Диний дунёқараш. У оламдаги воқеа ва ҳодисаларнинг сабабларини илоҳий, ғайритабиий кучлар билан боглаб тушунтиради. Диний эътиқод, туйғу, диний ақидаларга ишониш, илоҳий кучларга сиғиниш диний дунёқарашнинг муҳим жиҳатлари ҳисобланади.
Турмуш билан боғланган (кундалик) одатдаги дунёқараш. Унда ақлга сиғадиган тасаввурлар, олам ва одам тўғрисидаги оддий анъанавий қарашлар акс этади.
Фалсафий дунёқараш. Унда бутун борлиқ, табиат, жамият, инсон рухияти ва тафаккурининг энг умумий жиҳатлари идрок этилади, шу асосда оламнинг умумлашган назарий модели яратилади. Фалсафий дунёқараш дунёқарашнинг бошқа шаклларига таянади, улардаги умумий қонуниятларни, жиҳатларни англашга ҳаракат қилади. Фалсафий дунёқарашнинг шаклланиши ва ривожланиши фалсафанинг пайдо бўлиши билан узвий боғлиқ. Инсон воқеликка муайян мақсад, манфаат ва қизиқишлардан келиб чиқиб ёндашади. Дунёқарашнинг мафкура билан боғланганлигининг сабаби ҳам шундадир. Дунёқарашнинг кўлами, мазмуни, маркази ёки таянч нуқтаси каби жиҳатлари бор. Дунёқараш кўлами индивиднинг бутун ҳаёти мобайнида ривожланиб, кенгайиб борувчи жиҳатини ифодалайди. Дунёқараш мазмуни индивид онгида воқеликнинг хилма-хил жиҳатлари қай даражада қамраб олинганлигини акс эттиради. Дунёқарашмаркази ёки таянч нуқтаси деганда, индивиднинг қандай шахсий ҳамда ижтимоий манфаатлар мажмуаси доирасидан туриб олам ҳақида фикр юритиши тушунилади. Инсон ўз ҳаётида ўзидан илгари ўтган кишиларнинг турмуш тажрибасига, тўплаган билимларига таянади. Дунёқараш кишиларнинг ахлоқ меъёрлари, ҳаётдаги интилишлари, қизиқишлари, меҳнат ва турмушларига таъсир кўрсатиб, катта амалий маъно касб этади.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси.
3-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2002. Б. 382.
ИЛМИЙ БАШОРАТ – табиат ва жамиятнинг айни пайтда номаълум, лекин келажакда юзага келиши ёки ўрганилиши мумкин бўлган воқеа ва ҳодисаларини, жараёнларни илмий қонуниятлар асосида олдиндан айтиб бериш, кўра олиш. Илмий башорат ижодий жараён бўлиб, табиат, жамият тараққиёти объектив қонунларининг фанда ўрганилган асосларига суянади. Илмий башорат воқелик ҳақида тўпланган билим ва тажрибаларга, воқеликнинг ўзгариши ва ривожланиши қонуниятларига таянган ҳолда чиқариладиган, илмий жиҳатдан асосланган хулосалардир. Бунда воқеликдаги зарурий алоқадорлик, даврий ўзгаришлар ҳамда тасодифий эҳтимолликлар ҳисобга олинади. Олимлар осмон ёритқичларининг даврий ҳаракатларини ўлчаш натижасида Қуёш ва Ойнинг тутилиш вақтларини олдиндан айтишган, сайёраларнинг ҳаракатланиш жадвалларини тузишган (мил. Ав. 585 й. Юнон олими Фалес Қуёш тутилишини башорат қилган. Улуғбек тузган юлдузлар жадвали эса, осмон ёритқичларининг даврий ҳаракатини аниқ акс эттирган). Табиатдаги даврий ўзгаришларни кузатиш натижасида йил фаслларининг алмашиниши, шамолнинг йўналиши ва булутларнинг ҳолатига қараб об-ҳавонинг ўзгаришини олдиндан айта олишган, бундай билимлар деҳқончилик ва чорвачиликда муҳим аҳамият касб этган. Башорат қилишнинг айрим элементлари жониворларда ҳам учрайди. Қушлар, баъзи ҳашаротлар об-ҳавонинг ўзгаришини олдиндан пайқар экан.
Илмий башорат ўз моҳиятига кўра, бир қанча турларга бўлинади. Буларга динамик ва статистик қонуниятларга таяниб айтиладиган илмий башоратларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Қуёш ва Ой тутилишларини олдиндан айтиб бериш динамик қонуниятларга таяниб айтиладиган илмий башорат бўлса, метеорологик ҳодисаларни ёки демографик жараёнларни прогнозлаш илмий башорат қилишнинг 2-турига киради. Ижтимоий ҳодисаларнинг ривожланиш конуниятларига таяниб жамият тараққиётининг келажагини башорат қилиш илмий башоратнинг 3-туридир. Ижтимоий илмий башоратни, ўз навбатида, иқтисодий, демографик, сиёсий ва бошқа турларга ажратиш мумкин. Илмий башорат воқеликни, унинг келажагини олдиндан билиб олишга имкон берадиган мураккаб илмий билиш шакли ҳисобланади. Илмий башоратнинг тўғрилиги уни илгари суришда таяниладиган билим-ларнинг пухталигига, кўламига, аниқлигига, ҳаққонийлигига боғлиқдир.
Илмий башорат пайғамбарлар ва авлиёларнинг кароматлари, фолбинлик ёки астрологик усулда келажакни башорат қилишлардан фарқланади.
Ад.: Предвидение как форма научного познания
[сб. статьей], Т., 1985.
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 4-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2002. Б.121.
Достарыңызбен бөлісу: |