синов бирлиги соати — маъруза, лаборатория, семинар, студия ва амалий машғулотлар ҳамда амалиётларнинг 1 академик соати 40 дақиқага тенг;
синов бирликларини тан олиш — бошқа таълим муассасасида эришилган ва баҳоланган таълим олиш натижаларининг Университетдаги мавжуд фан дастурларидан бирининг талабларига жавоб беришини тасдиқлаш;
синов бирликларини тўплаш — таълим элементларини ўзлаштириш ва бошқа ютуқларга эришиш натижасида тақдим этиладиган бирликларни тўплаш;
таълим элементлари — таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи ўқитиш тури;
таълим олиш натижалари — талаба томонидан ўзлаштирилган ва баҳо билан тасдиқланган малака даражасини акс эттирадиган, таълим жараёнини муваффақиятли тугаллагач, ўзлаштирган кўникмалари, топшириқларни тушунтириши ва уларни бажариш қобилиятининг тавсифи;
таълим тўғрисидаги маълумотнома — ўзлаштирилган фанлар, тўпланган синов бирликлари миқдори, олинган баҳолар акс эттириладиган талабанинг академик ўзлаштириши бўйича гувоҳнома;
транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган синов бирликлари ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
тьютор — маърузачи томонидан ўқитилаётган фанни ўзлаштиришда таълим олувчиларга ёрдам берувчи шахс;
эдвайзер — тегишли мутахассислик бўйича таълим олувчига академик мураббий функциясини бажарувчи, таълим траекториясини (шахсий ўқув режасини) шакллантиришда ва ўқиш даврида таълим дастурини ўзлаштиришда кўмаклашувчи ўқитувчи.
3-боб. Таълим дастури тузилмаси
5. Таълим дастури тузилмаси бир ёки бир нечта модуллардан иборат таълим элементларидан ташкил топган бўлиб, Университет томонидан тасдиқланади. Таълим дастури аудитория машғулотлари, илмий лойиҳалар, ишлаб чиқариш амалиёти ва бошқа таълим элементларидан иборат бўлиши мумкин. Тузилмалар таълим олиш натижаларига мос бўлган ва синов бирликларида ифодаланган ижтимоий ва жамоат фаолиятини қамраб олиши мумкин.
6. Таълим дастури тузилмасини ишлаб чиқишда унинг ҳар бир таълим элементига мос келадиган таълим олиш натижалари (камида 6 та кўрсаткич) кўрсатилиши ҳамда академик ўқув йилига 60 синов бирлиги мос келишини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Дастурда синов бирликларининг миқдори сарфланадиган меҳнат харажатлари асосида кўрсатилади.
7. Талабаларнинг таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштиришлари ҳамда талаб қилинган малакага эга бўлишлари учун талаблар аниқ белгиланади. Ўзлаштириш қоидалари танланган таълим дастури бўйича ўқитишнинг турли босқичлари учун белгиланган синов бирликлари миқдорида ёки синов бирликлари оралиғида ифодаланиши мумкин.
8. Университет талабалар томонидан таълим дастури муваффақиятли бажарилишига ёрдам бериш учун маслаҳат ва тушунтиришлар бериб боради. Маслаҳат бериш доирасида таълим олиш натижасида эришган ютуқлар ва тажрибаларни тан олиш имкониятлари тушунтирилади.
9. Университет барча фанларининг каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳамда долзарб ахборотларни ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ университетнинг веб-саҳифасида ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида эълон қилиб бориши шарт.
10. Таълим элементларининг амалга оширилишига масъул ўқитувчилар таълим дастурида кўрсатилган натижалар билан таълим бериш ҳамда баҳолаш жараёнлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлашлари лозим.
Достарыңызбен бөлісу: |