Бешинчидан, модда ва антимодда, заррачалар ва антизаррачалар бирлиги. Коинотда заррачалар ва антизаррачалар ўзаро мувозанатда бўлади. Табиатда қанча заррача бўлса, унинг антиподи – антизаррачаси ҳам шунча мавжуддир. Дастлаб электроннинг антиподи – мусбат зарядли позитрон кашф этилди, сўнгра протон ва нейтронларнинг антизарралари антипротон ва антинейтронлар кашф қилинди. Бу зарачалар бир-бирини тўлдириб, бир-бирига таянч бўлиб келади. Оламда борлиқ нафақат модда кўринишида, балки майдон ва нурланиш кўринишида ҳам намоён бўлади. Улар аслида бир хил фундаментал асосга эга. Модда ёки майдон қандай ҳисоб системасидан қаралишига боғлиқ. Бир ҳисоб системасидан модда сифатида қаралган объект бошқа ҳисоб системасидан қаралганда майдон бўлиши ва аксинча, майдон сифатидаги объект бошқа ҳисоб системасида моддий объект бўлиб келади. Нурланиш ва майдон ҳам бир нарсанинг турлича намоён бўлишидир. Уларни бирлаштирувчи куч оламнинг фундаментал кучларидир. Модда ва майдон, заррачалар ва антизаррачалар бирлиги оламнинг яхлитлигини, Коинотнинг, моддий ва номоддий дунёнинг барқарорлигини таъминлайди.
Олтинчидан, моддий оламнинг миқёсий структура даражалари бирлиги. Бу микродунё, макродунё ва мегадунёнинг бирлиги бўлиб, уларнинг бирлиги ва ўзаро алмашиниши фазовақт структурасининг нисбийлиги, фундаментал кучларнинг бирлиги, ягона майдон назарияси билан белгиланади.
Еттинчидан, оламнинг ташкилий структура даражалари бирлиги. Оламнинг ташкилий тузилиши хилма-хилдир. Жонсиз табиат жонли табиатдан, жонли табиат эса, жамиятдан ўзининг фаоллик даражаси, мустақиллик даражаси, ташкили тузилиши билан фарқ қилади. Улар бир-бирини тўлдиради, бир-бирини тақоза қилади. Юқори даража таркибида қуйи даража хусусиятлари ҳам намоён бўлади. Бу даражалар бирлиги – анорганик, органик ва социал дунёлар бирлиги бўлиб, уларни ҳаракат шакллари бирлаштиради.
Саккизинчидан, оламнинг ахборот майдони бирлиги. Оламдаги ҳар қандай нарса ва ҳодиса энергетик ва информацион қувватга эга. Энергия сақланади, бир турдан бошқа турга айланади, турли кўринишларда намоён бўлади. Шунингдек ҳар қандай ахборот ҳам сақланади, бир объектдан бошқа объектга узатилади. Энергия ва ахборотнинг сақланиши ҳамда бир турдан бошқа турга айланиш қонунияти мавжуддир. Бу мавжудлик энергия ва ахборот яхлитлигининг намоён бўлиши, майдон, информация ва энергия турларининг бирлигида рўёбга чиқади.
Достарыңызбен бөлісу: |