Вегетатив нерв системаси (лотин. vegeto – қўзғайман, жонлантираман) ҳайвонлар ва инсоннинг ички органлари ва безларнинг фаолиятини (қон айланиши, нафас олиши, овқат ҳазм қилиши, ахлат чиқариши, кўпайиши, модда алмашинуви ва бошқа системаларини) бошқарувчи нерв толалари мажмуаси. Вегетатив нерв системаси организмдаги озиқланиш, нафас олиш, чиқариб ташлаш, кўпайиш ва хуллас, ўсувчи функцияларини бошқаради.
У симпатик ва парасимпатик нерв системаларига ажралади.
Симпатик нерв системаси орқа миянинг кўкрак сигментларида жойлашган бўлиб, унинг маркази – парасимпатик нерв системаси эса ўрта, узунчоқ мияда, шунингдек орқа миянинг хочсимон сигментларида жойлашгандир. Симпатик нерв учларидан норадреналин деган химиявий модда ажралиб чиқади. Бу модда нерв таъсир этувчи аъзоларга антагонистик таъсир қилади. Инсон тинч ҳолатда бўлса, унда юракка парасимпатик нерв системаси таъсир кўрсатади, бунинг оқибатида юрак секинроқ қисқаради ва систолга кам қон ҳайдайди. Аксинча, организм актив ҳолатда бўлса, юракка симпатик нерв система таъсир қилади. Юрак тезроқ, кучлироқ уради. Оқибатда, инсоннинг оғир вазифани бажаришига ҳам кучи етади.
Олий нерв фаолияти – ҳайвон ва одам марказий нерв системаси олий бўлимлари (бош мия ярим шарлари пўсти ва пўст ости марказлари)нинг фаолияти; бутун организмнинг ташқи муҳит билан нормал муносабатда бўлиб туришини таъминлайди.
У шартли ва шартсиз рефлекслар орқали фолият кўрсатади.
Шартсиз рефлекслар – инсон хулқининг генетик, мустаҳкамланган, стереотип тур шакли. Бирдан рўй беради. Масалан, қўлга иссиқ нарса тегса, дарҳол қўл мускуллари қисқариб қўлни четга оласиз.
Шартли рефлекслар – ҳаётий жараёнда инсон ва ҳайвонларнинг ташқи муҳитга мослашув реакцияси. Бу реакция шартли қўзғатувчи билан ва шартсиз рефлектор актлари ўртасидаги вақтинча алоқадорлик асосида вужудга келади. Масалан, ҳайвонга ҳар сафар овқат беришдан илгари бир хил сигнал бериб борилса, ҳайвон шу сигнални сезиши билан унинг ошқозонида сўлак ажрала бошлайди, гарчи овқат ҳали йўқ бўлса ҳам.
Сезги – оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг айрим хоссаларининг миядаги инъикоси. Сезгилар асосида ҳиссий билишнинг идрок, тасаввур каби шакллари юзага келади. Сезгиларни организмнинг қаерида жойлашганлигига қараб 3 турга ажратишади: 1) экстрорецепторлар – булар организм сиртида бўлади (кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, туйиш ); 2) интерорецепторлар – танамиз ичидаги сезгилар (жигар, ичак, ўпкадаги сезгилар); 3) проприорецепторлар – мускул, пай, бойламларда бўлади.
Идрок – тирик организмларнинг сезгилар орқали ташқи олам тўғрисидаги олинган маълумотлотларни комплекс инъикос эттириши. Бундай маълумотларни қабул қилиб қайта ишлаш жараёни. Идрок онгнинг, миянинг ижодий жараёни бўлиб, унинг физиологик асосини сезгилар орқали олинган информацияларнинг бош мия ярим шарлари пўстлоғида анализ ва синтез қилиниши ташкил қилади. Масалан, инсон бир парча оқ тош билан бир бўлак қанд донасини фақат кўриш ёки тери сезгиси билан ажрата олмайди, уларга бошқа сезгини – таъм билиш сезгисини ҳам қўшгандан сўнггина бу нарсаларнинг бир-биридан фарқини яхши ажратади. Идрок жараёнида сезги аъзолари комплекс равишда қатнашади.
Тасаввур – илгари идрок этилган маълумотларнинг онгда қайта эсга олиниши. Муайян нарса ёки ҳодисани улардан четда туриб хотирада тиклаш ҳам тасаввур этишдир. Биз илгари билган мевани, масалан, узумни у олдимизда бўлмаса ҳам, тасаввур эта оламиз, чунки бу ҳақда илгари олган тажрибамиз бор. Умуман, узумни кўрмаган, емаган инсон уни тасаввур ҳам эта олмайди. Фараз қилайлик сиз китобда ёзилган бирор ўзга мамлакатда етиштириладиган ва ўзингиз татиб кўрмаган мевани, олайлик манго мевасини, китобдаги маълумотларга қараб тасаввур этишингиз мумкин, лекин бу тасаввур узуқ-юлуқ, чала тасаввур бўлади, чунки сиз уни том маънода идрок қилмагансиз.
Достарыңызбен бөлісу: |