СОФИСТИКА (юн. sophistike — ҳийлагарлик билан мунозара олиб бориш) — 1) Юнонистонда софистлар яратган фалсафий оқим. Унинг йирик вакиллари: Горгий (тахминан мил. Ав. 483— 375), Протагор ва б.; 2) мантиқ қонунларини атайин бузиб, ёлғон далилларга асосланган ҳолда муҳокама юритиш. Софистика ташқи томондан тўғри бўлиб туюладиган, аслида эса мантиқий хато мулоҳазаларга таянади (яна қаранг. Софизм).
ЎзМЭ. 8-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2004. Б. 24
СОФИСТЛАР (юн. sophistes — моҳир, доно) — 1) Юнонистонда акдли, билимдон кишилар, махсус ҳунар эгалари; 2) милоддан аввалги 5-асрнинг 2-ярми — 4-асрнинг 1-ярмида Юнонистонда донолик ва чиройли сўзлашувга ўргатувчи ўқитувчилар, файласуфлар. Улар маълум миқдордаги ҳақ олиш эвазига кишиларга мунозара олиб бориш санъатини, рақибининг мулоҳазаларидаги заиф томонларни топиб, уларга зарба бериш, ўз фикрини бошқаларга ўтказиш, мунозарада енгиб чиқиш усулларини ўргатишган. Бунда софистика услубидан фойдаланишган. Шу мақсадда рақибни довдиратиб қўядиган мантиқий софизм ва парадокслар ўйлаб чиқаришган. Протагор, Горгий, Гиппий, Продик ва бошқалар машҳур софистлардир. Софистлар алоҳида бир мактабни ташкил этишмаган. Лекин уларнинг этика, сиёсат, билиш назарияси соҳасига қизиқишларида умумий томонлари бор. Милоддан аввалги 5-асрда Юнонистон маънавий ҳаётида фалсафанинг тадқиқот объектини дунё муаммоларидан инсон ва унинг маънавий олами муаммосига буриш кўзга ташланади. Софистлар «инсон ҳамма нарсаларнинг ўлчовидир» деган ғояга таяниб иш юритишган. Арасту софистларни «сохта донолик ўқитувчилари» деб атаган.
ЎзМЭ. 8-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2004. Б. 24.
ТАРАҚҚИЁТ — ривожланишннг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига йўналган шакли, унинг юксалиши. Адабиётларда тараққиётни кўпинча ривожланиш билан айнанлаштириб кўйишади, аслида, у ривожланишнинг бир йўналишидир. Шунингдек, тараққиётни айрим адабиётларда фақат жамиятдаги ривожланиш маъносида қўллашади, бу ҳам бир ёқлама ёндашувдир.
Тараққиёт фалсафий адабиётларда прогрессив ривожланиш тарзида қўлланилади.
Одатда ривожланишнинг икки муҳим йўналиши бўлиб, бири тараққиёт (прогрессив ривожланиш), иккинчиси инқироз (регрессив ривожланиш) дейилади. Тараққиётни фақатгина жамиятга қўллашнинг хатоси шундаки, жамиятдан ташқаридаги системаларда ҳам юксалиш рўй беради. Масалан, муайян тирик организмларнинг тараққиёти, бемордаги касалликнинг тараққиёти, кимёвий жараённинг тараққиёти ва бошқалар. Тараққиёт нисбийдир. Ривожланиш бир система учун тараққиёт, бошқа система учун регресс бўлиши мумкин. Масалан, касалликнинг ривожланиши, касалликни вужудга келтирувчи вируслар учун тараққиёт бўлса, бемор организми учун инқироз(регресс) дир. Ҳар қандай система ўзининг ривожланиши мобайнида тараққиётни ҳам, инқирозни ҳам бошидан кечиради. Системанинг равнақ топиши тараққиётни англатса, унинг емирилиши эса инқирозни англатади. Тараққиёт жонсиз, анорганик табиатга хам, жонли, органик табиатга ҳам, жамиятга, инсон тафаккурига, руҳиятига ҳам хос бўлган табиий ва зарурий жараёндир. Тараққиёт микро- макро- мегадунёда ҳам содир бўлади. Тараққиёт туфайли оламда мукаммаллашиш, юксалиш рўй беради, у вужудга келиш, мураккаблашиш, улғайиш, янгиланиш, тикланиш, система ясалиш жараёнлари тарзида амалга ошади. Тараққиёт яхлит жараёндир.
ЎзМЭ. 8-жилд, Т.:ЎзМЭ ДИН, 2004.Б. 269.
ТАСНИФ (араб. – саралаш, тартибга солиш), классификация – илм ёки инсон фаолиятининг бирор соҳасига оид ўзаро бир хил тушунчалар системаси. Тасниф ҳар бир фанга хос муҳим мантиқий амал бўлиб, унинг воситасида шу фан доирасида тўпланган билимлар қатъий тартибга солинади. Фанни ўрганишда бундай тасниф қулайлик туғдиради. Таснифда бўлинувчи ва бўлувчи тушунчалар ўзининг қатъий ўрнига эга бўлади. Тасниф натижасида фанда муҳим аҳамият касб этувчи жадваллар, чизмалар, графиклар, кодекслар вужудга келади. Табиий ва сунъий таснифлар бир-биридан фарқ қилади. Табиий тасниф объектларнинг муҳим белгиларига асосланади (мас, кимёвий элементларнинг даврий системаси). У илмий тадқиқотнинг натижаси ва муҳим воситаси бўлиб, билиш жараёнида катта аҳамиятга эга. Сунъий тасниф асосида объект ларнинг номуҳим белгилари ётади ва турлитуман предметларни тартибга солиш учун хизмат қилади (мас, кутубхонада китобларни алфавит бўйича жойлаштириш). Таснифда мантиқдаги бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Таснифлаш давр ўтиши билан ўрганилаётган объект ҳақидаги билимларимизнинг ривожланишига мос равишда такомиллаштириб, тузатилиб, ривожлантирилиб борилади. Таснифлаш ҳар бир тушунчанинг тафаккур тизимидаги ўрнини аниқлаб беради. Таснифлаш натижасида ҳосил бўлган билим предметнинг асосий хусусиятлари ҳамда улар ўртасидаги муносабатларни аниқлашга имкон яратади ва бу билимлар тартибга солинган билим ҳисобланади.
Билимларнинг келиб чиқиши, илмлар тартиби, структураси ва ўзаро муносабатини ўрганишда фанлар Таснифи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу масала билан ўтмишда кўп олимлар, жумладан, Арасту, Форобий, Ибн Сино, Ф. Бэкон, Декарт, Миль, Спенсер, Кант шуғулланган.
ЎзМЭ. 8-ж. Т.: ЎзМЭ ДИН, 2004. Б. 292–293
Достарыңызбен бөлісу: |