Об руҳий касалликларнинг этиологияси ва патогенези



бет4/26
Дата21.06.2016
өлшемі1.93 Mb.
#152122
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26

Муносабат васвасаси васваса тизими ташкил топишининг бошланғич босқичида кузатилади. Беморга атрофдаги одамлар (оғайнилари, ўртоқлари, бегоналар) унгa нисбатан муносабатини ўзгартиргандек туюлади. Унинг хаёлида ёмон ниятли одамлар унга қарши ёмон нарсалар уюштираётгандек бўлади. Унинг устидан кулиб, ёмон ниятли, ғазабли кўзлар билан қарашаётгандек бўлади. Бемор ўз яқинларига шубҳа ва ишончсизлик билан қарай бошлайди. Касаллик ривожланиши билан васвасанинг бошқа кўринишлари, яъни таъқиб қилиш васвасаси пайдо бўлади. Бемор таъқиб объекти, уни бир ёки бир гурух одамлар (қўшнилари, оғайнилари, дўстлари, бегоналар) ёки бутун ташкилот ҳатто чет эл разведкачилари таъқиб қилаётгандек бўлади. Бемор уни ҳар доим таъқиб қилишаётганига иймони комил ва таъқиб қилишдан мақсад уни ва яқинларини ўлдириш, ишдан бўшатиш, олийгохдан ҳайдаш деб билади. У ўзининг таъқиб қилувчиларини кўчада, жамоатда, иш жойида, транспортда уларнинг мимикасидан, ҳаракатларидан ва сўзлашларидан билади.

Таъсир қилиш васвасаси (руҳий ва жисмоний заҳарлаш) кўп холларда таъқиб васвасаси билан келади. Бемор унга таъқиб қилувчилар рухан ва жисмонан, гипноз, телепатия, экстрасенс, магнетизм, космик рентген ва лазер нурлари, электр токи, изотоплар ва бошқалар билан таъсир қилаётганини айтади. Энг янги аппаратларни қўллаб унинг овқатига заҳар солиб, хоналарини газлаб радиоактив воситалар билан нурлантириб, кучли жавҳарлар билан куйдириб ўлдирмокчи эканлигини айтади. Ташқи таъсир кўп тизимлар ва аъзоларни, асосан бош мия ва сийдик-таносил аъзолар фаолиятини бузишга йўналтирилган деб тушунишади.

Махсус аҳамиятли васваса ғоялар бунда беморга кундалик одатдагидек воқеаларга маҳсус мазмун беради. Масалан, даволовчи шифокор беморга унинг ўлим куни яқинлигини билиб қора кўйлак кийганлиги, кулдонда чеқилган сигаретни қолдириш (хоч шаклида) унинг ўлиши ва кўмилишини англатади деб тушунади.

Саҳналаштириш васвасаси (интерметаморфозлар) Бемор атрофдаги муҳит доим ўзгараётганини, маълум (сценарий) бўйича кино олинаётганини таъкидлайди. Икки ёқлама ўйин, яъни бемор ётган касалхона эмас, балки текширув бўлими, шифокор ва тиббиёт ҳамширалари эса халат кийиб олган текширувчилар, касаллик тарихи эса унинг устидан очилган жиноий иш деб ўйлайди. Бегона одамларни яқин кишилари, лекин бегоналардек гримланган ёки тескариси, қариндош ва танишларини — бегоналар, лекин танишлардек грим­ланган деб тушунади. Ижобий ёки салбий эгизаклар — эгизаклик васвасаси аломати (Капгра синдроми), яъни атрофдагиларни ёлғон таниш синдроми.

Ўз-ўзини айблаш, гуноҳкор деб билиш ва ўзини-ўзи йўқотиш васвасаси ҳар доим депрессив ҳолат фонида келиб чиқади. Бунда бемор ўзини жиноятчи, гуноҳкор, ўз оиласи, жамоаси, жамият олдида гуноҳкор деб билади ва бунинг учун ўзини жазоланишга, қийноқларга ва ўлимга лойиқ деб тан олади. Суицидал уринишларга майл (ўзини ўлдириш) кузатилади.

Улуғлик бойлик васвасаси — кўтаринки кайфият фонида шаклланади. Бемор ўзини энг буюк улуғ ва бутун дунё устидан хукмрон деб билади (прогрессив фалажлик билан хасталанганлар эса ўзларини бутун Урусия, Евроосиё, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон усти­дан ҳоким деб айтишади). Бойлик васвасасида эса беморлар ўзларини энг бой, хеч туганмас ва ўлмас бойлик олтин, қимматбахо буюмлар эгаси, мультимиллионерларни ўз олдида қашшоқ деб ҳисоблайдилар. Бошқа беморлар эса кўп мамлакат тилларини билиши, бир вақтнинг ўзида бир нечта дорилфунунни битирганликларини ва уларни чет элга ишга тақлиф қилишганини айтишади. Бу васвасага ихтирочилик ва реформаторлик васвасаси яқин, бунда бемор ўзини буюк кашфиётчи, кўп янгиликлар муаллифи деб ҳисоблайди. Бемор у ясаган асбоб-ускуналар билан бутун ер шари иқлимини ўзгартириши мумкинлигини айтади. Бундай беморлар катта фаолликка эга бўлиб, китоблар (мақола) ёзиб чизмалар чизишади. Тан олинишига эришиш учун давлат ташкилотлари ва халкаро ташкилотларга мурожаат қиладилар.

Ипохондрик васваса—депрессив ва субдепрессив ҳолат фонида вужудга келади. Ипохондрик васвасада беморлар ўзларини оғир касал (рак, ОИТС, захм)га чалинган деб биладилар. Ўзларича бу касаллик белгиларини топиб, тез орада ўлишини айтишади. Кетма-кет текширувлардан ўтишади, жавобларнинг салбий чиқиши (Вассерман реакциясининг 16 марта манфийлиги) уларни қониқтирмайди.

Нигилистик васвасада беморлар ўзларининг барча ички аъзолари сезилиб турганлигини, юрак урмаётганлиги, ўпкалар нафас олмаётганлиги, ошкозон-ичак йўли атрофияланганлигини, ўзи ўлганлигини, тирик мурда эканлигини бошқаларга тушунтирмокчи бўладилар. Баъзи аъзолари йўқлигига ёки мияси музлаб қолганлиги каби шикоятларни айтади.

Бир беморга «Сен ўлганмисан?» — деб сўрашса, «Мен ўлганман, лекин менинг тилим валдираяпти» — деб жавоб берган. Касаллик ривожланганда фантастик тавсифга эга бўлади, яъни бемор фақат у эмас, балки бутун дунё ўлганлигини таъкидлайди — Котар васвасаси.

Ипохондрик васвасага жисмонан етишмовчилик васвасаси яқин. Бу васваса болалик ёшлик даврига хос бўлиб, беморлар ўзининг кўринишини бадбашаралашгандек, қулоқ, бурун, лунж ва кўз шакллари ўзгариб, нохуш бўлиб қолгандек хис қилишади. Баъзан беморлар танасининг узунлашиб кетганини (Гулливердек), қўл, оёқ кўкрак қафасининг узунлашиб кетганини, беўхшов қоматли эканликларини таъкидлашади. Иккинчи гурух беморлар эса сассиқ хидлар тарқатаётгандек (оғиз ва ичидан) бўлишади. Шунинг учун ҳамма ундан қочаётгандек туюлади, бунда муносабат васвасаси келиб чиқади: кайфиятлари тушкун, кечинмаларини бекитиш ҳаракатида бўлишади. Бир гурухдаги беморлар ўзларидаги камчилик-нуқсонларни жарроҳлардан тўғрилашни талаб қиладилар. Ўғирланиш ва зарар етказиш васвасаси — бемор уни ўғирлаб, унга катта зарар етказишганини айтади. Бемор аёл унинг болалари сочиқ, иккита қошиқ чиллагини ўғирлашганини, 87 ёшли аёл эса эртага никоҳга кийиб бориши керак бўлган никоҳ куйлагини ўғирлатиб қўйганини таъкидлайди. Ўғирланиш васвасаси қарилик ақли пастлиги ва це­ребрал атеросклерозда учрайди.

Рашк васвасаси (умр йўлдоши бевафолиги). Соғлом одам одатдаги рашкидан фарқли ўлароқ касаллар хеч қандай сабабсиз ҳамма нарсадан бевафолик исботини топишга ҳаракат қилишади. Кўпроқ сурункали алкоголизмда учрайди.

Индуцирланган васваса — оға-инилар ёки васваса касаллиги билан оғриган шахс билан узоқ вақт мулоқотда бўлган шахсларда учрайди. Масалан: агар отада васваса касаллиги бўлса, унда маълум бир давр ўтгандан кейин қолган оила аъзолари (она, болалар) ҳам касал отанинг васваса фикрларини такрорлай бошлашади.

Васвасанинг асосий 2 тури мавжуд: бирламчи (интерпретатив, параноял.системалашган). Иккиламчи васваса - образли хиссиётли.

I. Бирламчи васваса - ташқи олам, ички сезгиларда содир бўлган факт ва ходисаларга хасталик оқибатида нотўғри бахо бериш, талкин қилиш асосида юзага келадиган хасталик белгиси хисобланади. Бирламчи васваса жараёнида окилона, мантикий билиш хусусияти яъни нарса ва воқеаларни ички алоқаларини қайд этиш хусусияти шикастланади, хиссий билиш жараёни эса ўзгаришсиз қолади ёки бир мунча камрок зарарланади. Бирламчи васваса қуйидаги айрим хусусиятларига эга:

Бошқа турдаги психопатологик ўзгаришларга боғлиқ бўлмаслиги, нисбатан мустақил. Бирламчи васваса ғояларининг шаклланишида бошқа хил кечинмалар, яъни аффектив, иллюзор, галлюцинатор бузилишларнинг мутлоқо учрасмаслиги ёки уларнинг нихоятда кичик ўрин эгаллаши ахамиятлидир (васвасага нисбатан кейинги ўринни) эгаллаши муносиб.

Бирламчи васваса ғоялар талкин васвасаси деб хам аталади (интерпретатив). Бемор ташқи воқеалар хилма-хиллиги ичидан фақатгина ўз васваса ғоялари мазмунига тегишли бўлган далилларни танлаб олган холда талқин қилиш билан машғул бўлади. Шу жихатдан хам мулохаза қобилиятининг бузилиши кузатилади.Хиссий билиш қобилияти зарар кўрмайди. Васваса ғоялари мазмунига тааллуқли бўлмаган барча ходиса ва нарса бемор томонидан тўғри талкин топади.

Бирламчи васваса ғоялари мазмуни алохида олинган оддий маъноли тавсифга эга мазмуни жихатдан бирламчи васваса ғоялари хилма-хил бўлиши мумкин (ихтирочилик ғоялари, рашк, иғвогарчилик, кузатувчанлик, олий табақага эга бўлган оиладан келиб чикиш ғоялари, ипохондрик, маъшуқлик (севги) ғоялари, эротик ғоялар, зиён етказиш ғоялари, ўғирлик, қашшоқланиш ғоялари). Бирламчм васваса ғоялари асосида ётган фикр, мулохаза ва хулосалар бемор томонидан чуқур ва хар томонлама ишлаб чиқилган.

Беморнинг бутун вужуди ва хаёт турмуши шу ривожланиб, такомиллашиб бораётган бирламчи васваса асосида ётади.

Бирламчи васваса ғоялари ўзининг барқарорлиги, ривожланиб бориш хусусиятига эга эканлиги билан тавсифланади. Даволаш чоралари бу васваса ғояларига кор қилмайди.

II. Хиссий (сезги) –иккиламчи васваса— асосан сезги хусусиятининг бузилиши билан кечади. Унииг таркибига: қабул қилишнинг бузилиши, галлюцинация (депрессия, қўрқув), онгнинг бузилиши (делирий) киради. Васваса ғоялари бу холда фрагментар, конкрет тасаввурли вахима, қўрқув билан давом этади. Иккиламчи васваса мазмуни бўйича ҳар хил (ўзини айблаш, гуноҳкорлик ипохондрик нигилистик ва бошқалар) бўлади. Иккиламчи тасаввурли васвасалар ўткир экзоген психозлар, шизофрениянинг ўткир ва ўртача ўткир бошланишида, инволюцион ва томирли психозларда учрайди.

У ўзининг эркинлиги, эмоционал жихатдан тўйимлилиги, ўзгарувчанлиги, пластиклиги билан ажралиб туради. Бу билиш жараёнининг хиссий томонининг бузилишидан далолат беради. Бу васваса турини сезги васвасаси, (образли) васваса деб хам атаймиз (К.Ясперс). Чунки, бу холда атроф-мухит, унда содир бўлаётган барча воқеаларни, бемор дархол васвасавий қабул қилади, яъни васвасавий дереализация содир бўлади. Шу билан бир қаторда бемор атрофида реал шароитда содир бўлаётган барча воқеликлар айнан беморнинг фараз қилиш жараёнини ўзгариши яъни унинг ички фантастик образлар, хаёллар, фантазиялар билан тўлдириб кўрсатилади. Шунинг учун хам бу васваса тури образли васваса, хаёлий васваса деб аталади.

Хиссий васвасанинг бирламчи интерпретатив васвасадан асосий фарқловчи белгилари қуйидагилардан иборат.

Унинг бошқа хил психопатологик кечинмаларга узвий боғлиқлиги аффектив (жазава), галлюцинатор, хушнинг бузилиши кабилар. Шунинг учун хам хиссий васвасани иккиламчи васваса деб хам аталади. Бундай аталишининг сабаби бу васваса турининг юқорида қайд этилган психопатологик кечинмалар билан мураккаб синдром ичида боғлиқлигина эмас, балки бошқа хил психопотологик кечинмалар натижасида юзага келишдадир.

Хиссий васваса ғоялари ўзининг кўринишлиги (кўргазмалийлиги), образлилиги, ишонарлилиги билан ажралиб туради. Хиссий васваса ғоялари бемор рухида тайёр холда, яъни бирор бир тахлил ва шубхасиз пайдо бўлади ва шу хислати билан бирламчи васваса ғояларидан фарқ қилади.

Хиссий васваса ғоялари системалашишга мойиллигининг йўқлиги билан хам тавсифланади. Васваса ғояларининг бу хилида бирламчи васваса ғояларига хос бир-бирига боғлиқ бўлган исбот ва далилларнинг, мантиқнинг аниқ бир системаси мавжуд бўлмайди.

Кўп мавзулилиги, яъни маъно жихатидан бир хил, баъзан ноаниқ бўлган холда яхши шаклланмаган васваса ғоялари бемор онгида ноаниқ образлар орқали ўрнашиб олади. Хиссий васваса ғоялари фантастик (ғайриоддий) кўринишга айланишдан мойиллиги холи эмас. Касалликнинг ўткирлашуви, чуқурлашуви натижасида конкрет хусусиятига эга бўлган хиссий васваса ғоялари ўрнини ғайриодций васваса ғоялари эгаллаши кузатилади. Бу холларда васваса ғоялари жахон, коинот миқёсида бўлиб, бемор бу кечинмаларда марказий ўринни эгаллайди (буюклилик васваса ғояси, мегаломаник васваса ғояси).

Васваса ғоялари шунингдек тизимлашган ва тизимлашмаган турларга бўлинади. Тизимлашмаган васваса бўлак-бўлак боғланмаган, узуқ-юлуқ тавсифга эга бўлиб, алдамчи сезгилар: ил­люзия, галлюцинациялардан келиб чиқади. Васвасанинг бу тури руҳий касалликларнинг бошланишида учрайди. Касаллик ривожланиши билан, маълум бир вақт ўтгандан кейин васваса ғоялари тизимга тушади, яъни васвасада ҳамма нарса ўзаро боғланган ва тушунарли қарашлар тизими шаклланади. Шунинг учун агар касаллик тизимлашган васваса кўринишида вужудга келса, касаллик анча аввал бошланганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Васвасанинг тизимлашган тури ўз тузилмаси бўйича ҳар хил — паранойял, параноид ва парафрен васваса синдромлари кўринишида бўлиши мумкин.

Паранойял васвасада—бирламчи интерпретатив васваса доминант бўлиб, аниқ онгда келиб чиқади. Бунда атрофдаги аниқ воқеалар, далиллар бир томонлама мушоҳада (интерпретация) қилинади ва енгил хукм, тасдиқлар бўлмайди. Паранойял синдром шизоф­рения, параноид психопатия, шахснинг патологик ри­вожланишида кузатилади.

Паранойял синдром аста-секин ривожланиб, маълум вақтдан кейин, баъзан бир неча йилдан кейин параноид (галлюцинатор васваса) синдромига ўтади.



Параноид (галлюцинатор — параноид, галлюцина­тор) васваса синдроми васваса ғояларининг (таъқиблаш, таъсир қилиш, заҳарлаш, ипохондрик ва бошқалар) галлюцинация ва иллюзиялар билан қўшилувидан иборатдир. Бундан ташқари, васвасанинг бу турида Кандинский — Клерамбонинг психик автоматизм ходисаси ҳам бор.

Параноид синдром бир қанча руҳий касалликлар: шизофрения, эпилепсия, экзоген психоз, экзоген органик психоз билан бирга келади.

Баъзи руҳий касалликларда (масалан, шизофренияда) параноид синдром парафрен синдромга айланиши мумкин.

Парафрен синдроми васваса тизими шаклланишида якуний босқич ҳисобланади ва руҳий фаолиятнинг оғир бузилганлигини кўрсатади. Парафрен синдром—синдром тузилмаси улуғлик буюклик таъқиб, таъсир қилиш, руҳий автоматизм — фантастик васвасаларидан иборат. Кўтаринки кайфият билан кечади. Парафрен синдром баъзан ўткир ва кўпинча сурункали бўлиши мумкин. Васваса ғоялари баъзан фантастик конфабуляциялар билан қўшилиб келиши мумкин. Бунда беморлар ўзларини бутун дунё армияларининг қўмондони, катта бойлик эгаси деб ҳисоблашади. Бемор ўзига ясаган коинот кемасида бутун сайёраларни кезиб чиққан ва у ерларда уни ўз императорлари деб тан олишган, улар жуда катта кучга эга, яъни жимжилоқларида ерни кўтара олади, хозирги вақтдаги ва ўтмишдаги ернинг қимирлашларини уларнинг Ер билан қилган манипуляциялари (қўллари) натижасидир деб таъкидлашади. Парафрен синдром шизофрениянинг сўнгги босқичида, экзоген ҳамда экзоген-органик психозларда учрайди.

Кандинский-Клерамбо руҳий автоматизм синдроми.

Бир вақтнинг ўзида бир-бирига боғлиқ бўлмаган холда икки руҳшунос рус Кандинский ва француз Клерамбо томонидан аниқланган.

Руҳий автоматизм синдроми мураккаб аломатлар мажмуаси бўлиб, марказий патология ўз-ўзига тааллуқли, ўз руҳий фаолиятлари: фикрлаш, сезиш, ҳаракат фаолиятлариннг бегоналашуви ёки бутунлай йўқолиши ҳисобланади. Бунда организмга доимий равишда ташқи куч таъсир қилиб туриш ҳисси пайдо бўлади. Шу билан бирга таъқиб, таъсир қилиш псевдогаллюцинация вас­васа ғоялари ҳам бўлади.

Руҳий автоматизм синдромининг 3 та асосий тури бор:



  1. Ассоциатив (идеатор).

  2. Сенсор (сенестопатик сезги).

3. Ҳаракат (мотор, кинестопатик).

1. Ассоциатив (идеатор) автома­т и з м — фикрлаш жараёнларига ташқаридан таъсир ҳисси, бемор фикрига, иродасига қарши, мажбуран, доимий қандайдир куч таъсирида унинг фикрларини бошқаради ва бошига бегона фикрлар солиб қўяди, унинг фикрларини тезлаштиради, фикрларни секинлаштиради (ментизм), фикрларини олиб ўқийди (очиқлик симптоми), унинг фикрларини эшиттиради, мажбуран фикрларини узади, фикрларини қайтаради, псевдогаллюцинациялар учрайди.

2. Сенестопатик (сенсор, сезги) ав­томатизм — ички аъзоларда ташқи куч таъсирида чақирилган нохуш оғриқ ҳиссининг пайдо бўлиши билан тавсифланади. Беморлар куйиш, совуқлиқ буралиш, тирналиш, тортишиш хисларини сезади. Бундан ташқари, беморларда таъқибчилар жинсий қўзғалиш чақиришади, дефекация ва сийдик ажралиш актларини
тўхтатишади ёки ноқулай жой ва вақтда чақиришади. Беморлар эмоционал муҳитга таъсирни ҳис қилишади, бу таъсирлар уларни ғамгин ёки кўтаринки кайфият, ғазаб, қурқув ёки бефарқликка олиб келади.

3. Ҳаракат (мотор,кинестопатик) автоматизм-беморлар бажараётган ҳаракатларини ташқи куч таъсирида юзага чиқаётганини айтадилар. Уларнинг оёқ-қўлларини, хатти-ҳаракатларини ташқи куч ҳаракатлантираётганига иймонлари комилдир. Бу куч улар иродасига қарши қўлларини кўтаряпти, бошини бураяпти, қотириб қўйишаяпти, баъзи гап ва сўзларни гапиришга мажбур қилаяпти деб ўйлайдилар — нутқ қўзғалиш автоматизми.

Кандинский — Клерамбо синдромини ҳар хил руҳий касалликлар: шизофрения, психик эпилепсия, алкоголли психоз, органик психозларда кузатиш мумкин.

Фикрлаш бузилишининг патогенетик механизми хозиргача етарли даражада аниқланмаган. Фикрлашнинг бузилишини психоморфологик биологик-эволюцион нуқтаи назарлардан талқин қилишга уринишлар бўлган.



8-БОБ

ХИССИЁТ ИРОДА ВА ҲАРАКАТ ДОИРАСИНИНГ БУЗИЛИШИ

Ҳиссиёт доирасининг бузилиши

Ҳиссиёт деб, ташқи оламдаги нарса ва ходисаларга нисбатан бўлган муносабатларимизнинг ва булардан ҳосил бўлган ички кечинмаларимизнинг акс эттирилишини тушунамиз. Барча руҳий жараёнлар хиссиёт реакциялари билан кечади, чунки уларсиз билиш фаолияти бўлиши мумким эмас. Ҳиссиёт билиш фаолиятининг барча босқичларида иштирок этади (сезиш, идрок қилиш, фикрлаш) ва уларни салбий ёки ижобий хиссиётларга ажратади. Кайфиятни белгиловчи ҳиссиётнинг таркибига атрофдаги борлиқ, ички муҳит ва инсон ҳолати таъсир этади.

Руҳий хаётда бош миянинг функционал хиссиёт ҳолатини кўтарувчи омил ҳисобланиб, инсон фаолиятини рағбатлантиришда катта ўрин эгаллайди. Руҳий фаолиятда хиссиётнинг аҳамиятини Ч. Дарвин ишонарли даражада таърифлаб берган. Ч. Дарвиннинг «Ҳайвон ва одамлардаги сезги» деб номланган асари чоп этилган эди. Дарвин фикрига кўра ҳиссиёт фаолиятга тайёргарликда катта аҳамият касб этади. Ҳимоя ёки ҳамлага тайёрланиб турган одам ва хайвон маълум бир ҳолатни эгаллайди: бунда у ёки бу фаолият турига организмнинг барча фаолиятлари мослашади. Америкалик физиолог В. Кеннов «Ҳиссиёт физиологияси» номли асарида қўрқув ва ғазаб хиссиёти қонга адреналиннинг кўп тушиши билан кечишини кўрсатди. Маълумки, гиперадреналинемия симпатик тизимни қўзғатади ва у инсон фаолиятини оширади. Канадалик Ганс Селе кучли ҳиссиётда буйрак усти бези ва гипофиз инкретор фаолиятининг ўзгаришини таъкидлаб ўтган. Панец томонидан илгари сурилган хиссиёт назарияси эмоционал фаолиятда бирламчи ўринни лимбик тизимга беради. Унинг фикрича, кортикал хиссиёт жараёнлари гиппокамп, гипоталамус ва таламусларда келиб чиқади (Панец доираси). Ҳиссиёт назарияси бўйича Мак-Лин ва Гельгорн текширишлари хиссиётнинг келиб чиқишида лимбик тизим (висцераллия), яъни гипоталамус ҳамда ретикуляр формациянинг бош мия пўстлоқ-пўстлоқ ости тузилмалари фаолиятида бирламчи ўрин эгаллашини кўрсатиб беради. Гипоталамуснинг қўзғалувчанлиги ҳамда унда симпатик ва парасимпатик нерв тизими марказларининг борлиги хиссиётнинг келиб чиқиш далилини тушунтириб беради. Юқоридаги ҳолат ҳар қандай ҳиссиёт реакцияси пульснинг тезлашиши, артериал босимнинг ўзгариши, нафас олиш сонининг ўзгариши, юзнинг қизариши ёки оқариши, ғазабнинг кучайиши, ичак фаолиятининг бузилиши («айиқ касаллиги»), терлаш ёки қуруқлик, биокимёвий кўрсатгичлариипг ўзгариши билан бирга кечиш сабабини ҳам тушунтириб беради.

Кўп сонли тажрибавий текширишлар, хиссиётнинг физиологик мазмунини очиб берди. Ҳайвонларда лимбик тизим баъзи анатомик тузилмаларии, яъни Corpus amygdaloidea, septum ни рағбатлаш ва бузиш тажрибалари хиссиёт ва ҳаракат реакцияларининг ўзгаришини тасдиқлади. Corpus amygdaloidea ни стимуллаш агрессив реакцияларининг (бошқа хайвонларга ташланиш), ҳаракат фаоллигининг жонланишини, тўсиқни рағбатлаш эса хиссиёт ва ҳаракат реакцияларининг тормозланишини келтириб чикаради.

Corpus amygdaloidea ни парчалаш узоқ вақтгача ҳаракат- таъсирланишларнинг йўқолишига, тўсиқни парчалаш эса хиссий таъсирланишнинг бирдан кучайишига олиб келади. Хиссиётлар хаётнинг ҳолис қонунияти сифатида, жонзот хаётида мослашувчи омил сифатида мураккаб эволюцион йўқни босиб ўтди. Туб ва олий хиссиётлар фарқланади. Туб хиссиётга хайвонлар хиссиёти билан умумий бўлган овқат ейиш, ухлаш, сув ичиш, жинсий майл билан боғлиқ ҳиссиётлар киради.

Олий хиссиётларга эса фақат одамларгагина хос бўлган юқори даражада такомиллашган хиссиётлар киради. Олий хиссиётлар инсоннинг иктисодий, эстетик этик интеллектуал талабларини қондириш ёки қондира олмасликка боғлиқ хиссиётдир. Бўлак шахслар орасидаги этик хиссиётлар жамиятнинг даражаси билан узвий боғлиқдир. Эстетик хислар деганда биз гўзалликни ндрок қилиш, ундан завқланиш, яратишда уларга интилишни тушунамиз. Интеллектуал хислар — бу одам нинг ақлий фаолияти билан боғлиқ бўлган хислардир. Шундай қилиб, олий хислар инсоннинг рухий ҳолатини бел- гилайди.

Сезги, ҳис доираси бой ва турли-тумандир. Сезгининг турли-туманлиги унинг кўплаб таърифланишидан ҳам англанади. Масалан: кутилаётган хавф турли хил чегарага эга, яъни қўрқиш, хавфсираш, бадбинлик ёки норозилик белгиси турли таърифга эга, яъни нафратланиш, ғазаб.

Хиссий ҳолатлар ўз кучи, давомийлиги, тезлигига эга, яъни одатдаги хурсандчилик жуда хурсандлик чуқур севги, юзаки севги ва хоказолар.

Хиссиёт дунёси ҳам жуда кенг ва турли-тумандир. Шунингдек яна ижобий ва салбий хиссиётлар фарқланади. Ижобий хиссиётга ёқимли кечинмалар, шодлиқ хурсандлик хузур қилиш, салбий хиссиётга хафалик ғазабланиш, ғам, қахр киради.

