё келажакдами? Бу гўёки турмушнинг вақтинчалик ҳолатидай эди. Гўё мен унга одатий ҳол сифатида қарашга кўникиб қолгандайман. Бу ердан қутулиб кетиш учун нима қилиш кералигини ўйламаяпман ҳам. Ўзини ботқоқликдан сочидан тортиб чиқарган Барон Мюнхаузен эмасман, вақтимни тартибга солаётганим-да йўқ. Шунчаки зим-зиё ертўлада ўтирибман холос. Ҳеч нарса рўй бермади, бермаяпти, бермайди ҳам. Мана шу менинг ҳаётим. Ҳеч ким менга ўзимчалик яқин эмас. Ўзимга бек, ўзимга хонман. Кучли, давомий, мангу, ҳар нарса бўлиб бораётирман.
81.
Кундалик турмушда инсон ниманидир ўзгартиришга интилади: кичик ҳаёт кичик ўзгаришларни талаб этади, магар қарама-қарши нарса ростга айланса, бугун қотил ё ўлик бўлсангиз, ҳаётингизнинг қандай кечиши бутунлай олдиндан айтиб бўлмаганда, Худодан ўзингизни олис зерикарли кунларга қайтишини ўтиниб сўрай бошлайсиз. Сизга кулфат эмас, тинчлик керак. Ўтган кунларингизни соғиниб-соғиниб кетасиз. Ҳозир мен ҳаттоки Фонтенблода яшаган кунларимда қатнашишга кўникканим давраларни нақадар азиз бўлганини ҳис қилмоқдаман. Уч католик, бир жуфт мусулмон, бир яҳудий хоним, атеист негр қиз, буддист роҳиб, менга ўхшаган бир неча нотаниш кишилар -- барчамиз яҳудий қизнинг ҳинд йигитига муҳаббати каби динлараро масалаларни муҳокама қилишга одатлангандик. Ромео ва Жульеттадан асло кам бўлмаган. Ота-оналар ўз болаларига қарши, ошиқлар эса ўз ота-оналарига, биз бўлсак ўртада чой билан бисквит еб ўз фикрини билдирувчи қози.
Мен узр сўраганим ҳолда узумни турли миллат вакиллари: араб, турк, грек ва форсларнинг турлича номлагани хусусидаги Румий ҳикоятини айтиб бераман. Улар ҳикоятнинг мағзини чаққунларича, айтаманки, ҳар бир боғ турфа гулларга эга бўлсагина чиройлидир ва ундаги ҳар ким ўзини турфа гулларнинг бири деб ўйлагани ҳолда бахтиёрлик туяди.
Ҳозир мен бор ҳақиқатни очяпман.
Бир кун Россия Президентлигига сайловдан қайтдим. У ерда ўзим каби Ғарбий турмушдан зериккан халқаро кузатувчиларга тилмочлик қилгандим. Ғалати аломат. Ўзингизгни Россиядаги миллиардер ёки кўчадаги гадо сифатида тасаавур қилиб кўринг. Аҳамиятсизлар Президент бўлишади. Хонананинг бир бурчида *алкоголик*ка ўхшаб ётган Президентлар, пайғамбарликка даъвогар ёзувчилар, масхарабозлик кўрсатаётган пайғамбарлар, Облонский уйининг аралаш-қуралашлари, ароқ, икра... Ва бирдан ўлчаб қўйилган Ғарб ҳаётининг томчиси.
Эсимда, русча турмуш чизиғида бўлганлар аввало ғарбликлар эди. Меҳмонхонадаги исталган фоҳиша уларни ёввойига айлантира оларди. Улар таксиларга ўтириб Москва ташқарисидаги дала ҳовлиларга йўл олишганда турмушнинг янги бир мазасини туйишди. Мен уларнинг кутилмаган учрашувларида таржимонлик қилиш учун бордим. Бир рус таржимони менга ёрдам берди, у ярим татар бўлиб, кузатувчилар хонимлари билан саунага кириб кетишганда, у билан дала ҳовлининг айвонида жуда мазза қилдик. Ирма исмли бу ҳамкасб қиз ишқий саргузаштларда устаси фаранг бўлиб, ҳар бир қовушишдан кейин ювиниш хонасига борар, унда қўшиқ куйлар ва сув сачратиб яна бир бор ҳузурингизга келарди. Биринчи бор чўмилиш хонасида унга яқинлашганимда, *Суякларим остигача яйраб кетди* - деди у. Сув менга мусобақадош бўлди.
Москвадан қайтар эканман, ўша ғарбликларни кўриб, нега яна ғазаб отига миндим. Нечун йўқотилган қадр-қиммат ва Ғарбни бўралаб сўкдим? Бу балки улар фоҳишалар учун пул тўлашгани ва мен Ирмани бепул мазза қилганим учундир?
82.
Тонгюқуқ бир нарсани аниқ биларди: душман устидан ғалаба қилишнинг ягона йўли ёв йўлидан, у ишлатаётган қуролдан биринчи бўлиб фойдаланиш эди. Душмандан олдинроққа ўтиб кетиш керак. Бу аввал ҳам синалган, нега энди ҳозир ишончни оқламасин? *Тонг текканлар* ёки *Тулки овчилари* ҳозир айни ҳаракат пайти эканини тушуниш мақсадида Билга-Ҳоқон тузган тафаккур комедиясини етарлича кўришганди. У ҳалақит беришга қарор қилганди, бироқ жуда кечикди.
Югураётган одам тезроқ югуришга интилиб, юзтубан йиқилади, қаттиқроқ бақиришга кучанган киши томоғини йиртади. Тафаккур ҳам шунга ўхшайди, - ўйлади Тонгюқуқ. Агар улар энг яқинлрига муҳаббатдан дарс беришса, севишга изн бер, лекин тез орада улар ўзини кўрарга кўзлари қолмаслигини англайсан. Улар қонга қон сўрашса, марҳаматингни дариғ тутма ва яна ва яна талаб қилишларини кўр: нафақат кўз, балки қулоқ ва бурунни ҳам. Агар улар мангу бепарволикни тарғиб қилишса, яланғоч ва бепарво аёл билан қолдир, вассалом... Шу тариқа уларнинг қуролларини ўзларига қарши ишлат.
Энг аввал миясига Побека -- қизи ва Билга-Ҳоқоннинг хотини келди. Қатъиятли ва интилувчан Побека нимани тўғри деб билса, шуни қила оларди. Бошқа оналар каби у ҳам ўғли Йўллуғни ўзидан ҳам ортиқ кўрар, Тонгюқуқнинг ўзи ҳам уни севарди. Побека занжирдаги чиқариб ташланиши керак бўлган биринчи ҳалқа эди...
Ён атрофдаги дашт -- шу қип-қизил ва куйиб ётган замин сезилтримасдан қуриган майсани кўтарди, гўё у бунга розидай. Кўринмас тулки шундоққина ёнидан югуриб ўтди, қари Тонгюқуқ унинг ҳидини сезди ва сийрак мўйловини силаб кулимсиради...
83.
Ҳаётга қизиқишим қолмади. Агар эртага умринг тугайди дейишса, иккиланиб ўтирмасдим. Ҳа, олам аро айланиб юришимни тугатдим. Менга нима бўлган бўлса ҳам, ҳеч нарсам ўзгармади; қалбим, кайфим, туйғум қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бу кунба-кун сақланиш, юриш ва тирмашишдан, узрхоҳ бўлишдан осонроқ. Шундай бўлақолсин! Ҳа, агар барча буюк туйғуларимизни бир қўшиқнинг сатрларига жо қилиш имкони бор экан, нафсимиз билан ишқий муносабатларга киришишдан на фойда? Тўхтанг!
Эй, кимда-ким мени ўлдирмоқчи бўлса, қани, келсин! Мен тайёрман!
Жимлик
Менга исм беринг! Шу ҳайқириқ деб
Деразалар чил-чил, синди эшиклар...
Очиқ осмон остида битта
Жанозадан қолган оина.
Бу оина фақат бир лаҳза
Ғамни ўз аксига яширди ёки
Кимнингдир саволин садоси:
Эй, исмсиз, ким бақирди менга?
84.
85.
Айни пайтдаги кайфиятим сабабли бир муддат ёзганим йўқ. Яна бир бор, ҳа яна бир қайта буни нега ёзяпганимни ўйлаётгандим. Одатдагидай мияга ҳар хил нарсалар келади, лекин тузукроқ нарсага учрамайсан. Шу тариқа ҳозирнинг ўзида тугатиб қўяқоласан. Айниқса, менинг ҳолатим каби жисмонан ҳеч қаерда бўлмаган онларда шундай бўлади. Давом эттиришим кераклиги ва охирига етказишим лозимлигини ҳисобга олмаганда, ҳозир ҳеч қандай бошқа сабаб кўрмаяпман. Баъзан бунинг нечоғли қийин иш эканини ҳис қиламан: *А* дедингми, *Б* ҳам дейишинг керак, лекин сўнгги *Ҳ* га етгунга қадар тўхтатиб қўёлмайсан. Бир гап тугамасидан бурун бошқаси эргашиб туради ва гапни охирига етказишга мажбур бўласан, шу тариқа ҳикоянинг асирига айланаман. Қолаверса, ҳар томонга отиб юборганим тошларни тўплайдиган ҳам ўзимман-ку.
86.
Сиз балки ишонмассиз, лекин Ли, менинг иккинчи қисмим бўлган Ли ҳам уларнинг бири бўлиб чиқди! Шунча пайтдан бери мен жосусманми-йўқми, шуни билиш учун ўзини асир қилиб кўрсатган ва мендақа яшаган экан. Нақадар жиннилик ва сотқинлик! Қандай телбавор сотқинлик ва сотқинона телбалик! Ё нотўғри тушунганим бирор нарса борми? Чунки кеча тунда қўмондон уни уйғотиб, бошқа хонага олиб чиққани ва мени нимадир қилиш ҳақида муҳокама қилишганини сезиб қолдим. Ўрнимдан секин туриб, бир неча бор ўз исмимни ва Лининг инглизча бир нималар деганини эшитдим. Кейин Ли ёнимга қайтиб келди, бироқ сира ухлагим келмади. Тонгга қадар шеригимнинг шунчалик айёрлик қилиб юрганини ўйладим ва эрталаб турибоқ унинг юзига тупураман дея режа туздим. Афсуски, эрталаб қотиб ухлаб қолибман, улар мени уйғотишганда, Ли ғойиб бўлганди...
87.
Ҳозир унинг менга айтган ҳар бир сўзи, талаффузи, овозидаги ўзгаришни, нигоҳи ва кайфиятини эслашга ҳаракат қиляпман. Охиргиси биринчи келади, дейдилар. Мана унинг исёнкор бадахшонликларнинг ертўласида асир бўлиб ўтирганимизда французчада айтиб берган сўнгги ҳикояси ёдимга келди:
*Эслайсанми, бир гал сенга Лукнинг асир тушишига сабаб бўлган қўлёзма ҳақида айтиб берувдим? Аслида бу сенинг Зевинг Шиа Чангнинг акасидан излатган қўлёзманинг ўзгинасидир. Ундаги ғайритабиий ҳикояни билишни истайсанми? Ё кўпроқ бу ҳикоя атрофидаги ҳолатга қизиқасанми?* Гарчи Лига ҳар иккиси ҳам мен учун қизиқ деган бўлсам ҳам, у қуйидагини айтиб берган эди:
*Сен Ичи Лянг деб айтадиган киши аслида битта одам эмас, қўлёзмага кўра, бу исмнинг ортида икки киши яширинган: Чян Куй ва Лю Сян. Улар эгизак эдилар, бироқ Ичи Лянг Билга-Ҳоқоннинг ўғли Йўллуғга яқин бўлгунига қадар ҳеч ким буни билмаган эди. Чян Куй унга ҳарб санъатини ўргатган ва кунларнинг бирида Турк Шаҳзодасини ўтовига таклиф қилган. У ерда ҳеч бир шубҳа туғдирмаган ҳолда унинг эгизаги пайдо бўлади. Гарчи Шаҳзода Йўллуғ сирни очмасликка қасам ичгна бўлса ҳам, тез орада унинг онаси Побека бундан воқиф бўлиб қолади.
Ўша пайт унинг отаси Доно Тонгюқуқ барча асирларга, энг аввало, абадий душмани вакили, келажакда Дашт Ҳукмдори бўлмиш набирасини ҳарб санъатига ўқитаётган Ичи Лянгга қарши яширин кураш бошлаганди. Бир гал Тонгюқуқ тафаккурга чўмиб ўтирган маҳал унинг олдига онаси билан бирга набираси келади. *Афсонавий ўтмишдан сўзлаб беринг*, - дея сўрайди Шаҳзода Йўллуғ. Кекса Тонгюқуқ унга туркларнинг келиб чиқиши, Шаҳзоданинг тўнғич ўғли урғочи бўридан туғилишидан богшлаб то Йўллукнинг тоғаси Кул-Тегин вафотигача бўлган даврдаги барча билганини сўзлаб беради. Дашт руҳлари уйғонган ва уларнинг ҳаракати увлаётган шоқоллар ва пишқираётган отларда акс этган гўё. *Биз Она Бўрининг авлодларимиз* - деди Тонгюқуқ. Биз ҳеч қачон ўзимизни йўлбарс ролини ўйнаётган муғомбир ва айёр тулкидай тутмаслигимиз керак. Эртагимни эшит: бўрилар галасида бошқаларидан кучлироқ бўлган бир бўри бор экан, у ҳатто гала бошлиғи -- қари ота-онасидан ҳам кучли экан. Шу яқин атрофда унга душман бўлган бир тулки бор экан ва бир кунмас бир кун бояги ёш бўри якка ов қилаётганда учратаман-ку, гарчи йўлбарс тўқайнинг хўжайини бўлса ҳам, бунда даштдагидан қуйруқ кўп ахир, деб юраркан. Бироқ, - дебди тулки, - у менинг дўстим, яхшиси уни йўлбарс билан таништириб қўяй ва у ҳам хотиржам ов қилаверади у ерда. Кейинги сафар айёр тулки бўрини дашт чеккасида қолдириб, ўзи тўқайга кириб кетибди ва бошқа бир тулкини учратибди. Лекин у ердаги тулкиларнинг бари йўлбарсга ўхшаркан. Шундай қилиб, тулки қайтиб чиқиб, ҳамма нарса ҳал қилингани ва бўрининг ов қилиши мумкинлигини айтади. Содда бўри тўқайга ов қилгани киради, лекин тез орада йўлбарслар оиласининг ўлжасига айланади. Гарчи бўри кучли ва жасур бўлса-да, кучлар нисбати тенг эмасди ва йўлбарслар уни нимта-нимта қилиб ташлайди. Гўштини эса тулкилар еб кетади.
Қани айт-чи, бўрининг асосий хатоси нимада эди? -сўради Тонгюқуқ набирасидан ва боланинг тараддудланиб қолганини кўриб, ўзи жавоб беради. Гарчи кечириб бўлмайдиган бўлса ҳам, тулкининг сўзига лаққа тушгани ҳам, галасини ташлаб келгани ҳам асосий хато эмас. Унинг асосий хатоси уни бўри қилиб турган Даштни ташлаб кетгани эди, шундай қилмаганда, йўлбарсларнинг чангалига тушмаган бўлмаган бўларди...
