Бош мия – умуртқали ҳайвонлар ва инсон марказий нерв системасининг олдинги (олий) бўлаги. У бош чаноғида жойлашган бўлиб, 5 бўлакдан ташкил топган: узунчоқ мия, орқа мия (мия кўприги ва мияча), ўрта мия, оралиқ мия, мия учи ёки олдинги мия (катта яримшарлар пўстлоғи).
Узунчоқ мия орқа мия билан мия кўприги оралиғида жойлашган, унинг ички қисми нерв толаларидан, ташқи (ромбсимон) юзаси 5–12 жуфт бош мия нервларининг ўзакларидан тузилган бўлиб, ўсаётган пиёзнинг бошига ўхшаб кетади ва орқа миянинг давоми ҳисобланади. Унинг олд сиртида пирамидалар бўлиб, улар катта ярим шарлар пўстлоғидан орқа мия орқали мускулларга ўтувчи ҳаракат йўлларини туташтиради. Узунчоқ миянинг функциялари: 1) Рефлекторлик функцияси йўталиш, аксириш, овқат хазм қилиш, кўкрак эмиш, юрак-томир, нафас олиш ва мувозанатни сақлаш рефлексларини бошқаради. 2) Ўтказгич функцияси орқа миядан мия пўстлоғига ва ундан орқага нерв импульсларининг ўтишини бошқаради.
Ўрта миянинг пастки сиртида мия оёқчалари кўриниб туради, унинг орқа қисми тўрт тепалик деб аталиб бу тепаликларнинг юқоргиси дастлабки кўриш маркази, пасткиси эса, эшитиш маркази ҳисобланади. Ўрта мия ҳаракатланиш рефлекслари, кўриш ва эшитиш марказини бошқаради. У катта яримшарлар пўстлоғини орқа мия билан боғлайди.
Оралиқ мия ўрта мия билан катта ярим шарлар пўстлоғи орасида жойлашган. Унинг таркиби фақат ўзак сифатидаги кулранг моддадан ташкил топгандир. Оралиқ мия таркибига кўриш думбоғи, думбоғости, шунингдек ички секреция бези – эпифиз киради. Функциялари: кўриш думбоғи – ҳид билишдан ташқари барча сезгилар маркази. Думбоғости – вегетатив нерв системаси маркази ва инсон организмидаги барча модда алмашув жараёнларининг регулятори. Эпифиз – ички секреция бези бўлиб, ундан чиқадиган гормон тери пигментациясини бошқаради.
Катта мия ярим шарлари пўстлоғининг функциялари. Катта ярим шарлар пўстлоғи кулранг моддадан ва бир неча қават ҳужайралардан ташкил топгандир. У гўёки ёнғоқ мағзига ўхшаш эгри-бугри, паст-баланд бурмалардан ташкил топган сиртга эга бўлиб, бундай бурмалар қанчалик кўп бўлса, унинг сирт юзаси шунча кенг бўлади. Унинг остида пўстнинг нейронларига тегишли нерв толаларидан ташкил топган оқ модда жойлашгандир.
Катта ярим шарлар пўстлоғида ҳаракатланиш ва сезги функцияларига жавобгар зоналар бор. Ҳаракатланиш зонаси марказий бўртмаларнинг олди қисмида жойлашган. Ҳаракатланиш пўстлоғининг пастки қисмида «Брок нутқ маркази» жойлашган бўлиб, у чапақайлар миясининг ўнг томонида, ўнақайларда эса миянинг чап томонида бўлади.
Достарыңызбен бөлісу: |