Инсон хиссиётида қўйидагилар фарқланади:



Кайфият — унчалик кучли бўлмаган, лекин узоқ вақт давом этадиган барқа- pop хиссий ҳолат бўлиб, хеч қандай патологиясиз соғлом одамда кўтарилиши ёки пасайиши мумкин. Соғлом одам кайфиитининг ўзгариб туриши ҳам антероцептив, ҳам экстероцеитив таъсирларга: ўқишдаги, хаётдаги, хизматдаги ютуқларга боғлиқ бўлади.

Кучли даражадаги хиссий ўзгаришлар аффект дейилади.



Аффектлар — тўсатдан пайдо бўлиб, қисқа муддат давом этувчи, лекин анча жадал хиссиётдир. Қахр, ғазаб, ажабланиш, хурсандчилик аффектлари бўлиши мумкин.

Патологик аффект — психик фаолиятнинг қисқа муддатли бузилиши бўлиб, сабабсиз ёки адекват бўлмаган сабаб туфайли юзага келувчи жўшқин ҳиссий реакциядир. Патологик аффект онгнинг торайиши туфайли психомотор, баъзан хавфли, агрессив ҳаракат (хужум қилиш, ўлдириш)лар билан кечади. Патологик аффектдан кейин қисман ёки тўлиқ амнезия бўлади. Патологик аффектга бош мия жарохати бўлган, эпилепсия билан хасталанган шахслар, алкоголиклар, гиёҳвандлар берилувчан бўлади. Эмоционал бузилишлар — руҳий хасталикда катта ўрин эгаллаб, жуда турли-тумандир. Ҳиссий бузилишлар ҳам касаллик бошланиши, ҳам ривожланиши босқичида учраб, хавф, қўрқув аффекти, кайфиятининг пасайиши, депрессия ва кўтаринки кайфият кўринишида намоён бўлади. Хиссий бузилишлар руҳий касалликлар клиникасида асосий синдром кўринишида (маниакал-депрессив синдром), ёки бошқа психопатологик руҳий хасталик синдромлари (депрессив-параноид синдром, эйфория ва эси пастлик) билан бирга кечиши мумкин.



Қўрқув— клиник синдром бўлиб, келаётган хавфни кутиш ва асабий таранглик ҳолатидир. Қўрқув аффекти невроз билан оғриган беморларга хос (танатофобия — ўлимдан қўрқиш, алиентофобия — ақлдан озишдан қўрқиш, лиссофобия — қутуришдан қўрқиш, канцерофо­бия — ўсмалардан қўрқиш, сифилофобия — захмдан қўрқиш).

Жуда кучли қўрқув аффекти — алахлашдир. Болаларда кечки қўрқув аффекти борлиги кузатилади.

Ваҳима безовталик — асосланмаган тинчсизланиш сезгиси (ўз ютуғи ва яқин кишилари ютуғи). Ғамгин кайфият баъзан қўрқув аффекти билан бирга кечади. Инволюцион ва томир психозларида, неврозда, соматик касалликларда кузатилади.

Паст кайфият — депрессив синдромга хос. Паст ғамгин кайфият билан кечади ва депрессив синдром билан қўшилиб келади. Соматик касалликларда, невроз, реактив психозларда кузатилади.

Дисфория — ғамгин эзилган кайфиятли ходат бўлиб, таъсирчанлик ўзидан норозилик атрофдагилардан норозилик ва тажовузкорлик белгилари билан намоён бўлади.

Қалби сустлилик — эмоционал нотурғун, сезги доирасида беқарорлик холатидир. Арзимаган сабабга кўра кўнгилнинг бўшаши кузатилади. Церебрал атероскле­роз, соматоген астения, сурункали ичкиликбозликнинг инволюцион даврида кўрилади.

Ҳиссий амбивалентлик—бунда бир вақтнинг ўзида бирон одам ёки предметга қарама-қарши сезгининг мавжудлиги. Масалан: онасига нисбатан яхши кўриш ва кўра олмаслик ҳисси. Шизофреникларга хосдир.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет