Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет162/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   158   159   160   161   162   163   164   165   ...   177
1- (1)

2000 – 2005

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ


ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИДА БОСИЛГАН МАҚОЛАЛАРДАН
АГНОСТИЦИЗМ (юн. А – инкор қўшимчаси, gnosis – билиш) – борлиқни, воқеликдаги нарса ва ҳодисаларни, уларнинг моҳиятини билиш мумкинлигини қисман ёки мутлақо инкор этувчи назария. Агностицизм вакиллари борлиқнинг чексизлиги, ниҳоясизлиги ва мураккаблиги, инсон сезги аъзолари имкониятларининг чекланганлигига асосланиб борлиқни билиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Агностицизмнинг йирик вакилларидан бири инглиз файласуфи Давид Юм, инсон ақли сезгиларимиз берган маълумотларга таяниб воқеликни билади, лекин, сезги аъзоларимиз бизга тўғри ва тўлиқ маълумот берадими, сезгиларимиз акс эттираётган воқеликнинг ўзи мавжудми, деган масалаларни ўртага ташлаган ва шу асосда оламни билиш мумкинлигини рад этган, объектив воқеликнинг мавжудлигига шубҳа билдирган (бу жиҳатдан Юм агностицизми скептицизмнинт бир кўриниши сифатида намоён бўлади). Агностицизмнинг иккинчи бир йўналиши немис файласуфи Иммануил Кант фалсафасида ифодаланган. И.Кант ташқи оламни иккига: «биз учун нарса» ва «нарса ўзида»га ажратиб тушунтиради, оламнинг биз билган ва билиб олишимиз мумкин бўлган кисмини «биз учун нарса» деб атайди. Оламнинг «нарса ўзида» қисмининг айрим жиҳатларинигина билиш мумкин бўлса ҳам, унинг асл моҳиятини билиш мумкин эмас дейди. Билиш объектининг чексизлигини, ниҳоясизлигини, ҳодисалар ички моҳиятининг тубсизлигини мутлақлаштириш агностицизмнинг гносеологик илдизларига киради. Ҳақиқатда, ҳар қандай нарсани бир қарашда, бир зумда ҳар тарафлама билиб бўлмайди, уни билиб олиш учун муайян вақт керак бўлади. Шунингдек, ҳар қандай нарсани ва унинг моҳиятини билиб олишимиз учун ёрдамчи қурол ва воситаларнинг қай даражада такомиллашганлиги жиддий аҳамиятга эга. Бизга нисбатан кейинги авлодларимизнинг тажрибалари янада бойиб, такомиллашиб боради ва натижада, улар бизларга нисбатан кўпроқ нарсаларни билади. Биз сезги аъзоларимизнинг билиш имконияти етмаган объектларни ақл ва тафаккур кучи билан билиб борамиз. Билиш шу тарзда яхлит ва узлуксиз жараёндир. Инсон ақл-тафаккури фан ва амалиётни тараққий эттиришга, билиш ва изланиш воситаларини такомиллаштиришга йўл очади.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 1-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2000. Б. 108.
БИЛИМ – кишиларнинг табиат ва жамият ҳодисалари ҳақида ҳосил қилган маълумотлари; воқеликнинг инсон тафаккурида акс этиши. Кундалик тасаввуримизда ниманинг нима эканлигига ишонсак ва бу ишончимиз биз одатланган воқеа ва ҳодисаларга (қоидаларга) зид келмаса бундай ишонч билим ҳисобланади. Воқелик ҳақидаги билган маълумотларимиз билим даражасига кўтарилиши учун қуйидаги шартларни қаноатлантириши лозим: биринчидан,бу маълумотларнинг воқеликка мутаносиблиги; иккинчидан, етарли даражада ишонарли бўлиши; учинчидан, бу маълумотлар далиллар билан асосланган бўлиши лозим. Учала шарт биргаликда мавжуд маълумотларни билим даражасига олиб чиқади. Инсон ижтимоий тараққиёт жараёнида билмаслиқдан билишга, мавҳум билимлардан мукаммал ва аниқ билимлар ҳосил қилиш томон боради. Кишининг моддий дунё тўғрисидаги билими нисбийдир, у доимо ривожланиб боради. Билим кундалик тажриба, кузатиш орқали тўпланади. Билимларни тадқиқ этувчи таълимот – эпистемологияда перцептив (ҳиссий), ҳаётий – кундалик (соғлом ақл) ва илмий билим шакллари ажратиб кўрсатилади. Илмий адабиётларда билимларнинг илмий ва илмдан ташқари шакллари ҳам фарқ қилинади. Илмдан ташқари ,билимларга маданият, адабиёт, санъат, мифология, дин ва шу каби соҳаларга оид билимлар киради. Одатдаги фан соҳаларида тадқиқ этиладиган билимлар экзотерик (кўзга ташланувчан) билимлар деб аталса, астрология ва шу каби соҳаларга оид билимлар эзотерик (пинҳоний) билимлар дейилади. Экзотерик билимлар илм-фан қоидаларига зид келмайдиган бўлса, эзотерик билимлар бундай қоидаларга зид келиши мумкин.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 2-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2000. Б. 23.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   158   159   160   161   162   163   164   165   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет