Жадвал муаллиф томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида тузилган.
Суғориладиган оч бўз тупроқларда маданий ўсимликлар ўсадиган, шағалли-тошли, гил-қумоқли мирзачўл комплексидан тузилган адир ёни қия текисликлардаги воҳалар адирларининг шимолий этаклари бўйлаб тор полосада чўзилган адирёни шлейфлари ва қуруқ дельталарнинг юқори қисмларида ривожланган. Қия текислик рельефи ёйилмалар орасидаги пастқамликларнинг тез-тез алмашинишидан тўлқинсимон характерга эга бўлади. Мутлоқ баландлик 450-700 м га боради. Текисликларнинг юқори қисмлари шағалли-тошли, қуйи қисми эса қумоқ ва гиллардан ташкил топган. Унинг юзаси Исфара, Сўх, Шоҳимардон ва Исфайрам дарёларининг тармоқлари ҳамда вақтинча оқар сувларнинг қуруқ водийлари билан кесилган.
Фарғона вилоятида сув ресурсларининг трансчегаравий ифлосланиши Исфайрамсой дарёси ва Фарғона-Марғилон саноат тармоғи ҳудудида содир бўлмоқда. Бунинг асосий сабаби Исфайрамсой дарёсига оқава сувларни назоратсиз ташланиши бўлса, ер ости сувлари эса саноат корхоналари ҳамда ерларнинг суғорилиши ва турли хил минерал ўғитларнинг ишлатилиши натижасида ифлосланиб бормоқда. Бу геокомплексларда грунт сувлари анча чуқурда ётади. Лекин тектоник ёриқлар кесиб ўтган адирлар яқинида ҳосил бўлган булоқлар ўзига хос кичик гидроморф табиий географик комплексларни вужудга келтирган. Адирёни текисликлари Бешариқ, Ўзбекистон, Риштон, Олтиариқ, Қува, Фарғона туманларида учрайди. Ҳозирги вақтда бу текисликлар ўзлаштирилиб мевали боғлар барпо этилмоқда
Бўз тупроқларда эфемер ва шувоқ-шўралар ўсадиган, асосан тўртламчи ва неоген моласслари ҳамда қисман палеоген-бўр ётқизиқларидан тузилган, турли даражада парчаланган чала чўл адирлари Фарғона вилоятининг жанубий ҳудудини эгаллайди. Уларнинг мутлоқ баландлиги 850-1200 м. Бу ҳудудда янги тектоник харакатларнинг фаоллиги кузатилади. Унинг таъсирида адирларда турли даражадаги денудация жараёни юз берган. Масалан, Чимён адирларининг ғарбий қисмида жойлашган Белчуст адири денудация жараёни таъсирида “очиқ” адир тузилмаси шаклланган. Бу хусусият адирда ўтказилган комплекс кесмада аниқ ифодаланган бўлиб, тоғ жинсларининг ювилиши натижасида ботиқ кўринишга келиб қолган.
Иккинчиси моласслардан тузилган ёш адир антиклиналлар бўлиб, қадимги ётқизиқлар ҳали очилмаган. Турли геологик ётқизиқлар ва уларнинг хилма-хил рельефи адирларнинг морфологик тузилмасини мураккаблаштирган.
Қапчуғай водийлар адирларни кесиб ўтувчи дарёларнинг кўндаланг водийларида жойлашган. Вилоятнинг шарқидан ғарбга томон Қувасой (Мўян-Қорачатир), Акбарободсой (Карамкўл), Марғилонсой (Қиргули), Файзиободсой ва Олтиариқсой (Қопчуғай), Сўх дарёси (Чўнғара ва Секитма) адирларни кесиб ўтишларида манзарали “қопчуғай”, яъни тор ва чуқур водийларини ҳосил қилган.
