Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет167/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   163   164   165   166   167   168   169   170   ...   177
1- (1)

МЕТАФИЗИКА (юн. meta ta physika – физикадан сўнг) – борлиқнинг сезгилардан юқори турувчи прициплари ва умумий асослари тўғрисидаги фан. Физикада тадқиқотчи бевосита ҳиссий объектлар устида изланиш олиб борса, метафизикада эса тадқиқотчи сезгилар воситасида англаб олиш мумкин бўлмаган объектларни тадқиқ этади. Метафизиканинг тадқиқот мавзуига кирувчи сифат, мазмун, моҳият, ҳодиса ва бошқалар. Объектлар тўғрисида фикр юритганда уларни бевосита кўриб бўлмайди, улар бошқа нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро алоқадорликлари жараёнида намоён бўлади. Шу жиҳатдан тарихан метафизика атамаси, кўпинча, фалсафа атамасининг синоними сифатида ишлатилган.
Метафизика атамасининг пайдо бўлиши Аристотелнинг «Метафизика» номли асари билан боғлиқлиги ҳақидаги фикр фалсафий адабиётларда кенг тарқалган. Аммо метафизика атамасини Платон асарларида мустақил билиш методи сифатида учратиш мумкин. Аристотелнинг «биринчи фалсафа»га оид табиий-илмий масалаларни қамраб олган маъруза ва асарларини Андроник Родосский тўплаб, уни «Метафизика» деб номлади. У 14 китобдан иборат тўпламдир. Арасту тузган фанлар таснифида ўзининг аҳамияти, қадр-қиммати жиҳатдан биринчи ўринни борлиқ ҳақидаги фан эгаллайди. Арасту уни «биринчи фалсафа» ёки теология (худо ҳақидаги таълимот) деб атайди. Бу фалсафа «иккинчи фалсафа» (яъни физика)дан шу билан фарқ қиладики, физикада бевосита сезгилар орқали сезиладиган аниқ объектлар тадқиқ қилинса, «биринчи фалсафа»да борлиқнинг материя ва шаклнинг аниқ боғланишига боғлиқ бўлмаган жиҳати, асл илдизи тадқиқ қилинади. Арасту фикрича, метафизика инсоннинг субъективлиги билан ҳам, инсон фаолияти билан ҳам боғланмаган бўлиб, у фанларнинг ичида энг қимматлиси, инсон ҳаётининг воситаси, қувончининг манбаидир.
Антик давр метафизикасини метафизиканинг асл намунаси дейиш мумкин. Даврлар утиши билан метафизикага муносабат ўзгарди. Ўрта асрларда метафизикага юксак ақлий билимни эътироф этган ҳолда борлиқни ақлий билишнинг олий шакли деб қаралган. Схоластика намояндалари эса, метафизикага худони билишга имкон берувчи билим сифатида қарашган. Ўрта асрларда ҳақиқатан ҳам метафизика фалсафий тушунчаларнинг ривожланишига, фалсафа фанининг такомиллашувига сабабчи бўлди. Шу даврларда олимлар эркинлик ва зарурият, тасодиф ва қонуният тушунчаларининг мазмунига аниклик киритишди. Метафизика оламнинг яхлит манзарасини яратишга туртки берди. Метафизика ҳар қандай таълимнинг, хусусан, дидактиканингмағзини ташкил этувчи метод бўлиб хизмат қилди, фалсафанинг тушунчаларини бойитди. Янги даврга келиб, метафизика табиатшуносликнинг бағрига сингиб кетди.
Бу фанлардаги билиш (гносеологик) муаммоларни тадқиқ этишдан борлиқнинг моҳиятини тадқиқ этувчи онтологик муаммоларни таҳлил этишгача метафизика асосий фалсафий йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилади. Аммо у бир томондан, ўрта асрлардаги диний схоластика намояндаларининг деистик, пантеистик танқидларига, иккинчи томондан, кейинги даврларда скептицизм, сенсуализм, механицизм вакилларининг шафқатсиз танқидига учрайди. Немис мумтоз фалсафаси вакиллари ҳам метафизикани тадқиқот объекти ва предметига эга бўлмаган фан сифатида, догматизмда айблашди. Гегель метафизикани диалектиката қарама-қарши турувчи метод деб таърифлади. Марксизм классиклари эса метафизикани ривожланишга қарамақарши, антидиалектик метод деб танқид қилишди.
Метафизика тушунчаси Ўрта Осиё мутафаккирларининг таълимотида ҳам ўз ифодасини топган. Ибн Сино таърифига кўра, метафизикаборлиқ тўғрисидаги таълимотдир. Унинг фикрича, метафизика борлиқнинг 4 турини ўрганади: 1) жисмоний (моддий) ликка эга бўлмаган объектлар – илоҳий мавжудотлар ва Аллоҳни; 2) илоҳийлиги камроқ бўлган, материяга қандайдир алоқаси бор объектлар (осмон жисмлари, уларни ҳаракатга келтирувчи кучлар)ни; 3) объектларнинг моддийлик билан бирлашишини, баъзи ҳолларда эса, улардан эркин ҳолда мавжуд (субстанция, хусусият, зарурият, имконият) бўлишини; 4) моддий объектлар ва тушунчалар материя билан доимо боғликликда бўлган жисм табиатига эга эканлигини.
Ҳоирги замонда метафизика хилма-хил талқин этилишига қарамасдан, метафизикани инсон борлиғининг энг умумий асосларини ўрганувчи фалсафий таълимот дейиш мумкин. Шундай қилиб, метафизика воқеликка ёндашиш, уни ўрганиш услуби, методидир. Воқеликни фақат тўхтовсиз ўзгариш, ривожланиш жараёнида тадқиқ этиб бўлмайди. Шу сабабли воқеликнинг муайян қирраси, томони, ҳолати, жиҳатини воқеликдан ажратиб ўрганишда, уни мавҳумлаштириш, умумлаштириш, идеаллаштиришда метафизиканинг тадқиқот методи фанда керак бўлади. Ҳозирги замон фалсафасида ҳам метафизикага иккиёқлама муносабат мавжуд. Метафизикани рационализм нуқтаи назаридан ёқловчилар ҳам, уни мавҳум онтологизмни ифодаловчи қуруқ фалсафабозлик деб қаровчилар ҳам топилади. Умуман олганда, метафизика оламга ёндашишнинг бир фалсафий усулидир. Уни бирёқлама инкор этиш ҳам, мутлақлаштириш ҳам тўғри эмас. Метафизика билиш методи, воқеликни англашда методологик мўлжал бўлиши мумкин. Бу методдан бошқа методлар билан умумий бирликда фойдаланиш мақсадга мувофикдир.
Бахтиёр Тўраев ва Маҳбуба Абдуллаева.
ЎзМЭ.2003. 5 ж. Б.609.
МЕТОД (юн. metodos – билиш ёки тадқиқот йўли, назария, таълимот) – воқеликни амалий ва назарий эгаллаш, ўзлаштириш, ўрганиш, билиш учун йўл-йўриклар, усуллар мажмуаси, фалсафий билимларни яратиш ва асослаш усули.
Методнинг келиб чиқиш тарихи кишиларнинг амалий фаолиятига бориб тақалади. Бирор ишни бажариш методини эгаллаган киши шу ишни бошқаларга нисбатан осон, тез ва соз бажара олади. Методни эгалламаган инсон эса бу ишни бажариш учун кўп вақт ва куч сарфлайди. Метод ўз мазмуни жиҳатидан амалий ёки назарий шаклда бўлиши мумкин. Инсоннинг амалий фаолиятига оид Методлар ҳам воқеликка хос бўлган қонуниятларни англаб етиш, билиб олишга бориб тақалади. Методлар ҳақидаги таълимот фанда методология деб аталади. Инсон дастлаб атрофдаги нарса ва ҳодисаларни кузатиш, уларни бир-бирига таққослаш, ўхшатиш, фарқ қилиш асосида воқелик ҳақида билимларини тўплаб борган. Воқелик ҳақидаги фанлар ривожланиши билан фанларда қўлланиладиган йўл-йўриқлар, методлар ҳам такомиллашиб борган. Фаннинг амалий (эмпирик) ва назарий методлари вужудга келди.
Фан методларининг асосий мазмунини амалиётда синалган илмий назариялар ташкил этади. Ҳар қандай илмий назария моҳияти жиҳатидан методфункциясига эгадир. Метод, ўз навбатида, янги илмий назариялар ва қонуниятларнинг очилишига восита бўлади. Шу нуқтаи назардан метод билан илмий назария функциясига кўра, бир-биридан фарқ қилувчи илмий амал ҳисобланади.
Фалсафа ва фанлар тарихида илмий методнинг моҳиятини тадқиқ этиш, янги-янги методларни кашф этиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Ҳар қандай буюк илмий кашфиётларга нисбатан олимнинг бирор янгиликни кашф қилишда қўллаган илмий методи кўпроқ аҳамиятга эгадир, чунки бошқа кашфиётчилар ҳам шу олим қўллаган илмий методга таяниб кўплаб кашфиётларни очиши мумкин.
Билиш методлари воқеликни қамраб олиши жиҳатидан 3 турга бўлинади: ялпи умумий билиш методлари – ҳамма фанларда ва билишнинг барча босқич-ларида ҳам кўлланиладиган умумий ва универсал методлар – методология; умумий билиш методлари – бир қанча ёки барча фанларда қўлланиладиган ва билишнинг муайян босқичи (эмпирик, назарий ёки эмпирик босқичдан назарий босқичга ўтиш чегараси)да қўлланиладиган билиш методлари; хусусий ёки махсус методлар – айрим фан доирасида қўлланиладиган билиш методлари.
Ўрта Осиё олимларидан Форобий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва бошқалар фан методларини ривожлантирганлар. Хоразмий олимларни учга бўлиб, уларнинг бир қисми илмий кашфиётларни очишда қўлланиладиган йўл-йўриқ ва усулларни ишлаб чиқиб бошқа олимларнинг илмий изланишларини осонлаштиради, деб ёзганида, айнан шу методларни ишлаб чикувчи олимларни назарда тутган.
Яқин давр Европа файласуф олимлари ҳам метод тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишди. Ф. Бэкон, Г. Галилей, Р. Декарт, Г. Лейбниц сингари файласуфлар методлар ҳақида махсус асарлар ҳам ёзишди.
Ҳозирги замон фанларида кўплаб умумий, хусусий илмий методлар қўлланилади. Айниқса, кейинги асрда моделлаштириш ва математик методларнинг янги шакллари ривожланди, кибернетик моделлаштириш ва компьютер моделлаштириш методлари жамиятнинг қарийб барча соҳаларида кенг миқёсда қўлланилмоқда. Замонавий илмий методлар тадқиқотчиларга дунё сир-асрорларини очишда ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 5-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2003. Б.613–614.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   163   164   165   166   167   168   169   170   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет