3. Ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар аудити. 4220-«Хизмат сафари учун берилган бўнаклар», 4230-«Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар» ва 6970-«Ҳисобдор шахсларга тўланадиган қарзлар» счётларида накд пулсиз ҳисоб-китоблар йўли билан амалга ошириб бўлмайдиган харажатларни тўлашга бўнак (аванс) бериш бўйича ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар ҳисобга олинади. Булар маъмурий хўжалик, муомала харажатлари ва хизмат сафарлари учун бериладиган бўнаклардир.
Ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар аудити мазкур объект бўйича ички назорат ва ҳисоб тизимининг ҳолатини ўрганишдан бошланади. Ички назорат тизимини баҳолашда аниқланган, унинг кучли томонлари ( назорат барча тест қилинадиган йўналишлар бўйича амалга оширилганлиги, муомалалар ҳаққонийлиги, тегишли тарзда рухсат этилганлиги ва ҳисобда акс эттирилганлиги), шунингдек, кучсиз томонлари ( ҳисобдор шахслар рўйхати, ҳисобдор суммалар бериладиган муддатлар ва бошқаларнинг буйруқ билан тасдиқланганлиги) ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китобларни батафсил текширишда эътиборга олинади.
Ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар аудитининг вазифалари:
хизмат сафари харажатларининг қопланиш тартибига риоя қилинишини аниқлаш;
ҳисобдор шахслар томонидан қилинган харажатларнинг қонунийлиги ва мақсадга мувофиқлигини аниқлаш;
хизмат сафари ва хўжалик харажатлари юзасидан корхона маъмурияти фармойишларининг қонунийлигини аниқлаш;
бўнак ҳисоботлари ва уларга илова қилинган ҳисобдор суммаларнинг сарфланганини исботловчи ҳужжатлар (транспорт чипталари, меҳмонхона ва алоқа ташкилотлари патталари (квитанциялар), олинган моддий бойликларнинг счётлари, ҳар хил ишлар нақд пул ҳисобидан бажарилган тақдирда-шартномалар) расмийлаштирилишини текшириш;
касса ҳужжатларининг ( кассир ҳисоботлари, касса кирим ва чиқим ордерлари ва уларни қайд қилиш дафтарлари) текшириш;
ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар бўйича аналитик ва синтетик ҳисоб регистрларининг маълумотлари (7-АСК журнал -ордер) ни текшириш;
ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китобларни аудит қилишда бухгалтерия ҳисоби ҳолати билан танишиши, ҳужжатларнинг тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилиши, хизмат сафарлари ва хўжалик харажатлари юзасидан корхона раҳбарининг фармойиши бор-йўқлиги, ходимни бу сафарга юбориш ва хўжалик харажатларининг асослилигини аниқлаш лозим.
Аудитор бухгалтерия ходимларининг ушбу соҳадаги қонунлар ва юқори ташкилотларнинг меъёрий ҳужжатларидан хабардорликларига ҳамда уларнинг нусхалари корхона бухгалтериясида мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши, шунингдек ушбу меъёрий ҳужжатларга амал қилиниш даражасини текшириши керак. Бунинг натижасида қуйидагилар аниқланиши мумкин:
илгари ҳисобдор пуллар юзасидан қарзи бўлган ёки бу пуллар юзасидан ҳисоблашмаган, ҳисобот топширмаган шахсларга, корхонада ҳақиқатда ишламайдиган шахсларга пул берилмаётганлиги; навбатдаги бир йўла меҳнат таътилига чиқариш ва хизмат сафарига юбориш ҳоллари; хизмат сафари вақтида меҳнат қобилиятини йўқотиб, касалхонада даволанишда бўлган ходимларга турар жой ва кундалик харажатлари тўлаш тартибига риоя қилинишини, бу муддатнинг 2 ойдан ошмаганлигини аниқлаш керак.
Ҳисобдор шахсларга бўнаклар берилишининг асослилигини аниқлаш хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисобдор сумма бериш талабларига риоя қилишни текширишдан иборат. Бунда аудитор ҳисобини бериш учун бўнак олган шахслар, ҳамда берилган бўнаклар суммаси ва муддатининг корхона раҳбари буйруғига мувофиқлигини аниқлайди.
Хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар учун нақд пул бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01. 02. 1998 йил 34 Ф сонли Фармойишига асосан, 19. 04. 1998 йилда чиққан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 28 сонли, янги № 497И 101 сонли ‘‘МДҲ ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисида’’ ги йуриқномасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Бўнак бериш учун хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ ва хизмат сафари гувоҳномаси асос бўлади. Хизмат сафари учун ҳисобдор сумма берилганлигини тасдиқлайдиган касса чиқим ордерларини текшириш чоғида барча реквизитларининг тўлиқ тўлдирилганлигига, хусусан, бўнак бериш учун асоснинг акс эттирилганлигига эътибор берилади. Муайян ҳисобдор шахс томонидан олдинги олинган бўнак бўйича тўлиқ ҳисобот берилганидагина, унга бўнак берилади.
Ҳисоби бериладиган бўнак беришнинг асослилигини текшириш амаллари касса муомалаларини текшириш чоғида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда аниқланган тафовутлар тўғрисидаги ахборотлар ички ҳисоб-китоб муомалаларини текшираётган аудиторга берилади.
Ҳисобдор шахслар томонидан бўнак ҳисоботларининг ўз вақтида тақдим қилинишини текшириш, бўнак ҳисоботлари ҳақиқатда тақдим қилинган муддатларни, хизмат сафари тўғрисидаги буйруқда ёки хизмат сафари гувоҳномасида кўрсатилган муддатларга солиштириш йўли билан амалга оширилади.
Агар аудитор ушбу қоидага амал қилинмаётганлигини аниқласа, унда сўнгра №21 БҲМС нинг талабларига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилмаган ҳисобдор суммаларнинг 9430- «Бошқа операцион харажатлар» счётида акс эттирилиши (Дт 9430 Кт4220, 4230) ва кейинчалик ушбу суммаларнинг ҳисобдан ўчирилишини текшириш зарур.
Ҳисоби бериладиган суммалар ишлатилишининг асослилигини ҳужжатлар бўйича текшириш уларнинг сарфланишини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини ва тўғрилигини, уларнинг кейинчалик акс эттирилишини аниқлаш йўли билан амалга оширилади.
Хўжалик муомала эҳтиёжлари учун қилинган сарфларнинг қонунийлиги ва мақсадга мувофиқлиги бўнак ҳисоботида акс эттирилган маълумотларни унга илова қилинган ҳужжатлар (чипталар, касса кирим ордери квитанциялари, материал( иш, хизмат)лар ҳақини тўлаш ҳақидаги чеклар ва б. ) маълумотларига таққослаш йўли билан амалга оширилади. Бунда нафақат исботловчи ҳужжатлар мавжудлиги ва уларнинг бўнак ҳисоботларига мослиги билан бирга ушбу ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилганлигини ҳам аниқлаш зарур.
Аввало «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун»нинг 9-моддасига мувофиқ ҳужжатларда мажбурий реквизитларнинг мавжудлиги аниқланади. Масалан, товар чекида дўкон штампаси, санаси, сотиб олинган товар номининг йўқлиги товарнинг дўкондан сотиб олинганлигини ёки ушбу сарфларнинг ишлаб чиқаришга мўлжалланганлигини аниқлашни қийинлаштиради.
Жисмоний шахслар томонидан қилинган харидлар учун тузилган далолатномаларда уларнинг тузилган жойи ва санаси, товарнинг номи, унинг миқдор кўрсаткичи, умумий қиймати, сотган шахс (хусусий тадбиркор)нинг фамилияси, исми-шарифи ва солиқ тўловчи хос рақами (ИНН), тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома реквизитлари ёки жисмоний шахснинг паспорт маълумотлари ва яшаш жойи кўрсатилиши лозим.
Товарлар ҳисобдор шахслар томонидан чакана савдо корхоналарида нақд пулга сотиб олинганида пул маблағлари сарфланганлиги тўғрисида ҳужжатлар мавжудлигини аниқлаш зарур.
Товар бойликлар улгуржи савдо корхоналаридан ёки ишлаб чиқарувчидан нақд пулга сотиб олнганида касса кирим ордери квитанцияси, товар ҳужжати (счёт, накладной, товар-транспорт накладнойи) ва счёт-фактура тақдим этилиши лозим. Бу ҳужжатлар тегишли тарзда расмийлаштирилган бўлиши керак. Шунингдек, барча ҳужжатларда ҚҚС алоҳида сатр билан ажратиб кўрсатилганлигига ва мослигига алоҳида эътибор берилади.
Аудитор ҳисобдор шахслар томонидан сотиб олинган буюмларнинг кирим қилинганлиги ва ушбу буюмларнинг ишлаб чиқаришга ёки фойдаланишга берилганлик факти тасдиқланмасдан бевосита харажат счётларига олиб бориш ҳоллари йўқлигини аниқлайди.
Товар-моддий бойликлар кирим қилинганлиги тўғрисидаги факт ва тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигида ҳисоби бериладиган суммалар ҳисобдор шахснинг жами даромадига қўшилиб, даромад солиғи ушланади. Аудитор бундай ҳолларда даромад солиғи ушланганлигни аниқлайди.
Бўнак ҳисоботларини текшириш чоғида нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишнинг белгиланган чегарасига риоя қилинаётганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Дастлабки ҳужжатларда (накладной, счёт-фактура, касса кирим ордери квитанцияси, бажарилган ишлар далолатномаси ва ш. ў. ) кўрсатилган суммалар белгиланган лимит билан солиштирилади.
Қилинган сарфларни тасдиқловчи ҳужжатлар текширилиши чоғида ҚҚС ажратиб кўрсатилиши ва бюджетга тўланишининг қонунийлиги аниқланади.
Аудитор бўнак ҳисоботларида кўрсатилган счётлар боғланишлари (корреспонденциялар)ни кўриб чиқишда қилинган сарфларга эътибор қаратиши зарур. Жумладан:
асосий, ёрдамчи ва умум ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар (Дт-2010, 2310, 2510, 2710-счётлар ва Кт-4230-счёт);
келгуси давр сарфлари ва хизмат кўрсатувчи хўжаликлар сарфларига тааллуқли харажатларга (Дт 3190-счёт ва Кт 4290-счёт);
Шунингдек, ишлатилмаган ҳисоби бериладиган суммаларнинг кассага топширилиши (кассир ҳисоботига илова қилинган касса кирим ордери) ва счётларда акс эттирилиши (Дт5010-счёт Кт 4210, 4220, 4230-счётлар) ҳам текшириши керак.
Корхона раҳбарининг буйруғи (фармойиши)га мувофиқ ходимнинг хизмат мақсадида бошқа ерга бориши хизмат сафари деб тан олинади.
Хизмат сафарига доир бўнак ҳисоботларини текшириш чоғида аудитор хизмат сафари гувоҳномаси мавжудлиги, унда хизмат сафарининг мақсади, келиш ва кетиш тўғрисидаги белгилар кўрсатилганлигини; сарфларни тасдиқловчи дастлабки ҳужжатлар маълумотлар ва суткаликлар ҳисоб-китоб билан таққослаш орқали амалга оширилади. Аудитор хизмат сафари муддатининг (хизмат сафари гувоҳномасида келиш ва кетиш тўғрисидаги белгилар маълумотлари бўйича), белгиланган меъёрлар чегарасидаги ва унда ошган суткалик харажатларнинг тўғри аниқланганлигини тасдиқлайди. Хизмат сафари жойига етиб бориш ва орқага қайтиш йўл ҳақи харажатлари ҳисоботга илова қилинган -ҳаво, темир йўл, сув ва жамоат автотранспортлари(таксидан ташқари) йўл ҳужжатлари бўйича аниқланади.
Хизмат сафарига жўнатилган ходимларнинг юмшоқ вагонда, денгиз транспортларида – тариф ставкаларининг I-IV гуруҳлари бўйича тўланадаган каюталарда, дарё флоти кемаларидаги I-II тоифа каюталарда, ҳамда I- классли билет бўйича ҳаво транспортларида йўл ҳақи харажатлари корхона раҳбарининг тўловни рухсат этиш тўғрисидаги фармойиши билан расмийлаштирилиши лозим.
Йўл ҳақи харажатларига мажбурий суғурта суммаси ҳам қўшилиб, у маҳсулот (иш, хизмат) лар таннархига олиб борилади. Корхона раҳбарининг қарорига мувофиқ ходимга тўланадиган, ихтиёрий суғурта харажатлари ҳам таннархга олиб борилади (Харажатлар таркиби …. тўғрисидаги Низом). Бунда солиққа тортиш мақсадида ҳисобга олинадиган бундай сарфларнинг умумий миқдорини ҳам текшириш зарур.
Ўрин-кўрпалардан фойдаланганлик учун харажатлар тегишли маълумотнома ёки чиптага қўйилган белгилар билан тасдиқланиши лозим. Меҳмонхона харажатлари тасдиқловчи ҳужжатларга асосан хизмат сафарига борган ходимга қопланади ва тўлиғича таннархга олиб борилади.
Солиққа тортиш мақсадларида ушбу сарфлар фақат амалдаги нормалар доирасида қабул қилинади ( аммо 1 суткада энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан: Тошкент шаҳри учун 0, 1 ва бошқа жойлар учун 0, 08 коэффициентдан ошмаслиги лозим).
Хизмат сафари харажатларининг белгиланган нормалардан ошиғи солиққа тортиладиган фойдани ҳисоблашда ҳисобга олинмаслиги сабабли, аудитор нормадан ошган харажатларни ҳисоблашнинг тўғрилиги ва солиққа тортиладиган фойдани тузатиш (корректировка) тўғрилигини текшириши зарур.
Бошқа сарфларни, масалан, телефон счётларини тўлашнинг мақсадга мувофиқлиги тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланади. Бунда сарфларнинг ишлаб-чиқариш тавсифи ва уларни таннархга олиб боришнинг қонунийлиги аниқланади. Ушбу мақсадда телефон орқали гаплашганлик учун счётнинг мажудлиги ва корхонанинг хизмат телефонига мувофиқлиги аниқланади. Ҳисобдор шахсга тўланган, ноишлаб-чиқариш тавсифидаги сарфлар корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади ва даромад солиғи ушлаш учун ходимнинг ялпи даромадларига қўшилиши лозим. Аудитор норма доирасидаги ва нормадан ошган хизмат сафари сарфларини арифметик текширувидан ўтказиш зарур.
Ҳисобдор шахслар билан чет эл хизмат сафари бўйича ҳисоб-китобларни текширишда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 2000 йил 5 июнда 932-рақам билан рўйхатга олинган «Вазирлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш ТАРТИБИ»*" даги талабларга риоя қилиниши аниқланади.
Бўнак ҳисоботи сафардан қайтгандан сўнг 3 (уч) кун ичида топширилиши шарт. Хизмат сафари харажатларининг тўғри ва ҳақиқийлиги, бўнак ҳисоботи ва берилган топшириқларнинг бажарилгани тўғрисида ҳисобот асосида аниқланади. Бўнак ҳисоботига хизмат сафари вақтида белгиланган жойга келган ва у ердан кетган вақти ўша ташкилотнинг муҳри, маъсул шахс имзоси қўйилган хизмат сафари гувоҳномаси, йўл харажаталари ҳужжатлари (жамоат транспорти чипталари, меҳмонхона патталари (квитанциялари), телефон орқали гаплашганлиги учун тўланган пул учун патталар) ва бошқа пул харажатларини исботловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Аудитор хизмат сафари харажатларининг ҳақиқий асослилигини текширишда баъзи бир ишларга, жумладан телефон орқали гаплашганлиги учун алоқа ташкилоти квитанциясини кўришда, бу гаплашиш ушбу корхона манфаатига ва хизмат сафари мақсадига тўғри келиш ёки келмаслигини ҳам аниқлаши лозим. Хусусий ва давлат тасарруфидан чиқарилган корхоналарда хизмат сафари харажатларини текширишда корхона ва унинг эгаси счётлари, пул маблағлари, кундалик харажатларининг бир-бирига қўшилиб кетмаслигини таъминлаш зарур.
Текшириш давомида аниқланган ҳамма камчиликлар, жумладан ортиқча тўловлар, асоссиз харажатлар, бўнак ҳисоботларига илова қилинган қалбаки ҳужжатлар ва шунга ўхшаш қоидани бузиш ҳоллари рўйхатига киритилиши керак.
Аудитор бўнак ҳисоботлари ва уларга илова қилинган ҳужжатларни ёппасига текширади; бунинг учун у жамғарув қайдномаларидаги ёзувларни кредитларни тасарруфчилари тасдиқланган бўнак ҳисоботларига солиштириб кўради. Аввало, у кимга берилганлигини текширади. Қоидага кўра, хизмат сафарлари харажатларига бериладиган бўнаклар шу корхонада ишлайдиган шахсларга берилиши лозим.
Айрим бухгалтерияларда ходимларга гўё хўжалик ҳамда хизмат сафарлари учун бўнак ажратилгандек бўлиб, аслида уларнинг шахсий эҳтиёжлари учун пул берилишига йўл қўйилади. Шунинг учун аудитор ходимнинг хизмат сафарига жўнатиш гувоҳномаси борлиги, унинг муддати, йўл харажатларини, амалдаги меъёрлар бўйича суткалик тўлов суммаси қанчалигини, ҳисобдор шахслар бўнаклар бўйича ҳисоботларни ўз вақтида топширишлари ва сарфланмай қолган маблағлар қолдиқларини кассага топширишларини аниқлайди.
Ҳисобдор шахслар берилган бўнак (аванс) нимага мўлжалланган бўлса, шу мақсадда ишлатишлари лозим. Аудитор бўнак ҳисоботига илова қилинган ҳужжатларнинг тўғрилигини ва улар бўйича қилинган тўловларнинг қонунийлигини синчиклаб текширади. Зарур ҳолларда қарама-қарши текширувлар мўлжалланган бўлса, қуйидагиларни ҳам аниқлаш лозим: корхона раҳбари томонидан ҳисобдорлик бўйича пул олиш ҳуқуқи берилган шахслар рўйхати тасдиқланганлиги, ҳисобдор шахсларга белгиланган миқдордан ортиқ ёки олдинги бўнак бўйича ҳисобот топширмаган шахсларга яна бўнак берилмаётганлигини, бевосита корхона кассасидан нақд пул билан тўланиш тўланиш ҳолларини; бўнак ҳисоботларида корхона раҳбарининг қилинган харажатлар мақсадга мувофиқлигини тасдиқлаши; харажат қилинган ҳисобдорлик суммаларини ўз вақтида ҳисобда акс эттиришни.