Шўрсув адирлари вилоятнинг жануби-ғарбий қисмида Ўзбекистон ва Бешариқ туманларига қарашли бўлган Сўх ва Исфара дарёларининг орасидаги адирлар ва паст тоғларнинг ҳудудларида ташкил этилади. Шўрсув адирлари ва унинг жанубидаги мезозой ва палеозой ётқизиқларидан тузилган паст тоғларнинг геокомплекслари вилоят ҳудудида антропоген таъсир натижасида нисбатан кучсиз ўзгарган ландшафтлар ҳисобланади.
Бу ерда иқлимнинг қуруқлиги (80-100 мм), дарё тармоқларининг кучсиз ривожланганлиги, нураш маҳсулотларининг йирик скелетли ва тошлоқли бўлиши обикор деҳқончиликни ривожлантириш учун ноқулай бўлган. Ҳудуднинг ғарбий ва шарқий қисмларидан оқиб ўтувчи Исфара ва Сўх дарё водийларининг чуқурлиги, уларнинг сувларидан фойдаланишда қийинчиликлар туғдиради. Шу билан бирга Шўрсув адирларининг айрим ҳудудлари нефть-газ, олтингугурт ва бошқа фойдали қазилмаларни қидириш, қазиб олиш ҳамда тартибсиз чорвачилик таъсирида маълум ўзгаришларга учраган. Шўрсув антиклиналининг шимолий ёнбағрида неоген ва палеогеннинг чегарасида денудация жараёни таъсирида очилиб қолган, тор полосада чўзилган неогеннинг сумсар қатлами қумларида кузатилади. Ёнбағир бўйлаб ўсувчи литвинов қандими, қора саксовул, юлғун каби ўсимликлар ёрдамида қум қатламларини тезда аниқлаш мумкин. Реликт ўсимликли қум қатламларини ботаник ёдгорлик сифатида муҳофазага олиш зарур.
Типик ва оч тусли бўз тупроқларда маданий ўсимликлар ўсадиган, мирзачўл комплекси пролювиал ётқизиқларидан тузилган, кучсиз парчаланган адирлараро ва адирларорти текисликларидаги воҳалар Фарғона вилоятининг жануби-шарқий қисмида (Фарғона тумани ва Қувасой шаҳри) ривожланган.
Адирорти текисликлари Чимён-Аввал-Қувасой адирлари билан Олой тизмасининг шимолий этаклари ўртасидаги Водил грабен-синклиналига жойлашган. У қалинлиги 50 м гача бўлган мирзачўл ётқизиқларидан тузилган. Текисликнинг шимолий қисмига томон тошлоқлар озайиб, майда заррали жинслар қалинлашиб боради. Айниқса узоқ йиллар давомида суғорилиб келинаётган ерларда майда заррали қатламнинг қалинлиги агроирригацион келтирилмалар ҳисобига ошади. Ер ости сувлари текисликнинг жанубий қисмларида чуқур жойлашган. Адир яқинларида эса туб жинслар билан тўсилиши натижасида айрим жойларда булоқларни ҳосил қилган.
«Чимён-Аввал» чучук ер ости сувлари ҳосил бўладиган зонасининг умумий майдони 17036 га бўлиб, шундан Фарғона туманига 12247 га, Қувасой шаҳрига 4609 га тўғри келади. У Аввал ботиғига жойлашиб, шимолдан Чимён, Оқбилол, Аввал ва Толмазор адирлари билан, жанубдан Олой тизмасининг тоғ олди этаклари билан, ғарбдан Бурбалиқ адири билан чегараланади. Унинг кенглиги марказида 15 км, ғарбида 6-9 км, шимоли-шарқида 60 км га етиб боради. Ботиқда Сўх, Тошкент, Мирзачўл ва қисман Сирдарё комплексларининг ғовак чўкинди қатламлари учрайди. Бу жинслар орқали Шоҳимардон, Исфайрам ва уларнинг кўплаб тармоқлари ҳамда суғориш тизимлари ва ёғин сувларининг шимилишидан катта заҳирадаги ер ости сувларининг оқими ҳосил бўлган. Ботиқни тўлдирган турли қатламлар ягона сув комплексини ҳосил қилади. Энг катта миқдордаги ер ости чучук сувлари мирзачўл, тошкент ва қисман сўх комплексини ўз ичига олган 100 м қалинликкача бўлган қатламда учрайди. Дарёлар ва ирригация системаларидан шимилган сувнинг миқдори 6 м3Ғсек га боради. Ер ости сувларининг асосий қисми сульфат, гидрокарбонат, кальций, магнийли сувлар бўлиб, кам минераллашган (0,5-0,8 гҒл).
Тоғлар ва унинг этакларида ҳамда адир орти текисликларида юза сувларининг шимилишидан ҳосил бўлган, жанубдан шимолга томон ҳаракатланаётган ер ости оқими Чимён, Оқбилол, Аввал адирларида тўсилиб, Марғилонсой водийсида, айниқса Аввал қишлоғи яқинида юзлаб қайнар ва оқар булоқларни ҳосил қилади. Булоқ сувлари яқинларида ажойиб манзарали, сўлим оромгоҳлар-дарахтзорлар вужудга келган. Аввал булоқларини муҳофаза зонасини ташкил қилиниши ер ости сувларини сақлашда катта аҳамиятга эга. Лекин булоқлар зонасида жойлашган яшаш жойлари, чойхоналар, томорқа ерлари ва бошқаларни бўлиши сув заҳираларининг сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қапчуғай-Сотқоқ-Қува адирлари билан Чимён-Аввал-Арсиф адирлари орасида ғарбдан шарққа томон Хонқиз, Ёрмозор ва Арсиф ботиқлари (грабен-синклиналлар) жойлашган. Улар Мирзачўл комплексининг тошли ва майда заррали аллювиал-пролювиал ва пролювиал-делювиал ётқизиқлари билан тўлган. Сирдарё комплекси ётқизиқлари асосан Исфайрамсой (Бешалисой, Акбарободсой, Қувасой) ва Шоҳимардонсой (Марғилонсой, Файзаободсой, Олтиариқсой)ларнинг ўзанлари, қайирлари ва I-II террасаларида ҳамда қолдиқ водий ўзанларида тарқалган.
Адирлараро ботиқларининг юзаси текис, шимол ва шимоли-ғарбга бироз қияланган. Унинг аккумулятив рельефи антропоген таъсирда анча ўзгартирилган. Текисликларда обикор деҳқончилик олиб борилади. Бу ҳудудда Фарғона шаҳри, санаторийлар, “Арсиф” дам олиш маскани, Каркидон ва Қўрғонтепа сув омборлари жойлашган.
Типик бўз тупроқлар. Бу тупроқлар ғарбда Исфайрам дарёси водийсидан, шарқда Қувасойгача бўлган вилоятнинг бутун жанубий қисмини ёппасига эгаллаб ётади. Бу тупроқлар тоғ олди ёнбағирларида, адирларда, адир орти ва адир оралиқ пастликларда тарқалган. Шунга кўра бу тупроқларнинг қалинлиги, механик таркиблари турли орографик шароитларга қараб ўзгариб боради. Сўх-Исфара оралиғида кучли ювилган тошли-шағалли турлари тарқалган бўлса, адирларда майин заррали тупроқлар, шарқда Қувасой атрофида майин заррали —қумлоқли—типик бўз тупроқлар кам тарқалган. Суғориладиган типик бўз тупроқлар адир оралиқ ва адир орти пастликларида катта майдонларни ишғол этади. Типик бўз тупроқлар анча қалин, горизонтларга бўлинган.
Анча енгил механик таркибли, шағалли, суғориладиган типик бўз тупроқлар Фарғонадан ғарброқда, жануброқда Шоҳимардон ёйилмаси ва Оқбилол ботиғида катта майдонларни эгаллайди. Булар нисбатан кам ҳосилли ерлар ҳисобланади. Чунки шағалли-тошли механик таркибли бўлганлигидан чиринди ва азонтни кам ушлаб қолади. Адир олди қияликларининг қуйи қисми, паст адирликлар ва дарё ёйилмаларини ташқи қисмлари суғориладиган-оч тусли бўз ва сур-қўнғир тупроқлар билан банд. Бу ҳудудилар ҳозирги деҳқончилик яхши тараққий этган ҳудудлар ҳисобланади. Чиринди миқдори кам.
Юпқа қатламли суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар вилоятнинг жанубий-шарқий қисмида, шунингдек Сўх ва Исфара дарё ёйилмаларида тарқалган. Булар енгил механик таркибли бўлиб, озуқа моддаларига камбағал, чиринди ва бошқа моддалар тезда тупроқнинг остки қатламларига ювилиб кетиш хусусиятларига эга. Бундай тупроқлар данакли, уруғли мевалар ва узум етказиб берувчи асосий ҳудудлар ҳисобланади.
Адир минтақасига хос ўсимликлар жанубда 400—500 м ва 1000—1200 м баландликлар оралиғида тарқалган. Адирлар ўзига хос экологик шароитларга эга, юзаси ясси, баъзан майда донали ғовак жинслар ва базъан майда тош шағаллардан тузилган. Ёзги ҳарорат юқори бўлиб, йиллик ёғин миқдори 100—150 мм. Лекин, ёғин миқдорига нисбатан буғланиш 10-20 мартта ортиқ ва ўта қурғоқчил иқлим ҳукмрон. Шунинг учун хам адирларда ўсимликлар узоқ геологик даврлардан буён кескин контеннентал иқлим шароитига мослашиб яшаб келганлар
Масалан, шувоқ ўсимлигининг биологиясида фаслий ритмика ажралиб туради. Баҳорда шувоқнинг танаси барглар билан қалин қопланади. Ёз келиши билан унинг вегитацияси тўхтайди барглари қурийди. Кузда кичик бўлсада янги барглар ҳосил бўлади ва гуллари интенсив ривожлана бошлайди. Лекин, яшаш шароитига шунчалар мослашганлиги билан шувоқлар унча турларга бой эмас ва қалин қоплам ҳосил қилмайди.
Шу билан бирга адирларда Шўрадошлар туркумига мансуб бўлган ўсимликлардан 12—13 тури ва ёз ойларида вегитациясини давом эттирадиган ксерофиль ўсимлик турлари ҳам тарқалган. Адирларни кесиб ўтган сойларнинг қуриқ ўзанларидаги тошлоқ ерларда қизилбурган, терескен, тоғ қорамиғи ва хапри каби ўсимликлар кўп учраб туради.
Эрта баҳорда ёғин кўп бўлиб, тупроқ етарли намланиб турган пайтда афемер ва эфемероидлар қалин қоплам ҳосил қилади. Адирларни февралда бойчечак ва қўйтикан, мартда қорабош, момосирка ва читир, апрелда қарғатирноқ ва нўхатак кабилар қоплаб олади.
Адирлардаги ўсимлик қоплами икки яруслиги билан характерланадн. биринчи ярусда бўйи 40—50 смгача ўсадиган шувоқ ва изен, иккинчи ярусда 10—15 см баландликдаги эфемер ва афемероидлар ўсимлик қопламини ҳосил қилади. Аввал ва Қувасой адирларининг жанубий ёнбағирларидаги кучли гипслашган, карбонатли, лойли шўр тупроқларда, гултикан, қўнғирбош, ранг каби ўсимликларнинг 18—19 турн бор.
Чимён—Фарғона ва Қувасой адирларида денгиз юзидан 800, 900 ва 1000 м баландликлар оралигида гипсофиль-чала буталар типидаги қирқбўғин ва бурган асосий қоплам ҳосил қилади. Қотронтов этакларидаги тошли-шағалли, гипсли бўз тупроқларда бу ўсимликлар ер юзасининг 20—25 фоизини қоплаб олади.
Чала чўл минтақаси внлоятнинг жанубида кенг тарқалган адирларии ўз ичига олади. Адирларда судралиб юрувчиларнинг 11 вакили: эчкемар, шириллоқ, калтакесак, ран-баранг калтакесакча, тақир калтакесакча, ранг-баранг чипор илон, чўл агамаси, кўндаланг йўлли чипор илон, илдам калтакесакча, шарқий қумилон, тошбақа, Никольский калтакесакчаси учрайдй. Бу минтақада чўлга нисбатан судралиб юрувчиларнинг тури кам бўлсада, тақир қурбақадош, ранг-бараг калтакесакча, илдам калтакесакча ва тошбақаларнинг яшаши учун адирлар жуда қулай. Шунинг учун бу турлариипг миқдорн чўлга нисбатан кўпрокдир.
Адирларда қушларнинг 19 тури: оқбовур, кўкқўнақ, кўк қарға, сўфитўрғай, кичик тўрғай, чўл тўрғайи, жўр, ўйноқи тошсирчумчуқ, ҳинд чумчуғи, дала чумчуғи, бойўғли, соч, сариқ сор, миққий, ёввойи каптар, ғуррак, қорабош сирчумчуқ, сариқ чумчуқ, бўктарги ҳаёт кечиради. Сут эмизувчилардан қумқуён, жайра, Северцов қўшоёғи, кичик қўшоёқ, қўнғир олахуржунча, қизил думли қумсичқон, бўри, тулки, олакўзан, ариқ сичқони (ласка), бўрсиқ, дала мушуги ва кўршапалаклар учрайди.
3-БОБ. АДИРЛАРДАГИ ГЕОЭКОЛОГИК ҲОЛАТ ВА УНИ ОПТИМАЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ
3.1. Адирлардан хўжалик мақсадида фойдаланиш натижасида юзага келган геоэкологик ўзгаришлари
Жанубий Фарғонанинг гипсли-литоген чўлга (Абдуғаниев И., 1974) мансуб тоғ олди қия текисликлари ва адир қаторлари ҳамда субаэраль дельталардан (Вебер Н.Г., 1931) иборат гипслашган элювиал-аккумулятив тупроқли улкан ҳудудининг катта қисми рельеф ва тупроқ шароитлари бўйича суғориладиган деҳқончилик учун муаммоли ҳисобланган. Аммо Марказий Фарғонанинг суғориш учун қулай бўлган текис ерлари ўзлаштириб бўлингач, юқорида айтилган ер майдонлари суғориладиган ер чегараларини кенгайтиришнинг асосий резерви бўлиб қолди. Уларни ўзлаштириш, ечимини топиш илгари ҳам, ҳозирги кунда ҳам ниҳоятда долзарб бўлган қатор муаммоларни юзага келтирди.
Фарғона водийсини ҳар томондан қуршаб турган тоғлар ўрамасининг қуйи қисмларини, жумладан адир қаторларини ўзлаштиришнинг бошлани-ши, Республиканинг бошқа ҳудудларидаги (Сурхондарё, Қашқадарё) каби, ўтган асрнинг 70-йилларига тўғри келади. У вақтларда 200-500 гектар май-дон учун “янги ерларни ўзлаштиришнинг ишчи-техник лойиҳаси” ва ҳаражатлар сметаси тузилиб, ўзлаштириш ишлари улар асосида амалга оширилар эди. Адир ерларининг аксарият қисми суғориладиган деҳқончилик учун яроқсиз бўлсада, юқоридан берилган топшириқ асосида ўзлаштирилаверар эди. “Ёмон ер йўқ, ёмон эга бор” деган шиор ҳукм сурар ва шу сабабдан лойиҳаларнинг тупроқ-мелиоратив асосномаси хулосаларида ўзлаштириш учун “ҳудуднинг танланган қисмлари яроқли”, “техника экинлари учун мақсадга мувофиқ эмас” ёки “ўзлаштириш махсус тадбирлар воситасида чекланган ҳолда мумкин” каби иборалар эҳтиётлик билан қўлланилар эди.
Мустақиллик йилларида адир ерларини суғориладиган деҳқончилик учун ўзлаштириш тезлашиб кетди. Давлат йўли билан ҳам, тадбиркор деҳқон-фермерлар ташаббуси билан ҳам Жанубий Фарғона адирларининг деярли барча қисмида сув олиб бориш ва таратиш мумкин бўлган катта-катта майдонлар ўзлаштирилди. Сув ҳудуднинг энг баланд жойига насослар ёрдамида трубалар билан олиб чиқиб, лотоклар ва қопламали ариқлар орқали тарқатилади. Адирлар ва бошқа тоғ олди баландлик ерларини қишлоқ хўжалик мақсадлари учун ўзлаштириш ва фойдаланиш, асосан, рельеф ва тупроқ шароитлари билан боғлиқ. Рельеф нисбатан текис бўлиб, суғоришни амалга ошириш ва техникани ишлатиш имконини берадиган бўлиши керак.
Адирлар рельеф жиҳатидан кучли бўлинганлиги, нишоблик даражасининг катталиги ҳамда эрозия жараёнларининг кучлилиги билан характерланади. Сув олиб чиқиш ва сувлантириш билан ирригацион эрозия кучайиб кетди. Майда жинсли қатлами бутунлай ювилиб кетган майдонларни кузатиш мумкин. Бўкиш, чўкиш ва суффозия жараёнлари кескин ривожланди. Гипснинг сувда эриши суффозия варонкаларини ва ер ости йўлларини пайдо қилди. Баъзан улар шу даражада кўп бўлади-ки, бундай далаларни амалда суғориш мумкин бўлмай қолади (Исақов В.Ю., 1990). Яна бир қатор жиддий муаммолар юзага келди-ки, улар ҳудуднинг экологик ва мелиоратив вазиятини жуда кескинлаштириб қўйди.
Тупроқ шароитининг мослиги майда жинсли қатлам қалинлиги, унинг ўсимликларни озуқа элементлари ва нам билан мўътадил таъминлай олиши, шағал ётқизиқлари ва жойларда гипснинг жойлашиш чуқурлиги билан белгиланади. Гипсли тупроқларнинг экомелиоратив ҳолати ва суғориладиган деҳқончилик учун яроқлиги гипс усти тупроқ қатламининг қалинлиги билан белгиланади (Мед.рук., 1985). Ўсимлик илдизлари, асосан, гипс усти тупроқ қатлами доирасида ривожланади. Гипс ўсимлик учун заҳарли эмас. Аммо ундаги кальций фосфорли ўғитларни би-, дифосфатларни учфосфатга – эримайдиган шаклга ўтказади ва тупроқларнинг озуқа мувозанатини бузади. Гипсли қатлам катта ғовакликка, сув ўтказувчанликка эга, аммо сувни сақламайди. Илдизлар гипсли муҳитда патологик ўзгаришларга учрайди. Гипсли қатлам қанча чуқур жойлашган бўлса, унинг салбий таъсири шунчалик кам бўлади.
Жанубий Фарғона адирлари неоген ва қуйи тўртламчи даврларнинг турли босқичларида пайдо бўлган бир нечта адир тизимларидан ташкил топган. Ҳар бир тизимнинг ўзига хос географик ва экологик хусусиятлари бўлиб, улар конкрет шароитдаги ерлардан фойдаланишнинг йўналишларини белгилайди. Андижон, Асака, Полвонтош адирларида тупроқ қатлами қалинлиги 0,5-1 м ва ундан ортиқ бўлиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш имкониятлари бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Шунга кўра бу ҳудуд ерларини ўзлаштириш эртароқ бошланган. Ўтган асрнинг 80-йилларида олиб борган тадқиқотларимиз давомида, адир тепаларини текислаш ишларида, 3-5 м қалинликда кесилган жойларнинг гувоҳи бўлганмиз. Аслида гипслашган тупроқли ҳудудлар ерини текислашда замин қатламларини кесишга йўл қўймаслик керак (Мед.рук.,1985). Қатламларни кесиш натижасида шўрланган унумсиз туб жинслар, гипс, тош-шағал ётқизиқлари, баъзи жойларда конгломератлар очилиб қолган. Кесилган гипсли жинслар эса текисланган майдон бўйлаб қайта ётқизилган.
Қува адирлари тизимида юзасининг нисбатан яссилиги, нишоблик даражасининг кичиклиги билан фарқ қилувчи адирлар кўпчиликни ташкил қилади. Тупроқ қатлами қалинлиги кўпинча 30-50-70 см-га тенг, 1 м қалинликдаги ерлар кам учрайди. Тупроқ қатлами остида қалинлиги ўртача 20-40 см бўлган гипсли қатлам жойлашган. Ундан қуйида бўшлиқлари гипс ва қум билан тўлган шағал ётқизиқлари ётади. Қува адирлари тупроқларида Асака-Полвонтош адирлари тупроқларига қараганда гипсли қатлам кенг тарқалган. Миқдори ҳам юқори.
Арсиф-Қашқарчи кўтарилмаларида тупроқ қоплами скелетли. Тошлилик даражаси юқори. Тупроқ кесмасида гипсли қатлам қалинлиги ва миқдорига кўра катта амплитудада тебраниб туради. Қапчуғай – Чимён адирлари тизимида тупроқ қоплами қалинлиги кенг доирада тебранади. 30 см қалинликдаги майдонлар устувор, 70-100 см қалинликдаги ерлар жуда кам. Гипсли қатлам бу ҳудуднинг деярли ҳамма қисмида учрайди. Қапчуғайдан Риштон йўналишида майда жинсли қатлам қалинлиги камая боради. Тупроқ қалинлиги 10-15 см билан чекланган ва юзасидан шағалли бўлган майдонлар орта боради. Гипс деярли ҳамма жойда учрайди, аммо унинг яхлит қатлами кичик майдонларда, кўпинча “ўчоқ” кўринишида тарқалган.
Риштон-Сўх-Исфара тоғ олди баландликларида (адир-қирларда) тош-шағалли юзалар, майда жинсли-скелетли тупроқлар кенг тарқалган. Майда жинсли тупроқ қатламига эга бўлган майдонлар кам. Бу ҳудудда рельефнинг бедленд типига ўхшаш юзалар, чўққили ва ҳамма томони тик нишобли бўлган баландликлар, сув айирғич қисми энсиз чўзилган ва икки ёнбағри тик нишобли бўлган тепа қаторлари кўп учрайди. Ҳудуднинг Исфара дарёсидан сув оладиган Бешариқ туманига кирувчи ғарбий қисми боғлар, айниқса, ўрикзорлар учун кенг ўзлаштирилган. Аччиқсув дарёчаси атрофида сув ресурслари ниҳоятда чекланган, тупроқлари скелетли, гипсли, шўрланган ва шу сабабдан деярли ўзлаштирилмаган.
Сўх-Риштон адирларининг Сўх дарёсидан чиқарилган каналлардан сув олиши мумкин бўлган ерлари юпқа майда жинсли-скелетли тош-шағалли тупроқлардан иборат бўлишига қарамай кўпроқ ўзлаштирилган ва уларда мевали боғлар ташкил қилинган ҳамда бошоқли-дон, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилади.
Тадқиқот ҳудудида, албатта, экологияси яхшиланган ҳолатларни намуна қилиб кўрсатса арзийдиган, тупроқ муҳофазаси, табиатни ҳимоя қилиш юқори даражада ташкил қилиниб, деҳқончилик юритилаётган жойлар ҳам бор. Марҳамат гидромелиорация ўқув юрти ҳудудида тик ёнбағирлар узунасига террасаланган, ярим ой шаклида супаланиб боғлар ташкил қилинган. Бу ҳудудда нишоблик катта бўлишига қарамай, эрозия деярли тўхтаган. Шундай террасалар ёрдамида яратилган мевали боғлар, ўрмонзорлар, дам олиш зоналарини Полвонтош ва Андижон гуруҳи адирларида кўплаб учратиш мумкин.
Қува туманида Мастурахон бошлиқ машҳур қирқ қизлар бригадаси адир ерларини анор ва мевали дарахтлар учун ўзлаштиришнинг ажойиб намунасини кўрсатишган. Кейинроқ Мастурахон хўжаликка раҳбар бўлиб, мураккаб рельефли адир ерларни ва гипсли тупроқларни ўзлаштириш бўйича катта тажриба ортирди.
Айни шу ҳудудда юза жойлашган кучли гипсли қатламларни ўра ва ҳандақлар бўйлаб озуқа моддаларига бойитилган унумдор тупроққа алмаштириш ижобий самаралар берди (Жалолов С.М., 1993). Қапчуғай адирларида, Бешариқ туманининг адирли ерларида ажойиб ўрикзорлар яратилди. Бу тажрибаларни ўрганиш ва тарғибот қилиш, ёйиш адирларда деҳқончилик юритувчилар учун фойдадан ҳоли бўлмас эди.
Ерларни ўзлаштириш ва фойдаланиш давомида ер текислаш ишларини амалга ошириш учун катта қалинликдаги тупроқ-замин қатламларини кесиш, ерларни тиккасига шудгорлаш, марзаларни тиккасига олиш ва суғориш, сувга талабчан экинларни экиш ва меъёрсиз сув бериш, тупроқ ювилишининг олдини олиш ва ирригацион эрозияга қарши кураш тадбирларини қўлламаслик, сув ташламаларини бошқармаслик ва сув айиргичлар орасидаги қуруқ сув йўлларига, жар ва жарликларга тартибсиз йўналтириш каби жараёнлар кузатилади. Булар натижасида 150 минг гектардан кўп майдонли Жанубий Фарғона адирларининг геоэкологик ва мелиоратив ҳолати ирригацион ўзлаштириш билан боғлиқ номақбул, қониқарсиз жараёнларнинг авж олиши оқибатида ёмонлашган.
Салбий жараёнлар натижасида тупроқ қопламининг ювилиши ва юпқаланиши тадқиқот ҳудудининг барча қисмида кузатилади, фақат унинг даражаси бир хил эмас. Жойларда бутунлай ювилиб кетган ва туб жинслар, гипс ва шағал ётқизиқлари очилиб қолган, ўйилиш, ўпирилиш ва жарланиш юзага келган ва кенг ривожланган.
Адирларни ўзлаштириш ва суғориш билан боғлиқ энг катта муаммолардан яна бири гипсометрик қуйи ландшафт ерларида, тоғ ёнбағирларининг Бешариқ, Риштон, Қува, Тошлоқ ва бошқа туманларга қарашли куйи қисмларида ер ости сизот сувларининг кўтарилиши, ботқоқланиш ва шўрланишнинг кучайишидир. Адир минтақаси водийнинг энг таъсирчан ҳудудларидан бўлиб, бу ерларда амалга оширилган тадбирлар таъсири нафақат уларнинг ўзида акс этади, балки қуйи ҳудудларга ҳам тарқалади. Шунинг учун адирларни ўзлаштириш ва фойдаланиш эҳтиёткорона муносабатни тақазо қилади.
Жанубий Фарғона адир тизимлари ерларининг умумий экомелиоратив ҳолатини мўътадил сақлаш ва ижобий ўзгаришлари қуйидагиларга боғлиқ: энг аввало сув беришни, суғориш тартиботини қатьий назоратга олиш зарур, антифильтрация қопламалари бўлмаган ариқларга сув бермаслик, ташламаларга йўл қўймаслик, сув беришни ҳар бир адир ёки адир гуруҳининг замин литологиясини, тупроқ қоплами қалинлигини, гипсли қатлам чуқурлиги, гипс кристалларининг шакли, ўлчамлари, миқдорини, ёнбағирликлар қиялигини инобатга олган ҳолда табақалантириш, очилиб қолган гипсли юзаларга сув бермаслик, марзаларни горизонталлар бўйлаб энг кичик қиялик бўйича олиш, жарларнинг ўсишига йўл қўймаслик учун ёнбағирларни террасалаш, супалаш орқали ўсимликлар билан мустаҳкамлаш ва ҳоказо.
3.2.
|
Адирларда геоэкологик ҳолатни ўзгаришига таъсир кўрсатувчи омиллар
|
Достарыңызбен бөлісу: |