ФАЛСАФА, философия – инсоннинг дунёда тутган ўрни ва дунёқарашининг яхлит тизимини ифодаловчи маънавий фаолиятининг бир шакли. Милодий эранинг 2–3-асрларда ўтган юнон файласуфи Диоген Лаэртскийнинг шоҳидлик беришича, юнон мутафаккири Пифагор биринчи бўлиб ўзини «философ» деб атаган. Бу сўз Гераклитнинг фалсафий таълимотида нарсаларнинг табиатини тадқиқ этишга нисбатан қўлланилган, тадқиқотчининг ўзи эса «философ» деб аталган. Кейинчалик «философ» сўзи ҳар тарафлама, кенг, тушунарли ва ҳаққоний фикр юритишга интилувчи кишига нисбатан қўлланилган. Тарихий маълумотлар юнонча philosophia сўзи арабчага «фалсафа» бўлиб ўтганлиги, араблар бу фанни «ҳикма» деб аташи, русчага «философия» тарзида ўтганлигини тасдиқлайди, демак фалсафа билан философия сўзлари бир хил маънога эга.
Фалсафага ҳақиқатга элтувчи таълимот сифатида ёндашган сократчилар мактаби вакиллари нуқтаи назаридан қарасак, «ҳақиқатга муҳаббат», «ҳақиқатни севиш» деган маъно келиб чиқади. Фалсафа ҳақида фан тарихида турлича, ҳатто бир-бирига қарамақарши қарашлар мавжуд. Фалсафага ҳамма фанларнинг бошланиши, оламнинг асл моҳиятини ва универсал қонунларини очувчи фан деб ёндашишдан тортиб, уни ўз тадқиқот объекти ва предметига эга бўлмаган мавҳум ва ўта умумлашган, инсон учун фойдасиз билимлар мажмуи деб ҳисобловчилар ҳам учрайди. Инсоният фойдаланаётган барча билимлар фалсафадан бошланиб, фалсафий хулоса билан якунланади. Фалсафани фан даражасига олиб чиққан Платон уни «мавжудликни, мангуликни ва доимийликни билиш», Арасту «нарсаларнинг сабаблари ва асосий тамойилларини тадқиқ этувчи фан» деб билган, стоиклар уни назарий ва амалий тафсилотларга интилиш деб, эпикурчилар унга «ақл воситасида бахтга эришиш йўли» деб қараган. Форобий фалсафани «ҳикматни қадрлаш» ёки «фикрлаш санъати» деб билган. Ўрта асрлар христиан фалсафасида у «табиий ақл нури воситасида эришиладиган дунёвий донолик» (теология эса илоҳийлик нури воситасида эришиладиган илоҳий донолик) деб таърифланган.
Ф. Бэкон ва Р. Декарт фалсафани «тушунчалар шаклига бурканган яхлит, ягона фан» деб ҳисоблашган. X. Вольф фалсафани «барча мумкин нарсалар ва уларнинг қай маънода ва нега мумкинлиги ҳақидаги фан» деса, Кант фалсафага «дунёни қандай тушуниш ҳақидаги, бутун билишнинг инсон ақлининг туб мақсадларига муносабати ҳақидаги фан» сифатида ёндашишни таклиф этади. Фихте фалсафага «қалб маърифати, маънавий маърифат» деб баҳо берган бўлса, Шеллинг воқеликнинг бутун кўлами ва теранлигини ўз тажрибасига кўра билиб олишни фалсафа деб ҳисобланган. Гегель пред-метларни фикран қараб чиқишни фалсафа деб атаб, унга «ўз-ўзига эргашувчи ақл ҳақидаги фан» сифатида таъриф берган. Шопенгауэр дунёнинг бутун моҳиятини абстракт, ялпи умумий ва равон шаклдаги тушунчаларда ифодалаш фалсафанинг асосий вазифаси деб билди.
Фалсафанинг таркибий қисмларига билиш назарияси (гносеология), метафизика (онтология, космология, фалсафий антропология, мавжудлик фалсафаси, теология), мантиқ (логика), этика, эстетика, ҳуқуқ фалсафаси, натурфалсафа, фан фалсафаси, тарих ва маданият фалсафаси, сиёсат фалсафаси, дин фалсафаси, психология ва бошқалар киради. Булардан ташқари, ҳозирги замон фалсафасида тиббиёт, тилшунослик, мусиқа, кибернетика ва бошқа аниқ, фанларнинг умумметодологик жиҳатларини ўрганувчи фалсафа йўналишлари вужудга келмоқда. Фалсафанинг дунёқарашлик, гносеологик, методологик, социологик, аксиологик, антропологик, мантиқий, психологик ва мафкуравий функциялари бор.
ЎзМЭ. 9-жилд. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2005. Б. 178–181
Достарыңызбен бөлісу: |