88.
Ли нега қўлёзманинг бу қисмини айнан ўша маҳал айтиб берганикин? Бу қандайдир мақсадга қаратилганмиди ё у шунчаки узундан-узоқ асирликдаги соатларни қисқартириш учун шундай қилганми? Бу унинг охирги ишига қанчалик мос тушади? У бўриларнинг менга ўхшаб соддалигидан кулаётган тулкиларнинг бирига ўхшамаяптими? Ё у ҳикояни бошқа бир сабаб билан айтдимикин? Агар шундай бўлса, қанақа сабаб эди у? Биз ҳамиша мана шунақа саволлар билн ўзимизни қийнашимизни сезяпсизми? Нечун дунёда ўзимизга содир бўлган ёки содир бўлаётган нарсаларга мурожаат қиламиз? Қайси нафс буни мумкин ёки маъқул қилиб қўяди? Ўша қўлёзмадан Ли бошқа ҳикоя ҳам сўйлаб берганди:
Билга-Ҳоқон ғалати бир кайфиятда эди. Аввал ҳеч бундай шубҳали кўринмаганди. У шу қадар хаёлга берилгандики: дунёнинг бутун ақлу заковатини аниқлаш учун жамики Муқаддас Китоблар таржима қилиниб, юзлаб буғу терисидан тайёрланган саҳифалар унинг ҳузурига келтирилганди. Баъзан тилмочлар тилмочи, дунёдаги барча тилларни яхши биладиган оқ бошли Ярил улардан парчалар ўқиб берар, Билга-Ҳоқон буни аранг тушунар, лекин улардаги ноаниқлик ақлу заковатнинг исботи каби эди. Билга ҳеч қачон Ярилдан уларнинг барчасини ўқиб беришни сўрамасди, чунки у бошқа юмуш -- парчаларнинг барини энг катта тошга ўйиб ёзишни амалга ошириш учун сақлаб турилганди. Бундай тошнинг абадул абад Билга-Ҳоқон номи билан ўрнатилиши ҳақидаги ғоя унинг юрагини қизитарди.
Иккинчи томондан эса ақлу заковатни таржима қилган кишиларни кузатаркан, Билга улардаги номукаммалликка эътибор қаратарди. Биргина Қитан ва Татабудан келган Удар Сенгунни олайлик. Бу несториалик генерал армани роҳибни марҳумнинг хотини Кўрк хотин кўмагида келтириб катта муваффақият қозонганди. Кул-Тегин аввал ундан Муқаддас Китобни таржима қилишда фойдаланган, кейин эса бегуноҳ бева хотинни зўрлашда айблаган. Шундай қилиб Билга арманини қатл этиши керак эди. Армани қачонлардир қутқариб қолган Кўрк хотин ўша қўрқинчли воқеани лаънатлаб юрди. Удар, Билга-Ҳоқон ва генерал буни унинг ҳақлиги ва беванинг жиноятини исботлаш учун фойдаланишга уринишди. Қолаверса, уларнинг Муқаддас Китобида шундай дейилган: «Ёнингиздаги кишиларни севинг...»
Ё Парсдан келган зардушт руҳоний Фармуздни олинг. Унинг черков қўшиқларига бир қулоқ тутинг-а:
«Қуёш осмонга кўтарилган замон Ерга раҳмат ёғилади ва ундаги оқаётган, бир жойда турган ва денгиз сувларига-да раҳмат ёғилгай. Муқаддас Руҳнинг барча яратилганлари ёрлақаланмиш. Магар Қуёш кўкка кўтарилмаса, шайтонлар Ерда бузғунчилик қила бошлайди ва самовий ҳеч нарса тирик қолмас. Мен баланд овозда дуо қилиб Қуёшга ибодат қиламан, ҳа, ўлмас ва абадий Қуёшга сажда қиламан, фикру хаёлим, ишу аъмолим ва тўғри сўзим билан илтижо қиламан. Мен Қуёшга ибодат қиламан!»
Билга-Ҳоқон юрагининг туб-тубигача ҳис этадиган бундай сўзларни айтар экан, қуёшга ибодат қилишга рухсат берилган тонгларнинг бирида у тилмочни чалғитиб, унинг отини ўғирлаган ва қочишга уринган, лекин Билганинг абжир йигитларидан бири уни тутиб, ортига қайтарганди. Билга-Ҳоқон бу иши учун уни жазоламаган, бироқ Қуёшга ибодат қилишига чек қўйганди. Хўш, ҳозир у қоронғи бошпанада Ахура-Мазданинг қизи илоҳий Ашига ибодат қилаётиб қандай пинҳоний нарса тайёрлаётган экан? Ашининг мана бундай сўзлари бор:
«Учқур отли турклар мени таъқиб қилганда, ўзимни кучли ҳўкиз туёқлари остига яширдим; лекин у ердан ёш йигитлар ва эр кўрмаган қизлар мени топиб олишди. Яна бир бор учқур отли турклар таъқибига учрадим ва ўзимни қўйнинг бўйни остига яширдим. Бу сафар ҳам ёш йигитлар ва эр кўрмаган қизлар мени топиб олишди. Яна мени учқур отли турклар таъқиб этишди.
Аввал бошда Аши дув-дув ёш тўкиб бир боласиз урғочига зорланди: «Унга яқинлашма, у билан бирга ётма; лекин мен улар билан нима қилишим керак? Осмонга учмоғим даркорми ва ё ерга қайтмоғим?»
Кейин Аши дув-дув ёш тўкиб ўз боласини эрига келтириб берган бошқа биридан ҳомиладор урғочига шикоят қилди: «Улар билан нима қилмоғим керак: осмонга учайми ва ё ерга қайтайми?»
Сўнгида илоҳий Аши ёшини оқизиб зорланди: «Бокира қизларни олиб кетиб, уларни боласиз аёлдай қайтариб келадиганлар мудҳиш жиноятга қўл урадилар. Улар билан нима ҳам қилардим? Осмонгами учай ё ерга тушайми?»
89.
Ҳа, эронликларнинг ҳибсидан дарҳол қутулиб чиқдим. Гарчи мендаги қўрқув ҳақиқатдагидан кўра кучлироқ бўлса ҳам, воқеанинг нима билан тугашини ҳеч қачон билиб бўлмас экан. Инсон ҳаёти шу қадар ўзгарувчан, шу қадар кимнингдир кайфияти, маълумоти ва ё бошқа нарсаларга боғлиқ эканки, лекин фақатгина таназзул онларида кайфият ё ғафлатдан кучлироқ бўлган ҳақиқат мавжудлигини англай бошлайсиз. Шундан кейин имконият деб аталувчи нарсаларнинг бари саробга айланади. Айни пайтда мен ўтган кунларимни сарҳисоб қиларканман, қанчалик ҳақ эканимни ўрганяпман. Ҳаётим ва йўлим қанчалик тўғри кечди. Эрон Инқилобининг мени ўлдириб юборишга қодир ёки чиркин зиндонга ташлаши мумкин қуюқ соқолли қўриқчиси борлигидан хабарим бормиди? Ўйлаганим шу эди: «Ҳаммаси тугади, у ҳар нарсани билади! Аслида у (балки У) мени қотиллик билан қўрқитган ва ҳозир Исроилга сафаримдан сўнг бундан ҳам ёмони бошланади». Лекин биринчисидан каттароқ бошқа бир қўриқчи борлигини ўйламаган эканман. Вазифам унга ундан ҳам йирикроғи борлигини унутишига йўл қўймасликдан иборат. Аслида мен буни бехосдан билиб қолдим. Чунки кичик ва ҳал қилувчи қўриқчи мени нима қилиш ҳақида бир қарорга келмасдан бурун ҳужжатларимни титкилаётганда Оятуллоҳ Ҳомайнийнинг сурати паспортим ичидан тушиб кетди. Шу кичик сурат сўроқчимнинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборганини сездим. Бу ўринда менинг ушлаб турилишим кейинги кунни -- Президент учун эмас, унинг келгуси ҳукмронлиги учун -- барбод қилиши мумкинлигини айтиб ўтиш етарли бўлди. Бир мақол бор: Отдан тушса ҳам эгардан тушмайди, деган. Шунга ўхшаб, кичик қўриқчи ўқрайиб туриб менга бақирди, бироқ у телефон орқали қўмондонини топишга тушди. Шундан кейингина Катта Тренерим ишга аралашди...
90.
Нега буни худди муҳим нарсадай сизга айтяпман? Нега тартибсиз тилмочлик ҳаётимнинг аҳамиятини аниқлашга уринмоқдаман? Агар ўша маънисиз кунлардан қанчалик уялганимни билсангиз эди. Бир кун бу ёқда, бир кун у ёқда, фақат берилган вақтни замонавий ҳаёт деб аталувчи юзакиликка сарфлаш. Ботаётган қуёш ортидаги сояни таъқиб қилиш. Буларнниг бари нима ҳақида? Воситачи сифатида хизмат қилганим ҳамма тадқиқотчи, продюсер, руҳоний, қўшиқчи, футболчи, ҳарбий полициячи, топ-модель, барча юлдузлару замонавий жамият қаймоғи бошқа дунё билан кўприк ўрнатиш мақсадида эдими?
Ёки бу каби ўйлашим билан уларнинг эмас, менинг ҳаётим ғайритабиий тус олди дея кибрга берилдимми? Яъни бу бошқаларникига ўхшамайдиган, ўша бошқалар бўлишадиган айқаш-уйқашликми? Бир нарса аниқ: рўй берган барча нарса ҳақиқат, ягона, ёлғиз, якка ҳақиқат. Балки мен ақллироқ бўлишим ва юлдузлар ва ишқибозларнинг эмас, ўтмиш ва келажакнинг икки тегирмон тоши орасида янчилаётган шу ғаройиб саробдан воз кечмоғим керакдир?
91.
Яна зардуштийларнинг қўшиқлари ҳақида. Москвадаги саргузаштим бўлган Ирма эри тўғрисида бир ҳикоя айтиб берди. (Бошида уни Фионага ўхшатдим, бошқа барча рус хонимларига ўхшаб, яқинликдан кейин у ҳам эри ҳақида гапирди). Улар Москвадан анча узоқда жойлашган қишлоқда яшашга одатланишган экан, лекин икковлари ҳам Шўролар пойтахтида ишлашган. Одатда ярим соат автобусда, сўнгра Қозон станциясига қадар поездда ва охири метрога тушишаркан. Бир гал Ирманинг қандайдир иши чиқиб қолиб шаҳарда қолишига тўғри келади ва қишлоқда ширакайф бўлиб ўтирган эрига сим қоқади. *Эшит, - дейди у эрига, - Эртага Большойга кундузги томошага тушмоқчимиз, соат ўнда у ерда бўлишинг керак, отлар турган устун тагида. Қаерлигини уқдингми?* *- Албатта! Большойни ким билмайди? Қизил Майдон яқинида-ку!* *Бўпти, ухлаб қолма!*
Унинг эри ўша заҳоти ухлашга ётади ва радиони ўчирмай қолдиради. Шўролар гимни янги кунни эълон қилган пайтда ирғиб ўрнидан туради, чиройли кийиниб, автобус бекатига чопади. Кўча негадир қоронғи эди. *Кеча жуда кўп ичворибман*, - тушунтиради у ўзига ўзи ва қишлоқ четидаги бекат томон тез-тез қадам ташлаб кетади. У ерга етиб келса, автобус йўқ эмиш. Бир соат кутса ҳамки ҳеч нарсанинг дараги бўлмабди. *Бугун байрамми?* - ўйлайди у, - лекин нимага қўнғироқлар чалинмаяпти? Яна ярим соат кутгач, бир маст ўткинчига кўзи тушади. *Оғайни, нега автобус йўқ?* - сўрайди у. *Жинни-пиннимасмисан, ярим тунда қанақа автобус сенга?* У қайтиб соатига қарайди. Соат тунги икки. Бувисини уйғотади: *Қаранг, нимага гимн айтишди?* *Тентак бола-я, - дейди у, - соат тунги ўн иккида фақат сўзсиз чолғу чалинади, эрталабки олтида эса гимнни қўшиқ қилиб айтишади. Буларнинг фарқи бор!*
Шундай қилиб, соат олтида Шўролар гимни айтилгач, эр яна автобус бекатига боради. Соат ўнда у каттакон устун тагида турар, лекин Ирмадан дарак йўқмиш. У бирдан атрофга қараб томошага келмаётган фақат Ирма эканлигини ўйлабди ва текшириб кўриш учун устуннинг юқорисига қарабди. Не кўз билан кўрсинки, мармар отлардан нишон йўқ эмиш. У чиндан ҳам қўрқиб кетибди: жин урсин қаердайди ахир улар? У бошқа бир маст йўловчидан отлар қаерда деб сўрабди. *Жинни-пиннимасмисан, Манежнинг устида отлар нима қилсин? Улар Қизил Майдоннинг худди шунақа нариги томонидаги Большойнинг устида!*
92.
Эронда эканман, гуруҳимиз охирги ўйинга тайёргарлик кўргунича ҳамма нарсани унутишга ва диққатга сазовор жойларни томоша қилишга қарор қилдим. Шероз автобус бекатида келиб-кетиш вақти кўрсатилган жадвалдан узоқлашаётганимда бир такси ҳайдовчи олдимга келиб, истаган еримга олиб бориб қўйишини таклиф қилди. У деди, бу деди, қисқаси, мен уни эмас, у мени ёллади. Шу аснода унга 100 минг риёл, яъни тахминан 30 доллар пулга келишдик ва у мени шаҳар бўйлаб олиб юрадиган бўлди. Чиндан ҳам такси ҳайдовчи ҳамма ёқни кўрсатди. Биз кунни биргаликда ўтказдик, ҳатто саёҳатимиз сўнггида у мени уйига таклиф қилди. Унда аёли билан қизлари исломий қонун-қоидаларга мутлақо қарши бўлган савооларни устимга ёғдиришди. Бу футболчилар, менинг сайру саёҳатим ва ҳаётимга оид саволлар эди асосан. Бир сўз билан айтганда, биз ака-укадай бўлиб қолдик гўё. Ахири ҳайдовчи қайтиб ўша Шероз бекатига мени элтиб қўяркан, келишганимиз 100 минг риёлни чиқариб унга узатдим. Лекин у пулни олмади, бундан буён унга қариндош эканим ва бирор кун азиз меҳмоним бўлишдан боши осмонга етишини айтди. Мен ҳам худди унга ўхшаб қуюқ меҳмондорчилик қилишга сўз бериб, пулни олишини ўтиндим. Бироқ у яна рад этди. Мен қайта қистагандим, у бирдан «Яхши, - деди, - модомики мажбурлаётган эансиз, у ҳолда менга 110 минг риёл беришингиз керак, чунки ташриф буюрганингиз ҳамма музейларга ҳам билетни ўзим сотиб олиб бердим...»
Достарыңызбен бөлісу: |